Журналист Абдувоҳид Ҳайит “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади


Сақлаш
17:12 / 07.12.2023 400 0

Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан “ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ” тавсиясини беришда давом этади.

 

Лойиҳанинг 65-куни журналист Абдувоҳид Ҳайит “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади:

 

Каттаю-кичик, ҳаммага тавсия этиш мумкин бўлган адиб, биринчи навбатда, Навоий бобомиздир. “Бобурнома”ни мен мутолаа этилиши лозим бўлган асарлар рўйхатида иккинчи ўринга қўйган бўлардим. Чунки бу асарни мутолаа қилиш жараёнида унга сингиб кетган, айниқса, ҳозир бизга етишмаётган руҳ эркинлиги, жасурлик, самимийлик, тўғрисўзлик каби Бобурнинг юксак фазилатларидан ўқувчи ўзига бироз юқтирса, жамиятимиз анча тетиклашар эди.

 

Мутолаадан мақсад ўқувчи асардан ўзи излаётган нарсани, саволига жавоб топишни истайди. Кимдир саргузаштталаб, кимгадир тарих муҳим, кимдир юксак бадиият шайдоси, кимдир фалсафа, мантиқ, азалий ҳақиқатларни китобдан излайди. Қизиғи шундаки, фалсафий фикрлаш тарзига эга ўқувчи оддий воқеабанд асардан ҳам фалсафий хулосалар чиқариши мумкин. Кўпинча бадиий асар қанот қоқолмай турган фикрларимизга туртки бериши учун ўқилади. Шунинг учун кимгадир: “бу ёзувчини ўқима, мана бу буюк ёзувчи асарларини ўқи”, деб маслаҳат бериш унчалик тўғри эмас, деб ўйлайман. Ҳар бир ўқувчи ўз даражаси, эҳтиёж ва имкониятларига қараб адабиёт танлайди. Кўпгина асарлар ўқувчидан маълум тайёргарлик талаб қилади. Дейлик, J.P.Sartr асарларини дунёқараши бутунлай бошқа оламда шаклланган ўқувчига ўқитиш уни жазолашдай гап. Қачонки, ўқувчи Сартр жавоб излаган саволларга яқин бир мақомга етса, Сартр асарлари уни оҳанрабодек ўзига тортади. Қайси асарни қачон мутолаа қилиш ёш билан ҳам боғлиқ. Дейлик, F.Dostoyevskiy асарларини ёшликда, айни эҳтиросга тўлган пайтда ўқиса бошқача, ҳаётнинг паст-баланди, зарбалари, неъматларидан тотиниб файласуфлашган ўрта ёшда ўқиса бошқача таассурот бўлиши мумкин.

 

Муайян асарнинг ўқиладиган даври ҳам бўлади. Дейлик, ковид бошланган 2020-йил Албер Камюнинг “Вабо” романи дунё миқёсида кўп ўқилди. Романни аввал ўқиганлар қайта ўқишди. Чунки сизнинг руҳиятингиз ва бадиий асар руҳияти ўртасидаги яқинлик асарни чуқурроқ тушуниш, ҳис қилишда ёрдам беради.

 

Миллий ўзликни англаш деган муҳим тамойил бор. Ўзликни англамаган инсон ҳар мақомга йўрғалашга маҳкум. Бунинг учун эса Қодирий, Чўлпон, Фитратлар; Огаҳий, Муқимий, Нодира, Лутфий, Саккокий, Юсуф Хос Hojib... бир сўз билан айтганда, барча мумтоз адабиётимиз вакиллари муҳим.

Лекин фақат миллий адабиёт билан чегараланиш ҳам маҳдудликка олиб келади. Адабиётда ҳеч бир замонда чегара бўлмаган, бугунги бадиий тафаккурни англаш учун албатта жаҳон адабиёти дурдоналари билан ошно бўлиш шарт. Бу рўйхат эса жуда узун. Замон билан ҳамнафас бўлиш учун эса албатта замондош ёзувчи ва шоирларимиз асарларидан баҳраманд бўлиш керак, деб ўйлайман. Бу менинг мутолаага ёндашувим. Аммо лойиҳа доирасида 10 китоб тавсия қилиш керак бўлса, шартли равишда қуйидагиларни санаган бўлардим:

 

1. Алишер Навоий, “Хамса” достонлари

2. Юсуф Хос Ҳожиб, “Қутадғу билиг” достони

3. Чўлпон, “Кеча ва кундуз” романи

4. Рауф Парфи, “Сабр дарахти” шеърий тўплами

5. Лев Толстой, “Уруш ва тинчлик” романи

6. Федор Достоевский, “Телба” романи

7. Албер Камю. “Бегона” романи

8. Албер Камю, “Вабо” романи

9. Жан Пол Сартр, “Беҳузурлик” асари

10. Габриэл Гарсиа Маркес, “Ёлғизликнинг юз йили” романи.

 

Абдувоҳид Ҳайит 1967-йилда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Филология фанлари номзоди. Шоирнинг “Жон қуши” номли шеърий китоби чоп этилган. Айни вақтда Канадада яшаётган ижодкор жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

 

Oyina.uzни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси