“Биз бузуқ тарих билан курашажакмиз” – Ғозий Юнуснинг Туркистон ҳимоясига бағишланган янги мақоласи


Сақлаш
17:56 / 09.11.2023 511 0

“Тарихни ўз бошидан кечириб кўрмагунча ҳеч ким тарих ҳақида сўз очолмайди. Бутун миллатлар ҳақида ҳам худди шундай фикрни билдириш мумкин” деб таъкидлаган эди ўз даврида олмон мутаффаккири Гёте.  ХIХ аср охири ХХ аср бошларида жадид тараққийпарварлари ҳам Туркистон халқини тарих билан қуроллантиришга, тарихдан ибрат олган ҳолда олға қадам босишга даъват этдилар.

 

Яна бир жиҳат борки, жадид тараққийпарварлари сохта тарих билан қаттиқ курашдилар, “Биз сизларга маданиятни олиб келдик, биз келгунча сизлар қолоқ, ҳарф танимайдиган, келиб чиқиш илдизи йўқ бўлган дурагай миллат эдинглар” деб даъво қилгувчи, ўғри, ёвуз ҳамда номуссиз большевиклар билан елкама-елка олишдилар.

 

Тошкентлик тараққийпарвар Ғозий Юнуснинг (1887–1942) “Билим ўчоғи” журнали 1923 йил 15 май 2-сонида чоп этилган “Қинғир тарихчилар” номли мақоласи ана шундай курашнинг ёрқин мисолларидан бири ҳисобланади.  Адибнинг ушбу мақоласи илк маротаба ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда.

 

Қинғир тарихчилар

 

Ҳозир, биз ўтгандаги ёзувчилар, муаррихлар, адиблар томонидан ёзилғон ҳисобсиз кўп нарсаларни кўрамиз. Лекин, бу нарсаларнинг бирози ўзининг нодирлиғин сақлаб келган бўлса-да, энг кўп қисми бузуқ мақсад, тарафкашлик, ўз миллатини ортуқча кўтариб, бошқа бир миллатни таҳқир этиш йўли билан ёзғони учун ўзининг байналмилал аҳамиятини йўқотиб, ўша миллатнинг кўнгли бузуқ қисмиға хос тарих бўлиб қолғондир.

 

Баъзи ёзилғон тарихий асарлар ёзувчининг софдиллиғи, бетарафлиғи, орқасида ўша асарда қанча мўътабар бўлса, шу тарих эскирган сари эътибор топадур, ўзининг байналмилал тарих китоби эканлиги ҳар ким томонидан эътироф қилинадир. Бироқ мана бундай тарихлар дунё юзинда жуда оз учрайдир.

 

Бир инглиз ёзувчиси ҳиндулар ёки булар ҳаётиндан бир нарса ёзар экан, инглиз манфаатини қистириб юборадир. Бу нарса тарихий асар бўла олмасдан ҳиндулар ёки булар устида инглиз ҳокимиятини абадий ўрнашдириш учун бир ташвиқот бўлиб қоладир. Бу нарса ёлғиз китоблардагина эмас, киноматўгрўф ленталарида ҳам шундайдир. Шунинг каби, бутун Оврўпа ёзувчилари томонидан мустамлакачилар тўғрисида ёзилғон асарлар ва мустамлакалар ҳаётидан киноматўгрўф ленталарига олинғон лавҳаларнинг ҳаммаси мустамлакалар устида ўзларининг ҳокимиятларини сақлаш учун ёзилғон ва ишланган мақсадга шомилдир.

 

Биз кўриб турамиз, ҳам текшириб боқамиз, бир миллат томонидан иккинчи миллатнинг ҳаёти текширилганда қанча хатолар ишлангани каби, ўринсиз ўз миллатининг манфаатини ҳам қистириб кетадир. Икки миллат ўртасида ўтган тарихий бир уруш ёки шу икки миллатнинг иқтисодий, жуғрофий ҳолларини аралаштириб бир тарихий кулбани дасталаб экан, бир қанча ўзининг тиканакларини қўшиб ислом тарихини текширган, ўзининг бетараф тутиб, “Ислом тарихи”, “Ғазор қурайш”, “Карбало фожиаси” каби муҳим асарларни ёзғон мисрлик Журжи Зайдоннинг (насроний араб) асарларида ҳам эҳтиёт билан қаралса, Ризо қози[1]  айтганидек нозик қизил чизиқ кўрина бошлайдир. Лекин Журжи Зайдоннинг[2] асарлари бошқа дин эгалари томонидан мусулмонлар ҳақида ёзилғон асарларнинг бетараф ёзилғони деб танилса мумкин, Журжи Зайдон бутун дунё муаррихлари ичида эҳтиромға лойиқ бир кишидир.

 

Ёзилғон тарихий асарлар биргина Оврўпада эмас, Шарқ қавмлари ичида ҳам кўпдир. Лекин шарқдаги бундай асарлар Шарқнинг бошиға бир бало келтириб қанча миллий, диний низоларға сабаб бўлди. Шиа, сунний низоларин, қабилавий низолар, миллий курашларнинг ҳаммаси ўтгандаги муаррихларнинг хатоси орқасида келиб чиқди ва асрларча давом этди.

 

Биз бу ерда Эроннинг миллатчи ёзувчиларидан Фирдавсийни[3] кўрсатиб кетамиз: Фирдавсий “Шоҳнома”ни ёзиб ўзини танитмаса, унинг ким эканини билмас эдик, бугун Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сини ўқуб унинг Эрон миллатчиси эканини Каёний тожини дунё тургунча сақлашни истовчи, Эронистон учун араб, турк халқлари қурбон бўлса бўлсун, Эроннинг бутунлиги учун тиршувчи бир киши эканлигини “Мана мен” деб кўрсатиш билан билдук. Ўткандаги Арабистон, Эронистон, Турон ўртасидағи тарихий воқеаларни тасвир этганда тарафкашлик қилғони учун “Шоҳнома”сиға ҳақиқий тарихлиқ кучни бера олмағон. Балки миллий низони қўзитатурғон бир жанжал китоби бўлуб қолғон, Турон тупроғидан бош кўтарган, Чин ва ҳам Эронистонни ўз аскари ва сиёсий кучи билан тийратган Афросиёбнинг қувватини, эътироф этган ҳолда, уни кофир, эронлиларни Яздонпараст Афросиёбдан кучсиз Кайхусравни ўрунсиз мақтаб, Сиёвушдек жиннига валийлик унвонини бериб бутун Турон элини сўкиб чиқадир.

 

Афросиёб жаҳонгир эди, лекин Кайҳумарув, Сиёвуш каби “бир-биргина Эрон яшасун!” демас эди. Бу нарсани биз Фирдавсийнинг ўз сўзидан биламиз. Афросиёб ҳар бир Эрон шоҳини қўлға тушурди. Мумкин қадар озор бермаслик йўлини ахтарди, Сиёвуш қўлға тушганда унга Пийронвайснинг қизини олиб бериб Хитойға подшоҳ қилди. Унинг хиёнати билинганидан кейин ўлдуртирди. Лекин бу ерда Фирдавсий усталиқ билан ҳамма гуноҳни Афросиёб устига юклаб кетадир.

 

Эрон халқининг жанговорлигини Эрон паҳлавони Рустамни қанча кўтариб мақтайдир, Турон жанговарларининг бошлиғи бўлғон Афросиёб билан араб паҳлавони Саъд Ваққоснинг куч-қувватини эътироф этган ҳолда, қутуриб уларни сўкадир. Туронийлар билан арабларнинг дунёда яшаш учун ҳаққи йўқ деган даъволарни қиладир.

 

Мана юқорида кўрсатилиб ўтганидек тарих ёзувчи муаррихлар қанча суистеъмолни ўзгалар учун раво кўрганлари бизга хунук кўринса-да, буни ёқловчилар ҳам жуда кўпдир. Лекин бундай тарихга жиноят қилувчи ёзувчилар қачон йўқ бўлур, қачон тарих ёзиш табиий ва тўғри йўлға тушар экан?

 

Ҳозир бўлса биз ўтканда келганларнинг хатосидан кўра зўр хатолар ишлаб турадирмиз. Биз синфий нуқтайи назардан қараб кечирадигимиз ҳар бир воқеани тасвир қила олмаймиз. Тузук? Биз ҳурриятимизни сақлаб қолиш учун бузуқ идеологияни тарқатишдан сақланишимиз керак. Лекин тарихий материалларни тўплашда турмушимиздан нималарни кечирганимизни ёзиб ўтишимиз лозимдир. Биз мамлакатнинг бюджети, ҳукуматнинг халқ устига солғон солиқлари ва ҳоказо бошқа ишлар тўғрисида, ҳукуматнинг фикрини тамасил эта олмас экан, халқнинг фикри ўз кўксида қолаберадир. Мана бу нарса бизнинг инқилобий тарихимизнинг тўла чиқмаслигиға сабаб бўладир.

 

Унинг устига тарихимизга асослар ёзиб қолдирғувчи кишилар ҳам жуда кўпдир. Бу асосларға алданиб тарих ёзила қолса, у тарих эмас эртак бўлиб қоладир.

 

Мамлакатимизга қисқа муддат даволаниш учун келган Фатҳи Бурнаш Қозонға бориб “Татаристон” газетасида ўзининг тамом ижтимоий аҳволини тасвир этиб чиқадир, масхара қиладир. Тандуримиз, ўчоғимиз, токчамиз, деворимиздан куладир. Лекин бу нарсаларни ўзбек нима деб аташини билмайдир. Бу ҳам четлар учун тарихий бир материал бўла оладир. Агар Фатҳи Бурнаш ёзғонидан фойдаланиб бирор нарса ёзилса, токчамиз “товачуқ” бўлиб кетса, келгусида унинг нима эканини ўзбек луғатидан топиб бўлмас. Бир ҳафтада бир миллатнинг ипидан игнасигача тушуниб олатурғон муаррихлар томонидан бир қанча Туркистон тарихи бор бўлса-да, энг кичик бир воқеадан тортиб бир катта воқеа тўғрисида ёзилғон нарсалар шу воқеани зўрлигича ва катталигича янглиш бўлиши мумкиндир.

 

1919 йил 15 июндан бошлаб Туркистон миллий ишлар комиссарияти қошидағи татар бўлими томонидан чиқарила бошлағон “Шарқ” журналининг 1–4-5-сонларида, Вали Алламоф томонидан “Туркистонда татарлар” сарлавҳаси билан ёзилғон бир мақола (Алламофнинг даъвосича: “Тарихий асослар” тўғрисида  узоқроқ ёзиб, Алламофнинг ҳар бир даъвосини шарх этиб чиқиши ва ҳам “Шарқ” журнали тўғрисида бир қисқароқ таркиблар қўллашни мен ҳам ўз вазифам деб биламан: Журналға “Шарқ” деб ном қўйилғони учун ҳар бир Шарқ боласи суюнган эди. Лекин “Шарқ”қа кириб олғон “шарқчилар” тор татар миллатчиси эканликларини кўрсатдилар.

 

Бир томондан “Шарқ дунёсиға оид адабиёт ва мақолаларға айниқса ўрун бердилар” деб “Шарқ” журналида эълон бериб, иккинчи томондан фақат журнал татарники деб ерли ёзувчиларнинг юзига шапалоқ уруб турдилар.

 

“Шарқ” журнали Иброҳим Тоҳирий ва Бурҳон Ҳабибларнинг ҳар ердан тўплаб олғон материаллари билан тўлиб чиққонда, ўзлари каби Шарқ боласи бўлғон ёзувчиларнинг ёзувини татарча қилиб босувдан имтино қилиб “Бу нарсангиз шевасида эмас, босилмайдир!” деб жавоб бериб турадилар. Унинг устига Вали Алламофнинг “Туркистонда татарлар” мақоласи “Шарқ” журналида ўлтурган “шарқчилар”ни англатиб қўйди.

 

Алламофнинг ёзишиға қарағонда: “Туркистон жумҳурияти доирасида яшовчи татарлар тахминан ўттиз минглаб ҳисобланур экан. Майли биз учун татарлар 30 минг эмас, миллионлаб бўлса яна яхши, Алламоф айтганидек, буларнинг тарихи бир татар учун эмас, биз учун ва ҳам бутун дунё учун лозимдир.

 

Татарларнинг “Тян-Шан” тоғлари томонидан мўғул қўшуни билан Волға теварагига ўрнашишлари ҳаммага маълумдир. Татарларнинг Туркистонға келишлари ва Туркистонда қанча сон ташкил этишлари тўғрисида на умумий татар тарихида ва на Туркистон тарихида ҳеч нарса кўринмагани учун Алламоф бир хизмат қилмоқчи бўлғон экан – жуда яхши, бу фикр ҳар ким томонидан тақдир этарлик. Лекин “тарихга асос” мақсади билан ёзилғон бир мақола тарихнинг асосини бузади. Алламоф тутганда, Туркистонға илгари келувчи бир татарнинг ўғлидан Туркистонға келган татарларнинг тарихини билиб олғон: “Туркистонда, умуман Шарқда шул Шарқ боласи татар, дин ва қон-қариндошлари бўлғон бошқа миллатлар орасида жуда аҳамиятлик ўрун тутадир. Туркистон татарларининг тарихиға қарағонда, бадавий ва ярим маданий мусулмон миллатлари орасиға келиб маданият кирутувчи татарлар бўлса, сўнгғи миллият ва социализм даврларида ҳам Туркистон татарлари каби руслардан иккинчи ўрунда, мусулмон миллатлари орасида биринчи ўрунда турадир. Шундай мозийси мақтанғулиқ ва истиқболи порлоқ бўлғон 30 мингга молик татарлар (Алламофнинг таъбири)нинг порлоқ тарихига асос” тузар экан, бунинг сингари бир-икки тери савдоси билан ўз қорнининг қайғусида келган терифурушларнинг ўз ўғлиға айтиб кетган ҳикоясидан бир нарса чиқариш ҳеч мумкин эмасдир.

 

Гўё татарларнинг “Туркистонға бошлаб келишлари тахминан 1780–1790 йилларда бўлғон. Ул вақт Туркистонда яшовчи қирғиз-қозоқлар бадавий ҳолда, ўзбек-тожикларнинг шаҳарларда яшовчилари ярим маданий ҳолда яшар эмиш” эканлар. Бу сўз ҳеч тўғри эмас. Туркистон бундан 140–150 йил илгари эмас, уч юз йиллар илгари ҳам татарларни кўрган, ҳатто бизнинг эски эртак, ҳажвия ва ҳикояларимизнинг энг кўпида, ҳатто ким эканини ҳозирғача татарлар томонидан билинмаган “Тоҳир-Зуҳра” рўмонида Тоҳирнинг татар хони ўғли эканини ва унинг қанча аскар билан Туркистон орқали ўтканини, татар хонлари билан Туркистон хонлари орасида бўлғон муносабатлар хусусида ва Амир Темурга асир тушган қанча татарнинг Туркистонда ўрнашиб қолғони тўғрисида қанча далил бўла олурлиқ тарихлар бор.

 

Алламоф дейдир: “Ул вақтларда шаҳарлар бир қишлоқ зўрлиғида бўлуб дарахтзор орасида бўлғон уйлар, кичкина саройлардан иборат бўлиб, шунда ҳозирғи каби сандаллар қўйилиб қирғиз-қозоқлар томонидан келтирилган саксовул кўмири ҳам оғочларни кесишни билмаганларидан тезак ёқар эдилар” дейдир.

 

Агар 150 йил илгари Туркистон шаҳарлари Алламоф кўрсатганича бўлса, Туркистоннинг ҳар бир шаҳарида бир минг, бир минг беш юз йилғи осори қадимлар, энг ками беш юз уч йилғи тарихий биноларимиз қайдан пайдо бўлди. Шаҳар халқи дарахт кесишни билмас экан, 500…1000 йиллиқ усули меъмордан бизга наъмуна қолғон нафис устунларни ким қилғон экан. Самарқандда мавжуд осори қадима, ақлни ҳайратда қолдирғон биноларимизни татарлар келгандан кейин солиндими?

 

Бундан 150-200 йил илгари шаҳарнинг баъзи қисми қамишзор экан, шаҳарлар қишлоқнинг эмас, балки катта-катта бинолар, мадраса-масжидларнинг маҳобатли гумбаз ва мезаналари билан ўзини кўрсатганини ҳозир ҳар кимга билдириб турадир. Лекин муаррих афанди сезмаган экан.

 

“Туркистонга биринчи келган татар, Мулла Ҳусайн Содиқ ўғли деган бир киши экан, шуни кўрган маҳаллий халқ нўғой ҳам одамға ўхшар экан, лекин кўзи кўк бўлар экан” деб қайтиб кетмишдир. Бу сафсата тўртинчини кўрмаган баъзи босмачилар тўртинчини кўрганда “тўртинчи ҳам одам бўлар экан, лекин камзули қисқа бўлар экан” деб босмачиларни масхара қилиш учун тўқулғон ҳангомалар қаториға кирадир.

 

Алламоф “Маҳаллий халқ оёқ кийимни тикишни билмас эди, ул вақтда биргина булғоридан бошмоқ тикиб кияр эди” дейдир. Бундай бўлғонда бизда этик, кавуш, маҳси деган ном бўлмасдан биргина бошмоқ деган нарсанинг номи бўлиши керак эди.

 

Тарихнинг бизга кўрсатишига қарағонда ваҳшониятдан тартиб милодий Исоғача ҳар бир тоифа ва қавмнинг ўзига мансуб зийнат асбоблари бўлар эди. Милоддан кейин инсон ҳар нарсада тараққий этгани каби зийнат асбоблари ясашда ҳам тараққий этди. Шу табиий ва тадрижий тараққиёт ХVIIVIII асрларда шундай тараққий этдики, Алламоф айтганидек, ним ваҳший халқлар яшайтурғон Осиё қитъасида яшовчи халқ ҳам олтун, кумуш, ҳатто темирлардан ўзларига зийнат ва қуроллар, уруш олати бўлғон қилич, қалқон, совут, дубулға каби нарсаларни ясаб олдилар. Зийнат ясашда Осиё биринчи ўрунни олғон эди. Бундан юз йил, юз эллик йил бурун Туркистон мазорларидан чиқғон ва ҳозирда ҳам Туркистонда кўп вақт яшағон мўғуллар ва қалмоқлар суяги билан чиққон баъзи олтун асбоблар ҳали ҳам кишини ҳайратда қолдирадир. Алламоф эса маҳаллий халқ 130–140 йил илгари келган татарлардангина хотун-қизларға узук, билак узук, чўлпий ясашни ўрганганлар деюр.

 

Туркистон халқининг бахти учун Исмоил номлиғ бир татар келиб Туркистон халқиға шам, кирсовун ясашни ўргатган. Шундан кейингина кирсовун ва шам истеъмолға кирган. Унгача чироғдонға зиғир ва кунжут ёғлари солиб ёқиб келганлар экан. Туркистон халқининг асрларча совунсиз яшаб қуртлаб ўлмаганига қайси ақли бор киши ҳайрон қолмайдир. Шам тўғрисида бўлса жуда қизиқ.

 

Шарқда мум, шам (шам кафур) ишлатила бошлағонлиғиға ҳам бир неча аср бўлғонини кўрсатадир. Татарлар келганидан кейингина маҳаллий халқ кийим кийишни ўрганган бўлмаса, бўз, териларига ўралиб юрар эканлар.

 

Алламофнинг “Асосий тарихи”да Туркистонға биринчи татар келганида Туркистон хони Маллахон экан. Худоёрхон[4] вақтида ишонган асбоб-ўланлар билан зийнат асбоблари ва ҳам ипакдан нозик қилиб тўқулғон шоҳи, адрас, беқасам, олачаларнинг қандай ишланиб, қандай тикилганини Алламоф бир сари қадам музахонага кириб кўриши керак эди.

 

Алламоф Туркистонга илгари келган ҳар бир татарни мақтайдир. Ҳар бир мақтағон кишиси Туркистон учун қанча зарар келтирганини кўрсатмайдир. Шарифбой деган татар бойи Русия ҳукуматига жосуслиқ қилиб юргани сезилганидан кейин Олимқул додхоҳ номидан Қуршабға сургун қилинғони тўғрисида Тошкент халқи оғзида яхшигина достонлар бор, бу достонларни муаррих афанди ҳам эшитган экан, лекин масалани четга буриб кетган. Шарифбой томонидан ҳафтада шаҳар халқини тўплаб генерал Черняев[5] шарафига зиёфат берар экан, яна бир татар бойи Черняев билан тоғда ош ер экан, бу нима учун?

 

Бундан 120-130 йил илгари маҳаллий халқ дарахт кесмакни, иморат қилишни билмас эди деб даъво қилувчи муаррихга нима деб айб қўйиб бўладир.

 

Алламоф мақоласининг охирида: “Татарларнинг Туркистонда бўлғон маориф аҳллари энг зўр ўринни тутиши керак” дейдир. “Олия, Муҳаммадия, Ҳусайния, Бубий ва бошқа татарларнинг машҳур мадрасаларида ўқуб, кўзлари очилғон татар ёшлари ўзларининг элларин ташлаб, йироқ Туркистонға йўл олғонлиқлари, уларнинг биргина мақсадлари Туркистондан ўзлари учун фойда кутиш эмас, балки Туркистоннинг табиий бойлиғидан фойдаланишнинг йўлларини маҳаллий халқға ўргатиш, уларнинг кўзларин очиш эди, лекин уларга рус жаҳонгирларининг қаршилиғи, маҳаллий халқнинг таъассуби билан курашишга тўғри келди, улар кофир бўлди, улар сургунга кетди, қамалди”, дейдир. Мана бу сўзларни биз тўғри деймиз, эътироф қиламиз, лекин биз Русия ҳукуматини Туркистонға бошлаб келиб, маҳаллий халқни абадий асоратга учратганларга лаънат ўқиймиз. Тарих ёзар эканмиз, уларнинг қилғон хизматларига қараб баҳо қўямиз, шунча ёлғон тарих ёзғон Алламоф 15–20 йилдан бери Туркистон учун ишлаган ва бу йўлда қурбон бўлғонлар ҳақида сўзламоқчи бўлар экан сўзласун, лекин биз уларнинг қадрини бундай “тарихчи”лардан кўра ўзимиз яхшироқ биламиз.

 

Шуни ҳам айтиб кетиш керакдирким, Волға ва Татаристонда очлиқ орқасида тасодифий равишда ёки бир мақсад таъсири билан Туркистонға келган Бойчура каби малакасус татар елқуварлари томонидан бузуқ бир мақсад билан ёзилғон мақолаларни Татаристон марказий фирқа қўмитасининг нашри-афкори бўлғон “Бизнинг байроқ” газетасида босилиб ўтишига ҳар бир киши тегишлик баҳони бера оладир.

 

Бойчура каби ўзининг валинеъматини танимағон кишиларнинг бизнинг фирқамиз ва эзилган фақир халқ учун еткузадирган фойдаси иғво, фасод, бузуқчилиқдан нари ўтмади.

 

Бойчура ҳам очлиқ орқасида тасодифий бир сувратда Туркистонға келганлардан бири эди. Лекин Туркистон ҳар кимнинг меҳрибон онасидир, Туркистон ўзи оч қолса-да Бойчура каби бўйнини қисиб келганларга шафқат қанотини ёзаберадир. Хулоса, Туркистон Бойчураға иссиқ ўрун, ёғлиқ таом берди. Ички Русия очлиғи орқасида чўб каби қотиб кетган, кийим-боши тўзиб кетган Бойчураға кийдирди, едирди, унинг саломатлигини сақлаш учун курортга юбориб семиртирди. Натижа нима бўлди? “Ит семирса эгасини қопадир” дегандек, эгасини қопа бошлади. Таржима қилинғон “Инқилоб” материалларини ўғурлаб бориб “Бизнинг йўл журналида ўз имзоси билан босиб чиқарди. Унинг билан қолмасдан ўша ошини еган ўзбекларнинг сутига дунёда қанча ифлослиқлар бўлса ҳаммасини матбуот орқали ағдармоқчи бўлди. Ул ҳам қилғон ҳужумиға тарихий тус бермакчи бўлди.

 

Билмадим яна бу бахтсиз ўзбекларнинг тарихини текшириш учун Алламоф, Фатҳи Бурнаш ва Бойчура каби қанча тутуруқсиз муаррихлар келиб чиқар, буни замоннинг ўзи кўрсатадир.

 

Қисқаси, биз янги ҳаёт қурмоқчимиз, биз бузуқ тарих билан курашажакмиз, бизнинг тарихимизни четдан туриб истаганича ёзувчиларға ўзимизнинг нафратимизни билдирамиз. Ундай тарафкашлик билан ёзилғон “мақола”лар тарихни булғамоқдан бошқаға ярамас.

 

Нашрга тайёрловчи:

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори



[1]  Ризоуддин ибн Фаҳриддин  (1859–1936) йирик татар уламоси, файласуф, тарихчи ва педагог.

[2] Журжи Зайдон (1861–1914) араб ёзувчиси, публитсист ва олими. Машҳур "Ал-Ҳилол" журналининг асосчиси ва муҳаррири.

[3] Абулқосим Фирдавсий Тусий  (934–1030) форс-тожик шоири ва мутафаккири. Машҳур “Шоҳнома” достонининг муаллифи.

[4] Худоёрхон (1831–1884) Қоʻқон хони (1845–1875 йиллар, танаффуслар билан). Ўзбекларнинг Минг сулоласига мансуб.

[5] Михаил Григоревич Черняев – (1828–1898) ҳозирги Белоруссиянинг Могилёв вилоятида дворян оиласида туғилган. 1864-1865 йилларда алоҳида Ғарбий Сибир отрядига қўмондонлик қилиб Қўқон хонлигига қарашли Авлиёота, Чимкент ва Тошкентни босиб олишга бошчилик қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//