Адабиёт
Истиқлолнинг ўттиз учинчи йилида ҳам чет-четдан суверенитетимизни тан олишни истамаётган, мустақиллигимизга ола қараётган кимсалар учраб турибди. Яқинда “Справедливая Россия” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон мустақиллигига дахл қилувчи гаплари ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирди. Бу сафсатабознинг куракда турмайдиган иддаоларига расмий ва норасмий доиралардан тегишли жавоб берилди. Шу ўринда ҳар биримизда “Нима бало, улуғ давлатчилик шовинизми бу қавмнинг ҳар бир ҳужайрасига сингиб кетганми?” деган иштибоҳ туғилади. Ушбу савол жавобини эса тўрт-беш аср наридан излаш керак бўлади, негаки Россиянинг истилочилик сиёсати бир неча асрларни ўз ичига олади.
Инглиз тарихчиси Питер Хопкрик ўзининг “Катта ўйин” номли китобида Рус империяси майдони кейинги тўрт аср мобайнида ўртача ҳар куни 55 квадрат мил!(бир мил – 1609 метр)га, йилига эса 20 минг квадрат милга кенгайиб борганини таъкидлайди. Ушбу мустамлакачилик сиёсатида Туркистонни эгаллаш алоҳида ўрин тутади. Аммо Турон заминни қўлга киритиш уларга осон бўлмади. Учта хонлик ҳудудига уюштирилган 5-6 марталик ҳарбий юришларнинг деярли ҳаммаси самарасиз, баъзан фожиали ва шармандали якунланди.
Пётр I ташаббуси билан Александр Бекович-Черкасский бошчилигида 1717 йилда Хива хонлигига уюштирилган дастлабки ҳарбий юриш бунинг тасдиғидир.
Олтин васвасаси
1700 йилда Хива элчиси қўшни давлатлардан (асосан Бухоро амирлиги) ўзини ҳимоялаш эвазига Россияга тобеликка розилик берган хон Шоҳниёзнинг ишонч ёрлиғини Пётр I га топширган эди. Ўша йили 30 июндаги ёрлиқда Пётр бунга розилик билдиради. 1703 йилда Араб Муҳаммадхонга юборилган ёрлиқда ҳам юқоридаги гаплар ўз ифодасини топган.
1713 йилда мангқишлоқлик туркман қавмларидан бирининг сардори Хўжа Нафас Астраханга келиб княз Михаил Самонов( баъзи манбаларда Замонов) билан учрашиб, русларга Амударё ортидаги олтин қумлар тоғ-тоғ уюлиб ётган мамлакатни босиб олишни тавсия этади. Сардорнинг айтишича, хиваликлар Россиядан хавфсираб Амунинг Каспийга қуйиладиган эски ўзанини кўмиб ташлашган. М.Самонов Хўжа Нафаснинг оёғини ерга тегизмай, Петербургга олиб жўнайди. Гвардия поручиги княз Александр Бекович-Черкасский воситачилигида у Пётр билан учрашади.
Олтин васвасаси, минтақанинг улуғ дарёларидан бири Амуни Ҳазар(Каспий)га буриш ва Ҳиндистонга энг яқин йўлни очиш режалари Пётрнинг оромини буткул ўғирлаганди. Зудликда Каспий денгизи ва Сибир экспедицияларини тузишга қарор қилинди. Бир нечта швед муҳандис асирлари ва 2000 нафар аскардан иборат подполковник Бухгольц бошчилигидаги Сибир экспедицияси кемалар ва паромларда Иртиш дарёси бўйлаб юқорига сузиб, Ямишевда қалъа қуриши ва олтин конларини излашга отланади. 1715 йилда 2 та пиёдалар полки ва 700 казак Иртиш дарёсининг юқори қисмига йўл олади. Йўлда уларга яна 1500 отлиқ аскар қўшилди. 1 октябрда экспедиция Балхашга етиб келиб, Ямишев қалъасини қуришни бошлади.
Бундан хабар топган маҳаллий ҳукмдор Кунтойша бошчилигидаги қалмиқлар қўшини 1716 йил феврал ойи охирида 10 минг аскар билан қалъани қуршаб олади. Уч ойлик қамалда цинга ва куйдирги касалликларига чалинган 3800 нафар аскардан айрилган рус қўшини абгор-у афтода ҳолда ортга қайтади. Тарихчи, генерал-лейтенант Михаил Тереньтев уч жилдлик “Туркистоннинг босиб олиниш тарихи” китобининг 1-жилдида гарчи олтин конлари топилмаса-да, руслар бу ҳудудда беш йил мобайнида 1000 верстдан зиёд масофадаги Иртиш водийсини қўлга киритганини айтиб мақтанади.
Қабардалик хоин
Айтганимиздек, ўша пайтда Каспий экспедицияси ҳам тузилди. Унга Александр Бекович-Черкасский бошлиқ этиб тайинланди. Унинг таржимаи ҳолидан бир-икки оғиз. У катта Қабарда князлари авлодидан эди. Ўша йилларда Қабардадаги битта сулоланинг икки князи – Қайтуқо ва Бекмирза низолашиб қолади. Шу боис Бекмирза ўғли Давлат Гирейни Қайтуқога гаров(омонат) сифатида жўнатади, у болани Теркадаги рус қалъасига гаров сифатида беради. Гаровдаги боланинг қай йўл билан, кимнинг ёрдамида Теркадаги гаровдан халос бўлиб, Москвага кетгани ноаниқ. Пётр I нинг тарбиячиси княз Борис Голициннинг черкес боласини ўз оиласи бағрига олиши калавани янада чигаллаштиради. Давлат Гирей мирза (баъзи ўринларда Искандар) шу йўсинда гўдаклик пайтида Россияга келиб қолади. Голицинлар сулоласидан бадавлат бева аёл ҳомийлик қилиб, уни ўзининг вориси деб эълон қилади. Чўқинтирилишда унга Александр номи берилиб, княз Борис Алексеевич Голицин хонадонида тарбияланади. Кейинчалик у Голициннинг қизи Марфа Борисовнага уйланади.
Александр 1707-1709 йилларда атоқли рус боярлари болалари билан бирга геометрия, математика ва денгизчилик илмини ўрганиш учун Голландияга ўқишга жўнатилади. Аммо бу ғамхўрликлар бежиз бўлмай, 1711 йилда унга Кабардани Россиянинг итоатига ўтказиш вазифаси топширилади. Черкес беклари князнинг таклифига мойиллик кўрсатиб, Черкасский Қабардани Пётрга қўшқўллаб топширади.
1713-1714 йилларда Пётр Черкасскийга Амударёнинг эски ўзанини топишни буюради, у Каспийнинг шарқий соҳилларида кенг кўламли қидирув ишларини олиб боради ва Хоразм ҳудудлари чегарасида Каспий ва Орол денгизи харитасини тузади. Иккита харита Пётр I га етказилгач, Черкасский Преображенский лейб гвардия капитани этиб тайинланади. Янги унвон билан бирга унга 13 банддан иборат фармон ҳам юборилади. Ҳукмдорнинг фармони олийсида жумладан, қуйидаги бандлар мавжуд эди:
– Амунинг Каспий денгизига қуйилган жойида минг кишилик истеҳком-қалъа барпо этиш, Амударё оқими ва тўғонларини пухта ўрганиб чиққан ҳолда, мумкин қадар эски ўзанига буриш;
– Хива хонлигини рус давлатига тобе қилиш, хон розилик берса ва имконияти бўлса, рус қўшинларининг таъминотини бўйнига олиш;
– Хива хонлиги орқали Бухоро амирлигининг Рус давлати қарамлигига ўтиш истагини аниқлаш. Бундай истаги бўлмаган тақдирда ўзаро дўстона алоқаларни ўрнатишга эришиш.
Рус подшоҳининг тахминига кўра, Хива хонлиги осонгина таслим бўлиши керак эди. 1716 йил 15 сентябрда Астрахандан 100 тача кемада йўлга чиққан А.Бекович-Черкасский 9 октябрда Тубқараған (Мангқишлоқ) кўрфазига етиб келади. Кўрфазда авлиё Пётр номли қалъага тамал тоши қўйилиб, у ерга Хрушчовнинг полки қолдирилади. Княз шундан сўнг Кендирли қўлтиғида навбатдаги қалъани қуриб уни Александрбой деб номлайди. Тупқараған қақроқ саҳро бўлиб, қудуқларда сув жуда камчил эди. Офицерларнинг бу ердан қалъа қурмаслик ҳақидаги қаршиликларига жавобан Бекович уларга “Сенлар буйруқни бажаришинг керак, сенлар тажриба учун қолдирилгансан”, дейди. Бу тажриба гарнизонга қимматга тушди.
Черкасский 4 мингга яқин қўшин билан 1717 йил май ойининг охири – июнь бошларида Гурьевдан чиқиб, Хивага юришини бошлади. Жазирама иссиқда ўта машаққат билан йўл босиб ўтаётган, анча аскарлари ва от уловларидан айрилган А.Б. Черкасский Янгисувга келгач, ўзининг тинчлик ва дўстлик элчиси сифатида келаётганини билдириб, Шерғозихон ҳузурига элчи қилиб Михаил Коретовни жўнатади. Аммо Хива қўшинлари аллақачон жангга отланган эди.
Кутилмаган мусибат ва хоннинг тузоғи
Хивага 108 километрлик масофада, Айбуғир кўли ҳудудида экспедиция 20 минг кишилик Хива қўшини билан тўқнашди. Уч кунлик аёвсиз жангдан кейин хиваликлар чекинди. Бунга хиваликларнинг пилтали милтиқ, қилич, найза, ойболта, ўқ-ёй каби алмисоқдан қолган яроғ-аслаҳалар билан қуроллангани сабаб бўлди. Рус тарихчиси Константин Константинович Абаза “Туркистоннинг босиб олиниши” номли китобида ёзишича, Хиваликлар ҳали бундай қаршиликка дуч келмаганди. Улар бир ҳовуч “ўруслар” катта қўшинга қарши жон жаҳди билан курашаётганига ҳайрон эди. Тўртинчи куни лагерга хивалик Хўжа Эшим келиб, хоннинг ярашмоқчи эканини маълум қилади. Бу ерда музокаралар бўлаётган пайтда Шерғозихон аркони давлатни йиғиб кенгаш ўтказади. Хон хазиначиси руслар билан гўё келишмоқчи бўлиб, уларни тузоққа тушириб, қиличдан ўтказишни маслаҳат беради. Тинчлик сулҳи тузиш учун Черкасский ҳузурига Хўжа Назар ва Кўчимбой жўнатилади.
Айнан мана шу муҳим дақиқаларда А.Бековични Хива юришига кузатиб ортига қайтаётган хотини Марфа Борисова ва икки қизи кемада Волга дарёсига чўкиб, ҳалок бўлгани хабари етиб келади. Бу княз ҳаётининг энг фожиали лаҳзалари эди. Машъум хабарни эшитган Бекович чуқур қайғуга ботиб, бу мусибатга ўз динини сотиб бошқа динга ўтганини сабаб билиб, қаттиқ пушаймон қилади. У тавба-тазарру қилиб мусулмонча кийиниб, сочини олдириб, Давлат Гирей номини қайта қабул қилади. – Князнинг бу қилмишидан сўнг бутун қўшин, аскарлар унга ишонмай қўйишди, дейди тарихчи Терентев.
Хивадан 108 чақирим узоқликдаги Порсу қалъасида (ҳозирда Тошҳовуз вилоятида) Шерғозихон ва А.Бекович учрашуви вақтида хон русларнинг катта қўшинини озиқ-овқат ва ем-хашак билан таъминлаш мушкуллигини баҳона қилиб, уларни қисмларга бўлиб, турли ҳудудларга жойлаштиришни таклиф этади. Оғир жудоликдан эс-ҳушини йўқотган Черкасский ҳеч нарсадан шубҳаланмай, ўринбосари майор Франкенбергга отрядни бешга бўлиш тўғрисида буйруқ юборади. Франкенберг ўзбек чопари етказган буйруқни бажаришдан бош тортиб, уни қувиб солади. Князнинг “Агар буйруқни бажармасанг, қамоққа олинасан” деган пўписасидан кейин Франкенберг ён беради. Аскарлар беш қисмга ажратилиб, Хива атрофидаги қишлоқларга сочиб юборилади. А.Бекович қўл остидаги 700 аскардан 200 нафаринигина ёнида олиб қолади. Ўша заҳотиёқ княз Михаил Самонов, Кирьеп Экономов ва Черкасский ечинтирилиб, бошлари танасидан жудо этилади. Қўшиннинг қолган аъзолари ҳам йўлларда маҳв этилиб, бир қисми асир олинади. Бу тарихий воқеа 1717 йилнинг 29 августида рўй берган эди.
Хориж сафарида бўлган Пётр экспедиция тақдирини кейинроқ эшитади. У 1717 йил 10 октябрда Петербургга қайтгач, Тўпқараған (Мангқишлоқда) ҳамда Красноводскдаги қалъа-истеҳкомларни янада мустаҳкамлашни буюради. Бироқ император буйруғи қўшинларга кечикиб етгани боис, касалликлар хуружи ва туркманлар босқини туфайли 2370 нафар рус аскаридан тирик қолган 300 нафари 1718 йил баҳорида Астраханга қайтиб кетади.
Шубҳасиз, Шерғозихон бу воқеа қудратли қўшни мамлакат ҳукмдорини қаттиқ ғазаблантиришини билгани ҳолда, вазиятни юмшатиш учун 1720 йилда Увайс Муҳаммад бошчилигида элчиларни Россияга жўнатади. Элчи Хива хони руслар билан дўстона алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор эканини, лекин А.Бекович биринчи бўлиб ҳужум бошлаганини, тутқунликда 2 минг рус аскари бўлиб, уларнинг ҳаёти эвазига муносабатларни яхшилашни таклиф этади. Аммо ғазаб отидан тушмаган Пётр элчиларни ҳибсга олиб, сургун қилади. Увайс Муҳаммад Петрапавловск қалъасига ташланади ва шу ерда оламдан ўтади. Рус асирларини озод этиш талаби ёзилган хат тирик қолган битта элчи орқали Хивага юборилади. Таҳдид оҳангидаги бу хат Шерғозихоннинг нафсониятига тегиб, уни оёғи остига олиб топтайди.
Албатта, А.Бекович мағлубияти Россия салтанати учун катта уят ва иснод эди. Зеро, бу ҳарбий миссия бундай якун топишини Пётр мутлақо кутмаган эди. Ҳукмдор экспедиция ҳалокатини кўнглига шунчалик қаттиқ олган эканки, ҳатто ўлим тўшагида ётиб ҳам Хива хонлигидан “қонга-қон” учун хун олишни васият қилади. Бу ҳақда рус шоири Пушкин: “Пётр I икки армон билан кетди: бири – Прут қирғоғидаги мағлубият учун Туркиядан, иккинчиси – А.Бековичнинг қатли учун Хивадан ўч ололмагани эди” деб ёзган эди.
А.Бековичнинг Хива юриши ҳақида ўзбек муаррихлари Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавсул иқбол” асарида ҳам мухтасар маълумотларни учратамиз. Тарихнинг ушбу саҳифалари кучли душманни ҳам ҳарбий ҳийла билан енга олган қадим аждодларимиз Широқ ва Тўмариснинг беқиёс жасоратини ҳам эсга соладики, асрлар ўтиб ўша анъанани Шерғозихон чиройли тарзда давом эттирди. Бу воқеани таҳлил этган рус тарихчилари Шерғозихон ўз ваъдасига хиёнат қилди, дея иддао қилишади. Лекин Ватан манфаати, ҳимояси йўлидаги ҳар қандай ҳарбий ҳийла ўзини оқлаши оддий ҳақиқатдир. Хоннинг ҳарбий тактикаси тарих ва кейинги авлодлар учун ўта ибратли сабоқ бўлиб, келгусида бу мавзуда бадиий ва киноасарлар яратилса, болалар учун мултфилмлар ишланса, ғоятда ўринли иш бўларди. Мухтасар айтганда, А.Бекович-Черкасский қўшинларининг талофати Россиянинг босқинчилик сиёсатига катта зарба бўлди. Рус армиясининг Туркистон заминига кириб келишини эса нақ 150 йилга орқага сурди.
Абдумажид АЗИМОВ,
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ