Амир Темур салтанатининг хавфсизлик хизмати қандай ишлаган?


Сақлаш
22:23 / 20.12.2023 766 0

Соҳибқирон бобомиз яшаган давр билан бугунги дунё сиёсати ва давлат бошқарувида, табиийки, катта фарқ бор. Аммо бугун дунё сиёсатчилари Амир Темурдан давлат бошқарувини ўрганиши, ҳаётга татбиқ этиши мумкин бўлган жиҳатлар талайгина. Жумладан, Соҳибқирон давлат устунларини мустаҳкамлашда кенгашлар сиёсатини кенг қўллаган. “Кенгашлар сиёсати” нима ўзи? Уларнинг ҳуқуқий-сиёсий ҳолати, тузилиши ва фаолияти қандай бўлган?

 

Амир Темур давлат бошқарувида қурултой, кенгаш каби ижтимоий-сиёсий институтларга таяниб, уларнинг фаолиятига катта эътибор қаратган. Хусусан, мамлакат хавфсизлик тизимининг олий органи ҳисобланган Хавфсизлик кенгаши давлатни бошқариш, ички, ташқи ва ҳарбий хавфсизлик сиёсатини шакллантириш билан шуғулланган. Бу тузилма зиммасига давлат суверенитетини сақлаш, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, давлат чегараларини ҳимоя қилиш каби вазифалар ҳам юклатилган. Бундан ташқари, кенгаш мамлакатда рўй берадиган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, уларнинг сабабларини ўрганиш каби муҳим ишларни ҳам бажарган.

 

Хавфсизлик кенгаши аъзолари қарор қабул қилишда тенг ҳуқуққа эга бўлган. Унда ҳукмдорнинг энг яқин мулозимлари, сиёсий доира вакиллари – амирлар, амирзодалар, бош вазир, вазирлар, қўшин раҳбарлари, йирик уламолар, маслаҳатчилар, улус бошлиқлари иштирок этган. Давлат аҳамиятига молик кичик йиғинда салтанат, умуман давлатчилик ҳаётига доир шошилинч масалалар кўрилган. Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилинган масала улар томонидан маъқулланса режага киритилган. Сўнг Хавфсизлик кенгаши қабул қилган қарор асосида қурултой чақирилган.

 

Умуман олганда, Амир Темур ҳар бир фармонини  маслаҳатлашув орқали амалга оширган. Соҳибқирон Турон тупроғида ҳукм сурган салтанатларнинг тарихини яхши билган. Шу боис ҳар бир замонда ҳукмронлик қилган ғоя ва мафкураларнинг фалсафий негизини чуқур англаган. Бу билим асосида ўз давлати учун мафкуранинг фалсафий асосларини яратган. Хавфсизлик кенгаши ҳам ана шу билимлар ҳосиласидир.

 

Мафкура ҳамма замонларда энг долзарб сиёсий-ижтимоий масала бўлган. Чунки у жамиятни соғломлаштиришда маънавий-руҳий қувват берадиган асосий негиздир. Шу боис Амир Темур мафкурани танлашда, аввало, Турон халқининг менталитетидан келиб чиқиб, уни ислом дини билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилган. Жамиятда барчанинг манфаатларини ҳимоя қилиш, эзгу қадриятларни ўзида мужассам этган ғоя давлат бошқарувининг самарадорлигини таъминлаган. Шу жиҳатдан ҳам турли дин ва мазҳабдаги ўнлаб халқлардан ташкил топган улкан империяни одилона бошқаришида Хавфсизлик кенгашининг ўрни беқиёс бўлган. Бугунги сиёсий жараёнларда ушбу тажрибани ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Кенгашларда нафақат ҳарбий масалалар, балки халқ манфаатига хизмат қиладиган ижтимоий масалалар ҳам кўрилган ва ҳаётга татбиқ этилган. Умуман олганда, Амир Темур юритган сиёсат бағрикенглиги, кўпчиликнинг фикрига таяниши билан ҳам қадрли. Энг муҳими, бундай қадриятларнинг давлат бошқарувида илгари сурилгани фақат Туронга хос бўлган жиҳатлардир. Давлат миқёсида чақирилган йиғинларда кўрилаётган масала юзасидан анжуман қатнашчилари амали ва мавқеидан қатъи назар фикрларини билдирган. Бундай очиқлик муҳитини Амир Темурнинг ўзи яратган эди.

 

“Амир Темур жамиятни тоза, халқни юксак ахлоқ доирасида тутишга интилди, бу хусусда ҳам махсус қонун ва қоидаларни жорий қилди”, деб ёзади академик Бўрибой Аҳмадов. Дарҳақиқат, Амир Темурга замондош тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, соҳибқироннинг инсонпарвар ғоялари салтанатнинг барча вилоятларида тарғиб қилинган ва қаерда адолат бузилса, бузғунчилар қонун посбонлари томонидан жазога тортилган. Шунингдек, Темур давлатида маърифатга эътибор кучли бўлгани мамлакат бошқарувига ижобий таъсир ўтказган. Айнан шу жиҳат Темур салтанатида ижтимоий ҳаётни яхшилашга ёрдам берган. Хусусан, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий”, Хондамирнинг “Хулосат ул-ахбор” асарларида келтирилган маълумотларга кўра, ўша давр шифохоналарида мадрасаларда билим олган юзлаб истеъдодли табиблар ишлаган. Бу етук шифокорлар беморни даволаш билан бирга мадрасаларда таълим ҳам берган.

 

Демак, Хавфсизлик кенгашининг бошқарув институти сифатидаги моҳияти нафақат Амир Темур сиёсатини амалга оширишда, балки фуқароларнинг қонунларни ҳурмат қилиши, масъулият билан ёндашиши, жамиятда ҳуқуқий тушунчаларнинг шаклланишида ҳам кўзга ташланади. Бунда шариат қоидалари билан бирга миллий қадриятларнинг аҳамияти ҳам бениҳоя катта бўлган. Таъкидлаш лозимки, қонунлар – тўра-тузук каби тушунчалар халқ томонидан шариат қоидаларидек ҳурматланган.

 

Бугунги даврда Амир Темурнинг бой меросини, унинг давлатчилик ғояларини ҳар томонлама ўрганиш ва улардан фойдаланиш зарурияти тобора ортиб бормоқда.

 

Аброр ҚИЛИЧЕВ,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 3-сон.

Темур салтанати: кенгашлар сиёсатимақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//