Ўтган аср журналистикаси – учинчи сонидаёқ тақиқланган “Юрт” журнали саҳифаларида нималар ёритилган эди?


Сақлаш
03:16 / 16.08.2023 666 0

ХХ аср бошларида юзага келган, шаклланган, турли тўсиқлар контекстида ривожланиб борган жадид матбуоти ўзида Туркистон халқининг орзу-умидларини, дард ва аламларини дадил руҳ, баланд овоз ҳамда миллий манфаатлар саҳнасидан туриб ёритди. Бу борада Исмоил Обидийнинг “Тараққий”, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойина”, Абдулла Авлонийнинг “Шуҳрат”, Убайдулла Асадуллахўжаевнинг “Садойи Туркистон”, Булат Солиевнинг “Эл байроғи”, Маҳмудхўжа Ризаевнинг “Ҳуррият”, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Кенгаш” каби газета-журналлари ХХ аср бошларидаги Туркистон халқининг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳолати тўғрисида муҳим маълумотлар тақдим этади. Айниқса, Қўқон шаҳрида нашр этилган “Юрт” журнали уларнинг ичида алоҳида ажралиб туради.

 

 

“Юрт” журнали 1917 йил 1 июндан чоп этилган. Журналнинг муҳаррири ва асосчиси қўқонлик тараққийпарвар Ашурали Зоҳирий бўлиб, нашр ишларини Ҳожи Мавлонберди Ашурбоев олиб борган. Журнал таҳририяти шаҳарнинг Хўжанд кўчасида жойлашган. “Юрт” журналининг иккинчи сони 1917 йил 15 июлда, учинчи сони эса 18 августда чиққан. Журнал “Сиёсий, ижтимоий, тарихий ва адабий ҳафталик мажмуа” ҳисобланиб, жами учта сони чоп этилган ва шундан сўнг большевикларнинг тазйиқи остида ёпилган. Гарчи, ушбу журналнинг уч сони дунё юзини кўрган бўлса-да, бироқ ундаги мақолаларнинг руҳи кишини беихтиёр Туркистоннинг азим ва эски дарди билан яшашга ундайди.

 

Журнал фаолиятида Ашурали Зоҳирий, Аҳмад Заки Валидий, Абдуллабек, Шокир Мухторий, Аҳмад Сардор ва бошқа шулар каби тараққийпарварлар иштирок этганлар.

 

Журналнинг 1-сони “Мақсад ва аъмолимиз” мақоласи билан бошланган. Мақолага гарчи “Юрт ҳайъати таҳририяси” деб имзо қўйилган бўлса-да, мазмунан ва услуб жиҳатидан айтиш мумкинки, унинг муаллифи Ашурали Зоҳирийдир.

 

Мақолага немис халқининг буюк мутафаккири Шиллернинг “Эскилик вайрон бўлуб, замон ўзгариб, ҳаробаларда янги ҳаёт очиладур” афоризми танлаб олинган бўлиб, журнал моҳиятан Туркистон халқини замона зайлига мувофиқ яшашга, илм-фан ютуқларини ўзлаштиришга даъват этиши лозим эди. Ашурали Зоҳирий журналнинг илк сонидаги кириш мақолада: “Бу бир эски ҳақиқат!.. бу эски жаҳонча эски, азалий ва абадий бир қонундур. Ҳар замон, ҳар маконда ҳаёт бу қонунға тобеъдур. Тобе бўлгуси келмаганлар тарих шоҳиддурки, маҳв бўлганлар ва мунқариз (инқироз) бўлмоқға маҳкумдурлар. Бизнинг қошимизда тахминан бундан ўн, ўн беш йиллар аввалда бир ҳаёт масаласи қўзғолди; у – эскича эскиликни тақдис (муқаддас) ва таҳфиз этмак (асрамоқ), ёки, Оврўпа ва рус маданиятини қабул этиб, тарихдан янги бир давр очмоқ масаласи эди. Биз масалани Оврўпа маданиятини қабули маъносинда ҳал этдик. Бу сабабдан янги усул мактаблар, қироатхоналар, кутубхоналар, газета идоралари, матбаалар, жамияти хайрия ва маориф очдик. Ғафлат дарёсиға ботган бу халқ ичида улум ва маориф ва афкори жадида таъмимиға хизмат этдик. Ва айтадурмиз, фақат, бу замонғача хизмат ва фаолиятимиз, эътироф этмак вожибдурки, ниҳоят даражада оз, оз ва оздур. Лашкари жаҳолат йиқилғон, фақат енгилгани йўқ, ишни итмом этмак керакки, вақтдан истеъфода этиб душман (жаҳолат)га омон ва ўзини тўпламоқ учун имкон бермасдан муттасил курашмоқ, бир зарба орқасидан дарҳол иккинчи зарбани солмоқ вазифамиздирки, ул зарбаларнинг энг қаттиғи ва биз учун мафийдларидан (фойдалиларидан) бири, шубҳасиз матбуотдур. Абу Наср Фаробий, Улуғбек, Имом Бухорий, Навоий, Темур ва Бобуршоҳларға ўхшаш номлари билан шоён ифтиҳор; аллома, файласуф, шоир, фотиҳларнинг ибратлик фаолиятларидан, ғайратларидан, фидокорликларидан, тарихимиз, харобаларимиз ва осори-атиқаларимиз ҳар бири, шаҳодат бериб турур. Биз бўлсак, мабзул, мискину афъол, маҳдудул-алфоқ, фақир ва танбал бир ҳаёт кечирмоқдамиз. Ҳам ҳозирги кунларда ҳам тарихий воқеалар олдида турамиз. Мана энди “Юрт” воситаси бирла ҳозирги янги ҳукуматнинг фикри билан юртимизни, элимизни танишдириб, юрт ва элимизнинг тараққий ва таолисиға сай ва ижтиҳод этмакчимиз, ўз маромимизни диққат ва назари олийингизга тақдим этсак: Юрт “доим бир минбари ҳақиқат бўладирки, ундан ҳар бир холис ниятлик мужоҳиди жаҳолат ўз фикрини, лойиҳасини миллатга арз этмакка ҳаққи бордур” деб ёзди.

                              

    

 

“Юрт” журналининг 1917 йил 1-сонидаги “Мақсад ва аъмолимиз” номли биринчи мақоласи.

 

Журнал саҳифаларида чоп этилган Ашурали Зоҳирийнинг “Ҳукумат ўзгариши” мақоласи алоҳида диққатга сазовордир. Муаллиф ушбу мақоласида миллатга мурожаат қилган ҳолда замоннинг ўзи Туркистон халқи учун озодликка эришиш йўлида қулай имконият тақдим этганлигини қайд этиб, бу борада халқни жипслашишга чақиради. Шу билан бирга А.Зоҳирий Чор Россияси томонидан юритилган зулм сиёсатини қоралаб, Подшоҳ хоҳласа Думани йиғди, хоҳламаса тарқатди. Агарда дума аъзоларидан баъзилари ҳақиқатни очиброқ сўзламоқға бошласа, ёки халқ ва фуқаро учун фойдалик масалаларда тортишмоққа бошласа, “Дума эркаланиб кетадур!” деб, думани бутун қувиб янгидан сайловлар чиқариб, сайловларда ҳам халқнинг ўз хоҳишиға қўймай аввалдан кўз остиға олиб қўйғон кишиларни сайлатдурмасликка ҳаракатлар қилиб келди. Имкони борича, ўзининг сўзидан чиқмайдурғонларни, ҳукумат олдида миллатининг миллионларча фойдасини ҳам қурбон қиладурғон ёки ҳеч нарсадан хабари йўқ қуруқ кишиларни сайлатдурадурғон бўлиб келди” деб ёзди. Бу орқали Ашурали Зоҳирий мамлакатни таназзулга учратадиган омил зулм ва адолатсиз тарзда ташкилланган сайловлар деб билди. 

 

1917 йил февраль инқилоби натижасида Николай II тахтдан ағдарилиши билан зулм тимсоли бўлган Романовлар сулоласи ҳам тарих аxлатхонасига улоқтириб ташланди. Кўплаб Туркистон тараққийпарварлари қатори Ашурали Зоҳирий ҳам миллий озодлик учун жидду жаҳд билан курашиш вақти келганлигини чуқур англади ва миллатни бу йўлда сабот-матонат билан курашишга чақирди. Муаллиф болшевикларнинг “Энди ҳамма тенг ҳуқуқли бўлади, ҳамма озод бўлади” деган шиорларига маҳлиё бўлиб ўтирмасдан, миллий ҳақни талаб қилиш кераклигини қайд этиб: “Лекин, “Энди ҳаммага бир кўз билан қаралур экан! Ҳамма баробар фойдаланур экан!” деб тек ўтурғон билан иш битмас “Мана сизга сўрағонларинггиз! Mана сизнинг муддаоларинггиз!” деб ҳеч ким қўйнимизга солиб қўймас?! Ўзимизнинг диний, миллий эҳтиёжимизни ўзимиз биламиз, ўзимиз тушунамиз. “Бемор тузалгувси келса, табиб ўз оёғи билан келур” дегандек, “адолат”, “мусовот” бизга ўзи келди. Ўзи келган табибга беъмор, дардининг қандай эканлигини айтмаса тузала олмағонидек, ҳозирги дақиқаларда ҳам ўз кераклигимизни ва ўз эҳтиёжларимизни индамасга, ким бўлсун. Балки, “Булар шул турмушлариға мамнун экан!” деюрлар. Энди замонга қараб ҳаракат этайлик. Билмағонимизни билганлардан сўрайлик-да, имкони борича иттифоқлик билан ишга киришайлик, иттифоқ ҳар нав зулмдан қутулмоқнинг муқаддимасидур. Муқаддима яхши бўлур. Аммо муқаддима қурулғонда (иш бошланғонда) бир лаҳза ҳам ғафлатнинг қилинмасун эди, чунки ғафлатнинг натижаси доимо пушаймондур. Хусусан, бундай муҳим фурсатларда ғафлат улуғ бир жиноятдур” деб таъкидлади.

 

Татар-бошқирд маърифтапарвари ва сиёсий арбоб Аҳмад Заки Валидий “Юрт” журналида ўзининг мақолалари билан иштирок этган бўлиб, бу борада унинг “Миллий руҳоний бойлиғимиз” номли салмоқли мақоласи эътирофга лойиқдир. Мазкур мақола журналнинг 1-2-сонларида чоп этилган бўлиб, унда муаллиф миллатнинг дунёда яшаб қолишининг ижтимоий, сиёсий ҳамда маънавий шартлари хусусида бахс юритади. Жумладан, Ўз миллатини сақлай олмағон ва ўз қавмини қизиқишларини, ўз анъаналарини майдонға қўя олмайдур. Чет қавмларнинг маданияти билан яшағон қавм, бу рақобатни қила олмағони учун инсониятнинг ислоҳ ва тараққийсиға хизмат қила олмайдур” дея ёзар экан, бундай миллатлар салоҳиятли ва юксак интеллектуал тарзда ривожланган ўзга миллатлар наздида эътиборга сазовор бўла олмаслигини қайд этди.

 

Журналда эълон қилингaн мақолалар ичида Шокир Мухторий қаламига мансуб “Энди фурсат” номли мақола ҳам муҳимдир. Муаллиф ушбу мақоласида миллатнинг ижтимоий-ахлоқий жиҳатлари тўғрисида долзарб мулоҳазаларни келтириб ўтган. Жумладан, “Нима учун шул ерда, шул қуёш ва шул ҳавода бизнинг билан яшагувчи ажнабийларға (дорул-роҳат) бўлғон Туркистон ўз халқиға “дорул-азоб?” деган авомлар ҳар вақт кўз олдингга келади-да, турадир. Ўйласанг юракларинг эзиладир, парчаланадир. Нега эзилмасун, нега парчаланмасун? Аввал бунга жавоб бермоқ лозим. Ҳар бир қавм ва ҳар бир миллат ва тоифа ўзининг жаҳолат ва нодонлиғи орқасида ҳар ҳил сарофот ва сафоҳат йўллари билан ҳар на борини йўқотдими – омонатга хиёнат, жабр, зулм, ўғрилик, алдов, хулоса шариати исломия қайтарғон ҳар бир афъоли заммияни ва инсоният вазифасидан йироқ ҳар бир бузуқликни ошкор қилиб бўлса ҳам, томоғини тўйдирмоқ йўлиға тушадир. Ул миллатнинг аксари афроди ўшандай ёмон феълларға муттасиф бўлғонлиғидан алар қошида ҳар қандай заноат ва жиноятлар ҳам мубоҳ  қаторида бўлиб қолур” деб таъкидлади.

 

Шокир Мухторий туркистонликларнинг мактабга нисбатан эътиборсизлигидан даҳшатга тушади, мактабсиз, маорифсиз ҳар қандай миллат таназзулга маҳкум эканлигини уқтуришга, илм ҳар бир халқнинг эртаси эканлигига ишонтиришга, инонтиришга тиришади: “Ҳар бир иллатнинг давоси бўлғонға ўхшаш бизларнинг фақири зиллат иллатимизнинг даъвоси бордурки, ул илм ва фанга жон ва дилимиз ва тўрт қўлимиз билан ёпушмоқдур. Болаларимизни ҳақиқий муҳаббат билан яхши кўрсак, бул ўзимиз мубтало бўлғон иллатларға азиз болаларимиз гирифтор бўлмай дунёда инсондай яшаб, умри масъудиятда бўлсун десак, мактабга берайлик. Ибтидоий мактабни битиргандан кейин “Энди ҳифз ва саводи чиқди, бундан зиёдаси керак эмас” демай, отасидан қолғон давлатни сақларлиқ илм ва маърифат соҳиби бўлмоққа қўйиб берайлик”.

 

Шокир Мухторийнинг “Юрт” журналида босилган бир шеъри борки, бу шеър гўёки Туркистон тараққийпарварларининг дилидаги бор дардларини ўзида жамлаган десак, муболаға қилмаган бўламиз. “Аскарий” тахаллуси остида эълон қилинган ушбу шеър “Чин мусулмон ёки аҳли ирфон бўлайлик” деб номланиб, унда Туркистон халқига қаратилган мисралар, шубҳасиз, журналнинг бутун маслак ва мақсадини ўзида мужассам этган:

 

Бизга ҳам вақт етди, биз ҳам чин мусулмон бўлайлик!

У ҳаволарни қўйиб тобе виждон бўлайлик!

 

Ташлансун орқаға эски таассублар ҳамон,

Кўп муҳимдур бу замон, бир жисм ва бир жон бўлайлик!

 

Оз парастиш этмадик оҳимға шу етсун керак,

Энди инсофга келиб, халққа қурбон бўлайлик!

 

Жаҳл эди боис фарор, чин илмлардан чўчуб,

Жаҳлни ташлаб энди биз толиби ирфон бўлайлик!

 

Дўстлар шу кунгача фандан шоён қочдиқ етар!

Энди бошлаб ушбу кундан жаҳлга душман бўлайлик!

 

Вақт эмасму, аҳд иттифоқ ила иш кўрмоққа?

Йўқолсун ўртадан нифоқ омили Қуръон бўлайлик!

 

Давримиздур таждид; даври ислоҳдур замон,

Ушбу кундан эътиборан биз-да инсон бўлайлик!

 

Ҳақни очиғлантируб, шайтонни кўп шод айладик,

Рози бўлсин Ҳақ бу кун, қоҳир шайтон бўлайлик!

 

Ҳар на бўлсақ-да, зарар йўқ бошқасин қўй “Аскарий”!

Маърифат асл иймондур, аҳли ирфон бўлайлик!

 

Журнал саҳифаларида эълон қилинган бундай ўтли шеърлар, Туркистон халқини уйғотишга қаратилган мақолалар, шубҳасиз, большевиклар ҳукуматининг қаҳру ғазабига дучор бўлиши аниқ эди. Шу боисдан ҳам “Юрт”нинг 3-сони чиқиши билан журнал фаолияти таъқиқланди. Таҳририят аъзоларининг деярли барчаси 1937-1938 йилларда отиб ташланди.

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат

музейи катта илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//