Қудратли, бошига қуш пати тақиб юрувчи, темир иродали – хитой манбаларида туркийларга яна қандай таъриф берилган?


Сақлаш
22:52 / 06.12.2023 554 0

Маълумки, айни замондаги туркий халқлар, жумладан ўзбеклар тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Буни нафақат Марказий Осиё тарихчилари, балки жаҳон олимлари ўз асарларида таъкидлаб ўтишган. Бироқ ушбу асарларда мунозирлик ва хато фикрлар ҳам учраб туради. Шундай масалалардан бири “турклар VI асрда Олтойда пайдо бўлган деган қарашдир. Ушбу қараш нафақат ижтимоий  фанларнинг турли соҳаларига, балки қатор давлатларнинг сиёсатига, ижтимоий тафаккурга таъсир кўрсатган. Мантиқан ёндошилганда ҳам бу қараш шубҳа уйғотади.

 

Қисқача қилиб айтганда ушбу қарашнинг келиб чиқиши хитой манбаларидаги маълумотлар етарли даражада ўрганилмаганлигига бориб тақалади. Лекин улардаги энг қадими турклар тарихига оид маълумотларни аслият асосида ўрганиш ва хитой иероглифларининг қадимги ўқилиши  ва маъноларига эътибор бериш асосида мазкур қарашнинг нотўғри эканлигини англаб олиш мумкин. Мисол сифатида қуйидаги маълумотларни келтираман.

 

Чин манбалари ва тарихий адабиётларида кўрсатилишича, хитой  (хан) халқининг 5 минг йиллик ёзма тарихи мавжуд. Уларнинг Шя () деб номланган илк давлати милоддан аввалги XXI–XVI асрларда мавжуд бўлган. Шу даврда шяликлар турклар билан муносабатда бўлишган.

 

Шунда, хитойлар туркларнинг этник номини қудрат, куч маъносини англатувчи ва шу замонда “тиек” (tiek ) деб ўқилган иероглиф билан транскрипция қилишган. Маълумки, турк этноними ҳам куч, қудрат маъносини англатган.

 

Ушбу иероглиф йирик ҳайвон белгисига оловнинг белгисини қўшиш асосида шакллантирилган. Айни замон хитой тилида ушбу иероглиф “ди” ўқилади. Демак, бу иероглифнинг замонавий ўқилиши турк сўзига ўхшамайди, аксинча унинг қадимги талаффузи ушбу сўзнинг хитойча транскрипцияси эканлиги яққол кўринади.

 

Милоддан аввалги иккинчи минг йилликнинг иккинчи ярмида турк атамасининг иккинчи хитойча транскрипцияси пайдо бўлди. Бунга ишлатилган иероглиф ўз даврида “тиаук” (tiauk ) деб ўқилган ва бошига қуш пати тақиб юрувчилар маъносини англатган. Ҳозир бу иероглиф ҳам “ди” ўқилади. Хитой манбаларининг таржималарида ҳар иккала иероглифлар замонавий талаффузда қўлланилган ва уларни турк этнонимининг хитой транскрипцияси эканлигини англаб олиш қийин кечган.

 

Милоддан аввалги биринчи минг йилликда хитой тарихчилари турк этнонимини тиеклиек (tiek-liek / замонавий ўқилиши дили 狄歷), тиэклэк (t‘iək-lək / замон. ўқ. чилэ 敕勒) деб транскрипция қилишган.

 

Милоднинг биринчи 500 йили давомида хитойлар туркларни тиетлэк (замонавий ўқилиши теле, телэ 鐵勒) деб транскрипция қилишган.

 

Ушбу 3 та хитойча атамаларнинг қадимги ўқилиши турклик, яъни турклар сўзининг хитойча транскрипцияси эканлиги яққол кўриниб турибди. Бу учта атамани ёзиш учун ишлатилган иероглифларнинг луғавий маъносига эътибор берилса, улар қудратли, кучли, темир каби қаттиқ иродали  маъноларини англатганлигининг гувоҳи бўламиз.

 

Турк хоқонлиги ташкил топгандан кейин шу даврдаги хитой тарихчилари туеткиуат / t‘uet-kiuаt  (замонавий ўқилиши тужюэ突厥) атамасини турк этнонимининг янги транскрипцяси сифатида ишлатишди. Лекин улар бунинг сабаби ҳақида керакли изоҳ ёзиб кетишмаган. Ушбу ҳолат хитой манбалари асосида тадқиқот олиб борувчилар, жумладан, хитой тарихчилари орасида турли қарашларни юзага келтирди. Айрим тарихчилар, айниқса рус тилли тарихчилар орасида турклар VI асрда Олтойда пайдо бўлган деган хато хулосанинг келиб чиқишига сабаб бўлди.

 

Ҳақиқатдан, замонавий хитойчада тужюэ (突厥) деб ўқилган этноним VI асрнинг ўрталарида хитой манбаларида пайдо бўлган. Уни Н.Я.Бичурин (Иакинф) “тугю” деб транскрипция қилган. Бу олимнинг таржимаси орқали тарихий адабиётларга кириб қолган.

 

Турк хоқонлиги ташкил топишидан илгари хитойлар ушбу атамани қабила номи бўлмиш туркқут  атамасининг транскрипцияси сифатида ишлатишган. Бу мақсадда танлаб олинган икки иероглиф шу даврда туеткиуат / t‘uet-kiuаt деб талаффуз этилган бўлиб, у ғордан чиққан одамлар маъносини англатган. Туркқут атамасини ёзиш учун айнан шу икки иероглифнинг ишлатилиши тасодифан бўлмаган.

 

Ушбу қабилани ташкил этганлар туркқутлар Олтойга кўчиб боргунича, бир асрга яқин вақт давомида, ҳозирги Урумчи шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашган Жимуса шаҳри ёнидаги тоғ орасида яшаган. Бу жойга ғорга ўхшаган тор тоғ оралиғи орқали кириб чиқиш мумкин бўлган.

 

Хитой манбаларининг кўрсатишича, туркқут қабиласи аждодлари азалда Орол денгизининг ғарбий томонида яшаган. Кейин шарқ томонга кўчган. Монголия ҳудудига (Енисей дарёсининг юқори оқими атрофи) кўчиб келганида, Сака деб номланган хонлик (Суо-гуо 索國) ташкил этилган. Шунда туркқут қабиласи аждодларига  Абам-бий (Абангбу / Abangbu 阿謗歩) етакчилик қилган. Ушбу давлатнинг ташкил топган санаси номаълум, лекин у милоддан аввалги 176 йилда ҳунлар томонидан йўқ қилинган. Ушбу хонлик фуқаролари Ўрдўсга кўчган.

 

Ҳун империяси тугатилгандан кейин туркқут қабиласи аждодлари Ўрдостдан ғарб сари кўчишган. 439–460 йилларда улар Хэши йўлаги, Дунхуанг (Даштота) орқали Лобнор кўли яқинидаги Пишамшон (хитойча Шаншан) вилоятига келган. У ердан Қорашар ва Турфон вилоятлари орқали ҳозирги Урумчи шаҳри яқинидаги тоғ орасида жойлашган кенг далада бир асрга яқин вақт давомида яшаб кўпайган. Ушбу жойга ғорга ўхшаган тоғ тошлари орасидан кириб чиқилган. Шундан кейин жанубий Олтойга кўчган.

 

VI асрнинг ўрталарида бу ерда қариндош қабилаларни бирлаштириб, Турк хоқонлигининг ташкил топишига асос солган куч сифатида тарихий саҳнада пайдо бўлган ва Хитой билан алоқа боғлаган. Шундан кейин  хитойлар туеткиуат / тужюэ атамасини аввалига қабила, кейинроқ Турк хоқонлиги ва ушбу янги давлат  аҳолисининг умумий номи сифатида ишлатишган. Натижада қабила номи бўлмиш туркқут  атамасининг хитойча транскрипцияси бўлмиш туеткиуат / тужюэ турк этнонимининг янги транскрипциясига айланган.

 

Хитой манбаларида яна бир маълумот келтириладики, бундан 4 минг йил илгари хитойлар аждодлари туркларга дуч келишганда, уларни “Ғарбий замин одамлари” (Шиту чжи рен 西土之人) деб аташган. Бу одамлар ким эди деган савол очиқ қолмоқда.

 

Милоднинг дастлабки бир неча асрлари давомида турклар катта нуфузга эга бўлган ва 40 дан зиёд қабила ва қабилалар бирикмасини ташкил этган, ҳамда тарқоқ ҳолда яшаган. Хитой манбаларида бу қабилаларнинг номлари келтирилади.

 

 

Улар истиқомат қилган замин шарқда Корея ярим ороли ва Бўхай (ҳозирги Сариқ денгизи) денгизигача, Ғарбда Қора денгиз ва Ўртаер денгизи бўйларигача, жанубда эса Марказий Афғонистон ва Эронгача чўзилган.

 

Турклар ҳаракат қилган ушбу улкан замин турли иқлимга эга бўлган тоғли ҳудудлар, чўлликлар, кўкаламзор водийлар, дарё бўйларидан иборат. Табиий офатлар, ички низолар ва урушлар туфайли туркий қавмлар ушбу замин доирасида жойдан жойга кўчишга мажбур бўлишган. Кўп марта бирлашиб йирик давлатлар ташкил этган ва парчаланиб кўп гуруҳларга бўлиниб кетган.

 

II–IV асрлардаги Монголия ҳудудида истиқомат қилган 10 та туркий қабилалардан бири замонавий хитой тилида “турухэ”, “туругэ” (吐如紇) деб номланган. Ушбу 3 та иероглиф қадимда “туриағэт” ўқилган.  Бу атама ҳам туркқут (турк авлоди) қабиласининг маълум бир тарихий даврдаги хитойча аталиши деган фикрга келинди.

 

Бундан ташқари, хитой манбаларида туркқут қабиласини ташкил этганлар Ашина (қадимги ўқилиши Асенна) уруғи авлодларидир деган маълумот мавжуд. Ушбу уруғ асосчисининг яшаган вақти милоддан аввалги III-II асрларга, истиқомат қилган жойи эса Монголия ҳудудига тўғри келади.

 

Аблат ХЎЖАЕВ,

тарих фанлари доктори

 

Oyina.uz'ни Телеграмни кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//