Шоир Вафо Файзуллоҳ «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб» тавсия қилади


Сақлаш
18:11 / 03.11.2023 309 0

Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан «ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ» тавсиясини беришда давом этади.

 

Лойиҳанинг 52-куни шоир Вафо Файзуллоҳ «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб» тавсия қилади:

 

1. Қуръони карим. Арабий матн, ўзбекча таржима ва тафсири билан мутолаа қилиниши керак. Иймонли инсоннинг яшаш низоми. Унда инсон учун энг тўғри йўл кўрсатилган.

2. Имом ал Бухорий, "Саҳиҳи Бухорий" ишончли ҳадислар тўплами. Арабча матн таржимаси билан.  Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в) ўз лафзлари ва суннатлари билан мусулмонча яшаш қандайлигини оддий ва теран қилиб кўрсатиб берганлар.

3. Алишер Навоий, "Ҳазойин ул маоний" асари. Ақл ва ҳисларнинг тилимиздаги санъаткорона уйғунлигидан бениҳоя ҳайратланади киши.

4. Сервантес, "Дон Кихот" романи. Ҳозирги замон дунё романчилигида биринчи бўлиб яратилган мумтоз роман намунаси. Роман жанри Ғарбда эмас, Шарқда кўз очганини ҳам шу асар тафсилотлари хабар беради. Бениҳоя беғубор асар.

5. Жалолиддин Румий, "Маснавий маънавий" асари. Шарқ шеърияти ва маънавиятининг дурдона намунаси.

6. Лев Толстой, "Уруш ва тинчлик" роман-эпопияси. Инсониятнинг урушга муносабати ва урушда инсоннинг моҳияти бадиян ниҳоятда теран очиб берилган.

7. Абдулла Қодирий, "Ўткан кунлар" романи. Икки юздан ортиқ шу жанрда яратилган ўзбек романларидан бирортаси бу асарга тафаккурни инъом этолмайди. Асарда миллатимиз қандай бўлиши ва қай аҳволда экани реалистик ва романтик йўналиш уйғунлигида ёниб тараннум этилади.

8. Михаил Шолохов, "Тинч Дон" роман-эпопияси. Дунё реалистик романчилигининг мумтоз бир намунаси. ХХ аср рус прозасида бунга тенг келадиган, у билан беллашадиган бошқа бир асарни билмайман.

9. Франс Кафка, "Жараён" романи. Энг дахлсиз бўлган инсон эркига тажовуз рамзан, руҳан, реал йўналишда кўрсатила билинган.

10. Чингиз Айтматов, "Асрни қаритган кун" романи. Юки қанчалик оғир бўлмасин, қўшиқдай ўқилади. Собиқ Иттифоқ даврида энг даҳшатли маънавий фожиалар қатл-қатағонлар мардоналик билан кўрсатила олинган.

 

Вафо Файзуллоҳ 1963 йили Навоий вилояти, Кармана туманининг Тоғгузар қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини ва Москвадаги олий адабиёт курсини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. «Ҳут», «Хабарсиз севинч», «Мангу лаҳза», «Жон йўли», «Азалий ғусса», «Оқ лайлак», «Қоядаги дафтар», «Из», «Белгидан белгигача» каби шеърий китоблар, «Чақмоқ ёруғи» адабий-танқидий мақолалар тўплами муаллифи.

 

Вафо Файзуллоҳ Кафканинг «Жараён» романини, «Отамга хат» эссесини, Митерлинкнинг «Сўқирлар» драмасини, Борхес, Ҳамсун, Акутагава ҳикояларини, Маркес асарларини, Бодлер, Верлен, Рембо, Бродский ва Светаева шеърларини таржима қилган.

 

Oyina.uzни Телеграмда кузатинг

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси