Инглиз зобити Артур Конолли ХIХ асрда илк бор “Катта ўйин” атамасини қўллаганида геосиёсатдаги энг кучли метафоралардан бирини истеъмолга киритгани хаёлига ҳам келмаган. Бу истилоҳ Британия ва Русия империяларининг Марказий Осиё, шунингдек, Афғонистон, Форс ўлкаси ва Тибетдаги рақобатини англатади.
Ваҳмкор ўйин бугунга қадар тўхтагани йўқ, фурсат ўтиши билан иштирокчилар сони ортиб, қоидалару усуллар ўзгарди, холос. “Янги Катта ўйин” муҳитида қудрат соҳибларининг диққати Марказий Осиёга қадалган. Беллашувга энди Вашингтон, Пекин, Брюссель, Токио, Янги Деҳли ҳам қўшилган.
Икки қўчқорнинг боши
1840 йилнинг июль ойида инглиз разведкачиси Артур Конолли Қандаҳорда янги вазифага тайинланган ҳамкасби Ҳенри Кресвик Роулинсонга йўллаган мактубида “Сизни ажойиб ўйин, катта ўйин кутаётир!” деб таъкидлаган эди. Ёзувчи Редьярд Киплинг “Ким” романида (1901) қўллагач, бу атама янада оммалашди.
ХIХ асрда Британия ва Русия империялари Марказий ва Жанубий Осиёдаги ҳудудларни эгаллаш, чегараларни қайта белгилаш учун ҳарбий куч ва дипломатик музокарадан фойдаланган. Русия Туркистонни босиб олди, Англия эса Ҳиндистонда назоратни мустаҳкамлади. Шу тариқа ХХ аср бошларига келиб, Каспий денгизи соҳилидан Шарқий Ҳимолайгача бўлган ҳудудлардаги давлатлар, қабилалар икки империянинг қаламравига ўтди.
“Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас”, дейдилар. Британия Русиянинг жанубга экспансияси Ҳиндистонга таҳдид солишидан қўрқар, рус давлати эса инглиз монархияси таъсири Марказий Осиёга ёйилишидан хавотирда эди.
Манбаларга кўра, “Катта ўйин” 1830 йил 12 январда Ҳиндистон назорати кенгаши президенти, лорд Элленборо генерал-губернатор, лорд Бентинкка Бухоро амирлиги билан савдо муносабатини йўлга қўйиш вазифасини топширгандан сўнг бошланган. Англия Афғонистонда протекторат ўрнатиб, Усмонийлар, Форс, Хива ва Бухоро давлатларини Русия билан буфер ҳудуд сифатида сақлаб қолишни мақсад қилган. Шунингдек, Русиянинг Форс кўрфази ёки Ҳинд океанида портга эга бўлишига йўл қўймаслик орқали асосий денгиз савдо йўлларини назорат қилиш кўзланган эди. Икки империя ўзаро рақобатлашар экан, Русия Афғонистонни бетараф ҳудуд ўлароқ таклиф қилган (Becker S. Russia’s Protectorates in Central Asia: Bukhara and Khiva, 1865–1924. Routledge, 2005. P. 47).
“Катта ўйин” расман 1895–1907 йиллар оралиғида ниҳояланди. 1895 йил сентябрь ойида Лондон ва Санкт-Петербург Помир чегара комиссияси протоколини имзолади. 1907 йил августида ёвлашган икки давлат ўртасида иттифоқ тузилди, Афғонистон, Форс, Тибет каби баҳсли ҳудудлар юзасидан ҳам келишувга эришилди.
Адоқсиз кураш
“Катта ўйин” 1907 йилдан кейин ҳам давом этган. Тарихчи Давид Ноакнинг ёзишича, у 1919 йилдан Британия ва Совет Иттифоқи ўртасидаги қарама-қаршилик сифатида қайтадан бошланди. Веймар Республикаси ва Япония янги иштирокчилар сифатида майдонга чиқди. Ўша йилларда кураш Британия Ҳиндистони, Хитой, Совет Иттифоқи ва Япония Маньчжурияси чегараларидаги ҳудудлар устида кечган (Noack D. The Second Tournament of Shadows and British Invasion Scares in Central Asia, 1919–1933 // The Oxus Society for Central Asian Affairs, 14 December 2020).
Олим Александр Андреевнинг фикрича, Совет Иттифоқи 1930-йилларда ҳам “Катта ўйин”ни давом эттирган бўлиб, асосий йўналиш Тибет ва Мўғулистондаги яширин дипломатия ва жосуслик фаолияти эди. Россиянинг Ҳиндистонга бостириб кириш лойиҳаси ҳам инқилобчи Лев Троцкий томонидан қайта тикланган (Andreev A. Soviet Russia and Tibet: the Debacle of Secret Diplomacy, 1918–1930s. Leiden, Brill, 2003. Pp. 13-15).
Тарихчи Ҳизер Кемпбелл Британия ҳам “Катта ўйин”ни давом эттирган деб ҳисоблайди. Жумладан, Ҳиндистоннинг собиқ генерал-губернатори, лорд Карзон советларга қарши оқ гвардиячиларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини илгари сурган (Campbell H. Great Game Thinking: The British Foreign Office and Revolutionary Russia // Revolutionary Russia. 34 (2), 2021. Pp. 239-258).
1979 йилда советлар Афғонистонга бостириб киргач, Буюк Британия бош вазири Маргарет Тэтчер дарҳол афғон қаршилик кучларига ҳарбий ёрдам кўрсатган. Бу ҳодиса “Иккинчи Катта ўйин” номи билан машҳур бўлди. Қироллик жосуслик хизмати (MI6) афғон мужоҳидларини Совет Иттифоқига қарши курашда қўллаб-қувватлади, жумладан, уларни яширинча қуроллантирди ва молиялаштирди (Curtis M. Training in Terrorism: Britain’s Afghan Jihad. British Foreign Policy Declassified. 20 July 2025).
Кўп қутбли рақобат
1996 йили “The New York Times” газетасида чоп этилган мақолада ёзилишича, “Марказий Осиё яна бир бор йирик давлатларнинг кўҳна ва беаёв геосиёсий ўйинида қоронғи жанг майдони вазифасини ўтамоқда. Ғарб экспертлари фикрича, Каспий денгизи мамлакатларининг ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган нефть ва табиий гази минтақани келажак асрда янги Форс кўрфазига айлантириши мумкин. Бошланаётган ўйиндан кўзланган мақсад – нефть устидан назорат қилувчи собиқ совет республикалари раҳбарлари билан дўстона муносабат ўрнатиш, Россиянинг шубҳа-гумонларини аритиш ва жаҳон бозори учун муқобил, хавфсиз қувур йўллари жорий этишдир” (The New Great Game in Asia // The New York Times. 2 January 1996).
“Янги Катта ўйин” геосиёсий рақобатдан кўра кўпроқ геоиқтисодий курашга дўнмоқда. Бу жараёнда Хитойнинг роли – Буюк Британияга, Россияники эса Русия империясига ўхшайди. “Хитой ва Россия икки кучли ўйинчи, Марказий Осиё давлатлари эса нисбатан заиф мустақил субъектлар ҳисобланади” (Chen X., Fazilov F. Re-centering Central Asia: China’s “New Great Game” in the Оld Eurasian Heartland // Palgrave Communications. 4 (1) 71, 2018. Pp. 1-12).
Бошқа тадқиқотчилар фикрича, Марказий Осиё давлатлари ўз сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик алоқаларини диверсификация қилишга муваффақ бўлмоқда.
Хитой Россияга қарши мувозанат кучи бўлиши мумкин эди, бироқ 2001 йилда Пекин ва Москва стратегик шериклик муносабатини ўрнатди. Таҳлилчи Ажай Патнаик ҳам шунга яқин хулосани илгари суради: “Хитой асосий минтақавий механизм сифатида ШҲТдан эҳтиёткорлик билан истифода этмоқда ва Россиянинг Марказий Осиёдаги манфаатларига қарши бормаётир” (Patnaik А. Central Asia: Geopolitics, Security and Stability. Taylor & Francis Group, 2016. Pp. 28-31).
2021 йил августида Афғонистон ҳокимиятини “Толибон” ҳаракати қайта эгаллагани маълум. “Янги Катта ўйин” Россиянинг афюн ишлаб чиқаришни тартибга солишдаги манфаатлари, Хитойнинг нодир маъданлар билан боғлиқ интилишлари, Ҳиндистоннинг ортиб бораётган роли ва Ғарбнинг иштибоҳли иштироки асосида кечмоқда”, деб ёзади истеъфодаги адмирал Жеймс Ставридис (Stavridis J. Rare earth trillions lure China to Afghanistan’s new Great Game // Nikkei Asia. 21 August 2021).
“Катта ўйин” авж нуқтасига етган ХIХ асрда Марказий Осиё икки империя дона сурадиган шахмат тахтаси сифатида кўрилар эди. “Янги Катта ўйин” эса кўп қутбли рақобат бўлиб, АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Япония ва бошқа давлатлар “Евроосиё юраги”га йўл топмоққа уринаётир.
АҚШ
Вашингтоннинг Марказий Осиёдаги роли эпизодик, аммо катта аҳамиятга эга. 2011 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ Афғонистондаги амалиётни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон (Қарши-Хонобод, 2001–2005) ва Қирғизистонда (Манас, 2001–2014) ҳарбий база очди.
АҚШнинг минтақадаги манфаатлари уч устувор мақсад билан боғлиқдир: 1) терроризмга қарши кураш (Афғонистондаги беқарорликнинг шимолга ёйилмаслигини таъминлаш); 2) геосиёсий мувозанат (Россия – хавфсизлик жабҳасида, Хитой – инфратузилма ҳамда савдода якка ҳукмрон бўлишига йўл қўймаслик); 3) меъёрларни илгари суриш (бошқарув ислоҳотларини рағбатлантириш, инсон ҳуқуқлари ва суверенитетни ҳимоя қилиш).
2015 йилда йўлга қўйилган “C5+1” формати АҚШ–Марказий Осиё мулоқотини институционал даражага кўтармоқда. Вашингтон мазкур формат орқали Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонни хавфсизлик, савдо, энергетика, технология ва бошқа соҳаларда мулоқотга чорламоқда.
2025 йил 5 июнь куни Вашингтонда Атлантика кенгаши томонидан ўтказилган илк АҚШ–Марказий Осиё форумида ўта муҳим минераллар масаласи муҳокама этилди. Қозоғистон 20 турдаги муҳим минерал, жумладан, дунё уранининг 40 фоизини ишлаб чиқараётганини қайд этди. 2030 йилгача беш минг километр темирйўл қурилиши ва Каспий денгизидаги транспорт флотини икки баробарга кўпайтириш режаси тақдим этилди. Ўзбекистон ҳам амалий ҳаракатга ўтиб, 2025 йил апрель ойида Вашингтон билан ўта муҳим минераллар бўйича англашув меморандуми имзолади.
2025 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Оқ уйда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “C5+1” форматидаги саммитида иштирок этди. Ўзаро муносабатларда янги саҳифа очган машваратда доимий фаолият юритадиган Котибиятни таъсис этиш, вазирлар даражасида Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш, “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини очиш таклифлари илгари сурилди.
Фаол ҳаракатларга қарамай, Вашингтон географик жиҳатдан қийинчиликларга дуч келмоқда. Боз устига, Россия ва Хитой минтақа давлатларига камроқ сиёсий шартлар билан тезкор молиявий маблағ таклиф қилмоқда. Европа ҳам дадил қадамлар ташламоқда. Жумладан, 2025 йил апрелида Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитида Брюссель 13 миллиард евродан зиёд сармоя ваъда қилди.
Президент Жо Байден даврида “C5+1 ўта муҳим минераллар диалоги” ва “B5+1 бизнес форуми” каби платформалар йўлга қўйилган бўлса, Дональд Трамп маъмурияти ҳали ягона минтақавий стратегияни тақдим этганича йўқ. Марказий Осиё расмийлари АҚШнинг прагматик, манфаатга асосланган ёндашувини ижобий қабул қилган бўлса-да, олий даражадаги ташриф ёки расмий мажбуриятларнинг йўқлигини қайд этиш ўринлидир. Агар АҚШ минтақада муҳим ўйинчи бўлиб қолишни истаса, сиёсий мунозаралардан амалий ишга ўтиши, жумладан, ўта муҳим минераллар, инфратузилма ва савдо йўлаклари бўйича аниқ лойиҳаларни амалга ошириши зарур.
Россия
Россия тарихан Марказий Осиёни ўз “томорқаси” деб даъво қилиб келган. Эндиликда Москванинг стратегияси синовдан ўтмоқда. Нисбий пасайишга қарамай, Москва ҳали ҳам илкида муҳим таъсир воситаларини сақлаб қолмоқда. Шулардан бири – энергия манбаларидир. Москва узоқ муддатли табиий газ етказиб бериш битимлари ҳамда нарх сиёсати орқали минтақага ўз сўзини ўтказишга интилади. Шу билан бирга, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) орқали иқтисодий таъсирини мустаҳкамлашга уринади. Бироқ Хитойнинг “Бир камар – бир йўл” ташаббуси ёки Европа Иттифоқининг инвестиция дастурлари қаршисида ЕОИИнинг жозибадорлиги йўқолади.
Россия Қирғизистон ва Тожикистонда ҳарбий базаларини сақлаб қолмоқда. Қолаверса, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) орқали ҳам муайян таъсирга эга. 2022 йил январида КХШТ қўшинининг Қозоғистонга киритилиши Россиянинг ҳарбий аралашувга қодир эканини кўрсатди. Бироқ Украина урушидан сўнг Москва барқарорлаштирувчи куч сифатидаги нуфузини бой берди.
Маданият ва тил ҳам муҳим қуролга айланган. Рус тили минтақа бўйлаб умумий мулоқот воситаси саналади. Россиядаги кўп сонли меҳнат муҳожирлари эса чуқур ижтимоий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда. Мигрантларнинг пул юбормалари Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, Москванинг “тортиш кучи”ни ҳам намоён этади. Бироқ минтақа ёшлари тобора кўпроқ Европа, АҚШ, Туркия, Жанубий Кореядан имконият изламоқдаки, бу истиқболда жиддий ўзгариш ясаши шубҳасиз.
Сиёсий жабҳага келсак, Кремлнинг Марказий Осиё юритаётган кўп векторли дипломатияга мослашиши қийин кечмоқда. Москва минтақада “имтиёзли манфаатлари”ни сақлаб қолишга уринаётган бўлса-да, Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсатда мувозанат ўрнатишнинг уддасидан чиқди. Ўзбекистоннинг Украина урушида бетарафлиги, Вашингтон, Пекин ва Брюссель билан фаол дипломатияси буни яққол кўрсатади.
Сирасини айтганда, Россия “Янги Катта ўйин”да минтақа геосиёсий келажагининг ягона ҳаками эмас, балки рақобатчилардан бири ўлароқ намоён бўлмоқда.
Хитой
Хитой чорак аср ичида иккинчи даражали шерик мақомидан “Янги Катта ўйин”нинг асосий иштирокчисига айланди. Кенг кўламли инфратузилма лойиҳалари, энергетика ҳамкорлиги ва сиёсий мулоқотни ўз ичига олган стратегия Пекинга мисли кўрилмаган мавқе ваъда этмоқда.
Хитойнинг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги негизини иқтисодий алоқалар, хусусан “Бир камар – бир йўл” ташаббуси ташкил этади. 2013 йилда илгари сурилган ушбу ташаббусга кўра, минтақа муҳим транзит ҳудуд саналади. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўл лойиҳаси Чин ўлкасининг нафақат транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, балки минтақавий таъсирини кучайтиришга ҳам қодирлигини кўрсатади. Хитой муҳим минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, табиий газ бўйича ҳамкорликда ҳам мустаҳкам ўрин эгаллаган.
Осмоности мамлакати институтлар ва дипломатия орқали ҳам ўз ролини кенгайтирмоқда. Хитой–Марказий Осиё (C+C5) формати доимий котибиятга эга бўлиб, минтақа билан Москва етакчилигидаги ташкилотлардан мустақил равишда мулоқот олиб бориш имконини беради.
Хитой Россия сингари ҳарбий базага эга бўлмаса-да, ШҲТ доирасида терроризмга қарши кураш ва чегара назорати бўйича ҳамкорликни амалга оширмоқда. Марказий Осиё давлатларида Хитой кузатув технологиялари тобора кўпроқ тарқалмоқда, бу орқали Пекин ички хавфсизлик тизимлари устидан таъсир кучига эга бўлиши мумкин.
“Юмшоқ куч” усуллари ва маданий алоқалар иқтисодий, институционал ташаббуслар билан бақамти олиб борилмоқда. Марказий Осиёда таълим дастурлари, Конфуций институтлари ва оммавий ахборот воситалари орқали Хитойнинг ижобий қиёфаси тарғиб-ташвиқ қилинмоқда.
Хитойнинг тобора ортиб бораётган устунлиги, иқтисодий қарамлик ва ерларни бой бериш борасида хавотир ҳам мавжуд. Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистондаги муайян гуруҳлар Пекинни танқид қилади, бироқ ҳукуматлар иқтисодий манфаатларни муҳофаза этиш мақсадида бундай норозиликларни сўндиришга интилади.
Умуман, “Янги Катта ўйин” шароитида Хитойнинг Марказий Осиёдаги ролини чекка қўшнидан йирик инвестор ва стратегик ҳамкор даражасига кўтарилиш деб тавсифлаш мумкин. Москва ва Вашингтондан фарқли ўлароқ, Пекиннинг сиёсати изчил равишда мустаҳкамланмоқда.
Европа Иттифоқи
Европа Иттифоқи Марказий Осиёга норматив дипломатия ва селектив иқтисодий ҳамкорлик тамойиллари асосида ёндашиб, Россиянинг ҳукмрон сиёсати ва Хитойнинг тажовузкор стратегияси ўртасида “учинчи йўл”ни таклиф этмоқда. Брюссель Марказий Осиё бўйича стратегия (2019) ҳамда “Глобал дарвоза” (2021) ташаббуси орқали рақамлаштириш, қайта тикланувчи энергия ва бошқарув ислоҳотларига урғу бермоқда. Сўнгги йилларда Россияни четлаб ўтувчи транспорт йўлаклари, хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўлагига (Ўрта йўлак) инвестиция киритиш фаол муҳокамада.
2025 йилнинг баҳорида Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммитида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва товар айирбошлашни кўпайтириш; инновациялар, “яшил” энергетика, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма дастурларни илгари суриш; маданият, туризм, фан, таълим ва бошқа устувор йўналишларда фаол алмашинувларни давом эттиришга эътибор қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи доирасида 2025 йил 24 октябрь куни Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Минтақа ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашмоқда. Сўнгги етти йилда товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ўсиб, 54 миллиард еврони ташкил этди. ЕИ етакчи савдо ҳамкори ва тараққиёт йўлида муҳим кўмакчидир. Шунга қарамай, Брюссель ҳозирча вазмин сиёсати билан Пекин ва Москвага хос кўламдорлик ва тезкорликка бўйлаша олмаётир.
Ҳиндистон
Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги фаоллиги Хитой ва Покистон таъсирига қаршилик билан бирга тарихий-маданий робиталарга асосланган. Янги Деҳли илгари сурган муҳим ташаббус – Ҳиндистонни Россия ва Марказий Осиё билан Эрон орқали боғлайдиган Шимол–Жануб халқаро транспорт йўлагидир (INSTC). Шунингдек, Ҳиндистон Покистонни четлаб ўтувчи йўлакларни ривожлантириш мақсадида Чабаҳар (Эрон) портига сармоя киритмоқда.
Ҳиндистон ШҲТнинг хавфсизлик ташаббусларида фаол иштирок этиб, терроризмга қарши кураш ва минтақавий барқарорлик ғоясини илгари суради. Маданий жабҳада эса, Болливуд, таълим дастурлари ва тиббий хизмат орқали Марказий Осиёда ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Аммо жуғрофий узилиш ва Хитойга нисбатан чекланган молиявий имконият унинг салоҳиятини сусайтиради.
Япония
Марказий Осиёда глобал кучлар ўртасидаги рақобат тобора кучайиб бораётган бир вақтда Япония сокин, лекин стратегик ўйинчи сифатида майдонга чиқди. Токио технологияга таянган ва юмшоқ куч воситаларини қўллаган ҳолда ўз стратегиясини шакллантирмоқда.
2025 йил 20 декабрь куни Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг давлат раҳбарлари даражасидаги биринчи саммити Кунчиқар ўлка минтақада узоқ муддатли стратегик манфаатларини чуқурлаштиришга интилаётганини кўрсатди.
Япония иқтисодий сиёсатини сифатли инфратузилма, “яшил” технологиялар ва инсон капитали ривожи тамойилларига кўра амалга оширмоқда. У бошқа ташаббуслардан фарқли равишда, ўз лойиҳаларида шаффофлик, экологик барқарорлик ва юқори сифатга урғу беради. Япония Марказий Осиёда энергетика тизимини модернизация қилиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш ва таълим дастурларини кенгайтиришга интилмоқда.
Айни чоқда, географик масофа, ҳарбий салоҳиятнинг чеклангани ва сармоя миқдори нисбатан камлигини қайд этиш лозим. Аммо Токио “баланд овоз билан эмас, балки ишончли натижалар билан” ҳаракат қилаётган давлат сифатида минтақа геосиёсий мувозанатида ўзига хос ўрин эгалламоқда.
Хулоса
ХХI асрда Марказий Осиё чинакам кўп қутбли майдонга айланди. Минтақа давлатлари эндиликда шунчаки кузатувчилар эмас – улар кўп йўналишли дипломатия орқали йирик кучлар ўртасида мувозанатни сақлаш, миллий манфаатларини ҳимоя қилишга интилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи сиёсатни ўзаро мувофиқлаштириб, кўп йўналишли концепцияни амалга татбиқ этмоқда. Геосиёсий стратегиялар рақобатида минтақа давлатлари мустақиллигини сақлаб қолиш ҳаёт-мамот масаласидир.
Қувончбек МАҲМУДОВ
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
Тарих
Тарих
Мафкура
Ватандош
Тарих
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ