Адабиёт
Алишер Навоийнинг “Хамса”си – бир қарашда, соф бадиий асар. Бироқ унда темурий ҳукмдорларни улуғлаш баҳонасида уларга насиҳатлар қилиш, буюк салтанатнинг эртасини ёруғ кўриш илинжи барқ уриб туради. Айни жиҳати билан бу эпопея замонасининг буюк сиёсатномаси ҳам эди.
Достонларнинг ҳар бирида муаллифнинг замондошлари, хусусан, Султон Ҳусайн Мирзо ва унинг хонадони вакилларига бағишлаган боблар бор. Жумладан, “Сабъаи сайёр” достонининг 10-боби “Исмат баҳористонининг шукуфта боғи ва иффат шабистонининг гавҳари шабчароғи, рўпўшлиғ Қофининг асмойи париси, маҳжублиғ сипеҳрининг меҳри ховарийси, ахлоқи ҳамида ва авсофи писандидасидин шаммае изҳор қилмоқ” деб номланади. Сарлавҳадаги “исмат” (поклик), “иффат”, “шабчароғ” (тунги чироқ), “рўпўшлиғ” (юзи ёпиқлик), “пари” каби ифодалардан нозикдид китобхон гап аёл киши ҳақида бораётганини сезади, албатта.
Хўш, ким бу аёл?
Шоир қаҳрамони аёл бўлгани учун ҳам унинг исмини яширади.
Нега?
Бу – Навоийнинг аёллар тасвиридаги ўзига хос бир қатъияти эди. Айни қатъият муаллифнинг шахсий топилмаси бўлмай, уни шоир яшаган даврга хос исломий қадриятлар тақозо этар эди.
Сираси, “Сабъаи сайёр”нинг 10-боби, гарчи унинг сарлавҳасида очиқ-ойдин айтилмаган бўлса ҳам, Султон Ҳусайн Мирзонинг суюкли хотини Хадичабегимга бағишланган. Даҳо шоир, бир куни келиб номи яширин тутилган аёл турли баҳсларга сабаб бўлишини олдиндан билгандай, унга ишора этиб кетади. Аввал мадҳ этилаётган шахсни Сулаймон алайҳиссаломнинг аёли Билқисга ўхшатади, кейин уни Иброҳим алайҳиссаломнинг хотини Сораи узмога (узмо – улуғ, буюк дегани) менгзайди, сўнг эса Муҳаммад алайҳиссаломнинг завжаси Хадичаи куброга (кубро – катта дегани) тенглаштиради. “Хадича” сўзи қўлланган ана шу байт жумбоқнинг калити бўлиб хизмат қилади.
Тўққиз парда ичида
Хадичабегим ҳақидаги бобда унинг кўпдан-кўп фазилатлари баён этилади.
Биринчиси – у тўққиз парда ичра ўтиради. Бу унинг малика эканига ишора. Ҳарир матодан тўқилган тўққиз пардани малаклар қўриқлаб туради. Ҳеч бир маҳбуб унга сирдош эмас. Бу ерда фалак мансабдори, поклик осмони тепасидаги бир Ой тахтда ўтирибди.
Иккинчи сифати шундан иборатки, у бағоят покдоман хилқат, фалак бундай пок гавҳарни илгари кўрган эмас.
Манбалардан маълумки, Хадичабегимнинг “Маҳди улё” (Олий йўлбошчи) ва “Исмат уд-дунё” (Дунё покизаси) каби унвонлари бўлган. “Сабъаи сайёр”да ҳам шоир ана шу икки сифатни зикр этади.
Учинчи фазилати шундан иборатки, у ниҳоят даражада саховатли. Кафти денгизи дурлар бахш этади.
Тўртинчи фазилати шуки, бу аёл бағоят хушрўй. Ҳатто Қуёш ҳам унга кўзгу бўла олмайди. Чунки унинг ўзини “Меҳр”, “Хуршид” деб аташади. Унинг даргоҳидан қувилган Қуёш уялиб, сарғайиб, титраб, ўз ётоғига бош қўяди.
Маликанинг хизматидагилар ҳам парига ўхшайди. Ўзини парда орасида пинҳон тутмаса, уни кўрган сунбулу райҳоннинг ғайирлиги келади. Иффати шу қадарки, Ой оқшом олам аро чиқиб, “Юзимни қора қилдилар”, дейди. Яъни бу аёл Ойдан ҳам покроқ.
Шундай юксак мадҳдан кейин Навоий сўзни унинг икки ўғли таърифи сари буради. Шоир Хадичабегимни аввал пайғамбарларнинг аёлларига ўхшатган эди. Энди уни Биби Марямга тенглаштиради, икки ўғлининг Исо алайҳиссаломдек ўликларни тирилтирадиган илоҳий нафасга эга бўлишини орзулашини баён этади.
Шу тариқа шоир Султон Ҳусайн Мирзо билан Хадичабегимга бахт тилайди, икки ўғилнинг ҳам иқболини сўраб дуолар қилади.
Шоҳ, малика, шаҳзодаларга бир мақтов бўлса, шунчалар бўлар, бундан ортиқ бўлмас!
Ким таърифлангани аниқ ғазал
Навоий “Хамса”ни ёзишдан олдин ҳам Хадичабегимга ғазал-мадҳия бағишлаган. У шоир ўзи тузган биринчи девон – “Бадоеъ ул-бидоя”га 59-ғазал сифатида киритилган. Кейинроқ жузъий таҳрир билан “Хазойин ул-маоний” тўпламининг 3-девони бўлмиш “Бадоеъ ул-васат”дан ўрин олган. Бу ғазалда ҳам Хадичабегим номи очиқ тилга олинмайди. Фақат айнан унга бағишланганини исботлайдиган икки ифода бор. Булар – ғазалнинг охирги сатрида зикр этилган “Маҳди улё” ва “Исмат уд-дунё” сифати.
Афсуски, бу ғазал қачон ёзилганини аниқлаш мушкул. Айрим ғазалларнинг қайси йили ёзилгани, эҳтимол, унчалар катта аҳамиятга эга эмасдир. Бироқ мазкур ғазал Хадичабегим Абусаид Мирзонинг ҳарамида эканида ёзилганми ёхуд у Султон Ҳусайн Мирзонинг умр йўлдоши бўлганда ёзилганми? Ушбу масалага аниқлик киритиш илм учун алоҳида аҳамиятга эга. Буни навоийшуносликнинг келгуси вазифалари сирасига киритайлик-да, ғазалнинг дастлабки ва сўнгги байтини ўқийлик:
Беҳи рангидек ўлмиш дарди ҳажрингдин
манга сиймо,
Димоғим ичра ҳар бир тухми янглиғ
донайи савдо...
Навоий гар Қуёш норанжидин беҳрак кўрар,
тонг йўқ,
Беҳиким, лутф қилмиш маҳди улё,
исмат уд-дунё.
Ҳозир ғазални байтма-байт таҳлил қилишнинг мавриди эмас. Асардаги тўрт муҳим ва нозик жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак, назаримизда.
Биринчидан, бу – ишқий ғазал. Чунки ундаги “дарди ҳажр”, “оқартиб ишқ бошимни”, “тиғи ҳажр” ифодалари шундай деб ҳисоблашга асос беради.
Иккинчидан, лирик қаҳрамон ишқ йўлидаги машаққатларни ранги-рўйи сарғайгани билан ифодалаган. Гап шундаки, халқда, кутиш, интизорлик, ялиниш охир-оқибат рангу рўйнинг сарғайишига олиб келади, деган қараш бор. Шунга кўра тахмин қилиш мумкинки, шоир бу ғазални сарғайма дардига чалинган маҳалда ёзгандир. Негаки, унинг бошқа ғазалларида ҳам сариқ касали билан оғриганига ишораларга дуч келамиз.
Учинчидан, ишқ бу ўринда беҳи, унинг ранги, туки, бу мева одатда пичоқ билан кесилмасдан истеъмол қилиниши (кесилса, суви қочади), мевасининг кўплигидан дарахтининг эгилиши ва ҳоказо тасвирлар билан бақамти тарзда талқин этилади.
Тўртинчидан, матлаъдан маълум бўладики, Маҳди улё лирик қаҳрамонга беҳи юборган.
Ғазалдаги ишқ талқинларини зинҳор-базинҳор Навоийнинг Хадичабегимга муҳаббати тарзида талқин этмаслик керак. Аввало, ғазалда шоирнинг эмас, лирик қаҳрамоннинг ишқи куйланяпти. Қолаверса, ошиқ ҳам ёри кимлигини очиқ айтаётгани йўқ. Фақат охирида беҳини юборган кимса тилга олиняпти. У ҳам тўғридан-тўғри эмас, лақаблари орқали эслатиляпти, вассалом. Лирик қаҳрамон муҳаббатини, анъанага кўра, ёрга, яъни Ҳақ таолога ишқ сифатида қабул қилган маъқул.
Бобурнинг ўгай бибисига муносабати
Хадичабегим Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ота тарафдан бобоси Абусаид Мирзонинг хотинларидан, демак, отаси Умаршайхнинг ўгай оналаридан бири эди. Бобур – ўта ҳаққониятчи, яъни реалист. Ҳақ сўз йўлида ҳеч кимни, ҳатто отасини ҳам аямаган. Бу жиҳатдан, “Бобурнома”да Хадичабегим хусусида айтилган фикр-мулоҳаза ва баҳоларни кўриб ўтишимиз шарт. Ана шундагина хира манзара кўз ўнгимизда равшанлашади.
Ҳижрий 911, милодий 1505-06 йил воқеалари бобида Султон Ҳусайн Мирзонинг Самарқандни эгаллаган Шайбонийхон устига лашкар тортиб кетаётиб йўлда вафот этгани қайд этилади. Ўрни келгани учун муаллиф Ҳусайн Бойқаро ҳақидаги маълумотларни баён қилади. “Ахлоқ ва атвори” фасли, қаранг, қандай масалага аниқлик киритишдан бошланади: “Аввал тахт олғонда хаёли бор экандурким, дувоздаҳ имомни хутбада ўқутғай. Алишербек ва баъзилар манъ қилибтурлар. Сўнгралар худ жамиъ иш-кучи суннат ва жамоат мазҳаби била мувофиқ эди” (“Бобурнома”. Тошкент, Ўзбекистон ССР Фанлар академияси нашриёти. 1960. 222-бет. Кейинги иқтибосларда ана шу китоб саҳифаси кўрсатилади).
Бобнинг “Авлоди” деган фаслида аввал Бадиуззамон Мирзо ҳақида сўз боради, унинг онаси Санжар Мирзо Марвийнинг қизи экани айтилади. Кейин Шоҳғариб Мирзога ўтилади. Унинг букри экани, аммо табъи назми бўлиб, “Ғарибий” тахаллуси ила туркий ва форсий шеърлар битгани, девон ҳам тартиб бергани, бир муддат Ҳиротга ҳоким бўлгани, отаси замонидаёқ ҳаётдан кўз юмгани баён этилади. Муаллиф сўнг Музаффар Мирзо таърифига ўтади: “Султон Ҳусайн Мирзонинг суюклук ўғли бу эди. Агарчи хейли суйгудек ахлоқ ва афъоли ҳам йўқ эди, ўғлонлари муни кўп ортуқ кўргани учун аксар ёғиқтилар (қарши бўлдилар, душманлашдилар – С.О.). Иккаласининг онаси Хадичабегим эдиким, Султон Абусаид Мирзонинг ғунчачиси эди” (224-бет).
Хўш, “ғунчачи” дегани қандай лавозим бўлди?
Ғунча гулнинг очилмаган муғжаси эканини биламиз. Мантиқан олганда, ғунчачи ёш, бокира, хушрўй қизларни топиб, подшоҳга тортиқ қилиш билан шуғулланган. Луғатларда ҳам бу сўзга шундай изоҳ берилади.
Бадиуззамон Мирзо катта ўғил эди. Демак, у валиаҳд бўлиши керак эди. Лекин подшоҳ Хадичабегимдан туғилган Музаффар Мирзони яхши кўрар эди. Албатта, бунда Хадичабегимнинг таъсири бўлган. Табиийки, у Музаффар Мирзонинг келажакда отаси тахтини эгаллашини жон-дилидан истар эди. Бироқ Бадиуззамон билан отаси ўртасидаги келишмовчиликларнинг ҳаммасига Хадичабегимни айбдор қилиш ҳам унчалар тўғри эмас. Аслида, бунинг узун тарихи бор.
Бадиуззамоннинг онаси Бека Султонбегим эди. Бобурнинг маълумот беришича, у Санжар Мирзо Марвийнинг қизи эди. “Мирзо” дейилдими, билингки, Санжар Марвий темурийлардан бўлган. “Бобурнома”да бу хотин ҳақида бундай “айбнома”ни ўқиймиз: “Кўп кажхулқ (бадфеъл – С.О.) эди. Султон Ҳусайн Мирзони кўп оғритур эди. Кажхулқлиғидин Мирзо батанг келди (безор бўлди – С.О.), охир қўйди ва халос бўлди. Не қилсун, Ҳақ Мирзо жониби (тарафида – С.О.) эди” (231-бет).
Бобур Хадичабегим ҳақида батафсилроқ маълумот беради. Мақоламиз мақсади учун ўта аҳамиятли экани боис иқтибосни тўлиқ келтирамиз: “Яна Хадичабегим эди. Султон Абусаид Мирзонинг ғунчачиси эди. Мирзодин бир қизи бор эди, Оқбегим отлиқ. Ироқта Султон Абусаид Мирзонинг шикастидан (мағлубияти – С.О.) сўнг Ҳирига келди. Ҳирида Султон Ҳусайн Мирзо олди ва севди. Ғунчачилиқ мартабасидин бегимлик мартабасиға тараққий қилди. Сўнгралар худ асру ихтиёр бўлуб эди. Муҳаммад Мўмин Мирзони анинг саъйи била ўлтурдилар. Султон Ҳусайн Мирзонинг ўғлонлари ёғиқтилар, кўпраки мунинг жиҳатидин эди. Ўзини оқила тутар эди, вале беақл ва пургўй (сергап, майдагап – С.О.) хотун эди. Рофизия (шиа – С.О.) ҳам экандур. Шоҳғариб Мирзо била Музаффар Мирзо мундин туғуб эди” (231-бет).
Муаллиф Ҳусайн Бойқаро вафотидан кейинги ҳолатни бундай тасвирлайди: “Султон Ҳусайн Мирзо оламдин нақл қилғонда, мирзолардин Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзо эдилар. Чун суюклук ўғул Музаффар Ҳусайн Мирзо эди ва Муҳаммад Бурундуқ барлос соҳибихтиёр бек эди, онаси Хадичабегим эди, Мирзонинг эътиборлиқ хотуни эди. Мирзонинг эли ҳам Музаффар Мирзоға ружуъи хейли бор эди. Бу жиҳатлардин Бадиуззамон Мирзо тараддуд қилиб келмас хаёлда эди. Музаффар Мирзо ва Муҳаммадбек ўзлари отланиб бориб, тараддудни Мирзонинг кўнглидин рафъ қилиб, Бадиуззамон Мирзони келтурдилар. Султон Ҳусайн Мирзони Ҳириға келтуруб, подшоҳона расм ва ойин била бардошт қилиб (кўтариб – С.О.), мадрасасида дафн қилдилар” (245-246-бетлар).
Аҳвол таҳликали эди. Шайбонийхон лашкарлари бирин-кетин темурийлар қўл остидаги ҳудудларни босиб олаётган эди. Шу вазиятда Султон Ҳусайннинг ўғиллари Бобурни Ҳиротга чақириб, шу ерда қишлашни таклиф қилишади. Бу ёғини Бобурнинг ўзидан эшитсак: “Мирзоларға узр айттук. Қабул қилмадилар, кўпрак таклиф қилдилар. Ҳар неча узр дедук, таклифни бажидроқ қилдилар. Охир Бадиуззамон Мирзо ва Абулмуҳсин Мирзо ва Музаффар Мирзо отланиб, менинг уюмга келиб, қиш турмоқ таклифини қилдилар. Мирзолар юзига “Йўқ”, деёлмадук, мундоқ подшоҳлар ўзлари келиб, турмоқ таклифини қилдилар. Яна Ҳириниким, рубъи маскунда андоқ шаҳр йўқтур ва Султон Ҳусайн Мирзонинг замонида Мирзонинг тасарруфидин ва такаллуфидин Ҳирининг зебу зийнати бирга ўн, балки йигирма тараққий қилиб эрди, кўрмак орзуси хейли бор эди. Бу жиҳатдин турмоқни қабул қилдук” (251-252-бетлар).
Бобур Ҳиротга борганда Султон Ҳусайннинг хотинлари ва қизлари, Бобурнинг аммалари подшоҳ дафн этилган мадрасага йиғилади: “Аввал Поянда Султонбегим (Бобурнинг аммаси – С.О.) била юкунуб кўруштум, андин сўнг Офоқбегим била юкунмай кўруштум. Андин кейин Хадичабегим била юкунуб кўруштум. Бир замон мунда ўлтуруб, ҳофизлар Қуръон ўқуғондин сўнг жанубий мадрасадаким, Хадичабегимнинг уйини тикиб эдилар, бордуқ. Хадичабегимнинг ошини торттилар” (252-бет).
Ҳақ сўз аччиқ келади
Дунё дунё бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек ҳаётга тик қараган, танқид борасида бировни ҳам, ўзини ҳам аямаган ҳукмдорни кам кўрган. Султон Ҳусайн Мирзонинг хотинлари тугул, ўзи ҳам Бобурнинг “калтаги”дан қуруқ қолмаган. Темурий ҳукмдорнинг 10 нафар хотини ва ғумаси ҳақида маълумот бериб ўтганидан кейин бундай деб ёзади: “Яна кичик-кирим ғума, ғунчачи бисёр эди. Хотунлардин ва ғумалардин мўътабар булар эди, мазкур бўлди. Султон Ҳусайн Мирзодек улуғ подшоҳ Ҳиридек ислом шаҳрининг подшоҳи бу ажабтурким, бу ўн тўрт ўғлидин учи валад уз-зино эмас эди. Фисқ-фужур ўзида, ўғлонларида ва эл-улусида асру шоеъ эди. Ушбуларнинг шоматидин (оқибати – С.О.) эдиким, мундоқ хонводадин (хонадон – С.О.) етти-секкиз йилда бир Муҳаммад Замон Мирзодин ўзга осор ва аломат қолмади” (232-бет).
Охир-оқибат Шайбонийхон Ҳиротни ҳам босиб олди. Босиб олдигина эмас, бу ерда кўп ёмонликлар қилди. Биринчи галда темурийлар вакилларини қийноққа солди. Бундан Хадичабегим ҳам қуруқ қолмади, албатта: “Шайбоқхон Ҳирини олғондин сўнг бу подшоҳларнинг зоҳ ва зоди била ёмон маош қилди, на ёлғуз бу жамъ била, бори халойиқ била. Рустойи (беақл – С.О.) ва нодида (кўрмаган – С.О.) киши беш кунлук ўтар дунё учун мундоқ ёмон от қозғонди. Шайбоқхондин ношойист ҳаракот ва афъолеким, Ҳирида содир бўлди, аввал буким, черик дунё учун Хадичабегимни Шоҳ Мансур бахши кўтаргучига туттуруб, турлук-турлук қийинлар қилдурди” (269-бет).
Мўмин Мирзо фожиаси
“Хамса” ёзилаётган маҳалда ҳали Бадиуззамоннинг ўғли Мўмин Мирзо туғилмаган эди. У бу буюк эпопея тугалланганидан бир йил ўтгач, 1486 йили дунёга келган. 11 ёшида, яъни 1497 йили Астрободда отаси ўрнида ҳоким бўлиб турганида Музаффар Мирзо Астрободни ундан тортиб олиш ниятида қўшин тортиб келади. Мўмин Мирзо ақлли, зийрак ва жасоратли эди. У шошилинч равишда жангга ҳозирланиб, шаҳар ташқарисида душманига қарши курашади. Лекин кучлар тенг эмас эди. Енгилади. Амакиси уни асир олиб, Ҳиротга жўнатади. Шаҳзода Ихтиёриддин қалъасига қамаб қўйилади.
Бадиуззамон тўнғич ўғил, демакки, тахт учун асосий даъвогар эди. Хадичабегимнинг дарди эса нима қилиб бўлса ҳам, отасидан кейин тахтга ўз ўғли – Музаффар Мирзони қўйиш эди. У вазири аъзам Низомулмулк билан келишиб, Султон Ҳусайн қаттиқ маст бўлганидан фойдаланиб, шаҳзодани қатл этиш ҳақидаги фармонга муҳр бостириб олади. Ҳукм зудлик билан ижро этилади. Бу эса Султон Ҳусайн Мирзо билан Бадиуззамон Мирзо ўртасидаги зиддиятни ҳадди аълосига етказади.
Тарих гувоҳки, айнан Мўмин Мирзонинг ўлими Хуросонда темурийлар салтанатининг таназзулига асосий сабаб бўлди. Султон Ҳусайн Мирзодек улуғ подшоҳ умрининг қолган 9 йилини мамлакатга хавф солиб турган асосий душманлари қолиб, фарзанди аржуманди Бадиуззамон билан урушлар олиб боришга сарфлади. Подшоҳ ўз ўғли билан қирпичоқ бўлиб турган мамлакатни ёв босиб олиши унчалар қийин эмас. Шундай бўлди ҳам.
Бу мудҳиш воқеадан 12 йил бурун Алишер Навоий “Хамса”сида Султон Ҳусайн Мирзо билан ўғиллари ўртасидаги муносабатларни яхшилашни орзулаб, мадҳу насиҳатлар битган эди.
Авлиё шоирнинг кўнгли истиқболдаги мудҳиш ҳодисалар шабадасини сезмаган, деб ўйлайсизми?
Хадичабегимга атаб муболағали, баландпарвоз байтлар бахшида этилишининг туб-тубида ҳам айни шу мақсад ётмаганми?
Нега айнан “Сабъаи сайёр”?
“Ҳайрат ул-аброр” – фалсафий-пандона асар. Унинг “Хамса”даги дастурий вазифаси ҳам шуни талаб этар эди. Қолган тўрт достонга ҳам муаллиф алоҳида-алоҳида юк юклаган.
Таниқли адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул ўзбек адабиётида рубоий жанрининг ўрни ва аҳамиятига бағишланган тадқиқотида қизиқ бир фикрни илгари суради. Унингча, бор-йўғи тўрт қаторгина рубоийда ҳам тезис, антитезис ва хулоса бўлади. Одатда, биринчи ва иккинчи сатрларда тезис, учинчи сатрда эса антитезис илгари сурилади. Тўртинчи мисрада, табиийки, хулоса баён этилади.
“Хамса”нинг “Ҳайрат ул-аброр”дан кейинги достонларини ҳам худди шундай талқин этиш мумкин. “Фарҳод ва Ширин” билан “Лайли ва Мажнун” – тезис. “Сабъаи сайёр” – антитезис. “Садди Искандарий” – хулоса.
Аввал бир нарсага келишиб олайлик: “Хамса” – бошдан-охир тасаввуф таълимоти тизимига бўйсундирилган, бошқача айтганда, сўфийлик ғоялари кенг ва тизимли асосда тарғиб этилган, достонлар мағзи-мағзига чуқур сингдирилган асар.
Тасаввуфда “саҳв” ва “сукр” деб аталган қарама-қарши икки йўл бор (Қаранг: Тасаввуф атамалари. Изоҳли луғат. 1-китоб. Тошкент, “Movarounnahr” нашриёти, 2015. 232-234-бетлар). Сукрада солик бир лаҳза бўлсин ҳушёрликни йўқотмайди. У ўзини ўзи тўлиқ идора қилади. Ҳаққа етиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳосиласи сифатида қандай ҳол ва мақомга эришганини ҳам сезиб-билиб туради. Бу – нақшбандиянинг йўли. “Фарҳод ва Ширин”да айнан шу йўлнинг тўғрилиги ҳаётий воқеа-ҳодисалар (сюжет) талқини орқали кўрсатилади.
Сукрда ошиқни Ҳақ ўзига тортади. Ана шу оҳанрабо таъсирида у ўзини батамом унутади. Ишқ оташида ёниб энди у қаерда юргани, нима қилаётганини ҳам билмай-сезмай қолади. Одамлар уни жиннига чиқаришлари ҳам ҳеч гап эмас. “Лайли ва Мажнун”да ишқнинг айнан ана шу йўли ҳаётий воқеа-ҳодисалар талқинида тасвирланган.
Шундай қилиб, “Хамса”даги бу икки достонда икки тезис илгари сурилди: ишқнинг саҳв йўли билан ҳам Ҳаққа етиш мумкин; сукр йўли билан мақсадга эришса бўлади. Демак, “Фарҳод ва Ширин”да ҳам, “Лайли ва Мажнун”да ҳам илоҳий ишққа етиш йўли талқин этилган. Фарҳод билан Ширин, Лайли билан Мажнун ўртасидаги муҳаббат эса мажозий. Бу икки асарда мажозий ишқ илоҳий ишқнинг воситаси, муайян бир босқичи янглиғ тасвирланган. Гарчи воқеада бу ошиқ-маъшуқлар бир-бирининг васлига етмаган бўлса ҳам, моҳиятан булар руҳан бир-бирига қовушган ошиқ-маъшуқлар сифатида талқин этилади.
Ана энди муддаога яқинлашдик: “Сабъаи сайёр” – “Хамса”даги антитезис. Бу билан улуғ шоир агар ошиқ, саҳв бўладими, сукр бўладими, илоҳий ишқ йўлини тутмаса, демак, у ишқнинг энг қуйи даражасида қолиб кетади, дейди. Тўғри, достон қаҳрамони Баҳром Дилоромни севади. Лекин арзимаган хатоси, унинг кийикни маҳорат билан отганидан кейин ҳам мақтамагани учун кайф устида унинг баҳридан ўтади. Кейин, албатта, ўзига келиб, пушаймон қилади, айрилиқ азобини чекади. Бироқ уни яна қайта топганидан сўнг ҳам айшу ишрат, шикордан воз кечмайди. Охири ўлжа кетидан қувиб, ўзи ва шериклари билан ботқоққа ботиб, ҳалок бўлади. Бу билан буюк шоир, жумладан, “Мажозий ишқ илоҳий ишққа айланмас экан, охири вой бўлади” ҳам демоқчи.
Султон Ҳусайн Мирзо вафотидан кейин темурий хонадон вакиллари давлатни сақлаб қола билмагани, қўшҳокимият жорий этилгани, оқибатда подшоҳ Шайбонийхон уларни осонликча енггани, оиланинг аксар аъзолари қириб ташлангани, ҳатто Хадичабегимдек маликанинг қийноқларга солингани ҳақида ўқиб, Навоий фожиаларни олдиндан ҳис этиб, безовта бўлгани, шоҳни ҳам, маликани ҳам бундан огоҳ этиб, чорасини кўришга ундаганига ишонасиз.
Бир олманинг икки юзи
Мана, кўриб чиқдик, икки буюк мутафаккир бир тарихий шахсга турлича таъриф берган. Бири тасвирланаётган кишини яқиндан таниган-билган. Иккинчиси уни кўрмаган, лекин у билан қариндош. Бу икки соҳибқаламнинг ижодий мақсади айри-айри. Навоий бошқа бир эзгу ният билан қалам сурган, Бобурнинг хотираларида эса тамоман ўзга мақсад мужассам. Навоий тасвирида бадиий ҳақиқат биринчи ўринда туради, Бобур тасвирида эса – тарихий ҳақиқат.
Илмимиз ва журналистикамизда Хадичабегим ҳақида оз ёзилмаган. Интернетга кириб, шу номни ёзинг, бир этак материал чиқади. Биз уларни батафсил таҳлил қилиб ўтирмадик. Чунки бу алоҳида мавзу. Аммо уларнинг ҳеч бирида Хадичабегимга Навоий ва Бобурнинг муносабати ўзаро қиёсланмаган.
Хайриятки, Навоий билан Бобур бор. Темурийлар хонадонининг қудратли маликаси ҳаётини тадқиқ этишимизда ҳам ана шу икки буюк зот битиклари асқатди...
Султонмурод ОЛИМ
“Тафаккур” журнали, 2018 йил 2-сон
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ