Моҳир муҳаррир Муртазо Қаршибой “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади


Сақлаш
19:10 / 26.10.2023 449 0

Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан “ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ” тавсиясини беришда давом этади.

 

Лойиҳанинг 44-куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, моҳир муҳаррир Муртазо Қаршибой “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади:

 

Албатта, дунёдаги ҳар бир инсон ўқиши керак бўлган ўнта китобни турли нуқтаи назардан тавсия этиш мумкин. Ўзига раво кўрганни ўзгага ҳам раво кўриш – халқимизга хос одат. Ана шу анъанага амал қилиб, келинг, яхшиси ўзимга раво кўрган ўнта китобни санаб ўтақолай.

 

Аввало, мусулмон фарзанди сифатида муқаддас Қуръони карим ва муҳаддислар султони Имом Бухорий бобомизнинг “Ал-жомеъ-ас саҳиҳ” китобини нафақат ўқиш, балки доимо уларга амал қилиб яшаш ҳаракатида бўлиш лозим, деб ҳисоблайман. Буюк туркий маданий мерос ворисларидан бири бўлган ўзбек халқига мансуб инсон сифатида Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит-турк”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Хазойинул-маъоний”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” китобларини ўқимоқ ва билмак шарт.

 

Қадимий Шарқ шеърияти дурдоналаридан бўлган Ҳофиз Шерозий ва Мирза Абдулқодир Бедил девонларини, Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сини ҳам албатта мутолаа қилмоқ зарур. Ана кўрдингизми, шу билан ўнта ўрин тўлди-қолди. “Мен – башар фарзандиман! деб бошимизни баланд кўтариб яшашимиз учун жаҳон адабиётидан ҳам албатта янги яхши намуналарни ўқишимиз керак. Ҳеч бўлмаса, Пушкиннинг “Евгений Онегин”, Сервантеснинг “Дон Кихот”, Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, Маркеснинг “Танҳоликда юз йил” китобларини.

 

Муртазо Қаршибой 1961 йили Самарқанд вилояти, Паяриқ туманидаги Бўзғовул қишлоғида туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Ёшлик”, “Муштум”, “Тафаккур” журналлари, “Ватан”, “Республика” газеталари ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида фаолият олиб борган.

 

Муртазо Қаршибойнинг “Ўнгланмаган тақдир талқини”, “Талотўпдан уйғунлик сари”, “Бунёдкор халқ ғояси”, “Буюк ўзгаришдан янгиланиш сари”, “Эзгулик ва маънавият” публицистик тўпламлари, “Ватан туйғуси” (Хайриддин Султонов билан ҳаммуаллифликда), “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” дарсликлари ва “Кўнгил – озод ҳам ўзинг, обод ҳам ўзинг”, “Инсон мўъжиза излаб яшайди”, “Ўттиз йиллик андиша” каби китоблари нашр этилган. Муртазо Қаршибой “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” (2001) унвони билан мукофотланган.

 

 Oyina.uzни Телеграмда кузатинг

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси