Адабиёт
Буюк Британияда XVIII-XIX асрларда ясалган глобусларда Ўрта Осиё ҳудудида Амударё ҳавзаси бошланиш еридан Орол денгизига қуйилиши еригача USBEGISTAN (Ўзбекистон), Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқими ҳавзаси эса Turkistan (Туркистон) деб кўрсатилган (1-сурат).[1]
1-сурат
Орол денгизининг шарқий соҳилида CAZACI (қозоқлар), жануби-шарқий соҳилида эса ARALI (оролликлар), Ўрта Осиёнинг шимолида CARACALPACI CONDOSIDES (қорақалпоқ жунғорлар), шимоли-шарқида TARTARIA INDEPENDENS (мустақил татарлар) қабилалари яшаганлиги кўрсатилган. Орол денгизига шимоли-ғарбдан NTAG номли ўралган ҳудуд тасвирланган (2-сурат).
2-сурат
Мазкур глобуслардаги Ўрта Осиё минтақасининг бундай тасвири илк бор буюк британиялик таниқли географ олим ва хариташунос Жон Сенекс (John Senex) 1738 йилда ясаган глобуси (Tеrrestrial tаble globe)да берилган. Бу глобуснинг бир нусхаси Лондондаги Миллий денгиз музейи (National Maritime Museum, Greenwich, London, Caird Collection)да (3-сурат), шунингдек, унинг яна бир нусхаси Илм-фан тарихи музейи (Science Museum Group Collection, Fleet Street, London, UK)да сақланади.[2] Бундан ташқари Жон Сенекснинг “Осмон глобуси” (Celestrial Globe) ҳам бўлиб, XVIII асрда бу иккала глобус Буюк Британияда география ва астрономия соҳасидаги тадқиқотларда, ва шу фанларни ўқитишда асосий манба бўлиб хизмат қилган. Жон Сенекс (1678–1740) XVIII асрнинг биринчи ярмида Лондонда яшаган машҳур ношир, харита ишлаб чиқарувчи ва глобус яратувчиси эди. Ўз ишларининг юксак сифатлилиги учун у одамлар ва айниқса, олимлар орасида катта ҳурматга сазовор бўлган, у Буюк Британиядаги таниқли табиат файласуфлари билан яқин алоқада бўлган ва 1728 йилда Қироллик Географик Жамияти (The Royal Geographic Society)нинг аъзоси этиб сайланган.
3-сурат
Жон Сенекснинг Қироллик Географик Жамиятида харитачи бўлиб хизмат қилган ва унинг асосий вазифаси жамиятга турли йўллар билан келиб тушган қўлёзма хариталарни ўрганиш, уларни нашрга тайёрлаш ва нашр қилиш бўлган. Тўпланган картографик маълумотлар асосида у глобуслар ҳам ясаган. Унинг мазкур глобуси ҳам қўл остида мавжуд бўлган бой хариталар тўплами асосида қилинган. Хусусан, глобуснинг Ўрта Осиё қисмини чизишда у 1732 йилда ўзи нашр этган юнон саёҳатчиси Василиос Вататзиснинг “Каспий денгизи ва Орол денгизи харитаси” (Сharta, in qua cruditis spectanda exhibeteur pas Asiae […] Tabula Maris Caspii et Maris Aral) номли харитасидан фойдаланган [Battatzis 1732]. Юнон ва лотин тилларидаги ёзувларга жуда ҳам бой бўлган бу ноёб икки тилли хаританинг 1730 йилда чизилган асл қўлёзма нусхаси Буюк Британиядаги “Қироллик Географик Жамияти” (The Royal Geographic Society)нинг хариталар хазинасида (RGS, mrAsia Div. 464), унинг нашр этилган нусхалари эса Британия кутубхонаси (The British Library)нинг хариталар бўлимида (BL, Maps, King’s Topographical Collection, 114, 53), шунингдек, Европанинг бошқа кутубхоналарида сақланади [Камолиддин 2005: 36–41].
Василиос Вататзис (Basilios Battatzis) асли Усмон империясининг Трапея шаҳрилик савдогар бўлиб, унинг отаси Константинопол (Истанбул)да насроний черковининг бошлиғи бўлган. У ёшлигидан халқаро савдо ишлари билан шуғулланиб, кўп йиллар давомида Европа ва Осиё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилган ва ўзининг қилган саёҳатлари ҳақида юнон тилида хотиралар ёзиб қолдирган. Бу хотиралар 1886 йилда Парижда Е.Легранд томонидан нашр этилган [Legrand 1886]. Хотираларда ёзилишича, В.Вататзис Эронда Нодиршоҳ саройида маълум вақт яшаб, унга хизмат қилган ва унинг сирати, яъни таржимаи ҳолини ҳам ёзганлиги маълум. 1727–1730 йилларда у Нодиршоҳ топшириғига биноан Каспий денгизи атрофида жойлашган мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилган. Тахминан 1730 йилда у Каспий денгизидан шарқда жойлашган минтақа, яъни Ўрта Осиё харитасини тузиб, 1732 йил 7 декабрь куни Лондонга келган ва уни Қироллиқ Географик Жамиятига совға қилган. Ўша йилнинг ўзида В.Вататзис харитаси ўрганиш учун лондонлик хариташунос олим Доктор Халлига берилади, кейин эса Қироллик Географик Жамиятининг картографи Жон Сенекс унга ишлов бериб нашр этади. Харитадаги ёзувга кўра, бу харита Буюк Британияда нашр этилган Ўрта Осиёнинг биринчи харитаси бўлган экан (4-сурат).
4-сурат
Вататзис харитасида юнон ва лотин тилларида ёзилган ёзувлар жуда кўп. Бу ёзувларда у турли шаҳарлар, халқлар, қабилалар, шунингдек, дарёлар, кўллар, тоғлар ва чўллар ҳақидаги ўзининг изоҳларини берган. Бу маълумотлар унинг юнон тилида ёзилган сафарномасида ҳам кенгроқ ва батафсилроқ берилган. Хуллас, Вататзиснинг чизган харитаси ва ёзиб қолдирган сафарномаси Ўрта Осиёнинг XVIII асрдаги тарихий географияси бўйича муҳим бирламчи манба ҳисобланади [Камолиддин 2020: 54–61]. Демак, ушбу харита асосида 1738 йилда моҳир харитачи Жон Сенекс томонидан ясалган глобусдаги Ўрта Осиё тасвири ишончли ва аниқ маълумотларга асосланиб чизилган деб айтишимиз мумкин. Бундан кейинги даврларда ясалган ва ХIХ асрнинг охиригача кенг тарқалган барча глобусларда Ўрта Осиёнинг айнан шу тасвири ҳеч қандай ўзгаришсиз ишлатилган. Демак, Европада тарихий география ва хариташунослик соҳаларида энг илғор бўлган Буюк Британияда XVIII-XIХ асрларда “Ўзбекистон” атамаси кенг ишлатилган ва бу ном географияга оид барча адабиётларда ва ўқув глобусларида ифода этилган. Бу эса яқин вақтларгача кенг тарқалган “Ўзбекистон” атамаси 1924 йилда руслар томонидан ўйлаб топилган” деган уйдирма гапни буткул инкор этади.
Шамсиддин КАМОЛИДДИН,
тарих фанлари доктори, профессор
Каримжон ОРИПОВ
Фойдаланилган адабиётлар
Камолиддин 2005 – Камолиддин Ш.С. Василиос Вататзиснинг Ўрта Осиё харитаси ҳақида // Moziydan sado, 2005, 3 (27). С. 36–41.
Камолиддин 2020 – Камолиддин Ш.С. Ўзбекистоннинг тарихий хариталари // INFOLIB ахборот-кутубхона журнали, 2020, № 3. С. 54–61.
Batatzis 1732 – Сharta, inqu’a cruditis spectanda exhibeteur pas Asiae […] Tabula Maris Caspii et Maris Aral, Karta, di es tois filomathesi parekhetai eidein meros ti tes Asias . . . Nin proton tipois ekdotheisa par’ ema, Basileia Batatzi . . . Scale [1: 7 500 000]; 38 x 32,5 cm. / Ed. J. Senex. London, 1732.
Kamoliddin 2011 – Shamsiddin Kamoliddin. The Map of Central Asia by Basilio Batatzi (1730) // Central Eurasian Studies: Past, Present and Future. Editors H.Komatsu, S.Karasar, T.Dadabaev, G.Kurmangalieva Ercilasun. T.C.Maltepe Üniversitesi Yayinlari No. 46 (2011/5). Istanbul, Maltepe University, 2011, p. 315–339.
Legrand 1886 – Legrand, Emile (ed.), Voyages de Basile Vatace en Europe et en Asie, Paris: E.Leroux, 1886, p. 183–295 (Nouveaux Melanges Orientaux, Memoires texts et traductions, publie par les professeurs de l’Ecole Speciale des langues orientales vivantes).
[1] Internet resource: https://images.app.goo.gl/2A1HnUfvfscqytty6
[2] https://collections.rmg.co.uk/media/3/486/146/large_s5654_008.jpg
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ