Илк ўрта асрларда Турон шаҳарларининг мудофаа тизими қандай бўлган?


Сақлаш
12:25 / 19.08.2025 135 0

 

Қадимдан кўплаб урушлар гувоҳи бўлган Турон аҳолиси мудофаа иншоотлари қуриш бўйича юксак маҳоратга эга эди. Уларнинг марказий шаҳарлар атрофида қурган ҳимоя иншооатлари асрлар давомида душманлар ҳужумини қайтаришда муҳим роль ўйнаган. Бу жараён VIII-IХ асрларда ҳам давом этади. Араб халифалиги лашкарларининг Туронга ҳужум бошлашдан чўчиши, бу ҳудудни эгаллаш учун махсус тайёргарлик ўтказишга мажбур бўлиши ҳам айнан ушбу мудофаа жиҳатдан мустаҳкам бўлган Турон қалъалари сабаб эди.

 

Қутайба ибн Муслимнинг Пойкандни эллик кун қамал қилиб ҳам, шаҳар деворини бузиб ўта олмагани, Пойканд мудофаа деворининг қанчалик мустаҳкамлигини кўрсатади. Пойканд бу даврда «жез шаҳар» номи билан машҳур бўлган, бу ном унга мустаҳкам қалъа девори (ҳисори)га эга бўлгани учун берилган.

 

Эллик кун давомида қалъани эгаллай олмаган мусулмонлар ҳийла ишлатиб деворнинг остидан лаҳм қазиб шаҳарга киришга муваффақ бўлган.

 

Наршахийнинг маълумот беришича, бу вақтда Варахша, Вардона, Афшина, Ромитанда ҳам мустаҳкам мудофаа деворлари мавжуд бўлган.

 

Мусулмон қўшинларига қарши 674 йилдан бошлаб то 709 йилга қадар қаршилик кўрсатиб келган Бухоро шаҳрининг ҳам мустаҳкам қалъа девори мавжуд бўлгани манбаларда келтирилади. Лекин бу мустаҳкам деворлар Араб халифалиги даврида заифлашган ва шу сабабдан Бухоро халқи волийдан шаҳарни янги ҳимоя девори билан ўраб олишни сўраган.

 

782-783 йилда Хуросон волийлигига келган Абул Аббос Тусийга қилинган ушбу мурожаат асосида Бухоро ҳокими Муҳтадий ибн Ҳаммодга шаҳарнинг барча ҳудудларини ўраб олган мудофаа девори қуриш буйрулади. Бу мудофаа девори йиллар давомида қурилганидан ҳам кўриниб турибдики жуда катта ҳудудни қамраб олган ва ўта мустаҳкам қилиб қурилган.

 

Унинг қурилишига бош қози Саъд ибн Халаф Бухорий мутасадди этиб тайинланади. Девор қурилишида ҳар бир фарсанг масофада бир дарвоза ва ҳар ярим миль масофада мустаҳкам минора барпо этилади. Бухоро девори 830 831 йилларда Муҳаммад ибн Яҳё даврига келиб қуриб битказилади ва ҳар йили бу девор таъмирлаб турилади. Бу таъмир жараёни катта маблағ талаб қилган, бунинг оғирлиги еса халқ елкасига тушган. Бу жараён то амир Исмоил Сомоний ҳокимиятга келганга қадар давом этган.

 

Қадимдан мустаҳкам қалъаларга эга бўлиб келган Самарқанд ҳам бу даврда қалин девор билан ўралганди. Шу сабабли ҳам мусулмонлар шаҳарни бир ойдан кўпроқ қамал қилган бўлсаларда, бу мудофаа деворларидан кечиб ўта олишмаганди. Самарқанднинг ҳимоя девори қайси даврда қурилгани маълум эмас, лекин унинг арабларга қарамлик даврида ҳам ўзининг мустаҳкамлигини сақлаб қолганлиги маълум.

 

Наршахий ўз асарида Суғд малики Язид ибн Ғуракдан келтирган ривоятга кўра, Суғднинг ички шаҳар(шаҳристон)мудофаа девори Суғдда подшоҳлик қилган бир хотун киши буйруғи билан бунёд этилган. Самарқанд деворлари баланд ва қалин бўлган. Улар устида камончилар учун махсус жойлар қилинган. Бу ерда ҳам Араб халифалиги қўшинида шаҳарга кириш учун лаҳм қазишдан бошқа чора қолмаган.

 

Халифалик замонидаги Самарқанд ташқи мудофаа (рабод) девори ҳақидаги маълумотга кўра, шаҳар ўн икки фарсах (1 фарсах – 5.6 ёки 6 км) узунлигидаги девор билан ўралган. Бу сурнинг ўн иккита дарвозаси бор эди.

 

Табарий келтирган ривоятга кўра, ташқи шаҳарнинг девори Абу Муслим томонидан қурдирилган. Рофе ибн Лайс қўзғалонида эса Самарқанд Ҳарсама томонидан қамал қилинган ва жанглар давомида ташқи мудофаа девори йиқилган. Кейинроқ халифа Хорун Рашид буйруғи билан қайтатдан барпо этилган.

 

Зарафшон водийсида жойлашган Панжикент қалъаси табиий тепаликда жойлашган бўлиб, шаҳарнинг шимоли-шарқий қисми ўтиб бўлмас жарликка туташган. Шаҳарнинг мудофаа иншоотлари шаклланиши унинг сув тизимига яқинлигига ҳам боғлиқ бўлган. Чунки сув ҳам мудофаа жараёнида кўплаб қулайликлар берган.

 

Мудофаа мажмуасида деворлар ёнида айрим чоғларда табиий, айрим чоғларда эса сунъий қурилган хандақларнинг ўрни ҳам муҳим бўлган. Бундай хандақлар мудофаа тизимининг биринчи чизиғи бўлган. Суғдда деярли барча илк ўрта юзйилликлар ёдгорликларида бундай хандақлар мавжуд. Мисол учун, Панжикентда 11 метр, Самарқандда 5-6 метр, Ерқўрғонда 8 метр, Қалаи Заҳоки Маронда 12 метр, Пойкендда 7 метрлик мудофаа хандақлари қазилган.

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак VIII-IХ юзйилликларда Туронн шаҳалари ҳам ички, ҳам ташқи мудофаа деворлари билан ҳимояланган бўлиб, бу душман ҳужумларини қайтаришда муҳим аҳамият касб этган. Бу давр давомида йиқитилган ёки зарар кўрган мудофаа деворлари ҳукмдорлар томонидан қайта таъмирланган.

 

Жавоҳир Азимқулов

ФA Тарих институти кичик илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 23345
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//