Ким учундир қўғирчоқ ҳукмдор, ким учундир қурбон. Чингиз авлодининг сўнгги йирик вакили, Бухоро хонлигининг охирги хони Абулфайзхон ҳаёти


Сақлаш
03:40 / 24.06.2023 752 0

XVIII аср бошида Бухоро хонлигини чингизийлар хонадонидан бўлган Аштархонийлар бошқарар эди. Тарихий манбаларда уларни ўзбек сулоласи ҳам дейилади. 1711 йилда сулоланинг йирик вакилларидан бири Убайдуллохон II ўлдирилди. Тахтга унинг укаси Абулфайзхон ўтирди. Манбаларда унинг амирлар қўлида қўғирчоққа айланиб қолгани кўп айтилади. Ҳукумат устидан назоратни қўлдан бой берган ва бу даврда Фарғона водийси Бухородан ажралиб чиқади. Тахтга даъво қилиши мумкин бўлган барча оила аъзоларини қиличдан ўтказган Абулфайз Бухорони 36 йил бошқаради. Унинг фаолиятининг сўнгги 7 йили Эрон шоҳи Нодиршоҳ ҳукмронлиги остида кечади. Бу пайтда Бухоро Эроннинг ярим мустамлакаси ҳолида эди. Oyina.uz’нинг бугунги мақоласида Абулфайзхон ҳукмронлик даври ҳамда вафоти ҳақида ҳикоя қилинади.

 

Абулфайзхон (1687-1747, 1711-1747) Бухоро хонлигида Аштархонийлар бошқаруви давридаги саккизинчи кўпчилик тарихчилар фикрига кўра сўнгги хон саналади. У 1696 йил баъзи манбаларда 1699 йилда Бухорода туғилган. Тарихчи Абдусаттор Жуманазаровнинг Абу Абдураҳмон Абдуллоҳнинг «Тарихи Бухоро ва таржумат ул-уламо» асарига таяниб 10 ёшда тахтга ўтирганлигини келтиради.Унинг ҳокимият тепасига келиши акаси Убайдуллахонга қаратилган суиқасддан сўнг рўй берди, бу вақтда у 10-16 ёшлар атрофида бўлган. Мазкур воқеалар Муҳаммад Амин Бухорийнинг «Убайдулланома» ҳамда Абдураҳмон Толеънинг «Тарихи Абулфайзхон» асарларида кенг ёритилган.

 

XVIII асрда Эронда Сафавийлар сулоласи инқирозга учрай бошлади. Бир қатор ҳудудлар империя таркибидан ажрала бошлади. Шундай шароитда сафавий қўмондонлардан бири, туркманларнинг афшор уруғидан чиққан Нодиршоҳ Афшор мамлакат тахтини эгаллаб, тез фурсатда империя чегараларини Ҳиндистонгача етказди. 1736 йилдан бошлаб эса азалий рақиблари бўлмиш ўзбек давлатлари, Бухоро, Хоразм ва Фарғонани эгаллашга бел боғлади.

 

Нодиршоҳ Ҳиндистонда жанг қилар экан, унинг ўғли Ризоқулимирзо Бухоро ҳудудига ҳужум қилади. Бухоро ва афшорийлар қўшини ўртасидаги илк жанг 1737 йил Қарши яқинида юз беради ва Ризоқулимирзонинг ғалабаси билан тугади. Бунга қарши Хоразм хони Элбарсхон туркманлар қўшинига қарши жавоб ҳужумлари қилди. Нодиршоҳ Ҳиндистондаги урушдан чалғимаслик учун Ризоқулини Бухорони тарк этишга чақирди. Аслида Хоразм хонлари доимий равишда Хуросонга юришлар қилиб турган. Жумладан, 1734-35 йилларда ҳам Элбарсхон Хуросонга ҳужумлар қилиб, бир қанча жойларни талаган эди. Кейинчалик, Нодиршоҳ қўшинига мағлуб бўлади.

 

Нодиршоҳ Ҳиндистондаги зафаридан кейин, асосий эътиборини Марказий Осиёдаги ўзбек давлатларига қаратади. Бухоролик тарихчи ва сайёҳ Мир Абдулкарим Бухорий ўзининг Бухоро тарихига бағишланган китобида ёзишича, Абулфайзхон Нодиршоҳга бас келишига кўзи етмай, унинг ҳузурига элчилар юборишга қарор қилади. Элчиликка Қарши ноиби, хоннинг оталиғи Муҳаммад Ҳакимбий бошчилик қилади. Ҳакимбий ўзи билан бирга қимматбаҳо совғалар ва хоннинг мактубини олиб Пешоварга – Нодиршоҳ ҳузурига боради. Элчилар бир қанча нуфузли кишилардан иборат эди. Хоннинг мактуби эса қуйидагича мазмунда битилган эди: «Мен қадим хонлар авлодининг сўнгги вакилиман. Мен сен каби қудратли подшоҳга бас келиш қудратига эга эмасман. Сенга яхшиликларни тилайман ва менинг меҳмоним бўлсанг, бундан бағоят шод бўлурмен». Нодиршоҳ ушбу сўзлардан жуда хурсанд бўлади ва элчиларни илиқ кутиб олади ҳамда уларга яхши муносабатда бўлади, жавоб мактубини юборади. Унинг мактуби қуйидагича мазмунда эди: «Сизнинг ҳаракатингиз мени жуда хурсанд қилди ва кўнглимдан жой олди. Элчиларингизни ва совғаларингизни мамнуният билан қабул қилдим. Сизнинг содиқлигингиз, дўстлигингиз ва меҳрингиз бизни хушнуд этди. Элчиларингиз тақдим қилган барча нарса самимийлик нишонаси эди. Мен Элбарсни жазолашим шарт ва бир нобакорни жазолаш мен учун муқаддас бурчдир. Худо хоҳласа, Ҳиротга етиб борганимдан сўнг, Балхга қараб юраман ва у ердан сизнинг ҳузурингизга бораман ва ўзим худди отамдек кўрадиган сиз ҳазрат қабулида бўлишдан бахтиёр бўламан. Мени бир меҳмон ўлароқ қабул қилишингизни сўрайман. Мен ҳузурингизга фақат меҳмон ўлароқ бораман ва бундан бошқа ҳеч қандай ниятларим йўқ. Менга сизнинг давлатингиз ҳам, хазинангиз ҳам керак эмас. Сизга, азиз дўстимга, Ҳиндистондан олиб келган бир қанча совға юбормоқдаман. Уларни арзимас деб қабул қилишингизни сўрайман. Ушбу мактуб орқали сизга барча эзгуликларни тилаб қоламан».

 

Нодиршоҳнинг мактубидан кўриниб турибдики, у Абулфайзхоннинг ҳаракатларидан ҳақиқатда, қониқиш ҳосил қилган. Ўз навбатида Нодиршоҳнинг жавоб мактуби ҳам хонни хурсанд қилган. Хат ва совғалар келиши билан, Абулфайзхон Элбарсхонга ҳам мактуб юборди ва уни ҳам Нодиршоҳга таслим бўлишга чақирди. Аммо Элбарсхон бунга рози бўлмади ва Абулфайзхонга ҳақоратомуз тарзда жавоб юборди. Абулфайзхон бошқа Элбарсхонга мактуб юбормади. Ўзи эса Нодиршоҳ ташрифига тайёргарлик кўра бошлади.

 

Балх шаҳрига етиб келган Нодиршоҳ Абулфайзхонга Бухорога келаётгани хабарини йўллади. Қўшинга бир оз дам бергач, ярим қўшинга Амударёни кечиб ўтишга рухсат берди ва қолган ярмини артиллерия билан бирга чап соҳилда қолдирди. Керкида уни Муҳаммад Раҳимбий совға-салом билан қаршилади. Кейин эса Чоржўй орқали Амударёдан кечиб ўтилди. Қоракўлда Абулфайзхон бухоролик саййидлар, хўжалар, юқори мартабали диний уламолар ва шахслар ҳамроҳлигида Нодиршоҳни кутиб олди. Расмий қабул маросими ўтказилди. Нодиршоҳ Абулфайзхонга тож совға қилди ҳамда унга «шоҳ» рутбасини берди. Энди у Абулфайзшоҳ бўлди. Эртаси куни хон Бухорога жўнаб кетди. Нодиршоҳ эса Чорбакрга келди. У ерда у Абулфайзхон қизларидан бирига уйланди. Яна бирини эса жияни Одилшоҳга турмушга берди. Нодиршоҳ бутун Туркистон (Марказий Осиё) бошқарувини Абулфайзшоҳ(хон)га топширди. Муҳаммад Раҳимбийга эса хон рутбасини ҳам берди. Шунингдек, унга Туркистондан йиғилган 6 минг сара жангчи ҳам берилди.

 

Шундан сўнг, Нодиршоҳ Чорбакрдан Чоржўйга кетди. У ердан Одил шоҳга ҳарамни Машҳадга олиб бориш топшириғи берилди ва у билан бирга Муҳаммад Раҳимхон ҳам Машҳадга жўнатилди. Бу ўзига хос гарант эди. Чунки Раҳимбийнинг отаси Ҳакимбий хонликдаги энг нуфузли киши ва бутун ҳокимият унинг қўлида эди. Нуфузли кишининг ўғли душман хизматига жалб қилиниши эса Бухоронинг Эронга тобелигининг гаранти ҳисобланарди. 1943 йилда Ҳакимбий вафот этди ва шу тариқа хонликда амирларнинг исёнлари бошланиб кетди. Чунки Ҳакимбий уларни қаттиққўллик билан тийиб турар эди. Айтиш мумкинки, Бухоронинг Нодиршоҳга тобе йиллари Абулфайзхон ўйлаганидек сокин кечмади. Давлатнинг турли ҳудудларида исёнлар тинмасди. Бундай исёнларнинг энг йириги Ибодулла Ўзбек исёни эди. У Тошкент, Самарқанд, Миёнқолни эгаллаб, пойтахтгача етиб келди. Абулфайзшоҳ эса Нодиршоҳга ёрдам сўраб мактуб юборишга мажбур бўлди.

 

Нодиршоҳ Бухорога ёрдам учун сара жангчилардан иборат 12 минглик қўшин юборди. Қўшинга Ҳасанхон Баёз ва Беҳбудхон Жиндаул бошчилик қилди. Ёрдам қўшинининг келганини эшитган Ибодулла Ўзбек Тошкентга чекинди. Қўшин унинг ортидан таъқиб қилди. Нодиршоҳ Муҳаммад Раҳимхонга ҳам Бухорога юришни топширди. Бухорога қайтишни режа қилиб юрган Муҳаммад Раҳимхон учун бу айни муддао эди. Бу пайтда Нодиршоҳга қарши исёнлар ҳам кўпайган эди. Нодиршоҳ ушбу исёнларни бостириш чоғида ўлдирилди. Қўл остидаги ҳудудлар бирин-кетин ажралиб чиқди. Шу тариқа Бухоро, Балх, Хоразм яна ўзбеклар қўлига ўтди.

 

Чоржўйга етиб келган Муҳаммад Раҳимхон Нодиршоҳ ўлими ҳақидаги хабарни эшитди ва буни сир сақлади. Кейин эса Бухорога етиб бориши билан хон ҳузурига шошди. Унинг қўшини ҳам у билан бирга саройга кириб келди. Қабулхонага кириши билан у хонни қўлга олишни буюрди. Шу тариқда Муҳаммад Раҳимхон Бухоро тахтини эгаллади. Абулфазйхон эса оз сонли одамлари билан Жўйбор хўжалари ҳузурига боради. Аммо улар Раҳимбийнинг ғазабидан қўрқиб, унга ёрдам беришдан бош тортади. Барча нарсасидан маҳрум бўлган Абулфайзхон Намозгоҳ дарвозаси орқали шаҳардан чиқди ва Қаландархонага жойлашди. Кейин эса Раҳимбийдан ҳаж зиёрати учун керакли миқдорда ёрдам сўради. У бир неча кун Қаландархонада қолди.

 

Бу пайтда Ибодулла Ўзбек ортидан кетган эронликлар ғалаба билан қайтди. Улар ҳамон Нодиршоҳнинг вафотини эшитмаган эди. Бир неча кундан кейин Бухоро остоналарига етиб келган форслар Муҳаммад Раҳимхоннинг ҳаракатларини эшитиб ғазабга минди. Чунки Раҳимхон Абулфайзхонни Мир Араб мадрасасидаги ҳужралардан бирига қамаб қўйган эди. Улар Нодиршоҳ тирик бўла туриб, Раҳимхоннинг бундай ҳаракатидан ғазабланган эди. Муҳаммад Раҳимхон эса уларга Нодиршоҳ вафоти ҳақидаги хабарни айтиб мактуб йўллади. Унинг мазмуни қуйидагича: «Уйингизга қайтиб кетинг. Кетар чоғда ҳеч қандай жиноят қилиш ҳақида ўйламанг. Менинг ўзбек эканлигим ва хонликка ҳаққим йўқлигини айтмоқчи бўлсангиз, эсланг, Нодиршоҳ қанча шоҳларнинг бошини олганини». Аммо форслар бунга қулоқ солишни истамади. Шунда Раҳимхон форс қўшинидаги ғилзай афғонларга махфий тарзда элчи юборди. Уларга Қандаҳор абдали қўлида эканлигини, Нодиршоҳ ўлганини, уларнинг Бухорода қолишлари мантиқли эканини, уларга ер ва мулк ажратиб беришини айтади. Улар эса шу кечанинг ўзида бу таклифга рози бўлди ҳамда Раҳимхон буйруғи билан Бухорога кирди. Шу кечанинг ўзида Абулфайзхон қатл этилди. Шу тариқа Муҳаммад Раҳимхон Бухоронинг янги мутлақ ҳукмдорига айланди.

 

Бир пайтлар бутун дунёни титратган Чингизхон авлодларининг сўнгги кунлари шу тариқа якунига етди. Марказий Осиё, Россия, Хитой, Эрон ҳудудларида улкан империя яратган сулоланинг энг сўнгги йирик вакили Абулфайзхон шу тариқа ҳаётдан кўз юмди. Туркистонда ҳокимият энди чингизий бўлмаган ўзбек сулолалари қўлига ўтди. Муҳаммад Раҳимхон Манғитлар сулоласи ҳукмронлиги бошлаб берган ҳукмдор сифатида тарихда қолди. Илк манғитлар даврида сохта чингизий хонлар анъанаси сақланиб қолган бўлсада, амалда уларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди. Амир Шоҳмурод замонидан бошлаб эса хонлик амирлик тарзда бошқариладиган бўлди.

 

Абулфайзхон шахсияти ҳақида

 

Кўпчилик тарихий асарларда Абулфайзхон шахсияти билан қўғирчоқ ҳукмдор тушунчалари ёнма-ён қўлланилади. Аммо тарихнависликда бу борада чуқур тадқиқотлар сони ниҳоятда оз. Шу сабабли, бу масалага оид хулосаларни тугал бериш учун тадқиқотлар сонини ошириш лозим. Биз мазкур масалага оид муаммога назар ташлар эканмиз, қизиқ маълумотларга ҳам дуч келдик.

 

Тарихчи олим Б.Алимджоновнинг М.Шайбонийхон яратган «тизим» XVIII аср биринчи ярмига келиб анча заифлашлашган эди. Бу биринчи навбатда, биргина Абулфайзхон шахсиятига боғлиқ жараён эмас эди. Хусусан XVII аср ўрталарида Бухоро хонлиги қўшни Хива хонлиги, шимолда Қозоқ хонлиги ва Балх масаласида Сафавийлар ва Ҳиндистон (Бобурийлар) билан доимий рақаботлашди. XVIII аср бошига келиб, Убайдуллахон II (кейинги ўринларда Убайдуллахон) бошқаруви даврида ички низолар бу жараённи тезлаштирди. Убайдуллахон бу жараёнларга барҳам бериш мақсадида дастлаб саройга яқин амирлар билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилди аммо бу яхши амалий натижа беришига кўзи етмасдан (бунинг асосий сабаби уларга берилган «танҳо» ерларини қайтариш истаги хонда мавжуд эди) жиддий сиёсий-иқтисодий хатоликни келтириб чиқарга пул ислоҳотини амалга оширишга уринди. Шунингдек, ғазнани тўлдириш мақсадида мамлакатнинг энг бой қатламларидан саналган Махдуми Аъзам хонадони вакиллари ерларига ҳам эътибор қаратиши халқнинг ҳам хонга қарши кайфиятда бўлишига замин ҳозирлади, унга нисбатан бир қатор амирлар суиқасд уюштириб ўлдиришди.

 

Акасининг ўлдирилиши бир томондан Абулфайзхонга қувонч бағишлаган бўлса иккинч томондан унинг доимий қўрқинч ичида яшаши учун ҳам замин яратди. Бу омиллар эса ҳокимиятнинг дастлаб Жавшан Қалмоқ қўлида, кейинчалик кенагас қабиласидан Иброҳимбий ва Муҳаммад Ҳакимбийлар қўлида тўпланишига сабаб бўлди. Жавшан Қалмоқнинг саройдаги хунрезликлари ва тахт учун даъвоси натижасида Абулфайзхон ҳокимиятни марказлаштиришга қаратилган баъзи амалий ишларни амалга оширган. Бунга асос сифатида Жавшан Қалмоқнинг ўлдирилиши, Муҳаммад Ҳакимбийнинг марказий ҳокимиятдан узоқлаштирилиши ва унинг Россияга юборган элчилик миссиясини келтиришимиз мумкин. Ушбу миссия орқали у ХВИИ асрда тўхтаб қолган қурол-яроғ савдосини қайта жонлантирди, Б.Черкасский ҳарбий миссияси ҳақида маълумот тўплади.

 

Лекин маълум вақт давомидаги марказсизлантириш ҳаракати мамлакатни қисмларга бўлинишига сабаб бўлган эди. Абулфайзхон буни бартараф этиш даражасида ҳарбий ва моддий қудратга эга эмас эди. Самарқандда Ражаб Султон ҳокимиятининг ўрнатилиши (1722) ва қозоқларнинг Мовароуннаҳрни етти йил давомида талаши, Эрон томонидан Балх ҳудудининг эгалланиши (Ризоқули томонидан), Муҳаммад Ҳакимбийнинг хоинлиги каби омиллар Бухоро хонлигининг Эронга вассал бўлишига сабаб бўлди.

 

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Абулфайзхон шахсияти тарихда ҳали тўлиқ ўрганилмаган шахслардан саналади, кўплаб адабиётларда унга нисбатан қўрқоқ, ожиз каби сифатларнинг берилиши бир томонлама қараш маҳсулидир. Таҳлиллар уни узоқ давом этган ички курашлар натижасида шаклланган тизим қурбони сифатида кўрсатмоқда.

 

Жаҳонгир ОСТОНОВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 53
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10440
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//