Урушда куйланган, тақиқланган ва воз кечилган гимнлар. Жаҳон ва Ўзбекистон мадҳиялари тарихи


Сақлаш
17:25 / 06.12.2023 479 0

 

Давлат мадҳияси – нафақат тарих ва қадриятлар, балки миллий ғурур ва ватанпарварлик рамзи ҳамдир. Бугунги кунда барча суверен давлатлар ўзларининг миллий мадҳияларига эга. Уларнинг аксарияти жуда қадимий бўлиб, узоқ тарихий йўлни босиб ўтган. Мамлакат мадҳияларини яратиш ва давлат гимни сифатида қабул қилишда халқнинг тарихи, қадриятлари, ўзига хослигини қанчалик акс эттирилиши, жарангдорлиги каби жиҳатларга эътибор қаратилади. Шу боис аксар давлатлар ўлка кечмишида муҳим ўрин тутган тарихий қўшиқларни мадҳия сифатида танлаган.

 

 

Энг қадимий, энг қисқа ва соъзсиз мадҳиялар

 

Дунёдаги энг қадимий мадҳия Нидерландиянинг миллий гимни бўлиб, у «Вилгелм қўшиғи» деб номланади. Мадҳия 1572 йил Нидерландия озодлик уруши (инқилоби) етакчиси Оранлик Вилгелм I шарафига ёзилган бўлиб, асрлар давомида мамлакатнинг машҳур қўшиқларидан бири эди. Унга 1932 йил расман давлат мадҳияси мақоми берилган. Бироқ баъзи тарихчилар Япония мадҳияси «Кимигаё»ни жаҳондаги энг қадимий гимн дея таъкидлайди. Бунга сабаб «Кимигаё» (яъни «Император ҳукмронлиги»)нинг матни VIII-ХII асрлардаги эски япон поэзиясидан олинганидир. Аммо 1880 йилга келибгина ушбу шеърга куй басталанган ва у қўшиққа айланган. Шу боисдан ҳам аксарият олимлар уни дунёдаги илк мадҳия дея ҳисобламайди. Бироқ, Япония гимни бошқа йўналишда ўзгачиликка эга – «Кимигаё» дунёдаги энг қисқа мадҳиядир (энг узун мадҳия эса Грецияга тегишли).

 

Оранлик Вилгелм I 

 

Баъзи мадҳиялар мамлакатда турли тильда сўзлашувчи халқлар яшаши ҳисобига бир неча тильда куйланади. Масалан, Финляндия давлат мадҳияси «Маамме» аввалига швед тилида ёзилган, кейинроқ фин тилига ўгирилган. Бунга сабаб мадҳия ёзилган вақтда (1848 йил) Финляндияда жуда кўп шведлар яшаган ва улар мамлакатда алоҳида мавқега эга бўлган. Аммо вақт ўтиши билан шведлар таъсири ва адади камайган (ҳозир бутун аҳолининг атиги 5 фоизини ташкил қилади) ҳамда финларда мадҳияни ўзгартириш фикри пайдо бўлган. Лекин бу ташаббус катта қўлловга эга бўлмаган ва ҳозирда гимннинг швед ва фин версиялари бир хил ишлатилади. Бугунги кунда «Маамме»дан халқаро ва миллий тадбирларда Финляндия мадҳияси сифатида фойдаланилса ҳам у расмий мақомга эга эмас. Бундай ҳолатни Янги Зеландия, Канада (икки тилда), Жанубий Африка республикаси (беш тилда), Ҳиндистон (бенгал тилида), Покистон (расмий тил урду, мадҳия эса форс тилида), Бельгия (уч тилда: француз, нидерланд, немис), Шотландия (шотланд, инглиз, гель тилларида) ва Швейцария мадҳияларида ҳам кўриш мумкин. Баъзи давлатлар эса тил муаммосини жуда осон ҳал қилган, яъни ҳеч қандай сўзларсиз мадҳия танланган. Босния ва Герцоговина, Сан-Марино ва Испания айнан шу усулдан фойдаланган давлатлар.

 

Тарихан қаралганда кўплаб миллий куйлар илдизи ҳарбий маршларга бориб тақалади ва уларни илк мадҳиялар дейиш мумкин. Ҳозирги аксар мамлакатларнинг мадҳиялари дастлаб ҳарбий марш сифатида ишлатилган. Хусусан, Франциянинг машҳур «Мерселеза» мадҳиясининг биринчи номи «Рейн армияси учун ҳарбий қўшиқ» бўлиб, француз инқилоби ҳимоячилари томонидан жангларда куйланган. Туркия миллий гимни – «Истиқлол марши» эса армия сафларида синовдан ўтказилгандан сўнг парламент муҳокамаси қўйилган.

 

 «Марсельеза» муаллифи Руже де Лилл мадҳияни илк бор ўқимоқда

 

Ўзбек мадҳиячилиги илдизлари

 

Илк ўрта асрларда давлатларда расмий мадҳиялар бўлмаган, аммо юқорида айтилганидек, юришлар пайтида куйланувчи ҳарбий маршлар кўп бўлган. Мисол учун, Буюк Турк хоқонлиги аскарлари қўбиз, дўмбира ва бошқа зарбдор чолғу асбобларини чалиб, жангларга кирган. Профессор Абдурауф Фитрат ХI асрда яшаган Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғоти-турк» асари таркибидаги жангнома шеърлар, шиддатли ҳужумлар, алплар тўқнашуви саҳналарини таҳлил қилган ва жанговар мадҳиялардан мисоллар келтирган:

 

Ўпкам калиб ўғрадим,

 

Арислаю кўкрадим.

 

Алблар башин тўғрадим,

 

Амди мани ким тутар?

 

Маъноси: «Менинг ғазабим келди, Арслонлар каби наъра тортдим, Ботурларнинг бошларини тўғрадим. «Энди мени ким тута олур, ким сақлай олур» деб қичқирдим».

 

Амир Темур қўшинларида ҳам турли ҳарбий куйлар – «Сарбозча», «Аскарий» ва «Усмония»лардан фойдаланилган. Жангдан олдин ноғора, дўмбира, карнай, сурнай ҳамоҳанглигида махсус маршлар ижро этилган. Ўзбек хонликлари даврида ҳам ҳарбий куй-қўшиқлар яратиш ва уларни ижро қилиш урф бўлган. Қўшинга ҳарбий оркестрлар ҳамроҳлик қилган.

 

Бухоро амирлиги ҳарбий оркестри

 

Марказий Осиё халқлари кўплаб ҳарбий маршлар, миллий ватанпарварлик қўшиқларига эга бўлган, бироқ афсуски бу йўналишда тадқиқотлар ҳали кам (деярли йўқ) бўлиб, тарихий маълумотларнинг катта қисми очиқланишини кутиб турибди. Ўзбек мадҳиячилиги тарихи жиддий ўрганишларга муҳтож.

 

Замонавий ўзбек мадҳиялари

 

Ўзбекистон тарихидаги биринчи расмий давлат мадҳияси – бу Чўлпоннинг 1917 йил ноябрида Туркистон мухторияти учун ёзган «Озод турк байрами» гимни деб ҳисобланади (уни баъзида «Туркистон миллий марши» деб ҳам аташади). Ушбу қўшиқ шунчаки мадҳия бўлмай, ўзбек халқининг миллат сифатида илк бор ўзлигини англаши, миллий руҳни кўтариш, мустақил давлатни барпо этиш йўлидаги ҳаракатлари рамзи ҳамдир.

 

Чўлпон Туркистон мухторияти учун ажойиб, тантанавор қўшиқ ёзиб берган эди:

 

Кўз очинг, боқинг ҳар ён!

 

Қардошлар, қандай замон!

 

Шодликка тўлди жаҳон!

 

Фидо бу кунларга жон!

 

Туркистонлик — шонимиз, Туронлик — унвонимиз,

 

Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

 

Ушбу мадҳия ўша даврдаги қатор жадид газета ва журналларида чоп этилган, варақаларга ёзилиб, аҳолига тарқатилган (шундай варақалардан баъзилари ҳозирги кунгача етиб келган). Қўшиқ учун мусиқа ҳам басталаниши режалаштирилган, аммо Туркистон мухториятининг тугатилиши бунга имкон бермаган. Мухторият қулатилиб, ўлкада большевиклар назорати ўрнатилгач, «Озод турк байрами» аксилинқилобий, миллатчи, пантуркист шеър тамғаси билан тақиқланган. Уни ижро этган одамларни қамоққа олиш, сургун қилиш ва ҳатто отиб ташлаш ҳолатлари ҳам юз берган.

 

«Озод турк байрами» шеъри

 

Туркистон мухторияти мадҳиясидан кейин ўзбек халқи Иккинчи жаҳон уруши якунига қадар расмий миллий мадҳияга эга бўлмаган. Фақатгина СССРда 1935 йил бошланиб, 1940 йиллар жадаллашган давлат мадҳияларини яратиш кампанияси доирасида Ўзбекистон ССРда ҳам миллий мадҳия қабул қилиш ишлари бошланган. 1935 йил Ўзбекистон ёшлар қўмитасининг Марказий бюроси ва Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Совети ҳузуридаги Радиолаштириш ва радиоэшиттириш қўмитасининг қарорига биноан, ёшлар ташкилотининг ВИИ қурултойига бағишлаб ватанпарварлик руҳи билан суғорилган оммабоп қўшиқлар, мадҳиялар яратиш учун танлов эълон қилинади. Ушбу танловда Усмон Носир, Миртемир каби ёзувчилар ҳам қатнашган.

 

Бироқ расмий мадҳия учун ҳақиқий танлов 1946 йил эълон қилинади ва у ёпиқ тарзда ўтказилади. Яъни, матн муаллифи исм-шарифини сир сақлаган ҳолда ўз шеърини конвертга солиб, унинг устига шартли ном қўйиб комиссияга жўнатиши лозим эди. Ҳакамлар овоз бериши натижаларига кўра, шоир Темур Фаттоҳ ёзган шеър энг кўп овоз тўплайди. Шундан сўнг мазкур шеърга мусиқа ёзиш учун бастакорлар ўртасида ҳам ёпиқ танлов ташкил этилади. Ҳакамлар ҳайъати таркибига эндигина 30 ёшни қоралаган Мутал Бурҳонов ҳам киритилади. Мутал Бурҳоновнинг айтишича, у аввал истиҳола қилиб, танловда қатнашишни лозим топмайди. Аммо дўсти, профессор Султон Умаров: «Танловда иштирок этинг», деб туриб олади. Қатор таниқли, тажрибали, маҳоратли бастакорлар ўз ижод намуналари билан қатнашган танловда Мутал Бурҳонов ҳайъат аъзоси сифатида ўз асарига қарши овоз беради. Аммо муҳокамалар якунида айнан унинг мусиқаси давлат мадҳияси куйи сифатида танланади. Ушбу мадҳия 1956 йилга қадар хизмат қилади. Сталин вафот этиб, Хрушчёв «Сталин шахсига сиғиниш ва унинг оқибатлари»ни қоралагандан сўнг, мадҳия сўзларини ўзгартиришга тўғри келади, чунки мадҳияда Сталин номи бир неча бор қайд қилиниб, алқанганди. Янги мадҳия учун матнни шоир Туроб Тўла ёзади, мусиқа эса ўзгаришсиз қолади. Шеърдаги Сталин сўзлари Ленин билан алмаштирилади.

 

Мустақиллик мадҳияси

 

Ўзгартирилган мадҳиядан 1992 йилнинг декабригача фойдаланилади. 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаши депутатлари ва мамлакат раҳбарияти аввалроқ эълон қилинган мадҳиялар танловининг финалгача етиб келган уч номзодини эшитади. Давлат мадҳиясини танлашда унинг миллий тарихни, ўзликни қанчалик акс эттириши, қайси чолғу асбоблари ёрдамида ижро қилинишига (чет элда ижро этилганда чолғу асбоблари топилиши муаммо бўлмаслиги учун миллий асбоблардан фойдаланмаслик тавсия этилган) эътибор қаратилади. Депутатлар шоир Абдулла Ориповнинг Мутал Бурҳонов мусиқасига басталанган шеърини жуда илиқ қарши олади ва уни Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси сифатида қабул қилади.

 

(Чапдан ўнгга) Мутал Бурҳонов, Абдулла Орипов ва Мирпўлат Мирзо Олий Кенгаш йиғилишида

 

Иккинчи ўринни бастакор Рустам Абдуллаев ва шоир Мирпўлат Мирзо яратган «Уйғонар чўққилар устида офтоб» қўшиғи эгаллайди. Учинчи ўринга эса Абдулла Орипов ва Бахтиёр Алиевнинг «Минг йиллар қаъридан келар карвонинг» композицияси лойиқ кўрилади. Шу тариқа бугунги кунда ўзбек халқи фахр билан тингловчи миллий мадҳия майдонга келган. Охирги йилларда миллий гимнимиз борасида кўплаб фикрлар билдирилмоқда. Аксарият фаоллар ҳозирги мадҳия куйи собиқ ЎзССР мадҳиясининг мусиқаси эканига эътибор қаратиб, у ўзбек халқининг бошига оғир кунларни солган совет даврини эслатишини таъкидлайди. Бироқ, расман олганда, собиқ СССР давлатларидан фақатгина Россия ва Тожикистон совет давридаги мадҳия куйларидан фойдаланади. Қолган барча республикалар ёки тарихий меросга мурожаат қилган ёхуд янги мадҳия яратган.

 

Муҳаммадқодир Собиров,

 

 

 

 

Ойина.уз

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10546
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//