Тарих фанлари доктори Азамат Зиё «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб» тавсия қилади


Сақлаш
18:10 / 31.10.2023 390 0

Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан «ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ» тавсиясини беришда давом этади.

 

Лойиҳанинг 47-куни тарих фанлари доктори Азамат Зиё «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб» тавсия қилади:

 

1. Амир Темур, «Темур тузуклари» китоби

 

Ўзбекнинг улуғи Амир Темурнинг кимлигини теранроқ билиш учун ҳам ушбу асарни ўқимоқ ва уқмоқ керак. Унда кишилик тарихида энг ёрқин из қолдирган буюк арбобнинг давлат ва жамият бошқарувига оид ўз қарашлари бор. Жаҳон халқлари ўтмишидаги бирон ҳукмдор бундай асар – қонунлар ва улар бўйича ҳаётий тушунтиришлар тўпламини яратолган эмас. Энг муҳими, ушбу тенгсиз асар Соҳибқирон ўз умри ва фаолияти давомида аввало ва доимо билим, қонунлар, адолат ва донишмандликка таянганини тасдиқловчи ўзига хос далилдир.

 

2. Абдулҳамид Чўлпон шеърлари

Мен учун Чўлпон адибларнинг энг улуғидир. Сўз маҳорати, билими кўлами, фалсафий тафаккури, закийлик даражаси, миллат ва юрт куйинчаклигида ундан ўтганини кўрганим йўқ (албатта, билганларим орасида). Қизиғи, унинг шеърий сатрлари барчаси оддий, одамга яқин, ҳаётий, ақлли ва гўзал. Битта сатрини олсангиз ҳам, мазмун ва чиройини ҳеч ҳам йўқотмайди. Масалан, «Кишан кийма, бўйин эгма!» ёки «Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!»

 

3. Абдулҳамид Чўлпон, «Кеча ва кундуз» романи

Чўлпон ҳам назм, ҳам насрда бир хилда юксак мақомда ижод қилолган буюк адибдир. Бундайин истеъдод эгасини на ўзимиз, на чет адабиётларда учратганим йўқ (албатта, билганларим орасида). Бунинг исботи бўлмиш ушбу асар қарам миллатнинг фожиасини ялонғочлаб берган. Унда инсон, миллат қанчалик гўзал, иқтидорли, тўғри бўлмасин, умумқолоқлик, омилик, ўз ўқига ўралиб қолишлик муҳитида хунук, уқувсиз, худбин, тентак бўлиб кўринавериши, юравериши юксак маҳорат билан ифодалаб берилган. Асарда миллий дунёқарашимиз, эътиқодимиз, феъл-атворимизни илмий ўрганиш учун етарли даражада ишоралар бор.

 

4. Абдулла Қодирий, «Ўтган кунлар» романи

Асар нима ҳақидалигини адибнинг ўзи ўта қисқа ва ҳаққоний айтган: тарихимизнинг энг кирлик, қора кунларининг адабий талқини. Бундай кунлар нималигини эса Юсуфбекхожи тилидан билдирган: Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияти йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширқучи — биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишиға ҳозирланған биз итлар яратгучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта тангрининг қаҳриға сазовордир.

 

5. Абдулла Қодирий, «Меҳробдан чаён» романи

Асар Қўқон хонлигининг ижтимоий-сиёсий муҳитини шундоққина кўз ўнгингизга келтириб қўйиши билан қимматлидир. Унда Россия империясига қарамлик илдизлари – сиёсий ва диний биқиқлик шароитидаги бойлик, билим, яратувчилик, гўзаллик, истеъдод ҳеч нарсамаслиги, фожиа сари юмалашни тўхтатиб бўлмаслиги шундоққина кўриниб туради. Шу билан бирга, кўргилик қанчалар аччиқ бўлмасин, ботир, масъулиятни ўз қўлига олишга қодир инсонлар йўқолиб кетмаслиги, улар шароитдан қатъи назар курашиш йўлларини исташлари ғояси ҳам бор.

 

6. Тоғай Мурод, «Отамдан қолган далалар» романи (киноасари ҳам )

Ушбу асарни ҳар бир ўзбек ўқиши керак. Айниқса, бир томондан, Россия империясига 126 йиллик қарамлик тарихидан хабарсиз ёш авлод, иккинчи томондан, совет ҳокимияти бизни рўшноликка олиб чиқди, совет даврида таълим, тиббиёт текин эди, ашуласини бугун ҳам айтиб юрганлар. Эрксизлик ва мажбурий меҳнат – қулчилик босқичимизни бадиий йўллар билан ҳаққоний ёритиб берган буюк асар.

 

7. Қаҳрамон Ражабов, «Туркистон қўрбошилари» асари

Бу асарни ҳам ҳар бир ўзбек ўқиши керак. Негаки бундан юз йил бурун ота-боболаримизнинг миллий давлатчиликни тиклаш йўлида совет ҳокимиятига қарши курашларига бош-қош бўлган ҳарбий арбобларимиз – қўрбошиларимиз тарихи илк бор илмий йўсинда ва ҳаққоний равишда ёритиб берилган асар мана шу бўлади. Унда Иброҳимбек, Шермуҳаммадбек, Катта Эргаш ва Кичик Эргаш сингари нисбатан таниқли қўшинбошиларимиз қаторида яна ўнлаб миллий қаҳрамонларимиз ҳақида илмий асосланган ва қимматли маълумотлар бор.

 

8. Қаҳрамон Ражабов, «Туркистон Мухторияти тарихи» китоби

Асарда миллий давлатчилигимизни тинч йўл билан тиклаш, замонавий сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тузум қуриш мақсадидаги биринчи ва сўнгги уриниш – Туркистон мухториятининг уч ойга ҳам етмаган жўшқин, қарама-қаршиликларга бой, оқибати фожиа билан тугаган, Туркистон минтақасида совет режимига қарши истиқлолчилик ҳаракатига туртки бўлган тарихий босқич илк бор бошқача йўсинда ва ҳаққоний равишда ёритиб берилган.

 

9. Қаҳрамон Ражабов, «Туркистон минтақасида совет режимига қарши истиқлолчилик ҳаракати ва моҳияти» (1918 – 1935) китоби

Ушбу асарни ҳам ҳар бир ўзбек ўқиши керак. Негаки ўзбекнинг ҳар бир авлоди ота-боболаримиз совет босқинчи-босмачиларига қарши салкам йигирма йил қўлда қурол билан курашганларини билиши, эл-юрт озодлиги учун шаҳид кетган аждодларимизни эсдан чиқармаслиги, совет ҳокимиятининг барча кирдикорларию жирканч табиатини ёдда тутиши шарт.

 

10. Азамат Зиё, «Ўзбек давлатчилиги тарихи» китоби.

Ушбу тавсиям камтарсизлик ўлароқ баҳоланишини истамасдим. Негаки узоқ, айниқса, сўнгги йиллардаги кузатишларимга кўра, жуда кўпчиликда миллий давлатчилигимизнинг 3000 йиллик тарихий йўли ҳақида озгина бўлсада тасаввур йўқ. Ушбу мавзуда яратилган яхлит асар йўқлиги шароитида 2000 ва 2001 йиллари икки нашрда дунё юзини кўрган китобимни ўқишни маслаҳат берган бўлардим. Китоб сотувларда қолмаган, бироқ электрон нусхалари бор.

 

Азамат Зиё 1963 йили Тошкентда тарихчи олим Ҳамид Зиёев оиласида туғилган. 1980-1985 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет) шарқ тиллари факультетида ўқиган. 2020 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат аъзоси, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, 2021 йилдан Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси. 2021 йилдан «Ўзархив» агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси. 2019 йилдан буён Фанлар академияси Тарих институти директори лавозимида ишлаб келмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Тарих фанлари доктори, профессор Азамат Зиёнинг ўзбек халқи ва давлатчилиги, ўзбек халқининг келиб чиқиши, темурийлар, бобурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар даври тарихига оид 200 дан ортиқ илмий, илмий-оммабоп ишлари эълон қилинган. 2021-2025 йиллари бажариладиган ўн жилдлик «Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи (энг қадимги замонлардан ҳозиргача)», уч жилдлик «Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи тарихшунослиги (энг қадимги замонлардан ҳозиргача)», этнология ва антропология йўналишида уч жилдлик «Ўзбеклар: тарихи, маданияти ва анъаналари (энг қадимги замонлардан ҳозиргача)» теран илмий асарлар ғояси ҳам Азамат Зиёга тегишли.

 

Азамат Зиё «Шуҳрат» медали (1996), «Дўстлик» ордени (2003), «Меҳр-саховат» ва «Маънавият фидойиси» (2020) кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

 

Oyina.uzни телеграмда кузатинг

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси