Қимматга тушган озодлик


Сақлаш
17:28 / 26.10.2021 2401 0

Ўрта Осиё ҳудуди совет давлати таркибига киритилгач, маҳаллий бошқарув тизими, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий соҳалар янгича асосда қурила бошлади. Бу жараёнда ҳукумат маҳаллий хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни “замонавийлаштириш”, жамиятда эркаклар билан тенг фаолият юритишини таъминлаш (кейинчалик улар меҳнатидан кенг фойдаланиш) масаласига жиддий эътибор қаратди. Ушбу жараённи янада тезлаштириш масаласи Ўрта Осиё партия комитети хотин-қизлар бўлимлари ходимлари иштирокида ўтказилган кенгашда муҳокама этилиб (1926 йил сентябрь), аёлларни мажбурий равишда “озодликка чиқариш”, яъни паранжидан халос этишга қарор қилинди (Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. Илмий муҳаррир М.Жўраев. Тошкент, “Шарқ”, 2000. 105-бет). “Ҳужум” деб аталган бу тадбир бошланган илк кезлар муайян муваффақиятларга эришилди албатта, яъни аёлларга ўқиш, билим ва малакасини оширишга имкон яратилди. Натижада ўзбек аёллари орасидан маориф, маданият, фан, санъат, тиббиёт ва ижтимоий турмушнинг барча соҳаларида фаол зиёлилар етишиб чиқди.  

“Ҳужум” кампаниясининг илк йиллари кўп аёллар паранжи ташлаб (1927 йил баҳорида 100 минг нафар), ижтимоий-сиёсий жараёнларда қатнаша бошлаган бўлса-да, бу сиёсатни амалга ошириш салбий оқибатлар билан кечди. Ўзбекистон ССР прокуратурасига вилоятлардан ўта махфий тамға остида топширилган ҳисоботларда қайд этилишича, 1927 йили “Ҳужум” ҳаракати аҳолининг маълум бир қисми, жумладан, давлат ташкилотларида ишлайдиган эркаклар аёли, шунингдек, камбағал ва батраклар оиласи томонидан қўллаб-қувватланган, уламолар, бойлар, савдогарлар эса унга қарши тарғибот-ташвиқот олиб борган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони архиви, 58-фонд, 5-рўйхат, 865-иш, 62-63-варақлар).

“Ҳужум” шу қадар шиддатли тус олдириладики, ҳатто хотин-қизлар юзини очиш бўйича Ўзбекистон, Туркманистон ва бошқа республикалар ўртасида “социалистик мусобақа” ташкил қилинади. Қизиғи шундаки, бу тадбирга республикаларнинг совет суд-ҳуқуқ, ички ишлар органлари, прокуратура ходимлари ва терговчилар ҳам жалб этилади. Мусобақа давомида (1929 йил 1 сентябрдан 1930 йил 1 мартгача) суд ходимлари ажралиш ишларини жадаллаштириш билан шуғулланган бўлса, бошқа иштирокчилар қишлоқларга бориб жамиятда аёллар ўрни ва ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида маърузалар ўқиши зарур эди. Шунингдек, уларга маҳаллий хотин-қизлардан суд-ҳуқуқ органларига ходимлар жалб этиш, суд жараёнларида халқ маслаҳатчиси сифатида қатнашишига шароит яратиш вазифаси ҳам юкланади. Бу вақтда аёллардан кекса эридан ажралиш хусусида судга мурожаатлар тушиб турган бўлиб, “мусобақа” давомида бу жараён янада авж олган. Натижада Ўзбекистонда кўплаб оилалар бузилди, ажралишга ариза берган аёлларнинг баъзилари эри ёки ака-укаси томонидан жазоланди. Советларнинг хотин-қизларни озодликка чиқариш борасида тезкорлик билан амалга оширган сиёсати маҳаллий аёлларнинг бегуноҳ қурбон бўлишига-да сабаб бўлди. Буни тасдиқловчи кўплаб далиллар мавжуд. Давлат сиёсий бошқармасининг Қўқон округи томонидан Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетига топширилган далолатномага кўра (1927 йил июнь), Бувайда ва Бешариқ тумани ҳамда Оқтепа ва Ғори қишлоғида паранжи ташлаган аёллар ўлими билан боғлиқ жиноий ишлар қўзғатилган (ЎзР ПДА, 58-фонд, 2-рўйхат, 1153-иш, 65-66-варақлар). 1927-28 йиллар Ўзбекистонда 2.5 мингдан зиёд аёл (Алимова Д. “Ҳужум”га зарурат бормиди? “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1992 йил 11 сентябрь) бевақт ҳаётдан кўз юмган бўлса, Хоразм шаҳар прокурори берган хабарномада “... кўриб чиқилган атиги 20 та жиноий ишда 68 нафар аёл ўлими маълум бўлган” (ЎзР ПДА, 58-фонд, 2-рўйхат, 1153-иш, 87-88-варақлар) дея таъкидланади. Бошқа бир ҳужжатда 1928 йили республика бўйича 208 аёл ўлими билан боғлиқ жиноий иш кўрилгани, ҳақиқатда эса бу рақам анча катта экани, масалан, биргина Хоразм вилоятида 68 аёл ўлдирилгани-ю, бор-йўғи 20 та жиноий иш қўзғатилгани, округ прокурорларининг 1929 йил тўрт ойи юзасидан топширган ҳисоботида эса 21 аёл ўлдирилгани, 2 нафари жароҳатлангани қайд этилган (Россия Федерацияси давлат архиви, 374-фонд, 27-рўйхат, 1708-иш, 86-87-варақлар. Маълумотлар Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи-методик марказ архиви фондидан олинган).

“1929 йил 1 январдан 15 апрелгача Фарғона округининг Марғилон районида 2 аёл оғир яраланган, Андижон округи Мухунбек қишлоғида фаол аёллардан бирини маҳаллий имом ўлдирган, Шаҳрихон районида 2, Сурхондарёда 4, Зарафшон округида 2, Хоразм округида 1 аёл ўлдирилган ва 2 нафари жароҳатланган, Самарқанд округида 3, Тошкент округида 2, умумий ҳисобда 20 нафар аёл ўлдирилган ва 5 тасига оғир тан жароҳати етказилган” (ЎзР ПДА, 58-фонд, 2-рўйхат, 1153-иш). Бу жараённинг салбий оқибатлари акс этган яна кўплаб ҳужжатларни мисол тариқасида келтириш мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёндаги иштироки, жумладан, паранжи ташлаш билан боғлиқ муаммолар, бу жараёнлар негизида содир этилган турли жиноий ишлар ХХ аср 30-йиллари охирларида ҳам давом этгани архив ҳужжатларида учрайди. Хусусан, бу борада Ўзбекистон ССР прокуратурасининг 1939 йил 2 февралда 56-сонли буйруғи эълон қилинади. Унда аёлларнинг паранжи ташлаш жараёни билан боғлиқ жиноий ишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани, шу сабабли бу каби жиноий ишларнинг олиб борилиши, улар сони ва ҳолатини доимий назорат қилиш, шунингдек, аёлларни давлат ташкилотларига жалб этишни жадаллаштириш (прокуратура ва шу каби ташкилотлар) зарурлиги таъкидланиб, буларни бажаришга Ўзбекистон ССР ва Қорақалпоғистон АССР прокурорлари ёрдамчилари масъул қилиб белгиланади (Россия Федерацияси давлат архиви, 8131-фонд, 16-рўйхат, 48-иш, 4-5-варақлар).

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда советларнинг хотин-қизлар билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий тадбири туфайли ўзбек аёллари руҳан уйғонди, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида эркин, фаол қатнаша бошлади. Аммо, совет даврида бу жараёнга биртомонлама қаралиб, фақат ижобий баҳо берилган бўлса-да, ўша даврга тегишли кўплаб бирламчи манбалар маҳаллий аҳолининг тарихан таркиб топган турмуш тарзи, урф-одатлари, ислом дини билан боғлиқ анъаналар ҳисобга олинмагани боис, бу ишлар салбий оқибатлар билан кечганидан далолат беради.

Авазбек ЕРМЕТОВ,

Ўзбекистон Миллий университети

доценти

 

“Тафаккур” журнали, 2017 йил 2-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//