
1908 йил буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий мақоланавислигининг энг сермаҳсул давридир. Бир йил аввал унинг учун саёҳат фурсати бўлганлиги, хусусан, Россиянинг Санкт-Петербург, Қозон шаҳарларига борганлиги, шунингдек, Фарғона вилоятидаги аҳвол билан танишиб, тараққийпарвар, юрт озодлиги учун кураш истагида ёнган инсонлар билан фикр алмашганлиги бу ижодга замин яратади. Ушбу саёҳатлар таъсири ва Туркия давлатида содир бўлган ички инқилоб унинг келажакка бўлган ишончини бир қадар кучайтиради. “Муҳораба мусулмонларга ёқарму?” (1908 йил, 15-сон), “Баёни маъзурат” (1-сон), “Баёни ҳол” (19-сон), “Бир афсуслик хабар” (30-сон), “Мажлиси имтиҳон” (33-сон), “Мутолаахона” (48-сон), “Қабристони муслимин” (51-сон), “Қонун” (63–65-сонлар), “Таърих ва жуғрофия” (90-сон), “Тавзеҳ” (94-сон) каби йигирмага яқин мақоласи “Туркистон вилоятининг газети”да босилиб чиқади. Маҳаллий тилни яхши билган айёр миссионер, газета муҳаррири Николай Остроумов шу йили тараққийпарварлар билан қадимчилар ўртасида нифоқ учун майдон очади. Бунда муҳаррир икки томоннинг ҳам фикрини очиқ беради. Масалан, Раҳматулло Раҳим жадид мактабларига қарши “Бузуқ мактаб боласи усули жадида” сарлавҳали мақоласи билан чиқади.
Газетада фикрини айтишга имконият яратиб берганлиги учун муҳаррир шаънига илиқ сўзлар айтиш мумкиндек кўринади. Лекин унинг бу “ҳурфикрлилиги” замирида тараққиётга интилаётган маҳаллий зиёлиларни бир-бирига зид қўйиб, улар орасига ихтилоф солиш нияти борлигини ҳам сезиш қийин эмас. Иккинчи томондан, у газетасини мусулмон зиёлиларига очиб беришга мажбур эди. Чунки 1906-1907 йиллари чиққан “Тараққий” газетаси ва издошларининг ёпилишига Н.Остроумовнинг шахсий мулоҳазалари асос бўлганди.
Баҳслар шу даражага етадики, муҳаррир айрим мақолаларга сўзбоши ёзиб, муаллиф ёки унинг мақоласининг “попугини пасайтириб” ўқувчи муҳокамасига қўйишга мажбур бўлади. Улардан бири Беҳбудийнинг “Таърих ва жуғрофия”[1] мақоласи бўлиб, у катта шов-шувга сабаб бўлган. Мазкур публицистик асар тезликда “Охранка” томонидан таржима қилинган. Таржима ва изоҳ Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланмоқда.
Тўғри, Беҳбудий мақолани жуда мураккаб тилда ёзган. Унда араб, форс сўзлари кўп ишлатилган, устига-устак жумлалар ҳам жуда узун. Беҳбудий публицистикасида атай мураккаб тилда ёзилган бундай мақолалар, оз бўлса-да, учраб туради. Масалан, “Самарқанд” газетасининг охирги сонларидан бирида босилган “Миллатнинг бошчиси талаб киромға”[2] мақоласи ҳам юқоридагилар сирасига киради. Яъни, улар миллатнинг илмли кишиларига қаратилган мурожаатдир. Хўш, Беҳбудийнинг “Таърих ва жуғрофия” мақоласида нималар ёзилган? Нега уни “Охранка” тезлик билан таржима қилдирди?
Бунга боис жадид мактабларига қарши ёзаётган, гапираётганлар фикридан, аниқроғи, жадидларни нодонга чиқаришганидан таъсирланганидир. Шунча йил халқни уйғотиш учун ўз маблағига китоб ва мақолалар ёзиб, меҳнат қилиб, пул сарфлаб мактаблар очишса-ю, ишнинг моҳиятини қадимчилар, таъбир жоиз бўлса, халққа сўзи ўтадиган зиёлилар тушунмагач, у рус зуғумидан ҳам қўрқмай жуғрофия фанининг зарурати соясида масаланинг моҳиятини очиб беради.
Мақоланинг салмоқли бўлишида фактлар катта аҳамиятга эга. Бу фактларга публицистнинг дардли сўзлари йўғрилса, у тошни ҳам эритиб юборади. Беҳбудий қанчадан-қанча шарқ мамлакатлари қўлдан кетганлигини қайғу билан тасвирлайди. Мақоланинг композициясини белгилаган жолис – суҳбатдошга мурожаат қилади: “Эй биродар, таърихи исломни қоралайдургон саҳифалари хулосасини натижасиндан сизға арз қиларманки, ер олами кетди, кетадур”[3].
Муаллиф Оврупонинг жануби-ғарбидаги ва Сибир томондаги қўлдан кетган мамлакатларни бирма-бир санайди.
Публицист зора аҳволни кўрар деган умидда суҳбатдошини харитага назар ташлашга чорлайди. Бардош бера олмайди, йиғлайди.
Бу мақоладан сўнг “ташкил қилинган” жанжал расман юқоридаги кўчирманинг айрим фикрларига таянган. Бундаги асосий фикрда эса икки мамлакат – Туркия ва Эронгина ҳеч кимга тобе эмаслиги ва бу “аҳли исломға ибрат” бўлиши таъкидланади. Мақола ҳадисдан олинган ибратли фикр билан якунланади: “Жолисимиз дейур: Оре, худо қилди, ман дедим: “Олган барча яхши нарсаларинг худодан, бошқалари ўзингдандур”1. Яъни, “Ҳаммаси худодан” дейдиган кишиларга нисбатан Беҳбудий ишончли манбалардан кўчирма келтириш билан жавоб беради. Беҳбудийнинг бундай маҳорати мақолага залвар бағишлаган. Араб тилида, Қуръондагидек кўчирилган бу кўчирма ҳам “Охранка” учун таржима қилиб берилган. Бунда биз юқорида мақола “зиёлилар учун ёзилган” деган фикримизга яна бир далилни кўрамиз. Чунки Қуръонни ҳар бир мусулмон ҳам тўғридан-тўғри таржима қилиб, тушуниб кетавермаган. Беҳбудий бу фикри билан ислом мутаассибларига катта зарба беради. Мутаассиблар “Бизнинг ғайридинга муте бўлишимиз ҳам худодан”, деган ақидани байроқ қилганча, ўзларини ҳимоя қилиб, халқни тинчлантириб юришган. Беҳбудий эса бу мутеликнинг ёмон ҳол эканлигини далиллаб, ёмоннинг эса худодан бўлмаслигини манбалардан исбот келтириб жавоб қилади.
Лекин Остроумов ёзган шарҳнинг мақолага бир қадар таъсирини айтиб ўтиш жоиз. Остроумов маҳаллий тилни яхши ўзлаштиргани боис ҳар бир жумлани синчиклаб ўқиган, мақоланинг моҳиятидаги фикрни тушуниб етган. Аммо мақолани босмасликка имкон бўлмаган. Балки фитна уюштириш учун ҳам берилган бўлиши мумкин. Муаллиф мақоласининг бошида “муҳаррири муҳтарам”нинг айрим фикрлари “устодона ва пирона” эканлигини маданият нуқтаи назаридан “келиштириб” ёзган. Бундай мақтовлардан сўнг, Остроумов мақолани беришга қарор қилгандир. Бироқ ҳар эҳтимолга қарши мустамлакачи нуқтаи назаридан Беҳбудийнинг мақоласи, жумладан, жадид мактабларида жуғрофия ва тарихни жорий қилиш дастуридаги камчилик ва нуқсонларни “кўрсатиб” берган. Беҳбудийнинг мақсади – болаларга боболарининг нақадар қудратли бўлганлигини эслатиш, кейинчалик йўл қўйилган хатоларни кўрсатиш, тараққий этиш учун йўналиш бериш эди. Остроумов ёзган сўзбошида айнан ўша жойларига зарба берган:
“Оврупо ва Руссия мадрасаларида доимо мазкур илмлар ўқулса керак, яъни биргина тоифага тааллуқ таърих ва жуғрофия ўқумоқ дуруст эмас ва ул илм фойда бермас ва балки ул тоифаға такаббурлик кучайиб ва бўлак тоифаларни аҳволотини нодуруст кўрсатиб, бул хусусда шоғирдларға манфаат бўлмаса керак. Тарбиятнинг асл тартиби шулдирким, ҳеч вақт ва ҳеч нима хусусида нодурустлик хаёл ва андишаларни талабаларга алоқа қилмоқ дуруст эмас”4.
Остроумов “нодуруст” хаёл келиб чиқадиган ҳар қандай дарсликлар ўқувчиларга “ёмон” таъсир қилишини сезади ва бир мамлакатга тобе бўлгач, унинг қонунларига бўйсуниб, унинг тарихини ўқиш ғоясини илгари суради.
Остроумов жадидлар ҳаракатининг нозик жиҳатларини сезган ва уларга нисбатан барча фикрларини газетада бериб бориб, маҳаллий халқ орасига нифоқ солиб турган. Шунингдек, у бу маърифий ишда зимдан давлатга қарши иш олиб бориш мумкин эмаслигини таъкидлайди: “Албатта, бу тариқа тартиб асло нодуруст ва ҳукуматдорлар ул тартибни жорий қилмоқға рухсат бермасалар керак ва ҳар қаюлар билсалар керакким, мамлакат ичида ҳеч бир махфий ишлар бўлмаса керак...”[4].
“Бўлмаса керак” деган гап шартлилик аломати ҳисобланади. Остроумов ҳақиқатан ҳам ўз фамилияси мазмунига мос мустамлакачи давлат фуқароси эди, десак адашмаган бўламиз. Лекин у нақадар “созлаб”, қўрқитиб сўзбоши ёзган бўлса, мақола шунчалик қимматли тарзда кўз ўнгимизда намоён бўлади, яъни у ўз таъсирини кўрсатади. Шундан бўлса керак, чор “Охранка”си уни дарҳол таржима қилди ва Беҳбудий негадир ўзининг изоҳ талаб қилмайдиган мақоласига “Тавзеҳ”1, яъни изоҳ ёзди. Ҳар ҳолда, мазкур “Таърих ва жуғрофия” мақоласида битган “истасангиз бошқа замон сўйлашурмиз”, деган ваъдасига биноан ёзмади, балки... ўша вақтда бўлиб ўтган воқеалар тафсилоти сирлигича қолиб кетган бўлса-да, Беҳбудийнинг “Тавзеҳ” номли мақоласида унинг “изоҳи” талаб қилиб олинганига ишора бор. Аввало, ушбу мақола изоҳ дея номланса-да, негадир изоҳга изоҳ тариқасида муҳаррирнинг сўзбошиси ҳам ёзилган. Савол туғилади: изоҳга изоҳнинг нима кераги бор? Муҳаррир сўзларидан иқтибос келтирсак ҳаммаси аён бўлади:
“Мундин муқаддам 90-инчи рақамлик газетамизда ҳурматлик Маҳмудхўжа муфтийнинг фелетуниға андак жавоб тарзида ёзган эдук. Ул ёзган мақоласи асбоби фасод ёки ёмон муддао деб ўйламадук. Лекин мақолани газетга дарж қилганимизда Хива ҳукумат соҳиблари ва Хива, аларға тобеъ одамлар они ўқуб ямон муддаога таъбир бермасликлари учун биз жавоб савол муқаддардек дафъи истиҳола айлаб, баъзи мулоҳазаларни ёзиб, ўйлағон эдукким, бизни ул ёзган жавобимизга ҳурматлик Маҳмудхўжа муфти ўзи албатта жавоб ёзсалар керак деб. Ондин келган жавобни кўрдук.
Кўрдук, ёзганингиз тўғри, дуруст жавоб ёзибсиз. Хурсандлик илан бул ёзган жавобингизни ушбу газетга солмоқни муносиб кўруб, газет саҳифасидан жой бердук”[5].
Гўёки Беҳбудий ушбу “Тавзеҳ”ни “Таърих ва жуғрофия” мақоласи билан берилган муҳаррир фикрига жавоб ёзган-у, муҳаррир унга чин дилдан газетадан жой ажратгандек туюлади кишига. Бироқ “Охранка”нинг махфий папкаларида сақланган Беҳбудий мақоласининг таржима-изоҳини топганимиз бу туйғунинг асоссизлигини кўрсатди. Санъатнинг, публицистиканинг шундай усуллари борки, воқеаларни бемалол улар орқали аниқласа бўлади. Дейлик, агар Беҳбудийга биров “сиёсатга аралашмайсан, сўзингни қайтиб ол” демаганида, у “Тавзеҳ” номли мақоласида қуйидаги фикрларни баён қилмаган бўларди:
“Руссияни ким ва қандайлигини билмайдурғон нодонлардан эмасмиз ва аммо “Таърих ва жуғрофия” унвонлик мақоламиз таърих ва жуғрофия ўқумоқни диний жилва этдирмоқ ва ёинки сарф илмий ва воқеий бир мақола эди. Сиёсий ва таассубий эмас эди...”[6].
Бундай пайтда муаллифнинг “қандай” ёзиши публицистика билан шуғулланиб юрувчиларга маълум. Муаллиф ўта ҳушёр ҳолда, ҳиссиётга берилмай, бир қадар дардини яшириб ёзади. Шундай бўлса-да, “Таърих ва жуғрофия” мақоласида Беҳбудий анчагина фикрларини, жумладан, Остроумовнинг “Руссиянинг тарихини ўрганишлари шарт”, деган гапларига қарата “Мунтахаби жуғрофияи Руссия” китобини ҳам ёзганлигини таъкидлаб, “сиёсат учун” кўп фикрларни айтади.
Хулоса шуки, публицист “Таърих ва жуғрофия” мақоласида ўз олдига қўйган вазифани бажарган, яъни ўқувчини уйғотиш учун сўзлар, далиллар топа олган. Мақоланинг дард билан ёзилгани унинг юракка етиб борадиган таъсирга эга бўлганлигини англатади. “Тавзеҳ”да муаллиф мустабид ҳукуматга “салом” берган бўлса-да, унинг ҳамма гапи айтиб бўлинган эди. Бу мақолаларнинг иккисини ҳам сиёсий мавзудаги мақола сифатида таснифлаш мумкин. Бироқ бунда барибир маърифат юқори ўринга қўйилади. Беҳбудийнинг 1917 йилгача ёзганлари орасида мазкур мақола жадидчилик ҳаракатининг мақсадларини очиқ баён қилади. “Таърих ва жуғрофия” моҳияти шу пайтгача беҳбудийшунослар назаридан четда қолганди. Чунки бу мақоладан кейин зиёлилар орасида Беҳбудийга нисбатан ҳурмат ошади. “Охранка”да эса унга хавфсираб қарай бошлайдилар.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори
Oyina.uz: Мазкур мақола 1908 йил 18 декабрда “Туркистон вилоятининг газети”да эски ўзбек ёзувида босилган бўлиб, лотин алифбосида биринчи марта эълон қилиняпти.
Фелетун
ТАЪРИХ ВА ЖУҒРОФИЯ
“Туркистон” газетиға бир нафар толиби илмни(нг) матбуоти жадида ва жарида ўқуганиға баъзи соддадилон тарафидан таъна ва ҳужумға қолгани кўрулди. Ва аларға раддия ва танбеҳ тўғрисида “Бир мусулмон” имзосила бизим “Мунтахаби жуғрофияи умумий” ном китобимизни муқаддимасидин 64 ҳам 67 рақамлик жаридалар фелетуниға муҳаррири муҳтарамни тарафларидин бироз шарҳ ва изоҳ, жумлалариға муқобала ва аларни иршод айтганлари назари хирмандона(?) кўрулди. Муҳаррири муҳтарамни доимо талаба, илмға шуйла дарси ибрат бериб, тавсеъ маълумотлариға назари басиратларини дурбин ва пурбин бўлушиға устодона ва пирона ҳиммат буюрмоқлари умум талабини интибоҳиға ва ояндаға миннатдорликлариға сабаб бўлур.
Бизда талаби киромни илм ва фунуни жадида ва алсанаъи лозима ўқумоқлари тўғрусинда ожизона арз ва тарғиб этамиз. Чунки бугунги талаба, кўрамиз, эртага илмли аъзомиз бўлурлар. “Кабират бамувт ал-Кубарро”(?) ҳукминча ояндадаки киборимиз – бугунги гуруҳ сағиримиздин (ёш болалар, кичкиналар – таҳр.) ташкил топилур керакки, бунлар ва асл замонадин ва асл замонамизни бизим бобдаки афгорларидан (яра, жароҳат – таҳр.) огоҳ бўлсунлар. Аҳли замонамизни яҳудий, армани ва ўзга ажнабий ҳаммамлакатларимизни тараққийи миллий ва илмий ва маданияларидин ва биз мусулмонларга қаю йўл ва сабаб ила ғалаба қилғонларидан бехабар бўлуб, аларга балки мағлуб бўлмаслигимиз йўлларини, лозимдурки, билсунлар, билиб муқобала бўлмаслик қоидасинча ҳаракат қилуб, дин ва миллатимизни сохласунлар.
Замони собиқда жисмоний ва руҳоний ва маънавий қалъа ва ҳудуд ва сўроримиз бор эдики, алар сабаби-ла миллат ва динимиз муҳофаза ва барча маросим малфуф (ҳимояланган, ўралган – таҳр.) қолур эди. Ҳозирги замонга на ҳад қолди, на ҳудуд, на қалъа қолди. Ва буруж замон замони илм ва маориф бўлди. Илмсиз миллат, илмсиз қавм асир ва заиф қолур. Илмсиз давлатни фойдаси йўқ, илмсиз дунёларни ҳаёни йўқ, агар бўлса-да, саботсиз, бу илмлардан ёлғуз сарф ва наҳв, мантиқ, калом ва фиқҳ ва усул эмас, балки алар устиға ҳикмат, сиёсат, таърих, қадима ва жадида илм ва аҳволи замони ҳозира ва алсанаи муҳовара (суҳбат – таҳр.) ҳам пругром таълим ва тадрисимизға керак. Дохил бўлсун, токи дунёи кўҳнамиз ва дини мубаййини (баён – таҳр.) ислом ва анинг таърихи тараққийси ва тарвиж ва нияти ва бутун гиреҳи (кейинчилик – таҳр.) арзига интишорини (ёйилиш, тарқалиш – таҳр.) билиб ва салафи киромимизни илм тўғрисиндаки ғайрат ва сарфи ҳимматларидин ибрат ҳосил қилайлук. Сўнгра уч-тўрт асрдан бери бутун олами исломға воқеъ бўлган таназзул ва интиҳот (тушкунлик, сустлик– таҳр.) ва идборга (бахтсизлик, иши олдинға бормаслик – таҳр.) воқиф бўлайлук ва анинг даво ва чорасиға жустижў (қидириш – таҳр.) этайлук. Биз бу масудани ёзар экан, жолисимиздан бири сўрадики, матлабни ошкора сўйланг. Биз алан қандай таназзулдамиз ва илгари на кайфиятда эдук?
Ман дедим: бу қисса дур ва дароздур, балки сизнинг ҳусули (ҳосил – таҳр.) фикрия ва майдони илмиянгиз ҳудудидан хориждур. Бу қиссаи пурғуссадин маълумот олмоқ ва воқуф ҳосил этмоқ учун жуғрофия ва таърихдан хабардор бўлмоқ лозим. Келур ҳол буни алар сизнинг наздингизда ашуёладин ва ҳарза (бекор, беҳуда – таҳр.) куйлик дин ҳам дунроқ (разил, паст – таҳр.) ратбағадур. Хулоса таърихий ва вуқуоти мозияни мухтасар суратда баён қилайин. Шоядки, бир фикри ажмали (гўзал – таҳр.) ҳосил этсангиз ва, шоядки, сизча бидъат ва куфр ва залолат ва бизча ҳам шариатча фарз ва зарурат даражасидаки жуғрофия ва илми сиёсати замонийя ва жароид нафъийяға муҳаббат кўзи ила боқиб, андин дунё ва охиратингизға фойдалик нимарсаларни ахтармоқ ва ибрат ҳосил этмак учун бир олти ой доимо ўқуб кўрсангиз.
Жолисимиз деди: сўйланг, қулоғим сизга? Дедим: таърих дерки, мусулмонлар 500 сана муқаддам замонғача ўз Қуръон ва подшоларига, ўз шариат ва амирларига тамоман тобеъ эдилар. Яҳудий, насроний, мажусий тоифаларидан юз милийунлари ила зам (қўшилган, қўшиш – таҳр.) фуқаролари, тобеълари бор эдики, ул замонги бани одамни, яъни ер юзидаки халқи Оллоҳни учдан бирини амали Қуръон ила ва табиати мусулмон умаролари қайдиға ер юзиға бир минг беш юз милийун одам тахмин қилинган ва ани 300 милийундан фазласи (ортиғи – таҳр.) ислом ила мутаддаййиндур (диндор – таҳр.). Демак, тўрт-беш аср муқаддам бир қадар ажнабий табъи исломийямизда (исломий дидимизда – таҳр.) бор экан ва аҳли иймон, балки ҳавзаи авомиз иморати исломийяға тобеъ эканлар илми таърих буни ила сокит (жим – таҳр.) бўлмайдур. Яна бу салот бани одамни кайфияти иймон ва таслими ва табъияти ва аларнинг сабабини ҳам шарҳ ва баст (ёймоқ – таҳр.) этар. Жуғрофия ўқуғон таърихиянинг зарифидурки, 500 сана муқаддам ҳудуд доираи муқаддаси ислом ва они ер юзида ҳойиз бўлган тул (узунлик) ва арз ва масоҳат (ер ўлчаш) сатҳийя ва ҳайъати табииясини, хариталарини ҳул ва қуруқларини мубмамороя(?) этар, мусулмонларни асират имрония ва маданияларини мавзуҳо баён этарларки, таърих ва жуғрофия қорилари ва мутафуннунларини ҳабиб ҳайрат ва ҳамиятлари бўлур. Хулоса, вуқуот (воқеалар – таҳр.) ва ҳудудоти исломиянинг бу саҳифалари қуръотидин (донолик – таҳр.) кўнгуллар иншироҳ топар. Инсон ўзини бир лаззати руҳонийя ичида мустазиҳ ҳис этарки, аҳли унданда минг карра мусалламдур (инкор қилинмаган, маъқулланган – таҳр.). Эй жолиси муҳтарамим, сиз ҳануз таърихи умумий ёинки таърихи исломға мубтадиъ даражасинда ҳам эмассиз ва жанобинғизни азмони собиқа, азмони мутавассата (ўрта – таҳр.), замони охира ёинки қирван (кўп – таҳр.) қадима ва жадида таъбирлари ила саргардон этмайин, балки хулосатал хулоса таърихийяни мухтасар натижасидан айтмоқчиман.
Таърих дейурки, бир замон келдики, уламо ва умарои ислом жубун ва танбал айш (турмуш – таҳр.) бепарво, дигар тарафдин бир-бирлари ила мухолиф бўлдилар. Таълим ва тадрисидин шакар ва нахжирни уламои дин каниза ва лодонлар мажлисини таржиҳ (устун – таҳр.) этдилар. Умаро ва салотини (подшолар, султонлар – таҳр.) ислом ноҳақ ерға юз минглар аҳли ислом қонини тўкуб, тараф-тараф бўлдилар. Уламо бўлса умаро нониға ва маошиға кўз тикиб муқобилларини такфир ва толеинлариға қадар илгари кетдилар. Хусумати масҳабиййа ва таъсиби ирқийяға аҳамият бердиларки, қурван аввалғи насроният оламидаки ва папалиқ замониндаки ихтилофларға монанд низолар олами исломни парчаланмоқиға сабабият берди. Эй биродар, таърихи исломни кўнгил поралайдургон саҳифаларини хулосасини натижасидин сизға арз қиларманки, ер олами кетди, кетадур. Бир саҳифаға боқарсиз деюр. Андалус кетди, ғарбда Аҳмар Масхали кабир кетди. Жабал ториқ кетди. Мотрид кетди. Қуртаба кетди. Балад ал валид кетди.
Хулоса, Оврупони жануби-ғарбидаги ва ал Сибириё шаба жазирасидаги мамолики исломия маҳв ва нопадид (кўринмас, таъсирсиз – таҳр.) бўлди. Аҳли исломиясини баъзиси ҳайдалди. Баъзан асир, баъзан таҳриқ қилдурилди ва бу кун улардан на ном бор ва на нишон. Оврупо васаттига қарасангиз, Серб, Булғор, Қирим, Курид, Қибрис, Юнон, Рум ила хитталари (ўлка, ер юзи – таҳр.) кетди, ҳоло кетмакдадур. Бир карра Африқо харитасига назар қилайлук. Танжа кетди, Тароблис, Тунис, Занжибар, Судан, Мадағасқар балади исломиялари қисман кетди ва қисман кетмакдадур. Миср ила Фара мамлакати ва Сийъа исломиясида бугун Франсия ва Англия ва ўзга нахжиргиларида(?) ва дам сидлариға асир ва ароларидаки низолари бир тараф бўлуш ила тақсим ва томликлари табиидур.
Эмди маҳди (бешик – таҳр.) қадим инсоният, ва мазҳари кул одиён, ва майдони тараққийи исломият бўлган Осиё қитъаси харитасиға таважжуҳ қилармизки, 3 аср охири зарифинда на ҳолатға келмиш. Оҳ, мунда қалам титраюр, қалб йиғлаюр. Бир бағри ёниқ дерди: “Оҳ, нодон мури шуд, оҳ нодонға ўлат келсун”. Осиё қитъасиға кини (душман – таҳр.) балад (шаҳарлар, мамлакатлар – таҳр.) исломиядан уламои ислом тасарруфидин овруполиклар тасарруфиға ўткан амсор ва амлоки исломияни ман тавсиъ (кенгайиш, ёйилиш – таҳр.) ва тиъдод (санаш, ҳисоблаш – таҳр.) этмайин-да, сизда ёлғуз икки-уч асрдан бери умум насронийя тасарруфиға киргон мусулмонлар ададини кўрсатгувчи рақамларни ёзмоқ ила бу карра иктифо (кифояланиш – таҳр.) қилурман. Истасангиз бошқа замон суйлашурмиз. Шаҳар ва хитталардин маълумот берармиз... Азиз жолисим, сизға сўйлаб турибман, фаҳмлайсизму? Ҳайҳот, ҳайҳот, умумий Осиё қитъасиға 600 милийун қадар мусулмон борки, андин 10 милийун Осиёи сафро ва жазиратул-Арабға сокин ва Усмонли ҳукуматиға тобеъ, 9 милийун Эронға, 6 милийуни Афғонға, 2 милийуни Бухоро, милийуни Хива, 1 милийуни Булужистон, 12 милийуни Ҳайдаробод деған, 1 милийуни Уммон ва милийундан ками Жумҳур ҳукумати исломиясиға тобеъ булуб, бақя 50 милийуни Хитой ва 50 милийуни инглисға ва 50 милийун қадари, яна 40 милийуни Жазоир, Баҳри муҳити кабир мусулмонлари ила баробар Инглис, Франсуз, Каландия, Испания, Руссия ва ўзга давли (давлатлар – таҳр.) насрониясиға тобеъ. Ва аларни қисми азми яна инглисға ва оз анжала 14 миллийун аҳли исломға ибрат бўлсун. Биз Осиёи васатий (ўрта) ва шимолий сокинларидан Руссия давлатиға туғридан-туғри тобеъ. Бухоро ила Хива ҳукуматлари давлатимизни ҳимоятиғадур. Юқорида баён бўлған ҳукумати исломиядан фақат Усмонли ила Эрон давлатлари дохилий ва хорижий ишлариға мустақил ва қаламаси давла нуқтадора (бўйинсунилган – таҳр.) насрониянинг барисини ҳамият ва нуфўзиға тобеъ ва эркак-хотун кабидур.
Жолисимиз дейур: “оре, худо қилди”. Ман дедим: “олган барча яхши нарсаларинг худодан, бошқалари ўзингдандур”.
“Туркистон вилоятининг газети”,
1908 йил, 18 декабрь.
1 “ТВГ”. 1908, 30 ноябрь.
2 “Самарқанд”. 1913, 6 сентябрь.
3 “ТВГ”. 1908, 30 ноябрь.
4 “ТВГ”. 1908, 18 декабрь.
5 “ТВГ”. 1908, 18 декабрь.
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ