Адабиёт
1449 йил Мирзо Улуғбекнинг фожиали вафотидан сўнг, қисқа вақт ичида Мовароуннаҳр тахтини эгаллаган яна бир темурий ҳукмдор, Мироншоҳ Мирзонинг набираси – Абу Саид Мирзо (1421-1469) мамлакатда қатор ислоҳотлар амалга ошириш баробарида, илм-фан ва маданият, хусусан, туркий тил ривожига катта эътибор қаратган. Восифийнинг ёзишича, Абу Саид Мирзо форс тилидан етарлича хабардор бўлмаган. Шу боис шоирлар унга имкон қадар туркий тильда қасидалар битишга ҳаракат қилишган. Тарихий маълумотларга кўра, 1468 йил февраль ойининг охирларида султон Абусаид мирзо бир пайтлар Амир Темур салтанатига тобе бўлган, эндиликда Узун Ҳасан (1423-1478) бошчилигидаги Озарбайжонга қараб юриш бошлайди. Миёна музофотига етгач, у Оққўюнлилар султони Узун Ҳасанга мактуб йўллайди. Бу мактуб Султон Абусаиднинг наинки сиёсий, балки ахлоқий, диний-сиёсий қарашларини билиш жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур мактуб 1473 йил 12 август куни Узун Ҳасан усмонийлар ҳукмдори Султон Меҳметдан енгилгандан сўнг, Истанбулга олиб келинади. Мактуб эски ўзбек тилида, уйғур алифбосида битилган бўлиб, айни пайтда Туркия Республикасининг Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи музейи архивида NE 17302-рақами остида сақланиб келмоқда. Мактубдан олинган қуйидаги сатрлар Абусаид мирзонинг ўз куч-қудратига ортиқча бино қўйгани, рақибига менсимаслик билан қараганини кўрсатади:
“Султон Абусаид Кўрагон сўзим. Ҳасанбекка салом тегач, сўз улким, Тенгри инояти бўлуб, Соҳибқирон Темурбек тамом мамоликни мусаххар қилиб юруганда, улуғ отанг Усмонбек чин кўнгли била бек давлатига паноҳ келтуруб, ихлосини билдурган учун, бек дағи иноятлар қилиб, барча улусдин ортуқси кўруб, Диёрбакир вилоятини билдуруб, хоссатан ўғул-ушоқининг тинчлиги учун Ҳамидтек (?) ерни доғи суюрғаб юрт берган турур. Усмонбек доғи бекнинг ул иноят шафқатини унутмайин, бекдин сўнгра ўғлонлариға чин ихлос била куч бериб, бурун бек чоғинда қилған хизматларини ҳаргиз ўзга қилмади. Тенгри иноят қилиб, Соҳибқирон бек отамнинг тахтини менга рўзий қилди эрса, сен доғи отанг юртини билиб, эл-улусингни бошлағонингдин бери яхшилиғинг, чин эътиқодингни билдуруб эрдинг. Тенгри инояти билан эранлар ҳимматидин бу учурларда бурунги кечган ота оғаларингдин ортуқси кўнгул тилагандек шойииста хизматлар қилдинг, ини-ўғуллик, дўстлик қариндошлуқни билдуруб, сенинг бу хизматларингдин ошири рози бўлдук. Энди сен доғи билурсенки, улус эгаси Темурбек тамом мамоликни забт қилиб улашгонда, Табриз тахтини менинг отам Мироншоҳ Мирзога бергондурур. Сенга доғи маълумдурки, ота юрти ўз юрт бўлур. Тенгри иноятиға сиғиниб, бу фурсатларда Озарбайжон вилоятларини забт қилиб, ота юртини бутунғи йўсин била забт қилайин деб келодуруман. Агар Темурбек отанг Усмонбекка Диёрбакир вилоятини берган бўлса, умидим улдурурким, ман сенга Тенгри инояти билан Миср ва Рум вилоятларини олиб бергаймен”.
Мазкур мактубдан кўриниб турибдики, Абусаид мирзо Узун Ҳасанни ўзига бўйсунишини, оталари худди Амир Темурга хизмат қилгандек, уни ўзига тобе қилишни истайди. Мактуб тили содда ва равонлиги, эски ўзбек тили хусусиятларини ўзида тўлиқ мужассам қилгани билан ҳам ажралиб туради. Тарихчи Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарида ёзилишича, ушбу мактубни олганидан сўнг Узун Ҳасан Абусаидга иниси Юсуфбекни элчи қилиб юбориб, сулҳ тузишни таклиф қилади. У ўз мактубида Абусаид мирзодан узр сўраб, юз йилдан бери ота-боболари Амир Темур ва унинг авлодларига садоқат билан хизмат қилиб келаётгани, бундан буён ҳам шундай бўлиб қолишини, фақат Озарбайжондан чиқиб кетиш учун баҳоргача рухсат беришини сўрайди.
Аслида бу Узун Ҳасаннинг ўзига хос ҳийласи эди. Шу тариқа у Абусаидни қопқонга туширмоқчи эди ва бунга муваффақ ҳам бўлади. Сулҳ таклифига қулоқ осмаган Абусаид мирзо Қорабоғ томон илгарилаб бораверади. Аммо ҳаддан ташқари совуқ ва озиқ-овқат танқислиги темурий султоннинг катта қўшинини ҳолдан тойдиради. Амирлар ва беклар Абусаид мирзодан юз ўгириб, ярим йўлда ташлаб кетадилар. Ҳукмдорнинг 50 мингга яқин қўшиннинг катта қисми ҳар ёққа тарқалиб кетади. Энди Абусаиднинг ўзи Узун Ҳасан билан сулҳ тузишни таклиф этиб, ҳатто унинг ҳузурига онаси – Поянда султонбегимни йўллайди. Узун Ҳасан худди шу фурсатни кутиб турган эди. У Абусаиднинг оз сонли қўшинини осонлик билан мағлуб этиб, унинг ўзини асир олади.
Худди шу пайтда Абусаиднинг ашаддий рақибларидан бири – Шоҳрух Мирзонинг чевараси Ёдгор Муҳаммад мирзо (1451-1470) Узун Ҳасаннинг саройида эди. У Абусаиднинг тақдирини ҳал этишни Ёдгор мирзога топширади. Ёдгор мирзо эса орадан бир неча кун ўтиб, бувиси Гавҳаршодбегимнинг хуни эвазига Абусаидни қатл этади. Маълум муддат Мовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштириб, Амир Темур салтанатини тиклашга уринган ҳукмдорнинг ҳаёти ана шундай фожиали якун топади.
Рустам ЖАББОРОВ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ