Мен жанговар пацифистман, тинчлик учун жанг қилишга тайёрман – Эйнштейннинг президентга мактуби


Сақлаш
04:23 / 09.08.2023 570 0

1939 йил иккинчи августда Альберт Эйнштейн АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Франклин Делано Рузвельтга мактуб йўллайди. Аслида Венгриядан кўчиб келган физиклар – Лео Силард, Юджин Вигнер ва Эдвард Теллерлар ушбу мактуб ташаббускорлари эдилар, матннинг катта қисми ўша олимлар томонидан ёзилган. Унда фашист Германияси ядровий қурол борасида фаол тадқиқот олиб бораётгани ва яқин келажакда атом бомбасига эга бўлиши эҳтимоли борлиги баён этилганди. Хатда, шунингдек, Қўшма Штатларда кенг кўламли атом тадқиқотларини бошлаш зарурияти таъкидланади. Қуйида ўша хат таржимаси билан танишасиз.


Жаноб,

Э. Ферми ва Л. Силарднинг баъзи сўнгги ишлари менга қўлёзма шаклида етиб келди. Бу ишлар билан танишиб чиққанимдан сўнг уран тез орада янги ва муҳим энергия манбаига айланиши мумкин деган ўй ақлимни банд қилди. Юзага келган вазиятнинг айрим жиҳатлари ҳукуматни огоҳликка ва керак бўлса, тезкор чораларни кўришга ундаётгандек. Мен диққатингизни қуйидаги факт ва тавсияларга қаратишни бурчим деб билдим.


Францияда Жолио, шунингдек, Америкада Ферми ва Силард бажарган ишлар туфайли охирги тўрт ой ичида катта ҳажмли уранда ядровий реакция вужудга келиши эҳтимоли ошди. Бунинг натижасида сезиларли даражада энергия ажралиб чиқиши ва катта миқдордаги радиоактив элементлар ҳосил бўлиши мумкин. Энди бу нарса яқин келажакда юз бериши деярли аниқ.  


Бу янги кашфиёт бомбалар ишлаб чиқаришни ҳам рағбатлантириши эҳтимоли бор. Ҳали тўла ишонч билан айта олмасак-да, янги турдаги фавқулотда кучли бомбалар яратилади деган тахминимиз бор. Кемада элтилган шу турдаги битта бомба портда портлатилса, у бутун портни ва унинг атрофидаги ҳудудни йўқ қилиб юбора олади. Аммо бу бомбаларни ҳавода ташиб юриш катта ноқулайлик туғдиради.


Қўшма Штатлар жуда оз миқдордаги уран захирасига эга. Канада ва Чехословакия уранга бой ҳудудлар ҳисобланади. Катта конлар эса Белгия Конгосида жойлашган.


Шуни ҳисобга олиб, Америкада занжир реакцияси устида тадқиқот олиб бораётган бир гуруҳ физиклар ва ҳукумат ўртасида доимий алоқа ўрнатишни тавсия қилган бўлардим. Бу алоқа учун сиз ўзингиз ишонган шахсга қуйидаги вазифаларни норасмий равишда юклашингиз мумкин:


а) давлат органлари билан алоқада бўлиш, тадқиқотлар борасида уларни хабардор қилиб туриш ва уларга керакли маслаҳатларни бериш, айниқса, Қўшма Штатларни уран билан таъминлаш бўйича.


б) жисмоний шахслар ва зарур жиҳозлар билан таъминланган саноат лабораторияларини жалб қилиш орқали ҳозирда университет лабораториялари ички маблағи ҳисобига юргизилаётган тажриба-синов ишларини тезлаштиришга кўмаклашиш.


Билишимча, Германия ўзи эгаллаб олган Чехословакия конларида уран сотишни тўхтатган. Германия ташқи ишлар вазири ўринбосарининг ўғли  фон Вайцзеккер Берлиндаги Кайзер Вильгелм институтига ишга юборилгани ва у ерда ҳам Америкадаги каби уран бўйича изланишлар кетаётганини ҳисобга олсак, буни тушуниш мумкин.


Ҳурмат билан, Альберт Эйнштейн.

 

***

 

Ушбу мактубнинг бош ташаббускори Лео Силард бўлган. У 1939 йилда урандаги занжир реакцияси кашф этилгани ва бу нацистлар томонидан ҳарбий мақсадларда фаол қўлланиши мумкинлигидан хабар топади. Ўзининг АҚШ ҳукуматига мурожаати этиборсиз қолмаслиги учун Эйнштейнни ҳам жалб этишга қарор қилади. 1939 йилнинг июль ойида Силард ва Вигнер у билан учрашадилар. Эйнштейн вазият жиддийлигини тезда англаб, немис тилида давлат департаментига юборилувчи мактуб матнини тузади.


Вигнер хатни инглиз тилига ўгириб, босмадан чиқарганидан сўнг уни ким тезкор равишда президент Франклин Рузвельтга етказиб бера олади деган савол кўндаланг турарди. Аввалига бу вазифани машҳур авиатор Чарльз Линдбергга топшириш ҳақида ўйлаб кўришади. Аммо у ўша орада радио орқали чиқиш қилиб, АҚШ Европадаги можарога аралашмаслиги ҳақида сўзлайди ва Гитлер режимига нисбатан некбин муносабатини яширмайди. Шунинг учун хатни президент билан мунтазам учрашиб турувчи таниш банкир Александр Саксга юборишади. У эса ишончни оқламай, хатни ўзи билан икки ой, 1939 йил октябрь ойи бошларигача кўтариб юради. Ниҳоят, 11 октябрда, иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетгач, хат Силарднинг қўшимча изоҳи билан Рузвельтга етказилади.


Эйнштейн янги энергиядан қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида бирор изоҳ бермаган. Фақат бир марта шундай дейди: “Ўзимни атом энергияси отаси деб ҳисобламайман. Бунда менинг иштироким мутлақо билвосита эди”.


Шунга қарамай, олим имзолаган хат жараёнга сезиларли таъсир кўрсатган: Рузвельт 1939 йил октябрда, яъни мактуб етказилган ўша ойдаёқ уран бўйича Маслаҳат қўмитаси тузади. Кейинроқ эса қўмита Манҳеттен лойиҳасига айланади. Натижада, 1945 йил Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига ташланган ва тахминан 200 минг кишининг бошига етган атом бомбалари ишлаб чиқарилади.


Фашистлар Германияси ядровий қурол ишлаб чиқишнинг уддасидан чиқа олмади. Эҳтимол, бунга ҳаракат ҳам қилиб кўришмагандир. Эйнштейнни эса бомба ишлаб чиқаришдан четлаштирганлар. Унинг келиб чиқиши Германияга алоқадорлиги ва яна чап қанот сиёсий фаоли сифатида танилгани учун бу ишда катта хавф сифатида кўрилган ва Манҳеттен лойиҳасида иштирок этишига рухсат берилмаган.


Эйнштейн кейинроқ ўша хат унинг ҳаётидаги машъум хато бўлганини тан олади ва шундай дейди: “Иш муваффақият билан амалга оширилса, инсониятни қандай кулфатларга дучор қилиши мумкинлигини тўла англаб турардим. Аммо фашистлар Германияси ҳам шу масала устида бош қотираётган бўлиши мумкинлиги мени шу қадамни қўйишга мажбур қилди”.


Тарихчилар Эйнштейн мактубининг ядровий қурол яратилишидаги ўрнини турлича баҳолайди. Кимдир муҳим ўрин тутган деса, яна кимдир у қадар катта аҳамият касб этмаган деб билади. Олим эса ўзини тинчликпарвар деб билган. Жумладан, у шундай дейди: “Мен шунчаки пацифист эмас, жанговар пацифистман. Мен тинчлик учун курашишга тайёрман. Агар одамларнинг ўзи жангга боришдан бош тортса, ҳеч нима жанг билан якунланмайди”.

 

Рафиқ САЙДУЛЛО тайёрлади,

Oyina.uz

 

Oyina.uz'ni Telegramda o‘qing!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10406
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//