Буюк америкалик ёзувчи Марк Твеннинг “Агар сайлов ниманидир ҳал қилганида, бизни яқин йўлатишмас эди”, деган машҳур қочирими қанчалик тўғри ё нотўғри, лекин бугунгача инсоният демократик бошқарувнинг бундан оптимал усулини топа олмаган.
Дунё кенг, сайлов ҳақида биз билган ва билмаган қизиқарли маълумотлар кўп. Қайсидир давлатларда бу муҳим сиёсий тадбирга қатнашиш ихтиёрий бўлса, баъзиларида мажбурий. Овоз бериш жараёнини ҳафталаб чўзадиган ёки электрон тарзда ўтказадиган, эркаклар ва аёллар учун алоҳида сайлов участкалари ташкил этадиган мамлакатлар ҳам бор. Хуллас, биринчи факт.
1. Кўпгина давлатларда сайлов якшанба куни бўлиши қоидага айланган. Аммо АҚШ да – сешанба куни. Қизиғи, инглиз тилли ўлкаларнинг аксариятида иш кунига мўлжалланади. Канадада душанба, Буюк Британияда пайшанба, Австралия ва Янги Зеландияда шанба куни овоз берилади.
2. Ҳиндистонда 800 миллиондан зиёд сайловчи қайд этилган бўлиб, бу дунёдаги энг йирик кўрсаткичлардан ҳисобланади. Овоз бериш жараёнига ҳафталар, ҳатто ойлар кетиши мумкин. Масалан, 2014-йилдаги сайлов беш ҳафта давом этган.
3. АҚШда сайловчиларнинг фаоллиги нисбатан паст даражада. 2020-йилдаги сайловда уларнинг 66,7 фоизи сайловда қатнашди. Бунда ҳам АҚШ тарихида йирик ҳажмдаги сайловчилар иштироки кузатилди. Аввалги йиллари бу кўрсаткич 50 фоиз атрофида бўлган. Белгияда эса юқори кўрсаткич кузатилади. 2019-йилги сиёсий жараёнда 88,47 фоиз сайловчи иштирок этган.
4. Шундай давлатлар борки, сайловда қатнашмаган фуқаро жазога тортилади. Масалан, “бебош” австралияликка 20 авро (тахминан 15 АҚШ доллари) жарима нақд. Агар бундан ҳам бўйин товласа, 180 АҚШ доллари тўлашга мажбур ва ҳатто жиноий жавобгарлик белгиланган.
5. Бразилия фуқаролари 16 ёшдан овоз бериш ҳуқуқига эга. 18 ёшдан 69 ёшгача бўлганлар эса сайловда қатнашиши шарт. Акс ҳолда, жаримага тортилади. Австрия, Никарагуа, Аргентина, Индонезия ва Суданда ҳам сайлаш ҳуқуқи 16, 17 ёшдан белгиланади. Германиянинг айрим ҳудудларида 16 ёшли болалар фақат маҳаллий сайловларда овоз беришади. Шотландияда 2014-йили 16 ва 17 ёшли ўсмирлар референдумда биринчи марта қатнашди.
6. 2005-йилдан эстонияликлар онлайн овоз бериш имкониятига эга бўлди. Лекин сайлов участкаларига чиқиш ҳали ҳам урфда. 2015-йили сайловчиларнинг 30 фоизидан кўпроғи электрон имкониятдан фойдаланган.
7. Швед ва французлар сайловчи сифатида рўйхатга кирмай қолишдан хавотирланмаса ҳам бўлади. Чунки 18 ёшга тўлгани заҳоти ҳар бир фуқаро электрон базага киритилади. Бу эса ҳар сайловда қайта-қайта оворагарчилик туғдирмайди.
8. Чилида 2012 йили эркаклар ва аёлларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши қоидаси бекор қилинди. Аммо бу анъана баъзи жойларда ҳалигача сақланиб қолгани айтилади.
9. Гамбияда фуқаролар номзодларнинг расми туширилган ноғорасимон металл идишларга мармар тошча ташлаб, сиёсий иродасини кўрсатади. Кимдир сайлов қутисига икки-учта “овоз” ташлаб юборса, махсус қўнғроқча жаранглаб кетиб, ғирромчини фош этади.
10. Ишонсангиз агар, космосда учиб ҳам овоз бериш мумкин. 1997-йилдан буён космонавтлар ҳам сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ