Адабиёт
Туркфронт сиёсий бошқармасининг қизил аскарлар учун мўлжалланган “Красная звезда” газетасида бош муҳаррир имзоси билан чоп этилган “Шефлар ва ҳарбий матбуот” сарлавҳали бош мақоладаги (Гейлер Г. Шефы и военная печать / Красная звезда, 19 сентября 1922 года. №59/191) “шефлар” тушунчаси кишининг диққатини тортади. Чунки атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг бир мақоласида ҳам “Эски шаҳар исполқўмининг топқони ҳар хил юқори шефстволарга кетади” (Қодирий А. Нима қаёққа кетадир? / Муштум, 1923 йил, №3. 3-бет) деган жумла учрайди. Хўш, бу икки манбада келган “шефлар” ва “шефство” тушунчаларининг ўзаро боғлиқлиги борми?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “шеф” сўзи французча “chef”дан олингани, унинг биринчи маъноси – бошлиқ, раҳбар, корхона бошлиғи; иккинчи маъноси эса “бирон муассасани, корхона ва шу кабиларни оталиққа олган ташкилот” экани қайд этилган. Аёнлашадики, юқоридаги икки манбада сўзнинг иккинчи маъноси акс этган. Демак, биринчи мақолада гап ҳарбий матбуотни оталиққа олиш, унга ҳомийлик қилиш хусусида кетяпти. Иккинчисида эса қайси идора ва ташкилотларнинг бу тартибни амалга оширишга жавобгарлиги киноя йўли билан эслатилган. Шу сабабли ўтган аср 20-йиллари бошларидаги бу икки атама бир-бирига боғлиқ бўлиши керак ва улар бир-бирини тўлдиради, деган тахминда изланишга киришдик.
Нега бош муҳаррир бонг уриб, оталиққа олувчилар ва ҳарбий матбуот муаммосини кўтарган? Мақола киришида бунга қисман жавоб берилади. Яъни муаллиф шўронинг марказий нашридан шундай иқтибос келтиради: “Москва оталиққа олиш ижроия бюроси Москвадаги “Красный воин” округ газетаси чоп этилиши учун ҳар ойда 12 миллиард ажратади... Республика инқилобий ҳарбий кенгашининг оталиққа олиш комиссияси вақтли ҳарбий нашрларга ёрдам беришни кучайтириш заруратини таъкидлади” (Умумроссия марказий ижроия қўмитаси ахбороти, 5 сентябрь).
Бу фактни келтирар экан, муаллиф мақолани аччиқ киноя билан бошлайди: “Москвада шефлар шундай ишлашади. Бизда, Туркистонда-чи? Бизнинг шефларимиз томонидан қизил армия газетаси бўлган “Красная звезда”га ёрдам бериш учун ҳамма ишлар қилинганми? Йўқ, уч карра йўқ. Гарчи мазкур муаммо бир неча марта кўтарилган бўлса-да, ҳанузгача қониқарли жавоб олингани йўқ. Туркистон фронтининг қизил аскари тарбиясида мураккаб вазифа юклатилган “Красная звезда” қийин шароитда чиқяпти. Босмахона харажатларининг мунтазам ошиши, марказдан маблағ келиши тўхташи бизни келажагимиз ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда. Шуни эсда тутишимиз лозимки, қизил армия газетаси ўзини иқтисодий жиҳатдан қоплай олмайди. Газета тиражининг тўртдан уч қисми фронтга бепул тарқатилиши керак”.
Г.Гейлер қизил армияга ёрдам берадиган оталиқ ташкилотлар ишини назорат қиладиган марказий қўмитани газетага кўмак бериш масаласини кун тартибига қўйишга чақиради. Аниқ таклифни илгари суриб, “Красная звезда”га ҳар ойда 6 млрд рубль ёрдам берилиши кераклигини ёзади. “Красный воин” газетасига ҳар ойда 12 млрд ажратилишига урғу бериб, 6 млрд рубль маблағ ёрдамнинг минимум даражаси эканини, бу сумма фронт матбуотига берилиши шартлигини айтади. Муаллиф мақола охирида бу ўта долзарб сиёсий масала эканига эътибор қаратиб, “Туркистон фронтининг сиёсий ва ҳарбий шароитида бизга кундалик газета керак. Ҳозир жуда кам бўлган ададни кўпайтириб, газета мазмунини бойитиш керак. Унинг ишига янги кучларни жалб қилиш лозим. Бунинг учун эса жиддий қўллаб-қувватлаш талаб этилади”, дейди.
Масалага ойдинлик киритиш учун матбуотни оталиққа олиш муаммоси билан қизиқдик. Бунга тарих фанлари номзоди, полковник Ю.Павлов муаллифлигидаги “Халқ ва армия якдил” материалидан жавоб топилди. Муаллифнинг ёзишича, Умумроссия марказий ижроия қўмитасининг 1921 йил 17 ноябридаги қарори билан қизил армияни оталиққа олиш бўйича жамоатчилик ҳаракати қонуний кучга эга бўлган. Армияда бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш учун 1922 йилнинг 6 июлида Республика инқилобий ҳарбий кенгаши ҳузурида Марказий оталиққа олиш комиссияси тузилган.
Ҳарбий фанлар номзоди, профессор А.Витковскийнинг бир мақоласидан ҳам мавзуга доир айрим маълумотларни топдик. Унда, жумладан, ҳарбий оталиқ ишлари – давлат органлари, муниципалитетлар, муассасалар, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, фуқаролар, ҳарбий тузилмаларнинг моддий, маданий, маърифий ва бошқа йўналишда ўзаро ёрдам кўрсатиш фаолияти экани ёзилган (Витковский А. Черноморский флот – форпост России на Черном море / Аналитический вестник Совета Федерации ФС РФ. №13/330. 2007).
Ўрнатилган тартибга мувофиқ, ҳарбий қисмларни коммунистик партия ташкилотлари, марказий ва маҳаллий ижро ҳукумати, ишлаб чиқариш ва хўжалик органлари, шунингдек, завод ва фабрикалар оталиққа олиши мумкин бўлган. Шу асосда қизил армияга, унинг ҳарбий матбуотига ҳомийлик маблағлари ажратилган, қизил аскарларга газета текин тарқатилган.
Оталиққа олиш ва маблағ ажратиш ташкилот ва муассасалар учун мажбурий бўлганми? А.Витковский саволга жавобан бу кўнгилли равишда амалга оширилишини ёзади. Бироқ шундай бўлганида, бу ҳол Абдулла Қодирийнинг аччиқ киноясига сабаб бўлармиди? “Муштум”да шефстволардан зада бўлингани ёзилармиди? Ёки бўлмаса, Гейлер Туркфронтнинг ҳарбий нашрига камида 6 млрд рубль ажратилиши шартлигини айтиб бонг урармиди?
Юқоридагилардан шўроларнинг Туркистонда миллий озодлик ҳаракатига қарши кураш жараёнида ҳарбий матбуотга, оталиққа олиш билан боғлиқ масалага жиддий эътибор қаратгани англашилади. Қизил армияни оталиққа олиш бўйича қўмита ва комиссиялар жамоатчилик ҳаракати сифатида талқин этилса-да, унга ҳукумат таъсири бўлган; ҳарбий матбуотни оталиққа олиш масаласи марказлашган ҳолда назоратга олинган; оталиққа олиш орқали “мажбурий обуна” ташкиллаштирилган; ҳарбий матбуот қизил аскарларни шўро мафкураси руҳида тарбиялашда самарали восита бўлган; ҳарбий газеталар сиёсий буюртма асосида чиқарилган ва аскарларга текин тарқатилган; ҳукмрон мафкура маҳаллий корхона, ташкилот ва ишлаб чиқарувчилар ҳисобига ҳарбий нашрларнинг мунтазам чиқиб туришини маблағ билан таъминлаган.
Мустабид тузум миллий озодлик ҳаракатини жисман, маънан маҳв этишда ҳарбий матбуотдан кучли мафкуравий қурол сифатида фойдаланар экан, кўриб ўтилганидек, “сопини ўзимиздан чиқарган”.
Алижон САФАРОВ,
ЎзЖОКУ кафедра мудири, филология
фанлари бўйича фалсафа доктори
“Tafakkur” журнали, 2022 йил 3-сон.
“Қодирийни малоллантирган масала” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ