Адабиёт
Туркийлар илк ва ўрта асрлардаёқ Ўрта Осиё ва унга қўшни ўлкаларда кенг тарқалган. Абу Райҳон Беруний (973–1048) асарларида ҳам туркий элатлар ҳақида кўплаб маълумотлар учрайди. Ўша кезлардаги араб, форс, туркий ва бошқа миллат муаллифларидан фарқли ўлароқ Беруний туркий элатларни яқиндан билган, улар орасида яшаган ва туркий ҳукмдорлар қўл остида илмий фаолият юритган. Шунинг учун у ёзиб қолдирган билгилар ўзининг бирламчи ва ишончлилиги билан ажралиб туради:
Биринчидан, аллома туркийлар тўғрисидаги маълумотларни тўғридан-тўғри ўзи кўриб ёки туркий элатлар вакилларидан эшитиб ёзган;
Иккинчидан, унинг ўзи келиб чиқишига кўра туркий бўлган ёки уларнинг муҳитини яхши билгани учун ўзгача ёндашган, бошқа томондан эса у элатдошлари бўйича форсий, ҳиндий ва ўзга тиллардаги ёзма манбалардан фойдаланиб, уларни ўз тилида қоғозга туширган.
Х аср охирида Ўрта Осиё ва унга қўшни Хуросон Ғазнавийлар, Хоразм Маъмунийлар, Амударё–Сирдарё оралиғи ва унга туташ ўлкалар Сомонийлар, кейинроқ эса Қорахонийлар каби сулолалар бошқаруви остида эди. Берунийнинг асарлари кўпроқ Ғазнавийлар сиёсий ўртамида ёзилган бўлиб, ўша кезларда Ўрта Осиёнинг туб ерли аҳолиси орасида туркий ва шарқий эроний тилли элатлар етакчилик қилишган. Шу билан бирга, Шимолий Ҳиндистон (Покистон, Кашмир) ва Кобулда ҳинд, эроний ва туркийлар йирик элатлар бўлган.
Берунийдан анча олдин – илк ўрта асрларда Ўрта Осиё ва унинг теваракларида шарқий эроний элатлар билан бирга туркийлар ҳам яшагани ҳақидаги тарихий билгилар хитой, суғдий, эски туркча, арман, сурёний, юнон, паҳлавий (ўрта форс) ва араб тилидаги ёзма манбалар орқали бугунгача етиб келган. Бироқ бу ва бундан анча олдинги илк ўрта асрларга тегишли турли тиллардаги ёзма манбалар Ўрта Осиё ва унга туташ ўлкаларнинг қаерларида туркийларнинг салмоғи қандай бўлгани, уларнинг сони қайси ўлкаларда кўпроқ ёки тескариси экани, ялпи олганда, туркийларнинг тарқалиш географиясининг кўлами тўғрисида тўлақонли тушунча бера олмайди.
Беруний битикларига таянилса, туркий элатлар яшаган ўлкалар қуйидагича эди:
Кунчиқарда Шимолий Хитой ва Мўғулистон кенгликларидан бошланувчи туркий ўлкалар кунботарда Рум (Византия), Шарқий Европагача ёйилган эди. Беруний кунчиқардаги турк ўлкаларига тегишли Ўтукан (Ўрхун водийси, Мўғулистон) тўғрисида ёзиб, Моҳо-Чин (Буюк Хитой) кунботаридаги ўлкаларни “Шарқий турклар ери” деб тилга олади. Бу ер кўпроқ бугунги Шарқий Туркистон, Олтой ва Мўғулистон ҳудудига тўғри келади. Туркларнинг Рум ва Фаранг (Европа)га туташ ерларини эса Хазар, Булғор ва Сувор ўлкалари, дея кўрсатади. Бу манзиллар бугунги Доғистон, Қора денгизнинг шимоли, Каспий ва Волга бўйи оралиғидаги ерларни ўз ичига олади;
Беруний туркийларнинг кунгай – жануб ва жануби-ғарб томонлардаги ёйилишини Хуросон билан чегаралаб, “Маздурон – Марз-и Турон “Туркларнинг чегараси” дейишади” деб ёзади (Беруний 1973, V: 466). Шу билан бирга у Хоразм ва унга қўшни ўлкаларда, Хуросон ва Каспий бўйи оралиғи аҳолисининг кўчманчи элатларидан бирини “ўғуз турклари” дея атайди. Беруний туркийларнинг шимол – терскайдаги ерларини еттинчи иқлимда кўрсатиб, Волга ва Урал бўйларини, шунингдек, Ғарбий Сибирдаги Кимак ўлкасини эслатиб ўтади. Унга кўра Кимак ўлкасидаги кўл (чамаси, Балхаш кўли)ни деб ўғуз турклари бу ерга топинадилар (Беруний. 1968, I: 308).
Беруний яшаган кезларда Амударё–Сирдарё оралиғи ва унга туташ ўлкаларда ислом маданияти кенг ёйилган, бу ерларда араб тили илмий тил, форсий ва туркий тиллар эса кўпроқ сўзлашув тили бўлган. Мазкур ўлкаларнинг йирик шаҳарларида форсий тил анча кенг ёйилган бўлса-да, Амударё ва Сирдарё оралиғида туркийларнинг ўрни ҳам бўлакча бўлганини Беруний келтирган қуйидаги билгилар кўрсатиб турибди:
“Кўрмайсанми, тош сўзи (асли) туркча исм бўлиб, Шош шаклини олган. Тошканд – тошли қишлоқ демакдир. Жуғрофия асарида у Бурж ал-Ҳижора (Тош қалъа) деб номланган” (Беруний. 1965, II: 232); “Бинкет – Шошнинг пойтахти, туркчаси Тошканддир” (Беруний. 1973, V: 471); “Самарқанд – туркчаси эса Семизкенд, яъни “семиз, бўлиқ/унумдор” шаҳар маъносидадир” (Беруний 1973, V: 471).
Шимолдаги ерлари Жанубий Сибир, Урал – Волгабўйидан бошланган туркийлар жанубда Тибет, Кашмир ва Кобул оралиғидаги йирик элатлардан бири эди.
Беруний кўпинча ўз кўзи билан кўрган ўлкалар тўғрисида тўлақонлироқ билги бериб, уларнинг тили, табиати, чегараларига тўхталади. Айниқса, у Кобул ва ҳинд ерларида бўлганда ўша ерлик туркийлар билан яқиндан танишгани ҳақида тўхталиб ўтади. Беруний Кобулнинг исломдан олдинги бошқарувчиларини “келиб чиқиши турклардан эди” деб тилга олган (Беруний. 1965, II: 311-312), бугунги кунда аниқланган археологик топилмалар, айниқса, танга-пуллар аллома ёзиб қолдирган ушбу билгиларнинг тўғри эканини кўрсатмоқда (Babayarov, Kubatin. 2013: 109–120). Шу ўринда илк ўрта асрларда Ҳиндистонда яшаган турклар тўғрисида сўз борар экан, Беруний ўзининг “Ҳиндистон” асарида келтирган ва ўша чоғларда Пешавор (Покистон)да оғиздан-оғизга ўтиб келган маълумотларга юзланамиз:
Ҳиндларнинг Кобулда турклардан подшоҳлари бўлган, аслида улар тибетликлар эди, дейишади. Улардан биринчи бўлиб келган Барҳа-тегиндир. У ҳеч ким киролмаган бир ғорга чалқанча ётиб, сурилиб кирган. Ғорнинг ичида сув бор бўлиб, Барҳа-тегин бир неча кунга етадиган таомни ҳам шу жойда ғамлаган (Бу ғор ҳозир ҳам бор ва у Вар деб аталади.). Барҳа-текин бир неча кундан кейин, одамлар тўпланиб турган чоғда, ғордан онадан янги туғилгандек бўлиб чиқиб келади ва уни ҳамма кўради. У туркларга ўхшаб эгнига тўн, бошига дўппи, оёғига махси кийган, яроғ тақиб олган эди. Барҳа-текин бир ихтирочи ва подшога кўрсатиладиган таъзимга сазовор бўлади. Кейин ўша ерларни маҳв этиб, ўзини Кобул шоҳи деб атайди. Подшолик анча вақтгача, олтмиш йиллар чамаси унинг авлодлари қўлида бўлган (Беруний. 1965, II: 311-312).
Бундан кўринадики, Беруний Кобул ва Ҳиндистонга борган кезлар бу ерларда Ғазнавийлар бошқаруви ёйилибгина қолмай, ерли элатлар орасида туркийларнинг довруғи ҳақида турли оғзаки риявоятлар сақланиб қолган эди.
Берунийнинг ўз кўзи билан кўриб, тўғридан-тўғри муносабатда бўлган элатлари қуйидагилар бўлган: эроний тилли элатлар (суғдийлар, форслар, эски хоразмликлар ва б.), туркийлар (мусулмон ва мусулмон бўлмаган туркийлар – кўпроқ ўғузлар, чигил-қарлуқ турклари), араблар, ҳиндлар.
Шу билан бирга, Беруний кезиб чиққан ўлкалар – Ўрта Осиё, Эрон, бугунги афғон ҳудуди, Ҳинд ўлкаси ва бошқа ерларда турли тилларда сўзлашувчилар бўлиб, улар орасида юнон, яҳудий, арман, сақлаб (славян), тибет, ҳиндистонлик турли-туман элатлар яшаган. Беруний асарларида тилга олинган Қора денгизнинг шимоли ва Волгабўйи оралиғида ҳаёт кечирган хазар/сувор ва булғорлар билан бирга Олтой, Сибир, Ўтукан ўлкаси (Мўғулистон) ва Хитой ўртасидаги юксак тоғлар ва кенг яйловларда яшаганлар тўғрисидаги маълумотлар қисқа, аллома уларнинг тили ва эътиқодини тўлақонли ёритмаган. Беруний улар орасида бўлгани ёки бўлмаганини аниқлаш қийин, айрим маълумотларга таяниб, уни Ўрта Осиёдан бирмунча узоқда яшаган туркийлар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлган дея оламиз. Масалан, “Осор ул-боқийа” (“Ўтмишдан қолган ёдгорликлар) асарида ёзганларидан “Шарқ турклари”, яъни Шарқий Туркистон, Олтой, Ўрхун ўлкаси ва Шимолий Хитойда яшаган туркий элатларнинг моний эътиқодида бўлгани англашилади:
“Моний даъватини қабул этганларнинг унга мансуб қолдиқлари бўлиб, уларнинг Самарқанддаги машҳур собийлар гуруҳидан бошқаси ислом шаҳарларининг бирон жойида жам бўлишлари мумкин бўлмайдиган даражада тарқалиб кетганлар. Ислом мамлакатидан ташқарида эса шарқ туркларининг, Хитой, Тибат аҳолисининг кўпчилиги, ҳиндларнинг айримлари Моний инончи ва мазҳабидалар” (Беруний. 1968, I: 243).
Беруний асарларига таяниб, туркийлар тарқалган ўлкаларнинг чегараларини қуйидагича белгилаймиз:
Кунчиқарда Шимолий Хитой ва Мўғулистон кенгликларидан бошланувчи туркий ўлкалар кунботарда Рум (Византия), Шарқий Европагача ёйилган эди;
Шимолда Жанубий Сибир, Урал – Волгабўйидан бошланган туркийлар жанубда Кашмир, Кобул ва Хуросон оралиғидаги йирик элатлардан бири эди (Babayar. 2011: 313-321).
Ўлкаларнинг ўрнини белгилашда кўпинча тоғларга эътибор қаратган Беруний томонидан “Ҳиндистон” асарида келтириб ўтилган қуйидаги маълумотлардан “Турк ўлкаси” Тибет ва Кобул орасида бўлгани англашилади:
“Ундан кейин Ернинг одамлар яшайдиган шу қисмидаги туташ юксак тоғларни тасаввур қил. Улар одамлар яшайдиган шу қисм энининг ўртасида орқа умуртқаларига ўхшаб шарқдан ғарбга томон чўзилиб ётадилар. У тоғлар: Чин (Хитой), Тибат, Турк, кейин Кобул, Бадахшон, Таҳористон, Бомиён, Ғур, Хуросон, Жабал (Мидия), Озарбойжон, Арман, Рум, Франк ва Жалолиқа деб аталадиган мамлакатларидан ўтади” (Беруний. 1965, II: 259).
Беруний кўрсатиб ўтган ушбу “Турк ўлкаси” Ҳиндистонга яқин ерлар – Помир-Олой, Қорақурум, Ҳиндикуш тоғлари оралиғига тўғри келади. Шунингдек, туркийлар яшайдиган ўлкалардаги Тангритоғ (Тянь-Шань) ва Олтой тоғлари теварагидан ҳам яхши хабардор бўлган Беруний (Джуманиязова. 2015: 87–89; Бобоёров. 2021: 81–93) шу ҳудудлардаги туркийларга тегишли ерларни ҳам эслаб ўтган.
Беруний “Турк ўлкаси” деб кўрсатган Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбидаги ерлар, айниқса, Кашмир ва унинг теварагида туркийлар кўп бўлган. Қўйида маълумот келтирамиз:
“Кашмир – атрофи чиқиб бўлмайдиган юксак тоғлар билан ўралган чўлликда жойлашган. Кашмирнинг жануб ва шарқ томонида ҳиндлар, ғарб томонида бир қанча подшоҳлар бўлиб, у подшоҳларнинг энг яқини Балуршоҳ, кейин Шуғноншоҳ ва то Бадахшон чегараларигача борган Ваҳоншоҳдир. Унинг шимоли ва шарқ томонининг айрим қисмида Хўтан ва Тибат туркларига тегишли ерлар бор” (Беруний. 1965, II: 164).
Демак, Помир-Бадахшон ва Ҳиндикуш тоғлари оралиғида жойлашган бўлиб, у бугунги Афғонистоннинг Нуристон (Кофиристон) ўлкасининг кунчиқаридаги Болор, Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги Шуғнон, Вохон каби тоғли ўлкаларга тўғри келади ва бу манзилда турли элатлар яшаган (Абаева. 1975: 158–168). Хўтан ва Тибетда яшайдиган турклар уларга қўшни бўлган. Қизиғи шундаки, Беруний “Хўтан ва Тибет турклари” деганда Помир ва Ҳиндикуш тоғларига яқин ҳудудларда яшаган туркийларни кўзда тутган бўлиб, бу ҳудуднинг кунботари Кашмир ўлкасига туташ эди. “Хўтан турклари” Шарқий Туркистоннинг жануб томонида – Хўтан ўлкасининг ҳудудида бўлиб, улар яшайдиган кўплаб қишлоқлар жануб томондан Тибет тоғларига туташиб кетганди. “Тибет турклари” эса Тибет тоғларининг шимолий ёнбағирларида яшаб, улар Кашмир ўлкасининг бир неча шаҳар ва қишлоқларида ҳам тураржойларига эга эдилар. Туркийларнинг бу тупроқларда тарқалиши анча узоқ юзйилликларга бориб тақалиб, чамаси, Хун салтанати (мил. олд. II – мил. III юзй.) даврида айрим прототурк элатларнинг жанубга силжиши ҳамда Эфталийлар (450–565) ва Турк ҳоқонлиги (552–744) бошқаруви вақтида туркийларнинг Кашмир, Кобул ва Шимолий Ҳиндистон (Покистон)ни эгаллашлари билан боғлиқ.
Беруний келтириб ўтган қуйидаги маълумотлар ушбу қарашларимизни мустаҳкамлайди:
“Синд суви эса турк мамлакати чегарасидаги Унанг тоғларидан чиқади. Бу ерни турклар чегараси дейишнинг сабаби шуки, мамлакатга сув кириб, тармоқланадиган ердан саҳрога қараб юрганингда Бўлур ва Шамилон тоғлари чап томонингда қолиб, икки кунлик масофада Бҳаттаварён деб аталадиган турклар яшайдилар. Подшоҳлари Бҳатта, шаҳарлари эса Гилгит, Асвира, Шилтас, тиллари эса туркчадир. Улар Кашмирни талон-тарож қилиб турадилар” (Беруний 1965, II: 265).
Бундан кўринадики, Беруний яшаган чоғларда Кашмир ўлкасининг бир қисмида туркийлар кенг тарқалган элат бўлиб, улар ўлканинг Гилгит, Асвира, Шилтас каби шаҳарларида кўпчилик эди. Бу ердаги турклар ўз она тилларида сўзлашиб, уларнинг бир бўлаги “Бҳаттаварён турклари” деб аталган. Қизиғи шундаки, бугунги кунгача ўзбекларнинг “турк” уруғлари бирлашмасига кирувчи бир уруғнинг номи “Маҳаттари турклар” деб аталиб, уларнинг изи Беруний келтириб ўтган Кашмир теварагидаги “Бҳаттаварён турклар” мисолида сақланиб қолган (Кармышева. 1976: 77, 174, 176). Ҳам ушбу этник атамалар орасидаги ўхшашлик, ҳам ўзбекларнинг турк уруғининг айрим тармоқлари узоқ асрлардан сўнгги ўрта асрларгача Бадахшон, Кобул ва Кашмир томонлардаги элатдошлари билан ўзаро борди-келди қилиб турганини кўзда тутадиган бўлсак, бу қараш ўзини оқлайди.
Кашмир теграсида яшаган турклар бўйича янада тўлиқроқ тушунчаларга эга бўлиш учун Берунийнинг қуйидаги қайдларига юзланамиз:
“Энди ҳинд ери чегарасини тоғлар ўраб турганини тасаввур қилишимиз керак. Шимол томондан қорли Ҳимованд тоғлари туради. Ўртада Кашмир мамлакати бўлиб, у турк ерига туташади” (Беруний. 1965, II: 204).
Беруний ҳинд шаҳарларини санаб ўтар экан, қандай шаҳарларда қайси элатлар яшаши ва уларнинг кўринишларига урғу беради.
“Комбужа, Синдху, Саувера, яъни Мўлтон ва Жаҳровар, Вадавомукҳа, Оравонбаштҳа, Капила, Порашава – одамлари форсийдирлар; Шудра, Барбара, Қирота, Қҳанда, Кравья, Обхера, Чанчука, Ҳемагири, Синдҳу, Колака, Райватака, Суроштра, Бодара, Драмида, Махарнава Наримукҳа, яъни эркаклари хотин юзли, булар – турклардир; Онарта, Пҳенагири, Явана, яъни юнонлар” (Беруний. 1965, II: 234).
Бу маълумотлардан Ҳинд ўлкасида ҳиндлардан кўра бошқа элатлар яшаган шаҳарлар кўпроқ бўлгани, айримларида форсий тиллилар, айримларида туркийлар ва кичик бир бўлагида юнонлар яшаганини билиш мумкин. Бошқа томондан эса ушбу маълумотларни қандай келтирилган бўлса, шундайлигича тушунмаслик керакка ўхшайди. Бизнингча, Беруний ушбу қайдларни ҳиндлардан эшитган ва шу йўсинда келтирган, чамаси. Беруний Ҳиндистонга боришидан анча олдин – милоддан олдинги IV–II асрларда ҳинд ерларида юнонлар бошқаруви – Александр Македонский ва унинг издошлари, милодий илк мингйилликнинг ўрталарида форсий – Сосонийлар ҳамда туркийлар – Эфталийлар ва Турк ҳоқонлиги бошқаруви ўрнатилган эди. Бу эса ҳинд шаҳарларида ҳукмдор элатларнинг сиёсий ва этномаданий таъсирини орттирган бўлиб, айни ҳол анча вақтгача сақланиб қолган кўринади. Далил қилиб Берунийнинг Порашава ва Яванани атамасини ҳам шаҳар номи сифатида келтирганини кўрсатиш мумкин. Бизнингча, “Порашава” сўзи бирор шаҳар оти бўлмай, – “форсий”, “Явана” эса “юнон” демакдир.
Демак, бундан деярли 1000 йил илгари, Беруний яшаган кезларда Қора денгизнинг шимоли-шарқидан Волгабўйигача, кунчиқарда – Еттисув, Шарқий Туркистон ва Олтой – Ўрхун ўлкалари, шимолда Сибир, жанубда эса Хуросон, бугунги афғон ерлари, Шимолий Ҳиндистон (Кашмир, Гандхара – Панжоб водийси/Покистон) ҳудудлари туркийлар қўл остида бўлган. Ўша чоғларда Ўрта Осиёнинг йирик қисми – Амударё ва Сирдарё оралиғи ҳамда унга туташ кенгликларда Сомонийлар (тугаши – 999 й.), бирмунча кейин эса Ғарбий Қорахонийлар (Сомонийлар ўрнини эгаллаши – 997–999 й.), Эрон ва Амударёнинг кунгай томонлари – Балх, Кобул, Қандахор ва унинг атрофларида Ғазнавийлар ҳукмронлик қиларди. Берунийнинг асосий фаолияти Ғазнавийлар юрт тепасида бўлган вақтга тўғри келишини тарихий манбалардан биламиз, Қорахонийлар сулоласи билан боғлиқлиги аниқ эмас.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Беруний яшаган кезларда Ўрта Осиёда туркийлар бошқаруви тўлақонли илдиз отмаган, энди-энди куртак ёя бошлаган эди. Ўрта Осиёда Турк ҳоқонлиги (552–744) ўрнини араблар эгаллагач, Ғазнавийлар ва Қорахонийларгача йирик туркий бошқарув ўрнатилмаган. Шунга қарамай, аллома яшаган X аср охири ва XI аср бошларида туркийларнинг бунчалик кенг ҳудудларга ёйилгани, айниқса, уларнинг Кашмир, Кобул ва Тибет орасида етакчи элатга айланишининг сабаби бу манзилларга туркийлар анча илгари кўчиб бориб ўрнашгани билан боғлиқ. Туркийларнинг ушбу ўлкаларда кенг тарқалиши милод бошларида Осиё Хун салтанати (мил. олд. II – мил. III юзй.), илк ўрта асрларда эса Эфталийлар (450–565) ва Турк ҳоқонлиги (552–744) бошқаруви чоғларида юз берган бўлиб, Ғазнавийлар (977–1163), Деҳли турк султонлари (1206–1526), Темурийлар ва Бобурийлар (1526–1858) даврида янада кенгайган.
Ғайбулла БОБОЁРОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
Феруза ЖУМАНИЯЗОВА,
тарих фанлари номзоди
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ