– Неча ўн йилдирки, тил, имло, тил таълимига оид баҳс-мунозаралар тинмайди. Давлат қарору фармонлар чиқариб, маблағ ажратяпти, олиму тадқиқотчилар илмий иш ёзаётир, катта-кичик анжуманлар ўтказиляпти, соҳага доир ҳар турли китоблар керагидан ортиқдек, жўяли таклифлар ҳам истаганча топилади. Лекин натижа... Бизда масала ҳозир ўзбек тилини сақлаб қолиш эмас – мамлакат ичидаги мавқеини кўтариш, ташқарида эса дунё эътиборидаги тиллардан бирига айлантириш билан боғлиқ деб ўйлайман. Шу манзарада тилшунос олим, миллат ойдини сифатида Сизга ўнлаб саволлар бергиси келади кишининг. Тил муаммолари ХХI аср одамининг ҳаётида нечоғли аҳамиятга эга? Тараққиёт замонида аксар халқларнинг кун тартибидан аллақачон тушиб кетган муаммоларга банди бўлиб қолмаяпмизми? Тил масалалари ечимини кенгроқ кўламда излаш – қудратли иқтисодиёт ва ҳарбиёт, муҳим илмий кашфиётлар, халқаро даражадаги ишбилармонлик орқали унинг нуфузини оширишга куч бериш, ўзгалар тилимизни зарурий эҳтиёж туфайли ўрганиши, ҳурматлашига эришиш керакмикан?..
– Тил, унга дохил алифбо-имло ва таълим масаласи биз учун оғриқли экани ҳақ-рост. Аслида тил муаммолари бизнинг асримизда ҳар бир инсон учун ҳаёт-мамот аҳамиятига эга. Бугунги глобал дунёда бир неча тилда самарали мулоқот қила олиш фазилатга айланди, тил билган киши бизнес, касбу кор ва ижтимоий муносабатларда талай устунликларга эга. У турли мамлакат ва маданият вакиллари билан эркин мулоқот қила олади, дунёқарашини кенгайтиради ва янги имконият эшикларини очади.
Тўғри, айрим ривожланган мамлакатларда тил муаммолари аллақачон ҳал этилган, бироқ ривожланаётган мамлакатларда у ҳануз долзарблигича қолмоқда. Умуман олганда, тил муаммоси – тараққиёт даражаси билан чамбарчас боғлиқдир. Тарихимизга назар солсак, тил масаласи қорахонийлар, темурийлар, шунингдек, жадидлар даврида алоҳида аҳамият касб этганига амин бўламиз. Бу – замон бурилишлари, кўтарилишлар, маънавий эврилишлар билан ҳамоҳанг кечган. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ушбу масала яна кун тартибига чиқди.
Давлат тили муаммоси сиёсий, ижтимоий, илмий, ҳуқуқий, фалсафий, тарихий, маданий, маънавий, ташвиқий ҳодисаки, унга бирёқлама ёки тор фокусдан қараш мақсад йўлида тўсиқ бўлади. Дейлик, унинг мамлакат миқёсида ижтимоийлашуви муаммосини олайлик. Албатта, бошқаларни давлат тилини ўрганиш ва ҳурмат қилишга мажбурлаб бўлмайди. Тил одамлар учун, аввало, жозибали ва манфаатли бўлиши керак, шунда уни ихтиёрий ўрганадилар. Жозибадор тил муҳитини яратмоқ йўлида, Сиз қайд этганингиздек, иқтисодиёт, илмий кашфиётлар, таълим самарадорлигини ошириш ва халқаро бизнес кучидан фойдаланиш керак.
Давлат тилининг ижтимоийлашуви учун: 1) маданият, санъат ва адабиётни тарғиб қилиш, фестиваллар ва кўргазмалар ўтказиш, халқаро аудиторияни жалб этадиган анжуманлар ташкил этиш; 2) тил таълимининг замонавий талабларга жавоб берадиган ва сўзлашувчиларга қулай дастурларини яратиш; 3) тилни кундалик ҳаётда ўрганиш ва ундан фойдаланишга ёрдам берадиган кўп тилли платформа ва иловаларни ишлаб чиқиш; 4) таржима ва лингвистик хизматларни ривожлантириш, расмий ва илмий материалларнинг юқори сифатли таржимасига эришиш; 5) тилни муҳим мулоқот манбаи сифатида тарғиб қилиш мақсадида халқаро анжуманларда фаол қатнашиш; 6) қонуний асосларни кучайтириш ҳамда уларнинг тизимли ижросини кафолатлаш лозим.
Биз ҳозир фақат қонуний асосларга урғу бериш, уни талаб қилишга одатланиб қолдик. Илмий, таълимий масалаларга эътибор эса кўнгилдагидек эмас: имло ва талаффуз меъёрлари бўйича тадқиқотлар деярли йўқ. Тилимизнинг фақат ёзма меъёрлари ўрганилган, жонли оғзаки нутқ эса тузук-қуруқ тадқиқ этилмаган. Бу, айниқса, ўзбек тилини хорижликларга, адабий тилдан йироқроқ шева вакилларига ўргатишда муаммо туғдирмоқда. Тилшуносликда космополитизмдан воз кечиб, фанни ҳаётга, жамият эҳтиёжларига яқинлаштириш керак. Масалан, компьютерда ўзбек тилида ҳарф тераётган киши хатоларини “Тўғри ёзиш” функцияси асосида тузата олса, қўрқмасдан ёзади. Шунинг ўзи ўзбек тили жозибадорлигининг бир намунаси эмасми? Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Аслида, тил меъёрларини хорижий тил сифатида ўрганганлар кўпроқ сақлаб қолади. Бугун кенг оммалашган инглиз тилининг илмий меъёрларига, асосан, уни хорижий тил сифатида ўрганувчилар риоя этади. Чунки улар тилни дарслик ва қўлланмалар асосида ўрганган. Инглиз тилини хорижий тил сифатида ўрганувчи ва сўзлашувчилар унинг асл соҳибларидан кўп. Кўпчилик эса озчиликка, одатда, кучлироқ таъсир кўрсатади. Шу маънода тилимизни хорижий тил сифатида ўрганадиганлар учун қулай ўқув-методик воситалар тайёрлашга эътиборни кучайтириш керак.
– Шогирдларингиз билан бирга ўзбек тилининг корпус лингвистикасини шакллантириш, уни интернет тилига айлантириш борасида илмий изланишлар олиб боряпсиз. Тилшуносликка оид замонавий илғор концепциялар ҳамда тадқиқотларингиз моҳияти, уларнинг нафақат маънавий, балки иқтисодий манфаатлари хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Тил корпуслари – бугунги тилшуносликнинг катта ютуғи. Тилга эътибор унинг корпусига эътибор, тил нуфузи унинг корпуси нуфузи билан белгиланадиган замон бўлиб қолди. Жаҳонда бу борада шундай катта ҳажмдаги ишлар қилиняптики, ақлингиз шошади. Миллиард-миллиард сўзларни қамраган бир тилли, кўп тилли, ҳатто глобал корпуслар яратиляпти.
Замонавий ахборот технологиялари тилнинг функционал имкониятларидан фойдаланишга кучли дастак берди. Компьютер таржимаси, автоматик таҳрир ва таҳлил, ёзма матнни овозлаштирувчи нутқ синтезаторлари, оғзаки нутқни ёзма матнга айлантирувчи дастурлар, электрон луғатлар, лингвистик мобиль иловалар, тезауруслар (тил хазинаси), тил онтологияси... Айниқса, замонавий электрон луғатлар тузиш ва ундан фойдаланиш маданиятини шакллантириш тил имкониятини эгаллашда самарадордир. Бу борада дунё миқёсида тез суръатларда яратилаётган тил корпусларининг ҳам роли беқиёс.
Тил корпуслари – тил бўйича тадқиқот ва амалий топшириқлар ечими учун зарур иш қуроли. У оддий электрон кутубхонадан фарқланади. Электрон кутубхонада халқнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий, иқтисодий ҳаётини акс эттирувчи бадиий ва публицистик асарлар жамланади. Электрон кутубхона матнлари тил нуқтаи назаридан ишлов берилмагани сабабли тадқиқотлар учун ноқулайлик туғдиради. Чунки электрон кутубхона илмий тадқиқот материали базасини тайёрлаш эмас, балки миллий-маънавий меросни тўплаш мақсадида тузилади. Тил корпуси эса электрон кутубхонадан фарқли ўлароқ, тилни ўрганиш ва тадқиқ этиш учун зарур, фойдали ва қизиқарли матнларни йиғишни назарда тутади.
Ўзбек тили корпусларини яратиш борасида давлатимизнинг методологик аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари қабул қилинган. Биз ўшаларга таяниб иш олиб боряпмиз.
Миллий тил корпуси – электрон қидирув имкониятига эга тизим, табиий тилнинг рақамлашган ёзма ва оғзаки матнлари жамланмаси. Тилни тадқиқ этиш (тил бирлигининг ўзгариши, эскириши, янгиларининг пайдо бўлиши, маъносининг кенгайиши ва торайишини кузатиш), анъанавий ва замонавий луғатлар тузишда унинг имконияти ниҳоятда катта. Миллий корпусни миллий тил хазинаси десак ҳам бўлади. Бунда миллий сўзи нафақат тилнинг, балки корпус тузилиши ва таркибининг ҳам ўзига хослигини англатади. Унинг бошқа тил корпусларидан фарқи таълимий корпус, муаллифлик, поэтик матнлар, илмий ва расмий матнлар, оғзаки матнлар, бадиий матнлар ва газеталар ҳамда диалектлар корпуси каби ички корпусларни ўз таркибига қамраб олганида. Шу боис уни яратишда жамоавий фаолият муҳим.
Ўзбек тили миллий корпуси ҳозирда корпус интерфейси, қидирув тизими, 75 миллионга яқин сўзшакл, 1 миллиондан ортиқ матнлар базаси ва 15 электрон луғат манбасидан иборат.
2020 йилда “Ўзбек тилининг феъл шакллари луғати” яратилгани катта ютуқ бўлди. Мазкур луғат таржима, имловий текширув, морфологик автоматик анализатор ва бошқа компьютер дастурлари яратишдаги қийинчиликларни бартараф этади. Ўзбек тили морфологик тизимининг ўта мураккаблиги ва морфологик шакллар миқдори жуда кўплиги сабаб грамматик луғатлар тузилмаган эди. Анъанавий карточка усулида бундай далилларни тўплаш ва тартиблашга бир одамнинг умри етмайди.
Дарҳақиқат, ўзбек тилида сўзларнинг морфологик шакллари тизими мураккаб. Айниқса, феъл сўз туркуми шакллари алоҳида аҳамиятга эга. Олим Абдумажид Пўлатов “Дунёвий ўзбек тили” китобида бундай ёзади: “Ўзбек тили грамматикаси тўлиқ ўрганилмаган, илмий истилоҳда айтсак, системлаштирилмаган. Масалан, ўзбек тилида биргина ишламоқ феълининг шакллари тахминан 100 мингдан ошади, инглиз тилида эса тахминан 150 тагина шакли мавжуд, холос”. Бизнинг мутахассисларимиз тузган луғатда эса бир феъл 1 миллиондан ортиқ шаклга эгалиги таъкидланган. Кўринадики, ўзбек тилидаги морфологик шакллар бошқа тиллардан бой имконияти, комбинацияларининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради.
– Сингармонизм масаласи ҳам баҳсли. Ўқигандирсиз, “Тафаккур”нинг ўтган сонида шу ҳақда мақола эълон қилинди. Билишимча, сингармонизм – талаффуз билан боғлиқ ҳодиса ва у талаффузимизда ҳозир ҳам бор. Демак, ўзбек тили сингармонизмдан маҳрум этилди дейишга асос йўқдек, баҳсларимиз эса уни ёзувда акс эттиришга қаратилган бўлиб чиқади...
– Ўқидим, ўқиганда ҳам жуда синчиклаб ўқидим. Ҳақиқатан ҳам долзарб масала бу. Худойберди Дониёров халқ шевалари, фонетика, сингармонизм бўйича йирик мутахассис бўлганлар. У кишидан қолган ноёб меросдан унумли фойдаланишимиз керак. Муаллиф Муртазо Қаршибой устознинг қарашларини дақиқлик билан шарҳлабди. Илмий меросга ана шундай муносабатда бўлишни ўрганмоғимиз лозим.
Тиллар товушлар тизими ва грамматикасининг бойлиги/камбағаллиги, сўзлари, айниқса, синонимларининг миқдори билан баҳоланади. Чунки товушларнинг кўплиги нутқни оҳангдор, грамматик қўшимчалар ва синонимларнинг кўплиги эса тилни мазмундор ва нозиктабиатли қилади. Айниқса, унли товушлар қанча кўп бўлса, тил шунчалик тароватли бўлади. Туркий тилларнинг барчасида (ўзбек тилидан ташқари) унли товушлар сони 8 тадан 14-15 тагача экани эътироф этилади. Турк ва қирғиз тилида 8, озар тилида 9, туркман тилида 10, қозоқ тилида 12 та унли товуш ва алифбода шунча унли ҳарф бор. Ўзбек адабий тили, улардан фарқли ўлароқ, 6 унлидан иборат тил саналади. Бу борада у бошқа туркий тиллардан бир қарашда камбағалроқдек. Аслида ҳам шундайми? Нега тилимизнинг унли товушлари ва шунга мувофиқ ҳарфлар сони бошқаларникидан кам?
Адабий ёдномалар, илмий асарлар, луғатлар орқали унлилар бўйича аниқ хулоса қилиб бўлмайди, чунки бадиий, илмий асарлар тили умумхалқ тили эмас. Маълум бир даврдаги унлиларни ўрганиш учун халқ жонли тили билан танишиш керак. Афсуски, тарихий фонетикада бунинг иложи йўқ. Шунинг учун қилинаётган хулосалар тахминга, ҳозирги шева материалларини ўрганиш ҳамда қардош туркий тиллар фонетикаси билан қиёслашга асосланган.
Тилимизга яқин бўлмаган араб тилига хос аруз вазнидаги асарлар туркий тилларнинг туб хусусиятини акс эттира олмайди. Бунда Абдурауф Фитратнинг қарашлари эътиборли. Ўзбек тилининг фонетик қурилиши араб тилиникидан тубдан фарқ қилади. Арузда ижод этган туркийгўй шоирлар, Фитрат таъбирича, “икки турли ишга мажбур”: вазнни тугал қилиш учун шоир арабий ва форсий сўзларни меъёрдан ортиқ қўллайди. Бу эса охир-оқибат ўзбек тилини ўзга тиллар асоратига солиб қўяди. Иккинчиси шуки, вазн талаби билан “туркча сўзларнинг гавдасини бузиш”га мажбур бўлганлар ва бу, Фитрат айтганидек, кулгили ҳолатни юзага келтирган: “Арузнинг энг оҳангли, энг ўйноқи бир вазнида ёзилған туркча бир шеърни қишлоқда яшаған, ўз тилининг оҳангини бузмаған бир туркка ўқутсангиз-у, тинглағани шеърда туркча сўзларнинг чўзулуб, тузатиб бемаза этилиб айтилғанини эшитгач, албатта, куладир-да, тинглағани шеърнинг бир турк оғзидан чиқмағанига ҳукм қиладир”.
Қадимги туркий, эски туркий ва эски ўзбек тилларида унлилар уйғунлашуви (сингармонизм) қонунияти тўлиқ амалда бўлган. Яқин тарихда ҳам унлилар миқдори бошқа туркий тиллардаги каби 8-9 та бўлган. Сингармонизм ҳатто маъно фарқлаш вазифасини бажарган.
Фонетика – тилнинг энг кам ўзгарадиган соҳаси. Жузъий ўзгаришлар ҳам минг йилларни талаб қилади. Бу эса тилимизнинг ҳозирги ҳолати ҳақида хулоса чиқаришга асос бўлади. Яъни яқин 100 йил олдин тилимизда мавжуд бўлган сингармонизм қисқа вақт ичида архаиклашиши мумкин эмас. Техника ривожланган бугунги шароитда экспериментал фонетика бўйича тадқиқотлар олиб бориш ҳеч ҳам муаммо эмас. Х.Дониёров каби олимларимизнинг хулосаларини компьютер технологиялари воситасида аниқ далиллаш имкониятига эгамиз. Тадқиқотлар асосида ўзбек тилининг тўлиқ фонетика атласини яратиш лозим. Бунга фақат озгина рағбат ва молиявий кўмак керак, холос. Алифбо бўйича бугунги мунозараларнинг ҳам, келишмовчиликларнинг ҳам бош сабаби – илмий асоснинг етишмаслиги.
Шу ўринда алифбо ҳақида ҳам фикримни айтиб ўтсам. Алифбо тилнинг фонетик моҳиятини тўлиқ қамраб олиши керак. Зотан, у талаффузнинг ҳам миллийлигини таъминлайди. Кеча Facebookда доғистонлик хонанданинг ўзбекча қўшиғини тингладим. Айрича муҳаббат, маҳорат билан куйлабди. Аммо сочларимни ўраман деган бирикмадаги ўрмоқ сўзини қалин “ў” билан айтибди. Натижада бу сўз беда ўрмоқ бирикмасидаги ўрмоқдек талаффуз қилинган. Ҳолбуки, “соч ўрмоқ”да “ў” ингичка (турк тилидаги ö каби) ва “беда ўрмоқ”да қалин (турк тилидаги о каби). Бундай нотўғри талаффуз алифбо билан боғлиқ. Агар алифбомизда ингичка “ў” учун махсус ҳарф бўлганда эди, доғистонлик қиз ҳам сўзни тўғри талаффуз қилган бўлур эди.
Кўряпсизми, алифбода миллийлик тўлиқ акс этмаса, талаффуз миллийликдан ва пировардида тил миллий колоритдан бегоналашиб боради. Сираси, алифбо, имло, талаффуз, алифбо ва имло таълими бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотлар олиб борилиши зарур ва бу иш давлатнинг жиддий таъминоти ва назоратида бўлмоғи лозим.
– Абдулла Қаҳҳор “Бўрининг тишига сера кислотасининг таъсири” қабилидаги илмий ишларнинг кераги йўқ деб ҳисоблайди. “Илмий асарнинг илмий асар бўлиши учун олимнинг меҳнати, китобхоннинг мароқ билан ўқишигина кифоя қилмайди. Маълумки, илм қайси йўл билан бўлмасин бирон ҳақиқатни тасдиқлар экан, бундан кишиларнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган бир хулоса чиқаришни кўзда тутади... Зотан, илм эҳтиёждан туғилади эмасми?” дейди у. Сиз ҳам бир мақолангизда “Нажот – амалий аҳамиятли, мақсадли илмда. Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, қуруқ, баландпарвоз ва самарасиз минбар гаплари билан умримиз ўтаверади” деб ёзгансиз. Аччиқ ҳақиқат шуки, илму фанимизда пойга, сон кетидан қувиш, плагиатдан халос бўла олмаётирмиз, диплом олиш учунгина ёзилган самарасиз тадқиқотлар кўп. Турмушимиз ҳам саноғи осмон қадар диссертацияларимиздаги “илмий янгиликлар” туфайли жаннатга айланиб кетгани йўқ... Илм-фан соҳасига жавобгар бўлсангиз, қандай ишларни амалга оширган бўлардингиз?
– Яна бир жароҳатдан сўз очдингиз. Мен тилшуносликка амалий тус бериш ҳақида кўп ёзганман. Сиз ўшалардан бирига ишора қиляпсиз. Тилшуносликка оид тадқиқотлар музей экспонати каби жавонларда қолиб кетса, унинг нима кераги бор?! Қарашларимни ўзимизнинг соҳа мисолида баён қилсам.
Бугунги анъанавий филология тадқиқотлари асосан амалий аҳамиятсиз, ижтимоий-иқтисодий самарадан холи, фақат “Фан – фан учун”, “Фан – илмий даража ва унвонлар учун”, “Фан – кўнгил завқи учун” каби тамойилларга асосланмоқдаки, буни инқироз дейиш мумкин. Бу – филология доирасидаги давлат грантига даъвогар исталган мавзудаги лойиҳани, ҳимояга қўйилган ҳар қандай диссертацияни, долзарблигидан қатъи назар, ўзаро шахсий ёки бошқа муносабат асосида тўлиқ маъқуллаш ёки осонгина рад этиш мумкинлигида кўзга ташланади. Филологияда илмий янгиликлар эмас, шахслар ва шахсий муносабатлар муҳим роль ўйнаётир. Мамлакатимизда илм-фан, таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда-ку-я, аммо тил-адабиёт соҳасида бургутларга чумчуқ, китларга балиқ сифатида муносабатда бўлиш, пашшага фил, сиртлонга эса шер тусини бериш тенденцияси кучаймоқда. Бундай хавфли ҳолат, айниқса, баҳолаш мезонлари мураккаб бўлган ижтимоий фанларда кўзга яққол ташланаётир. Бу кетишда биз фанда арзирли бир иш қилмаганларни авлиё даражасига кўтарамиз, етук олимлар эса сояда қолади, олим ва илмнинг қадри тушиб кетади. Сув келтирган хору зор бўлиб, кўза синдирганнинг тўрга ўтиши инсофдан ҳам, адолатдан ҳам эмас, албатта.
Собиқ шўро тузуми даврида филология бўйича илмий ишлар тадқиқотчиларнинг ташаббуси билан, асосан, илмий даража олиш мақсадида олиб борилар, соҳа харажатлари аниқ ва табиий фанларга ажратилган маблағ ҳисобидан қопланар эди. Мақсадли талаб ва таклиф муносабатига эътибор қаратмайдиган “социалистик” филология фани тўла-тўкис инқирозга юз тутди. Аниқроғи, алмисоқдан қолган мақсад ва фойдасиз вазифалар асосида иш кўраётган, натижалари жонсиз ва татбиқсиз филология фани тўлиқ боқим соҳага айланиб қолди. Диссертацияларга ОАК томонидан билдирилаётган асосий ва ҳақли эътироз ҳам натижаларнинг амалиётга татбиқ этилмагани, аниқроғи, татбиқ этиб бўлмаслигидир. Демак, ё тадқиқотлардан буткул воз кечиш, ё давр талабларига мос изланишлар олиб бориш зарур.
Бозор иқтисодиёти филологиянинг аниқ мақсадли, иқтисодий фойда ҳам келтирадиган йўналишлари ривожини қаттиқ тақозо қилмоқда. Бунда, биринчидан, тегишли соҳа мутасаддилари ёрдамида филологик тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалалар аниқланиб, муаммолар банкини яратиш, уларни таснифлаш ва илмий иш бажарувчи ташкилот-корхоналарга юбориш лозим. Албатта, илмий ва ўқув-илмий муассасаларнинг кўмаги зарур. Улар фундаментал, инновацион, амалий тадқиқотларни ўз ичига оладиган хизмат тизими ва структурасини ишлаб чиқади, амалий хизматларини таклиф этади. Янги асрда фақат ҳаётий-амалий татбиққа эга ва истеъмолчиларга ижтимоий-иқтисодий самарага йўл очадиган филологиягина яшашга ҳақли!
– Меҳнат фаолиятингиз асосан олий таълим билан боғлиқ. Икки-уч йил олдин шу соҳага оид таклифлар билан чиқиб, “Ортиқча қоғозбозликдан қутулиб, рақамли бошқарув тизимини такомиллаштириш керак” деган эдингиз. Мен ҳам таълимнинг турли бўғинларида ишлаб, асосий эътибор натижага – талабанинг билимига эмас, жараёнга – ўқитувчи фаолиятини текширишга қаратилганига гувоҳ бўлганман. Таклифларингиздан кейин орадан ўтган вақт мобайнида ОТМ тизимида қандай ўзгаришлар бўлди? Қоғозбозлик, бюрократизмдан қутулишнинг назарий йўл-йўриқлари-ку кўп, лекин амал-чи?
– Сиз билан аввалги суҳбатларимизда ҳам айтганман: мен давлат олий филологик таълими мазмунидан ҳеч қониқмадим, рости, шу соҳада ишлаётганимдан хижолатда юраман. Ўқитиш эмас, кун ўтказиш бу! Таълим сифати ва жараёни хароб аҳволда. Модул-кредит тизимига тўлиқ ўта олмаяпмиз. Шунча давлат ҳужжатлари етмагандай, бу борада ҳам Президентимизнинг алоҳида оғзаки топшириқ беришини кутяпмиз шекилли.
Ҳар бир соҳа бўйича инновацион гуруҳ тузиб, хориж тажрибасини ўрганиб келиб, ўқув режа, фан дастурлари ва дарсликларни тубдан янгилашимиз керак. Бизда дарс машғулотлари ҳамон ўтган асрнинг 70–80-йиллари даражасида олиб борилади. ОТМ ўқитувчиларининг иш ҳақи оширилгани яхши бўлди, лекин қуйи бўғинда талаб кучаймади-да. Аслида, таълим борасида таклифлар танлови ўтказиб, энг илғор ғояларни оммалаштириш керак.
Бизда талаба билан якка тартибда ишлаш ҳам йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, мустақил таълим деганимиз шунга қаратилган. Мустақил таълим учун бюджетдан маблағ ажратилмайди, у педагоглар иш юкламасига ҳам кирмайди. Шу сабаб ўқитувчига мустақил таълимнинг умуман қизиғи йўқ. Бунда уни айблаб ҳам бўлмайди. Бу борада аниқ таклифларимиз бор: 80 дақиқалик маъруза психологик жиҳатдан ўзини оқламайди, ҳозирги талабанинг диққатини шунча муддат жалб қилиб бўлмайди, демак, уни 50 дақиқага тушириш керак. Семинар ва амалий машғулотлар ҳам иш бермай қўйган, эскирган. Маърузадан тежалган 30 дақиқани, семинар ва амалий машғулотларга ажратилган вақтни, ўқитувчига бериладиган устама ҳақни мустақил таълимга йўналтириш керак. Чунки илмий тадқиқотлар, даражалар, тил билиш сертификатлари учун берилаётган устама ҳар доим ҳам таълим сифатини оширишга хизмат қиляпти деб бўлмайди.
Сифат учун ўқитувчини масъул ва жавобгар қилиш – муаммо ечимининг таянч нуқтаси. Ўқитувчи иш стажи, дипломи (тил билиш даражаси ва малака сертификати) асосида эмас, талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичи асосида иш ҳақи олиши, рағбатлантирилиши, зарур ҳолларда эса жазоланиши керак. Талабанинг билими тизимли ва автоматик равишда (қўл бошқаруви асосида эмас) меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий ва маънавий рағбатларга ягона асос бўлиши лозим. Барчасининг, шунингдек, билимни баҳолашнинг мустаҳкам қонуний асослари ишлаб чиқилиши, уларнинг аниқ ишлаши ва айниқса назорати юритилиши шарт.
ОТМда яна бир катта муаммо бор: кафедралар бошқаруви. Кафедра мудири шўро давридан бери ҳам илмий, ҳам ташкилий ишларни бошқариб келади. Мазкур лавозимга етакчи олимлар тайинлов/сайлов асосида қўйилган. У замонларда кафедраларнинг иши таълим ва илмдангина иборат бўлган. Бугун мудирнинг фаолият қамрови шу қадар кенгайиб кетганки, кун бўйи кафедрада ўтириб ишласа ҳам юмушларини ниҳоясига етказа олмайди. Раҳбарият учун эса илмий фаолият, хоҳлаймизми-йўқми, иккинчи даражада. Етакчи олимни кафедрадаги ташкилий ва ҳужжатбозлик ишлари учун танқид қилиш, жазолаш раҳбариятнинг ўзига ҳам ноқулай. Агар кафедра ишларини тўла-тўкис бажараман деса, мудир илмий фаолиятни йиғиштиришига тўғри келади. Лекин кафедрадаги етакчи профессор (академик) мудир лавозимига тайинланмаса ҳам норози бўлади. Албатта, бунда у ўзича ҳақ. Чунки мудирлик олим учун “муқаддас лавозим” бўлиб келган. Ҳозирги ҳолатда ташкилий (ўқув жараёнини бошқариш, ҳужжатларни тайёрлаш, битирувчиларнинг иш билан таъминланишини назорат қилиш каби) ишлар кафедра аъзоларининг зиммасига тушади. Бу сирадаги ишлар лавозим мажбуриятига кирмагани учун кўп ҳолларда масъулиятсизларча бажарилади. Бу ўзимнинг узоқ йиллик кафедра мудири ва профессор сифатидаги тажрибамдан маълум.
Таклифим шуки, мудир лавозимини бекор қилиб, ўрнига ташкилий-бошқарув ишларига масъул кафедра менежери ҳамда илмий фаолият билан шуғулланадиган етакчи профессор лавозимини жорий қилиш керак. Менежерликка ташкилотчи бирор ходим тайинланади. Етакчи профессор эса жамоатчилик асосида фаолият юритади, у илмий салоҳиятни кўтариш, грант лойиҳаларини бошқариш, ўқув адабиётларини яратиш сингари вазифаларни бажаради. Кафедра менежери ректор томонидан тайинланади. Албатта, ўз қадрини билган ҳар қандай етакчи олим энди менежерликка интилмайди, натижада уларнинг кучи “ўтин ёриш”га сарфланмайди. Етакчи профессорлик танлов асосида амалга оширилиши ва лавозим мажбуриятлари аниқ белгиланиши мақсадга мувофиқдир. Бу ОТМларда таълимнинг ҳам, илмнинг ҳам юксалишига хизмат қилади.
– Яқинда қизиқ бир мақола ўқиб қолдим. Замонавий рус адибларидан бири дунё бўйлаб саёҳат қилибди. У узоқ вақт “Тараққиётга олиб борадиган асосий йўл – технологияларда” деб юрган экан. Лекин Мадагаскардаги турмуш даражаси бунинг аксини кўрсатибди. “Тараққиёт табиий ресурсларга боғлиқ” деган хулосасини эса олмос ва олтин конларига бой ЖАРнинг Йоҳаннесбург шаҳридаги манзара чилпарчин қилибди: нақд марказдаги ойналари синиб кетган, газ ва сув тармоғидан узилган 40 қаватли бино, асфальтсиз йўллар, бозордаги чириган мевалару Хитойнинг сифатсиз моллари, ҳожатхонага айлантирилган лифт шахталари... Хуллас, жиноятчилик авж олган бир шаҳар. “Гап таълимдадир?” деб ўйлабди. Қайдам! Фидель Кастро 1959 йилда Куба ҳукуматига келиши билан таълимга аҳамият қаратади. Орол – давлат саводхонлик борасида дунёнинг энг бой мамлакатларидан қолишмайди: 96 фоиз! Бюджетнинг 10 фоизи таълимга сарфланади. “Сиз буни Кубага келишингиз билан ҳис этасиз, деярли ҳар бир ўткинчи инглиз тилида яхшигина гаплашади, ҳар қандай мавзуда баҳслашади... Кейин меъморий жиҳатдан муҳташам, лекин деярли бутунлай вайрон бўлган биноларга эътибор берасиз. Ҳа, демак, бу ерда цивилизация бўлган! Хўш, у нега фатаротга юз тутди?” дея савол қўяди ёзувчи. Саёҳатчи адибнинг айрим баҳсли қарашларини истисно этсак, фикрлайдиган одамни ўйлатадиган гаплар. Янги Ўзбекистоннинг илғор зиёлиси ўлароқ жамият ва миллат тараққиётини нималарда деб биласиз?
– Чиндан... наҳотки тараққиётга эришишнинг аниқ формуласи бўлмаса?.. Мен оддий зиёли, Янги Ўзбекистон истиқболи қайғусида яшаётган ватандош ўлароқ жамият ва миллат тараққиётини бир неча жиҳатда кўраман. Улардан ўзим муҳим санайдиган айримларига тўхталсам.
Маънавий-ахлоқий тарбия – энг биринчи масала. Инсон олий қадрият дея улуғланади-ю, лекин унинг асл моҳияти бўлган маънавий қиёфани шакллантириш муаммоси ҳали умуминсоний миқёсда тадқиқ этилмаган. Миллий маънавият ҳақида дуруст гаплар айтиляпти, аммо шахсни маънавий такомиллаштириш бўйича декларатив ва популистик амаллардан, космополитик ёндашувлардан нарига ўтилмаяпти. Умуман олганда, дунёдаги барча иллат, жиноят, уруш ва ижтимоий-сиёсий, экологик инқирозларнинг илдизини шахс маънавиятидан қидириш, жамики муаммоларнинг ечими ана шу нуқтада мужассамлиги эътибордан четда қолди. Дунёда бу масала гўё эскирган, ўрта асрларга хос даққи тушунча дегандек тасаввур шаклланиб бўлди. Сираси, шахснинг маънавий дунёси унинг иқтисодий ва молиявий ўпқонига тушиб кетди. Янги аср кишиси бутун борлиғи билан глобал иқтисодиёт ҳамда инсоният учун ягона ҳукмдор бўлмиш бозорнинг қулига айланиб қолди. Бу – энг хатарли глобал муаммо!
Мен учун таълим ва илм-фан ҳам аҳамиятли. Боя айтганимдек, ҳар икки жабҳада амалий натижаларга эътиборни кучайтириш керак. Ижтимоий-гуманитар фанлар амалий татбиқдан кундан-кун узоқлашиб бораётганига томошабин бўлмоқ нораводир.
Учинчиси – экология ва табиатни ҳимоя қилиш. Мамлакатимиз атроф-муҳитни муҳофаза этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга фаол киришмоғи даркор. Айниқса, қишлоқ хўжалигида обиҳаётни тежаш, сувга тежамкор маҳсулотлар етиштириш, қисқа муддатда томчилатиб суғоришга тўлиқ ўтиш лозим. Томчилатиб суғоришга ўтиш асосида ҳозир истеъмол қилинаётган сув билан бутун Ўзбекистонни бўстонга айлантирсак бўлади.
Алқисса, шахс маънавияти, амалий илмлар, таълим ва экология муаммолари ечилмас экан, зоҳиран тараққиёт деганимиз ботинан таназзул бўлиб қолаверади.
Нодира ОФОҚ суҳбатлашди.
“Tafakkur” журнали, 2023 йил 4-сон.
“Зоҳиран тараққиёт, ботинан...” суҳбати
Oyina.uz'ни Телеграмда ўқинг!
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ