Маҳалла тизими Ўзбекистон ҳудудида милоддан аввалги иккинчи минг йилликда юзага келган – тадқиқот


Сақлаш
22:10 / 16.08.2023 682 0

Ўзбекистон ҳудудида дастлабки маҳалла тизими милоддан аввалги иккинчи минг йилликда юзага келгани Жарқўтон ва Сополлитепа шаҳарларида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида аниқланган. Маҳаллалар арк ташқарисидаги шаҳристон қисмида ҳунармандчилик масканлари ва косибларнинг турли жамоалари тураржойлари шаклида вужудга келган.

 

Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий (899–959) “Бухоро тарихиасарида бундан ўн бир аср муқаддам Бухоро шаҳрининг аҳоли яшайдиган бир қисминимаҳалладеб атаган ва у ҳозирги маҳалла тушунчасига мос келади.

 

Ҳадис ва фиқҳ алломалари сулоласига мансуб бўлган марвлик таниқли олим Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний (506/1113–562/1167) араб тилида ёзилганКитоб ал-ансобасарида Ўрта Осиёдаги маъмурий бирликларни ифодаловчи атамаларни келтиради: шаҳармадина; шаҳарчабалда, булайда; пойтахтмадина, қасба; қўрғонқалъа, ҳисн, ҳисор; вилояткура, ноҳият; кичик вилоятрустоқ, омол; қишлоққаря; маҳалламаҳалла, дарб, рубъ, қитъа; кўча  –  кўй; шаҳар дарвозасибоб, дарб, дарвоза.

 

Бухоро маҳаллалари эса маҳалла ва дарб (шаҳар дарвозаси) деб аталган (Калобоз, Қасри Фариза, Ал-Майдон, Моҳ, Фаржак ва ҳ.к.). Самарқанднинг эса 18 та маҳалласи эслатилган, лекин улар кўпроқ арабчадагибоб” (Боб Кисс, Боб Наунд) ёкидарб” (Дарб Гузавоз) сўзлари орқали ифодаланган. Аксарият ҳолларда топонимнинг ёлғиз ўзи берилган (Банжхин, Варсанин, ЖокардизаЧокардиза, Мотурид, Уштабдиза).

 

Форс тилидаги “кўй” – кўча ва маҳалла маъноларини англатади. Демак, Самъоний даврида Самарқандда “кўй” сўзи “маҳалла”нинг маънодоши сифатида қўлланган. Маҳаллаларнинг “боб” ёки “дарб” дейилиши уларнинг шаҳар дарвозалари ёнида жойлашганини англатади.

 

Ёзма манбаларда Амир Темур ва темурийлар даврида маҳалла Ўрта Осиё шаҳарларида маъмурий бирлик саналгани қайд этилади. Самарқанд шаҳрида Сўзангарон, Хожа Кафшир, Варсин, Фарундиза каби маҳаллалар бўлган.

 

Амир Темур даврида Самарқанд атрофида катта бунёдкорлик ишлари олиб борилгани натижасида янги маҳаллалар ташкил топди. Кастилия (Испания) қироллигидан Темур давлатига элчи бўлиб келган Руи Гонсалес де Клавихо ўз “Кундалиги”да: “Шаҳардан кўра, унинг деворидан ташқарида аҳоли кўпроқ. Шаҳар атрофидаги боғларда ҳашаматли саройлар қурилган, уларнинг бир қисми Амир Темурга тегишли. Ундан ташқари, бу боғларда шаҳар зодагонларининг ҳам ўз кўшк-саройлари бор”, деб ёзади. У боғларнинг кўплигини таъкидлайди: “Шаҳар атрофида боғлар ва узумзорлар шунчалик кўпки, у ерга етиб келган киши гўёки ўртасида шаҳар жойлашган баланд дарахтлар ўсиб ётган бир ўрмонга яқинлашгандай бўлади... Шаҳар боғлар ва узумзорлар билан ўралган, улар баъзи жойларда бир-икки лига (5–10   км) масофагача ястанган...” (Руи Гонсалес де Клавихо. Дневник путешествия в Самарканд ко двору Тимура (1403 – 1406 гг.). Москва, 1990. Стр. 138).

 

Ўша давр олими Ҳофизи Абру “Жуғрофия” асарида Соҳибқироннинг бунёдкорлик фаолиятига эргашиб, бошқалар ҳам бу хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшганини таъкидлайди: “Кундалик эҳтиёждан келиб чиқиб, ўз подшоҳларининг ҳурмати юзасидан амирлар, аркони давлат, оқолар ва фарзандлар онҳазратга эргашиб ҳар бири ул диёрда мадрасалар, масжидлар ва хонақоҳлардан иборат ўз биноларини қурдилар ҳамда улар учун обод ерлар ва кўчмас мулкларни вақф қилиб, олимлар, зоҳидлар ва обидларга маош белгиладилар”. Аллома Самарқанд вилояти таркибида Суғд, Шовдор, Иштихон, Ёркат, Коранд, Ёряйлоқ, Дизак, Шероз, Анҳори Жадид туманларини санаб, Анҳори Жадид ариғи бевосита Амир Темур буйруғи билан қазилганини айтган: “Самарқанд Сўғди ободлиги ва латофати билан бутун дунёда шуҳрат қозонган” (Ҳофизи Абру. Жуғрофия. Бодлеян (Оксфорд) қўлёзмаси).

 

Араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ бундай ёзади: “Темур Самарқандда кўпдан-кўп бўстонлар барпо қилиб, баланд ва мустаҳкам қасрлар бунёд этди. Уларнинг ҳар қайсиси ғаробатли тартибда, кўркам ва ажиб сувратда эди. Бўстонлар асосини мустаҳкам қилиб, уларни нодир мевали кўчатлар билан безади” (Ибн Арабшоҳ. Амир Темур тарихи. 2-қисм. Тошкент, “Меҳнат”, 1992. 82-бет).

 

Амир Темурнинг Самарқанд шаҳри маҳаллалари ва атроф мавзелари ободончилиги услуби кейинги асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда давом этди. Чунончи, Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида Хуросонда шаҳарлар кўплигини айтиб, айниқса, пойтахт Ҳиротнинг ободлиги, мустаҳкам қўрғони ва буржлари, тўққиз фалакдан ҳам буюк аркини, баланд дарвозалари, девор ортидаги чуқур хандақ, шаҳар қисмида аҳоли гавжумлиги, бозорлари савдогарлар билан тўлалигини таърифлаб шундай ёзади:

 

Кирса чиқар йўл топа олмай кўнгул,

Сайрида савдойи бўлуб ақли кулл.

...Шаҳри аро бўйла бино беҳисоб,

Қалъасининг тошида худ не ҳисоб.

Ҳар неча кўз тушгуча девор баст,

Борчада маъмурае элга нишаст.

Топғали таъйини маҳаллот баҳр,

Аҳли маҳаллот ойириб, шаҳр-шаҳр.

Шаҳрлар отини маҳаллот этиб,

Бўлди чу юз шаҳр, “Ҳири” от этиб.

 

Бунда шаҳарчалар “маҳалла” деб аталгани, юз маҳалла бирлашиб, Ҳирот шаҳрини ташкил қилгани қайд этилган.

 

Темурийлар даврида Ҳирот дастлаб Мирзо Шоҳрух ҳукмдорлиги, сўнгра Султон Ҳусайн Мирзо салтанати даврида ривожланган: “Ҳириниким, рубъи маскунда андоқ шаҳр йўқтур ва Султон Ҳусайн мирзонинг замонида мирзонинг тасарруфидин ва такаллуфидин Ҳирининг зеб ва зийнати бирга ўн, балки йигирма тараққий қилиб эди (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Тошкент, “Шарқ”, 2002. 143-бет).

 

“Бобурнома”да “маҳалла” атамаси кенг маънода ишлатилган ва одатда, шаҳарнинг қўрғондан ташқари қисмидаги аҳоли тураржойларини англатган: “Қoрoвулдин xaбaр келдиким, Султoн Муҳaммaд Кaлпўк бўлғoн кишиси билa мaҳaллa вa бoғoттин тoшқaри Пуштaйи Aйшнинг дoмaнaсиғa чиқибтур... мaҳaллoтнинг ёқaсидин ўқ ёндук” (ўша манба, 92-бет).

 

Бобур Самарқандда маҳаллалар кўплигини ҳам ёзади: “Шaйx Aбу Мaнсурким, aиммaйи кaлoмдиндур, Сaмaрқaнднинг Мoтурид oтлиқ мaҳaллaсидиндур” (ўша манба, 59-бет), “Тeмурбeкнинг вa Улуғбeк мирзoнинг имoрoти вa бoғoти Сaмaрқaнд мaҳaллoтидa кўптур”. Мана бу парчада маҳаллалар шаҳар деворидан ташқарида давом этганини кўрамиз: “Янa Шoвдoр тумaнидур. Шaҳр вa мaҳaллoтқa пaйвaсттур. Xeйли яxши тумaндур” (ўша манба, 61-бет).

 

Дастлаб шаҳар ичи ва унинг яқин атрофи учун хос саналган “маҳалла” атамаси XIX асрда мавзе ва қишлоқ (деҳ, деҳа) тушунчаларини ҳам англата бошлади. Чунончи, Маҳаллайи Ғадоний, Маҳаллайи Арабон, Маҳаллайи Боло, Маҳаллайи Жўйбор, Маҳаллайи Қози, Маҳаллайи Кунжа, Маҳаллайи Мирон, Маҳаллайи Мирзоён, Маҳаллайи Поён, Маҳаллайи Шайхон деган мавзелар бўлган. Ёки Маҳаллайи қози Сарварий, Маҳаллайи Қармон, Маҳаллайи Кунжак, Маҳаллайи Миршикорон каби жойлар, аслида, қишлоқлар эди.

 

Тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжанинг (XIX аср) “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Тошкент шаҳри маҳаллаларидан Ялангқаря, Тахтапул, Ҳофиз Кўҳакий, Девонбеги, Санчиқмон, Қўштут кабилар эслатилган. Рус олими Н.Маев (XIX аср) Туркистон ўлкаси статистикаси йилномасига таяниб (1876), Тошкент шаҳридаги 4 даҳада 149 та, жумладан, Шайхонтаҳур даҳасида 48, Себзор даҳасида 38, Бешоғоч даҳасида 32, Кўкча даҳасида 31 маҳалла бўлганини қайд этади. Яна бир рус тадқиқотчиси Н.Маллицкий 1927 йили нашр эттирган рўйхатда эса Тошкент шаҳрида 280 маҳалла ва 171 мавзе борлиги айтилади (Маллицкий Н. Ташкентские махалля и мауза. Ташкент, 1927).

 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон маъмурий­ҳудудий тизимида маҳалла атамаси кенг жорий этилди.

 

Омонулло БЎРИЕВ,

ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги

Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими,

тарих фанлари доктори

 

“Tafakkur” журнали, 2022 йил 4-сон.

“Дарбми, бобми ё маҳалла?” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//