
Қиш бошланиб, қор ёғиши биланоқ отам ертўладан чанани олиб чиқиб, унга арқон бойлаб, устига жажжи ёстиқчани маҳкамлаб менга берарди. Кун бўйи дугоналарим билан чанага чалқанчасига ётиб яхмалакда тепаликдан пастга қараб учардик. Кун ботгач, отам эгнига пахтали чопонини илиб, мени яна чанада учирарди. Ой нурида томлардан осилиб тушган сумалаклар ялтирар, дарахтлар шохига қўнган қор жимир-жимир қиларди. Менинг қош-киприкларимга қор парчалари урилар ва бир зумда эриб юзимга оқиб тушарди. Шунда ўзимни эртаклардаги қор маликаси салтанатига кириб қолган бечора Гердадек ҳис қилардим.
Болаликка қайтиб
Мен болалигимни, отамни ана шундай ширин хотиралар билан эслайман. Не ҳайратки, ҳатто чақалоқлигим хотирамда жонланади гоҳо: атроф қоронғи, кўзимга қаердандир нур тушиб, безовта қилади. Юзимга муздек қор парчалари қўнади, тепамга бир отам, бир онам энгашади. Қўл-оёғим бойланган, қимирлатолмайман, бошимни кўтаролмай типирчилайман... Эҳ-ҳе, болаликни эсласам, турли хотиралар гавдаланаверади. Отам ҳам, онам ҳам ижодкор бўлгани учундир, эл қатори эрталаб тўққизда ишга кетиб, кеч соат еттида қайтишмаган. Уйимиздаги кун тартиби оддий оилаларникига сира ўхшамасди. Отам кундузи кундалик ишлар билан машғул, тунлари ижод қилар эди. Аммо кеч ётганига қарамай, саҳар туриб, ҳовлига сув сепиб, салқинлатиб қўярди. Кейин магнитофон овозини баландлатарди. Ҳар тонг онам иккимиз Таваккал Қодиров, Берта Давидова ёки Фаттоҳхон Мамадалиев қўшиқларини тинглаб кунни бошлардик.
Отам билан ўтган кунларим
Тун Саид Аҳмаднинг ижод палласи эди. Ярим тунда отамнинг ижодхонасига кириб олиб, ёзувчининг асар ёзар чоғи бутун дунёдан узилиб, қаҳрамонлари билан яшаётганидаги кечинмаларини жимгина кузатардим. Ижодхонадаги сандиқча устига кўрпача тўшаб, мени ўтирғизаркан, совуқ кунлари чопонига ҳам ўраб қўярди отам. Ана шу иссиққина чопон бағрида у кишининг ижодий паллаларига гувоҳ бўлганман.
Отам ўта қизиқувчан одам эди. Ниманидир билгиси келса, ипидан игнасигача қайсарлик билан ўрганарди, феълимдаги шу жиҳат менга у кишидан ўтган деб ўйлайман. Қолаверса, отамнинг қизиқишлари мени ҳам қизиқтирган. Масалан, ёзишдан зериккан дамларида катта қўшалоқ кассетали магнитофонга микрофонни улаб, менга қизиқ саволлар бериб, овозимни ёзиб оларди. Орада суратга ҳам туширарди. Мен ҳам ҳар якшанба радиодан шарқ куйларини ёзиб олардим, ҳатто кинотеатрга ҳам магнитофонни олиб бориб, филмлардаги қўшиқларни ёзиб олардим.
Отамнинг ҳикоя қилишича, ёшлигида машҳур фотограф Пенсонга шогирд тушган экан. Шунинг учун бўлса керак, у киши яхши сураткаш ҳам эди. Ижодий сафарлардан анчагина фотоплёнка билан қайтарди. Эҳ-ҳе, суратларни ишлаш жараёнидаги завқини айтмайсизми... Қуёш хобгоҳига кирар экан, отам икков деразага қора парда тутиб, қизил лампа нурида расм чиқарардик. Жараён кетма-кетликда бажарилгач, қоғоз устида сурат пайдо бўларди, бу менга жуда сеҳрли туюларди. Суратлар тайёр бўларкан, отам қистиргичлар билан уларни бирма-бир арқонга тизиб чиқарди. Кейин иккимиз шашка, домино ҳам ўйнардик.
Рассомликдан муҳаррирликка
Гапларимдан англаётгандирсиз отамнинг эркатойи бўлганимни? Онам кўп тақиқлар қўйиб, насиҳат қилган бўлса, отам умуман танбеҳ бермаган, нимани сўрасам ўша нарсани муҳайё қиларди. Лекин касб танлашимда отам бироз қарши бўлган. Келинг, яхшиси, бу ҳикояни ҳам айтиб берақолай.
Болалигимдан расм чизишни ёқтирардим. Чизганларимни отам дўсти – Бенков номидаги санъат ва рассомчилик билим юртида бирга ўқиган курсдоши, Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмадовга кўрсатганида, у киши “Ўзинг-ку бир пайтлар рассомчиликни ташлаб, ёзувчиликка ўтиб кетгандинг. Мана, талантинг барибир қизингда юзага чиқибди. Энди Нодирани рассом қилгин” деган. Шундан сўнг ўша даврда Романовлар уйида жойлашган Пионерлар саройига қатнаб бир муддат таҳсил олганман. Мен ўқиган 150-мактабнинг шундайгина рўпарасида отамнинг яна бир яқин дўсти, Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаев яшарди. Бу инсон ўз уйида кичик дарсхона очиб иқтидорли болаларга рассомчиликни бепул ўргатарди. Мен ҳам шу дарсхонада рангтасвир сирларини ўргандим.
Лекин барибир мактабни битириб касб танлаш арафасида отам “Рассомчиликнинг ўзига яраша машаққатлари бор. Масалан, ўқиш жараёнида “натуршик” ва “натуршица”ларнинг расмини чизиш керак. Бу касб эгалари талабаларнинг рўпарасида кийимсиз соатлаб ўтиришади. Талабалар эса уларга қараб инсон танасини, суякларини, мушакларини тўғри чизишни ўрганади. Табиат манзараларини чизиш учун рассомлар молберт, ёғоч рамкага тортилган мато – полотно, турли бўёқлар, мўйқаламлар, уларни артиш учун кимёвий суюқликлар солинган идишлар ортилган оғир юкларни кўтариб тоғларга, далаларга, чўлу биёбонларга узоқ муддат сафарга кетишади. Кўраяпсанми, рассомчиликнинг қиз болага қийинчилик туғдирадиган жиҳатлари кўп. Яхшилаб ўйлаб кўр. Агар адабиётчи бўлсанг, ҳар ҳолда ишимизни давом эттирасан, онанг иккаламиздан қолган қўлёзмалар ва архив билан ўзинг шуғулланасан, китобларимизга муҳаррирлик қиласан. Ҳаммасини фикрлаб, кейин бир хулосага келгин” деган.
Албатта, отамнинг айтганлари буйруқ эмас, маслаҳат эди. Бажариш ёки бажармаслик ўз зиммамда эди. Ҳамма айтилган гаплардан хулоса қилиб, Тошкент давлат университетининг рус филологияси факультетига ўқишга кирдим, тамомлагач, кўп йиллар рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишладим ва бу танловимдан бирор марта афсусланмадим. Бугун отам истагандек ота-онамнинг архиви билан шуғулланаман, китобларини ўзим таҳрир қилиб нашрга тайёрлайман.
Бир жомадон туфли
Отам тарбия масаласида ҳам жуда эркин эди. Эсимни таниганимдан бери уришиб, аччиқ-тизиқ гаплар билан тарбия берганини эслолмайман. Ўзим ҳам мактабда аълога ўқийдиган, рўзғор ишларида саранжом, катталарни ҳурмат қиладиган яхши қиз эдим-да (кулади). Ота-онамнинг ҳаёт йўли мен учун тарбия эди аслида.
Шу... яхши қиз бўлганим учунми, совғаларга кўмилиб яшаганман. Отам чиройли кийимлар, сумкалар, тақинчоқларни кўрса, дарров сотиб олиб, онам иккимизга совға қиларди. Эсимда, ўнинчи синфни битираётганимда тикувчиликка қизиқишимни кўрган отам менга Олмонияда ишлаб чиқарилган “Veritas” номли тикув машинасини совға қилган. Халигача шу машинада у-бу нарсаларни тикиб тураман.
Отам олиб келадиган совғалардан яна бири ҳақида қизиқ воқеа эсимга тушиб қолди. Бир куни отам “Ўзбек адабиёти кунлари”да қатнашиш учун Москвага кетадиган бўлиб қолди. Онам “Нодиранинг тузукроқ туфлиси қолмабди. Москвадан яхшироқ туфли олиб келинг” деб оёғимнинг ўлчамини картон қоғозга тушириб берди. Отам ҳам содда бўлганми ё боланинг ўлчами тез ўзгаришини билмаганми, хуллас, бир хил ўлчамдаги бир жомадон туфли билан қайтган Москвадан. Ўша туфлиларни анча пайтгача онам танишларнинг болаларига совға қилиб юрганларини эслайман.
Ҳозиржавоб ёзувчи
Отам гапга чечан, ҳазилкаш, синчков одам эди. Масалан, онам гоҳида нолиб, “Рўзғорга ўзимнинг пулимдан ишлатдим” деса, отам “раҳматли Абдулла ака (Абдулла Қаҳҳор) “аёл кишининг пули бамисоли эшик тепасига осиб қўйилган тош – кирсанг ҳам бошингга урилади, чиқсанг ҳам” дер эди” деб бирдан жавоб қайтарарди. Яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни онам заргарлик дўконидан менга атаб қопқоғи очиладиган медалйон сотиб олди. Ўзининг кичкина фотосуратини қирқиб, медалйон ичига жойлади ва секингина шифонер ичига бекитиб қўйди. Отамнинг кайфияти яхши бўлганда “Саидаҳмад ака, Ўрдадаги тилла магазинида чиройли медалйон кўрдим. Фалон пул турар экан. Битта-яримтаси олиб кетиб қолмасдан шуни Нодирага олиб қўяйлик” деди. Отам бўлса “Тунов куни шифонердан дастрўмол олаётганимда ўша сиз айтган медалйонга кўзим тушувди. Уни энди шкафдан ким ҳам олиб кетарди” деб кулди. “Вой! Кўрувмидингиз?” деди онам энди отамдан пул чиқмаслигини билиб. Отамни умуман алдаб бўлмасди, қайси нарса қаерда турганини, қачон пайдо бўлганини албатта билар эди.
Отам бировларнинг ишига аралашмасди, ўзининг ишига ҳам ҳеч кимни аралаштирмаган. Кўнглига ёққан ишни қиларди, кўнглига мос одамлар билан муносабатда бўларди.
У киши манти, юпқа ва қатламани севиб ер эди. Бошқа юртларга сафарга борса, у ерларнинг таомини емай, ўзи билан олиб кетган қази, патир, майиздан оз-оздан тамадди қилиб юраверарди. Отамнинг жомадонида ҳар доим бир қути ҳинд чойи ва электр сув қайнатгич бўлган.
Отам билан олис сафарлар...
Отам биз билан кўп-кўп сафарларга борган. Масалан, кичкина пайтим Кисловодскдаги санаторияда дам олганимиз, Болтиқбўйидаги ўрмонда яшаганимиз, машинада Иссиқкўлга сафар қилиб, кўлда чўмилганимизни хотирлайман. Отам севган машғулотлар орасида машина ҳайдаш ҳам бор эди. Онам иккимизни машинада тинимсиз сафарларга олиб борарди. Болалигим машинада ўтган десам ҳам бўлади. Талабалик йилларимда эса у киши билан Қора денгиз соҳилида жойлашган Пицундадаги Ёзувчилар уюшмасига тегишли санаторияга дам олгани борганмиз. Отам билан энг сўнгги сафаримиз АҚШга бўлган. У ерда “Келинлар қўзғолони” спектаклининг премерасида қатнашиб, Нуй-Йорк, Вашингтон шаҳарларини айланганмиз. Мазза қилгандик ўшанда.
Отам соғлиғи ёмонлашиб кучдан қолганда ҳам тинимсиз ижод қилган, сўнгги нафасигача ёзув столидан нари кетмаган. Отамнинг сўнгги кунларини эсларканман, яна анчагина асарларни ўйлаб қўйиб ёзишга улгурмаганидан афсусланаман.
Ёзувчининг қизи Нодира Ҳусанхўжаева хотираларини
Гулжаҳон Намозова ёзиб олди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 3-сон.
“Эртаклар оламида яшадим” мақоласи
Тарих
Таълим-тарбия
Маънавият
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ