Беруний илмий меросидаги буюк инқилоблар


Сақлаш
21:42 / 28.09.2023 659 0

Швейцариялик шарқшунос ва тарихчи Адам Метс IХ аср охиридан ХIII аср бошларигача давом этган илмий жараёнларни ҳар томонлама таҳлил қилиб, бу ижтимоий ҳодисани “Мусулмон Ренессанси даври” деб атади [10]. Беруний ушбу Мусулмон Ренессанси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимлардан бири эди.

 

Америкалик машҳур фан тарихи мутахассиси Ж.Сартон ҳам Беруний асарларини синчковлик билан ўрганиб, олимнинг илмдаги фаолиятига юксак баҳо беради ва ХI асрни “Беруний даври” деб атайди. У: “Беруний замонасининг улуғ олими ва ҳамма даврларнинг ҳам энг улуғ сиймосидир”, деб ёзади [1: 5].

 

Ибн Сино мақбараси тепасидаги 12 устун аллома фаннинг шунча йўналишида фаолият олиб борганига ишора эканини гапиришади. Абу Райҳон Беруний илмнинг нечта соҳасида ижод қилгани тўғрисида ҳозиргача бирор аниқ ва тугал хулоса билдирилмаган. Беруний фаннинг ҳамма соҳаларида самарали ижод этди ва бой илмий мерос қолдирди. Академик И.Ю.Крачковский айтганидек, “у қизиққан соҳаларни санаб чиқишдан кўра, қизиқмаганини санаш осонроқдир”.

 

Беруний асарларига назар солсак, кўз ўнгимизда олим беназир хронолог, тарихшунос, фан тарихчиси, геологик ҳодисалар, минераллар ва жавоҳирларни ўрганувчи тадқиқотчи, файласуф, филолог, шоир, диншунос, доришунос, этнография, антропология, ботаника, астрономия, сферик астрономия, математика, география, геометрия ва тригонометрия илмларини фавқулодда ривожлантирган; геодезия илмига асос солган; физика, астрономия ва геометрияда ишлатиладиган махсус ускуналар ихтиро қилган; физик ҳодисаларга теран баҳо берган дақиқ олим қиёфасида пайдо бўлади.

 

Тадқиқотчилар фикрларига кўра, Беруний  ижодида фаннинг бешта йўналиши алоҳида ўрин тутади. Улар хронология, астрономия, математика, геодезия ва география соҳаларидир. Беруний ўз асарларига “Фиҳрист” (1035-1036) тузади ва унда 113 асарини қайд этади [1: 230–242]. Улар орасида 70 та астрономия, 20 та математика, 12 та география ва геодезияга оид асарлар номи келтирилади. Олим Фиҳристни тузгандан кейин ҳам 13 йил яшаб, яна 50 дан ортиқ асар ёзганди. Улар қаторида тарих, доришунослик ва диншуносликка оид асарлар ҳам бор эди.

 

Астрономия

 

Тадқиқотчилар Берунийни кўпроқ астроном сифатида танийдилар. Бу фан соҳаси унинг ҳар бир асарида сезилиб туради. “Осор ал-боқия”, “Ҳиндистон”, “Минералогия” ва ҳатто, “Сайдана” асарларида ҳам йил ҳисоблари ва юлдузлар илмига оид маълумотларга урғу бериб ўтади. Алломанинг 150 дан ортиқ асаридан бизгача 33 таси етиб келган. Уларнинг ярмидан кўпи астрономия ва астрологияга бағишланган, “Қонуни Масъудий” энг йириги ва мўътабаридир [5]. У ҳақли равишда ўрта асрлар мусулмон астрономиясининг энциклопедияси ҳисобланади. Беруний бу асарида Шарқ ва Ғарбда машҳур Бобил подшоҳи Бухтунассар (Набонассар, м.ав. 747–735 йиллар) замонидан милодий 1030 йилгача фанда эришилган ютуқларни таҳлил қилади.

 

Беруний олам тузилишида олам марказида Қуёш эмас, Ер туради, деган геоцентрик назария тарафдори бўлса ҳам, астрономияда у бир қанча илғор фикр-мулоҳазалар ва ғояларни илгари суради. Қуёш орбитасидаги энг баланд жой – апогейининг ҳаракатли эканлигини исботлайди ва бунинг пировард оқибати ҳақида мулоҳаза юритади. Асарида мукаммал юлдузлар жадвалини (1029 юлдуз) келтиради, сферик астрономияга тегишли жуда кўплаб масалаларнинг ечимларини беради.

 

“Қонуни Масъудий” ўзидан олдинги астрономия ва математикага оид илмларни умумлаштириб, уларга мукаммал хулоса ясагани сабабидан бўлса керак, кейинги даврларда бу асарга бирор олим шарҳ ё такмила (қўшимча) ёзгани маълум эмас.

 

“Қонуни Масъудий” астрономия тарихидаги буюк асарлардан биридир. Унда келтирилган қонунлар ва қоидалар, юлдузлар жадвали машҳур озарбойжон олими Насириддин Тусий (1201–1278) ва Мирзо Улуғбек (1394–1449) асарлари ёзилишида муҳим ўрин тутди. Тусий ва Улуғбек расадхоналарида бу асар астрономияни ўрганишда асосий дарслик вазифасини ўтаган [8].

 

Беруний Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг астрономияга оид асарига учта шарҳ ёзиши ҳам олим ижодида астрономия соҳаси асосий йўналиш эканига яна бир далилдир [7: 230].

 

Математика

 

Берунийнинг севимли фанларидан яна бири математикадир. У арифметика, алгебра, геометрия, тригонометрия ва сферик тригонометрияга оид кўплаб асарлар ёзган. Унинг биргина математикага оид  20 та асар ёзгани маълум [10: 276–281]. География, геодезия ва “Хронология”, “Ҳиндистон” асарларида ҳам математик ҳисоблар, бу соҳа олимларининг кўплаб исмлари ва математикага оид асарлари номларини келтиради. 

 

“Қонуни Масъудий”нинг математикага бағишланган ўн бир бобдан иборат учинчи мақоласида Беруний фанда биринчи бўлиб радиуси бир бўлган айланадан фойдаланади. Сон тушунчасини кенгайтиради ва текис ҳамда сферик учбурчаклар учун синуслар теоремасини исботлайди [4: 240–244]. У ўз замонаси учун жуда катта аниқлик билан бир даражали ёй синусини аниқлайди [4: 206].

 

Беруний тадқиқотида икки математик қоидани келтиради. Бири – ихтиёрий катталикдаги А сонини олтмишлик тизимда ёзиш қоидаси эди:

 

 

Иккинчиси машҳур шахмат масаласининг ечими эди:

 

 

У мазкур масалада йиғиндини топади [2: 176]. Бу ишида 16 квадратлари билан амални бажаргани Берунийнинг юксак ҳисоблаш маҳоратига эгалигидан далолат беради.

 

Геодезия

 

Абу Райҳон Беруний “Геодезия” (“Тураржойлар орасидаги масофаларни аниқлаш учун манзилларнинг чегараларини белгилаш”) асарини ёзиб, фаннинг бу соҳасига тегишли кўпгина масалаларни ҳал қилади. У ушбу асари билан геодезия илмига асос солади.

 

Олим китобида мақсадини қуйидагича баён этади: “Ердаги жойларнинг шарқ ва ғарб орасидаги узунлиги, шимолий ва жанубий қутблар орасидаги кенгликлар ва улар орасидаги масофалар ҳамда баъзиларининг азимутини бошқалари орқали аниқлаш усулини баён қилишдан иборатдир” [3: 165].

 

Асарда олам тузилиши, Ернинг геологик тарихи, илмларнинг пайдо бўлиши, қитъалар кўчиши ва бошқа илмий-фалсафий мулоҳазалар келтирилади. Ер глобусини (ер курраси шакли) қандай ясаш кераклигини тушунтиради.

 

Абу Райҳон Берунийнинг ушбу асари амалий астрономия, геодезия, география масалалари – аҳоли яшаш жойларининг географик координатлари, уларнинг азимут ва масофаларини аниқлаш, ёриткичлар баландликларига кўра эклиптиканинг осмон экваторига оғиш бурчагини ҳисоблаш ва турли тарихий даврлардаги тенгкунлик ҳолатларини аниқлашга бағишланган. Муаллиф қадимги давр ва ўрта аср Шарқ олимларининг мазкур масалаларни ҳал қилишдаги ютуқларига танқидий ёндошган ҳолда ўзи эришган натижаларни ҳам келтиради. Астрономик асбоблар ва ўзи ихтиро қилган ускуналарни ҳам тавсифлайди.

 

Олим Ҳиндистоннинг Нандна қалъасида ўлчаш ишларини олиб боради [3: 165]. Бу шаҳар ҳозирги Покистоннинг шимоли-шарқида жойлашган. У Нанднанинг географик кенгликдаги жойлашувини ўлчаб, 32° даража билан белгилайди. Бугунги тараққий этган фан текширувларида унинг ўрни 34°43' даражада экани аниқланган. Худди шу кенгликка таяниб, у Ернинг жуғрофий ўлчамларини ҳам топади ва меридианнинг бир градусга мос қисми узунлигини 53'15" (ўнлик тизимда, 887) мил деб қайд этади. В.Хинтсга кўра, бир араб мили 1995 метр деб олинса, Беруний аниқлаган ўлчам 111494 метрни ташкил этади. Бу ҳозир амалда қўлланадиган 110895 метрлик аниқ қийматдан 599 метр ортиқ бўлади.

 

Учта шаҳар орасидаги масофани аниқлаш масаласини ҳал қилишда Беруний фан тарихида илк бор чизиқли триангулятсия (учбурчак) усулини қўллаган [12: 56-57].

 

Беруний азимутни аниқлашнинг аналитик усулларини баён этган. У “Геодезия” ҳамда бошқа асарларида ҳам биринчи марта радиуси бирдан иборат айланадан фойдаланади ва баъзи ҳисоблашларида радиусни  60 бирлик қилиб олади.

 

Беруний фан тарихида биринчи марта қитъалар силжиши (дрейфи) назариясини яратади. У: “Ернинг обод қисми ҳаракатланиш ҳодисасига кўра, ҳар хил жойларга силжиб туради. Унинг қисмлари кўчганида оғирлиги ҳам бирга кўчади ва ўрни ерда ўзгариб туради. Ернинг обод қисми сув ўрни ўзгаришига қараб силжийди, чунки у сувга тобе ҳолатдадир” [3: 48]. Беруний жуғрофий кенгликларда бундай силжишлар содир бўлганда шаҳар ўрни сезиларли даражада ўзгариши, ҳатто, у ҳалокат келтирувчи жойларга етиб қолиши ва бунда яшовчиларни ҳалок қилиши мумкин деб ҳисоблайди. Шу сабабдан жуғрофий кенгликлар доимо кузатилиши ва уларни ўлчаб туриш кераклигини таъкидлайди [3: 48]. Беруний шу тариқа минг йил олдин қитъалар силжиши (дрейфи) шаҳарлар жойлашган жуғрофий кенгликнинг ўзгаришига олиб келиши ҳақида доҳиёна фикрни олға суради. Бу назария ўрта асрлар илм-фанида ҳақиқий буюк инқилоб эди.

 

Юқорида келтирилган ва бошқа шу каби маълумотларга таяниб, Берунийни замонавий геодезия фани пойдеворини қурган дейишга ҳақлимиз.

 

География

 

Беруний геодезия ва географияга оид 17 та асаридан [10: 293-294] бошқаларида ҳам мазкур соҳаларга доир илмий қарашларини баён этади. География фанининг юзага келиши ва унинг зарурлиги ҳақида илғор фикрлар билдиради. Бир илмсиз шахс билан баҳслашиш ва уни танқид қилиш жараёнида ишончли далиллар келтириб, маданий жамият географик билимларга эга бўлиши кераклигини исботлайди [3: 42]. Далилларнинг бири сифатида Х асрда яшаган сирофлик денгиз дарғаси Мофанно ҳақидаги жуда қизиқарли новеллани келтиради [3: 43].

 

Берунийнинг Шарқ географиясида тутган ўрни ва ютуқларини И.Ю. Крачковский таҳлил қилиб, чуқур ўрганган. Бироқ у: “Шарқлик географлар ҳам қадимги юнонликлар каби Ер шимолий яримшарининг фақат чораги ободдир, ундан шимол ва жанубда ҳаддан ташқари совуқ ва иссиқ туфайли маъмурлик йўқ деганлар”, деб хатога йўл қўяди [9: 244–271]. ХI аср бошларидаёқ Беруний юнонларнинг бу қарашлари нотўғри эканини исботлаганди. “Геодезия”нинг муқаддимаси ва ундан кейинроқда ҳам бунга бир неча мисол келтиради. У мантиқий йўл билан жанубий жуғрофий кенглиги 64° бўлган ерларнинг иқлим шароитига кўра “у ерда ҳаёт бўлиши мумкин”лигини исботлайди [2: 57]. Асарнинг кейинги қисмида: “Маъмур ерлар еттинчи иқлимдан кейин, ё биринчи иқлимдан олдин бирданига тугамайди. Улар аста-секин, айрим кичик жойлар бўйлаб камайиб боради”, деб таъкидлайди [3: 109]. Олим Геодезия ва Тафҳимда ўзининг машҳур денгизлар назариясини келтиради. Унда қадимги юнон олимларининг Ҳинд океани ҳар томондан қитъалар билан ўралган ёпиқ денгиз деган қарашларини рад этади ва у Атлантика океани билан туташлигини далиллар билан исботлайди. Ҳатто, Ернинг қуруқлик қисми ҳар тарафдан Баҳри муҳит (ўровчи денгиз) ёки Ўқиёнус (Океан) билан ўралганини кўрсатади [6: 35].

 

Беруний асарида геофизика масалаларига доир мулоҳазаларини ҳам келтиради. Бу соҳадаги фикрлари ҳозирги давр илми нуқтаи назаридан содда кўринса ҳам, фан тарихи учун катта аҳамиятга эгадир.

 

Беруний гипотезасига кўра, барча жисмлар Ернинг оғирлик марказига интилади. У: “Астрономия илмининг негизларидан Ер шарсимон шаклга эгалиги аниқланган. Оғирликлар ҳамма тарафдан шарсимон оламнинг марказига қараб ҳаракатланиши табиийдир. Сув сатҳи ҳам сферикдир. Фақат тўлқинларнинг миқдорича четланади, бу унинг зарралари орасида тортилишининг йўқлигидандир”, деб ёзади [3: 52]. Олим Ернинг ички қатламларида унинг сиртларидаги оғирликларни мувозанатлаш учун ҳам ҳаракатланиши зарурлигини тахмин қилади.

 

Ваниҳоят, Беруний 22 ёшларида аниқ ўлчовлар ва илмий тахминлар асосида инсоният тарихида биринчи марта диаметри етти ярим метрлик Ер глобусини ясаб, география ва астрономия илмида буюк кашфиёт содир этади. Глобусда осмон жисмлари – Қуёш, Ой, сайёралар ва юлдузлар проекциялари акс этганди.

 

Хронология

 

Абу Райҳон Беруний асарларининг деярли барчасида хронологияга мурожаат этади. У астрономия, география ва тарих фанлари билан боғлиқ ҳолда келади. Хронология алломанинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Тафҳим” ва бошқа асарларига сочилиб кетган.

 

“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Беруний қадимги даврлардан милодий ХI асргача Жанубий Европа, Яқин ва Ўрта Шарқ, Марказий Осиё ва Ҳиндистонда яшаган халқларнинг тарихи, хронологияси, этнографияси, топономикаси, тақвимлари, байрамлари ва муқаддас кунлари тўғрисидаги маълумотларни  келтирган. Олимнинг хоразм, суғд, араб ва форс тилларидан ташқари қадимги яҳудий, сурёний, юнон ва бошқа тилларни билгани уни шубҳасиз беназир хронологга айлантирган. Беруний мазкур асарининг “Кеча-кундузлардан таркиб топувчи ойлар ва йилларнинг моҳияти” деб аталган бобида қадимги халқлардан – миср, сурёний, калдоний, юнон, қибт, яҳудий, исломгача ва  мусулмон араблар, қадимги форс, ҳинд, суғд, хоразмликлардаги йил ва ой ҳисоби ҳақида бошқа манбаларда топиб бўлмайдиган қадимги ҳамда бебаҳо маълумотларни тақдим этади. У ишида Демокрит, Метон, Калипп, Досифей, Метродор, Евктемон, Евдокс каби юнон олимлари ва бошқалар маълумотларидан фойдаланади.

 

Алломанинг яна бир фундаментал “Ҳиндларнинг ақл бовар қиладиган ёки қилмайдиган таълимотларини тушунтирадиган китоб” (“Ҳиндистон”) асари ҳам хронология, тарих, тарихий география, этнографияни қамраб олган. Муаллиф бу асари ҳақида: “Менга ҳарфма-ҳарф ҳинд китоблари ўқиб берилаётганда, бу асарларнинг мазмунини англаганим сайин, илм аҳли билан бу билимларни бўлишмасликни виждоним қабул қилмади. Илм соҳасидаги хасислик гуноҳдир”, деб ёзади.

 

Беруний фойдаланган манбаларнинг катта қисми бугунгача етиб келмагани аллома  асарларининг  илмий ва тарихий қийматини янада оширади. У буюк қомусий олим эканига шубҳа йўқ. Айниқса, унинг хронология, аниқ ва табиий фанлар йўналишидаги илмий тадқиқотлари бошқалар ишидан устундир. Биз шу сабабдан олимнинг асосий илмий йўналишларини хронология, астрономия, математика, геодезия ва география фанлари деб биламиз.

 

Ботиржон АБДУЛЛАЕВ

 

 

Фойдаланилган адабиёт ва манбалар рўйхати:

 

1.           Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар, II жилд. Ҳиндистон. Таржимонлар: А.Аҳмедов ва А.Расулов. “ЎЗБЕКИСТОН”, Тошкент, 2022.

 

2.           Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар, I жилд. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. Таржимонлар: А.Расулов ва А.Аҳмедов. “ЎЗБЕКИСТОН”, Тошкент, 2022.

 

3.           Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар, III жилд. Геодезия. Таржимонлар: А.Аҳмедов ва Б.Абдуллаев. “ЎЗБЕКИСТОН”, Тошкент, 2022.

 

4.           Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар, IV жилд. Қонуни Масъудий. Таржимонлар: А.Аҳмедов, А.Расулов ва Б.Абдуллаев. “ЎЗБЕКИСТОН”, Тошкент, 2022.

 

5.           Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар, IV-V жилдлар. Қонуни Масъудий. Таржимонлар: А.Аҳмедов, А.Расулов ва Б.Абдуллаев. “ЎЗБЕКИСТОН”, Тошкент, 2022.

 

6.           Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар: В жилд. Қонуни Масъудий. Таржимонлар: А.Аҳмедов, А.Расулов ва Б.Абдуллаев. “ЎЗБЕКИСТОН”, Тошкент, 2022.

 

7.           Беруний туғилган кунининг 1000 йиллигига. “ФАН”, Тошкент. 1973.

 

8.  Гияс ад-Дин Каши. Из истории науки эпохи ислама. Письмо Гияс ад-Дина Каши к своему отцу из Самарканда в Кашан. / Перевод: Д.Юсупова. Ташкент, 1979.

 

9.  Крачковский И.Ю. Арабская географическая литература, Изб. произв. Т. ИВ. М. Л., 1957.

 

10.  Матвиевская Г.П., Розенфельд Б.А. Математики и астрономы мусульманского средневековья и их труды (VIIIVIIвв). Книга 2. Москва: Наука, 1983.

 

11.  Метс Адам. Мусульманский Ренессанс. Перевод с немецкого, предисловие, библиография и указатель Д.Е. Изд. 2е.  М., 1973.

 

12.  Нарходжаев К. Геодезические работы Беруни. Ташкент, 1977.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//