Адабиёт
Бадриддин Шарипов 1896 йил Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳрида дунёга келган. Отаси Латиф Шарипов Туркистон истилосидан кейин шаҳарда чор ҳукумати томонидан ташкил этган черков қошидаги билим юртида ўқиб, рус тилини ўрганган. Шундан сўнг уезд бошқармасига ишга кириб 6-7 йил давомида тилмоч бўлиб ишлайди. 1899 йил Каттақўрғоннинг Жуйи Шаҳр волостига бўлисликка сайланиб, 1908 йилгача маҳаллий маъмур сифатида хизмат қилади. Латиф Шарипов замонасининг илғор фикрли кишиларидан бўлиб, жадид мактаблари тарафдори эди. Шу туфайли чор маъмурлари тазйиқига учраб, хизматдан кетишга мажбур бўлади. Ўзининг 3-4 таноблик боғи ва 10–12 таноблик ҳайдаладиган ерида деҳқончилик билан машғул бўлади.
Бадриддин Шарипов аввал эски усулдаги мактабда илм олишни бошлаб, кейинроқ рус-тузем мактабида таҳсилни давом эттиради. 1909 йил Латиф Шарипов тўнғич ўғли Бадриддинни Самарқандга олиб бориб шаҳардаги реал билим юртига ўқишга топширади. Бадриддин 1915 йил реал билим юртини муваффақиятли битиради. 1915 йил июлда Пайшанба бўлим приставига тилмоч бўлиб ишга киради ва 1917 йил февраль инқилобига қадар шу вазифада ишлайди. Шундан сўнг бир муддат отасининг дўсти Кармана бегига ҳамда 3 ойча Панжикент приставига ҳам тилмочлик қилади.
Бадриддин Шарипов 1917 йил апрелда Каттақўрғонга келди. Аммо бу гал жадид тараққийпарварларининг “Шўрои Ислом” жамияти ҳудудий бўлими раҳбари вазифаси билан қайтган эди. У шаҳарда янги очилган уезд озуқа кенгашига таржимон бўлиб ишга киради. Бир ой ўтиб озуқа кенгашлари қурултойида ҳайъат аъзолигига сайланиб, 1917 йил ноябргача шу ишда қолади. 1917 йил ноябрь-декабрь ойларида советларнинг 1-қурултойига делегат сифатида чақирилади ва ижроқўм аъзолигига олиниб, туман милицияси бошлиқлигига сайланади. 1918 йил июнда бошқа жадид тараққийпарварлари қаторида сўл эсерлар партиясига аъзо бўлиб, большевикларнинг талончилик ва қонхўрликларига қарши сўл эсерлар партияси ғояларини тарғиб этишга киришади. Бироқ Осипов исёни баҳонасида коммунистлар ўзининг кечаги ҳамкори бўлган сўл эсерларга қарши ҳам қирғин қатағонни бошлаб юборади.
Бадриддин Шарипов 1919 йил 4 февралда компартияга кириб, 1923 йилгача Каттақўрғон уезд-шаҳар ЧК (Фавқулодда комиссия)нинг коллегия аъзоси, раиси, уезд юстиция бўлими мудири, инқилобий трибунал қошидаги жамоатчи айбловчи, уезд милиция бошлиғи, ижроқўм котибидан уезд бошқарма бошлиғигача бўлган масъул лавозимларда иш олиб боради. 1923 йил Самарқанд вилоят партия қўмитаси томонидан чақирилиб, аввал Самарқанд вилоят ЧК раиси, ундан ГПУ (Давлат сиёсий бошқармаси) бўлим мудири лавозимига қўйилади. Бу вазифада ҳам кўп қолдирилмай Самарқанд шаҳар милиция бошлиғи лавозимига тайинланади. Орадан бир ой ўтиб эса Самарқанд уезд халқ маорифи мудирлигига қўйилади.
Бадриддин Шарипов Туркистон МИК томонидан Бухорога истиқлол (босмачи)чиликка қарши курашда сиёсий йўриқчи ишига жалб этилади. Етти ойда Кармана ва Нурота вилоятларида бўлиб, БХСР Қизил байроқ ордени билан тақдирланган ҳолда Тошкентга қайтади. Ваҳоланки, бу вақтда аллақачон Самарқанд вилоят партия қўмитасида бўҳтонлар асосида унинг иши кўрилиб ноҳақ партиядан ҳайдашган эди. Бадриддин Шарипов Туркистон КП(б) МҚнинг Марказий назорат комиссиясига шикоят қилиб, ўзининг айбсизлигини исботлаб Тошкентда партияга қайта тикланади.
1924 йил июнда Бадриддин Шарипов номзоди Туркистон КП(б) МҚ тавсияси билан Адлия халқ комиссарлиги Коллегияси аъзолигига юборилади. У 1924 йил июль-декабрь ойларида ЎзССР Адлия халқ комиссарлиги коллегияси аъзоси, 1924 йил декабрдан 1925 йил 23 декабргача кассацион коллегия раиси ва ЎзССР Олий суди раиси ўринбосари вазифасида иш олиб боради. 1926 йил январдан Самарқанд уезди Ургут туманидаги ер ислоҳотига жалб қилинади. 1926 йил 15 мартдан 1927 йил 2 мартгача Тошкент вилоят суди аъзоси, айни пайтда 1926 йил 1 сентябрдан 1927 йил майгача Помир экспедициясида инспекция аъзоси сифатида иштирок этади. Шундан сўнг 1927 йил 1 августдан 1828 йил 16 июлгача Бухоро округ суди раиси, 1928 йил 16 июлдан 9 декабргача ЎзССР Олий суди Прокурори лавозимида иш олиб боради.
Аммо унинг Олий суд Прокурори сифатида Олий суд раиси Саъдулла Қосимовга ҳар жиҳатдан ёрдамчи бўлиши Марказга ёқмади. Бу иш 1928 йил август-сентябрь ойларида Москвада бўлган ЎзССР Адлия халқ комиссарлигининг муҳим ишлар бўйича терговчиси Гинсбургга катта ваколатлар билан топширилади. 1928 йил октябрь ойида “Правда Востока” газетасида “Эль-Регистан”нинг “Маҳр билан келин” номли мақоласи чоп этилиб, унда Бухоро округ суди раиси Саид Аҳрор Саид Аҳмедов фаолияти танқид қилинади. Бу ҳолатни текшириш иши Гинзбургга топширилди. Дунёни ичкилик ва ўйин-кулгига алмашган бу кимса 9 декабрь куни мақоладаги айбдорлар қолиб, унда номи бирор марта эсланмаган ЎзССР Олий суди Прокурори Б.Шариповни тўсатдан ҳибсга олишга буйруқ беради ва Бухоро турмасига келтиради. Шундан сўнг Б.Шарипов билан биргаликда собиқ Самарқанд округ прокурори ёрдамчиси Эргаш Ҳамидов, Бухоро округ суди судьяси Аҳмад Абдиев, самарқандлик судья Аълохўжа Мансурхўжаев, Бухоро округ суд аъзоси Ўроқ Саидов, собиқ Бухоро округ суди раиси Сайид Аҳрор Саид Аҳмедов, Бухоро округ суди курьери Исмоил Ражаповлар билан бирга Бухоронинг Султонобод қишлоқ шўроси, Чуқураки қишлоғидан қоракўл савдогари Шарифбой Зокирбоев, унинг ўғли Музаффар Шарипов, савдогар бойлар Ҳожимурод Рўзимуродов, Абдурашид Абдурауфов, Баҳрихон Назароваларга ЎзССР ЖКнинг 140, 146, 14-146, 268-моддаларини қўллаб айблов эълон қилади.
Воқеа шундайки, 1927 йил май-август ойларида хусусий савдони чеклаш баҳонасида жуда кўплаб дўконларнинг моллари давлат фойдасига мусодара этилиб, айрим дўкон эгаларининг устидан жиноий иш очилган эди. Ўзбексавдода қоракўл савдоси билан шуғулланган Шарифбой Зокирбоев ҳам жараёнда қамоққа олиниб, Бухоро округ суди томонидан 5 йилга ҳукм қилинган эди. Аммо 1927 йил июлдаги қайта судда ўзининг айбсизлигини исботлайди. 4 октябрда эса мусодара этилган мулклари масаласини очиқ қолдирган ҳолда озодликка чиқишга муваффақ бўлади. 27 ноябрь куни аппелиация билан мусодара этилган мулкларини ҳам қайтариш учун қарор олишга эришади. Бироқ 1928 йил 24 январь, 4 февраль кунлари Ўзбексавдо ташкилотида Шарифбой Зокирбоевга нисбатан катта миқдордаги пул зарари ҳақида даъво пайдо бўлади. Мана шу асослар билан Гинсбург собиқ Бухоро округ суди раиси Бадриддин Шарипов ҳамда прокурор Эргаш Ҳамидовларга нисбатан бойларни қўллаб-қувватлаш ва пора олганлик каби айбловларни ривожлантиришга киришади. Сўроққа тортилганлар ким бўлмасин, ягона нарса – Бадриддин Шариповга қарши кўрсатма бериш талаб қилинади. Аммо қанчалик ҳаракат қилмасин Б.Шариповнинг айбини исботлайдиган далиллар қўлга киритилмади. Шундан сўнг судни Бухорода кўпнинг кўзидан узоқда ўтказишга қарор қиладилар. Ваҳоланки, ўзбек ҳукумати ҳам, халқ ҳам катта қизиқиш билан Б.Шарипов иши натижасини кутаётган эди.
1929 йил 11 апрелда “Қизил Ўзбекистон” газетасида “Бухоро судчилари устидан суд Ўзбекистон Олий судининг собиқ прокурори Шарифуф қора курсига” номли хабар босилди. Унда “Ўзбекистон Олий Судининг муҳим ишларни кўрадурғон терговчиси ўртоқ Гинзбург, суд ишчилари устидан бўлғон ишни тергаб битирди. Шу иш бўйинча собиқ Бухоро судининг раиси ва кейинги вақтда Олий суднинг прокурори бўлиб турғон Шарифуф, Бухоро округи прокурори Хамидуф, Бухоро округ судининг аъзоси Абдиеф, Мансурхўжаюф, Саидуф, Сайидаҳмадуф ва Бухоро бойларидан бир гуруҳи айбланади. Булар суд қонуниға хилоф бўлғон ҳукмларни чиқориш билан бой унсурларни ҳимоя қилишға ва шу “хизматлари” учун пора олишда айбланадирлар. Олий суд томонидан яқинда буларнинг иши кўрилади. Суд намунавий бўлади. Мана шу муносабат билан Бухоро меҳнаткашлари уларнинг Бухорода суд қилинишини талаб этадирлар. Бу тўғрида Бухоро округ ижроқўмининг фракцияси ҳам қарор чиқариб, суднинг Бухорода бўлишини юқори идоралардан сўради” дейилади. Шундан сўнг 1929 йил 1–7 май кунлари Самарқандда Гинсбург катта ишни бошлади. Юқорида номлари айбдор сифатида келтирилган шахсларнинг барчаси ҳибсга олиниб Бухоро турмасига келтирилади. Шунингдек, Нечаев Иван Димитриевич, Девонбеги №5 уй; Мирбадалов Ҳожияҳё – гузари Ғозиён №9 уй каби сон-саноқсиз гувоҳлар рўйхати шакллантирилади. Ишнинг Гинсбур варианти 1929 йил 14 майда Самарқанд шаҳрида раиси Чудаев ва аъзолари Купцов, Мўминов, Олий суд прокурори Мамин, котиб Сахаров томонидан эшитилди. Суд Бухоро шаҳрида ўтказишга келишилди.
ЎзССР жиноят суди мажлиси 1929 йил 14 июнь куни Бухоро шаҳрида иш бошлади. Суд бошланиши билан унга раис этиб белгиланган Купцов бир қатор ишончли гувоҳларни рад этиб, ўрнига ўзларига керакли бўлган одамларнигина қолдиради. Суд Купцов раислигида 26 июнгача давом этди. Қандайдир чалғитувчи кимсаларнинг аралашуви билан кўп ўринда Олий суд прокурори Тоғаевга сўз ҳам берилмади. Ўзига қанчалик туҳматлар ёғилмасин, Б.Шарипов ҳар бир ҳолатда ўзининг айбсиз эканлигини ишончли далиллар асосида исботлаб бораверди. Аввалига бошқа иштирокчилар ҳам ўзига қўйилган айбловларни рад этди. Бироқ гувоҳликлар айланар экан, вазият издан чиқиб кетди: туҳматлар, бўҳтонлар, ичкиликбозликлар, Бахрихону Ёқутхонларгача айланди. Ишга алоқаси бўлган, бўлмаган янги-янги айбловлар тиқиштирилаверди. Бадриддин Шариповнинг бор йўқ айби ЎзССР Олий суди раиси Саъдулла Қосимов билан яхши алоқада бўлгани ва Зокирбоевга “ишига огоҳ бўлинглар, барибир қари одам, хафа қилманглар” деган гапи бўлди. Шу тариқа совет “адолати” қарор топди. Суд сўнггида Б.Шариповга 10 йил, Э.Ҳамидовга 8 йил, А.Абдиев, А.Мансурхўжаев, Ў.Саидовларга 6 йилдан, И.Ражаповга 4 йил, Ш.Зокирбоев, С.Саидаҳмедов, Ҳ.Рўзимуродов, А.Абдурауфовларга 3 йилдан қамоқ жазоси белгиланди. М.Шарипов ва Б.Назаровалар суд залидан озодликка чиқарилди.
Суд қароридан ҳайратда қолган ЎзССР Олий суди прокурори Тоғаев 20 июль куниёқ унга нисбатан айбловда кўрсатилган моддаларнинг бирортаси далилланмаган, пора олган бўлса, унинг миқдори, қай тартибда олгани аниқланмаган, деб протест келтиради.
Суднинг қароридан даҳшатга тушган Б.Шарипов 1929 йил 22 июлда ЎзССР Олий суди раиси ва прокурорига ўзига нисбатан бўлган ҳақсизлик ва туҳматлар ҳақида муфассал ёзади. 1929 йил 31 июлда Бухоро ахлоқ тузатиш уйи маҳбуси Б.Шариповдан деб Ўзбекистон партия ва ҳукумат раҳбарларига ариза ёзилар экан, унда аввалига ўзининг айбсизлигига ишонгани учун ҳеч кимга мурожаат этмагани, аммо одил суд деб ишонганлари унга мавжуд қонунларга мутлоқ зид ҳолда туҳмат билан 10 йил қамоқ жазосини бергани таъкидланади. Жумладан, судда Б.Шариповга оид дейилган ҳукмнинг 1927 йил 6 июлда ҳали у Бухорога ишга келмасидан аввал Саид Аҳмедов имзолаганини, 4 октябрда ҳам ишни Саид Аҳмедов раислигида Елина ва Сольниченко кўрганини, бу вақтда унинг ичкиликбозлик ва зиёфатларда бўлгани ҳақида гувоҳликлар ҳам тўла ёлғонлигини, ўзининг 20 сентябрдан 6 октябргача Бухорода эмас, Тошкентда бўлганини ҳужжатлар асосида исботлаб беради. 1929 йил 18 август санаси билан Самарқанд ахлоқ тузатиш уйи маҳбуси Шарипов Бадриддин ЎзССР Олий Суди раисига нусхаси ЎзССР Олий суди Прокурорига деб бошланувчи мурожаатида ўзининг 1929 йил 22 ва 29 июль саналаридаги шикоятларига қўшимча келтириб, суд ишида инобатга олинмаган 1927 йил 2 октябрдаги ва 1927 йил 8 октябрдаги 117-сонли Бухоро округ судининг қарорларини илова қилади. Шундан сўнг ЎзССР Олий Суди раиси Ш.Ирматов, аъзолари Сайфудинов, Мўминов ва Камилбаевлар Ўз ССР МИҚ Президиумига имзолари билан ўз муносабатларини ёзадилар. Унда суд ишини тўлиқ таҳлил қилган ҳолда Б.Шариповга нисбатан туҳмат бўлгани бирма-бир исботлаб берилади. Бироқ ҳукуматнинг жавоби жуда қисқа ва ҳеч бир важ кўрсатилмасдан “суд ҳукми ўз кучида қолдирилсин” бўлди. Бу ЎзССР ҳукуматининг эмас, аслида, Кремлнинг қарори эди. Албатта, кўп ўтмай бу театрлаштирилган суд ҳукми ўз кучини йўқотди. Ҳукм эълон қилинган кишилар бирин-кетин озодликка чиқиб олдилар. Аммо Бадриддин Шариповни ундан ҳам даҳшатлироқ суд кутаётган эди. Энди уни аксилинқилобий “Миллий иттиҳод” ташкилотининг аъзоси сифатида Саъдулла Қосимов ишига асосий шахслардан бири сифатида киритишади.
Самарқандда очилган Саъдулла Қосимов суд иши 1930 йил 25 мартда бошланиб, 21 июнгача давом этди. Мазкур суд давомида Б.Шариповни ашаддий миллатчи, аксилинқилобчи ва “Миллий иттиҳод” аъзоси сифатида фош этишга киришдилар. Бу гал унга нисбатан қўйилган айбларнинг аксарияти собиқ хотинининг укаси Асқар Якубов томонидан тўқиб чиқарилган эди. А.Якубов судда Б.Шариповнинг отаси Латиф Шарипов чор ҳукумати даврида полициячи, туркиялик машҳур ҳарбий саркарда ва сиёсий арбоб Анвар Пошшонинг тарафдори ва қўллаб-қувватловчиси бўлгани ҳақида ва Анвар Пошшо вафот этганида “идеал даражадаги инсон бўлган”лигини айтганди, деб кўрсатма беради. Бунга жавобан Б.Шарипов отаси полициячи эмас, таржимон, волост бошқарувчиси бўлганлигини, 1914 йилдан бошлаб кўзи яхши кўрмай қолгани ҳамда 1925 йилда вафот этганини айтади. Гувоҳ Якубовнинг ёлғон кўрсатмаларига нисбатан Шарипов “Мен ҳақиқатдан ҳам гувоҳ Якубовнинг опасига 1921 йилнинг сўнггида уйланганман. 1923 йилнинг бошларида ажрашганман... Ажрашганимиздан сўнг фақат гувоҳ Якубов билан эмас, балки бутун уларнинг оиласи билан душманлик пайдо бўлди. Жанжал ҳам бўлган. Бу ҳозиргача сақланиб келмоқда ва у энди бундай кўринишга ўтди, суд даражасигача чиқди” деб гувоҳнинг нохолис эканига тўхталади.
Суд давомида Б.Шариповга нисбатан миллий истиқлолчиларга (босмачи) хайрихоҳ бўлганлик, уларни қурол-яроқ билан таъминлаганлик айблари ҳам қўйилади. Бунга қарши Б.Шарипов “Мен ҳайронман, бу ерда мен юзлаб одамларни ўлдирганлигим, талаганлигим, босмачиларни қурол билан таъминлаганлигим ва бошқалар ҳақида гапирилди. Нима учун шу вақтгача ҳеч ким бу ҳақда гапирмаган. Яхши, фараз қилайлик, гувоҳлар 1923 йилгача Каттақўрғонда ишлаганимда мендан қўрқишган, лекин мен кетганимдан сўнг, менинг дўстларим деб ҳисобланган Ярмуҳамедов, Абдураимов кабилар Каттақўрғондан кетганидан кейин…, нима учун улар бу ҳақда илгарироқ хабар беришни лозим кўрмадилар” деган саволни ўртага қўяди. Энг қизиғи, Б.Шарипов шимининг чўнтагидан чиққан арабийда ёзилган тумор учун ҳам жавоб беришига тўғри келади. Бу қоғозни назарда тутиб суд аъзоларининг “сиз Афғонистон ёки Эронга жўнашга ҳаракат қилмаганмисиз?” деган саволига Б.Шарипов “ҳақиқатдан ҳам тумор шимимнинг чўнтагидан чиққанлиги рост, аммо бу нарсанинг менинг Афғонистонга ёки бошқа давлатга ўтиб кетишимга рухсатнома бўлиши даражасида сиёсий баҳоланиши мутлақо нотўғри” деб жавоб беради. Суд давомида Б.Шариповнинг сўл эсерлар партиясига аъзо бўлгани, “Шўрои Ислом” ташкилотининг ҳудудий раҳбари бўлгани, миллий истиқлолчиларнинг кўмакчиси бўлгани кенг муҳокама қилинди. Б.Шарипов барча айбловларни далиллар билан рад этди ва ўз фикрини суд ҳайъати аъзоларига мардона баён этади. Албатта, “Қосимовчилик” суди жараёнидаги судланаётган барча гумонланувчиларнинг тақдири олдиндан белгилаб қўйилган эди. Суднинг якуний хулосасига кўра сохта айблов ва сохта гувоҳлар билан С.Қосимов, Б.Шарипов, Олимов, Мусабеков ва Спиридоновлар отувга, қолганлар эса 10 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Б.Шариповга нисбатан эълон қилинган отув жазоси кейинроқ 10 йилга Россиянинг Вологда вилоятига сургун билан алмаштирилди. Бадриддин Шарипов 1943 йил 28 октябрда 47 ёшда Вологда шаҳрида оғир меҳнат ва таҳқирлар гирдобида вафот этди.
Халқимизнинг ажойиб фарзанди, ҳақиқат ва адолат курашчиси Бадриддин Шарипов қисқа умри давомида шундай шарафли ва таҳликали ҳаёт йўлини босиб ўтди. Бир томондан қараганда 1920 йилларда Туркистон МИК аъзоси, ЎзССР МИК аъзоси бўлди, муттасил масъул лавозимлардан ЎзССР Олий суди прокуроригача етиб борди. Фаолияти давомида кўплаб фахрий ёрлиқлар, орденлар билан тақдирланган. Ва шу билан бирга, Б.Шарипов 1919 йил пора олганлик, 1923 йил нашавандлик, 1924 йил эса кимнидир (?) зўрлаганлик каби бўҳтонлар билан ҳибсга олинган. Лекин ҳар гал ўзига қилинган туҳматларни муваффақиятли фош этиб, ҳибсдан қутилиб чиқишга эришди. Бироқ кейинги йилларда Ўзбекистон Олий суди раиси Саъдулла Қосимов, Адлия халқ комиссари-прокурор Аҳмадбек Мавлонбековлар билан бирга Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, айниқса, иқтисодий-ижтимоий ҳаётда қонунийликни таъминлаш мақсадида прокурор назоратини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни бошлаб юборган эди. Бу эса тобора маъмурий-буйруқбозлик сари кетаётган Марказни жиддий хавотирга солади. Натижада бу инсонлар қанчалик ҳақ ва юксак лавозимларда бўлмасин Ўрта Осиё мамлакатларининг амалдаги ҳокими Средазбюронинг ташаббуси билан барчаси маҳв этилди. Бу қирғин қатағонларнинг асл моҳияти ҳақида кейинги мақолада, аниқроғи Ўзбекистон Бош Прокурори Аҳмадбек Мавлонбеков қисмати мисолида ҳикоя қиламиз.
Баҳром ИРЗОЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ