Болалар китобхонлиги ечими – Ўзбекистонга расмли китоблар феномени керак


Сақлаш
15:01 / 26.01.2024 390 0

 

Узоқ муддатли тадқиқотларга кўра, кичик ёшидан китоб ўқиб берилган бола бошқаларга нисбатан тўрт карра кўпроқ ҳаётий имконият ва афзалликларга эга бўлар экан[1]. Шунингдек, болаликдан китоб ўқишга одатланиш, кейинчалик ҳам мутолаадан завқланиш, таълимда етакчи бўлиш имконини бериши ҳам аниқланган[2]. Статистикага қараганда, дунёдаги энг йирик онлайн китоб дўкони ҳисобланувчи Амазонда айнан кичик ёшдаги болаларга сотиладиган китоблар умумий сотувнинг нуфузли салмоғини ташкил этади. АҚШ, Буюк Британия каби таълим ва педагогика соҳаси юксак ривожланган, болалар сони умумий халқ сонига нисбатан муносиб (22%, 8% фоиз) мамлакатларда 2022 йил ҳисобига кўра болалар адабиёти барча китоблар сотувининг деярли 1/3 қисмини ташкил этган[3]. Яъни бу сотилаётган китоблар болалардан ҳам кўпроқ дегани. Бизнинг ҳозирги шароитимизда фантастик статистика, шундаймасми?!

 

 

Шунингдек, 2023 йил АҚШда болалар китоби бозори 2,62 миллиард долларга етиши, даромад кетма-кет 7 йил давомида ўсиши кутиляпти. (2023 йилги маълумот – таҳр.) Ушбу статистиканинг ўзи рақамли жамият, юқори технологиялар даврида китоб ва китобхонлик муҳим эмас, деган назарияга қарши чиқмоқда. [4] Бизда эса болалар адабиёти сотувининг ошиши уёқда турсин, умуман, унинг яшаб қолиши ҳақида саволлар пайдо бўла бошлаганди. Бироқ сўнгги йилларда китобхонлик, китоб сотувининг яхшиланишига қаратилган қатор қарорлар, фармойишлар[5] чиқиши жараённи яхши томонга ўзгаришига умид бера бошлади кишига.

 

 

«Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда», дейди Президент Шавкат Мирзиёев. Бугун биз халқимиз ўртасида китобхонликни ривожлантиришни мақсад қиларканмиз, энг қуйидан – энг кичик ёшдаги болаларга мутолаани севдиришдан бошлашимиз керак. Бунда «пиcтуребоок» – расмли китоблар феноменига алоҳида урғу бериш энг тўғри йўллардан бири бўла олади. Чунки айнан расмли китоблар боланинг когнитив, эмоционал ривожланишида, танқидий фикрлаш ва креативлик шаклланишида алоҳида ўрин тутиши тадқиқотларда исботланган. Болалар адабиёти педагогика билан мустаҳкам боғлангандир, дейди Мамасоли Жумабоев[6]. Олимнинг таснифлашича, болалар адабиёти педагогика, психология, физиология, табиатшунослик, дефектология, лингвистика, тилшунослик фанлари билан чамбарчас боғлиқ. Замонавий китоблар эса бунга янада чуқурроқ далилдир. Чунки бугунги дунё замонавий болалар адабиёти илм-фан, тиббиёт, технология, мусиқа, театр санъати ва бошқа кўплаб фанлар билан ўзаро боғланиб кетган. Айни даврда болалар китоблари турли хил жанр ва техник кўрсаткичларга эга. Ушбу мақоламиз доирасида биз Ўзбекистон учун нисбатан янги жанр – расмли китоблар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

 

 

 

Нега бизга расмли китоблар керак?

 

Ўзбек болалар адабиёти тарихига назар солсак, мактабгача ёшдаги болалар учун асосан эртак, қўшиқ, топишмоқ, мақол, тез айтиш каби халқ оғзаки ижоди намуналарини учратамиз. Болалар адабиётининг мақсад ва вазифаларида болалар адабиёти тушунчаси аввало, турли ёшдаги болалар ва ўсмирларга мўлжалланган сўз санъатидир деб белгиланган. Аммо у ерда замонавий расмли китобларнинг мақсади бўлмиш – болада визуал тафаккурни ривожлантириш ва расмларни ўқиш, муҳокама қилиш каби қобилиятларни шакллантириш белгиланмаган. Хўш, суратли китоблар бизга керак эмасми?

Болалар адабиёти бўйича энг илғор мамлакат – Буюк Британиянинг Охфорд луғатида «Болалар адабиёти деб болалар учун махсус яратилган ёки уларни қизиқтирадиган китобларга айтилади. Бундай адабиёт турли жанрлардан ташкил топган бўлади: расмли китоблар, ҳикоялар, шеърий тўпламлар, аллалар, эртаклар ва таълим китоблари. Болалар адабиёти болалар ёшига мос контент, тил ва расмлардан иборат бўлиши керак. Унинг мақсади болаларга таълим бериш, завқлантириш ва илҳомлаштириш бўлиши керак», дейилади. Яъни расмли китоблар бу – болалар адабиётининг алоҳида мустақил бир жанри. Суратли китоблар мутахассиси, профессор Николажева «Расмли китобда матн билан расм ўқувчи ва кўрувчи орасидаги креатив диалогни стимулясия қилади, натижада визуал ва вербал билимларни оширади[7]”, дейди. Корней Чуковский эса болалар учун ёзилган ҳар бир сатр мазмуни асосида расм чизиш мумкин бўлмоғи шарт, деб ҳисоблайди[8]. Аслида бу жуда муҳим. Масалан, иллюстраторлар расмли китобда ишлатиладиган ранглар ёрдамида рамзий маъноларни, кайфиятни, муҳимликни, рангга муносабатни очиб берадилар[9].

 

 

Суратли китобларга берилган кенгроқ илмий таърифда шундай дейилган: «Расмли китоб – бу матн, иллюстрациялар, умумий дизайн; ишлаб чиқариш объекти ва тижорат маҳсулоти; ижтимоий, маданий, тарихий ҳужжат; ва энг муҳими, бола учун тажриба. Санъат тури сифатида у расмлар ва сўзларнинг ўзаро боғлиқлигига, иккита қарама-қарши варақнинг бир вақтнинг ўзида кўрсатилишига ва варақнинг драматиклигига боғлиқ. «Расмли китоблар» дунёда энг кўп сотиладиган ва педагогик жараёнда энг кўп ишлатиладиган китоблардир. Айнан суратли китоблар болаларда когнитив, эмоционал, ижтимоий ва креатив ривожланишига таъсир қилиши ҳақида илмий изланишлар мавжуд, деб таъкидлашади мутахассислар. Расмли китобларда сўзлар деталларни бериб, кейин яхлитликка олиб келса, расмлар аксинча, яхлитликдан деталларга назаримизни қаратади[10]. Умумлаштирадиган бўлсак, расмли китоб бу боланинг висуал ва вербал салоҳиятини қўзғатувчи ва уларни биргаликда синтез қилувчи кучли педагогик инструментдир.

 

 

Суратли китобларга «фақатгина илк ўқиш тажрибаси учун керак», деб ёндашиш тўғри эмас. Чунки охирги асрдаги ўзгаришлар – расмли китобларнинг мукаммаллашуви, матн ва расмларнинг уйғунлиги, мавзуларнинг мураккаблиги сабаб уларга бўлган қараш кескин ўзгариб кетди. Суратли китоблар худди бошқа адабиётлар сингари ўқувчининг билими, қизиқиши ва тажрибасини бойитиши, кенгайтириши ва чуқурлаштириши мумкин[11]. Уларда баъзан сўзлар расм қила олмайдиган ва аксинча, сурат сўзлаб беролмайдиган нарсаларни кўришимиз мумкин. Уларда матн ва расмлар бир-бирини инкор этиши ёки муқобил маълумот бериши мумкин.

 

Расмли китобларнинг мақсади нима?

 

Оналар яхши билишади: Бола 2-3 ёшга кирганида кунига «У нима?» «Бу қандай?» мазмунида юзлаб саволлар бериши мумкин. Шундай пайтларда ҳамма жараёнлар ҳақида ҳам батафсил тушунтиришнинг иложи бўлмайди. Расмли китоблар билан эса бу муаммони осонроқ ҳал қилиш, бола тафаккурини шакллантиришда рангли, ёрқин суратлар билан тўғри маълумотни бериш мумкин. Шу маънода суратли китоблар илк даврда қуйидаги жараёнларда кўмакчи бўла олади:

 

1. Болага дунёни англашда ёрдам бериш;

2. Болага бошқаларни билишга ёрдам бериш;

3. Болага ўзини билишга ёрдам бериш;

4. Бола этикага оид билимларни олиш.

 

 

Бугунги кун долзарб масалаларидан бири бўлган толерантлик ҳақида гапирарканмиз, айнан расмли китоблар кичик ёшдаги болаларда инклюзия ва этник озчиликка нисбатан тўғри муносабат шаклланишига самарали восита ҳисобланади. Умуман, суратли китоблардан болага турли воқеликларни ўргатишда фойдаланиш қўл келади. Расмли китобларнинг мақсадларидан келиб чиққан ҳолда бир неча турларга бўлиб ажратиш мумкин:

 

Боардбоокс – картонлик расмли китоблар – чақалоқлар учун мўлжалланган бўлиб, ҳикоядан кўра кўпроқ суратлардан иборат бўлади.

 

Боардбоок «Whereʼs Spot», Эриc Ҳилл.

 

Концептуал расмли китоблар – болаларни концепциялар билан таништиради (ранглар, алифбе, шакллар, буюмлар ва ҳоказо). Концептуал китоблар болаларда нафақат когнитив фаолиятни ривожлантиради, балки уларга янги билимларни ҳам беради, бу виммелбуҳларга ҳам тегишли.

 

 

Концептуал расмли китоб «Менинг АЛИФБE китобим», Динара Мўминова.

 

Ўқишни ўргатадиган расмли китоблар – бу китобларнинг асосий мақсади болаларни қизиқарли контентга жалб қилган ҳолда ўқишга ўргатиш. Бундай китоблардаги гаплар ўта содда сўзлардан иборат бўлиб, болаларни мустақил ўқишга қизиқтиришга хизмат қилади.

 

 

Ўқишни ўргатадиган расмли китоб «Green Island», Родериcк Ҳунт анд Алех Бричта.

 

Тўқима бўлмаган (Нон-фиcтион) расмли китоблар – уларда болаларга маълумот ёки энциклопедик билимлар, атроф ҳақидаги билимлар расмлар ва ҳикоя ёрдамида осон шаклда тақдим этилади. Нон-фиcтион расмли китобларнинг ўзи бир неча турларга ажратилади.

 

Нон фиcтион расмли китоб «Юлдуз нега тушмайди?», Динара Мўминова.

 

Тўқима (Фиcтион) расмли китоблар – бунда тўқима ҳикоя расмлар билан уйғунлашган ҳолда тақдим этилади.

 

Фиcтион расмли китоб «Уятчан фил», Динара Мўминова.

 

Матнсиз (Силенcэбоок) расмли китоблар – бунда сўзлар жуда кам бўлади ёки умуман бўлмайди. Бу категорияга Виммелбуҳ турдаги китобларни ҳам киритиш мумкин.

 

Матнсиз расмли китоб «Summer», Сузй Леэ.

 

Расмли китобларни ўрганишда кўп тармоқли ёндашув талаб этилади. Яъни расмли китобларни илмий ўрганишда адабиёт, санъат, санъат тарихи, лингвистика, филология, когнитив психология, социология, нейрофизиология, расм назарияси каби фанларнинг интеграцияси талаб этилади[12]. Хулоса қилар эканмиз, болалар ҳаётида расмли китобларнинг ўрни ва аҳамияти биз ўйлагандан анча катта. Кичик ёшдаги ва бошланғич синф ўқувчилари билан ҳар қандай педагогик фаолиятни ўтказишда расмли китоблар самарали инструмент бўла олади. Чунки улар энг боланинг қизиқишини жалб қила олади, бунинг ёрдамида эса билим бериш осонроқ ва фойдалироқ бўлади. Расм орқали бола китоб мазмунини чуқурроқ англайди. Бугун Ўзбекистонда таълим соҳаси жаҳон стандартларига тенглаштирилаётган бир паллада, инсон ривожланишининг энг муҳим палласи бўлган болаликда ўқиш учун яратилган расмли китоб феноменига эътибор қаратмасак, яна узоқ йиллик вақтни бой бериб қўйишимиз мумкин.

 

Динара Мўминова,

Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

________________________________________

[1] Sullivan, A & Brown, M. (2013). Social inequalities in cognitive scores at age 16: The role of reading.

[2] Marıʼa Cecilia Silva-Dı´az, Picturebooks, lies and mindreading. Gretel Research Group, Universitat Autoʻnoma de Barcelona, Spain. Nordic Journal of ChildLit Aesthetics. Vol. 6, 2015.

[3] Web-sahifa: Publisher book sales revenue from childrenʼs books in the United Kingdom (UK) from 2009 to 2022. https://www.statista.com/stati...

[4] Web-sahifa: Childrenʼs Book Sales Statistics Jan. 30, 2023. https://wordsrated.com/childre...

[5] 13.09.2017 йилдаги ПҚ-3271-сон, «Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури» тўғрисида.

[6] Жумабоев М. Болалар адабиёти ва фольклор. – Тошкент: Адабиёт, 2006

[7] Nikolajeva, M., & Scott, C. (2001). How Picturebooks Work (1st ed.). Routledge. https://doi.org/10.4324/978020....

[8] Chukovsky K. (1963). From two to five (Rev. ed., Morton M., Trans.). Berkeley: University of California Press.

[9] Albers, P. (2008). Theorizing visual representation in childrenʼs literature. Journal of Literacy Research, 40(2), 163-200.

[10] Campbell A. J. Grammatical Man: Information, Entropy, Language, and Life. Simon and Schuster. 1982.

[11] Cianciolo Patricia J. Picture Books for Children.. American Library Association, 1997

[12] Colomer Teresa , Bettina Kümmerling-Meibauer, Cecilia Silva-Díaz. New Directions in Picturebook Research.Routledge. 2012

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси