Адабиёт
Аҳмадбек Мавлонбеков 1897 йил Хўжанд шаҳрида дунёга келган. Отаси Матқул Мавлонбек ўғли бир замонлар Бухоро амирлигида мулозим тоифа бўлган беклар авлодидан эди. Аҳмадбек эски мактабда савод чиқаргач, 1911 йилда Хўжанд шаҳридаги рус-тузем мактабини, кейин эса телеграф курсларини тамомлайди. Меҳнат фаолиятини 1914 йил рус мактабида қоровулликдан бошлаб, 1915-1916 йилларда Пўлатжон Самжиалов савдо уйида котиб-мирза бўлиб ишлайди. Иш жараёнида рус тилини мукаммал ўрганиб, 1916 йил ўрталаридан Марғилон почтасига ишга киради. Кўп ўтмай Аҳмадбек Мавлонбеков маҳаллий миллат вакиллари орасида биринчилардан бўлиб Хўжанддаги почта-телеграф бўлимида катта телеграфчи бўлиб иш бошлайди.
1917 йил Туркистонда жадид тараққийпарварларининг ташаббуси билан мухторият учун кураш авж олди. Аҳмадбек Мавлонбеков мазкур жараёнда “Шўрои Ислом”нинг Хўжанддаги шўъбаси – “Мусулмон депутатлари кенгаши” жамиятининг ташаббускорларидан бўлди ва Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлади. Аҳмадбек кейинчалик ўзбек сиёсий элитасининг энг юқори поғоналарида фаолият олиб борган хўжандлик тенгдошлари Мўмин Хўжаев, Султон Матқул, Шариф Ражапов, Жўра Тўрабековлар билан танишиб, умрининг сўнгги дамларигача улар билан ҳаммаслак дўст бўлиб қолди.
Туркистон мухторияти қонга ботирилгач, 1918 йил июнидан РКП(б) аъзоси бўлди. 1918-1919 йилларда Хўжанд шаҳар ижроқўми меҳнат ва ижтимоий таъминот бўлими бошлиғи, 1919 йилдан Хўжанд уезд халқ суди раиси, Хўжанд туман хўжалик кенгаши раиси, 1919-1920 йилларда Хўжанд округ-шаҳар РКП(б) қўмитаси раиси вазифаларида иш олиб борди.
Шўролар минтақада ўз ҳукмронликларини сақлаб қолиш мақсадида маҳаллий аҳоли орасида катта нуфузга эга ва бошқарув тажрибаси бўлган кадрларга муҳтож эди. Аҳмадбек Мавлонбеков 1920-1921 йилларда Хўжанд округ-шаҳар инқилобий қўмитаси раиси, Хўжанд округ-шаҳар ижроқўми раиси лавозимларида ишлайди. Айни пайтда Тошкент шаҳар Совети ижроия қўмитаси ҳамда Туркистон Жумҳурияти Марказий Ижроия Қўмитаси коллегияси аъзолигига сайланади.
Аҳмадбек Мавлонбеков 1921-1922 йилларда ўлканинг истиқлолчилик кураши авж олган Фарғона водийсига ташланади. Вилоят партия ташкилоти МҚ раиси, Фарғона вилоят инқилобий қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва раиси вазифасини бажарувчи, Фарғона вилоят хўжалик кенгаши раиси вазифаларида Назир Тўрақулов, Султон Сегизбоевлар билан елкама-елка туриб хизмат қилди. Имкон қадар қизил армия ҳамда арман дошноқларининг қирғин ва талончилик ҳаракатларига чек қўйиш, очарчилик оқибатларини тугатиш, халқ хўжалигини изга солишда кечаю кундуз тиним билмади. 1922-1923 йилларда Туркистон Компартияси Самарқанд вилоят қўмитаси масъул котиби (обком) бўлиб, “Нашри маориф” жамиятининг фаолиятини жонлантирди. Янги мактаб ва кутубхоналар очиш, маҳаллий ёшларнинг хориж ва ички Россия шаҳарларида таълим олишлари учун кенг шароитлар яратишга ҳаракат қилди.
Аҳмадбек Мавлонбеков 1923-1924 йилларда БХСР Компартияси (б) МК масъул котиби, 1924-1925 йилларда янги ташкил этилган Ўзбекистон ССРда ишчи-деҳқон инспекцияси халқ комиссари лавозимларида иш олиб борди. У шубҳасиз, ўзбек шўро сиёсий элитасининг йирик шахсиятларидан бири эди. 1925 йилдан Ўзбекистон КП (б) МҚ Ташкилот ҳисоб ва тақсимот бўлими мудири, 1925–1927 йилларда КПСС Марказий назорат комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Компартияси Марказий назорат комиссияси раиси каби ўта масъулиятли лавозимларда иш олиб борди.
Аҳмадбек Мавлонбеков 1927 йил 31 мартдаги ЎзССР Ижроия қўмитаси қурултойи қарори билан Адлия халқ комиссари, бир вақтнинг ўзида ЎзССР Бош прокурори лавозимларига тайинланади. Шу даврни унинг фаолиятининг чўққиси деб айтиш мумкин. “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1927 йил 15 апрель сонида “Амирнинг зулмидан кам эмас” номли мақолада бош прокурор Мавлонбековнинг махсус мухбир билан суҳбати чоп этилган. Унда “ихтиёрий таслим бўлғон қўрбоши Муҳиддин махсум Ёдгорхўжаюф”нинг кирдикорлари фош этилади. Жумладан, “1926 йил 28 июлда Зарафшон вилоят жиноят қидириш идорасига хизматга олиниб эди. 21 инчи авғустда Полвон қишлоғида деҳқонларини жабрлаб, Ашуруф деган деҳқоннинг кўзини уриб чиқоради. Ёдгорхўжайиф томонидан қамоққа олиниб Бухороға келтирилган 7 та деҳқонға суд бўлғонда, уларнинг ҳеч қандай жиноят қилмағонлиқлари маълум бўлиб оқланадилар. 26 инчи йил ўктабр ойида у Лабшин, Жаъфаруфлар билан Вобкент райониға жиноятчиларни қидиришға кетади. Улар Сўфидеҳқон қишлоғини “иштоб квартир” қилиб, деҳқонларни қаттиқ жабрлашга киришадилар. Бир отхонани қамоқхонага айлантириб, унда деҳқонларни қамайдилар. Қамоқда бўлғон деҳқонларни йўқ жиноятларни иқрор қилдириш учун урғонлар, қўлларини бурағонлар, оғизлариға тўлғонча сув қуйиб, ётқизиб қорниға тепганлар. Қамоққа олинғонларни кечаси далага олиб чиқиб отамиз деб қўрқитиб айбсиз деҳқонлардан жиноятларини иқрор этишини талаб қилғонлар. Сўроқ протоколларида сачрағон қон томчилари ҳалигача сақлонғон. Бу қонлар сўроқ вақтида азоблаш, уриш орқасида оқғон қонлардир... Қамоқдоғиларни ов милтиғи билан отқон вақтда тасодифий равишда битта милиционернинг қулоғиға ўқ тегиб яралайди. Мана бу ҳолдан фойдаланиб Ёдгорхўжайиф отрядга ҳужум бўлди ва биз ғайрат билан ўзимизни мудофаа қилдик деб гап тарқатади... Сўнгра ҳамма иштирок қилувчиларнинг имзосини йиғиб, босмачилар билан тўқнашқонлиқ тўғрисида марказга ёзиб, охирида бу урушда иштирок қилғонларға Қизил байроқ нишони беришни сўрайди...
Ноябр ойида Ёдгорхўжайиф Харгуш районига жиноятчиларни қидириб кетади. Унда ҳам қамолғонларни ёғочға боғлаб қамчи билан уруб ва бошқа қаттиқ жазолар бериб йўқ жиноятларни бор деб иқрор этишга мажбур қилади. Қамалғон деҳқонлардан Нуразиз деган киши ақлдан озиб бир неча кундан кейин ўлади... Деҳқонларни талаб, кўп нарсаларини – қийматлик ашёларини, яхши отларини оладилар. Шул равишда 80 та айбсиз деҳқонға турли жазолар бергандан кейин Ёдгорхўжайиф қисқа муддатга дам олишға кетади. Отпуска тамом бўлғондан кейин Ёдгорхўжайиф вилоят милиция бошлиғи Бохчин билан бирликда қурол қидиришға Ғиждувон туманига юборилади...
Ёдгорхўжайиф Ғиждувон туманида ҳам қишлоқма-қишлоқ юриб, деҳқонларни қамоққа олади, уларни совуқ отхоналарда икки ҳафтадан қомоб қўяди. Ёдгорхўжайиф деҳқонларни зўрлаб, талаб, ҳаммани қўрқувға солади. Ҳатто Имонти қишлоғида бешикда ётқон бир болани ҳам ўлдирадирлар. Сув билан қийнаш ва уриш натижасида бир неча деҳқонлар ўлади. Деҳқонлар шайка қўлида шундай азоб, кулфат тортиб турғон чоғда Ёдгорхўжайифнинг ўзи қарта ўйнаб ўлтиради. 27 инчи январ куни Ёдгорхўжайиф прокурор маъмурлари томонидан қамоққа олинғонда, унинг томонидан қамаб қўйилган 155 нафар деҳқонлар бўшотилиб юборилди. Буларнинг 51 тасининг баданида азоб жазо аломатлари кўзга кўриниб турар эди... Вилоят милиция ва қидирув бўлими бошлиғи Бохчинга Ёдгорхўжайиф деҳқонларни уради деб хабар қилинғонда у биронта чора кўриш ўрниға: “Майли, ураберсин” деган. Ҳозир прокурор идорасида тергов битди. Ёдгорхўжайиф, Бохчин ва уларнинг ёрдамчилари билан бирга ҳаммаси бўлиб 35 киши судга берилди. Буларнинг суди Ғиждувоннинг ўзида 27 инчи апрелда бошланса керак. Мен ўзим махсус шу ишни аввалидан охириғача кузатиб боришни устимга олдим” каби даҳшатли манзара битилган. Ушбу суд ўзбек прокурори ва Ўзбекистонда ўзини ҳақиқий хўжайин ҳисоблаётган ОГПУ ва Средазбюро ўртасидаги ҳақиқий жангнинг бошланиши бўлди.
ЎзССР Адлия халқ комиссари ва бош прокурори А.Мавлонбеков ўзининг 1927 йил учун ҳисобот маърузасида соҳада, айниқса, маҳаллий миллатлар орасида етук ва ҳуқуқий малакали кадрларнинг етишмаслигига алоҳида эътибор қаратиб, 1919 йилда иш бошлаган юридик курслар учун танловнинг адолатсизлиги, ўқув курсларининг қисқалиги, қабул сони мавжуд талабга нисбатан жуда чекланганлигини айтади. Шунингдек, миллий чегараланиш сиёсати оқибатида БХСР, ХХСР ҳудудларида ягона ЎзССР суд-тергов тизими ташкил этиш жуда катта қийинчиликлар билан кечганини маълум қилади. ЎзССР прокуратура тизими 1927 йил 1 апрель ҳолатида 10 нафар округ прокурори, 10 нафар зампрокурор, 12 нафар округ судлари ёрдамчи прокурорлари ва участка прокурорларидан иборат бўлган. Умуман 1925-1926 йилларда прокурорлар 39 нафар, 1926-1927 йиллар эса 40 нафарга етган. Районлаштириш жараёнида уларнинг сони 71 нафарга етказилган. Бироқ 1927 йил сўнги ва 1928 йилларда бюджетнинг кескин қисқартирилиши оқибатида бу сон яна 38 нафарга, ҳозирга келиб 33 нафарга тушиб кетди, дейилади. Аҳмадбек Мавлонбеков жамиятда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда прокуратура органларининг ўрнига алоҳида аҳамият қаратиб, “тегишли даврда прокуратура тизимини шакллантириш, тезкор ва ортиқча овворагарчиликларсиз аппаратни юзага чиқариш бош вазифамиз бўлди. Жамиятда қонунсизликларнинг олдини олиш мақсадида биринчи Республика Прокуратура ишчилари қурултойини ўтказиб суд, округ ижроқўмлари, ГПУнинг ҳудудий бўлимлари, Ишчи деҳқон инспекциялари (РКИ) раҳбарларининг маърузалари тингланди, ишларнинг уйғунлаштирилиши оқибатида қамоққа олиш ҳолатларининг кескин камайтирилишига эришдик. Жамиятда ҳуқуқий саводхонликни ошириш учун текин тўгараклар ташкил этилди. Натижада одамларнинг суд прокуратура органларига мурожаати кескин ортди, иш сифати яхшиланишига эришилди, дейилади[1].
А.Мавлонбеков бутун тизимни ислоҳ қилишга киришади. Марказда ҳам, вилоятларга ҳам тафтиш комиссиялари йўллаб, мавжуд ҳолат ва камчиликларни мунтазам ўрганиб боради. Жумладан, Сурхондарё вилоят прокуратурасининг 8 нафар аъзоси орасида ягона ўзбек округ прокурори 1928 йилдан бошлаб суд-ҳуқуқ соҳада иш бошлаган, қуйи мактаб даражасида таълим олган оддий деҳқон Бобоходжаев экани ҳам, бутун мамлакатдаги жами 38 нафар прокурор орасида аёл киши ягона эканини ҳам назаридан қочирмайди[2]. Бу вақтда ҳали халқ судьялари орасида ислом ҳуқуқининг билимдонлари бўлган собиқ мударрислар, қозилар бор эди. Шу каби чор замонида замонавий ҳуқуқ билимларини олган, катта амалий тажрибаси бўлган адвокатлар, жумладан, олий маълумотли ҳуқуқшунос Тошпўлотбек Норбўтабеков, Туркистон Мухторияти собиқ Ҳарбий нозири Убайдулла Асадулла Хўжаев каби инсонлар жалб этилган. Биринчи ўзбек адвокати бўлган Убайдулла Хўжаевнинг шахсий варақасида 1919-1920 йиллар Бошқирдистон республикаси Ток Чуран шаҳрида кантон юстиция комиссари, халқ судьяси, халқ терговчиси бўлган. 1923 йил 3 ноябрдан адвокатлик ишларида ҳуқуқшунослар коллегияси аъзоси деган маълумотлар киритилган[3].
Аҳмадбек Мавлонбеков Ўзбекистон доирасида олиб бораётган ишларини Иттифоқ миқёсига олиб чиқишга киришади. Умумий хулосаларини жамлаган ҳолда ягона фикрни шакллантириш мақсадида А.Мавлонбеков 1928 йил 14 февраль санаси билан РСФСР Адлия халқ комиссари Янсон[4], унинг ўринбосари Криленко ва СССР Олий Суди Прокурори Красиков[5]лар номига таклифнома юборади. Хатда 5 март куни Самарқанд шаҳридаги Олий Суд биноси залида Ўзбекистон Юстиция ишчиларининг I Съезди очилиши ва унда “Адлия халқ комиссарлиги иши ва инқилобий қонунчилик амалиёти ҳақида; Суд-тергов аппаратини рационаллаштириш ҳақида; Жиноят ва суд сиёсатининг бошланғич асослари ҳақида; Юстиция идораларида ижтимоий-сиёсий иш; Жиноят-процессуал Кодексининг янги лойиҳаси ҳақида каби маърузалар тингланишини маълум қилади. “Ўйлаймизки, мазкур Съезд республикамизда Юстиция идораларининг фаолиятини яхшилашга янги туткилар беради. Умид қиламизки, Сиз бизнинг Съездимизда иштирок этасиз. Салом билан” деб сўзини якунлайди. Шу куни адлия комиссарлиги коллегияси котиби Дудниченко номидан ЎзССР ГПУ раиси номига ҳам таклифнома йўлланиб, “Юстиция ишчиларининг 1-Республика съезди ўтказилмоқда. Мазкур тадбирга Сиз, сизнинг ўринбосарларингиз ва округ бўлимлари бошлиқларини таклиф этамиз. Округ бошлиқларидан съезд иштирокчиларини қисқа муддатда ётоқ билан таъминлаш ишини ташкил этишда кўмаклашишни сўраб қоламиз. Съезд қатнашчиларнинг кундалик ва сафар харажатлари ўз муассасалари ҳисобидан таъминланади”, дейилади. Айни тарзда Тожикистон ва бошқа иттифоқдош республикалардаги ҳамкасблар ҳам таклиф этилади, “Қизил Ўзбекистон”, “Правда” каби марказий ва маҳаллий газеталардан жараённи кенг тарғиб ва ташвиқ этиш сўралади. Дарҳақиқат, тадбир ўта юксак савияда ташкил этилди. Тантанали очилиш маросими ва ёш Ўзбекистоннинг қисқа вақтдаги иқтисодий, сиёсий ва маданий ютуқлари барча меҳмонларга кўз-кўз қилинди. Илмий қисм 7 март куни бошланиб, биринчи маърузачи А.Мавлонбековнинг ўзи бўлди. У нутқини танқидий руҳда бошлаб, давлатда қонунийликнинг устуворлик шартлари, соҳада маълумотли, малакали ходимларни кўпайтириш зарурияти ҳақида сўзлади. Учинчи бўлиб сўзга чиққан ЎзССР Олий суди раиси Саъдулла Қосимов маърузаси ҳам жуда катта қизиқиш билан тингланди. Баҳс-мунозарага бой бўлган Қурултой якунида бир қанча қарорлар илгари сурилди. Ўзбекистон суд ишчиларининг қурултойи очилиши муносабати билан “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1928 йил 9 март сонида Республика бош прокурори Аҳмадбек Мавлонбековнинг журналист билан “Асосий фурсатлар” номли суҳбати эълон қилинди. Унда қурултойнинг асосий вазифалари сифатида суд-тергов аппаратини соддалаштириш, ўткир муаммолар кўтарилган маҳаллий матбуотдаги хабарлар устидан прокурор назоратини кучайтириш, суд аппаратида хотин-қизлар ҳиссасини кўпайтириш, халқ маслаҳатчиларининг маданий савиясини кўтариш, суд ишчиларининг ихтисосини ошириш учун Ўрта Осиё адлия курсларини уч йиллик адлия техникумига айлантириш ва дарсларни она тилида юргазиш масалаларини илгари суради. Бироқ, бу тадбир Москва томонидан чексиз ваколатлар берилган Средазбюро арбобларига асло ёқмади. Улар имкон қадар тадбирни йўққа чиқаришга, аксинча уни аксилинқилобий исён сифатида талқин қилишга зўр бердилар. Натижада шу кундан икки ўртада катта жарлик пайдо бўлди ва амалда икки ҳокимиятчиликка яқин ўта хавфли вазият юзага қалқиб чиқди. Кремлдан қурултой қарорларига нисбатан жиддий оҳангда раддиялар кела бошлади.
А.Мавлонбеков нафақат қонунийлик посбони, айни пайтда жамиятнинг ҳуқуқий маданияти, давлат аппаратининг тизимли фаолияти учун ҳам ўзини масъул деб билади. “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1928 йил 14 июнь сонида “Бирлашган кенг жабҳа билан” мақоласида маданий қолоқлиқ, жаҳолат ва нодонликни жамиятни орқага тортувчи омиллар деб атайди. Исрофгарчилик, мансаб суистеъмолига қарши давлат аппаратини мунтазам етук мутахассислар билан тўлдириб бориш, қоғозбозлик ва маъмурий буйруқбозликка қарши “ўзлари уйган қоғозлар ичида адашиб ўлтурғувчи юзлаб кишилар ўртасидоғи муносабат бутун ишимизни қоғоз денгизига ботириб нобуд қилиб келади” дейди. 1928 йил 18 июнь куни ЎзССР Олий суди Президиуми номидан ЎзССР Олий суди раиси Саъдулла Қосимов “ЎзССР Олий судининг Жиноят-процессуал кодексини ислоҳ қилиш тўғрисидаги Ишчилар суди қурултойининг қарори билан келишмовчиликлари тўғрисида” муносабат билдиради. Унда 1927 йил 17 октябрда Олий суд Пленумида суд аппарати ва бошқарувни соддалаштириш тўғрисидаги илгари сурилган қарорларга муносабат билдиради. Жумладан, тергов аппаратини прокуратуранинг тўлиқ бўйсунишига ўтказиш тўғрисида: “Тергов аппаратини прокуратуранинг тўлиқ бўйсунишига ўтказиш бу давлат аппарати ва суд аппаратининг асосий тамойилларига зид келади. Прокуратура маъмурий ҳокимиятга эга эмас ва унинг вазифаси фақат инқилобий қонунийликни назорат қилиш, суриштирув ва дастлабки терговларни ўтказиш билан боғлиқ. Тергов аппаратининг прокуратурага бўйсуниши дастлабки терговнинг бирёқлама айблов характерига эга бўлишига, судланувчи ўзини кўпинча бўрттирилган айбловлардан ҳимоя қилиш учун катта куч ва чоралар кўриш заруратига, бу эса соддалаштиришга эмас, балки мураккаблашишига олиб келади. Бундан ташқари, аксарият суд ходимларининг малакаси ўта паст Ўзбекистон шароитида, тергов аппарати прокуратура органларига тўлиқ бўйсундирилган ва маъмурий мажлислар бекор қилинган ҳолда ўтадиган суд одилликни кафолатлай олмайди” дейди.
2) Туман судларида тайинлов мажлисларини бекор қилиш тўғрисида ҳам фикр билдириб, “Съезд нафақат халқ судларида, балки вилоят судларида ҳам маъмурий йиғилишларни бекор қилиш тарафдори бўлди. Олий суд ушбу тадбирни туман судларида ўтказишга рози бўлолмайди, чунки бу ҳаракат алоҳида жиддийлик ва эҳтиёткорлик билан қабул қилиниши керак. Судга келтириш тўғрисидаги далолатнома, айбланувчи сифатида судга келтирилиш далолатномасидан фарқли ўлароқ, унинг оқибатлари алоҳида аҳамиятга эга. Етарлича асосланмаган айбловлар судга тортилмаслиги ва юқорида қайд этилган паст малакага эга бўлган прокурор назорати ходими айниқса тергов тўғридан-тўғри ва тўлиқ унга бўйсунадиган шахс томонидан амалга оширилганда бундай кафолатларни бера олмайди. Шунинг учун энг катта кафолатларни яратиш зарур. Иш туман судининг маъмурий мажлисида кўрилганда, айбланувчини судга келтириш учун асосларнинг етарлилиги суднинг учта аъзоси томонидан коллегиал тарзда текширилганда бу кафолатлар кўпроқ бўлади. Маъмурий суд муҳокамаси бекор қилиниши билан бундай келишмовчиликлар ҳал этилмай қолади.
3) Ишларни назорат қилишда фақат прокурорга даъво қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида Марказ талабини ҳам рад этади ва “Ўтган йиллар амалиёти назорат ишларини сўрашнинг амалдаги тартибига кўра ишларни талаб қилиш ҳуқуқи прокуратура ва суд раисларига тенг равишда тегишли бўлиб, бу фақат ижобий натижалар берди. Бу натижалар қуйидагилардан иборат: биринчидан, Олий суд раислари туман судлари раислари ва туман судлари, республика прокуратураси ва прокурорларига нисбатан назорат тартибида кўпроқ иш кўришни сўраганлар; иккинчидан, Олий суд раислари ва туман судлари томонидан сўралган ишлар бўйича бекор қилинган ҳукм ва қарорлар фоизи прокуратура сўраган ишларга нисбатан қиёслаб бўлмас даражада юқори(!). Қонунлар, давлат ва меҳнаткашлар манфаатларини бузганлик масалаларида прокуратура ва суд раисларининг нуқтаи назарлари кўпинча турлича бўлиши мумкин. Прокуратура ишни назорат тартибида кўриш учун асос топса, қоидабузарликлар мавжуд бўлишига қарамай, янги тартиб асосида ҳукм ёки суд қарори билан бекор қилинади. Бундай ҳолат суднинг нуфузини ҳеч қандай сабабсиз пасайтиради. Шунинг учун олдинги тартибни ўзгартириш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаймиз(!). Олий суд эса ишларнинг боришини ва жараённи тезлаштириш мақсадида туман судлари раислари ва туман прокурорларининг ишларни назорат тартибида сўраш ҳуқуқини олти ой билан чеклашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Бунда республика прокурори ва Олий суд раиси ҳеч қандай муддат билан чекланмаслиги керак. Ушбу тартиб, нафақат ишларни назорат қилиш, балки туман судининг суд аъзолари ва унга бўйсунувчи халқ судьялари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш, яъни ўз-ўзини назорат қилишни амалга ошириш имконини беради” дейди. Дарҳақиқат, шу ўринда бу таклифларнинг асоси ҳақида айтадиган бўлсак, С.Қосимов прокуратура назоратига қарши эмас, аксинча одил суднинг қонунларга асосан тўла мустақил бўлишини ва прокуратура унинг кафолати бўлишини истайди. НКВДнинг ўзбошимчаликлари, айниқса, унинг қошидаги “учлик”лар амалиётини мутлоқ чеклашни талаб қилади.
ЎзССР Олий Суди раиси С.Қосимов 1928 йил 20 июнь куни яна Москвага РСФСР адлия халқ комиссарлигига мурожаат қилиб, ЖПК ислоҳоти ҳақидаги Самарқанд қурултойида илгари сурилган саволларга жавоб беришларини сўрайди. Бу эса Марказнинг мақсадларига мутлоқ зид эди. Кўп ўтмай ЎзССР Олий Суди Прокурори Бадриддин Шарипов тўсатдан ҳибсга олинади ва унга нисбатан матбуотда мунтазам туҳмату бўҳтондан иборат мақолалар урчий бошлайди. “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1929 йил 10 февраль сонида Жумҳурият прокурори А.Мавлонбеков билан “Ўз-ўзини, танқидни бўғодирғонларға қаттиқ жазо берамиз” номли суҳбат босилди. Унда Бухоро округи, Шоҳруд ишчи қўмитасининг қамоққа олиниши мисолида ишбоши Дудин ва унинг “тегишли идораларга” таянган ҳолда ишчиларга қўпол муносабати кескин танқид қилинади ва айбдорлар судга тортилганлиги ҳақида хабар беради. Бу ҳам аслида ОГПУнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини чеклаш мақсадида ўзбек прокурорининг жасорати меваси эди.
ЎзССР Олий суди раиси Саъдулла Қосимов қамоққа олинар экан унинг асосий таянчи ва ҳамкори бўлган Аҳмадбек Мавлонбековнинг озодликда қолиши мумкин эмас эди. 1930 йил 15 апрелда “Ўзбекгўштсавдо иши” деган сохта жиноий иш доирасида лавозимидан озод этилиб, ҳибсга олинади. Бироқ, биринчи сўроқлардаёқ ишнинг уйдирма эканлиги ва ўзининг айбсизлигини исботлаб қутилиб кетишга муваффақ бўлади.
Аҳмадбек Мавлонбеков 1930 йилда – “ЎзбОСОАВИАХИМ” кўнгиллилар жамияти марказий кенгаши раиси, ундан Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитасининг масъул котиби вазифасига ўтди. Бироқ муттасил таъқиблардан безиб, Москвага ўқишга кетиш учун ариза топширади. У 1931–1933 йиллар Москвадаги Қизил профессорлар тарихи институтида ўқийди. 1933-1934 йиллар Ўрта Осиё бўйича СССР Қишлоқ хўжалиги ваколатли Комиссарлиги МТС ва пахтачилик совхозлари сиёсий сектори бошлиғининг ўринбосари, биринчи ўринбосари, 1934–1937 йиллар Тожикистон Коммунистик партияси Марказий Комитети ташвиқот ва агитация бўлими мудири каби юқори лавозимларда иш олиб борди.
Дарҳақиқат, Аҳмадбек Мавлонбеков шўро мамлакати масъул вазифаларида Туркистон Компартияси МК аъзоси, СССР МИҚнинг 1 ва 2-чақириқ аъзоси, 1925 йил февралдан Ўзбекистон Компартияси МК аъзоси, кейинги йилларда Тожикистон Компартияси МК ва Бюроси аъзоси, Тожикистон Президиуми аъзоси каби юксак ўринларда мавқе топди. Мустабид тузумда на оддий инсоннинг, на хизмат кўрсатган инсонинг тариқча қадри йўқ эди. Ҳамма таниган, ҳамма билган Аҳмадбек Мавлонбеков 1937 йил 10 сентябрда бошқалар қаторида яна қуруқ бўҳтонлар асосида ҳибсга олинади. Мислсиз қийноқлар ва таҳқирлар остида ўтган терговда ўзини қанчалик ҳимоя қилишга интилмасин вазият ўзгармади. А.Мавлонбеков номи аллақачон 1938 йил 8 майда И.Сталин ва В.Молотовлар томонидан отилиши тасдиқланган рўйхатга тиркаб қўйилган эди. Аҳмадбек Мавлонбеков 1938 йил 20 октябрда Тожикистоннинг пойтахти Душанбе шаҳрида отиб ташланган [6].
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, шўро қатағон сиёсатига барча соҳаларда бўлганидек прокуратура йўналишида ҳам мислсиз қурбонлар берилди. Соҳани ичидан тушунган миллий давлатчилик, ҳуқуқ устиворлигини истаган инсонлар таъқибга олинди. Тизим марказнинг ҳукмини кўр-кўрона ижро этишга мойил, саводсиз кимсалар билан муттасил тўлдириб борилди. Мисол учун, 1931 йил 1 январь ҳолатига кўра ЎзССР Адлия халқ комиссарлиги Марказий аппарати таркибига қарасак, аксар қисми рус ва европа миллатларидан иборат эди. Комиссар – Бош прокурор Шермат Эрматов касби ишчи, маълумоти қуйи, суд-ҳуқуқ соҳасида бор йўғи 1927 йилдан иш бошлаган. Унинг ўринбосари Убайдулла Абдуллаев деҳқон, маълумоти қуйи, 1929 йилдан суд-ҳуқуқ соҳасида, прокурор ёрдамчиси Шамсиддин Бадриддинов татар миллатига мансуб, қуйи маълумотли, Олий суд судялари Йўлдош Тошқариев, Усмон Абдураҳмонов, Робия Тиллаева, Файзи Шарипов, Абдулла Хамдамхўжаевларнинг барчаси қуйи маълумотли бўлиб, кечаги батрак, ишчи, суд-ҳуқуқ тизимига 3-4 йил аввал келган инсонлар эди[7]. Ўзбекистон ҳукумати А.Икромов ва Ф.Хўжаевлар бошқарув аппаратини маҳаллийлаштириш чораларини қидириб бир қатор қарорлар чиқаришга эришди. Аммо ҳаммаси қоғозда қолиб кетди. Жумладан, бошқарувда кадрларни ўзбеклаштириш юзасидан Маориф халқ нозирлигида махсус ҳайъат тузилди. 1931 йил Адлия халқ нозирлигидан Лаврик ўзбек тили ўқитувчиси сўраса, Першин ўзбек тили ўқитувчиси Содиқовни алмаштиришни сўрайди. Комиссарликнинг 113 ходимининг 54 нафаридан иккита гуруҳ ташкил этилиб, декабрда Ғуломов, Зарипов каби ўқитувчилар дарс ўтгани ҳужжатлаштирилди. Аслида эса дарсларга деярли ҳеч ким қатнашмади[8]. Ш.Бадриддинов, С.Қосимов ишини “муваффақиятли” бажарган Катанян, Гинсбурглар жамоаси республиканинг кейинги прокурори Шамсиддин Бадриддинов ишини ҳам янада юқори пардаларда олиб борди. Маҳаллий ва марказий матбуот қандайдир “бадриддиновчилик” мавзусидаги туҳмат ва бўҳтонлардан иборат юзлаб буюртма мақолалар билан тўлди. Бунинг оқибатида прокуратура, аниқроғи бутун шўро суд-ҳуқуқ тизими тўлиқ партия қўғирчоғига айлантирилди. Асосий мақсад адолат, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқнинг устуворлиги эмас, сталинча диктатура қарорларининг сўзсиз ижрочисига айланиб борди. Натижада 1932 йил ЎзССР Прокуратураси режаси: баҳорги экин, кузги экин, суғориш, пахта терим, ишчилар таъминоти, коммунал қурилиш, кредит, чистка, колхозларда синфий кураш, жун йиғиш, нон йиғиш, давлат қурилиши, режаларнинг бажарилиш ҳолати, горсоветлар ойлик маошларнинг вақтида берилиши, МТСларда эҳтиёт қисмлар ҳолати[9], давлат мулкини ўмаришни аниқлаш ва айбдорларни топиш, синфий душманни аниқлаш, хуллас сон-саноқсиз вазифалари ортиб борди[10]. Мақсад прокуратурани ўз вазифаси билан эмас, бошқарувдаги нуқсонлар билан банд этиш эди.
“Узбекская Правда” газетасининг 1933 йил 1 март сонида Астапов деган кимсанинг “Синфий душман Бағдод прокуратурасида” номли мақоласида Бағдод туман прокурори Комилжон Мағруповнинг эшонлар, босмачилар, бойларни ҳимоя қилгани ва халқ душманининг қизига уйланганини ёзади. 1933 йил 25 октябрь куни “Правда Востока” газетасида “Чей прокурор?” номли мақолада эса “...прокуратура пролетариатники, унинг душманларидан қасд олишини, синфий душманларга шафқатсиз ва аёвсиз муносабатда бўлишини талаб қилади ва орамизга кириб олган душман, юмшоқ супургилардан бири Бағдоднинг прокурори Комилжон Мағруповдир, деб бошланади. Уни ижтимоий қонунчиликка пролетар диктатурасига хиёнатда айблайди. “Колхоз тўлқини” газетасида ҳам “Бигиз”, “Узун чопон” имзоли кимсалар Мағруповга тинимсиз бўҳтонлар ёғдирди. 1933 йил 26 октябрь кунги муаллифсиз мақола “Мағрупов ҳам Қосимов ва Бадриддиновларнинг қолдиқларидан эканлигига шубҳа туғдирмайди” деб тугатилади[11]. Мана шу нуқта муҳим, демак марказ қайтиб Саъдулла Қосимов, Бадриддин Шарипов, Шамсуддин Бадриддиновлар чиқмаслиги учун ҳамма нарсага тайёр. Яна бир жиҳат, совет ҳуқуқшунослиги ҳамиша саводсиз кимсалар билан бойитиб борилган. Шу ўринда ЎзССР Прокурори Шейндлиннинг ЎзССР КП(б) МИК ва ХКСнинг 5 мартдаги “Ҳуқуқий таълимни яхшилаш ва ривожлантириш тадбирлари ҳақида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисоботига назар солсак. Унда Совет ҳуқуқ институти қабул ҳажми 90 кишилик бўлиб, 20 март ҳолатида 65 талаба ўқиган ва яна 25 кишига танлов давом этмоқда дейилади. Тергов-суд ишчилари 6 ойлик курсда 70 одам ўқийди. Эндиликда 6 ойлик курслар 3 ойлик қилиниб, тингловчилар сонини 120 нафарга – 60 нафар халқ терговчиси ва 60 нафар халқ суди ишчиси тайёрлашга келишилган. Ҳисоботга кўра, курс ўз биносига эга бўлмагани учун дарслар Крупская номидаги аёллар билим юрти ётоқхонасида олиб борилган ва мутахассис ўқитувчи кадрлар, дарсликлар мутлоқ етишмаган[12]. Аслида, Москва давлат университетини муваффақиятли тамомлаб келган олим Муҳаммаджон Мўминов, ЎзССР Олий суди раиси Саъдулла Қосимов, ЎзССР Бош прокурори Аҳмадбек Мавлонбековлар фақат қонун устуворлиги, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида курашиб, бу йўлда ҳалок бўлдилар. Тили бошқа иши бошқа кимсалар эса ўз манфаати йўлида жамиятнинг ҳуқуқий онгсизлиги, саводсизлик ва жаҳолатидан манфаатдор бўлганликлари учун ҳамиша соҳанинг абгор аҳволда бўлишини таъминлаб келдилар.
Баҳром ИРЗОЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] ЎзМА, Фонд-904, 1-рўйхат, 150-йиғма жилд.
[2] ЎзМА, Ф-904, 8-рўйхат, 44-йиғма жилд.
[3] ЎзР МА, Ф-904, 12-рўйхат, 9 а-йиғма жилд, ЎзССР НКЮ Ташоблсуд ишчиларининг шахсий таркиби анкеталари, 49 б.
[4] ЎзМА, Ф-904, р-1, 153 иш, 9-варақ.
[5] ЎзМА, Ф-904, р-1, 153 иш, 8-варақ.
[6] Совет тарихий энциклопедияси, жилд. 1–16, Москва, 1961–1976 йиллар; РГАСПИ (Средазбуро фонди. Кадрлар ва молиявий масалалар бўйича ҳужжатлар), ф. 62. Оп. 4. Д. 676. Л. 3–7. Шахсий варақ, автобиография).
[7] ЎзМА, Фонд 904, 12-рўйхат, 32-йиғма жилд. ЎзССР НКЮ рўйхати.
[8] ЎзМА, Фонд 904, 9-рўйхат, 24-йиғма жилд.
[9] ЎзМА, Ф – 904, 9-рўйхат, 258-йиғма жилд. 112 бет.
[10] ЎзМА, Ф – 904, 9-рўйхат, 92-йиғма жилд. 76–85 бетлар.
[11] ЎзМА, Ф – 904, 9-рўйхат, 210-йиғма жилд.
[12] ЎзМА, Фонд 904, 12-рўйхат, 51-йиғма жилд. ЎзССР НКЮ қошидаги Қурилиш ва ҳуқуқ институти талабалари ва ўқитувчилар. 1934 йил 29 ноябрь – 135 йил 19 июль.
Oyina.uz'ни Телеграмни кузатинг!
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ