Адабиёт
Илк бор қадимги ёзма манбаларда “Турон”, деярли бир ярим минг йил кесимида эса “Туркистон” деб юритилган бугунги Ўрта Осиё халқлари, жумладан, ўзбеклар ўзининг теран давлатчилик анъаналарига эга. Буни Турон – Туркистон элларининг ўтмишда ўнлаб йирик салтанатлар тузиб, ўз байроғини биргина Ўрта Осиё ва унга қўшни ўлкаларда эмас, балки кунчиқар ва кунботардаги ўнлаб ўлкаларда ялов қилиб кўтарганликлари кўрсатиб турибди.
Кунтуғардаги Узоқ Шарқдаги Корея ва Манжуриядан то кунботардаги Шарқий Европанинг Дунай дарёси қирғоқлари ва Қора денгиз бўйларигача, терскай – шимолда Жанубий Сибирдан то кунгай – жанубда Шимолий Ҳиндистон Форс кўрфази ва Арабистон ярим оролигача чўзилган кенгликларда туркий давлатчилик довруғини ёйганликлари ўз-ўзидан бўлмаган.
Биламизки, ҳар бир йирик сиёсий уюшма – давлатнинг миллий мустақиллигини ифодалайдиган, тарихан юзага чиққан энг муҳим белгилари давлат рамзлари деб юритилиб, улар бирор бир давлатнинг халқ ва миллат ҳаёти, анъаналари, руҳияти, фольклори ва ўтмиши билан чамбарчас боғлиқ бўлади.
Давлат рамзлари конституция ёки махсус қонун билан белгилаб қўйилади. Давлат байроғи, давлат герби, давлат мадҳияси, давлат ранглари, давлат бошлиғининг штандарти (байроғи), давлат муҳри, давлат шиори асосий давлат рамзи ҳисобланади.
Ҳокимият ва ҳукмдорлик рамзлари
Ўрта Осиёнинг қадимий эл-улуслари, айниқса, қадимги туркийларга кўра, ҳокимият имтиёзли хонадон – “олтин уруғ” вакилларининг ҳаққи эди. Жумладан‚ милоддан олдинги II – милодий III асрларда ҳукм сурган Хун салтанатида Тугу‚ Турк хоқонлиги (552–744) ва ўрта асрлардаги йирик туркий давлатлар Хазар хоқонлигида Ашина‚ Уйғурлар хоқонлигида Яғлақар‚ Қирғизларда Ажи‚ Печенегларда Қанғар‚ Можорларда Қабар‚ Булғорларда Дуло уруғига мансуб хонадонлар ҳокимият тепасида туришган. Ҳар бир ҳукмдор муайян ҳокимият рамзларини қабул қилиб олар ва ўз ҳукмронлиги давомида ундан фойдаланар эди. Шу тариқа ҳукмдор ҳам мамлакат ичкарисида‚ ҳам ташқарисида ушбу рамз ва аломатлар орқали эътироф этиларди. Улар қуйидагича эди: от / унвон (хоқон‚ хон‚ ябғу, элтабар)‚ эб/*ўтоғ (ўтов/ҳукмдор чодири), ўрда‚ тахт (ўргин‚ ўрнақ‚ ўрунлуқ)‚ туғ‚ байроқ‚ довул (кўбирга)‚ жиға (бош кийимга тақиладиган попук)‚ камар (қур)‚ қилич‚ ёй‚ ханжар‚ қамчи, тамға каби унсурлар [1]. Айниқса‚ ҳукмдор яшайдиган жой‚ яъни давлатнинг маркази ҳисобланадиган ўрда (мас. қароргоҳ) ҳукмдорлик ва ҳокимият аломати эди. Шунингдек‚ хоқон томонидан турли сабаблар туфайли халққа бериладиган тўй (зиёфат)лар ҳам ҳукмдорлик рамзи ҳисобланарди. Ушбу “тўй”лар давлат бошлиғининг ҳокимияти ва моддий кучқудратини намойиш қиладиган моҳиятда эди. Тўғрироғи‚ ҳукмдорлар ушбу “тўй”лар воситасида унга ёрдам берган амалдорлар ва халқ учун қанчалик катта фидойилик қила олишини кўрсатиш мақсадида ўтказиларди. Шу боис, тўйларга барчанинг‚ айниқса, бекларнинг мутлақо қатнашиши лозим эди. Чунки тўйга қатнашиш тўғридан-тўғри ҳокимиятнинг эътирофи ва итаоткорлик маъносини англатарди.
Турк хоқонлигининг асосий давлат рамзларидан бири – байроқ бўлганлигини бир қатор манбалар тасдиқлайди. Аввало, Ғарбий Турк хоқонлиги маркази Еттисувдаги қоя расмларида байроқ кўтарган отлиқлар тасвири учраб, тадқиқотчилар улардан бир қисмини Ғарбий хоқонликка тааллуқли, деб ҳисоблайдилар [2]. Ҳокимият тимсолларидан бири байроқ бўлганини хитой йилномаларидаги баъзи маълумотларда ўз ифодасини топган. Уларда, асосан, Ашина сулоласи байроғига бўри боши тасвири туширилган ҳолатда тасвирланади. Жумладан, 582 йилда хитойликлар Хами (Қумул)да турган Ғарбий турк ҳукмдори Тардуга бўри бошли байроқни Юань Хуи исмли амалдор орқали яширинча тақдим этгани, уни қабул қилган Тарду Шарқий турк хоқони Ишбара (582–587) билан муносабатларини узгани қайд этилади [3].
Шунингдек, Суй сулоласи амалдорларидан бири Лианг Шитоу исён кўтаргач‚ ўзини волий эълон қилиб Шарқий Турк хоқонлиги билан дўстона алоқа ўрнатган чоғда Шиби хоқон (609–619) унга бўри бошли байроқ тақдим қилгани ва Тарду Билга хоқон унвони билан сийлагани таъкидланади [4]. Хитой лашкарбошиси Су Динфан эса 657 йилда Ғарбий турк хоқони Ашина Хэлу қароргоҳига бостириб киргач‚ ўн мингга яқин одам билан бирга ҳукмдорлик нишонлари бўлмиш довул‚ байроқ ва бошқа ашёларни қўлга киритгани йилномларда алоҳида қайд этилади [5].
Ўша давр удумига кўра, ҳар бир давлат ёки сулоланинг ўз мафкураси билан алоқадор алоҳида рамзий ранглар бўлган. Айрим тадқиқотчиларга кўра‚ Турк хоқонлигида сариқ ёки оқ ранг ҳукмдорлик рамзларидан бири эди. Хусусан‚ унвон ва бошқарув маркази ҳамда оқ/сариқ ранглар хоқонликнинг маънавий рамзлари‚ бошқа аломатлар эса моддий рамзлари эди [6]. Аслида, кўк ранг қадимги туркларни ифодалаганини тасдиқловчи кўплаб далиллар мавжуд. Жумладан‚ “Тан шу”да Суғддаги майда ҳукмдорликлардан бири Хэ/Гуйшуанни (Кушания/Каттақўрғон)да икки қаватли махсус бино барпо қилингани ва унинг шарқий девори Турк хоқонлари тасвири билан безатилгани қайд этилади [7].
Қадимги турк битиктошларида эса кўк турк ибораси учраб‚ баъзи тадқиқотчилар уни Шарқий Турк хоқонлиги маъносидаги “кўк/шарқий турклар” деб‚ талқин қилишса‚ баъзилари “кўк” сўзи “осмон‚ илоҳий‚ асл‚ томир” маъмунидадир‚ деб ҳисоблашади [8]. Аслида‚ ҳар иккала гуруҳнинг мазкур талқинларида жон бор‚ чунки қадимги туркларда шарқ‚ яъни кун чиқар томон эъзозланиб‚ хоқонлар ҳар куни тонгда шарққа қараб юкунганликлари ҳам ушбу эътиқод билан боғлиқдир.
Демак‚ қадимги туркларнинг кўк рангини “илоҳийлаштириши” заминида ушбу анъана ётади. Афросиёб (Самарқанд) деворий расмларида хоқонлик амалдорлари кўк фонда тасвирланган бўлиб‚ аксарият тадқиқотчиларга кўра, унда қадимги туркларга хос рамзий ранг ифодаланган [9]. Дарвоқе‚ бир қатор немис‚ француз ва рус олимларининг фикрича, Афросиёб деворий расмларининг бир қисмида Ғарбий турк хоқони ва уни қуршаб турган туркий мулозимлар‚ хоқонликнинг ҳокимият рамзларидан бири 11 дона туғ (10+1, яъни “Ўн Ўқ/қабила ва марказий ҳокимият (ябғу-хоқон”) тасвирланган [10].
“Oлтин”ни ифодаловчи сариқ ёки оқ рангларнинг Турк хоқонлигида рамзий ранглар бўлганини кўрсатадиган далилларнинг мавжудлиги‚ хоқонликдаги рамзий ранглар масаласини чигаллаштиради. Яъни, ушбу ранглардан айнан қай бири хоқонликда асосий роль ўйнаганини аниқлаш зарур бўлади. Византия манбаларида турк хоқонларининг тахти олтиндан эканлиги айтилиб‚ хоқонлик пойтахтининг номи ’Eκτάγ (Эктағ) деб аталиши ва унинг луғавий маъноси туркчада “олтин тоғ” мазмунида эканлиги таъкидланиши [11] ёки хитой йилномаларида хоқонликнинг “олтин уруғи” – Ашина қабиласи рамзий тимсоли сифатида “олтин қуш” тилга олиниб‚ унинг шар-дулы (<ср.-перс. zarr duli – “Олтин (қуш) Дули/Тулу” деб аталиши [12] сариқ ёки оқ рангнинг рамзий маъно касб этганидан далолат беради. Фикримизча‚ ушбу ранглар Хитойда бўлгани каби кўпроқ бошқарувчи хонадонни ифодалаб‚ “олий/империал ранг” ҳисобланган‚ кўк ранг эса анъанавий равишда қадимги туркий этносларни ифодалаган. Эҳтимол‚ сариқ – олтин ранг Хитойдан ўзлаштирилган‚ кўк эса қадимги турклар муҳитига хос рамзий ранглар бўлгандир.
Шу ўринда, рамзларга алоқадор равишда бир қатор халқларга хос “муқаддас қуш” талқини хоқонлик даврида ҳам мавжуд бўлгани диққатни тортади [13]. Хусусан, тадқиқотчилар томонидан “Кул Тегиннинг боши” деб номланган Ўрхун водийси (Мўғулистон)дан топилган ҳайкалнинг бир қисмида бўркка ўхшаш бош кийимнинг тепасида қанотлари ёйилган “ҳумо” тасвири учрайди. Худди шунга ўхшаш тасвир яқин йилларда туркмўғул олимларининг археологик қазишлари давомида “Билга хоқон мозор комплекси”дан топилган тож тепасида учраб, тадқиқотчилар уни Билга хоқон (716–734) билан алоқадор ҳисобламоқдалар [14].
Бундан ташқари, Мўғулистондаги хоқонлик даврига тааллуқли кўплаб тош ёдгорликларда шунга ўхшаш қуш тасвирлари учрайди. Бу эса мазкур қуш, эҳтимол, “ҳумо қуши” хоқонликнинг ҳокимиятга алоқадор рамзларидан бири бўлганини тасдиқлайди. Бинобарин, қадимги турк битиктошларида “Умай” номли илоҳа номи учраб, битиктошлар мазмунидан у Тангридан кейинги мавқеда турганлиги аён бўлади[15]. Ҳам ном ўхшашлиги (Ҳумо – Умай), ҳам мазкур илоҳанинг вазифаси ҳукмдорларга Тангридан бериладиган “харизма” (илоҳий қут)ни тақдим қилиш бўлганлигидан келиб чиқиладиган бўлса, мазкур ёдгорликлардаги қушнинг ҳумо эканлиги анчамунча ўз тасдиғини топади. Ғарбий Турк хоқонлиги билан боғлиқ ҳудудларда камар тақинчоқларида (Еттисув), шунингдек, танга сиртида – ҳукмдор ёнида уч қиррали қалпоқ кийган малика тасвири (Чоч) учраши ҳам ушбу рамзнинг хоқонлик ҳудудида кенг тарқалганидан дарак беради [16].
Шу билан биргаликда, хоқонликка хос асосий рамзлардан бири “тамға” бўлганлиги бир қатор далиллар асосида ўз тасдиғига эга. Асосан, марказий осиёлик кўчманчиларга хос анъана – ҳар бир уруғ ва қабиланинг ўз рамзий белгиси, тамғасига эга бўлиш анъанаси хоқонлик томонидан ҳам давом эттирилгани, хоқонлик тангалари ва битиктошларда учрайди. Бугунги кунда бир вақтлар Турк хоқонлигининг марказий ҳудудларидан бўлмиш Марказий Осиёнинг кўплаб ҳудудларида, асосан, Ўрхун (Мўғулистон)дан топилаётган археологик ёдгорликлар (битиктошлар, қоя битиклари ва б.) сиртида тамғалар учраб, улар орасида “архар” (тоғ эчкиси) шаклини эслатувчи тамға диққатни жалб қилади. Жумладан, турк хоқонлари томонидан ўрнатилган Кул Тегин (732 й.), Билга хоқон (735 й.) ва бошқа бир қатор битиктошларнинг юқори қисмида шаккли тамға жой олган бўлиб, ушбу битиктошларни биринчилардан бўлиб ўрганган олимлар мазкур тамғани “хонлик тамғаси”, деб изоҳлаган эдилар [17].
Гарчи бирор бир манбада айнан ушбу тамға Турк хоқонлигининг тамғаси эканлиги ҳақида тўғридантўғри маълумот учрамасада, хоқонлик тарихи бўйича шуғулланган кўпчилик тадқиқотчилар фикрича, ушбу тамға хоқонликнинг асосчи уруғи – Ашина қабиласининг сулолавий белгиси бўлган ва шу боис у ҳокимият рамзларидан бири сифатида хоқонлар ва амалдорлар томонидан ўрнатилган ўнлаб битиктошлар, тош ҳайкаллар, ёдгорлик тошлари сиртида ва қояларда акс эттирилган [18].
Ушбу фикр тарафдорларининг фойдасига шуни қўшимча қилиш мумкинки, хитой манбасида Ашина қабиласининг тамғаси сифатида шаклли белги келтирилган [19]. Ушбу тамғани битиктошлардаги архарсимон тамғанинг вариантларидан бири деб ҳисоблаш мумкин.
Шунингдек, Чоч (Тошкент) воҳаси ва Фарғона водийсидан топилаётган VI–VIII асрларга тааллуқли Ғарбий Турк хоқонлигига оид тангаларда Ашина сулоласи бошқарувчилари томонидан олий унвонлар сифатида қўлланилган жабғу, джабғу-хоқон, хоқон унвонлари баробарида шаклли тамғалар учрайди. Мазкур тамғаларни хоқонликка хос архарсимон тамғанинг вариантлари деб ҳисоблаш мумкин [20]. Хитой йилномасидаги ва тангалардаги тамғаларнинг шаклан битиктошлардаги архарсимон тамғадан анча фарқланиши эса ушбу тамғаларнинг қоғозга чизилганлиги ёки металлга босилганлиги билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, Марказий Осиё кўчманчиларида мавжуд бўлган анъанага кўра, бирор бир уруғдан ажралиб чиққан тармоқ аждод уруғ тамғасига муайян бир белги қўшиб, ўз тамғасига эга бўлади. Яъни, асосий тамға сақланган ҳолда унга бирор белги қўшилади. Шу тариқа маълум маънода фарқли тамға вужудга келади.
Хуллас, дунёнинг кўплаб қадимий давлатларида бўлганидек‚ Ғарбий Турк хоқонлигида ҳам ўзига хос ҳукмдорлик аломатлари ёки ҳокимият рамзлари – символлар мавжуд бўлиб‚ улар асосан қуйидагича эди:
1) унвон ва лақаблар; 2) бошқарув/ҳукумат маркази (пойтахт), қароргоҳ; 3) танга зарби; 4) ўтоғ (чодир)‚ сарой; 5) тахт; 6) тож; 7) қўриқчилар гуруҳи (гвардия); 8) соябон; 9) байроқ (бўри бошли); 10) туғ (10 дона); 11) довул/дўмбира (барабан); 12) кийим (бош кийим‚ тўн‚ камар); 13) қуроляроғ (ўқёй‚ совут/зирҳ); 14) тамға; 15) махсус ранг (сариқ/оқ ранг ва кўк); 16) ҳумо қуши (+аёл илоҳа Умай) тасвири ва ҳ.к [21].
Хуллас, қадимги турклардаги давлатчилик концепциясига кўра, сиёсий уюшма сифатидаги “давлат” маъносида эл сўзи ишлатилиб, ушбу сўз остида давлатни ташкил этувчи асосий унсурлар; тўру – ҳокимият/қонун, улуш – мамлакат, будун – халқ тушунилган. Ҳатто, асосий маъноси “давлат” бўлган эл атамаси давлатни ташкил қилувчи ушбу уч унсурнинг ҳар бири билан тенг маъно берувчи синоним сўз сифатида ҳам қўлланилган. Мафкуравий жиҳатдан давлат халқнинг мустақиллигини сақлаш, умуман олганда, мавжудлигини муҳофаза қилувчи ташкилот сифатида қаралган ва хоқонлар унинг кафолати ҳисобланиб, тангри (худо) томонидан давлатни асраб қолиш учун махсус ваколат берилган, деб тушунилган.
Бугунги кунда мустақил Ўзбекистон ҳам ўзининг ўнлаб рамзларига эга. Уларнинг деярли барчаси кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, балки ўзининг қадим тарихий миллий ва маънавий илдизларига асосланади. Қуйида қисқача кўриб чиқиладиганидек Ўзбекистон гербининг ўзида қадим аждодларимизнинг қарийб 3 минг йиллик давлатчилик анъаналари ўз ифодасини топганлиги англашилади:
Саккиз қиррали юлдуз билан қуршалган, ярим ой ва беш қиррали юлдуз рамзи
– Ўзбекистон гербида ўрин олган рамзий деталлардан бири – асосий қисми кўк рангга бўялган, қирралари эса олтинсимон сариқ рангда берилган 8 қиррали юлдуз ва унинг ичида оқ рангдаги ярим ой ва унинг бағрида 5 қиррали юлдуз мавжуд. Ушбу рамздаги ҳам ранглар, ҳам астрал белгилар бежиз танланмаган бўлиб, уларнинг барчаси қадим ўзбек давлатчилиги билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, давлатчилигимизнинг ёрқин бир намоёндаси бўлмиш Буюк Турк хоқонлиги (552–744) даврида олтинсимон сариқ ранг – бош ҳукмдор “хоқон”ни ифодласа, кўк ранг эса туркий халқларнинг муқаддас рамзи ҳисобланган. Хоқонликнинг байроғи кўк рангда бўлиб, унда бўри боши акс эттирилган. Хоқонликнинг бошқарув марказларидан бири жойлашган Чоч (Тошкент) воҳасида бостирилган 6–8 асрларга тааллуқли мис тангаларда “жабғу” ёки “хоқон” каби қадимги туркий унвонлар билан бирга ҳукмдор ва малика тасвири ҳамда уларнинг бош учида ярим ой ва унинг устида саккиз қиррали юлдуз ўрин олган [22] (қаранг: 2-расм).
2-расм. Чоч тангаси
Аслида бу рамз янада қадимийроқ бўлиб, давлатчилигимизнинг муҳим бир даври бўлмиш Кушон салтанати (мил. ав. I – мил. III аср) даврига оид турли буюмларда ҳам учрайди. Жумладан, мамлакатимизнинг жанубий чегарасига яқин ҳудудда – Тиллатепа ёдгорлиги (Шим. Афғонистон)дан топилган минглаб тилла буюм (тақинчоқ, безак, тугма, муҳр ва ҳ.к.)лар орасида турли ҳокимият рамзларини ўзида акс эттирган металл муҳр учрайди. Хусусан, унинг сиртида иккита арслонга қўшилган аравага минган ҳукмдор ва илоҳа, уларга соябон тутган амалдор, уларнинг тепасида қуёшсимон тож кийган илоҳ ҳамда бағрида кўп қиррали юлдуз тасвирлари ярим ой ўрин олган (қаранг. 3-расм).
3-расм. Тиллатепа муҳри / Кушон даври
Қуйидаги 4-расмда икки томондан ярим ой билан қуршалган, ёнида эса бир дона ярим ой ва саккиз қиррали юлдуз ўрин олган Кофир-қалъа ёдгорлиги (Самарқанд) милодий 7-8 асрларга тааллуқлидир. Яқин йилларда қазиб ўрганила бошланган ушбу қадимий шаҳар харобасида ҳозиргача 500 га яқин муҳр ва шунга ўхшаш давлатчилик рамзлари топилган [23].
4-расм. Кофир-қалъа (Самарқанд)
Турк хоқонлиги томонидан Чоч воҳасида зарб қилинган 20 дан ортиқ турдаги мис тангаларнинг кўпчилигида давлат ва ҳокимият рамзлари акс этган бўлиб, улар орасида ярим ой ва унинг устида саккиз қиррали юлдуз, қилич, ўқ-ёй, тамға, Ҳумо қуши, арслон бошли тахт ва ҳоказолар алоҳида ўрин эгаллайди. Жумладан, қуйидаги Чоч тангасида чордона қуриб ўтирган хоқон ва унинг ён томонида ярим ой (устда) ва саккиз қиррали юлдуз (қуйида) жой олган[24] (5-расм).
5-расм. Чоч тангаси
Cаккиз қиррали юлдуз ва ярим ой тасвирининг рамзий маъноси
Кўпинча устма-уст ёки ёнма-ён тасвирланувчи ярим ой (ҳилол) ва юлдуз бугунги кунда кўпроқ мусулмонларнинг нишони ёки мусулмон давлатларнинг рамзий белгиси деб талқин қилинади. Ҳозирги кунда мусулмон давлатларидан Туркия, Озарбойжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Тунис, Жазоир, Покистон ва яна бир қатор давлатларнинг байроғида ушбу тасвир учрайди. Фақат кўплаб мусулмон Араб давлатлари, Эрон, Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва шунга ўхшаш давлатларнинг байроғида ярим ой ва юлдуз тасвирлари учрамаслиги ушбу рамзнинг барча мусулмон давлатларидаям бир хил маънода тушунилмаслигини кўрсатади. Шунингдек, айрим мусулмон давлатларнинг масжид ва шунга ўхшаш диний идораларида, қабртошлари ва бошқа исломий ёдгорликларда бундай белги кенг тарқалган бўлса, баъзиларида эса бунинг аксидир.
Аслида бу рамз жуда қадимий бўлиб, ислом дини пайдо бўлишидан минг йиллар олдин дунёнинг турли бурчакларида турли ашёларда, асосан давлатчилик билан боғлиқ буюмлар сиртида (муҳр, танга ва ҳ.к.) ўрин олганлиги маълум. Ер юзи халқлари орасида қадимда, асосан, Яқин Шарқ, Месопотамия, Эрон, Рим, Юнонистон, Византия ва Марказий Осиё ҳудудларида қўлга киритилган археологик топилмаларда ярим ой ва юлдуз тасвирлари учраса-да, қадимги Хитой, Япония, Корея, Жанубий Осиё давлатлари, Славян давлатлари (Киев Руси, Россия ва ҳ.к.) бундай тасвирлар кўп ҳам кўзга ташланавермайди.
Бир вақтлар Парфия ва Сосонийлар Эрони салтанатларининг тангаларида ярим ой ва юлдуз тасвири кўплаб учраган бўлишига қарамай, ҳам ўрта асрларда, ҳам бугунги кундаги эроний тилли давлатлар (Эрон, Афғонистон, Тожикистон) байроқларида бундай ҳолатга дуч келинмайди. Шунингдек, бугунги кундаги Ҳиндистон, кўплаб Араб давлатлари байроқларида ҳам ушбу рамз ўрин олмаган. Афтидан, бу ушбу тасвирнинг ҳиндлар, араблар ва форслар томонидан туркийларга тегишли рамз деб талқин қилиниши билан боғлиқ бўлса керак. Ўрта асрлар мусулмон давлатларида дастлаб туркий Миср Мамлуклари, Усмонийлар давлатида қўлланилган бу рамз сўнгги ўрта асрларда ҳам қўлланилишда давом этиб (Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари), Озарбойжон Демократик жумҳурияти (1918–1920), Хива Халқ Республикаси (1918–1920), Туркистон (Қўқон) Мухторияти (1918) байроқларида ҳам ўз аксини топди. Ҳозирги кунда бир қатор туркий давлатларнинг ҳам байроғида ҳамда давлат рамзларида ярим ой ва юлдуз ўрин олганида ўз ифодасига эга.
Ой ва юлдуз рамзи Усмонийлар салтанати даврида кенг қўлланилган бўлиб, шу даврдан бошлаб масжид ва шунга ўхшаш диний бинолар устида, қабртошларида, байроқ ва туғро (султоннинг махсус муҳри)да учрай бошлайди. Усмонийлар давлати парчалангач, бир вақтлар унинг қўл остида бўлган Шимолий Африка мусулмон давлатлари (Тунис, Жазоир, Мавритания) ҳам ўз байроқларида ушбу рамзни акс эттирадилар. Шунингдек, Покистон ҳам алоҳида мустақил давлатга айланиш жараёнида шу рамзни ўз байроғига туширишни маъқул кўради. Бунда эҳтимол ушбу давлатнинг Туркия билан дўстлик алоқаларига эгалиги, шунингдек, тарихан Марказий Осиё билан боғланган этномаданий ришталар роль ўйнаган кўринади. Бундан ташқари, Сингапур ва Малайзия байроқларида ярим ой ва юлдуз тасвири ўрин олиши эса ўзининг изоҳига муҳтож. Эҳтимол, улар ушбу рамзни мусулмонлик рамзи деб ҳисоблашлари билан боғлиқ бўлса керак.
Милоддан олдинги учинчи ва иккинчи мингйилликда Месопотамияда Шумер ва Элам давлатларининг рамзларида ярим ой ва юлдуз тасвири қўлланилган бўлиб, Бобил мифологиясига кўра “ярим ой”, яъни “Син” – замон (вақт)нинг отаси ва Ой худоси рамзи, “юлдуз” – “Иштар” эса Бобил қироли қуч-қудратининг манбаи деб билинарди.
Қадимги марказий осиёликлар, хусусан, туркий халқларнинг аждодлари эса бу рамзни дунёнинг кўплаб халқлари кўплаб самовий астрал белгилар сифатида қадрлашган ҳамда давлат ва ҳокимият рамзи сифатида билиш билан биргаликда инсонларга бахт-саодат келтирадиган, куч-қувват ато этадиган рамзий нишонлар деб эътироф этишган. Хусусан, улар жангга йўл олаётган пайтда ғалаба қозониш учун янги ой туғилиши ва унинг ярим ой шаклига кириб, устида порлоқ юлдуз билан биргаликда кўринишини омад келтиради деб ҳисоблаганлар. Ҳозирги кунда ҳам халқимиз янги ой чиққанда “Ойни кўриб ойдай бўлайлик” деб тилак билдириши, ҳарбий хизматга ёки узоқ сафарга йўл олаётган фарзандлар учун “Ой бориб, омон қайт” дея дуо қилишларининг негизида ҳам қадим аждодларимизга хос анъаналарнинг излари ётади.
Ҳумо қуши рамзи
Ўзбекистон гербининг марказий қисмида ўрин олган қанотлари кенг ёйилган, бошини тик тутган “Ҳумо” қуши тасвири ҳам ўзбек халқи мифологиясида, ҳам тасвирий санъатида кўплаб учрайдиган рамзлардан бири. Хусусан, Кушон салтанатига тааллуқли бақтрийча ёзувли мис тангаларда “Омо” (Ума) илоҳаси, Турк хоқонлигига тегишли қадимги туркий битиктошлар (Кул Тегин, Билга хоқон ёдгорликлари)даги “Умай” Ҳумо сўзи билан тенглаштирилади [25]. Қадимги туркий давлатчилик мафкурасида “Умай” муайян бир илоҳа бўлиб, у “Тангри” (Худо)дан бериладиган “давлат”ни бўлажак ҳукмдорга тақдим қилади” деб тушунилган. “Умай” кўп ҳолларда қуш шаклида талқин қилинган. Ўзбек халқ фольклорида ҳукмдорга нисбатан “Бошига Ҳумо қўнибди”, “Бахт қуши қўнибди” деган иборалар ҳам ушбу тушунча билан боғлиқ.
Ҳам битиктошларда учрайдиган иборалар, ҳам хоқонлик билан боғлиқ археологик топилмаларда “Умай” ёки “Ҳумо” қуши тасвири учраши ушбу рамзнинг қадимий илдизларга эгалигини кўрсатади. Жумладан, Мўғулистондан топилган, Турк хоқонлиги шаҳзодаси “Кул Тегин боши” (8-аср биринчи чораги) деб ҳисобланадиган бош қисми сақланиб қолган тош ҳайкалнинг бош кийими – бўркида шундай тасвир учрайди.
6-7 расмлар. Ўзбекистон герби ва Кул Тегин ҳайкалидаги Ҳумо қуши тасвирлари
Шунингдек, Турк хоқонлигининг машҳур ҳукмдорларидан бири бўлмиш Билга хоқон (716–734) қабри атрофидан топилиб, тадқиқотчилар томонидан “Билга хоқоннинг тожи” деб талқин қилинадиган топилмада ҳам Ҳумо қуши тасвири марказий қисмда ўрин олган. Олтиндан ясалган тож бугунги кунда Мўғулистонда музейда сақланади.
8-расм. Билга хоқон тожидаги Ҳумо қуши
Ҳумо қуши тасвири Чочда зарб қилинган Турк хоқонлиги тангаларида ҳам ўрин олган бўлиб[26], кўп ҳолларда у чордона қуриб тахтда ўтирган ҳукмдорнинг ўнг томонида жой олган, қанотлари кенг ёйилган қуш ҳолатида чизилган.
9-расм. Чоч тангаси (Чордона қуриб арслон боши тасвирли тахтда ўтирган ҳукмдор ва унинг ўнг томонида Ҳумо қуши тасвири ўрин олган)
Исломдан олдинги кезларда қадимги туркий давлатчилик тарихига тангалар ва уларда тасвирланган рамзий белгилар мисолида қисқача тадқиқотимиз натижасида қуйидагича тўхтамларга келинди:
– Ўрта Осиё ва унга қўшни ҳудудлар асосан битта сиёсий байроқ – Турк хоқонлиги (552–744) қўл остида бирлаштирилган бўлиб, минтақанинг кўплаб ўлкаларида туркий сулолалар ташкил топган эди. Улар ўз тангаларида қадимги туркларга хос тамға ва бошқа рамзий белгиларга урғу берган эдилар;
– Қадимги туркларда давлатчилик анъаналари анча юқори бўлиб, бу уларнинг ўзига хос ҳокимият белгилари: байроқ, туғ, махсус тус – ранг, унвонлар, тамға, муҳр ва ҳоказоларга эга бўлганликларида ҳам кўриниб турибди.
Ғайбулла БОБОЁРОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
[1] Бобоёров Ғ. Ғарбий Турк хоқонлигининг давлат тузуми. Тарих фанлари док. дисс. автореферати. Тошкент, 2012. – Б. 30-31; Koca A. Eski Türklerde Devlet Geleneği. Ankara, 2007. – S. 829.
[2] Худяков Ю.С. Военное дело Западных тюрков // Мəдени мұра – Культурное наследие. № 1‚ – Астана‚ 2009. – С. 41.
[3] ТaşağılA. Gök Türkler. – Ankara, 2003. – S. 66, 86.
[4] ТaşağılA. Gök Türkler. – Ankara, 2003. – S. 66.
[5] ТaşağılA. Gök Türkler. – Ankara,1999. – S. 74.
[6] Erkoç H.İ. Eski Türklerde Devlet Teşkilatı. Basılmamış Yüksek Lisans Tezi. – Ankara, 2008. – S. 73.
[7] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. – М. – Л.: Изд. АН СССР. – Том II. – С. 315.
[8] Абдураҳмонов Ғ.‚ Рустамов А. Қадимги туркий тил. Тошкент, 1982. – Б. 115.
[9] Yatsenko S.A. The costume of foreign Embassies and Inhabitants of Samarkand on Wall-Painting of the VII c. in the Hall of Ambassadors from Afrasiab (interpretation of Image) // “Transoxiana”, 8, www.transoxiana.com.ar. 2004. – P. 8; Arzhantseva I., Inevatkina O. Afrasiab wall-paintings revisited: new discovered twenty-five years old // Royal Naurūz in Samarkand. Proceedings of the Conference held in Venice on the Pre-Islamic paintings at Afrasiab. A ccura di M. Comparetti – E. de la Vaissière. – Pisa – Roma, 2006. – Supplemento No. 1, Vol. LXXVIII. – P. 193.
[10] Arzhantseva I., Inevatkina O. Afrasiab wall-paintings…, – P. 183–202.
[11] Moravcsik G. Byzantinoturcica. II. – Berlin, 1958. – P. 122.
[12] Зуев Ю. А. Ранние тюрки: очерки истории и идеологии. – Алматы, Дайк-пресс, 2002. – С. 25.
[13] Баъзи тадқиқотчилар Умай (ҳумо) қуши тасвирини хоқонлик герби бўлган, деб ҳисоблайдилар (Самашев З., Базылхан Н., Баяр Д. Древнетюркские каменные изваяния Евразийских степей // Культурное наследие. ‒ Астана‚ 2009. № 1. ‒ С. 32.
[14] Самашев З., Базылхан Н., Баяр Д. Древнетюркские каменные ... ‒ С. 32, 37.
[15] Абдураҳмонов Ғ.‚ Рустамов А. Қадимги туркий тил ... – Б. 108.
[16] Досымбаева А. Западный Тюркский каганат ва культурном наследии казахской степи // Культурное наследие. Астана, 2009, №1 (22). – С. 21; Рогожинский А.Е. Новые находки памятников древнетюркской эпиграфики и монументального искусства на юге и востоке Казахстана. – С. 32–34.
[17] Radloff W. Moğolistan Tarihi Eserleri Atlası (Атлас древностей Монголии. СПб., 1892, 1899. Анқара нашри). Ankara 1994. – S. 16–18, 58–60, 63-64.
[18] Radloff W. Moğolistan Tarihi Eserleri..., – S. 16–18, 58–60, 63-64.
[19] Зуев Ю.А. Тамги лошадей из вассальных княжеств // Новые материалы по древней и средневековый истории Казахстана. – Алма-Ата, 1960. – C. 132.
[20] Тангалардаги ушбу тамғалар, аслида, битта асос (прототип)дан шаклланган бўлиб, қуйидагича эволюцион жараёнларни босиб ўтган: Тангалардаги тамғаларнинг бирбиридан шаклан бироз фарқланиши эса Ғарбий Турк хоқонлиги шаклланишининг учта босқичи билан боғлиқ: 1босқич. Турк хоқонлигига таркибида унинг бир қаноти – Ябғулик даври (тангада жабғу унвони, шаклли тамға); 2босқич. Турк хоқонлигига номинал боғлиқ пайтда – Ябғухоқонлик даври (тангада джабғу–хоқон унвони, шаклли тамға); 3босқич. 630 йилда Турк хоқонлигига Хитой томонидан барҳам берилгач, Ғарбий Турк хоқонлиги алоҳида давлат сифатини олган давр Хоқонлик даври (тангада хоқон унвони, шаклли тамға) Қаранг: Бабаяров Г. К истории формирования Западно-Тюркского каганата // III. Международный тюркологический конгресс. Актуальные проблемы и перспективы современной тюркологии (Общий язык, история и алфавит), 18–20 май 2009 г. Туркистан, 2009, с. 491–498).
[21] Досымбаева А. Западный Тюркский каганат ва культурном наследии казахской степи // Культурное наследие. – Астана, 2009. – № 1 (22). – С. 21; Рогожинский А.Е. Новые находки памятников древнетюркской эпиграфики и монументального искусства на юге и востоке Казахстана // Роль номадов в формировании культурного наследия Казахстана. Научные чтения памяти Н.Э.Масанова: Сб. матов Межд. науч. конф. – Алматы, 2010. – С. 342; Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса VI–VIII вв. – Т.: 2007. – С. 11, 14-15, 17, 32.
[22] Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса… – С. 14–25.
[23] Бердимурадов А., Богомолов Г., Такао У., Бегматов А. Буллы с буддийским сюжетом с городища Кафиркала // Археология Узбекистана. 2016. № 2 (13). С. 51–60.
[24] Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса … C. 9-10.
[25] Бабаяров Г., Кубатин А. К вопросу взаимосвязей между кушанами и древними (на основе нумизматического материала) // Традиционный IV Международный тюркологический конгресс Посвященный 20-летию Независимости Республики Казахстан. – Туркистан: А. Ясауи атындығы ХҚТУ, 2011. – С. 492–499.
[26] Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса … C. 9-10.
Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ