Адабиёт
1917 йил давлат тўнтариши йўли билан ҳокимиятни қўлга олган большевиклар ўз олдига жаҳон тарихида илк бор пролетар давлатини яратиш вазифасини қўйди. Йўқсиллар доҳийси Ленин томонидан илгари сурилган “ғоя” қанчалик хаёлий ва ғайриилмий бўлса, уни рўёбга чиқариш жараёни ҳам шунчалик шафқатсиз ва ғайриқонуний тарзда амалга оширилди. Шўролар мамлакат марказида вужудга келган оғир вазиятда сиёсий найранглар, алдов ва террор воситасида ҳокимиятни қўлга киритган бўлса, чекка ўлкаларда “пролетар инқилоби”ни қурол кучи ёрдамида, қонхўрликлар эвазига жорий этди. Узоқ муддатли ва ғаразли режа асосида қизил империя бошқарув тизимини ишлаб чиқди. Унга кўра, Шўро ҳукумати миллий республикаларни мустабид тузум исканжасида мустаҳкам ушлаб туриши учун, энг аввало, “социализм” ниқобига янги мустамлакачилик сиёсатини яшириши, унинг ошкор бўлиб қолишига йўл қўймаслиги зарур эди. Бунинг учун большевиклар партияси ҳар бир тарихий босқич, вазиятда шароит ва асосий мақсаддан келиб чиқиб миллий сиёсат йўналиши моҳиятини ўзгартириб борди.
Масалан, 1917–1924 йиллар давомида партия миллий сиёсатининг асосий негизи бўлган “миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи”нинг кун тартибига қўйилиши ва унинг большевиклар “андозаси” асосида амалга оширилиши натижасида сунъий равишда миллий республикалар ташкил қилинди. 1925 йилдан бошлаб миллий сиёсатнинг асосий йўналиши ва мақсади миллатларнинг амалдаги тенгсизлигини тугатишга қаратилган бўлиб, бунинг учун “миллий республикаларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий қолоқлигига барҳам бериш” вазифаси қўйилди. Мазкур вазифани амалга ошириш жараёнида давлат қурилиши ишларига маҳаллий миллат кишиларини кенг жалб қилиш, давлат аппаратини “маҳаллийлаштириш”га муҳим аҳамият берилди. Республика аҳолисининг 1% дан кўпроғини ташкил этувчи коммунистлар советларда, айниқса, Олий Кенгаш, вилоят, шаҳар ва туман кенгашларида аксарият ўринларни эгаллади. Раҳбар органлар одатда фақат коммунистлардан таркибланарди. Янги иқтисодий сиёсатга чек қўйилиши жараёнида маъмурий-буйруқбозлик тизими ва шахсга сиғиниш қарор топиб борди. Советлар таркиби ва раҳбарияти, айниқса республика сиёсатини белгиловчи поғонасидаги ўринларнинг аксарият қисми партия-совет аппарати, партия-совет амалдорлари қўлига ўтди. Меҳнаткашларнинг энг оммавий ташкилотлари – касаба уюшмалари ҳам, деҳқонларини ғоявий жиҳатдан бирлаштирган “Қўшчи” иттифоқи ҳам мутлақ ҳукмрон коммунистик партиянинг “дастёрига” айланиб қолди. Мустабид тузум ёшларни коммунистик жамият солдатларига айлантиришда коммунистик ёшлар иттифоқи (комсомол)ни ташкил этди. Мамлакатда маъмурий-буйруқбозлик тизими қарор топиб мустаҳкамланиб бориши билан бир қаторда республиканинг бутун ижтимоий-сиёсий ҳаёти муттасил сиёсийлаштирилиб ва байналминаллаштирилиб борилди. Шуниси характерлики, “номенклатура”дан ташкил топган давлат ҳокимияти аппарати секин-аста бюрократлаша борди, халқдан тобора узоқлашиб, коммунистик режимга жон-жаҳди билан хизмат қилди. Шу тариқа, “омма инқилобий ижоди”нинг органи бўлган советлар партия қўмиталарининг бутунлай таъсирига олиниб, уларнинг “қўғирчоғи”га айланиб борди. Натижада советлар амалда ўз мустақиллигини йўқотди, советлар партия билан омма ўртасидаги “алоқа воситаси”га, партия қарорларининг оддий ижрочисига айланди. Албатта, бу жараён ўз-ўзидан содир бўлмаган, Сталин шахсий ҳокимиятини мутлақлаштириш мақсадида амалга оширган қатағон сиёсати ва унинг раҳбарлигида Шўро жазо органлари ВЧК-ГПУ-ОГПУ жаллодларининг миллионлаб инсонлар тақдирига нисбатан эълон қилинмаган шафқатсиз уруши эвазига амалга оширилди.
Коммунистик партия ўрнатган ана шу мустабид тузум ва у амалга оширган “социалистик тажриба”ни маҳаллий халқлар, аввало, унинг илғор вакиллари зўр норозилик билан кутиб олдилар. Улар Марказнинг зўравонлигига қарши очиқ танқидий фикрлар билдирди, халқнинг миллий маданиятини, анъаналари ва урф-одатларини, кўп асрлик маънавий меросини сақлаб қолишга интилдилар. Совет иттифоқини ошкора равишда “қизил империя” деб атади. Ўзбекистонда “социалистик ислоҳотлар”ни республиканинг муайян тарихий ва миллий-маиший шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилиши учун курашди. Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ва бошқа сиёсий етакчилар ҳам ўз фаолияти давомида шўроларнинг Чор империяси мустамлакачилик сиёсатини давом эттираётганлигини англаб етганлар ва унга имконлари даражасида қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилганлар. Бироқ мустабид тузум бошқача фикрлашга мутлақо тоқат қилолмасди. 20-йилларнинг иккинчи ярми – 30-йиллар мавжуд тузумга мухолифатда турганларга қарши кенг қатағонлар ўтказиш даври бўлди. Республиканинг ватанпарварлик кайфиятидаги раҳбар ходимларини бирлаштирган “ғайрипартиявий” гуруҳлар (“18лар гуруҳи”, “Иноғомовчилик”, “Қосимовчилик”) бирин-кетин “фош этилди”. Умуман, бу ўйлаб топилган “жиноий қилмиш”ларнинг барчаси маҳаллий ҳукуматнинг иродасини синдириш ва уни Марказ буйруқларини сўзсиз ижро этишга хизмат қилувчи машина сифатида шакллантиришни кўзда тутган эди. Бу сиёсатнинг очиқ-ойдин эмас, аксинча, турли баҳоналар орқали яширин олиб борилишидан мақсад эса халқнинг меҳнаткашлардан иборат катта қисмининг кўзини бўяш бўлган. Шу шароитда мамлакатда қўрқув муҳити қарор топиб, маъмурий-буйруқбозлик тизимига шароит яратиб борилди.
Мазкур қатағон сиёсий кампанияларининг энг машъуми ва кульминацияси, шубҳасиз, “Қосимовчилик иши” ҳисобланади. Афсуски, “Қосимовчилик иши” ва Саъдулла Қосимов фаолиятига ҳали ҳамон на тарихчилар ва на сиёсатшунослар томонидан аниқ жавоб, баҳо берилган эмас. Ҳатто Саъдулла Қосимов “иши” қайта кўрилмаган ҳам, аниқроқ айтсак, оқланмаган. Шу ўринда мазкур мақолага тайёргарлик жараёнида айрим ҳужжатларни қайта титкилашга тўғри келди. Архивларда эса шу вақтгача олимлар томонидан тадқиқотга тортилмаган жуда катта ҳужжатлар мавжуд эканлиги аниқланди.
Саъдулла Қосимов 1924 йил декабрдан Тошкент вилоят суд раиси ўринбосари, 1925 йил март ойидан Тошкент вилоят суди раиси бўлди. У вилоят судида ҳамкасблари Иса Муҳаммедов, Мансурхўжаев, Атабаев, прокурорлар Қурбонов, Абдурашитовлар билан қисқа муддатда улкан ишларни амалга оширади. Саъдулла Қосимов халқнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва қонунийликни таъминлашда кекса шариат қозилари тажрибаларидан унумли фойдаланади. Иш фаолиятида Чор империяси суд амалиётида иштирок этган илк ўзбек ҳуқуқшунослари Убайдулла Хўжаев, Тошпўлотбек Норбўтабековлар унга устозлик қилади. Жумладан, 1925 йил 9 декабрь куни Саъдулла Қосимов раислигида Тошкент вилоят суди пленар мажлисида 1926 йил 5 январда 1-Тошкент вилоят суд ишчилари конференциясини ўтказиш бўйича қарор қилинади. Унда Убайдулла Хўжаевнинг “Вилоят суди ва юридик курслар фаолияти”, Тошпўлотбек Норбўтабековнинг “Жойларда ҳуқуқий ёрдам ҳолати”, шунингдек, “Суд ишчилари орасидаги аёллар фаолияти”, “Никоҳ қонунчилиги лойиҳаси” каби мавзуларда маърузалар тингланиши белгилаб олинди[1].
Саъдулла Қосимов 1925 йил декабрдан (25 ёшида) ЎзССР МИК Президиумининг қарори асосида ЎзССР Олий суди раиси бўлиб иш бошлади. У ЎзССР Олий суди раиси сифатида ҳали Самарқандда, ҳали Андижонда, ҳали Қашқадарёда, ҳали Бухорода бўлар, ҳар бир ишни диққат билан ўрганиб, ҳалол, адолатли ва холис ечимга келарди. Саъдулла Қосимов виждон қонунини пролетар қонунлардан юз бор устун қўярди. Бу эса пролетар диктатураси қонунларига зид эди.
Саъдулла Қосимов шижоатли, ҳуқуқшунос сифатида ҳақиқий истеъдод соҳиби эди. У ҳамиша амалиётни илм билан уйғун ривожлантиришга интилди. Унинг ташаббуси билан 1928 йил 5 март куни Самарқанд шаҳридаги Олий Суд биноси залида Ўзбекистон юстиция ишчиларининг 1-Республика съездини ўтказишга қарор қилинди. Шу муносабат ила 1928 йил 14–19 февраль кунлари ЎзССР Адлия халқ комиссарлиги прокурори Аҳмадбек Мавлонбеков СССР Олий раҳбариятига, жумладан РСФСР Адлия халқ комиссари Янсонга, унинг ўринбосари Криленко ва СССР Олий Суди прокурори Красиковларга таклифнома йўллайди[2]. Иттифоқнинг бош ҳуқуқшуноси бўлмиш Янсонга “Ўйлаймизки, мазкур Съезд Республикамизда Юстиция идораларининг фаолиятини яхшилашга янги турткилар беради. Умид қиламизки, Сиз бизнинг Съездимизда иштирок этасиз. Салом билан: А.Мавлонбеков” деб мурожаат этади. Съезд кун тартибида биринчи маъруза ЎзССР прокурори Аҳмадбек Мавлонбековнинг “Адлия халқ комиссарлиги иши ва инқилобий қонунчилик амалиёти ҳақида” бўлса, учинчи маъруза ЎзССР Олий суди раиси Саъдулла Қосимовнинг “Жиноят ва суд сиёсатининг бошланғич асослари ҳақида” эди. Шунингдек, анжуманда “Суд-тергов аппаратини рационаллаштириш ҳақида”, “Юстиция идораларида ижтимоий-сиёсий иш”, “Жиноят-процессуал Кодексининг янги лойиҳаси ҳақида” каби ўта жиддий мавзулардаги маърузалар тингланиши режалаштирилгани таъкидланди. ЎзССР ОГПУ раҳбари, ўринбосарлари ва округ бўлимлари бошлиқларини ҳам тадбирга таклиф этиб, улардан съезд иштирокчиларини қисқа муддатда ётоқ билан таъминлашда кўмаклашишни сўрайди. Айни пайтда Тожикистондаги ва бошқа иттифоқдош республикалардаги ҳамкасбларини ҳам чорлайди. Махсус хат билан “Қизил Ўзбекистон”, “Правда” каби газеталардан жараённи кенг тарғиб ва ташвиқ этиш сўралди.
Қурултой ўзига хос ҳашамат, юксак ташкилий интизом ва баҳс-мунозаралар остида қизғин руҳда ўтди. Тантанали очилишдан сўнг 7 март куни илк маърузани Аҳмадбек Мавлонбеков ўқиди. У фикрини шўро анъаналарига мос баландпарвоз гаплар билан эмас, жонли мисоллар асосида таҳлил қилиб берди. Давлатнинг мустаҳкамлиги унинг адолат тамойилларига нақадар асосланганига боғлиқлигига урғу берди. Мавжуд вазиятни қатъий танқид остига олиб, ҳар бир жабҳада қонунийликка амал қилишда малакали ва маълумотли ходимларни кўпайтириш зарурлигига тўхталди. ЎзССР Олий суди раиси Саъдулла Қосимов маърузаси ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ҳозирда тадбирнинг тўлиқ тафсилотлари акс этган ҳужжатлар қўлимизда мавжуд эмас, албатта. Ҳатто маърузаларнинг матни ҳам кейинчалик йўқ қилинган кўринади. Боиси, ўша вақтда ўзини Ўрта Осиёнинг норасмий эгаси деб билган Средазбюро раҳбарлари анжуманда ёш ўзбек ҳуқуқшуносларининг ташаббусларини кўриб талвасага тушиб қолади. Имкон қадар тадбирнинг аҳамиятини пасайтириб кўрсатишга, шўро матбуотида ёритмасликка ҳаракат қилди. Аксинча, Марказга съезд ҳақида турли хил бўҳтонли ахборотлар йўлланди.
1928 йил 20 июнь санаси билан ЎзССР Олий Суди раиси Саъдулла Қосимовнинг Самарқанд съездидаги ЖПК ислоҳоти ҳақидаги саволларга жавоб беришларини сўраб Москвага мурожаат этиши вазиятни янада оловлантириб юборади. Жумладан, мурожаатда қурултойда кўтарилган Тергов аппаратини тўлиқ прокуратура назоратига ўтказиш, туман судларида тайинлов мажлисларини бекор қилиш каби масалаларнинг жавобини талаб қилади. Фақат талаб қилмасдан саволларнинг моҳиятини англатади ва маълум бир ечимларни ҳам таклиф этади. Бу мурожаат аслида суд-ҳуқуқ тизимида қонунийлик ва адолатни ўрнатиш учун прокурор ва судларга кенгроқ имконият бериш ва шу орқали ГПУнинг кундан кунга авж олдираётган қонунсиз қийноқ-қатағонларига чек қўйишга қаратилган эди. Буни англаган Марказ шу вақтдан Саъдулла Қосимовга қарши эълон қилмай уруш бошлайди.
1929 йил бошларида Марказ Саъдулла Қосимовнинг устидан миллатчилик ва порахўрликда шикоят тушган, деган баҳона билан унинг меҳнат фаолияти устидан текшириш белгилайди. Шу мақсадда Москвадан Растопчин, Корнилов (ОГПУ)лар ҳамда маҳаллий вакил Аҳмадбек Мавлонбековлардан иборат комиссия тузилади. Комиссия 1929 йил 3 март куни С.Қосимовни ўз вазифасидан расман озод қилиб, қамоққа олади. Уч ой давом этган текшириш ва терговларда бирорта айблов ўз исботини топмайди. Натижада Саъдулла Қосимов озодликка чиқиб, ҳатто ўз ишига тикланишга эришади. Комиссия Москвага бориши билан жиддий танқидга учрайди. Улар учун ҳақиқат эмас, ҳар қандай ҳолда ўзининг сиёсатига қарши чиққан С.Қосимов маҳв этилиши керак эди.
Тез орада Аҳмадбек Мавлонбеков ҳам сирли равишда ўлим топди. Шўро матбуоти “Қосимовчилик” иши ҳақида деярли ҳар куни бир-биридан воҳимали буюртма мақолалар босиб халқни ҳадик ва қўрқув исканжасида тутишга интилади. Бу сохта кампанияга нафақат оддий журналистлар, турли соҳа ходимлари, оддий ишчи-деҳқонлардан тортиб, адабиёт, фан ва сиёсат арбобларигача жалб этилди. Жумладан, Ўзбекистон Коммунистик партияси биринчи котиби вазифасида ишлаган Акмал Икромов ўзининг Самарқанддаги “Қосимовчилик” ишига бағишланган маърузасида шўроларнинг давлат аппаратини “миллийлаштириш” борасида амалга оширилаётган сиёсатнинг мақсадга нисбатан тескари эканлигига эътибор қаратиб: “...Мен сизга бир неча рақамларни мисол келтираман: сиз биласизки, 1930 йилнинг сентябрь ойигача баъзи биринчи навбатдаги идораларнинг ўзи аппаратларини 100 фоиз ўзбеклаштириб, ўзбек тилида ишлашлари тўғрисида Марказий қўмита Ўрта Осиё бюроси, Ўзбекистон КП(б) марказий қўмитасининг қарори ва Ўзбекистон марказий ижроқўми билан халқ камиссарлари шўросининг декрети чиққан эди. Бу қарорни чиқарганимиздан икки йил ўткандан кейин мана шундай натижа ҳосил бўлди: 1928 йилнинг март ойида 23,5 фоиз ўзбеклаштирилган бўлса, 100 фоиз ўзбеклаштирилиши лозим бўлган бир вақтда 22,6 фоиз ўзбеклаштирилган, яъни ўзбеклаштириш 0,9 фоизга камайган. Партия ва ҳукумат қарорига мувофиқ идора ишларининг икки тилда олиб борилиши лозим, мен (европалик – муаллиф) мутахассислар ўлтирган савдо халқ комиссарлиги, халқ хўжалиги олий шўроси ва госплан каби идоралар тўғрисида гапирмай, омма билан тўғридан-тўғри алоқада бўлган идоралар ҳақида гапираман. Масалан, Самарқанд округ ижроқўми ёзув-чизув ишларининг 57% ини фақат рус тилида олиб борган бўлса, шаҳар шўроси 90% ини русча олиб борган. Фақат ўзбекча китоблар чиқариб тура турган Ўзбекистон давлат нашриётида иш ва ёзув чизувнинг 58% русча олиб борилади. Суд билан алоқадор бўлган адлия халқ комиссарлиги ўз ишларининг 60% ини русча олиб боради. Фақат деҳқонлар билан муомалада бўлган ер ишлари, халқ комиссарлигидаги ишлар 80% русча олиб борилади. Сиз бу идораларда қандай каллаварамлар ўтирганини кўриб куларсиз, ҳақиқатда эса бунда ғоят қизиқ сиёсат яширинган... Масалан, меҳнат биржасидан марҳамат қилиб мол дўхтири юборингиз, лекин албатта рус тилини билган киши бўлсин деб сўрайдилар”[3] дейди.
Бу масалада сўзга чиққан Усмон Юсупов янада муҳимроқ маълумотларни ўртага ташлайди. У ҳам қоғозда ўзбеклаштириш сиёсати кучайтирилаётган ҳолда амалда бутунлай аксинча сиёсат юритилаётганлигини маълум қилади. У “Ерли халқни саноатга тортиш ишида жиддий йўқотишни кўрамиз, ерли халқ ишчиларининг сони ишчиларнинг умумий сонига нисбатан сўнгги йилда 71% дан 59% га тушиб қолди. Саноат тўхтовсиз ўсиб турган пайтда ҳам шундай аҳволни кўрамиз. Худди шундай аҳвол, аппаратни ўзбеклаштиришда ҳам ҳукм суради. 1928 йил март ойидан 1930 йил январигача адлия комиссарлигида ерли халқнинг сони 2%, Ўздавнашрда 9% камайган ва ҳакозо... Мана шулар ҳаммаси бизнинг томондан қатъий чоралар кўрилишини талаб қилади. Буюк давлат шоунизмининг юзига боқмай белига тепиш керак... Аппаратнинг ҳақиқатда бутун ишни олиб борадиган ва ерли халқ билан ишлаши керак бўлган асосий қисми бўлса, бундаги хизматчиларнинг энг кўпи оврўполилардан. Юқорида ўтирувчилар қоғозга қўл қўяди, мажлисларда ўлтиради, ерли халқдан бўлган курьерлар хат ташийдилар, бугунги ерлилаштиришнинг манзараси мана шу. Ҳатто ерли курьерлардан ҳам рус тилини билиш талаб қилинғанини кўрсатувчи бир қатор ҳужжатлар бор. Энди, темир йўлидаги ўзбеклаштиришга келсак, бундаги аҳвол тағин ҳам ачинарлироқ. Бу ердаги масъул ходимлар ўртасида шу вақтга қадар биронта ўзбек йўқ. Булар мутахассислар ўртасида 0,5% холос, кондукторлар ўртасида ўзбекларнинг сони бир йил ичида 4,9% дан 3,3%га камайиб кетди; катта кондукторлар орасида 9,6% дан 7,8% га, кичик кондукторлар орасида 24%дан 7,3% га, проводниклар 27% дан 9% га тушиб қолди…”[4] дейди. Демак, юқоридаги ҳолатларнинг айни шўролар ўз қарорида белгилаб берган ва юз фоиз (100%) ўзбеклаштирилиши лозим деб кўрсатилган 1930 йилда содир бўлаётган воқеълик эди. Яъни ўзбеклар сони кўпайтирилиши ўрнига камайтирилиши содир бўлган ва табиийки, бу маҳаллий раҳбарларнинг қатъий норозилига сабаб бўлган. Натижада шўро аппаратининг марказида фаолият олиб бораётган раҳбарлар ўз қилмишини яшириш мақсадида турли иғволар ташкиллаштириб, миллий раҳбарларнинг етакчиларига нисбатан кескин “уруш” очди. Ҳатто стратегик соҳалардан маҳаллий ишчиларни турли усулларда четлаштириш сиёсатини олиб борди. Бу борада ҳам У.Юсупов маълумот бериб, “Ерли халқлар аппаратдан қай тариқада “чиқариб” ташланадилар? РКИ бригадасининг маълумотлари, ўзбекларнинг аппаратдан чиқариб ташлаш сабабларини қуйидагилар деб кўрсатадилар:
Аппаратчиларнинг юқорига чиқарилганларга жонсиз ва бюрократ кўзи билан қарашлари, уларга эътибор қилмасликлари, уларни масхара қилишлари (Ўзпахтасоюз ташкилотида);
Юқори чиқарилувчилар орасида тарбиявий ишнинг йўқлиги;
Юқорига чиқарилган ўзбеклардан қутилиш учун уларни командировка қилиб юбориш;
Юқори чиқарилувчилардан техника ишида фойдаланиш (Ўзбек селпромда);
Ерли халқдан юқори чиқарилувчиларга ойлик миқдорини камайтириш (Ўзгусселтрестда оврўполи инструктор 200 сўм олган ҳамда ерли халқдан бўлган инструкторга 175 сўм ойлик тайин қилганлар).
Ерли халқ ишчиларининг маиший аҳволининг оврўполиклардан ёмонроқ шароитда қолиши (Ўзэлстой)”[5] каби қатор ҳолатлар орқали ўзбекларни давлат ва идоралар аппаратидан сиқиб чиқаришнинг усуллари ҳақида сўзлаб ўтади. Бу фикрни ўша даврда яна бир йирик партия арбоби, кейинчалик машъум сталинча қатағон қурбони бўлган Абдулла Каримов ҳам давом эттиради. У “Аксилинқилобий миллатчилик сабоқларидан баъзи хулосалар” номли мақоласида “Кучаювчи маҳаллий миллатчиликнинг муҳим омилларидан бири улуғ давлат шовунизмидир... Великарус шоунизми унча актив эмас, шу боис унинг қўрқинчи маҳаллий миллатчиликка қараганда камроқ деб ўйлаш ва бунинг учун Великарус шовунизми аксил инқилобий иш қилгани йўқ, деб далил келтириш, улуғ давлат шовунизмига, демак маҳаллий миллатчиликка ҳам ёрдамчи бўлиш, деган нарсани билдиради”[6] деган фикрларни билдириб, амалда мазкур муаммоларнинг илдизини улуғ давлатчилик шовунизмига олиб боради. Гарчи маърузаларнинг номи “Қосимовчилик иши” муҳокамасига бағишланган бўлса-да, мазмунан мазкур давлат раҳбар ходимларининг умумий хулосаси сталинизм сиёсатининг номақбул жиҳатларини очиқ ташлашга қаратилганлиги маълум бўлади. Вазиятнинг қанчалик қалтислигига қарамай Ўзбекистон давлат раҳбарлари ўзлигига, миллатига хиёнат қилмагани Сталин ҳукуматининг сиёсий найрангларига учмагани, уларнинг кучли иродаси ва эътиқоди ифодасидир.
1930 йил март куни С.Қосимов айблов баённомаси СССР Олий суди прокуратурасининг муҳим ишлар бўйича терговчиси томонидан тузилди. Самарқандда очилган суд иши 1930 йил 25 мартдан 21 июнгача бўлиб ўтади. Уч ой давом этган бу суд инсоният тарихидаги энг манфур саҳна суди бўлди. Давлат қораловчиси Р.И.Катаняннинг ҳиссиётга тўла нутқларида ҳуқуқшуносликка оид лотинча терминлар қанчалик кўп бўлса, ҳақиқатдан, адолатдан, энг оддий инсонийликдан заррача нишон йўқ эди.
Суд залида атайлаб унга қаратилган таҳқирловчи сўзлар, кесатишлар айтилади. У ҳақидаги мақолалар С.Қосимовни шўролар мамлакатини ағдариб ташловчи кучга эга ҳақиқий халқ душмани деб айюҳаннос солади. Саъдулла Қосимов асло ўзини йўқотмади. Тиз чўкмади. Минг марта талаб қилишса ҳам ҳеч кимдан бирор марта кечирим сўрамади. Каруцкий суд залида “мана, ўзини худди миллий қаҳрамон бургут қилиб тутаяпти, ҳеч нарса демайди” дейди. Шунда С.Қосимов тилга кириб, уйимни тинтув қилишганида ҳамма қоғозларимни олиб кетишган эди. Қолганларини ҳам кўзимнинг олдида ёқиб ташлашдилар. Бугун менинг номимга айтилаётган бўҳтон ва ёлғонларни ҳужжатларимсиз қандай қилиб исботлайман. Тўғри, судда менга қанча бўҳтон айтишса ҳам индамадим. Хўш, нимани гапираман. Кимгадир мен ҳам туҳмат қилайинми. Виждонсиз яшагандан мен учун пок виждон билан ўлим афзал-ку, дейди.
Албатта, судда гарчи очиқлигига қарамай керакли одамлар киритилмаса-да С.Қосимов ўзини жуда яхши ҳимоя қилади. Ҳар замонда ёзма саволлар билан суднинг қанчалик тубан аҳволдалигини фош қилиб туради. Қуйидаги С.Қосимов ва Р.Катаняннинг савол-жавоби совет судининг асл башарасини айнан ифодалайди. Қосимовнинг “Агар мен аксилинқилобчи бўлсам, буни менга исбот қилиб беринглар!” деган талабига, Катанян “Сиз ўз xатти-ҳаракатларингизнинг оқибатлари қандай бўлишини олдиндан кўргансиз, сиз ўз фаолиятингиз билан совет ҳокимиятининг обрўйига путур етказаётганингизни олдиндан билгансиз. Шунинг ўзи бизга кифоя!” деб жавоб беради.
1930 йил 25 мартдан бошланган матбуотдаги шовқин 3 йилгача тиним билмади. Совет матбуотида “Қосимовчилар суди” жараёнининг тайёрланиши ва амалга оширилиши ҳақида пойга ташкил этилди. “Қизил Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Шарқ ҳақиқати”, “Янги Фарғона” газеталарида кенг миқёсда тинимсиз мақола ва хабарлар босилди. Биргина “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1930 й., апрель-сентябрь) суд жараёни ҳақида 75 та мақола босилди. Албатта, бу мақолаларнинг номи қанчалик хилма-хил бўлмасин ичида зарра ҳақиқат йўқ. Бари халқнинг кўзини бўяш ва қўрқувда ушлаш учун ёзилган эди.
1930 йил 9 май куни сўроқда Убайдулла Хўжаев “Узбекистанское Правда” газетасининг 1930 йил 28 апрелдаги 94-сонида босилган бўҳтондан иборат мақоладаги Саъдулла Қосимов билан боғлиқ “жиноятлар”нинг хатоларини бирма-бир кўрсатиб беради[7]. “Миллий иттиҳод” ишининг 16-томида “Қосимов иши”дан Бадриддин Шариповнинг сўроқ стенограммаси келтирилган. Унда Бадриддин Шарипов ўзининг 1920 йил бошларида Каттақўрғонда милиция бошлиғи бўлгани ва Ургутда туман партия комитети котиби Ҳожи Абдуқодирнинг 1921 йил 70 та винтовка ва патронларни олиб йигитлари билан Баҳромбекка қўшилганини ҳикоя қилади. Қорақулбек аввалига Баҳромбек учун одам йиғиш билан шуғуллангани, кейинроқ ўзи гуруҳ тузиб унинг бошлиғи бўлганини айтади. “...Қорақулбек Анвар пошшо, Заки Валидийлар билан учрашган қўрбошилардан эди. У 1921-1922 йиллар бутун Каттақўрғонга эгалик қиларди. Ҳожи Абдуқодир кейинроқ “Тилла тиш” номи билан Баҳромбекда хизмат қилган ва Жумадан Чоржўйгача темир йўлни бузиш топшириғини олган эди. Лекин большевиклар аёвсиз қирғинни бошлаб юборди. Ниёз кучук Бадриддин Шариповнинг қариндошиман, деб Қорақулбекка бўйсунмай қўяди. Шунинг учун 1922 йил баҳорида Очилдов уни ўлдириб юборди. Кейинроқ фитналарга алданган Очилдов Баҳромбекни укаси Шаҳриёр билан бирга Мусса бозорда отиб, бир унгурга кўмиб юборади. Унинг одамлари бизга уларнинг калласини келтириб тилла соат ҳам олган эди. 1923 йил “Тиллатиш” менга ёрдам сўраб бир неча марта хат ёзганди. Сўнг кураш майдалашиб, энди майдонда Қорақулбек ва Ёрмуҳаммадларга қолганди” дейди. Албатта, бу гувоҳликлар Бадриддин Шариповнинг нафақат миллий истиқлолчилар курашидан хабардорлиги, балки бевосита ичида бўлганидан далолат беради. Унинг Саъдулла Қосимов ишига тортилишидаги асосий сабаб ҳам шу ерда. Яъни, Саъдулла Қосимовнинг бош мақсади халқни, айниқса унинг илмли, шаъну ғурури юксак қисмини “босмачилик” тамғаси билан ғорат қилинишига чек қўйиш бўлиб, бунга қарши у ҳаёт-мамот курашига киришган эди.
Судга раислик қилган СССР Олий суди судьяси Васильев-Южин Саъдулла Қосимовни қоралар экан, асосий айблари сифатида Андижонда бир эл оқсоқоли бўлган бойнинг ишини кўрганида, халқ унинг ўлимини кутаётган бир вақтда бойга 6 йил қамоқ жазоси бергани, унинг Убайдулла Хўжаевнинг яқин дўсти эканлиги, бир неча судда унга оқловчилик вазифасини топширганлиги, ҳатто суратни кўрсатиб, мана, унинг ёнида суюкли шогирд сифатида турибди, деган иддаоларини айтади ҳамда қайнотасининг савдогарлиги, Эшонхўжа Хоний қози бўлганида унга катта ҳурмат кўрсатгани каби гаплардан нарига ўта олмади.
1931 йил 21 июнь куни СССР Олий суди номидан Саъдулла Рашидович Қосимов, Бадриддин Шарипов, Насриддин Олимов, Вячеслав Петрович Спиридоновнинг ҳаммаси олий жазога ҳукм қилинди. “Қизил Ўзбекистон” саҳифаларида катта ҳарфлар билан С.Қосимов иши ҳақидаги сўнгги ҳукм барчани ларзага солди. Самарқандда мактаб болалари кўчаларга жамланишиб “Қосимовни отиш ҳукми тўхтатилсин” деб йиғлаб қичқиришар эди. Бу воқеадан сўнг миллий зиёлилар ҳам даҳшатга тушдилар. Улар энди ГПУ хоҳлаган айбини ўйлаб топиб, хоҳлаган инсонни йўқ қилиб ташлайди. Яхшиси, таълимни қўйиб, энг қора ишларга кирамиз. Шу йўл билангина жонимизни сақлаб қолишимиз мумкин экан, деган хулоса келдилар. Албатта, Ўзбекистоннинг ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Акмал Икромов ҳам болаликдан дўсти бўлган С.Қосимовни ташлаб қўя олмас эди. Бироқ осмон узоқ, ер қаттиқ. У қосимовчилик билан боғлиқ нутқида бу ҳолни “ГПУ мустамлакачилиги” деб таърифлайди. А.Икромов С.Қосимов иши билан боғлиқ жараёнга яқинлаштирилмади. Ҳатто судга ҳам ҳеч ким йўлатилмади. Улар бу ишни ўз билганларича тўқиб бичдилар.
Аслида “Қосимовчилик иши” Сталиннинг А.Икромовга совғаси эди. Фикримни асослаш учун Д.Ризаевнинг гувоҳлигидан келтириш мумкин: “Москвада V қурултой асносида Ўзбекистоннинг доимий вакили Муҳиддин Турсунхўжаевни кўрган эдим. Унга халқ “Қосимов иши” учун А.Икромовдан норози, турли хил гаплар кўпайиб кетяпти. “Қосимов иши” энди нима бўлади, дедим. Муҳиддин: Тамом, у отилади. Москвада Саъдулланинг қариндоши Абдулҳай Тожиев ҳам бутунлай тамом бўлган, мурдадай бир аҳволда. А.Икромов ҳам кетиши мумкин. Ишларни Москванинг ўзи кузатиб, ташкиллаштириб турган бўлиши мумкин, дейди...” Шу тариқа Саъдулла Қосимов “иши” шўро ҳукумати учун абадий дарс бўлди. Энди суд тизимига ҳеч қачон жадид таълимини кўрган, миллий ғурури юксак зотларни яқинлаштирмаслик ҳаракатига киришдилар. “Қосимовчилик” ишидан “дарс” олган бошқа судьялар ҳам С.Қосимов “хато”сини қайта такрорламасликка ҳаракат қилдилар. Хулоса шулки, “Қосимовчилик” миллат тараққийпарварларининг ҳуррият орзусига даҳшатли зарба бўлди. Унинг таъсири Чўлпон, Фитрат – бутун миллий адабиётда ўзининг машъум изини қолдирди. Бир сўз билан айтганда “Қосимовчилик” иши “Катта қирғин”нинг ибтидоси бўлди.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] Р Фонд – 904, 8-рўйхат, 7-йиғма жилд, Протокол №30, 93-бет.
[2] Ф-904, р-1, 153 иш, 8-варақ.
[3] Қосимовчилик миллий аксилинқилобчилик. А.Икромов, У.Юсупов, А.Каримов. 1930. Ўзнашр. Самарқанд. 8-б.
[4] Синфий хушёрлигимизни большевикларча кучайтирайлик. Сиёсий натижалар ва навбатдаги вазифалар. Усмон Юсупов. Қосимовчилик миллий аксилинқилобчилик. А.Икромов, У.Юсупов, А.Каримов. 1930. Ўзнашр. Самарқанд. 28-б.
[5] Синфий хушёрлигимизни большевикларча кучайтирайлик. Сиёсий натижалар ва навбатдаги вазифалар . Усмон Юсупов. Қосимовчилик миллий аксилинқилобчилик. А.Икромов, У.Юсупов, А.Каримов. 1930. Ўзнашр. Самарқанд. 29-б.
[6] Абдулла Каримов. Аксилинқилобий миллатчилик сабоқларидан баъзи хулосалар. Қосимовчилик миллий аксилинқилобчилик. А.Икромов, У.Юсупов, А.Каримов. 1930. Ўзнашр. Самарқанд. 31-б.
[7] Мунаввар қори ёхуд “Миллий иттиҳод” иши. 12 том, 70–78-бетлар.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Erkinjon
06:08 / 24.08.2023
Muallif maqolada ta'kidlaganidek, maqola Sa'dulla Qosimov to'g'risidagi dastlabki maqola emas. Sa'dulla Qosimov va "18 lar ishi" to'g'risida tarix fanlari doktori Qahramon Rajabov tomonidan kitob nashr qilingan. Qolaversa Ilyos Xolboyevning Sa'dulla Qosimov va uning sud jarayoni to'g'risidagi maqolasi ham mavjud.