Адабиёт
Азим Қўқон шаҳридан етишиб чиққан жадидлар ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасининг маорифи, маданияти, сиёсий жараёнлардаги фаолияти билан ёрқин из қолдирган. Жумладан, Ашурали Зоҳирий, Абдуваҳоб Ибодий, Муҳаммаджон Холиқий, Акбар Исломов, Назир Тўрақулов ва шу каби кўплаб зиёлилар ўлкада илғор ғояларнинг ёйилишида ўзининг муносиб ҳиссаларини қўшган. Қўқонлик тараққийпарвар ёшлар ичида, айниқса, Шокир Сулаймоннинг ҳам алоҳида ўрни ва роли бор.
Шокир Сулаймон 1900 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Унинг отаси Собирхўжа илмли инсон, онаси Тиниқой ҳам ўқимишли аёл бўлганлиги манбалардан маълум. Шокирнинг биринчи устози отаси Собирхўжа бўлиб, кейинги таълимни қўқонлик жадид Абдуваҳоб Ибодийнинг “Ирфон” мактабида давом эттиради. Абдуваҳоб Ибодий ўз мактабида мукаммал таълим тизимини ишлаб чиққан, ушбу мактабдаги таҳсил, шубҳасиз, ёш Шокирнинг ҳаётида муҳим ўрин тутди.
Бўлажак адиб, шоир ва носир Шокир Сулаймон 1912 йилдан бошлаб Қўқондаги рус-тузем мактабида, 1917 йилдан эса Оренбург шаҳридаги Ҳусайния мадрасасида ўқишни давом эттирди. Ҳусайния мадрасаси 1891 йилдан фаолиятини бошлаган ва ўз навбатида, татар тараққийпарварларининг ҳаракат марказларидан бири эди. Шокир Сулаймон бу ерда ёш жадидчилик ғояларининг ижтимоий-сиёсий жиҳатлари тўғрисида ҳам кенг маълумотга эга бўлади. У 1921 йилда мадрасани тамомлаб, Қўқонга қайтади ва педагоглик фаолиятини бошлаб юборади. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг қайд этишича, Шокир Сулаймон 1922 йили Қўқон ва Учкўприк ҳудудларида тўрт йиллик “усули жадид” мактабларини очади ҳамда шаҳар тараққийпарварларининг етакчиси Обиджон Маҳмудовнинг уйида Ашурали Зоҳирий, Мирзоҳид Мироқилов, Юнус Оғалиқов, Носир ҳожи Зиёев, Абдулла Раҳмат, Мухтор Муҳаммадийлар йиғин ўтказади. Немис миллатига мансуб бир кишини топиб, иқтидорли ёшларга олмон тили дарсини ташкил этадилар.
Шокир Сулаймон 1922 йилда тузилган “Кўмак” уюшмасининг фаолиятида ҳам фаол иштирок этди ҳамда миллат бойларини ушбу эзгу ишда жонбозлик кўрсатишга даъват қилиб, ўзининг кўплаб шеър ва мақолаларида мазкур ташаббусни олқишлади. Жумладан, у “Туркистон” газетасининг 1923 йил 1 январm сонида чоп этилган “Оврўпада Туркистон ўқувчилари” номли мақоласида “Четда ўқувчи болаларини йўқлаб турғон бошқа миллатлар каби бизнинг Туркистон зиёлилари, маорифпарварлари ҳам ўзларининг “жийда халталари” билан четдаги ўқувчиларини йўқласалар, ёрдам этсалар яхши бўлур эди. Юрти, элидан узоқ турғон ўқувчилар Туркистондан шуни кутарлар. Шундай бўлса, истипендиясиз турғон юзлаб ўқувчиларимизга бир оз мадад бўлур эди. Юртидаги камчиликларни кўриб, юраги ачинадурғон ёшларимизнинг кундан-кун, йилдан-йилга кўпайиши лозимдир” деб ёзди. Бундан ташқари у Москвадан туриб Туркистон даврий матбуотида “Учқун” номли шеърини эълон қилиб, унда муаллиф Германияга ўқишга юборилган ўқувчиларни учқунга ўхшатади ва бир кун келиб улар нур бўлиб ватанга қайтишига, жаҳолат, илмсизлик сояси остида зулматга чўмган Туркистон заминини ёритишига умид билдиради:
Четда учқун, четда ёлқин гуркираб кучли ёнар,
Ёнғон ўт ўчмас, бироқ зўр ёқитлиқ, шуъла берар.
Қоп-қоронғи тилсимот, йўлсиз ёбон шарқ устига,
Ғарбдаги дард ёлқини бир кун чиқиб учқун сочар…
Шокир Сулаймон ўз билимини ошириш мақсадида Москва давлат университетининг филология факультетида ўқишни давом эттиради. Талаба Шокир таҳсил олиш билан бирга Москвада илм олаётган туркистонлик ёшларнинг муваффаққиятлари хусусида ҳам муҳим маълумотларни даврий матбуот нашрларига хатлар орқали маълум қилиб борган.
Шокир Сулаймон Москвада.
Масалан, у “Московда адабиёт тўгараги” номли хабарида туркистонлик ёшлар томонидан Москвада ташкил этилган адабиёт тўгараги тўғрисида маълумот беради: “Московда, ўрта, олий билим юртларида ўқиғувчи туркистонлик ўзбек, қирғиз, қозоқ истудентларининг яқинда адабиёт тўгараклари очилди. Тўгаракнинг туб мақсади Московда ўқиғувчи Туркистон исдутентларини бир нуқтага тўплаб, махсус лексиялар воситаси билан сиёсий, илмий, фанний кучларини ўстирмоқ ва Туркистон жумҳуриятининг Москов ваколатхонаси билан яқин алоқада бўлуб, Туркистон истудентларини ҳар ёқдан таъмин этмак ва кўпайтиришга тиришмоқдир. Тўгаракнинг 1) Маориф ва маданият, 2) Адабиёт-нашриёт, 3) Моддий таъминот бўлимлари бўлуб, президиумга Акмал Икромов, Боту, Шокир Сулаймон, Ҳанафий Бурнаш, Абдулла Қамчинбек ўртоқлар сайландилар. Тўгарак жиддий ишга киришиб Туркистон ўқувчилариға тезликда ёрдам қўлини чўзар, ишчи-ёшлар билан жуда яқин алоқада бўлур”.
Бундан ташқари у “Дорулфунунга яна 5 киши” номли мақоласида Москвада таҳсилни тамомлаган Файзуллоҳ Раҳимбоев ўғли (Хўжанд), Олимжон Ҳалим ўғли (Қўқон), Восе Муҳаммадий (Қайюм ўғли), Отажон Ҳошим ўғли, Саййидғани Валий ўғли (Тошкент)ларни ўзлари истаган факультетларга муваффаққиятли кирганликлари билан табриклайди. Айниқса, унинг “Ўқишнинг шундоқ қийин ва оғир минутларида ортиқ чидамлик билан ҳар бир тўсуқларға қарши келиб ўзининг мақсад ва планини вужудга чиқарғон қаҳрамон ўртоқларимизни олқишлаб, ўқишларини йигитларча итмом (тамом – М.Алижонов) қилишларини сўраб қоламиз. Элимизнинг, юртимизнинг – чин илмий кучларига муҳтож бир вақтларида бундоқ нодир ал-вужуд ўсмирларнинг қадамлари муборак ва шоён ифтихордур” сўзларидан чинакам севинчини сезиш мумкин.
Алоҳида қайд этиш керакки, унинг ижодий мероси айнан ана шу талабалик йилларида гуркираб ривожланди. Жумладан, у “Туркистон”, “Фарғона”, “Янги Фарғона”, “Қизил байроқ” газеталари ҳамда “Маъориф ва ўқитғувчи” каби журнал саҳифаларида ўзининг кўплаб мақола ва шеърлари билан иштирок этди. Шу билан бирга у “Эрк куйлари”, “Ғалаба марши”, “Янги сарой”, “Давр ҳайқириғи”, “Икки йўл”, “Сайланма”, “Ўтганларни эслаганда”, “Сургун Сайфий” номли шеърий тўпламлар ҳамда “Аччиқ хотиралар”, “Колхозда”, “Жама ҳам Ҳамо”, “Ёш ихтирочи”, “Саёҳат”, “Ҳиндистонда”, “Жим ҳам Эллен”, “Бутун дунёга саёҳат”, “Янги турмушда”, “Бахтли Ҳалима”, “Подачи”, “Бизда ҳам уларда”, “Париж болалари”, “Фармуза отаси” каби насрий асарларни ижод этди. Шокир Сулаймон таржимон сифатида ҳам А.Михайловнинг “Спартак”, В.Бианкининг “Бу кимнинг оёқлари”, “Какку болачаси”, “Қуш қандай сайрайди” ва шулар каби кўплаб бадиий асарларни ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди.
Шокир Сулаймоннинг Туркистон даврий матбуотида мақолалари айниқса ўзининг миллий руҳда эканлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, “Фарғона” газетасининг 1923 йил 15 апрелm сонида чоп этилган “Халқ адабиёти”, худди шу газетанинг 1923 йил 24 августда эълон қилинган “Миллий куй ва ашулаларимиз” номли мақолалари шулар жумласидандир. Шокир Сулаймон “Халқ адабиёти” номли мақоласида ўзбек халқининг жонкуяр фольклоршунос мухлиси сифатида намоён бўлади. Муаллиф мазкур мақолада адабиётни 1) Халқ адабиёти ва 2) Қалам адабиёти каби икки қисмга бўлиб, ушбу икки адабиёт турига ўз таърифларини берган. Шокир Сулаймоннинг фикрича халқ адабиёти бу халқнинг ўзидан – отадан болага, боладан ўғилга, оғиздан оғизга, бўғумдан бўғумга, қулоқ билан эшитилиб келиб, доим халқнинг ўзи билан бирга жонли тарихий таржимайи ҳоли бўлиб етиб келадиган адабиётдир. Қадимги ҳикоят – эртак, афсона, топишмоқлар, масал ва мақоллар, ашула ва лапарлар, булар халқ ва ё оғиз адабиётидир дейди муаллиф. Қалам адабиёти эса муҳаррирлар, шоир ва адиблар тарафидан турли усталиқ наср, назм билан ёзилғон театру рўмон, қисса, ҳикоят ва бошқа турли тасвирий мажмуа асарлардирки, бунинг ҳам ўқуб фойдалангувчиси яна шу ёзғувчилар, ўқиш ва ёзишни билган саводли кишилар ҳисобланади. Шокир Сулаймон халқ адабиёти ҳақида тўхталиб “Муваррихлар (тарихчилар – М.Алижонов) кўпинча ўзларига очқич этиб халқ адабиётини оладурлар. Чунки, халқ адабиёти шу халқнинг аҳволи руҳиясини, шу вақтдаги замон, муҳит ва дунёга қарашини дин, эътиқод ва кечирган кунларини ҳеч бир яширмасдан, қўрқмасдан очиб берадур. Устидан халқ адабиёти, халқнинг борлиқ аҳволи руҳиясин, чиройлик ёмонлигин очуб, тез кўрсатадурган қийматли ойинадир. Кўп вақтлар қалам адабиётидан халқ адабиёти устун юрадур. Халқнинг руҳи, озиғи, борлиқ тилаги ўз адабиёти билангина англашадур. Шоирлар, адиб ва муҳаррирлар халқ адабиётидек очиб авомфахм қилиб, халқнинг жонига ёқарлик қилиб бера олмайдур. Ҳеч бир нарсаси кўзга кўринмаган бечора ўзбекларнинг сонсиз, сахтсиз етишмаган ишларидан – қаторда йўқолишга етар даражада халқ адабиёти турадур” деб ёзади.
Муаллиф халқ адабиётига нисбатан ўзбек ёшларининг беписандлиги, фольклор намуналарини йиғишга нисбатан ҳаракатнинг сустлигидан хафа бўлади: “Московда чиқадурган расмий бир журналга: “Ўзбек адабиёти, айнуқса халқ адабиёти тўғрисида бир нарса тафтиш ва қараш ёзиб беринг” дейилганда, бир нечалар қарашиб кўриб, қўлда тайёр бир нарса бўлмағонлигидан қизаруб жавоб беришдан бошқа бир нарсага ярамадиқ. Лекин унда-мунда Фарғонада юрган вақтларда ўртоқларимизнинг тилларидан суйиб айтилган ашулла-қўшиқлардан оз-моз парчалар билсак ҳам борлиғимизни дурустроқ кўрсатишга ҳеч бир иктифо қилиб бўлмайдурғон даражададур. Охирида шуни дейиш керакки, Фарғонада 4-5 йиллик бир ўзгаришда, айнуқса босмачилар даврида тарих улгуртириб, биткизиб ололмайтурғон қизиқ хотирали, фожиали ва даҳшатли ҳоллар кечирди. Ўйламайман, ҳеч бир ёзғувчи муваррих Фарғонанинг сирли, қонли тарихин халқ адабиётича очуб, ёзуб, айтуб бера олмайдур. Билганимизча: Фарғонада ўтмиш қўрбошилар, беклар, уларнинг кечирмиш кунлари, хотиралари ва шу замонда ҳукуматга қарашлари, уларнинг тилаклари ниҳоят ўлишлари, битишлари – ҳаммаси айнан нуқтама-нуқта ўзининг уста, маҳоратли тўқиғувчилари тарафидан тўқилиб қолинмишдур ва тўқилмоқдадур. Бир неча йиллар давом этган ўзининг куйли, жонли ҳазин овозлари билан Фарғона чўлларида, саҳроларида, тоғларида, далаларида эшитилар-да тарихнинг шошиғчилиги орқасида жонли куйлари, исмлари тез унитилур. Мана шу кун сайин, соат сайин ҳар қишлоқда, ҳар шаҳарда чиқиб турган ва турадурган халқ адабиётининг куйларин нотага олдириш қўлимиздан келмаса, бўлдира олмасақ ҳам, ақалли, сўзларин, қийматли борлиқларин сақлаб қолиш биз ёшлар, қалам аҳллари учун фарзи айндир”. Шокир Сулаймон ушбу мақоласида миллий истиқлол қаҳрамонлари тўғрисида куйланган ноёб халқ оғзаки ижоди бўлмиш шеърлардан ҳам наъмуналар келтирган:
Бек акамлар сой кечди, омон ёр,
Шоҳи тўнини ечди, омон ёр,
Дин ва ислом йўлида, омон ёр,
Азиз жонидан кечди, омон ёр.
Яна:
Бу тоғларда ким ётган?
Аскар болалар ётган;
Ёнбошига тош ботуб,
Охир худога етган.
Войй ўртоқлар!
Дўст, жўралар!
Бу дунёнинг савдоси
Ҳаммамизни ҳайрон айлади.
Айтиб ўтиш керакки, ушбу мақола ёзилган пайтда Туркистон ўлкасида истиқлолчилик ҳаракати айни авжига чиққан, минглаб ўзбек йигитлари қўлларига қурол олиб, мустамлакачи совет ҳукуматига қарши мардонавор жанг олиб бораётган пайтлар эди. Шокир Сулаймон эса ушбу мақоласида Туркистон учун курашаётган қўрбошиларни миллий қаҳрамон сифатида эътироф этиб, улар тўғрисида халқ ичида айтилаётган, куйланаётган шеър ва қўшиқларни асраб-авайлашга даъват этди: “Шунинг учун мен Туркистон, айнуқса Фарғона ёшларидан, қалам эгаларидан сўрар эдим: Ҳар қайсингиз йўқсул элимизнинг қоронғи, онгсиз, билимсизлиги ўзимизнинг ҳаммадан ҳам пастда – тубанлигимизни эсда тутиб, бирдан-бир элимизнинг келгуси болаларига умрлик бир совға қилишлик нияти ила ва чиндан халқ адабиётини йиғишга урининггиз… Мумкин қадар марказдан борган ва ҳам ҳайъатимиз томонидан юборилган ва юбориладурган ўртоқларга бериб, керакли ҳақинггизни олишингиз билан баробар бўйнинггизда бор бир хизматни адо қилғон ҳисобланар эдингиз”.
Ўнгдан: Чўлпон, Шокир Сулаймон ва Боту
Шу билан бирга Шокир Сулаймоннинг “Фарғона” газетасининг 1923 йил 24 август сонида чоп этилган “Миллий куй ва ашулаларимиз” номли мақоласи ҳам унинг нечоғлиқ халқ адабиётини асраб-авайлашда фидокор шахсият бўлганлигини англатади. Муаллиф ушбу мақоласида ҳар бир элнинг ва ҳар бир халқнинг юрагидан қайнаб чиққан оҳ-зорларини, шодлик ва қайғуларини ўз оҳанг ва руҳига мувофиқ куйлари, ашулалари ва шу куй, ашулаларни халқнинг ўзиники қилиб айтадиган қўшиқчилари борлигини қайд этиб, халқнинг аксарияти, хусусан, омма қисми ҳар вақт ўз ашулачилари билан фахрланиб, шуларни эшитиб, руҳларини суғориб, тетиклантиришларини ёзади.
Шокир Сулаймон ўзбек ёшларининг миллий куй ва қўшиқлардан узоқлашиб кетаётганини ёзиб, изтиробларини “Миллий куйларимизнинг қадрига етмаган, миллий ашулаларимизни лаззат, ингичка туйғу ва таассуротларига англаша олмаган, халқимиз афъоли қабихаларига қўшиб миллий ашулаларимизга қўл силтайдурғон ёшларимиз-да йўқ эмасдир, бордир. Лекин яна шул ёшларимиз, уларгина эмас, турли мамлакат ва чет элларда ўқиб юрғувчиларимиз-да кўп вақт ўз ашулаларини айтиб бўлар-бўлмас ғиринглаб юрадирлар. Рус куйларига муҳаббат қўюб, суюб юрган ва татарча “Олиябону”, “Оқ Эдилкай”, “Маҳбус” куйларин куйлаб, жирлаб юрган менинг ўзим-да сўнгги вақтларда ўзимизнинг куйларимизга, миллий ашулаларимизга борлиғим билан берилиб, бор ҳасратларимни, қайғу аламларимни, шодлиқ ва ўйноқи тилакларимни шундан топадирган бўлдимки, ҳозир билар-билмас, ундан-бундан чўқилаб, соғиниб-соғиниб куйлаб юраман. Ҳўқандда бир неча ўртоқларимни, Намаганда Рафиқнинг “Фарғона”ларини (Наманганлик шоир ва ёзувчи Рафиқ Мўмин назарда тутилмоқда – М.Алижонов), Масковда Муҳиддин қорининг ашулаларини эшитганда тамом берилиб, куйларимизнинг нафис оҳангларига эриб қимирлайдирган эдим. Қримга борганда эрка Қрим қизларининг ярим татарча, ярим усмонлича (ёқимли овозлари билан) айтган куйларидан ўзимизнинг фарғонача Чўлпоннинг “Уйқу”си, Рафиқнинг “Фарғона”си ва шуларни айтган қўпол товушим ўзимга туюлади. Тўғриси-да, руҳимга яхши озиқ бўладир, дардларимни, ҳасратларимни ёзадир эди. Бошқа халқларникига қараганда оз бўлмаса-да, кўпроқ бизнинг ҳам ота-бобо ва эски замонлардан қолган кўпгина куйларимиз, ашулаларимиз бордирки, бу кунда уларнинг кўплари унутилиб кетмоқда. Кундан-кунга деярли янгилари чиқмодадир. Мутараққий элларнинг куйшуносларининг назарида, эски куйлар жуда аҳамиятлик қийматликдир. Сўнгги тараққий замонларда уларнинг борли куйлари йиғилиб, нотага олиниб, келгуси дунёга бисот қилиниб, сақланиб келаётган бир замонда Туркситонга махсус совуққонлик аҳамиятсиз қарашимиз билан эскиларни-да, янгиларни-да унутиб, йўқотиб борамиз” деб урғулайди.
Шокир Сулаймон 1926 йилнинг августидан 1929 йилгача Самарқандда тузилган “Қизил қалам” адабий жамиятининг раиси сифатида фаолият олиб борди. У ушбу жамият ишларида иштирок этган ҳолда, “Қизил қалам” адабий мажмуасини янгидан-янги асарлар билан бойитишда фаоллик кўрсатди. Жумладан, у адабий альманах яратиш учун “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1926 йил 8 декабрь сонида “Бутун ўзбек адиб ва шоирлариға!” номли эълон хабарини чоп этдирди. Шокир Сулаймон бу эълонида Москов, Ленинград, Берлин, Баку ва бошқа шаҳарлардаги ёш кучларни ишга солган ҳолда, ўзбек адабиёти майдонида зўр намойиш қилиш тилагидалигини билдириб, альманах учун юбориладиган адабий наъмуна (шеър, сочма, ҳикоя, достон)ларга бу кунгача матбуотда кўрилмаган, ёзилмаган янги нарсалар бўлиши кераклигини шарт қилиб қўяди.
Афсуски, қаттол тузумнинг қонли қиличи аксарият ўзбек зиёлилари қатори қаҳрамонимизни ҳам четлаб ўтмади. Истеъдодли шоир, носир ва фольклоршунос Шокир Сулаймон 1941 йилнинг 27 августида қамоққа олинди. У ЎзССР Жиноят кодексининг 66-67-моддалари, яъни “Аксилинқилобий фаолият олиб борганликда”, Туркистон жадидларининг “Миллий иттиҳод” маxфий ташкилотига аъзоликда, миллий куй ва қўшиқларни тарғиб қилганлиги учун миллатчиликда айбланди. Гарчи, совет ҳукумати 1956 йилда хотини Зайнаб Мирсалимовага эри Шокир Сулаймоннинг 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинганлигини маълум қилган бўлса-да, у 1942 йилнинг 22 декабридаёқ отиб ташланган эди. Ўзбек адабиётининг, хусусан ўзбек фольклорининг жонкуяр ҳимоячиси, толмас тарғиботчиси Шокир Сулаймоннинг тергов баённомасига ёзган сўнгги сўзи қуйидагича бўлди: “Мен хоин эмасман!”.
Шокир Сулаймон 1956 йил 27 сентябрда оқланган.
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат
музейи катта илмий ходими
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ