Тилланисо «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб» тавсия қилади


Сақлаш
00:11 / 14.11.2023 344 0

Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан “ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ” тавсиясини беришда давом этади.

Лойиҳанинг 59-куни шоира Тилланисо “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади:

 

Мазкур тавсия – шартли. Чунки бу дунёдаги ҳамма одамлар эмас, замонавий дунёнинг ҳар бир ўзбеги айни пайтда ўқиши керак бўлган китоблар рўйхатини келтириб ўтаман.

  

 1. Адиб Холид, “Ўзбекистон таваллуди” китоби. Ҳозирги Ўзбекистон қандай пайдо бўлди? Биз жадидлар деб атайдиган қатлам нималарни орзу қилган эдию, нега ўша давр муаммолари ҳозиргача яшаб келяпти? Ҳаммасига жавоб мана шу китобда бор. Менинг ундан топган жавобим эса маданий онгда ислоҳот ўтказилмагани, қолоқлик сабаб жамият жадидларни қабул қилмаган, деган хулоса бўлди. Ҳозиргача тараққиёт йўлига ўтолмаслигимиз ва либерал ислоҳотлар ўтказолмаслигимизнинг сабабларини ҳам шу китобдан топасиз. Тўғрироғи, дарсликларда тушириб қолдириладиган, олимларимиз атайлаб хаспўшлаб кетадиган жуда кўп бошқа маълумот ва манзараларни ҳам ўқиш мумкин асарда.

 

2. Чўлпоннинг 2-жилдлик танланган асарлари. (Шеърлар. “Кеча ва кундуз” романи) “Ўзбекистон таваллуди”ни ўқиркансиз, ўз-ўзидан Чўлпонни ўқишга эҳтиёж сезасиз. Агар иккаласини бирга ўқисангиз, воқелик сизга янаям яхшироқ тушунарли бўлади.

 

3. Симон де Бовуар, “Иккинчи жинс” асари. Бугун жамиятимизда аёллар муаммоси энг долзарб муаммолардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда аёллар тенглигига эришмас эканмиз, бизнинг ҳар қанча эркинлик, яхши ва тўқ келажак ҳақидаги гапларимиз қуруқ сўзлигича қолиб кетаверади. Энг қизиғи, аёлларнинг чинакам тенг кучга, бошқарувнинг ярмига айланиши демократияни олиб келади. Бунинг қандай содир бўлишини билмоқчи бўлсангиз, аввало, бутун дунё жамиятларида аёлнинг роли тарих давомида қандай супуриб ташланганини ўқиб кўришингиз керак. Афсуски, бу китоб ўзбек тилида йўқ. Ўзбек тилида худди шу турдаги ўқиш шарт бўлган бошқа китоб бор: “Кўринмас аёллар”.

 

4. Карл Густав Юнг, “Миф ва қалб: 6 асосий архетип” китоби. Китоб ўзбекчага таржима қилинмаган. Агар фақат ўзбек тилида ўқувчи қатлам бўлсангиз, шу турдаги “Озодликдан қочиш” (Эрих Фромм), “Одамлар ўйнайдиган ўйинлар” (Эрик Берн) китобларини тавсия қиламан. Ташқаридаги кўриб турган реалликни баҳолай оламиз, аммо миямиздаги дунё-чи? Миямиздаги дунё ва тасаввурларимиз, ишончларимизнинг ўзи қанчалик ёлғон, қанчалик рост? Шуни тушунишга ёрдам беради бу китоб. Ундан ташқари сиз кўкка кўтараётган идеал қадриятлар, ҳатто миллийлик деб алқайдиган хусусиятларимиз ҳам бир томондан капиталистик дунё ахлоқи, иккинчи томондан одамзоднинг минг йиллардан бери келаётган коллектив онгига тегишли бўлиши мумкин. Ва коллектив онг тасаввурларининг қанчаси ёлғон, қанчаси рост? Ўзингизни алдамаслик учун ўқиб чиқинг.

 

5. Чеховнинг барча ҳикоялари. “Олтинчи палата”ни ҳикоячиликнинг чўққиси деб биламан.

 

6. Ницше, “Зардушт таваллоси” асари. Ўз қадриятларингизни элакдан ўтказиб олиш муҳим. Китобни тушуниб, англаб ўқишингиз учун Жамшид Муслимовнинг You tube даги “Субназар” каналига жойланган китоб таҳлилига оид 50 қисмлик подкасти ёрдам беради.

 

7. Кнут Ҳамсун асарлари (Айниқса, “Очлик”, “Пан” романлари, “Том Гланнинг ўлими” ҳикояси)

 

8. Лавкрафт, “Ктулху чақириғи” асари. Адабиётда янги жанр яратган китоблар бири. Нега айнан бу китоб? Чунки бизда ҳам ёзувчи-шоирлар, ҳам ўқувчи дидида бир хиллик кузатилади. Биз илмий фантастика, фентези, мистика, ҳоррор жанрига кам қўл урамиз, кам ўқиймиз ва кам эътибор қаратамиз. Лекин шу жанрдаги асарлар дунёга жуда кўп таъсир қилишини унутмаслик керак. Жумладан, лавкратча ҳоррор Голливудни бутунлай ўзгартириб юборган ва Голливуд у сабаб ўзининг янги босқичига чиққан.

 

9. Битник шоирлар асарлари, жумладан Буковский ва Гинзберг шеърлари. 20-асрнинг сўнгги машҳур шоирлари. Ўз даврининг кино, мода, дин, ижтимоий ҳаётига жуда юқори таъсир кўрсатган, инқилоб қилган постмодерн шеърият ва андергроунд шоирлар ижодига мўралаб қўйиш зарар қилмайди.

 

10. Саломат Вафо, “Номсиз кема”, “Овворанинг кўрган-кечирганлари” асарлари. Ёзувчи ижодида Тагор ҳикояларига хос юксак баён услубини топганман. Маҳорат борасида ҳам бу ёзувчидан ўрганадиган нарса кўп.

 

Шоир, ёзувчи Тилланисо 1993 йили Бухоро вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетини тамомлаган. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). “Дилхат”, “Оловранг туғён”, “Қон” каби шеърий, “Сунбула” номли насрий асарлари чоп этилган.

 

 

 

Oyina.uzни Телеграмда кузатинг

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси