«Қора Сталин» ёхуд «қизил Негус». Ўз халқи геноцидини уюштирган африкалик социалист – Ҳайле Менгисту


Сақлаш
17:08 / 14.11.2023 503 0

Дунё тарихида нафақат бошқа миллатлар, балки ўз халқини қирғин қилган етакчилар ҳам анчагина. Улардан энг машҳурлари: Салот Сар, Сталин, Мао Сзедун социалистик-коммунистик ғоя тарафдорлари эди. Мамлакатда социализм ўрнатишга уринган, бу йўлда миллионлаб инсонлар ўлимига сабабчи бўлиб, ўз миллати геноцидини уюштирган яна бир социалист-раҳбар Эфиопия президенти Ҳайле Менгисту Мариам эди.

 

«Қора Сталин»

 

Эфиопияни 1977-1991 йилларда бошқарган Ҳайле Менгисту Мариамни дунёдаги энг шафқатсиз етакчилардан бири дейиш мумкин. Ҳокимият тепасига ҳарбий тўнтариш орқали келиб, мамлакатда диктатура ва коммунистик тузум ўрнатган, ички қабилавий урушларни рағбатлантириб, мухолифатга қарши «қизил террор» ўтказган Менгисту кўп жиҳатдан СССРнинг қонхўр раҳбари — Сталинни эслатади. Эфиопия тирани ушбу хунрезликларида айнан СССР ёрдамига суянганди. Африкада коммунизмни тарқатишга уринган совет давлати Менгистуни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади ва бу қўллов тўхтаганда Эфиопия диктаторининг сиёсий умри ҳам тугади.

 

Ҳайле Менгисту Африканинг энг сирли раҳбарларидан бири бўлиб, унинг ҳақиқий шахсий биографияси номаълум, фақатгина давлат томонидан эълон қилинган расмий версия мавжуд. Ушбу версияга кўра, Эфиопиянинг бўлажак президенти 1937 йилда мамлакатнинг Ҳарари вилоятида, ҳарбий оиласида туғилган.

 

 

Мактабни амаллаб битирган Ҳайле обрўли қариндошлари ёрдами билан ҳарбий академияга ўқишга киради. 1966 йилда Эфиопия армияси сафида ёш лейтенант — Ҳайле Менгисту Мариам пайдо бўлади. Яна ўша қариндошлар аралашуви билан ёш лейтенант жангавор бўлинмаларга эмас, сарой хавфсизлик кучлари сафига қабул қилинади (Эфиопия бу пайтда қироллик эди) ва бир йилдан сўнг АҚШга, қайта тайёрлов курсига жўнатилади.

 

Уч йилдан кўпроқ вақт давомида Америкада бўлган Менгисту 1970 йилда ватанига қайтади ҳамда Огаден вилоятида жойлашган Эфиопия армиясининг 3-дивизияси таркибига келиб қўшилади. Ушбу дивизия қўмондони Аман Андом жуда машҳур командир бўлиб, ўз вақтида Муссолини Италияси босқинига қаши курашганди. Андом кейинчалик (1974 йилда) Эфиопияда давлат тўнтариши уюштиради ва мамлакатда репрессияларни кучайтирган қирол Хайле Селассиэ И ҳукмронлигига барҳам беради. Андом бошчилигидаги ҳарбий хунта ҳокимиятни ўз қўлига олади ва Менгисту Андомга яқин бўлган ҳарбийлардан ташкил топган янги бошқарув қўмитаси таркибига киради.

 

Ҳокимият қўлга киритилгач, энди ҳарбийлар ўртасида етакчилик учун кураш бошланади. «Саҳро арслони» лақаби билан танилган Аман Андом ёш генерал Тефери Бенти ва Хайле Мариам томонидан «тахтдан» қулатилади.

 

1974 йил 23 ноябрь куни Менгисту 59 нафар собиқ Эфиопия аристократларини қатл қилиш ҳақида буйруқ беради. Андом бу қирғинни қоралайди ва шу куни тунда шогирд ўз устозини ўлдириш учун унинг уйига бостириб боради. Икки соатлик отишмадан сўнг Аман Андом ўлдирилади.

 

Менгисту Москвада. 1977 йил

 

Менгисту собиқ командирини ўлдиргач ҳокимият чўққиси томон юришни жадаллаштиради. Орадан уч ой ўтиб, 1975 йилнинг февраль ойида Менгисту ҳарбий қўмита йиғилишида генерал Бенти ва унинг тарафдорларини шахсан ўзи отиб ташлайди. Шундан сўнг Ҳайле Менгисту Мариам Эфиопияда мутлақ ҳокимиятга эга бўлади.

 

СССР билан яқинлашув ва «қизил террор»

 

Америкаликлар Эфиопиянинг янги ҳукуматига ишончсизлик билан қарайди. Вашингтонга Менгистунинг террор сиёсати ёқмайди. Ёш диктатор ўзига Шарқдан иттифоқчи қидиришга мажбур бўлади ва фокусни Пекинга қаратади, аммо ҳали энди ривожланаётган Хитой ташқи сиёсатида унчалик фаол эмас эди. Қолаверса, Хитойнинг имкониятлари ҳам чекланганди.

 

Натижада ташқи ҳамкор сифатида СССР танланади. Менгисту Кремль билан музокараларга жиддий эътибор беради ва 1977 йил Москвага ташриф буюради. Совет раҳбарияти Менгисту бошлиқ Эфиопияни коммунизмнинг дунё бўйлаб тарқалишидаги янги босқич ўлароқ кўради. Аддис-Абеба Москвадан ҳам молиявий, ҳам маънавий, ҳам ҳарбий дастак олишни бошлайди.

 

Қудратли «дўст»га эга бўлгач Менгисту мухолифатга қарши террорни кучайтиради.

 

Менгисту ва Брежнев. Москва

 

Эфиопияда ҳокимият тепасига ҳарбийлар келгач мамлакатда икки партия катта мавқега эга бўлади, биринчиси Эфиопиянинг асосий туб халқларидан бири бўлган амхара халқи манфаатларини акс эттирувчи «Эфиопия Халқ инқилобий партияси» (ЭХИП) эди. Иккинчи йирик партия «Бутун Эфиопия социалистик ҳаракати» (БEШ) бошқа бир туб халқ — оромолар манфаатларини ҳимоя қиларди. Ушбу икки қабила Эфиопия аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилган ва тез орада улар ўртасида қонли кураш бошланган. Менгисту ушбу қарама-қаршиликда «Бутун Эфиопия социалистик ҳаракати»ни қўллаб-қувватлайди ва бу ЭХИП норозилигига сабаб бўлади.

 

ЭХИП Менгистунинг ҳаётига икки марта суиқасд уюштиради, аммо ҳар иккала уриниш муваффақиятсиз тугайди. Ёш диктатор бу суиқасдларга қатағонлар билан жавоб беради. 1977 йилнинг апрелида Эфиопияда «қизил террор» бошланади, ўн минглаб амхаралар қамоққа олинади, минглаб инсонлар эса отиб ташланади.

 

Қирғиндан оромолар ҳам четда қолмайди. «Қизил террор» бошлангандан кўп ўтмай БEШ партияси ҳомийси, подполковник Атнафу Аббате қатл этилади, ушбу партия аъзолари ҳам террор машинаси қурбонига айланади.

 

Мамлакат шарқида «Эритрея озодлик ҳаракати» ҳам фаоллашиб, мустақиллик учун кураш авж олади. Менгисту СССР ёрдами билан ушбу ҳаракатни ҳам қонга ботиради.

 

1977-1980 йиллардаги Эфиопия 1935-1940 йиллардаги СССРни эсга соларди. Мамлакатда тўхтовсиз ҳибсга олишлар, судсиз қатл ва сургун қилиш, ўнлаб одамларни яширин тарзда кўмиб юбориш одатий ҳолга айланганди.

 

Ушбу фожиалардан сўнг Эфиопияда Менгисту «қизил негус» (негус — Эфиопия императорларининг қадимий унвони), «қора Сталин» ёхуд шунчаки «эфиопиялик қассоб» деб атала бошланади. Ҳисоб-китобларга кўра, Менгисту ҳукумати Эфиопияда икки миллион инсон ўлимида айбдор.

 

Менгисту ўзи ўтказган геноцидни жуда оддий тушунтирган. «Африкалик Сталин»нинг фикрича, унинг даврида содир бўлган воқеалар қирғин эмас, балки синфий курашдир.

 

Сомали билан уруш

 

Ҳайле Менгисту социализмга вақтида ўтиб олганди. СССР Сиёсий бюроси аъзолари билан танишувдан кўп ўтмасдан, Эфиопия қўшниси Сомалининг хиёнаткор ҳужуми қурбони бўлди. Африка шарқидаги бошқа бир давлат раҳбари Муҳаммад Сиад Барре мамлакатда социализм қуришни бироз олдинроқ бошлаган, аммо янги социалист қўшнисининг заифлигини кўриб, Буюк Сомали (ушбу ғоя сомали халқи яшовчи барча ҳудудларни бир давлатга бирлаштиришни назарда тутади) орзусини амалга оширишдан ўзини тўхтата олмаганди.

 

1977 йилда Сиад Барре Буюк Сомали ғоясининг бир қисми ҳисобланувчи Эфиопиянинг Огаден вилоятини ўз давлатига қўшиб олиш учун қўшни мамлакат ҳудудига бостириб киради. Сомали қўшинлари маҳаллий аҳоли ёрдами билан муваффақиятли ҳаракат қилиб, вилоятдаги асосий шаҳарларни эгаллаб олади.

 

Огаден уруши

 

СССР раҳбарияти қийин танлов қаршида қолади. Улар ушбу урушда социализм йўлини танлаган икки Африка давлатидан бирини дастаклаши лозим эди. Охир-оқибат Кремль Менгистуда кўпроқ истиқбол кўради ва Эфиопияга совет қуроллари ҳамда ҳарбий мутахассислари оқиб кела бошлайди. СССРдан ташқари Куба ва Жанубий Яман ҳам Аддис-Абебага ҳарбий кўмак кўрсатади. Эфиопия қўшинлари сони қисқа муддатда 10 мингдан 300 мингга кўпайтирилади. Армияда қаттиқ интизом ўрнатилади, буйруқсиз ўз позициясини тарк этган аскарлар дезертир ҳисобланиб, ўша жойдаёқ отиб ташланади.

 

Совет ва Куба ҳарбий мутахассилари ҳамда офицерлари урушда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Уларнинг хизматлари эвазига 1978 йилда Эфиопия армияси мамлакатнинг барча босиб олинган ҳудудларини Сомалидан қайтариб олади. Муҳаммад Барре тинчлик сулҳи сўрашга мажбур бўлади.

 

Эритреянинг қонга ботирилиши

 

Сомали устидан қозонилган ғалабдан илҳомланган Менгисту армияни шарққа йўналтиради. СССРнинг замонавий қуроллари билан қуролланган Эфиопия армияси мустақиллик учун курашаётган Эритрея партизанларига қарши операциялар бошлайди. Бироқ маҳаллий аҳоли эфиопияликларга самарали қаршилик кўрсатади, ҳар икки томон катта қурбонлар беради. Тўқнашувларга ҳатто СССР ҳам бевосита қўшилади.

 

Икки йилдан ортиқ давом этган уруш 80 минг эритреялик ҳаётига зомин бўлади. Лекин Менгисту Эритрея масаласида ҳеч қандай ютуққа эриша олмайди, эритреяликлар курашни давом эттиради.

 

Қочиш

 

Мариам Ҳайле Африкада янги СССРни қурганди. Эфиопияда коллективлаштириш, миллийлаштириш, миллий саноатни яратиш ва диний мутаассибликка қарши курашиш кампанияси олиб борилади. Мамлакатдаги барча одам Хитойдаги каби кўк форма кийиб юришга мажбур қилинади.

 

1980 йилларнинг ўрталарида Африка шимолида қурғоқчилик бошланиб, Эфиопия ҳуманитар фалокат ёқасига келиб қолади. Ҳайле Менгисту халқаро майдондаги обрўси тушишига йўл қўймаслик учун, мамлакатни бутун дунёдан «темир парда» билан узиб қўяди. Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар шошилинч равишда озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишга эмас, ҳарбий тўнтаришнинг ўн йиллигини тантанали тарзда нишонлашга сарфланади.

 

Менгисту ва Фидел Кастро, Аддис-Абеба

 

Миллионлаб одамлар қурғоқчилик ва у олиб келган очарчилик сабаб ҳалок бўлади. Эфиопияда Менгистудан норозилик кайфияти ўсиб боради, унга қарши кучлар «Эфиопия халқларининг инқилобий демократик фронти»га (ЭХИДФ) бирлашади.

 

1989 йилда бир гуруҳ офицерлар диктаторга қарши муваффақиятсиз суиқасд уюштиради. Фитнада иштирок этган барча 12 офицер шафқатсизларча қатл қилинади. Менгисту аста-секинлик билан бўлсада, мамлакат устидан назоратни йўқотади. Вилоятлар марказий ҳокимиятга бўйсунмай қўяди ва тартибсизлик бошланади. «Қайта қуриш» бошлангач СССР ҳам Менгистуга ёрдам бермай қўяди. Оқибатда озиқ-овқат ва ўқ-дориларнинг бепул таъминоти узилиб қолади.

 

1990 йилда СССР расман Эфиопияга барча шаклдаги ёрдамни тўхтатади. Шундан сўнг Ҳайле Менгистунинг ҳукмронлиги узоқ давом этмайди. ЭХИДФ кучлари пойтахт томон юришни кучайтиради. 1991 йил 21 май куни Менгисту Аддис-Абебадан қочиб кетади ва бир неча кундан кейин пойтахтга ЭХИДФ кучлари кириб келади. Собиқ диктатор аввал Кенияга, у ердан бошқа бир Африка диктатори Мугабе ёнига, Зимбабвега қочиб ўтади.

 

Менгисту Нелсон Мандела билан. Аддис-Абеба, 1990 йил

 

Мугабе эфиопиялик ҳамкасбига яхши шароит яратиб беради, Менгисту пойтахт Ҳараре яқинидаги виллада яшайди ва Зимбабве президенти маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади. Бироқ собиқ диктатор бу ерда ҳеч нарса бўлмагандек яшаши мумкин эмасди. Унинг ҳаётига бир неча марта суиқасд уюштирилади, ватанида у сиртдан олий жазо — ўлимга ҳукм қилинади.

 

 

Мугабе ҳокимиятдан кетгач (2017 йил) Менгистуни Эфиопияга экстрадиция қилиш масаласи ҳам тез-тез кўтарилмоқда. Аддис-Абеба уни ўз халқи геноцидида айблайди ва бир неча бор Зимбабведан уни экстрадиция қилиш бўйича сўров юборган. Аммо миллионлаб инсонлар ўлимида айбдор бўлган «қора Сталин» ҳалигача ўз қилмишлари учун қонун олдида жавоб бергани йўқ.

 

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//