Шахсий муҳри бўлган темурий малика


Сақлаш
19:42 / 06.09.2023 696 0

Темурий маликалардан бири Гавҳаршодбегим ўзининг донолиги, тадбиркорлиги, бунёдкорлиги билан тарихга ўз номини муҳрлаган.

 

Гавҳаршодбегим Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзонинг катта хотини эди. У Чиғатой зодагонларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи бўлиб, Чиғатой улусида бу авлод юксак эътибор ва ҳурматга сазовар бўлган.

 

Гавҳаршодбегим (1379–1457) 1393 йилда Шоҳруҳ Мирзо никоҳига кирган. Ундан уч ўғилу икки қиз кўрган. Тўнғич ўғли Улуғбек Мирзо Кўрагон (Муҳаммад Тарағай, 1394–1449), ўртанча ўғли Бойсунғур Мирзо (1397–1433) ва кичик ўғли Муҳаммад Жўки Мирзо (1401–1445)лардир.

 

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Гавҳаршодбегим юксак дид-фаросатли, оқила, тадбиркор, сухандон, бир сўзли – қатъиятли, ҳусн бобида ҳам беназир аёл бўлган.  Шоҳруҳ Мирзо ҳам хотини Гавҳаршодбегимнинг донолигига тан берган, салтанатни бошқаришда оқилона ва тадбирли маслаҳатларига эҳтиёж сезган. Шу боис салтанатга доир кўпгина ишлар маликанинг назар-эътиборига ҳавола қилинган. Салтанат, девон ишларини ўктам ва тадбиркор Гавҳаршодбегим бошқарган.

 

Тарихчи олим Амриддин Бердимуродов ўзининг “Самарқанд тарихидан томчилар” номли мақолалар тўпламида Гавҳаршодбегимнинг ҳатто шахсий муҳрга эга бўлганлигини айтиб ўтадики, бу маликанинг айрим давлат ишларида ўзи шахсий қарор қабул қилиб, унинг ижросини кузатганини, тасдиқлаганини кўрсатади. Муҳр тўқ яшил моҳтобдан, тўқ яшил рангда, (нефритдан) бодомсимон шаклда ясалган бўлиб, сиртига сулс ёзувида арабча хат билан “Гавҳаршодбегим Ғиёсиддин Тархоннинг қизи” деб ёзилган. Маликанинг жуда катта сиёсий кучга эга бўлган мазкур муҳри бугунгача етиб келган, у тош ўймакорлигининг гўзал намунасидир. Бу ноёб ёдгорлик ҳозирда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида CA-13650 рақами остида сақланади.

 

Шоҳруҳ Мирзо даврида Хуросон сиёсий-ижтимоий ва маданий жиҳатдан анча гуркираб ўсди. Мамлакат пойтахти Ҳирот иқтисодий ва маданий юксалишда Шарқнинг энг нуфузли шаҳарларидан бирига айланди. Табиийки, мамлакатнинг юксалишида малика Гавҳаршодбегимнинг ҳиссаси катта бўлган. Бу даврда Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа вилоятларида қурилиш ишлари авж олган эди. Масжиду мадрасалар, хонақоҳ, мақбара, даҳма, мусофирхона, шифохона, равот, кўприк ва сардобалар қурилган.

 

Табиатан ватанпарвар, билимдон ва зукко Гавҳаршодбегим мамлакат равнақи йўлида тинмай ғамхўрлик қилади. Унинг дастурида маданий ва маърифий ҳаёт биринчи ўринда бўлган. Шу боисданми, фарзандлари ҳамда барча набиралари илм-фан мухлислари бўлиб, баъзилари ғазал ҳам битган.

 

Бунёдкорлик табиатига хос бўлган маликанинг фармонига кўра, Машҳаддаги машҳур қадамжо бўлган Имом Ризо қабри ёнида 1418 йилда ғоятда ҳашаматли масжиди жомеъ қурилиши бошланади. Муаррих Абдураззоқ Самарқандий бу қурилиш ҳақида маълумот бериб ўтган.

 

Гавҳаршодбегим Ҳиротдаги кўплаб қурилиш ишларига раҳномалик қилди. Унинг ўзи ҳам бу ерда иккита катта мадраса қурдирган. Ҳиротдаги Гавҳаршодбегим мадрасаси унинг вафотидан сўнг ўз даври учун ҳам, кейинги даврлар учун ҳам турли мутахассислар тайёрловчи илм-маърифат маркази сифатида фаолият олиб борган.

 

Гавҳаршодбегимнинг маърифатпарвар ўлароқ барпо этган мадрасаси, масжиду хонақоҳи меъморий ёдгорлик сифатида ҳозирда ҳам Ҳиротда қад кўтариб турибди.

 

2003 йилда Қобул шаҳрида хотин-қизлар университети фаолият бошлади. Университет Гавҳаршодбегим хотирасига ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида унинг номи билан юритилмоқда.

 

Бугунги кунда толмас маърифатчи, улуғ бунёдкор Мирзо Улуғбекнинг илм-маърифат ҳомийси сифатида тилга олинаётганлиги, у барпо этган мадрасайи олияси Самарқанд давлат университети вориси эканлиги эътироф этилаётганида унинг волидаси Гавҳаршодбегимни ҳам ёдга олиш эзгу ишлардан биридир. Қайсидир маънода Мирзо Улуғбекдаги бунёдкорлик, маърифатпарварлик туйғуси она қонидан ўтганлигини унутмаслик лозим.

 

Мирзо Улуғбек: Онамнинг исмию кўзларигина гавҳар эмас, балки ақли ҳам гавҳар эди” дея қайд қилиб ўтган эди.

 

Тарихда асрлар, йиллар ўтган сайин айрим тарихий воқеалар бироз хира тортиб унутилиши мумкин. Аммо эзгу ишларни амалга оширган, кашфиётлар яратган тарихий шахслар номи мангуликка дахлдор.

 

Бўри ҚОДИРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

 институти бўлим бошлиғи 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//