Адабиёт
Жорий йил жаҳон тарихида Ўзбекистон номли дунёвий давлат тузумига эга маъмурий бирлик ташкил этилганига 100 йил тўлади. Яъни, 1924 йил 27 октябрь куни СССР таркибида амалдаги Хоразм ва Бухоро Халқ Совет Республикалари ҳамда Туркистон АССР негизидаги ягона маъмурий бирлик – Ўзбекистон ССР ташкил қилинган ва бу иттифоқдош республика еттита вилоят (Самарқанд, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент) ва Тожикистон АССРдан иборат бўлган. 1929 йилда Тожикистон алоҳида иттифоқдош республика сифатида Ўзбекистондан ажралиб чиқади. Дастлаб Хоразм ССР ва Туркистон АССР таркибида бўлган Қорақалпоғистон 1936 йилда яна Ўзбекистонга қайтарилади. Шу тариқа Ўзбекистон чегараларининг бугунги контури юзага келади. (Кейинчалик ҳам Ўзбекистон ССРнинг маъмурий бирликлари сони ва чегаралари иттифоқдош республикалар ўртасида ҳудудлар алмашинуви натижасида ўзгариб турган. Тан олиб айтиш керак, 1991 йил 31 август куни ўз мустақиллигини қўлга киритган Ўзбекистон Республикаси бир пайтлар собиқ иттифоқ таркибида бўлган ЎзССРнинг сиёсий вориси саналади. Аммо, то 1924 йилгача Ўзбекистон деган сўзнинг ўзи йўқ эди, десак тўғри бўлмайди.)
Ўзбеклар дунёда ўзининг олис тарихига эга бўлган халқлардан бири. “Ўзбек” номи этноним сифатида нисбатан кечроқ истеъмолга киритилган бўлса-да, ўзбекларнинг аждодлари – қадимги турклар, хунлар, қанғлилар, суғдлар, хоразмийлар, бақтрияликлар дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшиб келишган. V–VIII асрларга мансуб, туркий халқларнинг муштарак ёдгорлиги бўлган Ўрхун-Енисей китобалари ҳам бугунги туркий тиллар орасида ўзбек тилига кўпроқ яқинлигини билан ажралиб туради.
Кўпгина тарихчи олимлар миллатимиз номини дунё тарихида ўзининг шону шавкати, жаҳоншумул ишлари билан ном қолдирган ҳукмдорлардан бири, Олтин Ўрта давлатининг ҳукмдори Султан Ғиёсиддин Муҳаммад Ўзбекхон (1283–1341) номи билан боғлашади. У Чингизхоннинг катта ўғли Жўчи авлодидан бўлиб, унинг даврида ислом Олтин Ўрданинг давлат дини деб тан олинган. Ўзбекхон бошқаруви Олтин Ўрда қудрати энг юқори чўққига чиққан давр сифатида тилга олинади.
XIV асрда яшаб ўтган араб тарихчиси ибн Баттута хонга юқори баҳо бераркан, “У дунёдаги энг буюк ва қудратли етти шоҳдан биридир” деганди. Ўзбекхон 1313 йилда тахтга ўтирган бўлса, 1320 (1321) йилга келиб Ҳазрати Занги отанинг авлодларидан бири – Сайид отанинг тавсиясига биноан исломни қабул қилган. У салтанат жиловини ўз қўлига олгач, бутун мамлакат ҳудудида ислом дини арконларини ёйишга интилган.
Ўзбекхоннинг ҳукмронлиги Олтин Ўрда қудратининг энг юксалган даври бўлган. У Византия, Ҳиндистон, Ғарбий Европа мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатган, Миср мамлуклари билан ўзаро муносабатлар тиклаган. Ўзбекхон бугунги Россия, Украина, Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон сингари давлатларнинг катта қисмини ўз ичига олган ҳудудда подшоҳлик қилган.
Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи” асарида шундай ёзади: “Ҳазрати Сайид Ота, – унга Оллоҳнинг раҳмати ва ризолиги бўлсин, – ҳамда Султон Муҳаммад Ўзбекхон билан ҳамроҳликда Мовароуннаҳрга келган кишилардан: “Бу келган ким?” – деб сўрардилар. Уларнинг сардори ва подшоҳи Ўзбекхон бўлгани учун уларни “ўзбек” деб атадилар. Шу сабабдан ўша замондан бошлаб Мовароуннаҳрга келган кишилар “ўзбек” деб атала бошланди. Дашти қипчоқда қолиб кетган кишилар эса “қалмоқ” бўлдилар”.
Бу ва бошқа парчалардан кўриниб турибдики, фақат Ўзбекхоннинг авлодларини эмас, балки унга тобе бўлган кишиларни ҳам “ўзбеклар” деб атаганлар. Уларнинг бир қисми Ўзбекхон даврида, яна бир қисми Шайбонийхон даврида Мовароуннаҳрга кириб келган. Кейинчалик, мамлакатимиз ҳудудидаги хонликларда ҳам асосан ана шу Дашти Қипчоқ хонларининг авлодлари ҳукмдорлик қилишгани учун маҳаллий аҳолига нисбатан ҳам “ўзбек” атамаси қўлланган. Аммо, унутмаслик лозимки, Дашти Қипчоқ ўзбекларидан аввал ҳам Мовароуннаҳр аҳолисининг катта қисмини туркий тилли халқлар ташкил қилган. Ватанимиз ҳудудида бугунги она тилимизга яқин тилда сўзлашилган ва у шартли равишда илмий истилоҳда “эски ўзбек тили” деб номланади. Халқаро миқёсда Марказий Осиё туркчаси асосан “Чиғатой тили”, “Чиғатой туркчаси” деб ҳам юритилган.
Айрим мутахассислар Ўзбекхон, ҳатто Чингизхондан илгари ҳам ўзбек номи мавжуд бўлганини таъкидлайдилар. Хусусан, манбаларда 1115-1116 йилларда Ироқнинг Мўсул вилоятида Ўзбек исмли саркарда ҳокимлик қилгани ҳақида маълумотлар учрайди. Озарбойжонда ҳукмронлик қилган туркий элденгизлар сулоласининг сўнгги вакилини ҳам Султон Музаффар Ўзбек (1210–1225) деб аташган. Султон Жалолиддин Мангубердининг хос саркардаларидан бирининг исми ҳам Ўзбек Тоий эди. Ҳерман Вамбери бу этноним “ўзига ўзи бек” маъносини билдиришини ёзади. Бошқа тахминларга кўра, “ўзбек” номи қадимги туркий уруғ – ўғузлар номидан келдиб чиққани, аниқроғи “ўғуз бек” сўзларининг қисқартмаси экани айтилади. Чунки милодий 735 йилда тикланган Билга Ҳоқон битиктошида ҳам “эй ўғуз беклари, эшит” деган хитоб учрайди.
Ўрта асрларда, хусусан Алишер Навоий асарларида ўзбек термини туркийларнинг бир уруғи сифатида тилга олинган. Ҳазрат Навоий:
“Шоҳ тожу хилъатиким, мен тамомшо қилғали,
Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.”
– деганда ана шу уруғни тилга олган. Ҳазрат Навоий ўз даврида туркийларни асосан иккита катта гуруҳга, турклар ва туркмонларга бўлган. Турклар деганда у бугунги Туркия аҳолисини эмас, шарқий-туркий халқлар, хусусан бугунги ўзбекларни, туркмон деганда ўғуз гуруҳига мансуб туркий халқлар – бугунги туркман, озарбойжон, турк ва бошқа халқларни назарда тутган.
“Кўнгул бермиш сўзумға турк, жон ҳам,
На ёлғуз турк, балки туркмон ҳам.”
– деганда унинг асарлари ҳар икки гуруҳга мансуб туркий халқлари томонидан ўз даврида катта эҳтиром билан қабул қилинганини кўрсатади. Бундай қарашлар XVII аср, хусусан Абулғозий Баҳодирхон замонасида ҳам мавжуд эди. Шу боис у туркий халқлар тарихини ўрганаркан, уларнинг кечмиши ҳақида иккита алоҳида асар – “Шажари турк” (Турклар шажараси) ва “Шажараи тарокима” (Туркманлар шажараси)ни ёзган.
Тарихчи олим, профессор Шамсиддин Камолиддин “Ўзбекистон” атамасини турли даврларда турфа жўғрофий ҳудудларга нисбатан қўлланганини айтиб ўтади. Жумладан, ХIV-ХV асрларда ёзилган айрим манбаларда Олтин Ўрда ери ҳам “Ўзбек” деб аталган. Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида: “Шундан кейин Соҳиб Қирон Жете ва Ўзбекдан келган элчиларни қабул қилди ва уларга олтин совғалар бериб, уларни ўз хонлари хузурига юборди”, деб ёзади. Низомиддин Шомий ҳам “Хоразмдан шимолда жойлашган вилоят Ўзбек деб аталган” деганди. Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида, 1410 йил воқеалари баёнида “Дашти Қипчоқ ва Ўзбек мамлакатлари”, “Дашти Қипчоқ тарафдаги Ўзбек вилояти” қайд этилган.
Мирза Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарида Дашти Қипчоққа нисбатан бир неча ўринларда “Ўзбекистон” атамасини қўллайди. Бу мамлакат чегаралари Волга қирғоқларидан то Мўғулистон чегарасигача чўзилган.
1500 йилда Шайбонийхон Мовароуннаҳрга келиб, темурийлар давлатини қўлга олиши билан Ўзбекистон атамаси маъно жиҳатидан кенгайиб, Марказий Осиёнинг жанубий ҳудудларигача бўлган майдонни қамраб олди. Шу боис, ХVI–XIХ асрнинг биринчи ярмида ёзилган манбаларда Ўрта Осиё минтақаси “Ўзбекистон” деб аталган. Хусусан, сафавийлар сулоласига мансуб Эрон шоҳи Таҳмасп I (1524–1576) Мовароуннаҳрда жойлашган Шайбонийлар давлатини “Ўзбекистон” деб атаган.
Аштархонийлар сулоласининг етук вакили Субҳонқулихон ҳам ўзбек давлатчилиги тарихида ўзига яраша из қолдирган. Субҳонқулихоннинг тиббиётга аталган, ўзбек тилидаги “Хулосат ул-ҳукамо” рисоласининг ягона нусхаси Венгрия Фанлар академияси кутубхонасида сақланади.
Субҳонқулихон шеъриятни яхши тушунган, Нишоний тахаллуси билан ўзбек тилда шеърлар битган ва мушоираларда ўз шеърлари билан иштирок этган. Унинг замонасида мумтоз ўзбек адабиётининг таниқли вакиллари ижод қилишган. Жумладан, Турди Фароғий (1640–1699) гарчи Субҳонқулихон ва унинг аъёнларини танқид остига олса-да, унинг шеърларидан ўзбек юрти, Ўзбекистон сингари номлар айнан Субҳонқулихон даврида расман тилга олина бошлаганини кўришимиз мумкин.
Дур аҳду танг чашму бесару яъжуж вазъ,
Мухталиф мазҳаб гуруҳи Ўзбакистондур бу мулк...
Жойи ислому мусулмонлиғ, Фароғий, истама,
Пойтахти кишвари Субҳонқулихондур бу мулк.
(Бу мамлакат аҳдидан йироқ, қисиқ кўзли, бебош, Яъжуж сингари бузғунчи, турли мазҳабларга эга гуруҳлар яшайдиган Ўзбекистондир. Гарчи ислом ҳудуди бўлса ҳам, Фароғий, сен у ердан мусулмонликни излама, бу ер Субҳонқулихон давлатининг пойтахтидир).
Ҳар қалай, Субҳонқулихон ҳам ўтмишдаги кўп подшоҳлар сингари идеал ҳукмдор бўлмагани аниқ. Унинг даврида ҳам жабр-зулм, адолатсизликлар бўлгани табиий. Аммо бу ерда масаланинг бошқа томони бор. Унинг даврида Ўзбекистон деган сўз тилга олиняпти. Бу атама фақат мамлакат ичкарисида эмас, ташқарисида ҳам учрайди.
Голланд картографи Авраам Маас 1735 йилда тузган Евроосиё харитасида Каспий денгизидан бошлаб Ҳиндистон ва Хитой чегараларигача бўлган ҳудуд Usbek деб номланган. Аштархонийларга замондош усмонли шоири Эндерунли Фозил (1757–1810) “Заноннома” номли асарида ҳам турли мамлакат ва миллатларнинг аёллари ҳақида сўз юритаркан, Мовароуннаҳр ва Хуросонга нисбатан “Ўзбекистон” деган сўзни ишлатади.
Чор Россияси Марказий Осиёни босиб олган пайтда маҳаллий аҳолининг катта қисмини дастлаб ўзбеклар ва сартлар деб атаганини ўша давр ҳужжатларида ҳам кўриш мумкин. Биргина фактга эътибор қаратсак. Россия империясида 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш қайдларида Фарғона вилояти (собиқ Қўқон хонлиги)да сартлар қарийб 789 минг, ўзбеклар 153 мингдан кўпроқ, тожиклар 114 минг кишини ташкил этган. Биламизки, ҳозирда бу ҳудудда этник сарт атамаси умуман ишлатилмайди. Хўш, Қўқон хонлигининг асосий аҳолиси бўлган сартлар ким эди?
Машҳур венгер олими 1885 йилда ёзилган “Туркий халқ” китобида ўзбекларни Марказий Осиёдаги катта нуфусга эга бўлган халқ сифатида тавсифлар экан, улар билан бирга сартлар ҳақида ҳам тўхталган. Вамберининг маълумотига кўра, сартларнинг катта қисми ўзбеклар билан деярли бир хил тилда гапирган, кичикроқ қисми эса форсий тилда сўзлашган. Н.Остроумов ҳам “Сарт халқ мақоллари”, “Сарт халқ эртаклари”, “Сарт тилинининг этимологияси” сингари тадқиқотларида асосан бугунги ўзбек тили, халқимизнинг фольклор намуналарини назарда тутган эди. Унинг ташаббуси билан чоп этилган “Сартча-русча луғат”да ҳам деярли бугунги ўзбек тилидаги сўзлар киритилган.
Шундан хулоса қилиш мумкинки, ўша пайтларда ўзбек атамаси халқимизнинг қипчоқ лаҳжасида сўзловчи гуруҳи, асосан қишлоқ аҳолиси (ж-ловчи қатлам)га нисбатан ишлатилган, қарлуқ ва ўғуз лаҳжасида сўзловчилар, шаҳар аҳолиси турк, туркистонлик, хоразмлик, бухоролик, фарғоналик сингари номлар билан аталган. Сарт атамаси эса, уларга нисбатан фақат Чор Россияси маъмурлари томонидан умумий тарзда ишлатилган. Вамбери ҳам бу атамани асосан руслардан эшитган бўлиши керак. Чунки, ХХ аср бошларида ҳам Беҳбудий “Сарт сўзи мажҳулдур” мақоласида бу атама туркистонликларнинг миллий ўзлигига бутунлай ёт эканини, ҳеч ким бу ерда ўзини ўзи сарт деб атамаслигини айтиб ўтган. Шу сабабли 1926 йили аҳолини рўйхатга олишда туркий тилда сўзлашувчи сартлар тўлиқ ўзбеклар таркибига киритилган.
Совет иттифоқи даврининг дастлабки йилларида Марказий Осиёда миллий республикаларни ташкил қилишга катта эътибор қаратилган. Ўша пайтда миллатнинг етакчилари сифатида майдонга жадидларимиз гарчи мазкур ҳудудда ҳур Туркистонни яратиш орзуси билан чиққан бўлсалар-да, бу ният амалга ошмади. Ўша пайтда мавжуд бўлган Бухоро, Хоразм Республикалари ва Туркистон АССР ўрнида Марказий Осиёнинг советлар таркибидаги миллий республикалари, улар қаторида Ўзбекистон аталмиш навбатдаги маъмурий тузилма вужудга келди.
Рустам ЖАББОРОВ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Анвар
21:01 / 12.01.2024
Ассалому алайкум! Сарт сўзи бўйича янги тадқиқотлар бор. Сарт деб аслида Хоразмшоҳлар давлати одамлари аталган. Монголияда бўлганимизда Безод Абдримов бу ҳақда маъруза қилди. Монголиялик сартууллар(Хоразмдан кетган одамлар авлоди) билан учрашдик. Бу русларга боғлиқ эмас!