Беруний аввал танқид қилади, сўнг ҳақиқатни очиқлайди – Мустафа Демиржи


Сақлаш
22:31 / 26.09.2023 925 0

Абу Райҳон Беруний кўплаб илм-фан соҳаларига ихтисослашган ва ислом оламининг илм-фан жиҳатидан энг самарали даври ва минтақасида яшади, дунё илм-фан тарихидаги энг буюк олим ва даҳолардан бири бўлди. Ўзидан ўхшаши йўқ нодир асарлар мерос қилиб қолдирди. Бундай ўлмас асарлар қолдиришида унинг илмга бўлган севгиси ва ўзи фойдаланган илмий услуб катта ёрдам берди. Унинг ўзидан аввалги илмий меросга муносабати ва ўзи ишлаб чиққан тизимли танқид усули ҳақиқатан ҳам олимларни ҳайратга солади. Абу Райҳон Беруний ўзининг ақл-заковати, бетакрор қобилияти, билими, методологияси, тизимли фикрлаш услуби, юксак кузатувчанлик қобилияти билан нафақат танқид услубини қўллайди, шунингдек, ўзи шуғулланган мавзуларда эришган ҳақиқатларни (таҳқиқ) ўзига хос исбот усули билан баён қилади.

 

Абу Райҳон Беруний геология, тарих, физика, математика, астрономия, география, геология, геодезия, тиббиёт, фарматсевтика ва фалсафа каби кўплаб соҳаларда ижод қилди ва бу соҳаларга доир асарлар ёзган қомусий олимдир. Табиатшунослик соҳасидаги асарларида қўллаган танқид ва текшириш усулига назар ташланса, экспериментал усулга тез-тез мурожаат қилганини кўриш мумкин. Бундан ташқари астрономия, география каби соҳаларда бевосита “математик исбот” ва ўлчов усулини қўллайди. Абу Ёқуб Исҳоқ ал-Киндий ва Абу Бакр Закариё ар-Розий бу соҳанинг муҳим намояндаларидан эдилар. У қўлига тушган барча маълумотларга, дастлаб, шубҳа кўзи билан қарайди ва бу маълумотларни ўзига хос услуб билан кўздан кечиради. Ўзидан олдин яшаб ижод қилган олимларнинг хатоларини, уларнинг услубий сабабларини тузатади.

 

Беруний “Башарий илмлар”ни илк бор қўллаган олим сифатида инсонни дунё марказига қўйиб, унинг борлиқ ва атрофидаги муҳит билан ўрнатган муносабатларини таҳлил қилган замонавий антропологиянинг асосчиси сифатида қабул қилинади. Бу соҳада у инсон фаолиятларини маданий бойлик сифатида тушуниш учун асосан таққослаш, қиёслаш усулидан фойдаланади. Табиатшунос олим сифатида тарихни, дин ва фалсафани реал фикрлар билан танқид қилади. Бу эса диний ва фалсафий далилларга, айниқса, дин ва фалсафага қарши кучли фикрлаш, кўриш ва тажрибани қўллайди. У худди шу усул билан рақибларига далилларини тақдим қилади.

 

Унинг асарларида биз замонавий маънода биринчи даражали олимнинг илмий тафаккури ва академик қарашини кўришимиз мумкин. Қолаверса, табиатшунослик ва башарий фанларни ўз ақлий оламида муваффақиятли уйғунлаштириб, ҳар бир соҳада турли усулларни самарали қўллаш орқали асл натижаларга эришади. Беруний илмий фаолиятларининг барчасини ислом эътиқодига содиқ қолган ҳолда самимий бир мусулмон сифатида амалга оширди.

 

Илм ҳақидаги қарашлари

 

Абу Райҳон Беруний илм-фаннинг кўплаб соҳаларида тадқиқот олиб борди ва ҳаёти давомида кўплаб мамлакатларга сафар қилди. Натижада ўрта асрлар дунё тарихининг энг буюк алломалари қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Беруний ҳақида тадқиқот олиб борган олимлар унинг илм-фанга бўлган муносабатларини кўриб, ҳайратларини яшира олишмаган. Э.Заҳау “Беруний тарих таниган энг буюк олимлардан биридир” [10: 25], Артур Боб эса “Беруний барча замонларнинг энг буюк олимидир” дея таърифлайди. Машҳур фан тархчиси Сартон ХI асрнинг биринчи ярмини “Беруний асри” деб номлайди. Беруний бир вақтнинг ўзида геология, тарих, физика, математика, тиббиёт, фармацевтика каби соҳаларда тадқиқот олиб борди. Тарихчилар кенг қамровли қарашлари ва фаолиятлари, тарихий асарларга асосланиб, инсонга оид масалаларга алоқадор барча нарсаларга диққат қаратиши сабабли уни антропологиянинг асосчиси деб билишади. Адабиёт ва илм-фан, айниқса, экспериментал астрономия ва механика соҳаларида жуда ҳам уста эди. Афсуски, унинг билим ва илмий услуб муаммоларига бўлган муносабати ҳозиргача тўлиқ ўрганилмаган.

 

Танқидий фикрлаш – мулоқот ва мулоҳоза бўйича ҳукм чиқариш, далилларни таҳлил қилиш, асосий фаразларни кўра билиш, ниқтаи назар, ҳақиқатга эришиш учун шахсий фикрлар билан биргаликда бошқаларнинг фикрларини мулоҳазанинг асосий тамойили сифатида қўллашдир. Абу Райҳон Беруний ўзининг илмий услуби, ҳақиқатларни тўғри ва объектив ҳолатда тадқиқ қилишда ўзига хос услуб ва методлари билан машҳур бўлган эди. Айниқса, ўзининг “Таҳқиқу мо лил Ҳинд” номли асарида қулоқдан қулоққа етиб келган ва иккинчи даражадаги маълумотларга эътибор бермай, ҳақиқий илмий тадқиқот орқали ҳинд жамияти ҳақида ишончли ва саҳиҳ маълумотларни тақдим этади. Шу билан биргаликда, ҳинд жамиятининг барча соҳаларида кузатилган амалиётларнинг объектив қайдларини тадқим қилади. Самимий олим сифатида, ҳаммага маълум бўлган мавзуларда ҳам бир илмнинг мутлақ илм эмаслигини, энг тўғри илмнинг Оллоҳга оид эканлигини ўз тадқиқотларида таъкидлаб, илмий тафаккури билан ўзининг камчилигини тан оладиган даражада ўзига ишонар эди. Маълум бир мавзуга киришдан аввал, этимологик изоҳларини келтирар, тадқиқотини босқичма-босқич қандай ривожлантирганини қуйдагича тушунтирар эди: “Аксарият тадқиқотларимда аниқ бир сабаб бўлмаса, ҳодисаларга шунчаки танқид кўзи билан қараб кўраман. Шундан келиб чиққан ҳолда, изоҳларимизнинг контексти талаб қилган жойларда зарур бўлган санскритча номлар ва техник атамаларни келтириб ўтаман. Агар матнда келган сўз асл бўлса, унинг маъносини араб тилига таржима қилиш мумкин. Фақатгина бу сўзга мос келувчи арабча сўздан фойдаланаман. Бироқ мазкур санскритча сўз амалий, кўп ишлатиладиган сўз бўлса, уни иложи борича аниқроқ таржима қилишга ҳаракат қилиб, асл маъносини сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Агар бу сўз иккинчи даражали ёки ҳосила сўз бўлиб, умумий ҳолатда қўлланилаётган бўлса, араб тилида бунга мос келувчи сўз топилишига қарамасдан, ўша сўзни ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Лекин, уни келтиришдан аввал маъносини ҳам тушунтириб ўтамиз. Шу тарзда терминологияни тушунишни осонлаштиришга ҳаракат қилдик” [3: 182].

 

Абу Райҳон Берунийнинг илм-фан ҳақидаги тушунчаси ва илмга бўлган муносабатини асарларига ёзгани узун муқаддима қисмларида кўришимиз мумкин. Шунинг учун, унинг асарларини тадқиқ қилишда энг диққатга сазовор жойлар асарнинг кириш қисмидир. Бу қисмда у одатда муаммони ўртага ташлайди, тушунча ва ибораларни белгилаб олади ва муаммони ҳал қилишда қўллайдиган методологияни тушунтиради. “Осор ал-боқия” номли асарининг муқаддимасида бу асарни нима учун ёзганлигини, кимдан ёрдам олганини ва мавзуда кўтармоқчи бўлган масалаларни тушунтириб ўтади. Кейин қуйдаги фикрларни билдиради: “Мен ўзимнинг билимим, эшитганларим, ўз кўзим билан кўриб гувоҳи бўлганларим ва қиёслаб ўрганган билимларим асосида бу мавзуни қўлимдан келганича ёритишга ҳаракат қилдим...” Мавзуга киришдан аввал, хато қаердан келиб чиққанлигини аниқлаш орқали ўтмишда яшаган халқлар ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилдим. Чунки мазкур халқларнинг бизгача етиб келган тарихи, урф-одат ва анъаналарининг аксарияти бизнинг мантиқ ва ҳис-туйғуларимиз билан олиб бориладиган арология орқали ҳал қилинадиган нарсалар эмас. Беруний бундай жиддий бир изланиш учун мавзуни бошлашдан аввал руҳий покланиш ва шароит зарурлигига эътибор қаратади. Бу борада шундай дейди: “(Бу борада қилинадиган ягона иш) китоб аҳли турли хил мазҳаб ва мактабларга мансуб бўлган шахсларнинг қарашларига йўналган ҳолда, бу йўлда давом этиш учун ўзимизга мустаҳкам бир замин тайёрлашимиз, улар айтган сўзларни исботлаш учун ўртага қўйган қараш ва ғояларни солиштириш керак. Бироқ инсонларнинг кўпчилиги бартараф эта олмаган хурофотлардан ва ҳақиқатни кўришга тўсқинлик қиладиган одат, мутаассиблик, ўжарлик, лоқайдлик, ҳокимият учун бўлган иштиёқ каби сабаблардан ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак. Мен айтиб ўтган мазкур жиҳатлар ҳақиқатга эришишнинг энг яхши йўли, шубҳалардан қутилишга энг тўғри ёрдамчидир. Бўлмаса қанчалик ҳаракат қилмайлик, курашмайлик, мақсадга эришолмаймиз”.

 

Худди шундай бошқа бир рисоласида қуйдагиларни келтиради: “Агар бир илм хизматчиси илмнинг барча соҳаларини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам, бошқа илм турлари ҳақида ҳеч қандай фарқ кўрмаслиги керак. Ҳақиқий олим билимнинг моҳиятини, мавзулар жиҳатидан билимнинг яхши эканлигини, билимнинг таъми давомий эканлигини, билимнинг мазасини уни тадқиқ қилгандагина билиш мумкинлигини, фақат мақсадга эришилганда мазкур таъмнинг йўқолишини билиши керак. Шунингдек, олим ҳар турли илмдан, ўзидан аввалги бу соҳада фаолият олиб борган инсонлардан миннатдор бўлиши керак. Уларнинг меҳнатини камситмаслиги керак, аксинча, уларнинг қилган ишларига қараб улардан ибрат олишни бир йўл кўрсатувчи сифатида қабул қилиш керак. Шундай қилиб, инсон энг тўғри ва энг яхши бўлган нарсани олади ва ҳодисаларга зид бўлган нарсани тарк қилади...

 

Ҳар қандай билимнинг халқ, омма билимидан фарқ қилиши ва илмий билим бўлишининг учта асосий шарти мавжуд: билимни хосил қилувчи методология бўлиши, мавжуд билимларни танқидий элакдан ўтказиш ва ниҳоят, тушунча ва чегараларни аниқ қилиб белгилаш керак. Берунийнинг мавзуларга қараши маълумот берувчи, тавсифловчи ва тушунтирувчи ҳақиқий маънода илмий ва замонавий академик қарашдир. У бўлиши керак бўлган нарсалар билан эмас, аниқ ва ҳақиқий бўлган нарсалар билан шуғулланди. Бор бўлган ва бўлиши керак бўлган, мақсад ва қурилиш ўртасидаги борлиқ категориялари Берунийнинг илмий қараши ва идрокининг қанчалик бой эканлигини кўрсатади. Берунийнинг фикрича, “илм учун илм” соф услубий аҳамиятга эга ва ҳеч қандай йўналишни ифодаламайди. Юнонларнинг соф интеллектуал тафаккури натижасида яратилган мавҳум метафизика соф интеллектуал завқдир ва билимнинг қиймати ҳеч қачон амалий фойда билан белгиланмаслигини англатади. Чунки, унга кўра амалий манфаат ҳеч нарсанинг қадрини белгиламайди, шунинг учун у “Китоби таҳдиди ниҳоят ул-амокин” номли асарида шундай дейди: “Бирор нарсанинг субъектив фазилати унга тасодифий фойда келтирмайди”. Берунийнинг тафаккури ўзининг реалистик илмий эгри чизиғи билан илм учун илмни, санъат учун санъатни ёпиқ доиралар сифатида тушунмайди ва қабул қилмайди. Унга кўра билим ислом дини қадриятлари ва ислом жамияти эҳтиёжларига хизмат қилсагина бир маънога эга бўлади. Беруний учун билимнинг асл қиймати илоҳий ваҳий билан топилиши мумкин. Оллоҳ ҳақ билан яратган осмонлар ва ер ҳақида тафаккур қилишга чақирадиган эса Қуръони каримдир. Шубҳасиз, Беруний шахсида икки тамойилда мужассамлашган, илмга муҳаббатни сочувчи омиллардан бири иймон ўлчовидир.

 

Берунийда мавжуд бўлган диний, фалсафий ва адабий ўлчовлар каби ижтимоий ва маданий соҳалар даврнинг маданий доираси мажбурлаган ва тақозо этгани учун унинг илмий менталитетини озиқлантирган ва ривожлантирган ирмоқлар эди. Ҳақиқий олим бўлиш учун ҳар даврда илмий тафаккурни чуқурлаштириш, уни тизимли ва оқилона олиб боришда фалсафа ҳал қилувчи роль ўйнади. Унинг фалсафага оид алоҳида асари бўлмаса ҳам, Ибн Сино билан ёзишган мунозарали мактублари ва Аристотелни қаттиқ танқид қилиши илғор фалсафий билимга эга бўлганини кўрсатади. У Аристотелнинг дунёнинг абадийлиги ҳақидаги ғоясини ислом нуқтаи назаридан бемаъни ва қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Аристотелчиларни ҳам Аристотел каби танқид қилган Беруний: “Бу одамларнинг муаммоси шундаки, улар Аристотел қарашларида хато бўлишининг имкони йўқ деб ҳисоблайдилар ва унинг қарашларини ҳурмат қилишда ҳаддан ошадилар. Бироқ, улар Аристотелнинг масъулиятини даъво қилмаганини, балки назарияни ўз имкониятлари билан ривожлантиришга ҳаракат қилганини билишмайди...” дейди. Унинг таъкидлашича, Аристотел “ўз хатоларини ёлғон ва иккиюзламачилик билан яширишга ҳаракат қилганди”. Берунийнинг танқиди Қуръон талқинига асосланадики, тўғридан-тўғри мусулмон сифатида мутлақ илм ва ҳақиқат Оллоҳникидир ва инсон даражасида ҳосил бўлган барча билимлар тўлиқ бўлмаган, нотўғри бўлиши мумкин ва шунинг учун танқид ва тузатишга муҳтождир. Берунийнинг умумий фалсафаси, хусусан, Аристотелни танқид қилиши бошқа Аристотел танқидларидан фарқли ўлароқ, фақат фикрлаш ва фалсафий мунозарага асосланмайди. Аксинча, унинг борлиқ фалсафаси ҳақидаги танқидлари, хусусан, астрономия билимлари ёки физика маълумотларига таянган ҳолда перипатетик фалсафасининг моҳиятини ташкил этувчи масалаларни инкор этади. Аслида у фақатгина хулосаларни эмас, балки мулоҳазаларини, фикрлаш тарзини, методологиясини ҳам танқид қилади. У юнон космологик таълимотини қабул қилган бўлса-да, табиатнинг ташқи кўринишларини текшириш, ҳукм чиқариш ва илоҳий китоблардаги маълумотларни кўчириб олиш орқали юнон таълимоти асос бўлган мулоҳазаларни танқид қилади [11: 194–96, 201].

 

Шу сабабли Беруний табиий ва ижтимоий фанларни ўз онгида замонавий маънода муваффақиятли тарзда уйғунлаштира олди: “Ақлий далилларнинг ҳақиқийлигини таъминлаш учун уни фаннинг барча соҳаларида ҳиссий нарсаларга моддий жиҳатдан қўллаш керак”. Аммо унинг ҳиндларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, анъаналари, эътиқодлари, тил хусусиятлари, байрамлари, таомлари ва муомалалари борасидаги муҳим антропологик тадқиқотлари уни биринчи антропологга айлантирди. Бу борада шундай дейди: “Ҳақиқий олим бирор ғоя учун мутаассибликдан юз ўгириб, нафсдан ажралган ҳолда мутлақ ҳақиқатни изловчи кишидир”.

 

Беруний араб тилини яхши кўришига қарамай, унинг матнлари кераксиз оғзаки безаклардан холи бўлиб, чиройли эстетик туйғу билан қопланган, энг муҳими, фикрлаш ва ғоялари чалкаш кўринса ҳам, ҳеч бўлмаганда маълум атамалардан фойдаланиш орқали тушуниш мумкин эди. Умуман олганда, ўрта асрлар имкон берадиган даражада ёзув услубига эга эди. У ҳар доим олим эканлигини унутмасдан демагоглар учун эмас, кўпроқ юқори мартабадаги инсонлар учун қалам тебратди. Беруний шундай дейди: “Кимнинг илми бўлса ва меҳнатдан қочмаса, мен унга ишонаман. Илмга қизиқувчи ва оддий халқдан ким бунга мойил бўлса бўлди, тушуниб тушунмагани унчалик муҳим эмас”.

 

Методиканинг фан учун аҳамияти

 

Абу Райҳон Берунийнинг илм-фан ва тафаккур тарихидаги энг катта ютуғи тадқиқот ва усулининг бир-бирига мос келишидир. Унинг деярли барча асари фанлар тарихига янги уфқ ва ютуқлар олиб келди. Чунки методология интизоми тадқиқот усули демакдир. Агар олимнинг усули яна ҳам шаффоф ҳолатга келса, унинг қўллаш натижалари кейинчалик бошқа йўналишларга йўл очади, хатоларни тўғрилайди ва аввалги натижалардан кейингилари устун келиб, аввалгисини йўқ қилади. Услубий амалиётлар кетма-кетлиги билан пайдо бўладиган билим ва тажриба бириккан давомийликка айланади. Натижада янги кашфиётлар, назариялар ва тузатишлар мавжуд бўлган бой ва барокатли илм-фан дунёси пайдо бўлади. Беруний серқирра олим сиафтида ўзи фаолият олиб борган соҳаларда ўлмас асарлар қолдирган. Унинг ўлмас асарлар қолдиришининг сири шундаки, у ҳар бир ўрганган мавзусини ўша фаннинг усулларига мувофиқ олиб борди. Айниқса, ўзи шуғулланаётган фанлар бўйича олдинги маълумотларни ҳар томонлама ўрганиб, камчиликларини тўғри аниқлаши, фанларни услубий жиҳатдан танқид қилиши диққатни тортади. Фақат танқид қилиш билан чекланиб қолмаган Беруний, ўша мавзуда эришган ҳақиқатларини ҳам услубий далиллар билан очиб беришга ҳаракат қилади. Одатда астрономия, география ва геология каби табиий фанларда тажриба ва математик исботлаш услубидан фойдаланади. У фазовий геометрия, география ва геология фанларида тажриба ва ўлчов-баҳолаш усули билан аниқ воқеликни исботлашга ҳаракат қилади. Ижтимоий фанларда эса атроф-муҳит ва нарсалар билан муносабатини инсонни марказга қўядиган куч ва сезгирлик асосида замонавий антропологияга жуда яқин усул билан таҳлил қилади. Айниқса, дин, маъданлар ва афсоналарни шарҳлар экан, бу усулдан моҳирлик билан фойдаланганини кўришмиз мумкин. Фалсафий ва мазҳабларга доир масалаларни танқид қиларкан, физика, табиий воқелик ва мулоҳазаларга асосланиб бу ишни амалга оширади. Унинг Аристотел метафизикаси, айниқса, оламнинг бошланиши, охири ва тузилиши ҳақидаги танқиди диққатга сазовордир [2: 28-29, 33].

 

Буларга қарамасдан ҳақиқатга эришишнинг осон бўлмаслигини таъкидлаган Беруний, ўтмишдан бизга етиб келган баъзи нотўғри маълумотларни ажратиш кераклигини, ажратилгандан кейин эса қўлимизда жуда ҳам оз тўғри маълумот қолиши мумкинлигини ва бу ҳолатда нима қилиш кераклигини қуйдагича баён қилади: “Энг охирги ривоятдан энг яқин бўлганига, кўпроқ маълум бўлганидан камроқ маълум бўлганига қараб интилиш керак. Ҳаммага маълум бўлган маълумот бўлса ҳам, ўз устасидан олиш керак, хатолари бўлса тўғрилаб, қолганларини эса ўз ҳолича қолдириш керак. Қилишимиз керак бўлган бу фаолият ҳақиқат ва ҳикмат изловчи инсонларга бошқа ривоятларни танқид қилишларига ёрдам беради ва биз қўлга кирита олмайдиган маълумотларга эришишимизга ёрдам беради. Аллоҳнинг изни ва мадади билан биз ҳам шундай қилдик...” [4: 38-39].

 

Беруний асарларининг ўзига хос томони унинг илмий жиҳати ва мавзуга ёндашувидир. Берунийнинг кам сонли олимлардан бири эканлигини унинг “Минералогия” номли асарининг муқаддимасидан билиб олишимиз мумкин. Қимматбаҳо тошлар ҳақида Берунийдан ҳам аввал кўплаб китоблар ёзилган эди. Бу асарлар ушбу минтақада қимматбаҳо тошларга доир сеҳрли кучлар билан боғлиқ тошларнинг хусуиятлари ва ҳолатлари ҳақида маълумот беради. У қимматбаҳо тошлар ва маъданларни соф, жисман маълум бўлган борлиқлар сифтида кўради. Мазкур маъданларнинг номлари, турлари, вазни, қиймати ва уларнинг чиқиш жойларини тушунтириб ўтади. Унинг саъй-ҳаракатлари шотландиялик либерал иқтисодчилар ва Дарвин каби назариётчиларга ҳам таъсир кўрсатади, кейинчалик янги иқтисод назариясининг ривожланишига олиб келади [6: 218].

 

Беруний мавзу учун тақдим этилган муаммони аниқлаб олгандан сўнг, уни ҳал қилиш учун ўзининг тадқиқот усули ёки методологиясини фикрлаш, муҳокама ва тажриба каби уч йўналиш орқали тақдим этади. Кейин у фаолиятларнинг узлуксизлигини ва илмий тадқиқотларнинг умумий коллектив хусусиятларини таъминлайдиган маълумотларга киришади. Беруний бу борада шундай дейди: “Истидлол усули ақл қабул қиладиган нарсаларга асосланади ва сезиш мумкин бўлган нарсаларни аниқ кўринадиган нарсалар билан қиёслаш орқали амалга оширилади. Ҳис қилинадиган нарсалар учун аввалги китобларда айтилган, дин ва мазҳабларда қабул қилинган эмпирик маълумотлар ҳисобга олинади”. Тадқиқотнинг кейинги босқичи учун Беруний шундай дейди: “Нафсни одат, муросасизлик, иккиюзламачилик, бошқаларга эргашиш каби энг нопок аломатлардан ва унинг эгасини ҳақиқатдан чалғитувчи сабаблардан поклагандан кейин уларнинг сўз ва эътиқодларини бир-бири билан ўлчаш ва тортиш, эҳтирос ва бошқарувчи бўлиш ҳиссини енгиш ва бошқалар...” [4: 39].

 

Мусулмон бир мутафаккир ҳаёт ва фактлар олами билан алоқа ўрнатар экан, ҳар доим ҳам ҳақиқатдан узоқлашмасликка ҳаракат қилади. Бу ҳолат, айниқса, табиатшунослик ва инсоннинг ҳақиқий ҳаёти ҳақидаги маълумотларда яна ҳам муҳимроқ аҳамият касб этади. Реализм мусулмон олимлар тафаккурининг ўта муҳим хусусияти бўлиб, муқаддас бўлган нарсалар билан алоқани узиш йўли орқали тадқиқ қилинадиган бир йўналишдир. Мусулмон бир шахсни реал воқеалардан кўра, ўз фикрларига асосланган қарашлардан, яъни ҳеч қачон синаб кўрилмаган ва илмга асосланмаган фикрлардан ҳимоя қилади. Тасдиқланмаган даъво, гумон ёки ёлғон маълумотларга асосланган ҳолат, қанчалик кичик ва аҳамиятсиз бўлиб кўринмасин, Аллоҳ таоло томонидан ҳаром қилинганлиги Қуръонда билдирилган. Мўмин инсонни ҳақиқатдан бошқа ҳеч нарса айтмайдиган одам деб таърифлаш мумкин.

 

Беруний мавзуларга ёндашар экан, ҳаёт ҳақиқатларини ҳисобга олади. Унинг асарлари ва ғояларини биладиган одамлар унинг қанчалик реалист олим эканлигини тезда англайдилар. Бошқа томондан, устун эътиқод ва фикрлар одамлар томонидан қадрланиши, уларнинг фойдалари ва вазифасини тушунтиради. Жумладан, сиёсий ҳаётда давлат раҳбарлари ҳақида айтилган ривоятлар ҳақида шундай дейди: “Халқ томонидан яратилган ривоятларнинг сабаби бутун халқни бир жойга жамлаб, қаноат ила итоат қилишдир. Бу барча юқори куч ва қудратнинг рамзидир...” [6: 31]. Унинг асарларида жамият ривоятлари ва уларнинг келиб чиқиши, танқидига оид кўплаб материаллар мавжуд. Халқ орасида айланиб юрган ҳикоялар, ҳикоячиларнинг уйдирмалари, бозор ғийбатлари реал воқеаликка эга бўлмаса-да, антропологик нуқтаи назардан инсоний ҳақиқат борлигини айтиши ҳам диққатга сазовордир. Бу жиҳатдан Берунийнинг антропологик усулдан фойдаланадиган танқид ва текшириш усулида ривоятлар таҳлили алоҳида ўрин тутади [6: 39]. Бироқ бу масалаларни якуний нуқтада кўриб чиқар экан, у ўзидан олдин илмий услублар асосида ёзилган асарларга асосланади. У ўз асарларида ҳинд, юнон ва бошқа халқларнинг шу ва шунга ўхшаш ривоятларини таҳлил қилади. Унинг қимматбаҳо тошлар ва маъданлар ҳақидаги асаридаги энг ишончли манбаси Абу Ёқуб Исҳоқ Киндий, Закариё ар-Розий ва Диноварийларнинг аввалги асарларидир. Берунийнинг бу воқелик йўналишида Закариё ар-Розийнинг таъсири катта бўлган [4: 17].

 

Абу Райҳон Беруний баъзи тадқиқотларида Абу Ёқуб ал-Киндий ва Фаробий фикрларига мурожаат қилган бўлса-да, у асосан Абу Бакр Закариё ар-Розийнинг таъсирида бўлган. Дарҳақиқат, унинг асарлари каталогини тайёрлагани ҳам бу қизиқишдан далолат беради. Беруний ислом тафаккурида кенгроқ таъсирга эга бўлган Машшойи тафаккурга қарамасдан Розийнинг йўлини қабул қилиши асосида олам ҳақидаги моддий билимларни реал таҳлил қилишга интилади [8: 29]. Айниқса, табиатшунослик соҳасида Закариё ар-Розийнинг илмий-услубий йўлидан боради. Унинг илмий нуқтаи назари ва йўналишининг энг муҳим хусусияти аввалги барча билим меросига етиб бориб ва уни ҳар томонлама ўрганиш, керак бўлса тажриба билимлари билан синаб кўриш, хатоларнинг ўзини исботлаш усули билан тузатишдир. Буларнинг барчаси Беруний методологиясида яққол акс этган.

 

Бироқ ҳақиқий даист ва мутлақ рационалист бўлган Закариё ар-Розийдан фарқли ўлароқ, Беруний самимий бир мусулмон ва чуқур эътиқодли мўмин сифатида намаён бўлади. У кўпинча Қуръон оятларига мурожаат қилиб, ўзининг тушунча ва фикр дунёсида Қуръоннинг бирлаштирувчи ва тизмли таъсирга эга эканлигини кўрсатади. Бошқа томондан, Беруний эътиқоди туфайли Розийни қораламагани ёки танқид қилмагани ҳам қизиқдир. У фақатгина хатолари ва илмий асосларда чегарадан чиқиб кетишларини танқид қилади. Закариё ар-Розийнинг диний қарашларини танқид қилувчиларни танқид қилган Беруний ислом руҳига содиқ қолиб, исломдан олдинги ҳар хил илм ва ҳикматларни қабул қилган ҳолда, ислом асосларига ниҳоятда содиқ қолган шахс сифатида намоён бўлади [11: 193]. Беруний Розийни олим ва файласуф сифатида кўрар эди деган Ричард Валзернинг фикрларига мойилмиз. Бу борадаги энг қизиқарли мисол турклар қўллаган “ёмғир ёғдирувчи тош” қиссасини танқид қилганида кўринади. Беруний турклар диёрида бўлган ва кўчирилганда шиддатли ёмғир ёғишига сабаб бўлган бу тошнинг тафсилотларини Закариё ар-Розийнинг таърифи билан келтириб, қуйдагича изоҳ беради: “Ибн Закариё бу масалага хос эмас, балки ихтилоф бўлмаган нарсага ўхшайди”. Аммо Берунийнинг ақлини мустаҳкамлаган эмпирик илмий рационаллик бу ҳақда уни қаттиқ қоралаш учун гапиртиради ва уни ақл ва мантиқ, илмий услуб қуроллари билан инкор этади. У шундай дейди: “Турклардан бири унга бу тошдан ёмғир ёғдираман ва у билан фахрланаман ёки ўпаман ва бу ҳақда баҳслашмайман, дейди. Унга ёмғир бу ерда бевақт ёки турли вақтларда ёғди. Лекин у ёғдиролмади. Кейин унга шундай дейди: Ёмғир учун тоғларга, эсган шамолларга, булутларга ва денгиздан юксалаётган буғга қара ва уни тадқиқ қил”. Мен айтганимдек қилди ва ўзининг сеҳргарлигига ишониб, ёмғир ёғдирадиган ҳаракатларини такрорлади. Лекин на ёмғир ёғди ва на бошқа нарса содир бўлди [6: 218].

 

Берунийнинг илмий ва рационал тадқиқот асосларига, айниқса, инсон тадқиқотларида тўсқинлик қиладиган “фанатизм” ҳақида қаттиқ огоҳлантириши ҳайратланарлидир. Берунийнинг илмий менталитети ва услубий нуқтаи назари имлий қонуният сифатида фанатизмдан огоҳлигининг яққол мисолидир [4: 39]. Шунинг учун у бошқа маданиятлар меросини очишга ва шакллантиришга муваффақ бўлди. У исломгача бўлган маданият илмлари ва уларнинг ислом руҳи билан уйғун ривожланишига катта ҳисса қўшган [6: 194]. Бу унинг илмий фаолиятларининг ривожланиши ва ривожланишнинг ҳал қилувчи кўрсатгичига айлантирган омиллардан бири эди.

 

Беруний тафаккурида воқеликка зид бўлган ягона масала астрология эди. Ибн Сино бу борада очиқроқ вазиятда экан, Беруний яна ҳам аниқроқ қарашларга эга. Унинг бу борадаги фикрлари қуйдагича: “Ўз чегараларидан чиқиб кетган, муаммолари ечилишининг имкони бўлмаган, материянинг унверсал қонунлардан узоқлашган нуқтасида астрология туради. Бир томонда астролог, бир томонда фолбин турган бу чегара ошиб ўтилганда, юлдузлар улар билан бирга тилга олинишига қарамай астрология билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган фолбинлик оламига кирилади...” Гарчи у алкимёни қатъиян рад этса-да, астрология мавзусини қисман қабул қилганга ўхшайди, чунки жуда қадимги анъаналарга эга бўлган билимнинг бу шакли бирлаштирувчи қарашларга эгадир. Бу қараш, Худо космик ҳодисаларнинг архетипларини ташкил этувчи бурж белгиларига эга, деган фикрга асосланади. Қолаверса, у сарой муҳитида мунажжимлик кенг учрайдиган муҳитларда яшагани учун бу илмга қизиққан бўлса керак [6: 190-191].

 

Кузатиш ва тажриба услуби

 

Агар Беруний ўз даврида имкон қадар нозик асбоблар билан ўлчов ва тажрибалар ўтказмаганида эди, биз бугун у ҳақда гапирмаган бўлардик. Ўша пайтда Беруний тажрибалар олиб борди ва тажрибани табиий тадқиқотчи сифатида қўллади. Шу сабабли кузатиш, тахмин ва тақиб қилиш билан шуғулланди ва маълум бир маълумотни фақат улар орасидаги мантиқий бир боғлиқликда ҳосил бўлган сезгилардан олиш мумкинлигини кўрди. Унинг сўзларига кўра, инсоннинг қизиқиши фақат кузатиш орқали қондирилади. У бу соҳага тажриба йўли билан кирмаганларни танқид қилади, шунинг учун металлар ҳақидаги бир қарашни рад этади ва қоралайди: “Ўша пайтда имкон қадар нозик асбоблар билан тузатишлар қилмаганида эди, зикр қилган олам бўлмасди. Ўша пайтда Беруний тажрибага атайлаб илмий тадқиқот сифатида қаради ва ўзи буни амалда қўллади. Шунинг учун у кузатиш, тахмин, тақиб қилиш каби фаолиятларга қизиқди. Унинг фикрича далиллар мақулот ва махсусот кузатувлари асосида қилинган қиёслашга асосланади” [4: 38].

 

Илмий гипотеза илмий даҳонинг илҳомидан келиб чиққан яратувчанлик бўлгани учун олим ўзининг олдинги билимларидан фойдаланган ҳолда ишга туширилганда, гипотеза олим билан содир бўлган ваҳий ва илҳом эканлиги эмпирик тарзда текширилади. Қабул қилинган ёки рад этилган, аммо гипотеза йўлида мантиқ эмас, балки ижодкорлик психологияси томонидан тушунтирилиши мумкин бўлган услубий қоидалар йўқ. Беруний ўн аср аввал соясини кўрган ва уни ифодалашга ҳаракат қилган маълум бир мантиқий йўлни биларди. Шундай қилиб биз илмий гипотезани ишлаб чиқишга асосланган гипотетик дедуктив усул деб номланувчи илмий эмпирик усулнинг замонавий шакллантирилишининг тарихий урғусига дуч келамиз ва биз уларга қарши туриш учун ундан қисман муаммоларни чиқарамиз. Яъни гипотезани эмпирик текшириш гипотеза ва эмпирик масалалар ўртасидаги диалог экспериментал илмий методнинг моҳиятини ташкил этади [7: 9395].

 

Беруний учун ўтмишда қилинган ишлар далиллар билан кўрсатилиши мумкин бўлган ва яширинган нарсалардир. Ҳозирдаги олим ихтиродан баҳраманд бўлиш, билимнинг билим сифатидаги буюклигини баҳам кўриш ва унинг ҳақини тўлаш орқали уларга ўзининг чекланган ҳиссасини қўшади. Илмий фаолиятларнинг муҳим хусусияти шундаки, ўтмишдошларининг саъй-ҳаркатлари ва иккиси ҳам иштирок этадиган жамоавий фаолиятдир [9: 167]. Беруний назария имкониятларини оширишга уриниш дейишимиз мумкин бўлган нарсага эришиш учун илмий изланишлар амалиётида тинимсиз қатъиятлилик зарурлигини таъкидлайди. Олимларни ўз натижаларида юқори даражадаги аниқликка эришиши учун қайта-қайта сўроқ қилишга чақиради [7: 98-99].

 

Унинг бошқа олимларга нисбатан қилган танқидлари мўтадил бўлган. Танқидлари одамларга эмас, воқеаларга қаратилган эди. Керак бўлганда қаттиқ сўзлар ҳам ишлатади. Дин ва илоҳиёт масалалари бўйича ўз танқидларини билдирар экан, мусулмонларнинг эътиқодларидаги тафовутлардан кўра бошқа динларга нисбатан бағрикенг эди [9: 166].

 

Абу Райҳон Берунийнинг тарих ва маданият фанига оид илмий тадқиқотлари, уларнинг салбий ва ижобий томонлари билан тизимли равишда узвий боғланибгина қолмай, ёрдамчи бўлган фанларга ҳам холисона ёндашди. Беруний илмга бўлган ёндашувлар хилма-хиллигини ва ҳатто, ривожланаётган инсон илми билан мутлақ диний эътиқодлар ўртасидаги фарқни эътироф этган бўлса-да, ўзининг бошқа тадқиқотларига ҳам кўп вақт ажратарди. Беруний илм билан динни уйғунлаштиришга бўлган ҳар қандай уринишни бутунлай рад этган ал-Ҳасан ибн ал-Ҳайсамдан фарқли ўлароқ, астрономия илмини Қуръондаги ишоратларга яқинлаштиришга иштиёқманд эди. Араблар ўртасида фан тарихи бўйича олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Беруний астрономия ва Қуръон ўртасидаги барча ёндашувларида ҳеч қачон ақл ва мантиқ чегарасидан чиқмаган ва тасаввуфнинг бу борадаги муболағаларини қатъиян рад этади [7: 98-99]. Ақл Беруний учун ҳар доим ишончли манба эди.

 

Берунийнинг тарихий танқидга қўшган ҳиссаси

 

ислом тарихнавислиги соҳасидаги ўзгаришларга назар ташлайдиган бўлсак, исломгача бўлган Эрон ва Ҳиндистон маданиятларидан мерос бўлиб қолган қисса ва достончилик тарзидаги тарих йўналиши эски даврларда ҳам катта аҳамиятга эга бўлган. Мусулмон араблар эса фатҳ ривоятлари ва пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини етказишда ривоятчи тарих усулини ишлаб чиқишганди. Айниқса, ҳадис ривоят қилишда жуда батафсил ва ўз даврининг илғор танқид усулини яратишди. Бироқ, IХ-Х асрларда Табарий, Масъудий ва Ёқубий каби тарихчилар ўз асарларини ривоят усули билан ёзишда давом этишди [12: 45-46].

 

Тарих фани моҳиятан мусулмонлар томонидан мустақил фан сифатида ўртага ташланди. Илк давр тарихчилари ўзларига мерос бўлиб қолган ривоятчи ва хронологик тарих анъаналарини давом эттиришди. Қайсидир маънода тарих фани ислом маданияти ичида мустақил бир фан сифатида ўз ўрнини топди. Бироқ тарих ўз мавзулар ва муаммолари нуқтаи назаридан, астрономия, тиббиёт ва бошқа табиий фанлар каби экспериментал фан эмас, балки танқид ва изланишга асосланган фандир. Беруний ислом тарихнавислигида Ибн Ҳалдундан тўрт аср аввал тарих ва жамиятни ўрганишда муҳим икки ҳиссасини қўшади. Булардан биринчиси, юқорида тилга олганимиздек, тарихий маълумотларга (ривоят, афсона ва ҳикоя) ўзига хос услубда ҳар томонлама танқидий кўз билан қараб чиқади. Иккинчиси эса, замонавий тарихшуносликда учрайдиган, айниқса, Анналес тарих мактаби намояндалари томонидан тарих ёзишда қўлланилган геология, антропология, археология, иқтисод, хусусан, география каби фанларни тарихий тадқиқотларга жалб қилади. Ҳар қандай тарихий масалани тушунтирар экан, шахсни марказга олиб, уни ўраб турган бутун борлиқни ҳисобга оладиган ва шунга кўра хулоса чиқарадиган бир ёндашув ишлаб чиқади. Демак, Берунийнинг етук услубий онги турли соҳаларга кўра билимга бўлган ёндашувларининг хилма-хиллигини кўрсатади ва мавзуларга ёндашар экан, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади.

 

Беруний ўз асарларида илгари сурган қиёсий тадқиқотлар, танқид усули, тажриба усулларини тарихга татбиқ қилиш, география, геология, антропология каби соҳалар билан тарихий тадқиқотларни бирлаштириши натижасида тарих ҳам илмий тадқиқот предметига айланди, ҳам инсонга оид фанларнинг марказига жойлашиб ўз соҳасини кенгайтирди. Беруний тил ва адабиёт каби соҳаларни тарихий тадқиқотлар учун ёрдамчи фан сифатида ишлатар экан, тарихчиларни тақвимларни ҳисоблашда, география ва геология, мантиқ, фалсафа, ҳуқуқ ёки шариат илмларини бойитган ҳолда бу соҳаларда катта тажриба орттиришга чақиради. Маъданлар ва қимматли тошлар ҳақидаги асарининг муқаддимасида инсоннинг табиий муҳити билан муносабатини тушунтирар экан, эҳтиёжлар иерархияси доирасида табиий иқтисод назариясининг илк одимларини отади ва ижтимоий тараққиётнинг кейинги босқичларида пул хўжалигининг қандай пайдо бўлганини кўрсатади. Шу тариқа, эҳтимол, биринчи марта тарих ва иқтисод ўртасидаги муносабатларга эътибор қаратади. Беруний мазкур фаолиятлари билан ХIХ аср ижтимоий фанлар назариётчилари ва Ранке каби тарихчиларга илҳом бағишлайди [7: 90–92].

 

Берунийнинг тарихий танқид методологиясига келсак, бу соҳада тарихий воқеани тушуниш ва унинг моҳиятини англаш учун “дискур анализи” таҳлилини олиб боради. Яъни у тарихий маълумотга шубҳа билан яқинлашади, сўнгра матн ичидаги зиддиятларни аниқлайди, сўнгра матннинг тузилишини таҳлил қилади. Жумладан, матнларни ёзган инсонларнинг дин ва ақл оламини ўрганиб, натижада воқеанинг туб моҳиятига етишишга ҳаракат қилади. Қуръондаги тарихий қиссаларни изоҳлар экан, у зотнинг бу усулдан қандай муваффақиятли тарзда фойдалангани ва эришган натижасига гувоҳ бўламиз [4: 79, 85].

 

Беруний танқид тизимини қўллар экан, албатта, мавзу услубига мос равишда “қиёслаш” усулидан фойдаланади. Кўпинча, юнон, ҳинд ва эрон маданиятларини бир-бири билан таққослайди. “Ҳиндистон” номли асарида ҳинд маданиятини юнон маданияти билан қиёслайди. Чунки ҳақиқатни тушуниш кўпинча таққослаш орқали амалга оширилади [7: 94]. У тарих илмининг табиати тажрибага асосланган илмлардан фарқ қилишини биринчилардан бўлиб англаган эди. Беруний тарих фанининг методологияси муаммоси билан шуғулланади. Шунинг учун уни бу фанни дунёвийлаштиришдан манфаатдор бўлган методологик мутафаккирлардан ёки тарих фанининг асосчиларидан бири деб ҳисоблаш мумкин [12: 44-45].

 

Абу Райҳон Беруний тарихий материал тўплаш муаммоси ва унинг атрофидаги қийинчиликлар, саъй-ҳаракатлар, тарихий тадқиқотлар билан юзага келадиган кўплаб услубий муаммоларга ҳам дуч келади. Берунийнинг тарихий ривоятларни миф ва афсоналардан тозалашга қаратилган ҳаракатлари диққатни тортади. У аксарият ислом тарихчиларидан фарқли ўлароқ, мазкур оқилона ҳакамлик қонуни туфайли яратилишнинг бошланиши ва илк даврлар ҳақидаги ҳар қандай фикрларни бутунлай рад этади. Дастлаб, у тарихий воқеаларни гувоҳлар ёрдамида тасдиқлатиб олмагунча, ҳар қандай хабарни қабул қилмайди. Буни ақлга таяниш ва ўзининг методологияси орқали амалга оширмоқчи бўлади. Маълумотларни бошқалари билан қиёслайди, уларга танқидий кўз билан қарайди. Мазкур методологик асослар ва ўлчовлар Берунийнинг тарих ва ижтимоий фанларида ҳам ўз аксини топди ва шу тариқа тарих фанининг етук устаси бўлди. Айни вақтда тадқиқот кўламини кенгайтириб, антропологияга ҳам воқиф бўлади. Тадқиқотлар кўламини кенгайтириб, замонавий маънода маданият тарихшунослиги ва динлар қиёсий илмининг асосини яратди.

 

Беруний ижоди нафақат динлар тарихи, балки ибронийлар, насронийлар, мусулмонлар, юнонлар, мағрибликлар, форслар ва ҳиндлар каби турли маданиятлар мероси ўртасида ажойиб композиция яратиб маданиятлар тарихи тадқиқотларида ҳам илк одимларни отган эди. Биз тилга олган бу халқлар, нафақат дин мавзусида муҳим бўлган, балки ўзлари яратган илм-фан, фалсафа ва санъат соҳаларида ҳам ўзига хос из қолдирган халқлардир. Шунинг учун унинг тарихий тадқиқотларининг асосий объекти дин ёки фалсафага асосланган халқлар ва қитъалардан юқори бўлган маданият ва цивилизациялардир. Шу жиҳатдан уни цивилизация тарихи тадқиқотларининг кашшофи деб ҳисоблаш мумкин. Фақатгина юнон маданиятини ҳисобга оладиган европамарказли, бошқа маданиятларни камситувчи, нотўғри қарашларнинг ўрнига бутун инсониятнинг ҳам ўз ҳиссаси борлигини таъкидлайдиган “азалий ҳикмат” тушунчасини ўртага ташлайди. Буни маданиятлар ва динларни бир-бирига қиёслаш орқали амалга оширади.

 

Берунийнинг цивилизацияларга асосланган тарих метадологиясини унинг “Ҳиндистон” асарида кўриш мумкин. Бу асарда ҳиндларга оид барча ҳолатларни, жамиятдаги ўзига хосликларни эрон, араб ва юнон маданиятлари билан қиёслайди. Берунийнинг тарих ва маданият фанига оид илмий тадқиқотлари уларнинг салбий ва ижобий томонлари билан узвий боғланиб қолмай, балки ёрдамчи экспериментал фанларга бўлган қизиқиши туфайли ҳам холисона якунланади [4: 52-53; 12: 46–49]. Қолаверса, у ўзининг одатий реалистик ва оқилона қарашлари билан динни афсоналардан ажратиб, диннинг реал, қиёсий тушунчаларини очиб беради. Бундай қарашларнинг ортида рационалист ва деист бўлган Закариё ар-Розий турган бўлиши мумкин. Унинг қиёсий динлар тарихи соҳасидаги тадқиқотлари ўзидан кейин келган Ибн Ҳазим ва Шаҳристоний каби инсонларга тамал асос бўлиб хизмат қилади.

 

Абу Райҳон Беруний тарихчини тарихий усул марказига қўйиб, биринчи навбатда тарихчи ёки олимда бўлиши керак бўлган хусусиятларга эътибор қаратади. Соғлом ва тўғри натижага олиб борадиган танқидга эга бўлиш учун Фаробийнинг “Инсоннинг ҳис-туйғулари ва қобилиятлари соғлом ва уйғун тарзда ҳаракат қилиши керак” деган сўзларидан фойдаланади. Ана шу хусусиятларни ўзида мужассам қилиши учун ҳар томонлама маданиятли, ҳалол, сабр-тоқат ва матонатли, ўзи ишонган ҳақиқатни очиб бериш учун мард бўлиб, шу сабабли тўғри нарсани гапираётганда қораланишидан қўрқмаслиги керак. Берунийда бу хусусиятларни яққол кўриш мумкин. Беруний фикрича, итоатсизлик, инжиқлик ва шахсий манфаат туфайли субъективлик чангалига тушиб қолиш умумий илмий тадқиқот, хусусан, тарихий тадқиқотларнинг энг хавфли балосидир [12: 39].

 

Турли соҳаларда асарлар ёзган Беруний барча асарларида ёритмоқчи бўлган мавзу ҳақида ўзидан олдинги ёзилган барча асарларни кўриб чиқади, уларни қиёслиб, танқидий фикрларини билдиради. У фойдаланган асарларнинг кўпи бизгача етиб келмаган. Бу ҳолатни “Ҳиндистон” асрида яққол кўриш мумкин. Бу асарида муаллиф ҳинд жамиятини юнон, эрон, яҳудий ва араб жамиятлари билан қиёслайди. Тадқиқот олиб бораётган мавзулари ҳақида аввалгиларнинг ва кейингиларнинг фикрларини ва улар ҳақидаги маълумотларни тўплайди. Ўзидан олдинги олимларни муҳокама қилиш, танқид қилиш, хатоларини кўрсатиб, уларни тузатишни яхши кўрарди [1: 286]. Ким эканлиги маълум бўлмаган олимларнинг қарашларини танқид қилганидек, Киндий, Собит ибн Қурро, Иброҳим ибн Синон, Ҳасан ал-Басрий, Птоломей, Архимед, Эрасмус каби олимларни ҳам танқид қилади. Ўзидан олдинги диний ва бошқа мавзулардаги асарларни қасддан тадқиқ қилмас эди. Бирор соҳа билан аввал ким шуғулларган бўлса бўлсин, албатта, ўша соҳани тадқиқ қилмасдан қолмасди. Бошқалар ўз соҳасида тўғри фаолият олиб борган бўлса, уларни тақдирлашдан ҳам қочмас эди.

 

Берунийнинг асарларида тарихий воқеалар ва ривоятлар кўп учрайди. Бу ривоятларга танқид кўзи билан қарайди. Аббосийлар давлати халифаси Ҳорун ар-Рашиднинг хотини ҳақидаги ривоятларни мисол қилиб келтиради. Уни ҳурмат қилганим учун буларни айтиб ўтишга ҳожат йўқ дейди [6: 74].

 

“Таҳдиду ниҳоят ил-амокин” номли асарида танқидларга кўп жой ажратади. Мазкур асарида ўз давригача бўлган барча осмон ўлчовларини қиёслаб чиқади. Ўзи ҳам ёшлигидан шундай ўлчовларга қизиққани учун тажрибаларида, бир-бири билан ҳар хил натижа берадиган ўлчовлар ва уларнинг муҳокамаларида реал хулосаларга келади. Масалан: “Ҳиндлар томонидан Синди ҳинд деб аталган машҳур зижда мейли-аъзам 24 жуз сифатида берилган. Ҳиндларнинг амалиётини ўрганган ҳар бир киши бу миқдорнинг ҳақиқатдан йироқ эканлигини билади. Расадларида хатолик бор деган гапга ишонмайди. Ваҳоланки уларнинг ватани олисда, улар ниҳоятда сирлидир. Ҳикматдан узоқ бўлсалар ҳам, халқ олдида ўзларини доно деб ҳисоблашади. Ҳолбуки, уларнинг амалиётлари таҳқиққа асосланган ишларга қараганда осонроқ бўлганлиги сабабли мутаассиблик даражасига етишган ва мушоҳадага ҳам, қатъий далилга ҳам ишонишмайди. Хато иш қилишдан қўрқишмайди...” Муҳаммад ибн Али ал-Маккий бу борада ҳиндларнинг хатога тушишининг асосий сабаби улар расадни “маркази олам”га қиёслаб қилишади, дейди. “Мен эса бу борадаги барча эҳтимолларни эътиборга олиб, тадқиқ ва мутолаа қилдим. Зеро, маълумот қайси манбадан олинган бўлишидан қатъи назар, ҳақиқатни тан олишдан қочмайман...” дейди [6: 61].

 

Беруний метадологик асослар билан тарихни тарихдан ташқари ривоятлар ва афсоналрдан тозалади ва тарих соҳасини дунёвийлаштирди. Жамиятлар урф-одатларидан бизгача етиб келган афсонавий маълумотларнинг кўпи бизнинг ҳис-туйғуларимиз билан ҳал қилинадиган нарса эмас. Буларни биз қиёслаш орқали ҳал қилишимиз мумкин. Бунинг учун онгимиздаги хурофотлардан қутилишимиз керак. Биз энг яқин бўлган ривоятдан орқага қараб, воқеанинг ҳақиқатини тушунишмиз мумкун [4: 39]. Беруний томонидан қўйилган реалистик, танқидий ва оқилона асослар тамалида қурилган тарих фани орадан уч аср ўтиб Ибн Ҳалдуннинг “Муқаддима” номли асарида ўз тасдиғини топди.

 

Хулоса

 

У ўзининг эркин фикрлаши, холис ёндашувлари, самимийлиги, реалистик ва танқидий қарашлари, энг муҳими, услубий ва тизимли тафаккури билан барча замонларнинг энг илмий мезон ва менталитетига амал қилган сиймодир. Берунийнинг бундай танқидий ва изланувчан олим бўлишида ислом жамияти ва маданиятининг ҳам катта таъсири бор эди. Энг аҳамиятлиси шундаки, ўзи севган араб тили орқали бутун дунё илмларига эриша олди. Иккинчидан, бундан икки аср аввал амалга оширилган таржимонлик фаолиятлари натижасида ҳинд, юнон ва эрон билимларидан баҳраманд бўлди. Булар орасида кенг кўламли қиёслаш фаолиятларини ҳам олиб борди. Учинчидан, мусулмонлар томонидан ўша давргача олиб борилган илмий фаолият Берунийга қадимий асар ва анъаналарни танқид қилиш имкониятини берди ва бошқа асарлардаги камчиликларни юксак билим даражасида осонгина кўриб, танқид қила олди.

 

Мустафа ДЕМИРЖИ,

профессор (Туркия)

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

1.                 ал-Беруний, Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад. Асарлар I. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. /Таржимон А.Расулов. Изоҳларни I. Абдуллаев ва А.Расулов тузган. Масъул муҳаррирлар: И.Абдуллаев ва О.Файзуллаев. /Тошкент: Фан. 1965.

 

2.                 Aydın Sayılı. Doğumunun 1000’inci Yılında Beyrunî. Beyrunî’ye Armağan. 2. Baskı (Tıpkıbasım). Ankara: Türk Tarih Kurumu Basimevi. 2011.

 

3.                 Dani, Ahmad Hasan. “Al-Biruni on Sanskrit literatüre”, Journal of the Pakistan Historical Society 1 (4): 301–17. Karachi. 1953.

 

4.                 el-Birûnî, Ebû Reyhan. Maziden Kalanlar (el-Âsâr el-Bâkiye), Arapçadan çeviren Dr. Ahsen Batur, İstanbul: Selenge yayınları. 2011.

 

5.                 el-Bîrûnî, Ebu’r-Reyhân Muhammed b. Ahmed. Kıymetli Taşlar ve Metaller Kitabı (el-Cemâhir fî Ma’rifeti’l-Cevâhir) Biyografi ve Arapça Orijinalinden Tercüme Emine Sonnur Özcan, 1. Baskı, Türk Tarih Kurumu Yayınları, Ankara. 2017.

 

6.                 el-Bîrûnî, Ebû Reyhân Muhammed b. Ahmed. Tahkîku Mâ Li’l-Hind. Bîrûnî’nin Gözüyle Hindistan. /Arapça aslı ve İngilizce tercümesiyle karşılaştırarak Osmanlıca çeviriyi yayına hazırlayan ve notlandıran Prof. Dr. Ali İhsan Yıtık/. Ankara: Türk Tarih Kurumu Yayınları. 2015.

 

7.                 Havli, Yumna Tarif. Buhus Fi Tarihul Ulum ‘Indel ‘Arab, London. 2018.

 

8.                 Mustafa Lebib Abdulgına. Dirasata Fi Felsefeti’l-’lm ‘ındel Biruni, Kahre. 1966.

 

9.                 Rosethal F. “Beyrüni’nin Bilgi Kuramı ve Yöntemiyle İlgili Bazı Ön Varsayımları Üzerine”, Çeviren: Prof. Dr. Mübahat Türker Küyel, Biruniye Armağan, Ankara. 1974.

 

10.            Sachau E. Chronologie orientalischer Völker / von Albêrûnî. Leipzig: Brockhaus; Leipzig: Harrassowitz, 1923.

 

11.            Seyyid Hüseyin Nasr. İslam Kozmoloji Öğretilerine Giriş, İstanbul: İnsan Yayınları. 1985.

 

12.            Togan Zeki Velidi. “Ortaçağ İslam Aleminde Tenkidi Telakkisi” in the Islam Teljiktkleri Enstttuso Dergisi ed. by Zeki Velidi Togan, I, parts 1–4 1953, (Istanbul, 1954 (İng. Translation: “The Concept Of Critical Historiography In The Islamic World Of The Middle Ages” Islamic Studies, Vol. 14, No. 3.  1975.

 

13.            Walzer R. Greek Into Arabic, University of South Carolina Press. 1970.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//