Адабиёт
Марказий Осиёда ХХ асрнинг бошига қадар хотин-қизларга отинлар (отинойи, отинбиби) таълим берган. Дарслар одатда мактаб муаллимларининг уйида, уларнинг хотини томонидан олиб борилган.
Минтақада аёлларнинг турмуш тарзи, билими, дунёқараши, таълими масаласига доир фикрлар асосан мустамлака даврида яратилган адабиётларда учрайди. Уларда аёлларнинг ҳаёти “қоронғи”ликда, мазмунсиз экани айтилган; таълимда асосан адабий асарлар ўқилиши, бироқ ёзув ўргатилмаслиги қайд этилган.
XIX асрнинг 80-йилларида Тошкент шаҳрининг ўзида 137 ўғил болалар мактабида 4 минг 855, 86 хотин-қизлар мактабида 1 минг 324 ўқувчи таълим олган, уларга 86 ўқитувчи таълим берган (Ўзбекистон Миллий архиви, фонд И-47 жамғарма, 1-рўйхат, 601-иш, 26-варақ).
Туркистондаги қизлар мактабида асосий эътибор туркий ва форсий шоирларнинг асарларига қаратилган. 1911 йилга оид архив маълумотига кўра, қизлар 11 йиллик мактабни тугатганидан кейин 10–15 ёшларида тикишни ўрганган (Ўзбекистон Миллий архиви, фонд И-47 жамғарма, 1-рўйхат, 1149-иш, 39–49-варақлар).
XIX асрда Қўқон ҳудудида яшаб ўтган шоиралар ўз асарларида хотин-қизлар ҳаёти, уларнинг таҳсили борасида ҳам ёзиб қолдирган. Жумладан, Дилшоди Барно (1800–1905) ўз хотираларида 51 йил мактабдорлик қилгани, мадраса босқичида 23 толиба, мактабда 891 қизга таълим берганини қайд этади (Дилшод. Муҳожирлар тарихи / Ўзбек педагогикаси антологияси. Ж. 1. Тошкент, “Ўқитувчи”, 2010).
Анбар Отин (1870–1906) ҳам Қўқонда Дилшод қўлида таҳсил олган. Хотин-қизларга таълим бериб, ўзига “Отин” тахаллусини танлаган. Шоира бир шеърида хотин-қизларни камситганларга нафратини бундай ифодалайди: “Аёллар сочи узун, ақли қисқадур” деганларга, / Товуқча ақли йўқ, ахлатни титконларга ўт тушсун. / Тариқча илми йўқ, “қозикалонман, муфтийман”, дейдур, / Абу Сино, Улуғбекдин кўз юмгонларга ўт тушсун”.
ХХ аср бошида илғор ўзбек зиёлилари жадид мактаблари ташкил этиб, даврий матбуотда хотин-қизларни билим олишга чақирувчи мурожаатлар билан чиққан. Беҳбудий, Фитрат, Авлоний, Чўлпон каби жадидлар жамиятнинг интеллектуал даражаси аёлларга боғлиқ экани ҳақида бонг урганлар.
“Меҳнаткашлар товуши” газетасининг 1918 йил 24 декабрдаги сонида шундай сўзларни ўқиймиз: “Йигитларни етишдиргувчи, жамияти башарияни тарбия этгувчи хотун-қизларимизни таълим ва тарбиядан маҳрум этсак, аларда бўлғон истеъдод ва ўнгунликлардан фойдаланмасак, бизнинг ҳолимиз не бўлажак? Туркистонда хотун-қизларға махсус на бир мактаб, на бир жамият ва на бир қироатхона бор. Бизнинг Туркистонда хотун-қиз дунёси энг тубан даражада бўлуб, бутун ҳуқуқлариндан маҳрум этилиб, тўрт девор орасинда қамалуб қўюлғон маҳбуса кабидир. Башарият дунёсинда яшамоқ учун барча аъзонинг саломат бўлуши шартдир. Шундай бўлса биз ўн милюнли туркистонликларнинг ярминдан кўбини ташкил этган хотун-қизларимизни таълим ва тарбиядан, улум ва маорифдан маҳрум этиб, аларға онг ва фикр бермасак – ўқутмасак бизнинг ҳолимиз не бўлур?”
Ҳожи Муиннинг “Ёшларимиз ва қизларимиз тарбияси” мақоласида қизларни ўқитиш масаласи кўтарилади: “Туркистон маркази бўлғон Тошкандда халқ дорулфунунининг ибтидоий қисми номи ила ўнлаб мактаблар билан дорулмуаллимин курси очилди, аммо булар қаторинда кўбдан бери тўрт кўз ила кутуб турдигимиз бир дона қизлар мактаби очилмади, лоақал дорулфунун шўросинда келар замонда шундай мактаблар очарға ташаббус этажаги ҳақинда бирор хабар эшитилмади” (“Меҳнаткашлар товуши” газетаси. 1918 йил 28 июнь).
Кейинги йилларда қизлар учун мактаблар очиш бошланган. “Меҳнаткашлар товуши” газетасининг 1919 йил 28 февралдаги 62-сонида бундай ёзилади: “Ўғилларимиз билан баробар, хотун-қизларимизни ҳам ўқутмоғимиз фарз ва лозимдир. Муни ҳеч бир турк боласи ва ҳеч бир мусулмон фарзанди инкор қилмаса керак. Лекин таассуф қиламизким, кўб замондан бери Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) хотун-қизларни ўқутмоқ тўғрисиндаги буйруқларини хотирамиздан чиқориб, хотун-қизларни яхши ўқутмағонимиз учун ҳозирда қизлар учун лозиминча мактаблар очмоқға муаллималар йўқлиғидан имкон топа олмаймиз. Руслардан чоқирсак, тил билмайлар. Ўзимизда муаллималар йўқ. Шунинг учун 10–15 минг маъсума қизларимиз дин ва дунёлари учун зарур бўлғон илм ва ҳунардан маҳрум бўлуб қолмоқда. Туркистон маориф комиссариати ҳозирлигидаги турк шўъбаси мана шул ҳолға эътиборан эски Тошкандда 7 ойлиқ бир муаллималар курси очмоқға қарор берди. Бу фурсатда, яъни 7 ой ўтуб тамом қилғон хотун-қизларнинг қўллариға муаллималик шаҳодатномаси берилиб, ҳар ерда қизлар мактаби очилиб, шул мактабларга муаллималик этарлар”.
1920 йил 28 майда Халқ маорифи бўлими йиғилишида Наманган, Самарқанд ва Қўқонда алоҳида қизлар мактаби мавжудлиги, улардан бирида 170 қиз таҳсил олаётгани, маҳаллий аҳоли ўз турмуш тарзидан келиб чиқиб рус мактаблари, аёллар гимназияларида ўқий ололмаётгани, мусулмон қизлари учун алоҳида мактаб очиш лозимлиги масаласи кўтарилган (Ўзбекистон марказий архиви, Р-34 жамғарма, 1-рўйхат, 461-иш, 101-102-варақлар). Тошкент, Самарқанд шаҳарларида аёллар гимназияси очилиб, фаолият юритган бўлса ҳам, унда асосан рус миллатига мансуб аёллар таҳсил олган.
Шўро давлати таълим соҳасида олиб борган ислоҳотлар туфайли қизлар ва ўғил болаларни бир синфда ўқитиш жорий қилинган. Бунинг натижасида 1924-1925 йилларда совет мактабида 34 минг 735 нафар (26,1 %) қизлар ўқиган, қишлоқ жойларида эса уларнинг сони 6 минг 235 нафарни (11,5%) ташкил этган (Ўзбекистон марказий архиви, Р-2748 жамғарма, 1-рўйхат, 2514-иш, 19-20-варақлар). 1927/28 ўқув йилида республикадаги мактабларда 35 мингга яқин қиз таълимга жалб этилган, шундан қишлоқ жойларидаги мактабларда 6 минг ўзбек қизи ўқиган. 30-йилларда саводсизликни тугатиш курслари ва аёллар ўқитувчилик курслари ҳам ташкил этилган.
Умуман, Туркистонда хотин-қизлар таълими масаласи XX асрнинг бошида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар жамиятнинг интеллектуал ҳаётида аёллар иштироки ва мавқеи ошишига хизмат қилди.
Зилола ХАЛИЛОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
“Tafakkur” журнали, 2023 йил 2-сон.
“Маърифатдан маҳрум маъсумлар” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ