Адабиёт
Мустақил Ўзбекистонда 14 январь миллий қуролли кучлари ташкил этилган кун сифатида нишонланади. 1992 йилнинг шу куни Ўзбекистон Олий Кенгаши «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди ва бу қарорга биноан республика ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон республикаси юрисдикциясига ўтказилди. Миллий армиямизнинг тарихи ва бугунги кундаги қудрати қандай?
Ўзбек ўрдуси тарихи?
Марказий Осиё заминида энг қадимги даврларданоқ ҳарбий тузилмалар ташкил этилган. Улар асосан ҳимояланиш учун, баъзида эса ҳужум мақсадида йиғилган. Бугунги кунда миллий армиямиз тарихий меросларга кўп ҳам мурожаат қилмаётган бўлсада, ўзбек армияси бой тарих ва анъаналарга эга. Аммо негадир СССР қизил армиясидан ажралган кун — 14 январь Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил топган кун деб ҳисобланади ва нишонланади.
Қардош давлатлардан Озарбойжон ўз қуролли кучлари ташкил топган сана сифатида 1918 йил 26 июнни белгилайди. Шу куни Озарбойжон демократик республикаси (ОДР) ўз қуролли кучларини тузиш ҳақида қарор қабул қилган. Туркия эса ўз ҳарбий тарихини янада ўтмишга, Хуннлар давлатига боғлайди.
Ўзбек қуролли кучлари илдизини ҳам хуннлар ёки Буюк Турк хоқонлиги давридан бошлаш мумкин. «Турк» сўзи тарихда нафақат халқ номини, балки «жангчи», «ҳарбий», «чавандоз» маъноларини ҳам билдирган. Чунки қадимги туркийлар жуда жанговар, чавандозликда тенгсиз халқ бўлган. Марказий Осиёда кейинчалик ташкил топган туркий давлатлар армиясида ҳам ушбу жиҳат — қўшинларнинг енгил қуролланган отлиқларга қаттиқ суяниши одати сақланиб қолган. Ўзбек заминида ташкил топган давлатлар, ҳатто Туркистон Мухторияти армиясида ҳам отлиқлар асосий куч бўлган.
Сомонийлар сулоласининг энг қудратли ҳукмдори Исмоил Сомоний Х асрда яхши қуролланган, мунтазам ҳарбий қўшин ва туркий қисмлардан иборат махсус сарой қўшинини тузган. Туркий қўшинда айлбоши (отлиқ бўлинма бошлиғи), ҳожиб (генерал) лавозимлари мавжуд бўлиб, ҳожиблар бошлиғи ҳожиб ул-ҳужоб ёки ҳожиб ул бузрук деб аталган ва бу унвон Сомонийлар саройидаги олий унвон бўлган. Булардан ташқари юришлар пайтида тўпланувчи халқ лашкарлари ҳам мавжуд бўлган.
Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар давлатлари қўшинларида ҳам отлиқлар асосий ҳарбий куч бўлишда давом этган. Бироқ бу давлатлар мунтазам армияларга эмас, юришлар пайтида тўпланувчи халқ лашкарларига кўпроқ таянган.
Чингизхон босқини Марказий Осиёдаги ҳарбий тизимга жиддий таъсир кўрсатган. Хусусан, мўғуллар ҳукмронлигига чек қўйиб, ўзбек қуролли кучлари тарихидаги энг катта, муваффақиятли жангларни ўтказган Амир Темур лашкари Чингизхон қўшинидаги ҳарбий тизимдан нухса олган.
Атоқли тарихчи олим Бўрибой Аҳмедов ўзининг «Соҳибқирон Темур» китобида шундай ёзади: «Темур ва Темурийлар қўшини жанговар тузилиши жиҳатдан Ўғузхон ва Чингизхон қўшинига ўхшаш эди. У отлиқ ва пиёда қисмлардан иборат бўлиб, ўнлик, юзлик, минглик ва туманларга бўлинган. Лашкар фақат ҳарбий юришлар олдидан тўпланган».
Чингизхон ўзига бўйсунган уруғ ва қабилалар, улуслар уруш пайтида тезда ясолда ўз ўринини эгаллаши учун уларни ўнлик, юзлик, минглик ва туманларга бўлиб чиққан (мўғулча: аравт – ўнлик; зуут – юзлик; мянгат – минглик; түмт –туман, ўн минглик). Бу атамалар Чиғатой ва Жўжи улуси (Олтин Ўрда)да ўнбоши, юзбоши, мингбоши, туманбоши шаклларини олган. Чингизхон ўрнатган бу тартибдан темурийлар, бобурийлар ва бошқалар фойдаланган.
Масалан, Амир Темур ўрдусида ҳам ўнбоши (айлбоши), юзбоши (қўшинбоши), минг боши (мириҳазора), туманбеги (туман оға), бекларбеги, амирул-умаро ва бошқа ҳарбий лавозимлар бўлганлиги маълум. Ўзбекистон армияси тарихидаги Амир Темур даври энг шонли босқичлардан биридир.
Ўзбек хонликлари даврида ҳукмдорлар халқ лашкарларига янада кўпроқ суянган. Оз сонли мунтазам қўшин хон ва унинг аъёнлари ҳамда шаҳарлар осойишталигини қўриқлаган.
Шундай бўлса ҳам ўзбек хонликлари армияси жуда катта ҳарбий муваффақиятларга эришган (масалан, ажойиб жангавор тактика — тўлғама яратилган). Мисол учун, шайбоний Убайдуллахон ва Муҳаммад Темур Султон ўнг мингдан ортиқроқ ўзбек қўшини билан улардан тўрт-беш баравар кўпроқ бўлган Сафавийлар лашкарини мағлуб этган. Шунингдек, Абдуллахон II даврида Бухоро хонлиги ўрдуси юксак жанговарлик руҳига эга бўлган ва катта ғалабаларга эришган.
Ўзбек қўшинининг яна бир мардонавор ғалабаси 1598 йилда, 70-80 минглик қозоқ қўшини Бухорони қамал қилганида содир бўлган. Бухоро шаҳрида ўн мингдан кўпроқ аскар бўлган ва улар душмандан самарали ҳимояланиб, ўзларидан бир неча баробар кўп душманга қўққисдан зарба бериб, уларни чекинишга мажбур этган ва ватан озодлигини сақлаб қолган.
Ушбу ўта муваффақиятли ғалабалар ва Бобурнинг Ҳиндистонда эришган ютуқлари ўзбек армияси Амир Темурдан кейин ҳам зафарли давр ярата олганини кўрсатади.
Бухоро амири Насрулло ўзбек армияси тарихида айниқса, муҳим ўрин тутади. У отаси амир Ҳайдар даврида бошланган мунтазам армия — «навкария» тузиш ишини давом эттиради. Хусусан, илк бор яхши ойлик маош тўланувчи, ягона ҳарбий форма ва ички тартиб тизимига эга, замонавий армия тузади.
Амир Насрулло армиясида 2 ярим минг сарбоз доимий ҳарбий билимлар олган ва умумий ҳарбий формага эга болган. Ушбу форма қизил китель, оқ шалвар ва қалпоқдан иборат бўлган. Улар найзали милтиқ, тўппонча ва қилич билан қуролланган.
Шунингдек, амир Насрулло илк бор тўпчилар қўшинини тузган ва хориждан тўпчи мутахассисларни жалб қилган. Шаҳарда тўп қуйиш устахонаси очилган.
Ушбу мунтазам армия учун шаҳар чеккасидан махсус «шаҳарча» барпо қилинган. Бу шаҳарча кейинчалик «Сарбозхона» деб аталиб, 800 уйдан иборат бўлган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, амир Насрулло илк бор Усмонийлар намунасидаги ҳарбий оркестр ҳам тузган эди. Тўпчилар қўшини таркибида 14 ноғорачи ва 14 сурнайчи, пиёда қўшиндаги ҳар юзликда 2 та довулчи, 4 та сурнайчи ва 6 та бурғучи созанда бўлган.
Ўзбек хонликларида иқтисодий ҳаёт оғирлиги, саноат ва савдо яхши ривожланмагани боис, мунтазам, тажрибали катта армияни сақлаб туриш жуда қийин бўлган ва ҳукмдорлар уруш пайтидагина тўпланувчи, жанговар тажрибага эга бўлмаган халқ лашкарига суянишда давом этган.
Бу эса ўзбек қўшинларининг қаттиқ қаршилик кўрсатишга қарамасдан замонавий, тажрибали ва мунтазам Россия армиясидан мағлуб бўлишига олиб келган.
Бухоро амирлиги ҳарбий оркестри
Туркистон Мухторияти, Бухоро ва Хоразм халқ совет республикалари ўзларининг мустақил, интизомли ва мунтазам армиясини туза олмаган бўлсада, бу йўлда қадамлар ташлаган.
Жумладан, 1918 йилнинг 9 январь кунини Туркистон Мухторияти армияси ташкил этилган кун сифатида белгилаш мумкин. Шу куни Туркистон Мухторияти аскарлари иштирокида биринчи ҳарбий намойиш ўтказилади. Унда Туркистон Мухторияти аскарларини ҳарбий нозир Убайдулла Асадуллахўжаев ўзи ва янги ҳукумат номидан табриклаб, «Сизлар Туркистон Мухториятининг биринчи қаҳрамонлари бўлдиларингиз, бунга фахрлансангиз арзийди, чунки сизлар ватанга биринчи марта ўз ихтиёрингиз билан аскар бўлдингиз. Мен сизларни мухториятли Туркистон ҳукумати аъзолари номидан табриклаб қоламан», дея Туркистон ёшларининг ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи нутқ сўзлайди. Ўша кунги қуролланган қўшин сони 500 кишини ташкил этган, шундан 200 таси отлиқ аскарлар бўлган.
БХСР ва Хоразм ХСР ҳукуматларида ҳам ҳарбий нозирликлар тузилиб (Бухоро ва Хоразм қизил армияси), уларга нозирлар (Бухорода Баҳоуддин Шаҳобидинов, Хоразмда Шайхутдин Ҳасанов) тайинланган.
Кейинчалик БХСР ва Хоразм ХСР қизил армиялари Ўзбекистон ССР тузилиши муносабати билан Туркистон фронти таркибига ўтказилган.
Бугунги кундаги ўзбек армияси
Ҳозирги кунда Ўзбекистон армияси дунёнинг замонавий армияларидан бири ҳисобланади. 2022 йилги маълумотларга кўра, миллий ўрдумиз ихтиёрида 420 та танк, бир минг икки юздан ошиқ зирҳли машиналар, юзга яқин ракета комплекси ва вертолёт, икки юзга яқин ҳарбий самолётлар мавжуд.
Самолётларнинг 60 таси қирувчи, 20 таси ҳужумкор-штурмчи, 18 донаси транспорт ва 7 донаси ўқув учоқларидир. 99 вертолётнинг 33 таси жангавор ҳужумкор вертолётлар. Ўзбекистон ҳаво мудофааси қўшинлари ва ҳаво кучлари таркиби МиГ-29 қирувчилари, Су-25 ҳужумкор самолётлари, Ил-76, Аирбус C-295W ҳарбий транспортлари, қолаверса, Аирбус H-125, Аирбус H-215, Ми-24 ва Ми-35 ҳаво кемаларидан иборат. Шу билан бирга, яқинда Ўзбекистон ҳаво кучларида Туркиянинг «Байроқдор» ҳарбий дронлари мавжудлиги ҳам маълум бўлди, аммо уларнинг сони номаълум.
Global Firepower Index 2023 маълумотларига кўра, Ўзбекистон армияси 197 дона ўзиюрар, 60 дона оғир артиллерияга эга.
Худди шу индекс маълумотларига таянилса, Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 65 минг нафарни ташкил этади. Шундан фаол аскарлар улуши — 55 минг нафар, ҳарбийлаштирилган тузилмалар эса 10 минг нафарга тенг. Солиштириш учун бу миқдор Қозоғистонда 77 мингни, Тожикистонда — 16,5 мингни ташкил қилади.
Ўзбекистоннинг фуқароларни ҳарбий хизматга сафарбар қилиш салоҳияти 13 млн 595 минг нафарга тенг. Ҳарбий чақирув ёшидагилар эса 622,8 минг.
Ўзбекистон 145 давлат қатнашган Глобал Фирепоwэр Индех-2024 рейтингида 65-ўринни эгаллагди, ваҳоланки 2021 йилда Ўзбекистон 54-ўринни банд қилган эди.
Рейтингдаги маълумотлар кўра, Ўзбекистоннинг 2024 йилги Мудофаа бюджети қарийб 10 триллион сўмни (қарийб 796 миллион АҚШ доллари) ташкил қилган. Бу борада Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари орасида 95-ўринни эгаллаган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон армияси 2023 йилда Марказий Осиёдаги энг кучли армия мақомидан айрилди. Қозоғистон нафақат Ўзбекистонни, баллки Белорус ва Озарбойжонни ҳам қувиб ўтиб, собиқ совет давлатлари орасида учинчи ўрин бўлди. Ўзбекистон эса олтинчи ўринга тушиб қолди.
Ўзбекистоннинг рейтингда пастлаши Россия-Украина урушидан сўнг кўплаб давлатларнинг сергак тортиши ва ўз мудофаасини кучайтиришга жиддий эътибор қарата бошлагани билан боғлиқ. 2024 йилда дунёда қуролланиш янада кучайиши тахмин қилинмоқда ва Ўзбекистон ҳам бу тенденциядан четда қолмаслиги аниқ.
Муҳаммадқодир Собиров,
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ