1917 йилда ҳокимиятни эгаллаган большевиклар хусусий мулкчиликни йўқотишга, хўжалик ҳаётининг барча соҳаларида социалистик давлат мулкчилигини ўрнатишга қарор қилдилар. Биринчи жаҳон уруши ҳамда октябрь инқилобидан кейин бошланган фуқаролар уруши мамлакатда катта инқирозни келтириб чиқарди. Ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг бутунлай издан чиқиши натижасида улкан шўролар мамлакатининг аксарият ҳудудларида очарчилик бошланди. Шу мамлакатнинг бир ўлкаси сифатида Туркистон ҳам бу фалокатдан четда қолмади.
Айниқса, Туркистондан Россиянинг марказий губернияларига хомашё захираларининг ташиб кетилиши ўлкадаги иқтисодий инқирозни янада чуқурлаштириб юборди. Бу ҳолат Туркистон Иқтисодий Кенгаши (ТЭС) ҳисоботларида кўзга равшан ташланади: "Барча пахта, жун, тери, мўйна маҳсулотлари Марказга жўнатилди. Бунинг устига Туркистоннинг моддий захирасидан ҳарбий соҳа эҳтиёжлари таъминланишини ҳам ҳисобга олсак, ўлкадаги барча етишмовчилик яққол кўринади ва Туркистонда маҳсулот танқислиги вужудга келиши тушунарли бўлади”.
Бошқа тармоқлар каби қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам оғир аҳволда эди. 1917 йилда Туркистонда барча экин майдонларининг миқдори 2,8 миллион десятина бўлган бўлса, 1923 йилда бу кўрсаткич 1,6 миллион десятинага тушиб қолди. Республикадаги экин майдонлари 1,2 миллион десятинага қисқарди. Туркистон АССР раҳбарларидан бири И.Хидиралиевнинг ёзишича, 1917 йилдан Фарғона водийсида қишлоқ хўжалик соҳаси инқирозга учрай бошлади. Хусусан, суғориладиган экин майдонлари миқдори кескин камайиб кетди. Бу кўрсаткич водийда 1915 йили 994 000 десятина бўлган бўлса, 1917 йилда 596 381 десятинага тушиб қолди. 1918 йилдан бошлаб инқироз ҳалокатли тус олди. Тўлиқ бўлмаган маълумотларга қараганда, ўша йили атиги 70 000 десятина ерга пахта экилган эди.
Туркистон ўлка Мусулмонлар бюросининг раиси Турор Рисқулов Туркистон Компартияси III ўлка съездида 1919 йил 6 июнда қилган маърузасида шундай деган эди: “Фарғонада совет ҳокимияти йўқ, у фақат рус аҳолиси бор шаҳарлардагина мавжуд. Мусулмон қишлоқларида эса совет ҳокимияти мавжуд эмас, у ерларда Николай давридаги тартиблар ҳукм сурмоқда, пристав ва волость бошқарувчиларининг ўрнига комиссар ва қароқчилар тўдаси келишган”.
Т.Рисқулов ўз маърузасида “партия раҳбарлиги” ниқоби остида иш олиб борган коммунистларнинг маънавий қиёфаси қанчалар тубан эканлигини очиб ташлайди. Мусулмонлар ҳеч қандай гуноҳсиз отиб ташланаётганлигини, советларнинг ўзи уларни “миллатчи” ва “қароқчи” қилаётганини кўрсатади. Туркистонда совет ҳокимияти ўрнатилганидан сўнг қисқа вақт ичида большевиклар ҳукмронлиги қандай оғир оқибатларга олиб келгани коммунист Т.Рисқулов томонидан ана шундай тасвирланади. Туркистондаги маҳаллий аҳоли “большевик – коммунист қизиллар” ҳукмронлиги – совет ҳокимиятига қарши бош кўтарган истиқлолчиларнинг қўллаб-қувватлаганлигининг энг асосий сабабларидан бири ҳам шунда эди.
Туркистон Компартияси III ўлка съездида “Фарғона масаласи" тўғрисида махсус тузилган комиссия ҳисоботи тингланаётган пайтда бир мусулмон коммунистининг хати ўқиб берилади. Т.Рисқулов қаламига мансуб “Инқилоб ва Туркистоннинг туб аҳолиси" номли китобда ушбу мактубнинг тўла матни келтирилган. Туркистонда совет ҳокимияти томонидан ўтказилаётган шовинистик сиёсат ва қизил армиянинг босқинчиликлари мактубда қуйидагича фош қилиб ташланган: “Биз шўрлик мусулмонларни қонхўр Николай замонида қандай ҳайвон ўрнида кўришган бўлса, йўқсиллар ҳукумати даврида ҳам шундай... Ҳозир ҳам зулматда яшамоқдамиз, оч, яланғоч, итга ўхшаб хор бўлиб ўлиб кетяпмиз. Бунинг учун ким айбдор? Масалан, бир камбағалнинг битта оти ва араваси бўлган, у извошчилик қилиб оиласини боқиб турган, уникига бир қизил аскар кириб келади, оилани боқиб турган ягона отни текинга олиб кетади, энди оила нима ҳисобига кун кечиради, буни сўраб ҳам ўтирмайди. Наҳотки, бу фирқа дастурида кўрсатилган бўлса... Улар фақат ўз русларини ажратиб ҳимоялари остига олдилар, яхши едирдилар, яхши кийдирдилар, бошқаларнинг ипак газламалари ва қимматбаҳо буюмлари билан уйларини безадилар. Биз мусулмонларга нима беришди? Қорнимизни тўйғазишдими? Йўқ. Кийинтиришдими? Йўқ. Агар кийинтиришганда камбағаллар ялангоёқ юришармиди, агар қорнимизни тўйғазишганда минглаб, ўн минглаб одам очликдан ўлармиди. Бизнинг уйларда нималар қолди? Фақат жулдур тўшаклар қолди, холос, бошқа ҳеч нарса...”.
Бу пайтга келиб озиқ-овқат муаммоси Туркистон АССРдаги энг ўткир муаммолардан бирига айланган эди. Большевиклар маҳаллий аҳоли қўлидаги ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тортиб олиш учун қатъий чораларни белгилади. 1918 йил январда Туркистон Халқ комиссарлари совети ҳузурида озиқ-овқат бўлими очилиб, унга катта ҳуқуқлар берилди. Маълумки, 1918 йил 9 майда РСФСРда озиқ-овқат диктатураси жорий қилинган эди. Бу масала марказнинг ўзида ҳам қаттиққўллик билан амалга оширилди. Туркистонда эса 1918 йил 15 июнда уч кишидан иборат ўлка озиқ-овқат директорияси ташкил қилинди.
Директория ўз фаолияти давомида катта хатоларга йўл қўйди. Очликнинг ёвуз чангали кекирдакдан ушлаб турган пайтда фақат рус аҳолиси озиқ-овқат билан таъминланди. Г.Сафаровнинг “Мустамлакачилик инқилоби (Туркистон тажрибаси)” (“Колониальная революция (опыт Туркестана”) асарида ёзилишича, “Ҳокимиятдан четлаштирилган мусулмон аҳолиси нондан ҳам маҳрум қилинди. Натижада очарчиликдан қутула олмаётган мусулмон аҳолиси қирила бошлади. Русларнинг янги шаҳри ва унда кун кўраётган совет ҳокимияти билан маҳаллий аҳоли ўртасида ўтиб бўлмас девор пайдо бўлди”.
Совет ҳокимияти ва большевиклар томонидан қабул қилинган “Ғалла монополияси тўғрисида”, “Синфий нон паёги тўғрисида”, “Туркистон Республикасида озиқ-овқат сиёсатини амалга ошириш юзасидан озиқ-овқат комиссарига фавқулодда ваколатлар бериш тўғрисида” деган декретлар билан 1919 йил 4 июнда Туркистонда озиқ-овқат диктатураси жорий этилди.
Туркистон АССР Марказий ижроия комитетининг ўша куни бўлиб ўтган мажлисида айрим маҳаллий коммунистлар ғалла монополияси сиёсати амалга оширилса, у республикада қайғули фожиаларга сабаб бўлади, деб олдиндан огоҳлантиришди. Масалан, Туркистон ўлка мусулмонлар бюроси раиси Т.Рисқулов бу сиёсат бизга тўғри келмайди деб қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Ғалла монополияси сиёсатини Туркистонда амалга ошириб бўлмайди... Ғаллани аҳолидан эркин нархда сотиб олишимиз керак. Меъёридан ортиқ ғаллани топширишни деҳқонлардан талаб қилмаслигимиз лозим”.
Туркистон АССР Темир йўллар халқ комиссарининг ушбу мажлисда айтган қуйидаги сўзлари ҳам диққатга сазовордир: “Ғалла монополияси сиёсати юритилар экан, қурол кучидан фойдаланмаслигимиз керак. Ўлкада 7,5 миллион киши яшайди, уларнинг ҳар бирига йилига ўртача ҳисобда 10 пуд ғалла ҳисоблаганда ҳам 75 миллион пуд ғалла керак. Амалда 35 миллион пуд ғалла йиғилди. Озиқ-овқат директорияси ушбу дондан 15 миллион пуд ғаллани шаҳардаги ишчиларга беришни мўлжаллаган. Бунинг натижасида 5 миллион мусулмон аҳоли очарчилик гирдобида қолди”.
Ғалла монополияси ҳеч қандай тайёргарликсиз жорий қилинди ва шафқатсиз равишда амалга оширилди. Туркистондаги тартибсиз реквизициядан энг кўп азият чеккан мусулмон аҳолиси ғалла монополиясини, ўша даврдаги совет амалдорларидан бири киноя қилиб ёзганидек, худо томонидан юборилган жазодек қабул қилди.
Деҳқонларнинг охирги қадоқ ғалласи озиқ-овқат тўпловчи отрядлар томонидан тортиб олинди, ҳатто шу отрядларда хизмат қилган айрим маҳаллий коммунистлар ҳам ўз ишларининг нақадар жирканч эканини тушуниб, уни бажаришдан бош тортдилар. Ана шундай кишилардан бири самарқандлик Қоразокир Ҳамидов Туркистон АССР советларининг фавқулодда VII съездида нутқ сўзлаб, қуйидагича кескин фикр билдирган эди: “Мен ғалла монополиясига бутунлай қаршиман. Қишлоқларда аҳвол жудаям оғир. Қишлоқларда одамлар очликдан қирилиб кетди. Аввало, у ерда эркинлик йўқ”.
“Синфий нон паёги тўғрисида”ги декретга мувофиқ Туркистонда карточка тизими жорий қилинди. Барча аҳоли уч тоифага ажратилди: I тоифа ишчилар, қизил аскарлар ва масъул ходимлар кунига 1 фунт (1 фунт – 409,5 грамм), II тоифа хизматчилар, қора ишларни бажарувчи ишчилар ярим қадоқ (205 грамм), III тоифа ишчилар ва буржуазия чорак қадоқ (102 грамм) нон олишлари мумкин эди.
Маҳаллий аҳоли ҳатто ўзининг арзимас улуши бўлган 100–200 грамм нонни олишдан ҳам кўпинча маҳрум эди. Бу декрет, энг аввало, рус аҳолисидан иборат ишчилар синфини таъминлашни кўзда тутар эди. Масалан, Наманган уезди озиқ-овқат бўлимида аҳоли таъминоти учун паёк тарқатилганда уезднинг маҳаллий аҳолисига ундан бирорта ҳам улуш ажратилмади.
Озиқ-овқат тақсимлашда қўлланилаётган миллий тенгсизлик сиёсати Туркистон АССР советларининг VIII съездида (1919 йил сентябрь-октябрь) маҳаллий делегатлар томонидан қаттиқ танқид қилинди. Андижондан келган делегатнинг айтишича, "Озиқ-овқат бўлимига тушаётган барча маҳсулотлар европалик аҳолига тарқатилмоқда. Маҳаллий аҳоли ҳеч нарсадан фойдаланмаяпти”.
Съезднинг иқтисодий секциясидаги маҳаллий делегатлар Туркистон АССР озиқ-овқат халқ комиссари В.С.Ляпин билан бўлиб ўтган мулоқотларида тақсимот борасида совет ҳокимияти юритаётган сиёсатнинг асл моҳиятини очиб ташладилар.
Туркистонда 1917 йил қишида бошланган очарчилик большевикча режимнинг қаттол сиёсати натижасида тобора кучайиб борар эди. 1918 йил 20 ноябрда Туркистон АССРда очарчиликка қарши кураш марказий комиссияси тузилди. Комиссия раиси Т.Рисқулов ўз таржимаи ҳолида ёзганидек, “... ҳақиқатан ҳам кўчалар, ариқлар бўйида ва қишлоқларда ўлаётган миллионлаб йўқсиллар ва болаларни қутқариш керак эди, ўша вақтдаги ҳокимият бунга панжа орасидан қарар эди (масалан, 1 миллион оч киши учун ҳаммаси бўлиб 5 миллион рубль пул ажратилди)...”
Маълумки, Фарғона вилоятида очарчилик 1917-1918 йил қишидан бошланган эди. Бу очарчилик, хусусан, 1921–1923 йилларда авжига чиқди. Очлик натижасида энг кўп болалар қирилиб кетди. Бу даврда водийдаги шаҳарлар ва эски шаҳар қисмлари оч одамлар билан тўлиб кетган эди. Улар масжидлар ва қабристонлар ҳамда кўча-кўйларда юрарди. Қишлоқлар ва шаҳар кўчалари ҳар куни очликдан ўлган ўнлаб ва юзлаб одамларнинг мурдаларига тўлиб кетган бўлиб, бу ҳолат даҳшатли манзара ҳосил қилган. Масалан, 1922 йилда Фарғона вилояти очлик оқибатларини тугатиш комиссиясига бир қишлоқ вакилининг хабар беришича, у станцияга етиб келгунча 30 чақирим йўл устида ҳали танаси совиб улгурмаган 17 нафар жасадни одеял, ёстиқ ва кетмонларни чангаллаганча ўлиб ётган ҳолида кўрган. Бу шўрликлар рўзғорларидаги сўнгги буюмларини олиб, нонга айирбошлаш учун бозорга отланганлар ва йўлда очликдан қазо қилганлар.
Фарғона вилояти советларининг XIII съездида вилоят инқилобий қўмитаси раиси водийдаги очарчилик тўғрисида тўхталиб шундай деган эди: “1917-1918 йилдаги очарчилик Фарғона вилояти хўжалигининг вайрон бўлишида кучли таъсир кўрсатди... Фақат Қўқон ва Марғилон уездида очарчилик оқибатида 1917–1923 йилларда ярим миллион одам ўлди”. Архив ҳужжатларининг далолат беришича, “Фарғона вилоятида 1917–1923 йилларда очарчилик оқибатида бир миллион ва ҳатто ундан ортиқ киши ҳалок бўлди”.
Туркистон АССРдаги даҳшатли очарчилик бошқа вилоятларга ҳам кенг тарқалди. Масалан, Самарқанд вилояти Жиззах уездининг 70 фоиз аҳолиси очликдан қирилиб кетди. Бошқа уездларда ҳам аҳвол шундай эди. Самарқанд уездининг ўзида эса 70 минг одам очарчиликдан ўлиб кетди.
Т.Рисқулов Туркистон АССР советларининг фавқулодда VII съездида (1919 йил март) бутун бир миллат йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги ҳақида гапирганда унинг сўзларида кучли дард бор эди. Очарчилик шу даражада кучайган эдики, ўлка тарихида илгари деярли учрамаган одам гўштини ейиш каби ҳодисалар юз берди. “Туркистон халқ хўжалиги” журналида ёзилишича, Т.Рисқулов бу ҳақда маърузасида куйиниб сўзлайди. У очарчилик республика аҳолисининг ярмини, яъни тахминан 2,5 миллион кишини ўз домига тортганлигини таъкидлайди. Бу ҳақда Туркистон АССР озиқ-овқат халқ комиссари, большевик В.Ляпин “Марказий Россиядаги очарчиликлар Туркистондаги даҳшатлар олдида ҳеч нарса эмас”, деб ёзган эди.
Туркистондаги совет ҳокимияти оч қолганларга ёрдам учун турли комиссия ва комитетлар ташкил этди, съезд, қурултой ва бошқа йиғилишларда бу масалани кўп марта кўриб чиқиб, қарорлар қабул қилди. Бироқ бу ҳаракатлар кутилган натижани бермади. Турли шаҳарларда арзон ва бепул ошхоналар очилди. “Республика овқатланиш пунктлари томонидан 1918 йилда 3 миллион, 1919 йилнинг беш ойида эса 25 миллион марта оч кишилар тушлик овқат билан таъминланди”. Бироқ бу рақам бир қарашда кўпга ўхшаб кўринса-да, аслида, ҳар бир оч қолган кишига ўрта ҳисобда ҳафтасига 1,5 марта тушлик тўғри келар эди. Умумий очарчилик шароитида бу овқатланиш жойларида чайқовчилик кучайганини ҳам унутмаслик керак. Даҳшатли очарчилик ва оғир иқтисодий инқирозни бошидан кечираётган Туркистон ўлкасидан марказга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб чиқиб кетиш тобора кучайди. Архив ҳужжатларининг далолат беришича, 1920 йилда ташиб кетилаётган нон маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат турларининг миқдори 4,5 мартага кўпайган. Масалан, Туркистондан Россияга 1920 йилда 18038 тонна озиқ-овқат ва 4219 тонна ғалла олиб чиқиб кетилганлиги Ўрта Осиё ва Тошкент темир йўллари идорасининг расмий ҳужжатларида келтирилади.
Марказга жўнатилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғининг миқдори ой сайин кўпайиб борарди. Бошқа бир ҳужжатда ёзилишича, “1921-1922 йилларда Туркистондан Россияга 4400000 пуд ғалла жўнатилган. Ўша пайтда дон етиштиришга ихтисослашмаган Туркистон қишлоқ хўжалиги учун бу катта миқдордаги ҳосил ҳисобланарди. Чунки Туркистон ўлкаси Россия империяси томонидан босиб олингач, ўлкадаги буғдойзорлар ҳисобидан пахта экиладиган майдонлар кенгайтирилиб, ғалла Россиянинг марказий губернияларидан бу ерга ташиб келинарди. Маълумки, Туркистонда большевиклар ҳокимият тепасига келгач, Россиядаги фуқаролар уруши натижасида ўлкага ғалла келтириш деярли тўхтаб қолган эди.
Халқ очликдан қирилаётган бир маҳалда Туркистондаги айрим озиқ-овқат захираларидан большевиклар фронтда ҳарбий мақсадлар учун фойдаланди. Масалан, 1919 йилнинг биринчи ярмида фақат Закаспий фронтида 198 цистерна ўсимлик ёғи ва 305 цистерна нефть ёқилғи сифатида ишлатилди. Туркистон темир йўлларидаги паровозларда 53 цистерна ўсимлик ёғи ва 223 цистерна нефть ёқилди. Айрим завод ва корхоналарда 118 цистерна ўсимлик ёғи ва 156 цистерна нефть ҳам ёқиб юборилди. Бу даврда аҳоли эҳтиёжлари учун эса атиги 63 цистерна ўсимлик ёғи ажратилди.
Халқ хўжалиги марказий кенгашининг нашри бўлган “Туркистон халқ хўжалиги” журналида ўсимлик ёғининг ишлатилиши тўғрисида қуйидаги маълумотлар келтирилади: “Ишлаб чиқарилаётган ўсимлик ёғининг деярли ҳаммаси ва захирадаги ёғ темир йўлларда суюқ ёқилғи сифатида ишлатилмоқда. Ҳозирги пайтгача (1919 йил сентябрь) бозор нархи 2000000000 рубль бўлган 500000 пуд ўсимлик ёғи ёқилди. Ёғнинг ёқилиши кўпайиб бормоқда, уни ишлаб чиқариш миқдори эса аввалгидек (бир кунда 3800 пуд). Агар кескин чоралар кўрилмаса, биз аҳолини ягона ёғ маҳсулотидан маҳрум қиламиз...”.
Ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ҳажми кўпаймаган бўлса-да, ундан ёқилғи сифатида фойдаланиш кескин даражада ошиб кетди. Мазкур журналнинг ёзишича, 1920 йил февраль ойига келиб 600000 пуд ўсимлик ёғи паровозларда ёқилғи сифатида ишлатилган. Кўмир ва ўтин йўқлигидан бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам (Туркистонда очарчиликдан юз минглаб одамлар қирилаётган бир пайтда!) ёқилғи сифатида ишлатилар эди. Орол денгизи участкасида паровозлар қуритилган балиқ ёқиб юргизилган. Шунингдек, паровозларга кунжара ёқишга уриниб кўрилган. Энг даҳшатли ҳодиса шундан иборатки, ҳамма нарсани қурбон қилиш эвазига етиштирилган пахта ёқилғи сифатида ишлатилган.
1920 йил бошларига келганда ғалла монополияси сиёсати бир қадар юмшатилди. Озиқ-овқат развёрсткаси (тақсимоти) кўринишидаги монополияни фақат кўчириб келтирилган крестьянлар яшайдиган районларда ўтказишга қарор қилинди, мусулмонлар яшайдиган жойларда натура солиғи жорий этилди. Бироқ озиқ-овқат тайёрлашдаги ушбу табақалаштирилган ёндашув узоқ сақланиб қолмади. Туркистон комиссияси аъзолари В.В.Куйбишев ва Ф.И.Голошчекиннинг тазйиқи билан 1920 йил августда бутун Туркистон АССР ҳудудида озиқ-овқат тақсимотини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Озиқ-овқат развёрсткаси аҳолини очиқдан-очиқ талашга айланиб, ижтимоий кескинликни кучайтириб юборди. 1920 йилнинг охирида фақат ишчилардан 42 та озиқ-овқат тўпловчи отрядлар тузилди, бу отрядларда 3000 киши бор эди.
Туркистон АССРдаги озиқ-овқат тўпловчи отрядлар фақат 1920-1921 хўжалик йилида маҳаллий аҳоли қўлидан 9708703 пуд ғалла, 6358144 пуд ем-хашак, 1 606210 пуд гўшт ва бошқа маҳсулотларни тортиб олди. Тортиб олинган озиқ-овқат маҳсулотлари Россияга жўнатилар эди. 1921 йил 18 июлда бўлган озиқ-овқат халқ комиссарлиги ҳайъати мажлисида Малютин маъруза қилиб, “ўн кунлик муддат ичида 250 000 пуд озиқ-овқат марказга юборилсин деган Лениннинг жанговар буйруғини ўқиб эшиттирди”.
Лениннинг буйруғи келмасдан бир неча кун олдин Туркистон ХКС Оренбургга 20 вагон ғалла, 2 вагон гуруч, қуруқ мевалар (шунингдек, Самарқанд ва Полторацк гарнизонлари учун 16 вагон) ва Орол денгизи балиғидан бир неча вагон юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. “Ўлганнинг устига тепган” қилиб, бу топшириқлар Лениннинг жанговар буйруғи билан янада кучайтирилди.
Шундай қилиб, Туркистонда ғалла монополияси ва озиқ-овқат развёрсткаси (тақсимоти) натижасида маҳаллий аҳоли қўлидан: а) 1918-1919 йилларда зўрлик ва товар айирбошлаш (аслида деҳқонга ҳеч нарса берилмаган эди) йўли билан 4500000 пуд; б) 1919-1920 йилларда товар монополияси ва товар айирбошлаш йўли билан 5250000 пуд; в) 1920-1921 йилларда озиқ-овқат развёрсткаси воситасида белгиланган 22500000 пуд ўрнига 9700000 пуд; г) 1921-1922 йилларда озиқ-овқат солиғи ҳисобланган 12500000 пуд ўрнига 4000000 пуд ғалла тортиб олинди.
Озиқ-овқат тўпловчи отрядларнинг ҳаддан ташқари ўзбошимчалиги ҳатто большевикларнинг ўзини ҳам ташвишга солиб қўйди. Туркистон ишчи-деҳқон халқ инспекцияси озиқ-овқат халқ комиссарлиги ихтиёридаги бу отрядларнинг 1920 йил сентябрь – 1921 йил августдаги бир йиллик фаолиятини текширар экан, йўл қўйилган жиддий хатоларни кўрсатди. Текшириш натижалари махсус ёзилган ҳисоботда ўз аксини қуйидагича топди: “Озиқ-овқат комиссарлиги Туркистонда ғалла тайёрлаш ва тақсимотни ўз ичига олган озиқ-овқат сиёсатини амалга ошириши керак эди. Лекин таъминот суст олиб борилди. Белгиланган топшириқлар қоғозда қолиб кетди. Карточка системаси амалга ошмади. Озиқ-овқат комиссарлиги республикада ўз соҳасини бирмунча вақт бошқара олмай қолди. Комиссарлик томонидан раҳбарлик йўқлиги ва инструкциялар тўлиқ ишлаб чиқилмаганлиги учун озиқ-овқат тўпловчи отрядлар нотўғри ва ёмон ишладилар. Улар нафақат ишни барбод қилдилар, балки мустамлакачилик сиёсатининг энг хунук кўринишларини намоён қилиш билан совет ҳокимиятини обрўсизлантирдилар. Комиссарликда ғалла тайёрлаш борасида жинояткорона кайфиятдаги хўжасизлик ва бошбошдоқлик кўзга ташланди. Бундай аянчли аҳволнинг сабаблари қуйидагича: биринчидан, кўпчилик ходимлар ўз ўрнига нолойиқ, иккинчидан, мусулмон аҳолисига эътиборсизлик ва уларнинг қўрқувда эканлиги, учинчидан, мусулмон аҳолисининг озиқ-овқат тўпловчи отрядларга ёмон жалб этилгани ва шу кабилар”.
Туркистондаги оғир иқтисодий аҳвол ўлкада бошланган очарчиликни ниҳоятда кучайтириб юборди. Қишлоқларда нонсиз ва ерсиз қолган деҳқонлар, шаҳарда яшовчи ҳунарманд ва зиёлилар, маҳаллий аҳолига мансуб юз минглаб кишилар даҳшатли очарчилик қурбони бўлишди.
Туркистон АССР президиуми ҳузурида 1918 йил ноябрда ташкил қилинган Очарчиликка қарши кураш марказий комиссиясида (унинг биринчи раиси таниқли давлат арбоби Турор Рисқулов) иш олиб борган коммунистлар ва мусулмонлар Туркистонда очарчиликдан қирилиб кетаётган юз минглаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолишди. Комиссиянинг Туркистон АССР областларидаги маҳаллий бўлимлари томонидан Тошкент шаҳридан ташқари Фарғона, Самарқанд, Еттисув, Сирдарё областларида катта ташкилотчилик ишлари олиб борилганлиги, очликка дучор бўлган аҳолини озиқ-овқат, кийим-кечак ва пойафзал билан таъминлашдаги хизмати тарихий манбалар ва архив ҳужжатлари асосида илк марта ўрганилди ва асослаб берилди.
Бу даврда Россиянинг марказий губерниялари (Волгабўйи, Жанубий Урал, Дон), Украина ва Қозоғистонда ҳам очарчилик ўзининг даҳшатли асоратларини қолдираётган эди. Бу ҳудудлардан юз минглаб оч қолганлар ўз оилалари (эр-хотин, болалар) билан совет ҳокимияти томонидан Туркистон АССРга эвакуация қилинди, бундан ташқари яна юз минглаб оч қолган қочоқлар турли йўллар билан Тошкент, Самарқанд, Скобелев (Фарғона) ва бошқа шаҳарларга келиб ўрнашади. Уларнинг озиқ-овқат ва кийим-кечак таъминоти яна маҳаллий аҳоли зиммасига тушди. Фақат 1923 йилнинг охири ва 1924 йилда эвакуация қилинган ва қочиб келган очларнинг бир қисми ўз юртларига қайтарилди.
Очарчилик Туркистон АССР халқ хўжалигига ҳам, инсонлар тақдирига ҳам катта салбий таъсир кўрсатди. Халқ хўжалиги ва иқтисодиёт издан чиқди, қишлоқ хўжалиги буткул таназзулга учради, саноат корхоналари ишламади. 1917–1923 йилларда бўлган очарчилик натижасида Фарғонада 1 миллион киши, Самарқанд областида 200000 киши вафот этди. Бу аҳолининг асосий қисми ўзбеклар эди. Бундан ташқари асосан кўчманчи аҳоли (қозоқлар ва қирғизлар) яшайдиган Еттисув области ва Сирдарё областининг айрим уездларида ва Қозоғистон АССРда ҳам очлик натижасида тахминан 1 миллион киши ҳалок бўлди. Бу ҳолат Турор Рисқулов ва Мустафо Чўқай асарларида ўз аксини топган. Шу нарса характерли ҳолки, 1917–1920 йилларда Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги, 1920–1924 йилларда Бухоро ва Хоразм Халқ Совет Республикалари ҳудудида очарчилик ҳолатлари деярли кузатилмаган.
Большевиклар юритган иқтисодий сиёсатнинг оқибати бўлган очарчилик совет Россиясининг ўзида ҳам катта қурбонларга олиб келди. Масалан, 1921-1922 йилларда марказий Россия, яъни Волгабўйи ва унинг атрофларида бўлган очарчилик натижасида 5 миллион киши ҳалок бўлди. Қозоғистон АССРда 1921 йил ноябрда оч қолганлар миқдори 1,3 миллион, 1922 йил мартда 1,5 миллион киши бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида юз берган очарчилик ва қаҳатчиликлар миллион-миллион кишиларнинг ҳаётига зомин бўлди ва шунинг баробарида собиқ СССР тарихида мудҳиш саҳифалар бўлиб қолди.
Қаҳрамон РАЖАБОВ,
тарих фанлари доктори,
профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,
2021 йил 29 октябрь, 44 (4651)-сон,
“Туркистонда очарчилик оқибатлари” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ