Oyina.uz портали 100 кун мобайнида ўзбекнинг 100 зиёлисидан «ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ» тавсиясини бериб боради.
Лойиҳанинг 26-куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб» тавсия қилади:
1. Марсел Брион, “Менким Соҳибқирон Темур” асари
Тарих, айниқса, миллий ўтмишимизга оид асарларни ўқишга доим интиламан. Қолаверса, буюк саркарда бобомиз ҳақидаги хорижликлар фикри доим мени қизиқтирган. Бу асарни шу жиҳатларидан келиб чиқиб, ўқишни тавсия қила оламан.
2. Амир Темур, “Темур тузуклари”
Бу ҳаётий китобни ҳар бир ватандошимиз албатта ўқиб чиқиши керак бўлган асар, деб ҳисоблайман. “Темур тузуклари”ни ўқиб давлатчилигимиз тарихи қанчалик буюк ва соҳибқирон бобомиз нечоғлик адолатли бўлганини чуқур ҳис қилиш мумкин.
3. Абдусаид Кўчимовнинг қисса, ҳикоя ва эсселари
Абдусаид аканинг деярли барча асарларини, эссе ва хотираларини ўқиб чиққанман. Адибга алоҳида ҳурматим бор. Ижодкор билан тез-тез фикр алмашиб, адабиёт ва санъат, журналистика борасида суҳбатлашиб турамиз.
4. Эркин Воҳидов, “Сайланма”
Ҳисоблаб кўрсам, аллома шоирнинг 130 дан ортиқ шеърларини ёддан билар эканман. Иш жараёнида шоирнинг ўқилиши осон, мазмуни чуқур шеърларидан кўп мисоллар келтириб тураман. Мен ёшлик кезларимдан шеъриятга қизиқаман, машҳур шеърларни ёд олиш талабалик вақтимда севимли машғулотим эди. Ҳозир ҳам имкон қадар матбуотда, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган шеърларни ўқиб бораман.
5. Муҳаммад Юсуфнинг барча шеърлари
Бунақа шоир камдан кам туғилади. Жуда кўп шеърларини ёддан биламан. Бир вақтлар, ёш пайтларимда, шоирнинг уйига бориб, суҳбатини олганмиз. Унинг Қўчқор исмли жияни менинг ўртоғим эди. Инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам ўзига хос эди, бошқаларга ўхшамасди.
6. Тоғай Мурод, “От кишнаган оқшом” қиссаси
Ор-номусини бир умр асраб-авайлаб яшаган Зиёдулла чавандоз ва унинг Тарлон оти ҳақидаги бу асарни бир нафасда, мазза қилиб ўқиганман. Айни асарни ҳам ҳар бир юртдошимиз албатта ўқиши, уқиши керак, деб ҳисоблайман.
7. Шаҳодат Исохонованинг детектив асарлари
Муаллифнинг асарлари қисқа ва жуда қизиқарли. Ўқишни бошласангиз тугатмагунча кўнгил жойига тушмайди. Асар сюжетини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди.
8. Муҳаммаджон Қуронов, “Ўзимизнинг ўзбекона маънавиятимиз бор” тўплами
Муаллифнинг шу ва бошқа китобларида, мақолаларида миллий тарбия масалалари чуқур очиб берилади. Бу китобда ҳам кўз ўнгимизда йўқолиб, реал ҳаётда қадри сусайиб бораётган миллий характер мавзусида куйинчаклик билан долзарб фикрлар айтилган.
9. Фёдор Раззоқов, “Шароф Рашидов: ҳаёт ва мамот” асари
Атоқли давлат арбоби, халқимизнинг суюкли фарзанди Шароф Рашидовнинг умр йўли ҳақидаги бу асарни катта қизиқиш билан ўқидим. Юртдошларимиз учун ҳам қизиқ бўлса керак, назаримда.
10. Ойбек, “Навоий” романи
Талабалигимизда “Иқтисодчи” номли ҚВЗ жамоамиз бўларди. Мен жамоа сардори эдим. Ўшанда қизиқарли ғоя, мавзулар излаб Ойбек асарларига кўп мурожаат қилардик. Бу китобни шунчалик кўп ўқиганманки, асар бошидаги 20-30 саҳифа деярли ёд бўлиб кетган. Мумтоз асар. Ҳамма ўқиши керак, деб ҳисоблайман. Ҳозирги замон ўқувчилари учун Навоийни тушуниш шу асардан бошланади, дейишим мумкин.
Зойир Мирзаев 1968 йили Самарқанд вилояти, Жомбой туманида туғилган. Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган (1994).
Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳокими (2003-2004), Самарқанд шаҳар ҳокими (2008-2010) Самарқанд вилояти ҳокими (2010-2016) Қашқадарё вилояти ҳокими (2019-2021) этиб тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси (2010-2018), Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири (2016-2018). 2022 йилдан Тошкент вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритмоқда.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ