
Юнус Латиф 1910 йилда Тошкентнинг ўзига тўқ бойларидан бири Латифбек хонадонида туғилган. Табиийки, Юнуснинг отаси ўғлига яхши таълим-тарбия беришга ҳаракат қилди, бу йўлда сармояни аямади. Шу билан бирга Юнус ёшлигиданоқ тараққийпарварларнинг адабий даврасида иштирок этиб, бевосита уларнинг таъсири остида вояга етди. У вояга етган ва кейинчалик ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиб борган адабий давра ичида Ғулом Зафарий, Ғози Юнус, Чўлпон, Элбек, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ғайратий, Санжар Сиддиқ, Собир Абдулла каби миллат зиёлилари бор эди.
Юнус Латиф ўқувчилигиданоқ Алишер Навоий асарлари билан бирга Абдураҳмон Жомий, Фузулий, Шайх Саъдий ва шу каби кўплаб классик шоир ва ёзувчиларнинг ижоди билан танишди.
Юнус Латиф туғма истеъдод соҳиби эди. У бир олим узоқ умри давомида қилиши мумкин бўлган тадқиқотларни қисқа ҳаётида амалга оширди. Жумладан, 1939-йил, ҳали 28 ёшида Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” (Кўнгилларнинг севгани) асарининг илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаб, чоп эттирди. Эътироф этиш керак, ХХ асрнинг 30-йилларида мумтоз адабиёт вакиллари асарларининг илмий-танқидий матнини тайёрлаш ҳали урф бўлмаган эди. Юнус Латиф жуда ёш бўлишига қарамасдан бу ишни мувафаққиятли тарзда амалга оширди. Шунингдек, у “Ҳозирги замон ўзбек адабиёти дарслиги” хрестоматиясини нашрга тайёрлаш билан бирга “Ўт қиз” ва “Салом меҳрибон” номли шеърий тўпламларни ҳам китобхонларга тақдим этди. Шунингдек, Юнус Латиф “Ёш ленинчи”, “Қизил Ўзбекистон”, “Ўқитувчилар”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталари ҳамда “Гулистон”, “Ёш куч”, “Вожатий” (Етакчи) каби журналларда ўзбек адабиётшунослигига доир қатор мақолалари билан чиқишлар қилди.
Жумладан, Юнус Латиф “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1941 йил 16 май сонида чоп этилган “Адабиёт дарсининг қўйилиши” номли мақоласида, бир пайтнинг ўзида ҳам кучли филолог олим, бошқа томондан эса етук педагог сифатида намоён бўлади. Олим ушбу мақоласида адабиёт ҳақида, унинг мактабларда ўқитилишидаги жараёнлар хусусида ўзининг ўта дақиқ мулоҳазаларини билдирган. Масалан, унинг адабиёт тўғрисидаги қуйидаги фикрларига назар солайлик: “Адабиёт санъатнинг шундай бир қисмики, унинг равнақи барча санъат турларининг гуллашига, камол топишига йўл очади. Адабиёт тарихини кўздан кечирсак, бу фикрнинг ёрқин мисолларини кўриш мумкин. Прогрессив адабиётнинг роли бугина эмас, балки у кишилик ҳаётининг ойнасидир. Бу ойнада халқларнинг умид, орзулари, инсонларнинг ўзаро курашлари жилваланади. У бир томондан тарихни ўргатса, иккинчи томондан турли тарихий даврларда яшаган кишилик жамиятининг руҳий ҳолати, дунёга қарашини ифодалаб беради. У ҳаётни фақат акс эттирмайди, балки наслларни тарбиялайди, турмушни ўргатади, ёруғ келажакка йўллайди. Бир сўз билан айтганда адабиёт кишиликни ўргатадиган билимдир”. Юнус Латиф ушбу мақоласида “Мактабларимизда адабиёт дарсининг қўйилиши бу талабларга жавоб берадими?” деган саволни ўртага ташлаб, бу борада ўзи изланишлар олиб борган. Масалан, у 1941 йилда Қўқон шаҳридаги мактабларга бориб, 10-синфларнинг адабиёт дарсларини кузатган. Унинг бу хусусдаги мулоҳазалари бир томондан ўтган асрнинг 40-йилларида мактабларда адабиёт дарсининг ўтилиш жараёнлари тўғрисида муайян тасаввур берса, иккинчи томондан Юнус Латифнинг педагог ва олим сифатидаги маҳоратини аниқроқ баҳолашга хизмат қилади.
Юнус Латиф Қўқон шаҳридаги 3-мактабнинг Х синф, адабиёт дарсида иштирок этган. Ушбу дарсда ўқитувчи ўқувчиларга Ғафур Ғуломнинг “Икки васиқа” асарини таҳлил қилиб беришни мақсад қилади. Бу тўғрида Юнус Латифнинг қуйидаги мулоҳазалари айниқса диққатга сазовор: “Асар синфда ўқилди. Лекин ўқувчилар бадиий асарни ўқиш санъатидан хабарсизликларига кўра, уни бузиб ўқидилар. Ҳатто “Сой тоши” деган сўзни “шайтони”, “айланарди”ни “ўйларди”, “қадамжолари”ни “қадамчалари” деб ўқиса ҳам ўқитувчи буларни тузатмади. Шундай қилиб ўқувчилар бу адабий парчадан баҳра ололмадилар. Ўқиш сифатининг пастлиги орқасида асардаги кузатилган мақсад ўқувчиларга бориб етмади. Бадиий ўқишнинг паст савияси устига ўқитувчининг таҳлили ҳам паст, масаланинг моҳиятини очиб бергудек бўлмади. Ўқитувчи асарнинг ғоявий томонини қуруқ, ширасиз ифодалар орқали баён қилишга ортиқча зеб берди. Яъни ўқитувчи социологияга берилиб кетиб “Икки васиқа”да айтилмоқчи бўлган ғоянинг бадиий ифода йўлларини оғизга ҳам олмади. Ҳайдар Чўққининг образи, унинг ўтмиши ва ҳозири ҳақида болаларда ёрқин тасаввур қолмади. Ҳолбуки, бадиий асарнинг таҳлили ичида бадиий дид, нафосат ҳиссини тарбиялаши, ўстириши лозим. Чунки қаҳрамонларнинг ҳислатлари орқали ёшларни тарбиялаш муҳим ишдир. Лекин дарс бу талабларга жавоб бермади. Яъни ўқитувчи асардаги асосий тугунни ечиб беролмади. Яъни қаҳрамонларнинг характерлари, портрет деталлари, образлар кўланкада қолиб кетди. Бунинг орасида ўқувчиларга, персонажларга лоқайд қарар, уларда онгли қизиқиш кўринмас эди. Персонажларнинг фикр қилишлари, хулқ-атворлари, интилиш, тақдирлари билан қизиқсинмаслик, дарснинг паст савиясини кўрсатиб туради”. Юқорида келтирилган иқтибослардан кўринадики, Юнус Латиф моҳир ва синчков педагог бўлиш билан бирга адабиётни теран тушунган олим ҳам бўлган.
Муаллифнинг Марғилондаги 13-мактабнинг Х синфидаги дарс жараёнлари тўғрисидаги мулоҳазалари ҳам диққатга сазовор. Адабиёт ўқитувчиси дарси тўғрисида фикр юритган. Жумладан, муаллиф “Характер ва унинг тасвири бадиий асарнинг жонидир. Бадиий асар характер яратиш санъатидир. У қаҳрамонларнинг ички олами, руҳий ҳолати, орзу, интилишлари, алами, изтироблари, умид, қувончлари, хулқ-атворларининг кўрсаткичидир. Адабиёт дарсида характер билан портретнинг фарқига бормаслик, бадиий асарнинг моҳиятини англамасликка олиб келади. Ўртоқ Муҳаммадиев характер ҳақида савол бериб, портрет тўғрисида жавоб олишга интилди. Демак, ўқитувчи адабиёт назариясининг бу муҳим қоидаларини англаб етмаган. Ўртоқ Муҳаммадиевнинг классик адабиёт бўйича бир дарсидан ҳам намуна келтирамиз: У, 8-синфда Л.Н.Толстой ижоди устида машғулот ўтказди. Биз дарснинг савиясини ўқитувчининг саволлари ва ўқувчиларнинг жавобларини айнан келтириш орқали кўрсатмоқчимиз. Масалан:
Ўқитувчи: Толстой ижодининг биринчи даврини айтинг?
Ўқувчи: Помешчикларни қаҳрамон қилиб олади. Дворян патриархализмни ёзди.
Ўқитувчи: Толстой ижоди биринчи даврида қарама-қаршилик борми?
Ўқувчи: Бор, иккинчи даврда йўқ, э, бор.
Ўқитувчи: Ҳожимурод образи нимани билдиради?
Ўқувчи: Ҳожимуроднинг мардлигини…
Ўқитвчи: “Базмдан кейин”да бош қаҳрамон ким?
Ўқувчи: Э, Иван Васильевич.
Ўқитувчи: Базмдан кейин нима бўлди?
Ўқувчи: ...(жим)
Ўқитувчи: Ижодида иккинчи даврда ҳам қарама-қаршилик кўрамизми?
Ўқувчи: “Жабрга қарши чиқма” деган қарама-қаршиликни кўрамиз.
Савол-жавоблар буюк санъаткор ҳақида ўқувчи ва ўқитувчи тайёргарлигининг кам эканлиги, дарс сифатининг пастлигини равшан кўрсатиб турибди. Бу ерда диққатни тортадиган нарса ўқитувчи саволларининг ўйланмасдан, белгили бир муддаони кузатмасдан берилишидадир. Бу хил саволлар серияси натижасида Толстой ижоди ҳақида оз бўлса ҳам ёрқин тасаввур ҳосил қилиш мушкул. Ўқитувчи юқоридаги ғариб саволларни бериб, унга берилган жавобнинг тўғри, нотўғрилиги билан қизиқсинмайди, болаларнинг хатосини тузатмайди. Шунинг натижаси ўлароқ, хато ва саёз фикрлар бошқа ўқувчиларнинг зеҳниятига ҳам сингиб боради. Ҳолбуки, ўқитувчи ҳар бир саволни ўйлаб, ҳар томонлама мўлжаллаб бериши ва мавзунинг маълум бир қисмини ёритиб олиши, ўқувчига энг муҳим нуқталарни англаб етишга ёрдам бериши зарур эди. Айниқса, адабиёт дарсида бериладиган савол маълум бир асарнинг у ёки бу жиҳатини равшанлатиши керак” деб ёзади. Юнус Латиф ўқитувчининг Л.Н.Толстой тўғрисидаги ўқувчиларга берган тўмтоқ ҳамда пролетар мафкуравий руҳга эга бўлган саволларига ишора қилган ҳолда, адабиётни синфий қураш тасвирланадиган соҳага айлантириш керак эмаслигини ўта нозик шаклда қайд этиб ўтади.
Юнус Латиф Алишер Навоийнинг муҳиби, издоши, мутафаккир меросининг толмас тарғиботчиси бўлган. Буни у томонидан адиб ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзилган мақолалардан билишимиз мумкин. Юнус Латиф “Гулистон”, “Ёш куч”, “Вожатий” (Етакчи) журналлари ҳамда “Ўзбекистон адбиёти ва санъати”, “Ёш ленинчи”, “Ўқитувчилар” газеталарида “Навоий афоризмлари”, “Гениал шоир, буюк гуманист”, “Навоий”, “Маҳбуб ул-қулуб” ҳақида”, “Алишер Навоийга бағишланган кўргазма”, “Навоий бадиий сўз устаси”, “Хамса”, “Садди Искандарий” достони”, “Достонда халқ ва шоҳ”, “Навоийда дин масаласи” номли мақолаларни эълон қилган.
Минг афсуски, кўплаб ўзбек зиёлилари қаторида Юнус Латифнинг бошига ҳам қатағоннинг қора булути соя солади. Юнус Латиф 1941 йилнинг 9 август куни қамоққа олинди ва ўша куннинг ўзида уйида тинтув ўтказилиб унга тегишли бўлган барча китоблар, ҳужжатлар ҳамда қўлёзмалар олиб чиқиб кетилди. Тергов ҳужжатларига қараганда бу пайтда унинг отаси Латиф Райимов вафот этган бўлиб, хонадонда онаси, турмуш ўртоғи София Иброҳимова, акаси Содиқ, Юсуф, синглиси Башорат ҳамда укалари Носир ва Айюблар истиқомат қилар эдилар. Юнус Латиф қаттиқ қийноқ ҳамда руҳий босимларга қарамасдан мардонавор турди, туҳматдан иборат аризаларга қўл қўймади. Эътиборли жиҳати шундаки, бўҳтон ёзилган аризалар Юнус Латиф номидан тайёрланган бўлиб, аслида бу қонхўр НКВД жаллодларининг “ижод намунаси” эди. Терговчилар Юнус Латифнинг жиноий иши баҳонасида у билан бирга “Гулистон”, “Ёш куч”, “Вожатий” каби журналларда бирга ишлаган ҳамкасбларини ҳам занжир шаклида қатағон ўпқонига тортишни мақсад қилган эдилар. Унинг ҳамкасбларидан Комил Одилов, Тўхтасин Жалолов каби зиёлилар бевосита Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Ғозий Юнус каби зиёлиларнинг илмидан баҳраманд бўлган эди.
(Юнус Латиф қамоқхонада. 1941-йил)
Юнус Латифга нисбатан ЎзССР жиноят кодексининг 66-67-моддаларида назарда тутилган, яъни аксилинқилобий ташкилот аъзоси, аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб 1942 йилнинг 12 августида отиб ташланган. Бу “жиноят” бизга шундай муҳим хулосани беради: совет ҳукумати ҳатто II Жаҳон уруши кетаётган бир пайтда ҳам ўзбек халқи ичидан бир миллатпарвар зиёли чиқишига тоқат қилолмаган.
Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида Юнус Латифнинг қуйида тўрт сатри эътиборимни тортди. Гўё у устоз ва ҳаммаслаклари бўлмиш Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Ғозий Юнус, Элбек ва Санжар Сиддиқлар каби қаттол тузумнинг совуқ ўқи кўкрагини тешиб ўтишини олдиндан билгандек:
Жон кўринмас йўлларда,
Титрамас япроқлар ҳам.
Бирозгина сабр этгин
Сал ўтиб, оларсан дам.
Юнус Латиф 1956 йилда оқланган.
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат
музейи катта илмий ходими
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ