Адабиёт
XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб, Россия империяси ҳудудини янада кенгайтириш, текин хомашё базасига ва арзон ишчи кучига эга бўлиш мақсадида Туркистон заминига кўз тикди. Қўқон хонлиги унинг биринчи нишонига айланди. 1865 йилда босқинчилик юришларини бошлаган Россия империяси хонликнинг катта ҳудудини эгаллаб, 1867 йили Туркистон генерал-губернаторлигини тузди. Туркистонда мустаҳкамланиб олган империя 1868 йили Бухоро амирлигига босқинчилик юришларини бошлади. Амирликни ярим мустамлакага айлантириб, Хўжанд, Жиззах, Самарқанд каби ҳудудларини губернаторлик таркибига қўшиб олди. 1873 йилда эса Хива хонлигига юриш қилиб, уни ўзига қарам қилди.
Мустамлакачи ҳукумат Турон халқларини иқтисодий қарам қилиш билан чекланмади. Унинг тили, дини ва тарихини унуттиришга киришди. Бу ҳолат йилдан-йилга зўрайиб борди, натижада 1890 йиллардан бошлаб, сабр-косаси тўлган халқ қўлига қурол олиб, мустамлакачиларга қарши курашга отланди. Шундай қўзғолонлардан бири 1898 йили Андижонда бўлиб ўтган Дукчи эшон қўзғолони эди. Қўзғолон раҳбари Дукчи Эшон Россия империяси ҳукумати томонидан олиб борилаётган мустамлакачилик сиёсатини, миллий зулм ва ислом динини йўқотиш учун қилинаётган ҳаракатларнинг жонли гувоҳи бўлди. У оғир сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароит орқасида бир парча еридан ҳам маҳрум этилган деҳқонлар, шаҳар камбағаллари учун умид ва ишонч рамзига айланди ва халқнинг озодлик курашига бош-қош бўлишни ўз зиммасига олди. Дукчи Эшон она юртнинг мустақиллиги ва озодлигини тиклашни муқаддас бурч деб билди. Аммо, афсуски, 1898 йил 17 майда бошланган қўзғолон 19 майдаёқ бостирилди. Қўзғолон қатнашчиларидан 777 киши қамоққа олиниб, тергов қилинди. Уларнинг кўпчилиги аёвсиз калтаклар ва қийноқларга чидолмасдан қамоқхоналарда ўлди. Терговдан кейин суд қилинган 415 қўзғолончиларнинг 32 нафари оқланди, 380 та исёнкор ўлим жазосига ҳукм этилди. Бир киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, уч киши жамлоқларга юборилди. Аммо кейинчалик императорнинг “марҳамати” билан ўлимга маҳкум этилган 380 маҳкумнинг фақат 18 нафари осиб ўлдирилди. Қолган 362 кишидаги ўлим ҳукми турли жазолар билан алмаштирилди:
3 нафари умрбод сургунга, 147 нафари 20 йилга, 41 нафари 15 йилга, 1 киши 13 йилга, 1 киши 8 йилга, 47 киши 7 йилга, 4 киши 4 йилга, 15 киши Сибирга сургун қилишга ва 3 нафар ёш бола эса тарбиявий қамоққа ҳукм этилди. Шундай қилиб, ўз озодлиги учун қўлига қурол олган мардлар империянинг қатағон қурбонига айланишди.
Биринчи жаҳон уруши даврида Россия императори Николай II нинг “Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги қўшин ҳудудида ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бошқа ҳар қандай ишларга жалб этиш тўғрисида»ги фармонига (1916 йил 25 июнь) асосан Туркистоннинг 19 ёшдан 40 ёшгача бўлган йигитларининг мардикорликка олиниши ортида Андижон, Самарқанд ва Жиззахда яна бир йирик озодлик ҳаракатлари бошланди. Бу қўзғолон Россия империяси ўрнатган мустамлакачиликка қарши миллий-озодлик ҳаракатининг энг юқори нуқтаси бўлди. Айниқса, Жиззахдаги ҳаракатлар Россия империяси ҳукуматини қаттиқ ташвишга солди ва қудратли армия қўзғолонни бостиришга жалб қилинди. Қўзғолончилар шафқатсиз жазога тортилди. Жиззах аҳолисининг бутун мол-мулки, чорва моллари, уйидаги дон-дунигача олиб қўйилди, оилалар очликдан ўлишга маҳкум бўлди. Генерал-губернатор буйруғи билан Жиззах уезди аҳолисининг бутун ерлари мусодара қилиниб, минглаб одамлар Сибирга сургун қилинди ёки қамоққа ташланди.
Бу каби оммавий қирғинлар, жазолашлар ўзбек халқининг эрк ва озодликка бўлган интилишини йўқотолмади. Ҳуррият учун курашиш, бирлашиш туронликларнинг шиорига айланди. 1917 йил ноябрда тузилиб, 1918 йил февралдаёқ 72 кунлик фаолиятига чек қўйилган миллий давлатчилигимиз ҳисобланмиш Туркистон Мухториятининг тугатилиши Фарғона водийсида йирик қуролли ҳаракатларнинг бошланишига сабаб бўлди. Бу ҳаракатлар раҳбарлари бирин-кетин жисмонан йўқ қилиб юборилсада, халқнинг озодликка бўлган ишончи сўнмади ва 1935-йилга қадар мустамлакачиларга қарши ҳаракатлар давом этди. Россия империяси бутун Туркистон ҳудудини пахта етиштиришга ихтисослаштириш ва бу соҳадан катта фойда кўриш мақсадида аҳолининг қўлидан ерларини тортиб олишни бошлади. Йирик ва ўрта мулкдорлар ўзларига тегишли бўлган ерларидан маҳрум қилинди. Ҳукумат сиёсатига қарши чиққанлар ўлимга ёки узоқ йиллар қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 1930 йил 30 январда ВКП(б) Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси “Ялпи жамоалаштириш туманларида қулоқ хўжаликларини тугатиш тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши мустамлакачи тузумга қарши озодлик ҳаракатларини янада кучайтириб юборди. Бу қарорда шундай кўрсатмалар бор эди:
а) аксилинқилобий жамоа, террорчилик ҳаракатлари ва советларга қарши исёнларнинг иштирокчилари ҳибсга олинсинлар ва жиноятлари учун суд қилинсинлар;
б) жамоалаштиришга қарши фаол курашган йирик қулоқлар ва собиқ ярим помешчиклар ялпи жамоалаштириш туманларидан мамлакатнинг шимолий туманларига ва олис туманларига бадарға қилинсинлар;
в) қулоқларнинг қолган қисми жамоа хўжаликлари ерларидан ташқаридаги янги ўзлаштирилган ерларга кўчирилсинлар”.
Мазкур қарор бўйича қулоқ сифатида ҳибсга олинадиган ва бадарға қилинадиган кишилар миқдори мамлакат умумий деҳқон хўжаликларининг 3-4 фоизидан ошмаслиги кўрсатилган бўлиб, Ўзбекистон ССРда бу топшириқ ортиғи билан бажарилган. 1930 йилда Ўзбекистонда 750 минг деҳқон хўжалиги бўлган. Шу хўжаликлардан 40 минги (қарийб 6 фоизи) қулоқ сифатида ҳибсга олиниб, суд қилинган ёки Украина ва Шимолий Кавказга, Ўрта Осиёнинг янги ўзлаштирилаётган чўл туманларига бадарға қилинган. Агар ўзига тўқ ўзбек оилалари кўп сонли, ҳар бири камида 8-9 жондан иборат бўлганини эътиборга олсак, 1930-1932 йиллардаги қулоқлаштириш даврида республикамизнинг 350-400 минг аҳолиси жабр кўргани ойдинлашади.
Ўзбекистонда қулоқлаштириш, асосан, ўзига тўқ, ўртаҳол деҳқонларга қарши эълон қилинган уруш эди, деб айтиш мумкин. Диндорлиги учун, маъмурият фаолиятидан норози бўлганлиги учун қулоқ қилишар ёки шахсий ўч олишарди. Қулоқлаштиришда террор усулидан ҳам фойдаланилгани сабабли одамлар ёппасига колхозларга кира бошлаганлар. Айнан шу йилларда республикада масжидларни оммавий бузиш, диндорларни таъқиб қилиш ҳам бошланган. Халққа нисбатан қилинган бу зўравонликлар, табиийки, кучли норозиликларни юзага келтирган ва аслида миллий озодлик ҳаракати бўлган, аммо руслар томонидан халққа “босмачилик” дея сингдирилган исёнлар жонланган. Бу кураш 1930 йилларнинг охирларига қадар давом этиб, фожиали тарзда – мустақиллик учун курашган минглаб ватандошларимизнинг қирғин қилиниши билан якун топди. Мустамлакачи ҳукумат амалга оширган қатағонларнинг энг даҳшатлиси 1937-1939-йилларда амалга оширилган “Катта қирғин” эди. Бу қонли давр қирғинларидан нафақат қўлига қурол олишга қодир бўлган йигитлар, балки миллат ойдинлари бўлмиш жадидлар, мулкдорлар, бойлар, диний уламолар ва тинч аҳоли (кексалар, аёллар, болалар) ҳам омон қолмади.
“Труд” газетасининг 1992 йил 4 июнь сонида “Топшириқ бўйича отув ёки большевиклар бу ишни қандай амалга оширишган?” сарлавҳали катта мақола чоп қилинган. Асосан архив ҳужжатларидан иборат бўлган бу материалда собиқ иттифоқда 1937–1938 йиллардаги сталинча қатағон қандай бошлангани баён этилган бўлиб, унда Марказий Қўмита раиси Сталиннинг 1937 йил 3 июлда СССР Ички ишлар вазири Ежовга, вилоятқўм, ўлкақўм, Миллий Компартиялар Марказий Комитетлари котибларига юборган телеграммаси матни тўлиқ келтирилган:
“Шу нарса аниқландики, ўз вақтида турли вилоятлардан шимолий ва Сибир туманларига сургун қилинган, кейин сургун вақти тугагач, ўз вилоятларига қайтган собиқ қулоқлар ва жиноятчиларнинг катта қисми колхоз ва совхозларда, транспортда ва саноатнинг айрим соҳаларида советларга қарши турли хил ҳаракатлар ва қўпорувчилик ишларининг ташаббускори бўлмоқдалар. ВКП(б) Марказий Қўмитаси барча вилоят ва ўлка ташкилотлари котибларига, НКВДнинг вилоят, ўлка ва республика вакилларига ватанига қайтган барча қулоқларни ва жиноятчиларни рўйхатга олишни, уларнинг энг душманлик кайфиятида бўлганларини дарҳол ҳибсга олиб, ишини маъмурий тартибда учлик (тройка)да кўриб чиқиб, отиб ташлашни тавсия этади, қолган кам фаолроқ, лекин душман унсурлар қайта рўйхатдан ўтказилиб, НКВД кўрсатган туманларга сургун қилинсинлар.
ВКП(б) МК беш кунлик муддатда Марказий Қўмитага учликлар таркибини, шунингдек, отилиши ҳамда сургун қилиниши лозим бўлган кишилар рўйхатини тақдим этишни таклиф қилади.
МК котиби СТАЛИН”.
Шундан кейин барча ҳудудларда вилоят ва ўлка партия қўмитаси биринчи котиби, прокурор ва НКВД бўлими бошлиғидан иборат учликлар тузилган. СССР ички ишлар вазири Ежов махфий равишда ҳар бир республика, йирик шаҳарлар ва вилоятларда одамларни ҳибсга олиб, отиш ва сургун қилиш бўйича режа (разнарядка) белгилаган. Унга кўра, Ўзбекистондан 4750 нафар киши отилиши ва сургун қилиниши керак эди. Шу тариқа 1937–1939-йилларда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги “учлик”лари томонидан 41 минг нафардан ортиқ киши қамалган. Уларнинг 37 минг нафардан ортиғи судланган бўлса 6 920 киши отиб ташланган. Отилганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Улар буларнинг барчасини шошилинч ва махфий тарзда бажаришга ҳаракат қилишган. Биргина Абдурауф Фитратга тегишли тергов ҳужжатларидан унинг отувга ҳукм қилингани яширилганини кўришимиз мумкин. Абдурауф Фитратнинг турмуш ўртоғи Ҳикматой Фитратова 1956 йилда эрининг тақдири ҳақида сўраб, СССР Олий судига мурожаат қилади. СССР Олий судининг ҳарбий коллегияси ўзининг 1957 йил 1 августдаги мажлисида Фитрат иши юзасидан СССР бош прокурори хулосасини кўриб чиқиб ажрим чиқаради. Ажримда Фитратнинг “ҳеч қандай жиноят қилмаган”и “аниқланиб”, унга нисбатан чиқарилган 1938 йил 5 октябрдаги ҳукм “бекор қилинган” ва “иш тўхтатилган”. Ҳужжатларни кўздан кечирганда, Абдурауф Фитрат иши бўйича СССР Олий суди ҳарбий коллегияси раисининг ўринбосари имзоси билан 2 нусха тайёрланиб, бири милиция бошқармасига, иккинчиси 1-махсус бўлим бошлиғига юборилган “махфий” хатда шундай қайдга дуч келамиз:
“Маълум қиламанки, 1886 йилда туғилган Абдурауф Фитрат СССР Олий суди ҳарбий коллегияси томонидан 1938 йил 15 октябрда судланган ва жазони ўташ пайтида 1944 йил 3-ноябрда юрак етишмовчилиги касалидан вафот этган”. Бундан отиб ўлдиришларнинг жуда катта қисми аслида 1937 йилнинг кузидан 1938 йилнинг кузигача тўғри келгани, буни яшириш учун мазкур даврда қатл қилинганлар махсус махфий кўрсатма билан ўлим вақтлари 1945 йилгача сочиб юборилгани аниқлашади.
Совет ҳукумати Туркистонда ўз сиёсий мақсадларини амалга оширар экан, хотин-қизлар «ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш”, уларни “замонавийлаштириш”, жамиятда “эркаклар билан тенг фаолият юритишини таъминлаш” (кейинчалик улар меҳнатидан кенг фойдаланиш) масаласига жиддий эътибор қаратди. Миллатнинг энг фаол аёлларини аниқлаб олган мустамлакачи ҳукумат 1930 йиллардан бошлаб, уларни жисмонан йўқ қилишга киришди. Айниқса, бу ҳолат 1937-1938-йилларда авж олдирилди. Хорижда таҳсил олиб келган Хайринисо Мажидова, Матлуба Муҳаммедова, Марям Султонмуродова кабилар аксилинқилобчи ва миллатчи, чет эл жосуслари сифатида қамоққа олинди. Уларнинг ҳам кўпчилиги отиб ўлдирилди, Россиянинг узоқ ҳудудларига сургун қилинди. Шунингдек, юзлаб аёллар “халқ душмани”нинг онаси, қизи, турмуш ўртоғи, синглиси бўлгани учун азоб-уқубатларга гирифтор қилинди. Ҳолбуки, уларнинг аксари сиёсий ҳаётдан бехабар, болалар тарбияси билан шуғулланиб юрган аёллар бўлиб, айримларигина турмуш ўртоқларига маслакдош ва ёрдамчи эдилар, холос. Тарихий ҳужжатлар тадқиқ қилинаркан, “Катта қирғин” даврида Ҳадича Алиева каби юзлаб ўзбек аёллари айбсиз “айбдорлар” деб топилгани ва қийноқларга солингани ойдинлашади.
1937 йилдан бошлаб, қамоққа олинган аёллар 1939 йилнинг биринчи ярмига қадар қамоқда сақланган. Турмуш ўртоқларининг “аксилинқилобий миллатчилик фаолияти”ни НКВДдан яшириб келганликда, уларнинг “халқ душмани” сифатидаги фаолиятига шерик бўлганликда айбланганлар. Жумладан, Туркистон жадидларининг кўзга кўринган йирик вакилларидан бири, таржимон, ношир Ғози Юнус 1937 йил 6 август куни ҳибсга олинган. 1937 йил 14 сентябрь куни эса унинг хотини Ҳадича Алиева устидан ҳам жиноий қўзғатилган. НКВД Давлат Хавфсизлиги бўлими бошлиғи муовини чиқарган қарорга кўра, Ҳадича Алиева (1897 йилда туғилган) халқ душманининг хотини ва кўмакдоши сифатида жиноий жавобгарликка тортилган ва Тошкент турмасида сақланган. Унинг 14 яшар қизи Туйғун Ғозиева халқ маориф тизимидаги болалар уйига жўнатилган. 16 яшар қизи Шарофат Ғозиева эса ишга жойлаштирилган. Кейинчалик уч йил муддатга меҳнат посёлкасига сургун қилинган Ҳадича Алиеванинг жинояти исботланмаганлиги туфайли жазодан озод этилган. Ғози Юнус эса 1942 йили Вологда шаҳрида оғир хасталикдан вафот этган.
Миллатнинг энг билимли қатламининг йўқ қилиб юборилишидан қаттиқ қўрқувга, ваҳимага тушган аҳоли “тақдирига тан берган” бўлса-да, 1980-йилга келиб, навбатдаги қатағонлар тўлқини бошланди. Совет ҳукумати томонидан ўйлаб топилган “ўзбек иши”, “пахта иши” туфайли яна минглаб ватандошларимиз айбсиз айбдор бўлди ва шафқатсиз жазоланди. 1983 йилда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг ОБХСС бошлиғи А. Музаффаров бир савдо ходимидан “пора олаётган” пайтда қўлга тушиб, ҳибсга олинган. Айни шу пайтида Бухоро вилояти савдо идорасининг раҳбарларидан бири Ш. Қудратов ўзи раҳбарлик қилаётган идорадаги савдо ходимларидан пора олиши ва партия, совет ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бошлиқларига “пора бериши” ошкор бўлиб, у ҳам қамоққа олинган ва тергов бошлаб юборилган. Порахўрлик, табиийки, жамиятнинг илдизларига болта урадиган оғир жиноятлардан бири. Лекин у СССР миқёсидаги тергов идоралари шуғулланадиган жиноятлар сирасига мутлақо кирмас, бундай жиноятларни одатда республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ўзлари ҳам бемалол тергов қилишлари мумкин эди. Аммо халқни даҳшатда, қўрқувда ушлаб туришга одатланиб қолган марказга айни шу машъум воқеа Ўзбекистонда янги қатағонларни амалга ошириши учун баҳона бўлди. Марказ Музаффаров ҳамда Қудратовнинг ишини тергов қилишни СССР прокуратурасига топширди. Гдлян ва Ивановлар эса СССР прокуратураси томонидан тузилган тергов гуруҳига бошлиқ қилиб тайинланди. Уларга ҳарбий вертолётлар, техника ва қуролланган солдатлар ҳам бириктириб қўйилди. Шундан сўнг улар Ўзбекистонда мисли кўрилмаган зўравонликдан иборат ўта жирканч, мудҳиш фаолиятларини бошлаб юборишди.
Гдлян, Иванов ҳамда улар бош бўлган тергов гуруҳи аъзолари олти йил мобайнида бирор кимни ҳибсга олмоқчи бўларкан, одамларни мажбурлаб, унинг устидан сохта кўргазма ёздириб олишарди. Сўнг шу ҳужжат асосида ўша айбсиз кимса қамоққа олинар, уни ҳам яна бир бошқа кишига нисбатан ёлғон кўргазма беришга мажбурлашарди. Ўз муддаоларига эришиш учун гумонланувчиларни ваҳшиёна қийноқларга солишар, хотини, болаларини қамаш, зўрлаш йўли билан таҳдид қилишарди.
1984 йилда Ўзбекистон коммунистик партияси марказқўмининг ўн олтинчи пленумида пахта етиштириш ва давлатга топширишда кадрлар қатъиятсизлик кўрсатгани, қўшиб ёзишларга йўл қўйилгани алоҳида таъкидланди. Ваҳоланки, Ўзбекистоннинг 65 фоиз аҳолиси ўша пайтларда фақат пахта етиштириш билан шуғулланар, миллионлаб одамлар – мактаб ўқувчилари, талабалар марказнинг топшириғи билан декабрь, ҳатто январь ойларида ҳам пахта териш билан мажбурий, деярли текинга шуғулланишарди. Йиғиштирилган ҳосил эса паст нархларда марказга жўнатиларди. Марказнинг иштаҳаси очилиб, йил сайин Ўзбекистонда пахта тайёрлаш режасини ошираверган. Натижада қисқа вақт ичида режа тўрт миллион тоннадан олти миллион тоннагача кўтарилган. Пахта режасининг табиий шароитларни инобатга олмай ошириб борилиши оқибатида Ўзбекистондан марказга минглаб хатлар юборилган. Уларда пахта етиштириш учун сув етишмаслиги, Орол денгизининг қуриши, колхозчилар иқтисодий аҳволи, турмуш тарзининг ўта ачинарли ҳолати, пахта зараркунандаларига қарши ишлатиладиган гербицидлардан кўплаб пахтакорлар заҳарлангани, уларнинг катта қисми дардга чалиниб ўлиб кетгани, устига-устак пахта меҳнати учун тўланадиган ҳақ ниҳоятда камлиги асослаб берилган эди. Аммо марказ томонидан бу талабларнинг бирортасига ҳам ижобий жавоб берилмаган.
Пленумдан кейин Ўзбекистонда раҳбар бўлиб ишлаганларни тўқиб чиқарилган айблар билан қамаш оммавий тус олди. Республика Министрлар Советининг раиси Нормуҳаммад Худойбердиев, марказқўмнинг котиби, сўнг Ўзбекистон Олий Совети президиуми раиси бўлган Оқил Салимов, Министрлар Совети раисининг ўринбосари Бектош Раҳимов, соғлиқни сақлаш вазири Абдулла Худойберганов, Навоий вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Валерий Есин, Ўзбекистон пахта саноати вазири Ваҳобжон Усмонов, Бухоро вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби И. Жабборов, марказқўмнинг иккинчи котиби Тимофей Осетров, марказқўмнинг биринчи котиби Иномжон Усмонхўжаев, марказқўм котиби Эрежеб Айтмуротов, марказқўм ишлар бошқармаси бошлиғи Турсун Умаров, Қорақалпоғистон партия қўмитасининг биринчи котиби Қаллибек Камолов, Тошкент вилояти обкомининг биринчи котиби Мирзамаҳмуд Мусахонов, Самарқанд вилояти обкомининг биринчи котиби Назир Ражабов, Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари Қаҳрамон Тоштемиров, Петр Бегелман, Ёқуб Муҳаммаджонов ва бошқалар ҳибсга олинганлар ва йиллар давомида тергов қилиш учун қамоқда сақланганлар.
Кейинчалик қизил салтанатнинг олий мартабали раҳбарларидан бири, академик А.И. Яковлев большевизмнинг инсоният олдидаги жиноятларини умумлаштирар экан: “...мислсиз сохталаштиришлар, ёлғон айбловлар, суддан ташқарида қабул қилинган ҳукмлар учун, суд ва терговсиз отиб юборишлар, таъқиб, қийноқлар, концлагерлар, жумладан гаровга олинган болалар, тинч аҳолига қарши заҳарловчи газлар қўллагани учун, ленинча-сталинча қатағонда 20 миллиондан кўп киши ҳалок бўлгани учун большевизм жавобгарликдан қутила олмайди”, деб тан олган.
Шу тарзда ўзбек халқининг миллий озодлик курашчилари, жадидлар, мулкдорлар, савдогарлар, диний уламолар, шоирлар, ёзувчилар, миллий раҳбар кадрлар 1898, 1916, 1929 – 1931, 1937 – 1939, 1950, 1983 – 1985-йилларда, жами олти марта оммавий қирғинга учради. Ўз Ватани озодлиги йўлида шаҳид бўлди. Бугунги кунда Россия империяси амалга оширган қатағонлар даврий жиҳатдан турли босқичларга бўлиб ўрганилаётгани давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам эътироф этилди ва жадидлар тарихини ўрганаётган тадқиқотчиларга мақсадли грантлар ажратиш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар олиш, матбуот ва интернет нашрларда материаллар чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди ҳамда бир қатор фикрлар илгари сурилди: “Музейлар қилдик, китоблар чиқяпти, кўпчилиги оқланяпти. Лекин шу билан унутилиши керак эмас. Менинг назаримда, қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган маҳаллада, ўша ердаги мактабда уларнинг номларини ёзиб қўйсак, ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўларди. Қолаверса, мана шундай байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш керак. Нега уруш қатнашчиларини уйига борамиз-у, қатағон қурбонларини эсламаймиз?! Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти – қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, ташвиқот қилиб, ёшларимизга етказишимиз керак”.
Ҳукуматимиз томонидан олимларга, айниқса, тарихчиларга берилаётган эътибор туфайли Тарих институтида “Jadidlar.uz” электрон платформаси яратилди. 168 та жадиднинг таржимаи ҳоли тикланди. Уларнинг илмий мероси яхлит электрон базада жойлаштирилди. Аммо бу тадқиқотлар ҳали бошланиш бўлиб, қилиниши керак бўлган ишлар, юрт озодлиги йўлида қурбон бўлганлар олдидаги қарзимиз, вазифаларимиз билан ўлчаганда денгиздан томчи десак ҳам бўлади.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
Тарих институти директорининг
илмий ишлар бўйича ўринбосари
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ