Ўроқ-болғани Ҳумо қушига, “пролетар таълимоти”ни маънавият ғоясига алмаштириш билангина ривожланиб бўлмайди – санъатшунос Алексей Улько киносаноатининг бугунги аҳволи ҳақида


Сақлаш
12:11 / 16.11.2023 392 0

Санъатшунос Алексей Улько билан суҳбат

 

Сизни кўпқиррали ижодкор деб биламиз: тилшунос, санъатшунос, ёзувчи, маданиятшунос, мунаққид. Илмий ва ижодий қизиқишларингиз доираси кенг ва ранг-баранглиги эътирофга лойиқ. Бир муддат олдин “Ўзбек тили фақат ўзбеклар учунми?” деган мақолангиз ижтимоий тармоқларда яхшигина баҳсу мунозара уйғотган эди. Русча сўзласангиз-да, ўзбек тилининг жамиятдаги ўрни ва истиқболи хусусида куюниб ёзганингиздан сизга ҳурматим ортган эди ўшанда. Мақолангизда давлат тилининг мақомини ошириш бўйича таклиф, мулоҳазаларни илгари сургансиз. Жумладан, ўзбек тилининг ҳозирги мақом-рутбасини баҳолаш учун лингвистик тадқиқотлар ўтказиш лозимлигини таъкидлагансиз. Сизнингча, бундай тадқиқотлар қай шаклда ўтказилгани маъқул?

 

Аввало, камтарона изланишларимга юқори баҳо берганингиздан мамнунлигимни билдирсам. Маълумки, ҳар қандай воқеа­ҳодисанинг моҳиятига етиш учун биринчи навбатда уни теран тадқиқ қилмоқ талаб этилади. Тилнинг жамиятдаги ролини белгилаш бўйича ҳам турли усуллар мавжуд. Улар тил тараққиётининг қонуниятлари ва тенденцияларини аниқлашга хизмат қилади. Илмий маълумотлар тил бобида муҳим қарорлар қабул этишда ҳам асқатади.

 

Мамлакатимиз мисолида оладиган бўлсак, аҳолининг турли қатламлари орасида кенг тарқалган ўзбек, рус, тожик, қорақалпоқ ва бошқа тилларга доир саволларга ойдинлик киритиш лозим. Одамлар қай вазиятда қай тилдан фойдаланади? Ўзга тиллар қанчалик пухта ўзлаштирилган? Бу борада ким фаолроқ: маҳаллий халқми ёки хорижликлар? Шу тариқа тил воситалари ва нутқ услубларини танлашга таъсир этувчи турфа омилларни (ёш, жинс, маълумот, касб, минтақа ва ҳоказо) ўрганиш мумкин.

 

Ҳозир ёшларимиз ижтимоий тармоқларда фаол. Хўш, улар орасида қайси алифбо кўпроқ урфда: лотинми ё кирилл? Улар имлони текшириш учун сўзлашув ва диалектал шаклларга мурожаат қиладими ёинки электрон луғатга? Бугун анчагина эскираёзган SMS давридаги каби ҳарф ва тимсолларни (пиктограммалар) ишлатишга эҳтиёж борми?

 

Кунларнинг бирида телефонимга Waxlowa исмли қиздан хабар келди. Аввалига “Хат муаллифи Польшаданмикан?” деб ўйлаб қолдим. Унинг исми нима экан: Вакслова... Василя... Маълум бўлдики, айрим ёшлар ёзма нутқда лотин алифбосидаги “sh” ҳарфини инглизча “w”га алмаштираркан. Номаълум қизнинг исми Шаҳло бўлиб, рус тилидаги “-ша” кичрайтириш қўшимча қўшилиши натижасида “Shahlosha” деган антиқа ном ясалибди. Алҳол, chни 4, o‘ни 6 рақами билан ифодалаш SMS орқали кўп мулоқот қилган авлоднинг ёзма нутқига хос бўлса, бугун яна аломат қисқартмалар ўйлаб топилмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг салмоқли қисмини ўсмирлар ва ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, жиллақурса, улар ўзаро мулоқот учун тилнинг қайси шаклини истифода этишини билиш лозим. Замон ўзгаришлари Абдулла Қаҳҳор такомилга етказган тил меъёрларига мувофиқ келмаслигини айтиб, қуруқ зорланишдан эса наф йўқ.

 

Ички ва ташқи омиллар таъсирида тилнинг луғат бойлиги, грамматика ва фонетикасидаги тарихий ўзгаришлар динамикасини кузатиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. “Тарихий” деганда мен сўнгги ўнйилликларни назарда тутяпман. Истиқлол йиллари ўзбек тили қай даражада ўзгарди? Турли ҳудудлар, ёш гуруҳлари ва ижтимоий қатламлар бир-бирини қанчалик тушунмоқда? Дейлик, чимбойлик фермер пойтахтнинг М-1 мавзесида яшовчи ўсмир билан бемалол гурунглаша оладими? Сирасини айтганда, тил сиёсатини ишлаб чиқишда унинг турғун ҳодиса эмаслиги, балки ижтимоий жараёнлар таъсирида мудом ўзгариб туришини англаш лозим бўлади.

 

Тил сиёсати нима? Бу – муайян жамият ёки давлатда лисоний хилма-хилликни тартибга солиш ва бошқаришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир. Агар сиз бу борада баркамол сиёсат юритмоқни истасангиз, тилларни этник мансублик, миллат, дин, синф, жинс, ёш, даромад ва таълим даражаси, оила таркиби ва бошқа ижтимоий омилларга боғлиқ ҳолда ва энг муҳими, социолингвистик асосда ўрганишингиз керак. Шу йўл билангина мамлакатдаги турли гуруҳларнинг ҳақиқий эҳтиёж ва манфаатларидан воқиф бўлиш, тил сиёсатининг оқибатларини башорат қилиш мумкин.

 

Ҳар қандай мамлакат учун лисоний сиёсатнинг устувор мезони – давлат тили масаласидир. Канадада иккита, Швейцарияда тўртта, Жанубий Африка Республикасида ўн битта тил расмий мақомга эга. Аммо Буюк Британия ва АҚШда қонунан белгиланган давлат тили йўқ. Ваҳоланки, инглиз забони бу юртларда нечоғли муҳим ўрин тутиши кундек равшан. Мен доимо Ўзбекистонда ягона давлат тили – ўзбек тили бўлиши керак деб ҳисоблаганман. Боиси рус, тожик, қорақалпоқ, ҳатто инглиз тилида сўзлашувчиларга уни истифода этиш, қолаверса, таълим олиш учун зарур шарт-шароит яратилган.

 

Тўғри, бу умумий манзара, жамиятда эса гоҳ ошкора, гоҳ яширин зиддиятлар бўлиши табиий. Ёдингизда бўлса, 1990 йиллари Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш ва қўллашни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунга қарамай, бу тилга бўлган эҳтиёж анча юқори бўлиб қолаётир. Бояги ислоҳотдан эса этник руслар ва шаҳарнинг қўштилли зиёлилар элитаси эмас, аҳолининг камбағал ва оми қатлами жабр кўрди. Айнан шу гуруҳга мансуб юртдошларимиз Россияда кези келганда оғир ва нобоп шароитларда меҳнат қилиб даромад топаётгани сир эмас. Мусофир юртда “иккинчи сорт” дея камситилишнинг асосий сабабларидан бири тил билмасликдир.

 

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бугун мамлакатимизда рус тилидаги телекўрсатув, веб-сайт ва ижтимоий тармоқ каналлари ҳамма учун бирдек очиқ, лекин, афсуски, айрим ахборот каналлари аудитория онгу шуурини заҳарлайдиган, тажовузкорлик ва ёлғонга йўғрилган “ёввойи тарғибот” билан шуғулланмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистонда рус тили қамровига дахл қилмаслик эҳтимолий зиддиятларнинг олдини олиб, ҳудудларда ушбу тил мавқеининг мустаҳкамланишига хизмат қилди. Аммо рус тилидаги миллий медиаконтентни тайёрлашга эътиборсизлик қилганимиз (бир неча газета ва интернет сайти етарли эмас), боз устига, Шимолдан келган пропаганда оқовасининг йўли тўсилмагани яна бир карра мустамлака асоратларини юзага чиқарди. Бунинг нохуш оқибатлари билан узоқ вақт курашмасак эди...

 

Илмий изланишларингиз асосан постколониал давр санъатига бағишланган. Суҳбатлардан бирида “Санъат ва барча маданият соҳалари мураккаб колониал, постколониал ва деколониал учбурчак ичида яшайди”, деган эдингиз. Чиндан ҳам, ҳар қандай санъат турини шу формулага солиш мумкин. Постколониал тафаккурдан халос бўлиш, яъни мустабид замон қолипларини синдириб, эркин фикр-қарашларни илгари суриш адабиёту санъатни ҳар жиҳатдан юксалтиради. Бироқ инкор этилмас ҳақиқат шуки, турфа чеклов ва тазйиқларга қарамай, тобелик замонида ҳам дурдона асарлар яратилган-ку! Бу сирада ўзбек театр ва кино санъатининг совет давридаги ютуқларини эътироф этмаслик инсофдан эмас. Гарчи мустақилликка эришганимиздан кейин ижодий эркинлик кенг қулоч ёзган эса-да, аввалги фильм ва спектакллар ҳамон эталон бўлиб қолаётганини инкор этамизми? Икки тузум ўртасидаги мураккаб зиддиятларни тадқиқ этувчи, улуғ адиб Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, “жунгжанглар ва манқуртлар муносабатларини ўрганувчи илмий йўналиш” – постколониал назария бу ҳолни қандай изоҳлайди?

 

Совет ва постсовет даврлари санъатини бир-бирига муқояса этиб, сифат борасида хулоса чиқариш, менимча, баҳсталаб масала. Чунки сиёсий ва маданий жараёнлар ҳар доим ҳам замонга мутаносиб келавермайди. Дунё тан олган Кандинский, Малевич, Эль Лисицкий, Родченко каби авангард рассомлар, Эйзенштейн, Мейерхольд, Немирович-Данченко сингари театр ҳамда кино ижодкорлари ва яна талай шоир-ёзувчи, файласуфлар илк совет даврида таълим олди ва ижодий баркамолликка эришди. Большевиклар ҳокимият тепасига келиб, ўз маданий ислоҳотларини амалга оширди, албатта. Аммо санъат соҳасидаги қудратли ислоҳотчилик ҳаракати шўро тузуми ўрнатилишидан анча муқаддам бошланган эди. Илму ижоддаги инқилобий ислоҳотлар эса кейинроқ совет режими томонидан барбод этилди.

 

Марказий Осиёдаги маърифатпарварлик ҳаракати намояндалари – жадидлар бошига ҳам шундай мусибат ёғилади. 1920-йилларга келиб, аксар жадидлар ислоҳотнинг ўзига хос вариантини таклиф қилган совет ҳукумати билан муросага боргандек эди. Уларнинг айримлари ҳатто қисқа муддатда кўзга кўринган сиёсий арбобга айланади. Бироқ жадидлар, баайни рус модернист рассомлари каби, тезда совет ҳукумати назаридан қолади. Алал­оқибат қаттол тузум уларни жисман маҳв этади.

 

Собиқ империя харобаларида униб чиққан модернистик санъатнинг баравж ривожини большевиклар ҳукуматининг хизмати деб баҳолаш қанчалик тўғри? Бошқа томондан, совет ҳокимиятини яккаш чоризмнинг мустамлака сиёсатидан-да шафқатсизроқ усулларни қўллаган тузум ўлароқ қабул қилиш нечоғли ҳақиқатга мос? Эҳтимол, унинг мусбату манфий қутблари бўлганига эътибор қаратиш керакдир?

 

Совет Иттифоқи наинки мустамлакачи империя, балки социалистик лойиҳа ҳам эди. Бинобарин, бу давлат илк босқичда янги шахс ва янги жамиятни яратишга астойдил ҳаракат қилди. Иттифоқ даврида санъат давлат цензураси ва тарғиботига бўйсунгани маълум, аммо шу билан бирга санъаткорларни тарбиялаш ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун дуруст шарт-шароит ҳозирланган эди.

 

Дарҳақиқат, мустамлака йиллари дурдона асарлар яратилди, бироқ бу тузум темир қолипу пўлат андазаларни-да “ижод” этди.

 

Мураккаблик ва мубҳамликларга қарамай, Марказий Осиё­да совет давлати ҳукмронлиги мустамлакачилик парадигмасига тўлиқ мос келади деб ҳисоблайман. Қолаверса, колониаллик асоратлари бошқарув усули ва муносабатлар тизими сифатида қизил империя парчаланганидан сўнг ҳам минтақадан буткул йўқолмади. Сираси, мустамлакачилик асли мураккаб тушунча бўлиб, совет даврининг сийқа қарашлари асосида унга содда тўн кийгизилган, холос.

 

Замонавий дунёда колониализм ҳақида сўз борар экан, унинг турли кўринишларини ҳисобга олиш керак. Хонаси келганда Ҳонгконг ўлкаси ҳақида икки оғиз тўхталсам. Буюк Британия империяси 1841 йилда Ҳонгконгни босиб олади. Инглизлар Хитой билан битимга мувофиқ 1997 йилгача бу диёрда ўз ҳукмфармолигини сақлаб қолади. Британия бошқаруви даврида Ҳонгконг Осиёнинг энг гуллаб-яшнаган ва эркин минтақаларидан бирига, дунёнинг йирик савдо-молия марказига айланади. Ҳонгконгликлар Хитой аҳолисига қараганда кўпроқ ҳуқуқ ва эркинликларга эга эди. Шу билан бирга, ўлка маданий-лисоний ўзига хослигини ҳам сақлаб қолади.

 

1997 йилда Ҳонгконг “Ягона давлат – икки тизим” тамойили остида, 2047 йилга қадар мухторият шарти билан Хитойга қайтарилади. Бироқ Чин ўлкаси ўшандан буён ғирром ўйин қилиб келмоқда. Ҳонгконгда демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига дахл этувчи чоралар қўллаяпти, мафкура ва қадриятларни зўрлик йўли билан сингдиришга уриняпти...

 

Мустамлакачиликнинг бир шаклидан бошқасига ўтиш Ҳонгконг аҳли ҳаёт тарзига қандай таъсир кўрсатди? Ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликлар масаласини қўятуринг, ўлканинг икки даврдаги иқтисодиётини таққослаб кўрайлик. 1997 йилда Ҳонгконгнинг ялпи ички маҳсулоти аҳоли жон бошига тақсимлаганда 28.103 долларни ташкил этган эди. Бу Хитойдан (3.617 доллар) бир неча баравар, ҳатто Буюк Британиядан (24.331 доллар) юқори кўрсаткич. 2019 йилда эса ЯИМ 48.517 долларга етди. Бу Хитойнинг қолган қисмидан юқори (16.804 доллар), Буюк Британиядан эса (49.725 доллар) пастроқ натижа.

 

Демак, ҳонгконгликлар инглиз мустамлакачилигидан кўра социалистик тузум истибдодидан кўпроқ азият чекяпти. Қолаверса, ўлка аҳолиси эркинлиги, маданияти, ўзлиги ва ҳуқуқларини ҳам йўқотиш хавфига рўбарў келган. Бу мисол мустамлакачилик вақт ўтиши билан ўзгарадиган ва турфа омиллар билан боғлиқ мураккаб ҳодиса эканини тасдиқлайди.

 

Совет давридаги ўзбек санъати масаласига қайтсак.

 

Замонавий фалсафанинг спекулятив реализм йўналиши асосчиларидан бири Грэм Ҳарман “Имматериализм. Объектлар ва ижтимоий назария” деган китобида дурдона асарлар асосан муайян давр ибтидосида яратилишининг сабабларини қуйидагича изоҳлайди: “Ҳар бир даврнинг муқаддимасида биз янги ва ўзгача воқеликка дуч келамиз. Янги объектлар ёки усуллар мавжуд ҳаёт шакллари ёки низом-тартиботга мувофиқ келмайди ва шу боис зиддиятлар келиб чиқади. Бу жараёнда бўй кўрсатган ижодий салоҳиятни санъат, фан ёки сиёсат дурдоналари шаклида рўёбга чиқариш мумкин. Бироқ вақт ўтиши билан янги объектлар эски ҳодисаларга айланиб, жамиятга сингиб-қўшилиб кетади, пировардида шиддати ва оҳорини йўқотади. Сўнг яратувчилик фаолияти ва ижодий қувват сусаяди. Шу боис даврлар интиҳосида аксар ҳоллар такрор ва турғунлик кайфияти ҳукм суради”.

 

Олим ўз фикрини далиллаш учун тарихнинг турли даврларидан мисоллар келтиради. Хусусан, қадимги юнон театрининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, Уйғониш давридаги насронийлик ва мажусийлик, Маърифатпарварлик замонидаги миллий давлатлар ва мустамлакалар, ХIХ–ХХ асрларда капитализм ва ишчилар синфи ўртасидаги кескин зиддиятларни таҳлил қилади.

 

Бу қонуният ўзбек кинематографиясининг 1920–1960 йиллардаги шаклланиш босқичига ҳам тааллуқлидир. Совет мафкураси бамисоли киноижодкорларнинг эстетик, ижтимоий ва концептуал изланишларини “қадоқловчи” ускуна вазифасини ўтади. Ўзбек киносида изланишлар давом этса-да, келажакда бу санъат қандай кўриниш касб этиши мавҳум эди. Натижа эса маълум: миллий кинематографиямизнинг чўққиси деб баҳоланувчи “ўзбек поэтик киноси” вужудга келди. Минглаб киноихлосмандлар ҳанузгача “Нафосат” ва “Севишганлар” фильмларини ширин соғинч ила томоша қилади. Ҳолбуки, итальян киноси таъсирида яратилган бу фильмлар, биринчидан, рус маданияти негизида шаклланган совет шаҳар маданиятининг ғалабасини кўрсатди; иккинчидан, давр хотимасига келиб, кинодаги изланишлар турғун тус олганини намоён этди.

 

Фикримча, ўшандан буён ўзбек киноси қолипларни синдира олмай ҳалак: ҳинд киносининг ҳажв ва мелодрамаси нафаси уфуриб турган, сунъий идеалларга тўла фильмлар, Ҳолливуднинг рус ва қозоқ нусхаларига тақлидан олинган картиналар; буюк тарихий сиймоларга қўлбола либос кийдирилган полотнолар... Таассуфки, кино санъатининг янги ифода тилини излаш, жанр уфқларини кенгайтириш, стереотипларни парчалашга интилиш кўринмаётир. Билъакс, кино мактаби турғун мезонлар, даққи қолиплардан халос бўла олмаётир. Шундай экан, бир марта кўрибоқ унутиладиган, икки томчи сувдек ўхшаш кинояратиқлар кўпайиб кетганидан ажабланмасак ҳам бўлади.

 

– Суҳбатимиз ўзани кино мавзусига бурилди. Оммабоп ва қудратли санъат тури бўлмиш кинематография қизил империя таназзулидан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари учун маданий муҳитга янги нафас олиб кирувчи, ҳам мафкуравий, ҳам тижорий сиёсатни амалга оширувчи асосий воситага айлангани сир эмас. Собиқ тузум даврида Марказдан идора этилган экран санъати ёш мустақил давлатларда алоҳида саноатга айлана борди. Ўзбекистонда ҳам давлат киностудияларидан ташқари хусусий ширкатларга кенг йўл очилди. Натижада, фильм деганлари шу қадар бодраб кетдики, таниқли актёрлардан бири ҳиндларнинг кунда-кунора фильм ишлаб чиқарувчи Болливудига қиёсан “Тошкент Осиёвудга айланди” деган эди киноя билан. Гап айланиб сизнинг замонавий Ўзбекистон киносида постколониаллик муаммоси, эзотерик ва экспериментал фильмларга оид тадқиқотларингизга бориб тақалмоқда...

 

– Киносанъатимиз мустамлака асоратларидан бутунлай халос бўлган демоққа андак иккиланади одам. Гап ҳануз совет мероси миллий фильм услубига таъсир этаётгани ёинки режиссёрларимиз рус киносини танқидий баҳолашга жазм қилолмаётганида эмас. Тўғри, бизда тижорий йўналиш фавқулодда оммалашди, бироқ кинематографиямиз тараққиёти ва ранг-баранглигига монелик қилувчи муаммолар ҳамон кун тартибида. Улар мамлакатнинг таъсир кўлами, жамиятнинг ўйин-кулги, кўнгил ёзиш эҳтиёжи ва қай йўсинда бўлмасин халқаро муҳитга мослашиш истаги билан боғлиқ. Мавзуга чуқурроқ кирсак, ижтимоий буюртма, турли чекловлар, экзотизм сингари бошқа жиддий хавфлар ҳам қилич яланғочлаб турганига амин бўламиз.

 

Ижтимоий буюртма деганлари мафкура қуюшқонида фильмлар яратиш, чуқур фалсафий ва муаммоли мавзулардан имкон қадар қочиш, бадиий экспериментни очиқчасига рад этиш заруратидек бўлиб туюлади. Бу ҳол “ширпотреб” деб аталган фильмларнинг урчишига олиб келади. Кейинги йилларда суратга олинган кинокартиналарни кўриб, миллий кинода ҳавасаки мелодрама ва комедиялар ҳукмронлиги бошландими, деган хаёлга борасиз. Уларнинг аксарида жамиятда аёлларнинг роли, ижтимоий тенгсизликнинг сабаб-оқибатлари борасида алмисоқдан қолган қарашлар тарғиб қилинаётгани-чи!..

 

Давлат органларининг ижодий эркинликни чеклашга уриниши ҳар доим ҳам жиддий муаммо бўлиб келган. Гоҳида мансабдорлар “жамоат тартиби учун номақбул ёки хавфли” деб ҳисоблайдиган саҳна ёки диалог ҳам тақиққа учраши мумкин. Таниқли режиссёр Али Ҳамроев “Самарқандда қовун таровати” бадиий фильми юзасидан билдирилган таклиф, тузатишларнинг бирёқламалигидан хуноб бўлиб юрди. Ёки яқинда ўтказилган болалар анимация фестивалида фильмларнинг қай бирини намойиш этиш борасида маслаҳатгўйлар пайдо бўлиб қолди денг. Ижод аҳли ўз лавозимини суиистеъмол қилишга мойил мансабдорлар билан талашиб-тортишишига ҳам тўғри келаркан-да!

 

Совет ҳокимияти йиллар давомида санъат аҳли бошида тегирмон тоши юргизиб келгани маълум. Айрим киноасарлар цензурага учраган, тақиқланган. Шўро замонида чаласавод ёки тамагир бир амалдор санъаткорнинг тақдири борасида ҳукм чиқариши, уни мукофотлаши ёки жазолаши мумкин эди. Мустабид тузум амалиёти ҳозир йўқолганми? Таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов бир интервьюсида бундай шароитда режиссёр ва кинодраматурглар ўз-ўзини цензура қилиш йўлига ўтиши, қўрқув ва эҳтиёткорлик кучайиши ҳақида куюниб гапирган эди.

 

Қизиқ-да, нега айрим режиссёрлар мураккаб, баҳсли мавзуларга қўл урмай, ҳамон эски қолипларда фильм олмоқда? Нега ёш киноижодкорлар дадил тажрибага қўл уришдан чўчиб турибди? Илк қадамданоқ тижорий кинонинг якранг сюжетларига эргашиш сабаби нима? Қуйидаги эпизод ва кадрларни топилма деб бўладими: Регистон устидан самолёт учиб ўтмоқда; Ичанқалъада ранго-ранг либосдаги қизлар рақс тушаётир; қадоқ қўллар дарз кетган тандирга олов ёқади; пойтахтлик ёшлар “Тальго” тезюрар поездида Самарқандга саёҳатга отланади; бадқовоқ она қизини қишлоқлик йигитга турмушга бермоқчи эмас; қиз қадимий шаҳар харобаларига қараб, ота-боболари ҳақида хаёл суради; ошпаз буғи чиқиб турган қозондан иссиққина ош сузади... Буларнинг бари ўз-ўзини экзотик ўлка деб тақдим этишдан бошқа нарса эмас. Аксар киноижодкорлар хорижлик меҳмонлар иззати дея, миллий маданиятимиз ва турмуш тарзимизни шундай зўраки усулда кўрсатишдан хижолат чекмаётир.

 

Назаримда, нафақат кинода, жамиятнинг бошқа жабҳаларида ҳам мустамлакачилик стереотиплари онгга чуқур сингиб кетгани сезилади. Анъаналарнинг муқаддаслаштирилиши – алоҳида катта мавзу...

 

Мустамлакачилик биринчи навбатда қадриятлар, қарашлар ва эътиқодда акс этишини унутмаслик лозим. Демак, шўроча ўроқ-болғани Ҳумо қушига, “пролетар таълимоти”ни маънавият ғоясига алмаштириш билангина мурод ҳосил бўлмайди.

 

Жамият, ижтимоий онг ва санъат бир жойда тўхтаб турмайди. Муайян анъаналар пойдор бўлган маконда янги қарашлар, модернистик тафаккур юзага келиши аён. Айниқса, бугун одамзоднинг дунёқараши кун сайин ўзгариб бораётир. Замонавий санъат шаклу шамойили, услуб ва ифода воситаларида ҳам муттасил янгиланиш! Узоққа бориш шарт эмас, сўнгги йилларда қўшни мамлакатлар санъатида эврилишлар юз бераётгани, новаторликка интилиш кучайганини кузатиш мумкин. Икки йил бурун пойтахтимиз МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия мамлакатларининг театр форумига мезбонлик қилди. Тадбирнинг илк куни қозоқ бовурларимиз намойиш этган “Қулагер” номли спектакль кўпчиликни ҳайратга солди. Сюжет афсонага асосланган, лекин режиссёрнинг талқини мутлақо ўзгача, актёрлар маҳорати, органикасига ҳам қойил қоласиз. Камина биргина спектаклдан мисол келтирдим, холос. Сиз Самарқандда муқим яшасангиз-да, кўп дунё кезасиз, қўшни давлатларда ўтган анжуманларда ҳам маъруза қилгансиз. Наинки Ўзбекистон, балки Марказий Осиё маданий дунёси, замонавий концептуал санъати билан яхши танишсиз. Минтақа санъатидаги янгиланишларни қандай баҳолайсиз? Анъанавийлик ва модернизм ўртасида зиддият мавжудми? Эҳтимол, некбин хулоса қилишга шошаётгандирман...

 

– Марказий Осиё санъатида қизиқарли ва зиддиятли ҳолатни кўриш мумкин. Қирғизистонлик меъмор дўстим Улан Жапаров қайд этганидек, “Марказий Осиёда сиёсий бирлик йўқдир, лекин барқарор ижодий ҳамжамият мавжуд”. Ижодий ҳамжамиятлар борлигига қарамай, санъат бобида минтақалараро алоқалар у қадар мустаҳкам эмас. Бишкек ва Олмаота ўртасида маданий робиталар сақланиб қолган бўлса, Тошкент ижодий муҳити алоҳида ривожланмоқда. Душанбеда бир неча ўн йилликлардан сўнг яна турғунлик. Ашхобод ҳақида эса, афсуски, маълумот кўп эмас.

 

Эътибор беринг, мен “Қирғизистон” ёки “Туркманистон” эмас, “Бишкек”, “Ашхобод” деб гапиряпман. Нега? Боиси, санъат бўйича ҳукумат даражасида ишлаб чиқилган дастурлар ҳудудларнинг ўзида амалиётга жорий қилинади, яъни минтақамизда марказлашув кучли. Ҳозир Қозоғистонда Олмаота шаҳри “маданий марказ” мақомини янги пойтахт Остонадан олиб қўйишга интилмоқда. Кейинги йилларда бизда ҳам Самарқанд, Наманган сингари йирик вилоятларга алоҳида эътибор қаратилди, аммо уларнинг ривожланиши ҳам марказлашган ҳолда кечмоқда. Юртимизда маданият ва санъат янада равнақ топиши учун маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарур. Бу борада кўп йиллардан буён Чимкентда ўтказиб келинаётган “Қизил трактор” лойиҳаси ёки Конибодом шаҳри театрини ривожлантириш лойиҳасини ёдга олиш мумкин.

 

Назаримда, бугун Марказий Осиё мамлакатларида ижод аҳли қадриятлар, миллий ўзликка ҳаддан зиёд боғланиб қолишдан чўчиб турибди. Сабаби, миллийликнинг мўртлиги уларни хавотирга солмоқда. Шу боис анъаналарни замонавий услубда талқин қилиш, қадриятлар ва глобаллашув феноменини бақамти ривожлантиришга эътибор кучайган. Сиз боя эслаган “Қулагер” спектакли 1938 йилда қатағонга учраган шоир Илёс Жансуғуров пьесаси асосида саҳналаштирилган бўлиб, қозоқ халқи қаҳрамони Ақан Серининг жасорати ҳақида ҳикоя қилади. Эътирофингизга мен ҳам қўшиламан, бу спектакль замонавий техник воситалар, товуш, ҳаракат ва сўз уйғунлигида мусиқий-пластик томоша, яхлит бадиий образ яратишнинг гўзал намунасидир.

 

Қозоғистон замонавий санъат катта “экспорт” салоҳиятига эга экани, уни назорат қилиш эмас, балки қўллаб-қувватлаш зарурлигини эрта англаб етди. Албатта, бу мамлакатда ҳам ўзига хос шаклда цензура мавжуд, лекин унинг “чироғи” асосан ижодкорлар давлат ҳокимиятига тўғридан-тўғри эътироз билдирганида ёнади. Аксар ҳолларда ҳукумат ижод аҳли хоҳиш-иродасини синдирмасликка ҳаракат қилади, уларга ғамхўрлик кўрсатиб, изланишлар олиб боришга имкон яратади.

 

Олмаота мэрияси кўп йиллардан боғ, вокзал, пиёдалар ҳудуди ва бошқа жамоат масканларида “ArtBatFest” номли фестиваль ўтказиб келади. Бу шаҳарда, шунингдек, хусусий тижорат ва замонавий санъат ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. “Аспан”, “Есентай” сингари галереялар фаолиятини бизнес ва замонавий санъатнинг вобасталиги ифодаси деб аташ мумкин.

 

Бишкекдаги аҳвол Тошкент ва Олмаотадан фарқ қилади. Қирғизистон даромади камроқ мамлакат, аммо либераллик масаласида анча илдам. Давлат, ўз ғазнасида катта маблағ йўқлиги сабабмикан, замонавий санъаткорлар фаолиятига деярли аралашмайди. Бишкекда камтарона харажат билан ҳам қизиқарли лойиҳаларни амалга ошираётган ижодкорлар топилади. Йигирма йилдан буён 1 апрель санасида ўтказиб келинаётган рассомлар танлови бунга ёрқин мисол бўла олади. Қолаверса, замонавий санъат бўйича йирик форматдаги лойиҳалар ҳам талайгина, уларга маърифатпарвар тожирлар ҳомийлик қилади. Бундан ташқари, Бишкекда кўплаб расмий ва норасмий ижодий гуруҳлар, уюшмалар мавжуд. Умуман олганда, тез-тез юз берувчи ички низоларга қарамай, ижодкорларнинг бирдамлиги ва эркин муҳитда ижод қилиши эътиборга молик.

 

Анъанавийлик ва модернизм ўртасида ихтилоф қачон тўхтабди дейсиз! Умуман, анъанавийлик аждодлар меросига ҳурмат, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадриятлар ва меъёрларни асраб­авайлашни англатади. Модернизм эса эскирган ғоя ва шаклларни рад этиш, воқеликни ифодалаш ва билишнинг янги усулларини излаш, анъанавий қараш ва догмаларга нисбатан танқидий ёндашувни ўз ичига олади. Бу жиҳатдан, анъанавийлик ва модернизмни қарама-қарши йўналишлар деб қабул қилиш мумкин. Аммо бундай ёндашув жуда содда бўлиб, иккита хусусиятни назардан четда қолдиради.

 

Биринчидан, маданият ва санъатдаги анъана ҳам, модернизм ҳам нисбатан янги тушунчалар ҳисобланади. Иккинчидан, ХХ асрнинг бошларида вужудга келган модернизм руҳидаги кўплаб оқимлар нафақат янгиликни ифодалайди, балки санъатда инқилоб қилиб, бутун тизимни ислоҳ этишни ёқлайди. Яъни бу ҳаракат шаклни ўзгартиришнигина эмас, балки тараққиётга ғов бўлаётган ўтмишни йўқ қилиш, анъаналарнинг турғун таъсирига барҳам беришни бош мақсад деб билади. Демак, футуризм, кубизм, абстракционизм сингари оқимлар ва турли ижтимоий-инқилобий ҳаракатлар фақат маданият ва санъат эмас, бутун жамиятга бирдек дахлдордир. Аммо гувоҳи бўляпмизки, инсоният жамиятини адолат тамойили асосида ислоҳ этиш, зулм ва тенгсизлик иллатини йўқ қилиш кутилганидан анча мураккаб юмуш экан...

 

Пировардида модернистик санъат умумий тарихий контекстда муносиб ўрин топди. Винсент Ван Гог, Казимир Малевич ва Жексон Поллокнинг гўзал картиналари ўз даврида қанчалик ҳайрат уйғотган бўлмасин, энди улар аллақачон тарих маҳсули, ХIХ–ХХ аср классикаси ўлароқ мозийга муҳрланган. Хулоса шуки, ҳар қандай анъана аслида беқарор бўлиб чиқади; бошқа томондан, ҳар бир инқилобий замонавийлик эртами-кечми тарихга айланади.

 

– Буюк файласуф Ҳегель таъбири билан айтганда, “Санъатсиз ҳаёт – ваҳшийликдир”. Дарҳақиқат, дунёни бани одамнинг руҳияти, онгу шуурига таъсир этувчи, қалбида эзгулик, гўзаллик ҳисларини уйғотувчи санъат асарларисиз тасаввур қилиб бўлмас. Бироқ бугун чинакам санъатни қадрловчилар тобора камайиб бораётир; эстетик эҳтиёж, музей ё театрга бормоқ моддият, тирикчилик, кундалик турмуш ташвишлари ила андармон авомнинг хаёлига ҳам келмайди. Омма санъат деб қабул қилаётган хашаки томошалар, пичратқи эҳтиросу шаҳвоний майлларни қўзғовчи ҳар турфа шоулар эса шусиз ҳам ғариб маънавиятни янада қашшоқлаштиряпти. Агар аҳвол шу тахлит давом этса, файласуф огоҳ этган “ваҳшийлик” билан юзлашиб қолмаймизми? Санъатнинг истиқболини қандай тасаввур қиласиз ўзи: у фақат хослар мулки бўлиб қоладими ё кун келиб омманинг ҳам басират кўзи очилармикан?

 

Кўпчилик санъат фақат музей ва театрларда яшайди, унинг жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга дахли йўқ деб ўйлайди. Замонавий санъат бундай янглиш нуқтаи назар билан асло муроса қилмайди.

 

Аслида, санъат ва ҳунармандчилик ўртасидаги баҳс-мунозара неча асрлардан буён давом этмоқда. Ўрта асрларда Оврупо черкови бугун биз юксак чолғу деб биладиган органни “шайтон матоҳи” деб атаган, диний ҳис-туйғуни фақат хор қўшиқчилиги ифодалашга қодир деб ҳисоблаган.

 

Совет даврида халқ амалий санъати нафис ижод мактабларида ўқитиладиган мумтоз санъатдан ажратилгани ҳам дуруст иш бўлмади. Фикримни бир мисол билан асосласам. Буюк мусаввир Пабло Пикассо Африкадаги маросим ҳайкалларидан фавқулодда илҳомланган. Яъни халқ амалий санъати унинг ижоди ва кубизм тараққиётига кучли таъсир кўрсатган.

 

1970 йилда британиялик Тим Райс ва Эндрю Ллойд Веббер “Исо Масиҳ – суперюлдуз” (“Jesus Christ Superstar”) деган рок-опера ёзади. Диний гуруҳлар бунга кескин эътироз билдиради. 1999 йилга келибгина Ватикан операни расман тан олади ва Римда Исо Масиҳ таваллудининг 2000 йиллигига бағишланган маросимда ижро этилишига рухсат беради. Аввалбошда тақиқ ва таъқибга учраган асар вақтлар ўтиб мусиқа тарихидаги энг машҳур опералардан бирига айланди, инсонларнинг динга бўлган муҳаббатини юксалтиришга хизмат қилди.

 

Бизнинг давримизда санъатдаги чегаралар янада кенгайиб бормоқда. Юз йил муқаддам фарғоналик рассом Александр Волковнинг чопон ва саллали эркакларни кубистик тарзда тасвирлагани фавқулодда янгилик деб баҳоланган эди. Ҳайрат ҳисси тобора қаҳатлашаётган ҳозирги замонда у расмлар бамисоли девордаги декоратив доғдек қабул қилинса ҳам ҳеч ажабланмайман.

 

“Санъатни ўлдиради” дея, бадиият оламида пайдо бўлувчи янги шакл, технология ва ёндашувлардан иҳоталаниш тўғри эмас. Инсоният неча асрки бу хавфдан қўрқиб келади. Фотография ихтиро қилинганида тасвирий санъатнинг умри тугади деган овоза тарқалди. Граммофон пластинкаси – жонли мусиқанинг, кўчма видеокамера кинотеатрларнинг бозорини касод қилади деган хавотир ўртага чиқди. Бугун эса адибу мусаввирлар вақти келиб ижод соҳаси сунъий интеллект измига ўтиб кетишидан ташвишда. Қўрқув ҳисси тасаввур маҳдудлигидан келиб чиқади деб биламан. Бирон бир янгилик мукаммал бўлиши мумкин эмас. Санъатдаги янги йўналишлар ҳам такомил касб этмоғи учун неча-неча синов ва тажрибалар чиғириғидан ўтмоғи лозим.

 

Бугунги вазиятда давлат турли экспериментлар учун ижодий муҳит яратиши, ижодкорларнинг эркин ташаббусларини қўллаб-қувватлаши ва уларни муносиб рағбатлантириш чораларини кўриши керак. Мамлакатимизда эркин ижодий муҳит шаклланар экан, санъатимиз ҳам мустабид тузум кўланкасидан халос бўла боради.

 

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ

суҳбатлашди.

 

Tafakkurжурнали, 2023 йил 3-сон.

Басират кўзи очилса” суҳбати

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси