Яқин Шарқдаги кескинлик ўчоғи. Этник можародан ҳарбий тўқнашувгача


Сақлаш
16:06 / 11.10.2023 879 0

Фаластин замини кўплаб дин вакиллари, хусусан, яҳудийлар, мусулмонлар ва христианлар учун тарихий муқаддас ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда азалдан Салиб юришлари каби қонли тўқнашувлар юз бериб келган. ХХ асрда бу кескинлик янги даражага чиқди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Яқин Шарқда яҳудий давлати – Исроил ташкил топгач, маҳаллий араб аҳоли билан келишмовчиликлар кузатила бошлади. Ушбу қарама-қаршилик кенг кўламли урушларга сабаб бўлди. Охирги тўқнашувдан эса ўзингизнинг хабарингиз бор.

 

Фаластиннинг қадимги тарихи

Ҳозирги Ўрта ер денгизи шарқидаги қирғоқларнинг Фаластин дея аталиши қадимдан бу ерларда яшаган филистимликлар билан боғлиқ. Бу халқ Фаластиннинг энг қадимий халқларидан бири ҳисобланади. Манбаларда (жумладан, Библияда) бу ҳудуд Филистия деб ҳам аталган.

 

Фаластинда турли халқлар яшаб келади. Исроилликларнинг Фаластин ерларига даъвоси бу ерда милоддан аввалги ХИ асрда ташкил топган қадимги Исроил подшолиги мероси билан асосланади. Айнан Исроил подшолиги филистимликлар ҳукмронлигига чек қўйган. Афсонавий подшолар Саул (Талут) ва Сулаймон ҳукмдорлиги даврида ягона Исроил қироллиги бутун Финикия ва Канаан (ҳозирги Исроил, Фаластин, Иордания, қисман Сурия ва Ливан) ерларни назорат қилган. Тарихчилар ягона Исроил подшолиги мавжуд бўлгани борасида турли хил фикр билдирсада, шимолий Исроил подшолиги ҳақида ҳеч қандай шубҳага бормайди. Чунки бу подшолик ташкил топгани Библиядан ташқари Оссурия ҳукмдори Салмансар ИИИ битикларида ҳам қайд этилган.

 

Шимолий Исроил давлати ерлари ҳозирги Исроил, қисман Ливан ҳудудларига тўғри келади. Ушбу подшолик кейинчалик Оссурия подшолигига қўшиб олинган. Яҳудийларнинг иккинчи давлати – Яҳудия подшолиги эса жануброқда ташкил топган бўлиб, аввал Оссурия, сўнг Бобил томонидан забт этилган. Бобилликлар кўплаб яҳудийларни олиб кетган ва Бобил қулагач, улар шарқ томон ҳаракатланиб, турли мамлакатларга, хусусан, Марказий Осиё, Ҳиндистон, Хитойга тарқалиб кетган.

 

Қадимги Фаластин харитаси

 

Бобилдан сўнг Аҳамонийлар, ундан сўнг Александр Македонский давлати таркибига кирган собиқ Яҳудия ниҳоят Рим империясига қўшиб олинган.

 

Рим империяси даврида исроил халқи тез-тез исён кўтаради ва римликлар уларни империянинг чекка ҳудудларига кўчириш сиёсатини олиб боради. Яҳудийлар Германия, Галлия ва Пиринея яриморолига кўчирилади. Рим империясининг ушбу сиёсатидан сўнг яҳудий халқнинг Яқин Шарқдаги энтик маркази деярли йўқолган, бироқ яҳудийларнинг бир қисми Фаластинда муқим қолган.

 

638 йили Финикия, Фаластин ва Сурия Араб халифалигига қўшиб олинади ва минтақанинг мусулмон тарихи бошланади. Кейинги асрларда араб қабилаларининг Яқин Шарққа кенг миграцияси ортидан Фаластинда уларнинг сони кўпаяди. Араб халифалигидан сўнг Фаластин бир муддат Фотимийлар давлати таркибига киради. Сўнгра эса салиб юришлари бошланиб, ўлкада бир қатор насроний давлатлари ташкил топади. Салибчилар Фаластиндаги мусулмонларга ҳам, яҳудийларга ҳам шафқат қилмайди. Салибчилардан кейин бу ерда Айюбийлар, Мамлуклар ва ниҳоят Усмонийлар ҳукмронлиги қарор топади.

 

Салоҳиддин Айюбийнинг Қуддусни фатҳ қилиши

 

Яҳудийларнинг Фаластинга қайтиб келиши

 

Рим империяси даврида дунё бўйлаб тарқаб кетган яҳудийларнинг тарихий ватанларига кенг кўламда қайтиши ХВ асрдан бошланади. 1492 йили Испания қироли Фердинанд ИИ ва қиролича Изабелла яҳудийларни Испаниядан қувғин қилиш тўғрисида эдикт чиқаради. Ўн минглаб яҳудийлар Шимолий Африка, Франция ва Мамлуклар назорати остидаги Фаластинга кўчиб келади. 1882 йилда Россия империясида яҳудийлар қирғини бўлиб ўтади ва империя таркибидаги яҳудийлар Фаластинга қочиб кела бошлайди. 1882-1903 йиллар оралиғида 35 мингдан ортиқ яҳудий Фаластин кўчиб келади. Бу кўчиш тарихда Биринчи алия деб аталади. Кейинчалик яна бир нечта алия амалга оширлади.

 

Биринчи Жаҳон урушидан кейин Фаластинда яҳудийлар давлатини ташкил қилиш ҳақида музокаралар бошланади. Минтақани ўз мандатига олган Буюк Британия бу ерга Европадан яҳудийларнинг кўчиб келишига рухсат беради. Аммо бу маҳаллий араблар норозилигига сабаб бўлади ва тўқнашувлар юз беради. Шундан сўнг Британия яҳудийларнинг Фаластинга миграциясини чеклашга мажбур бўлади.

 

Биринчи алия

 

Яҳудийлар ва маҳаллий араблар ўртасида илк курашлар асосан иқтисодий сабаблар туфайли юз берганди. Фаластиндан ташқарида яшовчи бой араблар ўз ерларини кўчиб келган яҳудийларга қиммат нархларга сота бошлайди ҳамда бу ерларда узоқ йиллардан бери яшаб, ишлаб келаётган қашшоқ араб ижарачилари янги ер эгалари томонидан қувиб чиқарилади. Минглаб араб деҳқонлари (фаллоҳ) тирикчилигини ташлаб, шаҳарларга кетишга мажбур бўлади, бу эса уларнинг аҳволини оғирлаштиради. 1910–1944 йиллар оралиғида Фаластинда ер нархи 50 баробар ошиб кетади.

 

Фаластинга янги кўчиб келган яҳудийлар арзон ишчи кучи ҳам эди. Уларнинг кўпайиши камбағал араблар учун рақобат яратади ва, табиийки, даромадини камайтириб юборади. Ушбу омиллар норозилик ҳиссини кучайтириб боради. Фаластиндаги яҳудийларга қарши курашувчи махфий «Қора қўл» ташкилоти ҳам асосан камбағал араблардан ташкил топганди.

 

1929 йили ёш миллатчи ционистлар сабаб Фаластинда илк йирик тартибсизлик юз беради. Ушбу тартибсизлик давомида юзлаб яҳудий ва араб ўлдирилади. Шундан сўнг тўқнашувлар тез-тез юз бериб туради. 1936–1939 йилларда фаластинлик арабларнинг Британия ва яҳудийларга қарши қўзғалони бўлиб ўтади ва унинг оқибатда Британия яҳудийларнинг Фаластинга кўчиб келишини ва бу ердан ер сотиб олишини бутунлай тақиқлайди.

 

Британия Фаластиннинг Иордан дарёсидан шарқдаги ҳудудларида Трансиордания амирлигига асос солади.

 

Можаронинг бошланиши

 

Британиянинг тақиқига қарамай, фашистик Германия тақибидан қочган минглаб яҳудийлар Фаластинга келишни давом эттиради. Уларнинг умумий аҳолидаги улуши 30-40 фоизгача етади. Лондон минтақадаги этник зиддиятни бартараф қилишга тобора қийналиб боради. Британия таклиф қилган Фаластинни иккига бўлиш режаси (ушбу режада мамлакатнинг 80 фоизи арабларга, қолган 20 фоизи яҳудийларга берилиши назарда тутилган) араб давлатлари томонидан рад қилинади.

 

 

Британия таклиф қилган Фаластинни иккига бўлиш режаси

 

Иккинчи жаҳон урушида тугаганидан сўнг Британия Фаластин мандатидан воз кечишини эълон қилади. Янги тузилган БМТ Фаластиндаги можарони минтақани иккига (яҳудийлар ва араблар ўртасида) бўлиш орқали ҳал қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бироқ араб давлатлари: Саудия Арабистони, Сурия, Яман, Миср бу қарорни яна рад қилади.

 

1948 йилнинг 16 май куни Буюк Британиянинг Фаластин устидан мандати расман тугайди. Бундан бир кун олдин, 15 май куни таниқли ционист Давид Бен Гурион Фаластинда мустақил Исроил давлати ташкил топганини эълон қилади. Бунга жавобан Миср, Сурия, Ливан, Трансиордания, Ироқ, Саудия Арабистони ва Яман ўз қўшинларини янги тузилган Исроил давлатига қарши юборади. Шу билан биринчи араб-исроил уруши бошланади.

 

БМТ таклиф қилган Фаластинни иккига бўлиш режаси

 

Араб давлатлари қўшинлари ёмон мувофиқлаштирилган, ягона ҳаракатлар режасига эга эмасди. Фақатгина Миср ва Трансиордания кучлари нисбатан муваффақиятли ҳаракат қилади. Чунончи, Миср армияси Тел-Авивга 32 километр масофагача яқинлашади. Трансиорданиянинг Араб легиони эса Иордан дарёсининг Ғарий соҳили ва Қуддуснинг шарқий қисмини эгаллайди. Сурия, Ироқ ва Ливан қўшинлари шимолдан ҳужумга ўтади ва Исроил армиясини қийин аҳволга солиб қўяди. Исроил давлати мавжудлиги хавф остида қолгач, Ғарб давлатлари унга ёрдам беришга қарор қилади. Социалистик Чехословакия СССР рухсати билан Исроилга собиқ фашистик Германиядан тортиб олинган қуролларни етказиб беради. АҚШ ҳам Чехословакия орқали Исроилга самолётлар юборади.

 

СССР ва Европа давлатлари Иккинчи жаҳон урушида қатнашган яҳудий аскарларга Исроилга кетишга рухсат беради. Кучли қуроллар ва тажрибали аскарларнинг келиши урушдаги кучлар мувозанатини жиддий ўзгартиради. Исроил қарши ҳужумга ўтиб, БМТ режаси бўйича Фаластин учун ажратилган ерларни ҳам эгаллаб олади.

 

1949 йили араб давлатлари бирин-кетин Исроил билан тинчлик шартномаларини тузади. Ғазо сектори Миср, Шарқий Қуддус ва Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи эса Иордания ихтиёрида қолади. Араб давлатлари бу урушда мустақил Фаластин давлатини қуриш учун эмас, унинг ҳудудларни ўз таркибига қўшиб олиш учун курашганди.

 

Биринчи араб-исроил уруши

 

Исроил 1956 йили Франция ва Буюк Британия билан биргаликда Мисрга ҳужум қилади ҳамда Ғазо сектори ва Синай яриморолини босиб олади.

 

Кейинги йилларда СССР араб давлатларига Исроил билан курашда ёрдам бера бошлайди. Бироқ Исроил 1967 йили олти кунлик уруш бошлаб, шарқий Қуддус, Голан тепалиги ва Ғарбий соҳилни куч билан эгаллаб олади. Олти кунлик урушдан сўнг дунё ҳамжамиятининг Исроилга муносабати ўзгаради ва у босқинчи давлат сифатида кўрила бошлайди.

 

1973 йили Совет иттифоқидан катта ҳарбий ва маънавий ёрдам олган Миср ва Сурия Исроилга ҳужум қилади ҳамда бир қадар муваффақиятга эришади. Аммо Исроил тез фурсатда вазиятни ўнглайди ва қарши ҳужумга ўтади. Исроил нафақат Миср ва Сурия қўшинлари ҳужумини қайтаради, балки уларнинг ҳудудига бостириб ҳам киради. АҚШ ва СССРнинг ўзаро ультиматумлари фонида Исроил юришларни тўхтатади ва тинчлик шартномалари имзоланади.

 

Ушбу урушдан сўнг араб давлатлари келажакда Исроил билан қандай муносабатда бўлиш борасида баҳсларга киришади. Миср ва Иордания Исроил билан алоқаларни нормаллаштиради. Сурия ва Ироқ эса Исроилни тан олмаслик сиёсатини давом эттиради. Тинчлик шартномаларидан сўнг Исроил Синай яриморолини Мисрга қайтариб беради.

Чехословакия Исроилга етказиб берган Мессерсчмитт Бф 109 самолётлари

 

Ём Куппур (Қиёмат куни, 1973 йилги уруш шундай номланган) урушидан сўнг араб давлатлари Исроил билан бошқа кенг кўламли урушга кирмади. Лекин икки томонлама урушлар (Исроил-Ливан, Исроил-Ироқ) юз бериб турди.

 

2002 йили Араб давлатлари лигаси (АДЛ) Фаластин бўйича Саудия тинчлик дастурини қабул қилди. Унга кўра, Исроил 1967 йилги олти кунлик уруш пайтида босиб олган ҳудудларни қайтариб бериши, Ғарбий соҳил ва Ғазо секторини ўз ичига олган, пойтахти Шарқий Қуддусда жойлашган Фаластин давлатини тан олиши ва фаластинлик қочоқлар муаммосини адолатли ҳал қилиши керак эди. Араб Лигасига аъзо давлатлар Исроил ушбу талабларни бажарган тақдирда араб-исроил можаросини тугаган деб ҳисоблаш, Исроилни тан олиш, у билан тинчлик ўрнатиш ва дипломатик муносабатларни йўлга қўйиш мажбуриятини олди. Исроил ҳозирга қадар бу таклифга расмий жавоб бергани йўқ.

Биринчи араб-исроил уруши

 

Ҳозирда Яқин Шарқда аҳвол қандай?

 

ХХI асрга келиб, Яқин Шарқдаги кескинлик саҳнаси ўзгарди. Можарога янги ўйинчи – Эрон қўшилди. ХХ асрдаги араб-исроил зиддиятида Фаластинни асосан араб давлатлари қўллаган бўлса, эндиликда минтақадаги асосий қуролли тузилмалар Эронга суянади. Ливандаги Ҳизбуллоҳ, Ғазо секторидаги ҲАМАС ташкилотлари бевосита ёки билвосита Теҳрон билан боғланган. Оятуллоҳ режими бу тузилмаларни қурол-яроғ билан таъминлайди.

 

Бугунги кунда Эрон Исроилнинг асосий душманига айланган. Ғарбий соҳилни назорат қилувчи Фаластиннинг ФАТҲ партияси 1994-1995 йилларда Исроил билан тинчлик музокаралари олиб борди ва сулҳга эришди. Унга кўра, Исроил Фаластин озодлик ташкилотини (ФОТ) Фаластиннинг қонуний вакили деб тан олди, Ёсир Арофат бошчилигидаги ФОТ эса Исроилни тан олди. Икки томон тинчлик музокараларини давом эттиришга, зўравонлик ҳолатларига йўл қўймасликка ваъда берди. Бироқ ҳар икки тараф бу ваъдаларни бажармади.

 

1967 йилги урушда Исроил босиб олган ҳудудлар

 

Ғарбий соҳил билан нисбатан келишиб олган Исроил ҲАМАС ва бошқа қуролли гуруҳлар жойлашиб олган Ғазо секторига асосий эътиборини қаратди. 2008 йилдан бошлаб Исроил армияси (САХАЛ) Ғазода мунтазам операциялар ўтказади. Ўз навбатида ҲАМАС ва бошқа тузилмалар бунга жавобан Исроилга ҳаво ҳужумлари уюштиради. Аммо бу ҳужумлар араб давлатлари томонидан қўллаб-қувватланмайди.

 

2023 йил 6-октабрда Ғазо секторида вазият яна жиддийлашди. ҲАМАС илк бор яхши режалаштирилган ҳужумни амалга оширди. Исроил шаҳарларига юзлаб ракеталар отилди. ҲАМАС жангчилари Исроил шаҳарларида пайдо бўлди. Ҳар икки томон тинч аҳолини нишонга олди. САХАЛ захирадаги кучларни сафарбар этган ҳолда Ғазони бомбардимон қилишни бошлади.

 

Исроил-Фаластин можароси табиати олдингидан анча ўзгарган, ҳозирда бой араб давлатлари бу низо давом этишини истамайди. Улар Исроил билан алоқаларни нормаллаштиришдан манфаадор. Жумладан, Саудия Арабистон ҳам Исроил билан дипломатик алоқаларни ўрнатиш ниятида (баъзи экспертлар ҲАМАС айнан мана шу келишувга йўл қўймаслик учун ҳам ҳужум бошлаганини айтмоқда). Яқин Шарқдаги фаол ҳарбий ҳаракатлар кўп жиҳатдан Эронга боғланган. Туркия ва Саудия Ҳизбуллоҳ ва ҲАМАС кучайиб кетиши, улар орқали минтақада Эроннинг таъсири ошишидан хавотирда. Шу сабаб ҳам улар бу ташкилотларга ёрдам бермайди. Қолаверса, ушбу тузилмалар кўплаб давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

 

Исроил ҳарбийлар Фаластиннинг араблар яшовчи қисмида тез-тез рейдлар уюштириб туради

 

Аммо Исроилнинг Ғарбий соҳил ҳудудида янги уйлар қуриши ва бу ерга ўз фуқароларини кўчиришга уриниши дунё ҳамжамиятида ва араб давлатларида норозилик уйғотмоқда. Араб таҳлилчилари Тел-Авив босқичма-босқич Фаластинни тугатиш ниятида эканини таъкидлаяпти. Исроилда ультра-ўнг сиёсат тарафдорлари таъсири ортиб бориши вазиятни жиддийлаштирмоқда.

 

 

Аксарият экспертлар Исроил ушбу воқеалардан сўнг ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш учун Ғазо секторини тўлиқ қўшиб олиши мумкинлигини айтяпти. Бу юз берган тақдирда ҳудудда яшовчи 2 миллиондан ортиқ инсоннинг катта қисми қочқинга айланиши, қолган аҳоли дискирминацияга учраши мумкин. Бу эса Яқин Шарқда яна бир йирик гуманитар инқирозни келтириб чиқаради. Ва албатта эски можарони яна узайтиради.

 

 

                                                                                                                                                                                                                                                 Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//