Адабиёт
Шеримбетқози Давлатмурод ўғли 1872 йил ҳозирги Қорақалпоғистон Республикасининг Қипчоқ тумани, Утеген қишлоғи, 3-овулда дунёга келган. Ўзбек хўжаларидан бўлган Давлатмурод ва Ханифахон оиласида туғилган Оқмуҳаммад, Боймуҳаммад, Эрмуҳаммад, Нурмуҳаммадлар орасида учинчи бўлиб туғилган Шермуҳаммад уларнинг энг иқтидорлиси эди. Шермуҳаммад аввал қишлоқ мактабида ўқийди. Сўнг Хива шаҳрига пиёда йўл олиб, Хон мадрасасида таҳсил олади. Талабалик йилларидаёқ нафақат юксак салоҳияти, илму закоси билан, балки ҳалоллиги, тўғрисўзлиги ва одиллиги билан ҳам мударрисларининг назарига тушади. Мадрасани битириши билан Вазир шаҳри қозихонасида иш бошлаб, кейинроқ хон томонидан Хитой элига қозиликка тайинланади. Шеримбет қози бу унвонни Муҳаммад Раҳимхоннинг махсус фармони билан олган бўлса, Асфандиёрхон замонида хонликнинг машҳур қозиларидан бирига айланади. Камтарлик ва халқпарварлик сабаб танилган Шеримбетқози айни дамда илмли уламо, одил қози сифатида туркман овулларида ҳам ном қозонади. Хоразм Халқ Жумҳурият даврида ҳам у обрў-эътибори сабаб қозилик лавозимида қолди.
1921 йил Хоразм Жумҳурияти Адлия нозири берган Мандат:
Ушбу мандат берилди Хоразм Шўролар Жумҳуриятининг Адлия назоратидан фуқоҳият паноҳ домулло Шермуҳаммад Давлатмурод ўғлиға бул тўғридаким мазкурнинг илми заковати Адлия назоратидаги имтиҳон маҳалида возеҳ лойиҳ бўлғони учун Хитой балдасиға қози ва раис насаб этулди то инсоф диёнати ҳасанаға лойиқ даови минозаот қатъи сукук ва сижжилот китобати тарикот қисмати ва айтом амволи муҳофазоти ва шунларға ўхшаш амир шаъриа аҳкоми ижросиға ақдом келтуруб мусулмонларга дин доинларин таълим бериб мулло имом муаззинларни таинлаб ёш бачаларни мактабга бердуруб аҳли намозларни намоз адосиға тарғиб қилиб, шааър қилғонларға жазову шаърий таъин этуб борар, қўлдан келганича шариат аҳкомиға қиём тамом кўргизсунлар. Эмди бу мандат мазмуниға тамом огоҳ бўлғоч мазкур балда халойиқи муми олияни ўзлариға қози ва раис билиб ҳар турлук даъво ва мурофааълари бўлса они ҳузурида софлашуб не туғ никоҳлари бўлса анга айтур деб никоҳоналарин топшурсунлар ва шариат йўлида амрин амр наҳисин наҳи эътиқод этуб амал қилмоқни ўзлариға лозим бил вожиб билиб хилоф этмасунлар.
Мудолаадоғи халойиқ била навъи маош этсунким тонгла ал ҳисоб жавоб биссавоб уҳдасидин чиқолғой деб ҳижрий минг уч юз қирқ бирда муҳаррамни аввалида бу битилди.
Адлия нозири Исо маҳдум Мусо ўғли
1924 йил 4 сентябрда ХХСР Юстиция Нозирлиги “Фақиҳлар ҳайъати” раиси Бобоохун Салимовнинг “Шаҳодатнома”си билан Шеримбет қозининг ваколати яна тасдиқланди:
“Ушбу шаҳодатнома бериладур фуқаҳотпаноҳ домулло Шермуҳаммад Хитойлиға шул хусусдаким мумо олия мазкурнинг инсоф диёнати, салоҳияти ва қобилияти баъад ал имтиҳон ҳайъати фуқаҳо ҳузурида маълум ва машҳур бўлғонидин сўнг Хитой балдасиға маъал тавобиъ ва ал Ҳақ қози насаб ва таъин этилди. Токим инсоф ва диёнати ҳасанаға лойиқ ва илми ва илми бириоясиға мувофиқ дуо ву мунзаот қатъий сукук ва сижиллат китобати ва муворис ва матрукот қисмати ва мунларға ўхшаш амур шаърия аҳкоми ижросиға адолат ва ростлиғ била саъи муфур ва жиддано маҳзур кўргузсунлар. Мазкур балда халқлари ҳам даъво ва марофааъ шаъриалари бўлса онинг ҳузуриға элтуб шаъриат аҳкоми бобинда амрини амр ва наҳийсини наҳи эътиқод қилиб ҳаст мазкура тарафидан берилган дастури аъмалиға мувофиқ амал қилиб таркона ва никоҳона ва маҳроналари бўлса анга топшурсунлар ва қози машъор олиядоғи халқиға рафиқ ва шафқат ила навъи маош қилсунким тонгла явму яқум ал ҳисоб жавоб босавоб уҳдасидин чиқа олғай деб таърих ҳижрий минг уч юз доғи қирқ учда моҳи муҳаррамнинг охири, сичқон йили ушбу шаҳодатнома битилди. 1343.
Саркотиб Муҳаммад Ризо охунд
Муовун Нурмуҳаммад охунд
Раис Муҳаммад Карим Бобоохунд
1920-25 йиллар Хоразмда совет мустамлакачилигига қарши қуролли кураш қаҳрамони Жунаидхон ҳам Шеримбет қозини ўзининг ишончли қозиси деб билди. Турли шаърий ҳукмларда муаммо туғилиши билан унинг олдига ўз одамларини юбориб маслаҳат сўради. 1926 йил Шеримбет қози Давлатмурод ўғли гумон билан ҳибсга олиниб бир қанча муддат Хивада қамоқда қолади. Жуда кўпчилик эл оқсоқолларининг аралашуви билангина озодликка чиқишга муваффақ бўлади. Аммо, у ҳибсда шўроларнинг нақадар тубан сиёсатига, айниқса ҳуқуқ соҳаси инсонийлик қиёфасини бутунлай йўқотган ваҳший кимсаларнинг қўлига топширилганини кўради. Ҳар қандай инсоний туйғулардан бенасиб, кимсалар учун на Аллоҳ, на башарнинг чивинча қадр-қиммати йўқ эди. Шеримбет қози озодликка чиқди-ю, совет ташкилотларида ишлашдан воз кечди. Хатто қайтиб шаҳарни, бирор эски танишларининг ҳам юзини кўрмасликка қарор қилади. 1928 йил унинг 12 таноб ери, мол-ҳол, от уловли “Қизил шоли” колхозига мусодара этилганида ҳам ҳеч нарса демади. Аксинча, фарзандларига булар билан тенг келманг, колхозига аъзо бўлинг, яшаб қолишга интилинг дейишдан нарига ўтмади. Ўзи эса махфий ибодатга ружу қўйди, 1929 йил декабргача тақдирга тан бериб, баъзан уйида, кўпинча ўзи имом бўлган масжидда тунаб яшайверди...
ОГПУ томонидан ёлланган “Эрлепес” лақабли хуфяга тумандаги таниқли кишиларни аниқлаш ва улар ҳақида материаллар тўплаш топширилган эди. Туну кун гап қидириб маълум хабарларни жамлаган “Эрлепес” 1929 йил 21 октябрь ўзининг рўйхатини жамлаб қўшиб-чатиб гўёки 1929 йил 10-11 октябрь кунлари Шеримбетқози Давлатмуродовнинг уйида собиқ бойлар жами 11 нафар киши жамланиб маслаҳат қилгани ва совет давлатига қарши қуролли кураш бошлаш мақсадида от ва қурол қидириш учун Нуримбет Турсунбоевни туркман қишлоғига йўллагани ҳақида узундан узоқ чақув ёзди. Мазкур чақув асосида 1929 йил 14 декабрь куни Қипчоқ туман ОГПУ томонидан 3-овулда истиқомат қилувчи Шеримбетқози Давлатмуродов, Ўразимбет Муҳаммадкаримов, мулла Парахат Амонов, мулла Нуримбет Матниязов, Қурбонниёз Саидназаров, Бобониёз Ёрманов, Нуримбет Турсунбоев, Шониёзқози Матризаев, Нурмонҳожи Давлатмуродов, Таджен Сапарниёзов (боққол), Норимқари Сафоевлар, жами ўн бир кишига РСФСР ЖКнинг 58-моддаси 11-бандини қўллаб, аксилинқилобий гуруҳ тузишда айблаб қамоққа олишга қарор чиқарилади. Хоразмнинг Гурлан, Қорақалпоғистоннинг Қипчоқ туманларидан бўлган бу одамларнинг аксари эл таниган, давлатманд, илмли қози, олим зотлар эди.
1929 йил 21 декабрь куни Шеримбетқози Давлатмуродов ўз уйидан ҳибсга олинди. Тинтув вақтида унинг қозиликка тайинланганлиги ҳақидаги Хоразм Шўролар Жумҳурияти Адлия нозирлиги томонидан берилган мандат, гувоҳномалар, қозилик вақтида ёзган ҳужжатлари аксилинқилобий фаолияти учун далиллар сифатида олиб кетилди. Унинг изидан эса турмуш ўртоғи Ҳадича ая ва олти нафар фарзанди Ҳабиба, Бибисора, Сафарниёз, Полвонниёз, Оллониёз, Бибиҳожарлар қон йиғлаганича кузатиб қолдилар.
Шу куннинг ўзида илк сўроқда ўзига қўйилаётган айбловларни эшитган Шеримбетқози: “мен ҳарбий одам эмасман, шу туфайли 1924 йил январь урушларида иштирок этмаганман. Кейинги уч йилки уйимдан ҳам чиқмадим. Барча яқинларим билан ҳам орани анча аввал узганман. Шу йилларда уларни кўрганим ҳам йўқ, бу гапларнинг ҳаммаси туҳмат” дейиш билан чекланади.
1929 йил 24 декабрь куни сўроқда эса Шеримбетқози: “Анча йиллардан бери сиёсат билан қизиқмадим, деярли уйда ўтираман. 10-11 октябрь кунларига келсак, уйимга ҳеч ким келмаган. У куни ўзим ҳам масжидда бўлиб, масжидда тунаган эдим. Бу гап эса мутлоқ туҳмат” дейди.
1929 йил 29 декабрь куни асли Гурланнинг Яна ёп қишлоғидан Шониёзқози Матризаев сўроқ қилинади. Шониёзқози Матризаев 1862 йил туғилган бўлиб, Хива мадрасасида Иброҳим охунд қўлида ўқиган. Хонлик замонида Шеримбетқози хизматида 3 йил котиб бўлган, шундан кейин масжидда имом бўлиб элга илм тарқатган, диний маросимларига раҳбарлик қилган. 1920 йил шўроларнинг бир тадбирида иштироки учун уни фахрий сифатида компартияга аъзо қилишади. Аммо большевикларнинг кирдикорларини кўрган Шониёзқози қайтиб бирор тадбирида кўринмагани учун аъзоликдан озод қилинади. 1925 йилгача имомлик қилиб, сўнг шўроларнинг тазйиқи ортидан ўзининг 10 таноб ерида деҳқончилик билан машғул бўлади. 1928 йил советлар коллективлаштириш баҳонасида Шониёзқозининг 2 оти, 2 буқаси, 2 сигири, 2 бизоғи хатто 7 хонали уйини ҳам колхоз фойдасига мусодара этиб, ўзини ҳуқуқсизлар тоифасига киритишади. Шониёзқози Матризаев ўзининг Шеримбетқозини унда котиб бўлиб, ишлагани давридан билишини, аммо унинг уйидаги 11 кишилик йиғинидан хабари йўқлигини таъкидлайди. Шунингдек, Ўразимбет Муҳаммакаримовга Жунайидхон юзбоши унвонини бергани, мулла Нуримбет Матниязов, Қурбонниёз Саидназаров эски бойлардан бўлганлигини тан олади. Ўразимбет Муҳаммадкаримов Чор империяси даврида Аким нўғойнинг пахта заводида шерик бўлгани кейинроқ советлар унинг 21 таноб ери, 2 туя, 3 от, 2 буқа, 2 сигир, 6 қўй, 10 эчкиси, тегирмон ва жувозларини тортиб олганини айтади. Аммо уларнинг қандайдир аксилинқилобий ташкилот тузиши мумкинлигини рад этади.
1930 йил 8 январь куни сўнгги сўроқда ҳам Шеримбетқози Давлатмуродов ўзининг айбдор эканлигини қатъий рад этади, 10-11 октябрь кунлари уйига ҳеч ким келмаганини таъкидлайди. Даҳшатли қийноқ ва хўрлашлар остида ўтказилган сўроқларга қарамай бирор киши айбига иқрор бўлмади. Махфий йиғин бўлмаганини қайта-қайта такрорладилар. Бироқ, айблов баённомаси бутунлай тескари ҳолда 1929 йил 10-11 октябрь кунлари соат 9.00 – 10.00 ларда Шеримбетқози Давлатмуродовнинг уйида аксилинқилобий мақсадда йиғин ўтказилган ва улар совет давлатига қарши босмачи гуруҳ тузиб қуроллантирмоқчи бўлган деб ёзилди.
1930 йил 24 апрель куни Қозоғистон ССР ОГПУ қошидаги махсус “учлик” томонидан Шеримбетқози Давлатмуродов, Парахат Омонов, Ўразимбет Муҳаммадкаримов, Давлатмуродов Нурмонҳожи, Матризаев Шониёзқози, Саидназаров Қурбонниёз, Турсунбоев Нуримбет, Сафоев Норимқари, Сапарниёзов Таженларни отувга ҳукм этилган. Матниязов мулла Нуримбет ва Ёрмонов Бобониёзлар 5 йилдан концлагерга ҳукм этилади...
“Тасодиф”ни қарангки, “Эрлепес” билан бир вақтда қўшни 4-овул Эшонқалъа қишлоғида Ортиқ Холмуродов номли малъун ҳам Утеген Омонбоевникида 6 нафар эшон жамланиб, Салай эшон раҳбарлигида советларга қарши аксилинқилобий босмачилар гуруҳини тузиш режасини муҳокама этганига гувоҳ бўлгани ҳақида маҳаллий ОГПУ идорасига чақув битади. 1929 йил 4 ноябрь куни сўроқ берган Ортиқ Холмуродов бир ёлғонга қирқ ёлғон аралаштириб Солиҳ эшоннинг уйига Гурландан қочиб келиб деҳқончилик қилаётган Имомуддин охунд Салимов ҳақида сўзлайди. Нимагадир гуруҳга Ваҳм ёп қишлоғидан 1924-1927 йиллар 4-овул кенгаши раиси бўлган Собир Эрмоновни раҳбар сифатида таърифлайди. Шу асосда 1929 йил 6 декабрь куни Қипчоқ тумани, 4-овулдан Соли эшон Матризаев, Аллан эшон Юсупов, Исмат эшон Таджиев, Нуриддин эшон Ёқубов жами 10 нафар туманнинг таниқли кишиларини РСФСР ЖК 58-моддаси 11-банди билан айбдор деб топиб қамоққа олишга қарор қилинади.
Эшонқалъанинг таниқли уламоларидан Соли эшон Матризаев Хива мадрасаларида таҳсил олган ва кўп йил мударрислик билан машғул бўлиб қатор шогирдлар етиштирган эди. Шундан сўнг, эшонлик рутбасини олиб Эшонқалъага қайтади. 1906 йилда Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг фармони асосида Вазир шаҳрига қозиликка тайинланади.
Муҳаммад Раҳимхоннинг Салай эшонни Вазир қозиси этиб тайинлов қарори:
Абулмузаффар вал мансур Абулғози Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодурхон сўзимиз!
Мароҳим шоҳона ва инояти ҳисравонамиздин сарбаланд ва аржуманд қилиб домулло Солиҳ махзумнинг инсоф ва диёнати ва фуризамир меҳри танвиримизға
Равшан ва мир ҳасан бўлғони учун Вазир балдасиға маъ ал-тавобе вал Ҳақ мажид ва ан домулло Ортиқ ва домулло Муҳаммад Қурбон била бил иштирок қози қилиб нишон олийшон суюрғол қилдуқ то инсоф ва диёнати ҳусаниға мувофиқ дуови ва мунзаот қатъий сукук ва сижиллот китобати ва тарикот қисматида айтом амволи муҳофазоти ва мунларға ўхшаш амвор шариа аҳкоми ижросиға камояниғи муфур зуҳурға еткурсунлар. Эмди бу ёрлиғ олий мазмуниға огоҳ бўлинғоч мазкура балда халойиқи муми алаҳимларни ўзлариға бил иштирок қози билиб ҳар турлук даъво ва марофааълари бўлса аларнинг олдида саф бўлсунлар ва шариат бобида амирларини амр ва наҳийларини наҳий эътиқод этиб амал қилмоқни ўзларига лозим бил вожиб билиб хилоф этмоқни сиёсати подшоҳи мужуби англасунлар ва муми ал ҳаъи доғи халойиқ била навъи маош қилсунларким тонгла явм яқум ал ҳисоб жавоб босавоб аҳдасидин чиқа олғойлар деб таърих ҳижрий минг уч юз йигирма тўрт ва моҳ муҳаррам ал ҳарамнинг ўнинда мувофиқ йилқи 1324 йили бу ёрлиғ битилди.
Солиҳ маҳдум эшон кўп йиллар одил қози ва имом сифатида элнинг ардоғида бўлади. 73 ёшида ҳибсга олиниб, 1929 йил 16 декабрь куни сўроқ қилинади. У ўзининг ҳеч қачон Утеген қассобни уйига бормаганини таъкидлайди. Аксар вақтини ибодат ўтказишини айтади. Аммо терговдаги таҳқир ва қийноқлар оқибатида 29 декабрь куни соат 17.00 да жон бериб дунё азобларидан ҳам шўро жаллодларидан ҳам қутилади.
Имомуддин охунд Салимов 1887 йил Хивада Хоразм хонлигининг қозикалони Салимохунд хонадонида дунёга келган. Болалигидан иқтидори баланд бўлган Имомуддин 11 ёшидан 25 ёшигача Хиванинг машҳур мадрасалари Ясовулбоши, Нуриллобой, Хон мадрасаларида таҳсил олади. Мадраса таълимидан сўнг охунд унвонини олиб мударрислик қила бошлайди. 1916 йил Асфандиёрхонга қарши исёнда “Ёш хиваликлар” раҳбарларидан бўлган акаси Бобоохун Салимовнинг халқ томонига ўтиши оқибатида Имомуддин охунд ҳам хонликни тарк этишга мажбур бўлади. Имомуддин охунд Асфандиёрхон шаҳид этилганидан сўнггина Гурланга қайтиб келади. 1920 йил Хоразм Халқ Жумҳурияти эълон қилингач, 7-8 ой давомида Гурлан тумани марказий ижроқўми раиси бўлди. Қизил аскарларнинг ўзбошимчалигига қарши жиддий қаршилик кўрсатгани учун лавозимдан олинади. Фақат Бобоохун Салимовнинг аралашуви билан Гурлан қозилигига тайинланиб 1924 йилгача Гурланда қози бўлади. Шу йили қозиликдан кетади ва “Инқилоб қуёши” журналининг муҳаррири сифатида иш кўра бошлайди. Оиласи ва фарзандлари туфайли аксар вақтини ўзининг ерида деҳқончилик билан ўтказишга, имкон қадар шўро ҳукуматининг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилади. Бироқ 1928 йил режани бажармаган деб 1230 сўм жарима солади ва унга тегишли 55 таноб ер, 2 туя, 4 буқа, 2 от ва бошқа мол-мулклари давлат фойдасига мусодара этилади. Ўзи эса 3 ой давомида Урганчда қамоқда сақланади. Бор мулкидан мосуво бўлган Имомуддин охунд ўз қишлоғини тарк этиб, Эшонқалъага тоғаси Солиҳ эшон уйига бориб тўрт фарзанди таъминоти учун унинг ерида деҳқончилик қилиб тирикчилик қилишга киришади. Бироқ, ҳеч кимнинг кўзига кўринмасликка интилса-да, бор йўғи қозикалоннинг фарзанди бўлгани учун шўроларнинг душмани сифатида талқин этилар эди. Ҳибсга олинган Имомуддин охунд илк сўроқдаёқ ўзининг Ўтаган деган кишининг уйида бўлмагани ва унинг ўзини ҳам танимаслигини айтади.
1930 йил 24 апрель куни Қозоғистон ОГПУ ҳузуридаги учлик томонидан Имомиддин охунд тоғалари Ёқубов Нуриддин эшон, Тожиев Исмат эшон, Собир Эрмонов, Эрниёз Маткаримов, Мадамин Тўрахўжаев, Қурбонниёз Матризаев, Ўтаган Омонов, Авазнияз Ўрозбоевлар отувга, Юсуф Ўрозов 5 йил концлагерга ҳукм қилинган.
1930 йил 24 апрель кунги “учлик” қарори ижроси 1930 йил 15 май куни Тўрткўл шаҳрида ОГПУ вилоят бўлими бошлиғи Александр Максимович Белоногов, ахборот бошлиғи И.В.Калинин, ОГПУ отлиқ дивизияси командири И.А.Харченко ва Қорақалпоғистон вилоят прокурори Холиқуловлар томонидан амалга оширилди. Бир кунда Хоразм хонлигида 40 йилга яқин қози ул-қуззот бўлган уламо, мударрис, Хоразм фақиҳларининг устози Салим охуднинг мударрис ўғли Имомиддин Салимов, Исмат Тожиев (Исмат эшон), Собир Эрмонов, Утеген Омонов, Эрниёз Маткаримов, Мадаминҳожи Тўрахўжаев, Юсупов Аллаберган, Қурбонниёз Матризаев, Авазниёз Ўразимбетов, Нуриддин Ёқубовлар билан бирга Шеримбетқози Давлатмуродов, Ўразимбет Муҳаммадкаримов, Шоҳниёз Матризаев, Наримбет Сапаев, Парахат Аманов, Тажен Сапарниёзов, Саидназаров, Нурмонҳожи Давлатмуродов каби 18 нафар миллатимизнинг сара инсонлари ваҳшийларча отиб ташланди.
Баҳром ИРЗАЕВ.
Oyina.uz
Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
Бекбий
02:10 / 05.10.2023
Умуман нотўғри далилларга асосланган мақола. Фақат советни ёмонлаш билан оаора бўлинган. Жунаидхонни қахрамон қилиб кўрсатишга уруниш бўлган.
Бекбий
02:10 / 05.10.2023
Умуман нотўғри далилларга асосланган мақола. Фақат советни ёмонлаш билан оаора бўлинган. Жунаидхонни қахрамон қилиб кўрсатишга уруниш бўлган.