Хожа Аҳрор Валий айбдорми ёхуд канадалик олим нега чалкашган?


Сақлаш
22:11 / 03.01.2024 523 1

XX асрнинг иккинчи ярмида Европа, Америка ва Канада олимлари томонидан ҳам Алишер Навоийнинг адабий-илмий мероси бўйича тадқиқот олиб борилиши навоийшунослик ривожига муносиб ҳисса қўшди. Бу борада канадалик олим Мария Сабтелни хонимнинг Темурий ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро саройи адабий муҳити ва унинг сиёсий аҳамияти мавзусидаги тадқиқоти эътиборга арзигулик. Олим илмий изланишларида Ҳирот адабий муҳитининг юзага келиш омилларига алоҳида урғу бериб, бунинг асосий илдизи сифатида темурийлар тарихини синчиклаб ўрганган. Ҳар бир манбанинг қўлёзмасига, оригинал тилига мурожаат қилиши боис олимнинг таҳлил ва талқинларида Алишер Навоий даври муҳитини ҳис этиш мумкин.

 

Ҳирот маданий муҳитининг гуллаб-яшнашини Мария Сабтелни Ҳусайн мирзонинг фаолияти билан боғлайди: 1469 йилда Темур набираси Ҳусайн Бойқаронинг ҳокимият тепасига келиши ва Ҳиротда қарийб қирқ йил давом этган ҳукмронлиги Хуросоннинг бирлиги ва барқарорлигини таъминлади. Хуросоннинг асосий сиёсий маркази Ҳирот темурийларнинг Самарқанд  ва оққуюнлиларнинг Табриз каби қудратли маданий марказлари билан рақобатлашишга мажбур бўлди. Булар, ўз навбатида, темурий шаҳзодалар ва уларнинг ҳокимлари бошқарадиган Балх, Марв, Тошкент, Астробод, Ҳисор, Кобул ва бошқа кўплаб марказлар учун намуна бўлиб хизмат қилди”[1].

 

Олим Хуросон пойтахти Ҳиротнинг бошқа маданий марказларга нисбатан етакчиликни қайта қўлга олишига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Бу шаҳарда Шоҳрух мирзо, Бойсунғур мирзо, Абулқосим мирзолар даврида ҳам шоирлар, мусиқачилар қўллабувватланганини таъкидлаб, Ҳирот маданий муҳитининг моддий асосларини темурий ҳукмдорлар бошлаган анъаналарга боғлайди. Агар маданий муҳитга ҳомийлик қилиш борасида аввалги темурий ҳукмдорларнинг мустаҳкам асоси бўлмаганида Ҳусайн Бойқарода бундай имкон бўлмас эди деган фикрни илгари суради. Ҳусайн мирзонинг замонасида бу анъана энг юксак чўққисига етгани ва бошқа маданий марказларга эталон вазифасини бажарганини эътироф этади.

 

Олим Ҳусайн мирзо ҳомийлиги ва раҳнамолигида бунёд бўлган Ҳирот маданий ва адабий муҳитининг жозибадор томонларини эътироф этиш билан бирга унинг рақобатчилик руҳини ҳам тарихий фактлар орқали текширмоқчи бўлади: Самарқанд ҳамон муҳим сиёсий марказ бўлса-да, XV асрнинг иккинчи ярмига келиб Улуғбек давридаги маданий обрў-эътиборини йўқотди. Шаҳар ўша пайтда нақшбандий шайх Хожа Аҳрор Валий таъсирида бўлган Абусаиднинг ўғилларидан бири Султон Аҳмад мирзо томонидан бошқариларди. Ўз навбатида Хожа Аҳрор Валийнинг илм-фан ва маданиятга салбий муносабати шаҳарни маданий жиҳатдан жозибали қилмади. Қолаверса, Султон Аҳмад мирзонинг ўзи ҳам, Бобурнинг фикрича, ҳеч нарса ўқимаган, содда фикрли турк эди. Бу омиллар Самарқандни Ҳиротдан пастроқ қилиб қўйишига ва жиддий рақиб сифатида йўқ бўлишига ёрдам берди”.

 

Олимнинг Хожа Аҳрор Валий хусусидаги фикри таажжубланарли ва нуқсонлидир. Тадқиқотнинг мазкур фикрлар келтирилган манбаларига диққат қилсак, бу ерда Алишер Навоийнинг Мажолис ун-нафоис ва Бобурнинг “Бобурнома” асарлари кўрсатилган. Бу манбалар Султон Аҳмад мирзонинг илмсизлиги ва Самарқанд маданий муҳитининг танқиди билан боғлиқ.  Лекин олим айнан Хожа Аҳрор Валийнинг “илм-фан ва маданиятга салбий муносабати”ни қайси манбага таянган ҳолда билдирмоқчи бўлгани мавҳум. Асос ва манба келтирмаган.

 

“Бобурнома”да  Султон Аҳмад мирзонинг содда ва илмга бефарқлиги ҳақидаги маълумотни аслида Бобурнинг нозик дидидан келиб чиқиб таҳлил қилиш керак: “...ҳеч нимарса ўқуғон эмас эди, оми эди, турк ва содда эди. Табъдин баҳраси йўқ эди[2]. Бу таъриф Султон Аҳмад мирзонинг мутлақо саводсизлигини англатмайди. Мирзо Бобур яшаган даврларда темурийлар эришган мислсиз муваффақиятларда оқил ва кўп ўқийдиган ҳукмдорларнинг улуши катта бўлган. Шу боис Бобур амакиси Аҳмад мирзонинг шаҳар марказида, турли илмлар ўчоғида улғая туриб, биронта илмда камолот ҳосил қилмагани ва бадиият оламидан йироқлигини омилик дея баҳолаган бўлиши мумкин.

 

Мария Сабтелни Бобурномани синчиклаб мутолаа қилганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Олим Бобурнома”нинг бир неча ўрнида Хожа Аҳрор Валий темурийларнинг феодалистик урушларини тўхтатишга эришиб, сулҳ туздиргани, умрининг қалтис лаҳзаларида Бобурни бир неча бор руҳан қўллагани ҳақидаги маълумотларни ўқимаганига ишониш қийин. Шунингдек, Мария Сабтелни Бобурнинг маърифий ҳукмдор бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутган Андижон муҳитига Хожа Аҳрор Валийнинг таъсири ва унга исм танлаб бергани ҳақидаги маълумотларни ҳам “Тарихи Рашидий”дан ўқиган бўлиши керак. Чунки тадқиқотнинг кўп ўринларида мазкур асар маълумотларидан ҳам фойдаланган. Асарнинг салмоқли қисми эса нақшбандий тариқати вакилларига ажратилган бўлиб, улар орасида Хожа Аҳрор Валий марказий феномен даражасига кўтарилган.

 

Қолаверса, Хожа Аҳрорнинг том маънодаги пок сийратини гавдалантирувчи тасаввуфий асарлардан (Муҳаммад  Қозининг Силсилат ул-орифин, Али Сафийнинг Рашаҳот) ҳам Мария Сабтелни хабардор бўлган. Бу манбаларнинг барчасида Хожа Аҳрор Валий тасаввуф аҳлига чин маънода устоз ва пир бўлганига ишончли далиллар кўп.

 

Шундай экан, олимнинг Хожа Аҳрор Валий Самарқанд маданий муҳитига салбий таъсир кўрсатган дея хулоса чиқаришига қандай сабаб бўлиши мумкин?

 

Академик Ботирхон Валихўжаевнинг Буюк маънавий муршид рисоласида келтирилишича, бундай уйдирма ва туҳмат маълумотларнинг аксарияти Хожа Аҳрор Валий тириклигидаёқ тарқала бошлаган. Нохолис маълумотлар унинг мулки ва обрўсини кўролмаган душманлари томонидан тарқатилган. Али Сафийнинг “Рашаҳот айн ул-ҳаёт асарида ҳам Хожа Аҳрор Валий Самарқандда яшаб юрган кезлари баъзи бир дин пешволарининг таъқибига учрагани тилга олинади. Мазкур асарда ёзилишича, Хожа Мавлоно деган кимса Хожа Аҳрор Валийнинг кундан-кунга ошиб бораётган обрўсидан ташвишга тушиб, атрофдаги бекларни унинг уйига бормасликка, уни яккалаб қўйишга, мулкини мусодора қилишга даъват этади.

 

Ҳукмдор темурий Султон Аҳмад мирзонинг эса Хожа Аҳрор Валийга ихлоси баланд бўлиб, суҳбатини олиш учун аъёнлари билан пирининг ҳузурига тез-тез келиб турар эди. Бундай иззат-эътиборни кўра олмаган, қолаверса, Хожа Аҳрор Валий оғир хасталик туфайли Самарқанд мадрасасида ўқишни тугатмаганини билган Хожа Мавлоно унинг ортидан “қишлоқи шайх” деб масхара қилиб юради. Бир куни Хожа Мавлоно муридлари билан суҳбатда Хожа Аҳрор Валийни “бу жуал (ахлат қўнғизи), унинг иши мол-мулк тўплашдан бошқа нарса эмас” деб ҳақоратлайди. Бу гап Хожа Аҳрорнинг қулоғига етиб боргач, шундай дейди: “Оқибатда жуалдай ўлгай!”.

 

Орадан кўп ўтмай Хожа Мавлоно хасталикка чалиниб, эс-ҳуши паришон бўлиб қолади ва ўз ахлатининг устига ўтириб, уни титкилаб, ҳидлаб ҳузурланадиган ҳолатга тушади. Умрининг охирги куни Хожа Мавлоно ҳушига қайтади ва ҳузурига келган Мавлоно Муҳаммад Муаммоийга “Агар муҳтарам Хожа Убайдуллоҳнинг зиёратига борсангиз, бизнинг гуноҳларимизни айтиб, узримизни ҳам етказсангиз, нима қилган бўлсак нафс-иззатталашлик, обрў орттириш учун қилган эдик. Ҳаммасидан воз кечдик. Карам қилсинлар-да, гуноҳларимизни бағишласинлар деб тавба қилади. Хожа Мавлононинг узрини эшитган Хожа Аҳрор унинг гуноҳидан кечади[3].

 

Ҳиротда маданий давраларнинг тараққий этиши ҳукмдор Ҳусайн мирзонинг санъаткорларга хайрихоҳлиги ва истеъдодли шоир бўлиш омилига ҳам бориб тақалади. Самарқандда бу пайтда узоқ йиллар ҳукмронлик қилган Султон Аҳмад мирзо, Бобур таъбири билан айтганда, “оми эди”. Бундан ташқари, Султон Аҳмад мирзо, Султон Маҳмудхон ва Султон Умаршайх мирзолар ўртасида бўлиб ўтадиган урушлар, ҳудуд талашишларнинг барчаси адабий-маданий муҳитнинг вақтинчалик ортда қолишига сабаб бўларди.

 

Наздимизда, Мария Сабтелнининг монографик тадқиқотида Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги уйдирма ўзани рус шарқшунослигига бориб тақалади. Олим фойдаланган манбалар қаторида рус тарихчиси Василий Бартолднинг бир қатор асарлари бўлиб, у айнан Хожа Аҳрор Валий билан боғлиқ иқтибосларни ўз хулосаларида келтирмаган бўлса-да, лекин танишганлик жиҳатдан бу фикрлар таъсирига тушган бўлиши мумкин.

 

Василий Бартолд ўз даврида қадимий қўлёзма манбаларни аслиятда ўқиб, таҳлил қиладиган тарихчи бўлган. Шунга қарамай унинг Улуғбек мирзо давридан кейинги маданий таназзулни тўлиқ Хожа Аҳрор номи билан боғлашга уриниши тарихий фактларни чалкаштириб юборади. Хожа Аҳрор Валий даври билан боғлиқ бошқа муаррихларнинг қарашлари билан танишган ҳолда яна бу муршидга совуқ айбловни қўйишда давом этаверади.  Масалан, “Улуғбек ва унинг даври” асарида бирма-бир келтирилган иқтибосларни матнда бериб ўтади-ю, лекин қарши фикр билдиришда давом этаверади. Абусаид мирзонинг баъзи ҳаракатларини яна Хожа Аҳрор Валий  фаолияти билан боғламоқчи бўлади: Улуғбекнинг қирқ йиллик ҳукмронлиги ҳам Абу Саид томонидан Тошкентдан чақирилган нақшбандия тариқати вакили Хожа Аҳрор Валийнинг ҳукмронлиги билан алмаштирилди. Шариат ва сўфийлик тариқатининг типик вакили Хожа Аҳрор Валий туркистонлик эшонлардан эди ва унга китоб илми бегона эди деган сохта хулосани ўқувчига сингдирмоқчи бўлади.

 

Афсуски, Василий Бартолднинг қарашлари ўзбек совет тузуми зиёлилари учун асосий мезон бўлиб қолган эди. Бу ёлғон хулосалар истеъдодли жадид, биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитрат мақолаларига ҳам соя солган: Улуғбек ўзи ҳам мусиқий олимлардан саналған... Улуғбек замонида машҳур Хожа Аҳрор Валийнинг ҳимояси остида Самаркентда (диний тескаричилик (акс ул-ҳаракат) пайдо бўла бошлайдир. Шунинг таъсири билан Улуғбекнинг ўлкасида бузғунчиликлар юз  кўрсатар-да, Улуғбекнинг ўлими билан натижаланар[4].

 

Севимли адибларимиз Мақсуд Шайхзоданинг Мирзо Улуғбек фожиавий драмасида, Одил Ёқубовнинг Улуғбек хазинаси романида ҳам ана шу асоссиз айблов, таассуфки, давом этган.

 

Хожа Аҳрор Валий билан боғлиқ нотўғри қарашларни ўрганган ҳолда рус шарқшуноси Василий Бартолднинг нафақат ўзбекистонлик, балки хорижий олимларнинг изланишларига ҳам салбий таъсир ўтказганига гувоҳ бўлдик. Бу муаммо, шубҳасиз, олимларимизни янги изланишларга ундамоқда. Мавзу юзасидан сўнгги тадқиқотларнинг янги натижаларини халқаро нашрларда хорижий тилларда эълон қилиш ҳар биримизнинг олдимизда турган катта вазифа ва бурчимиз ҳисобланади. Албатта, канадалик олим Мария Сабтелнининг мазкур тадқиқотида юқоридаги айтиб ўтганимиз каби жиддий чалкашликлар бор. Лекин бу тадқиқот Ҳирот адабий муҳити тараққиётининг бошқа жиҳатларини ўрганиш борасида хориждаги  арзирли изланишлардан саналади.

 

Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА,

ЎзФА Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.

 



[1]  The poetic circle at the court of the Timurid Sultan Husain Baiqara and its political significance. Harward . 1979.

 [2] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Бобурнома”. Шарқ НМАК. – Т.:2002.44-б.

[3] Valixo‘jayev B. “Buyuk ma’naviy murshid”.  T.: “Fan”, 2004. – 4.

[4] Фитрат А. Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи. Самарқанд. 1926.  – 55-б.

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

1 Изоҳ

Ali

23:01 / 05.01.2024

Shamol bo`lmasa, daraxtning uchi qimirlamaydi.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10546
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//