Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти етакчи илмий ходими, профессор Қаҳрамон РАЖАБОВ билан суҳбат.
– Қаҳрамон ака, аввало, миллий тарих хусусида гаплашсак. Яқин-яқингача олий ва ўрта таълим тизимида миллий тарихни ўқитиш ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган. Аммо охирги ўнйилликларда жаҳон тарих илмида қарашлар ўзгармоқда. Расмана миллий тарих ёзилиши, илмий тилда айтганда, кодификация қилиниши тарихнинг сохталаштирилиши, нохолис ўқитилишига олиб келади, деган фикрлар айтилмоқда. Академик илм вакиллари соҳа бўйича муайян қолипдаги дарсликлар ёзилишига қарши чиқаётган бир пайтда бошқа бир гуруҳ зиёлилар миллий тарихни ўқитмаслик салбий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда. Бу икки нуқтаи назарни ўзаро келиштириш мумкинми?
– Мен ҳам суҳбатимизни айрим саволлар билан бошламоқчиман: нега ҳозиргача кўп жилдли академик фундаментал нашр – Ўзбекистоннинг миллий тарихи яратилмади? Энг қадимги даврлардан то бугунгача бўлган яхлит тарихимиз нега ягона концепция асосида ёзилмаяпти? Бунга қандай объектив ёки субъектив омиллар тўсқинлик қилмоқда? Ушбу саволларга жавоб излаш асносида сиз ўртага ташлаган масалалар ҳам ойдинлашади, деган умиддаман.
Фикримча, миллий тарихни яратмоққа бел боғлаган олим ўша миллатга мансуб бўлиши; унинг ақл-идроки, илмий ва тарихий қарашлари тўлиқ у яшаётган мамлакат ва халқ манфаатларига хизмат қилиши керак. Ёшлигидан оврупоча тарбияланган ва билим олган, она тилини унутиб “катта оға” лисонига ўтиб кетган олим қандай қилиб миллий тарихни битсин?! Ахир, унинг фикрлаш тарзи, тарихга қарашлари ва фалсафаси, қўйингки, бутун зеҳнияти, менталитети халқимиз интилишлари ва манфаатларидан фарқ қилади-ку!..
Тарихчилар Ўзбекистоннинг миллий ғоя билан суғорилган тарихини яратди ҳам дейлик. Аммо бу китоб қўлёзмаси муҳокамалар тегирмонидан омон чиқмоғи, беадоқ тўсиқларни ошиб ўтмоғи лозим бўлади. Бунга муаллифларнинг умри етармикан денг?!
Сир эмас, ўзбек халқининг келиб чиқиши, унинг шаклланиши борасида тарихчи ва антропологлар ўртасида турлича қарашлар мавжуд. Жаҳонда тан олинган олимларимиздан академик Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиши” монографияси тўққиз марта муҳокама қилинган. Уларнинг деярли барчасида тақризчилардан бири ўлароқ камина ҳам қатнашганман. Адашмасам, муҳокамаларнинг охиргиси Шарқшунослик институтида бўлиб ўтган эди. Ўшанда махсус тайёрланган “эксперт”лар шойини бўз дея кўрсатмоққа зўр беришди, асарнинг қийматини атайин ерга уришди. Бироқ инсофли олимларнинг қўллови билан қўлёзма нашрга тавсия этилди. Китоб 2015 йили “Ўзбекистон” нашриётида атиги 1000 нусхада чоп этилди. Тадқиқот давлатимизнинг янги раҳбари назарига тушди. Ўзбек ва рус тилларида қайта чоп этилди, тақдимотлар ўтказилди. Буни қарангки, асарнинг чоп этилишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатган жанобнинг ўзи, вазият ўзгаргач, тақдимотда ташаббусни ўз қўлига олди...
Тарих илми “ҳасби ҳоли”га доир бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Сиз айтаётган миллий тарих масаласига келсак, икки нуқтаи назарни таъкидламоқчиман.
Биринчидан, “миллий тарихнинг кодификация қилиниши тарихнинг сохталаштирилиши, нохолис ўқитилишига олиб келади” деган қарашга асло қўшилмайман. “Академик соҳа вакиллари муайян қолипдаги дарсликлар ёзилишига қарши чиқиши” борасидаги фикр ҳам тўғри эмас. Академия олимлари барча дарсликларни эмас, балки мазмуни саёз, қурама-қўлбола усулда – турли китоблардан кўчириш орқали ясалган, ўқувчини қуруқ ёдлашга ўргатадиган ҳаваскорона қораламаларни ёқламайди. Қайд этиш жоизки, дарслик ёзиш тартиби, мазмун-мундарижанинг ўқув дастурига мос келиши, муаллифлар жамоаси; муҳокама, нашрга тавсия ва чоп қилиш билан боғлиқ бутун жараён Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда уларга қарашли турли методик марказлар тасарруфидадир. Шахсан мен сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида олий таълим ва мактаб учун ёзилган талай дарсликларга муаллифлик, ҳаммуаллифлик қилдим. 2017 йилдан 10-синф ўқувчиларига совет даври тарихига оид биз тайёрлаган “Ўзбекистон тарихи (1917–1991)” дарслиги ўқитилмоқда.
Иккинчидан, юртимизда сўнгги йилларда ёзилган китобу дарсликларда ўтмиш сохталаштирилганига гувоҳ бўлмадим. Сидқидилдан фаолият юритиб келаётган фидойи олимларимиз шахсиятига тегадиган бундай нораво гаплар қаердан пайдо бўлгани ҳам менга қоронғи. Бироқ қўшни давлатларда чоп этилаётган шу хил нашрларда эгамен халқ ўтмиши улуғланаётгани ва идеаллаштирилаётганидан хабарим бор. Уларда туркий халқларнинг XX аср биринчи чорагигача бўлган муштарак тарихи бузиб кўрсатилмоқда. Хусусан, минтақада энг катта нуфуз ва нуфусга эга ўзбек халқининг ўтмиши сохталаштирилмоқда. Бундай шовинистик, миллатчилик ҳолларининг бизда учрамаётгани халқимиз зеҳниятида асрлар давомида шаклланган бағрикенглик, очиқлик, ўзгалар фикрига ҳурмат фазилатлари билан изоҳланса ажаб эмас.
Хонаси келганда айтай, бугун олий таълим тизимидаги айрим масъуллар номутахассис олий ўқув юртларида “Ўзбекистон тарихи” фани ўқитилишига рўйхушлик бермаётир. Негадир ушбу фанга ажратилган ўқув соатлари йил сайин қисқартирилмоқда. Назаримда, муаммонинг бу каби жиҳатлари ҳам алоҳида тадқиқ-тафтиш этилмоғи лозим.
– Ўтган асрнинг 20-йилларидан 40-йилларига қадар Ўзбекистон ССРда тарихга ёндашув, рамзий тарихий капитални (шахслар, сулолалар) танлаш юзасидан қизғин баҳслар кечган эди. Бу борада олимлар Александр Семёнов ва Александр Якубовский концепциялари ўртасидаги курашни қайд этиш жоиз. Классик рус шарқшунослик мактаби вакили бўлган А.Семёнов Ўрта Осиёда эроний цивилизация изларига алоҳида эътибор қаратар, ўзбеклар тарихи XV асрдан бошланади деб ҳисоблар эди. Бу нуқтаи назар кўплаб маҳаллий олимларга ҳамда титул миллат зиёлилари билан, азбаройи сиёсат, ҳисоблашиш кераклигини англаган рус тарихчиларига ҳам хуш келмайди. А.Якубовский эса ўзбек миллати Дашти Қипчоқ (Шайбонийхон) ўзбеклари билан боғланмайди, уларнинг этногенези жуда узоқ ўтмишга бориб тақалади деб таъкидлайди. Шўро тарихчилигида қабул қилинган ушбу қараш бугун ҳам ҳукмрон.
Мустақиллик йилларида тарихни қайта кўриб чиқиш борасида даъватлар янгради-ю, назаримда, жиддий ўзгаришлар бўлмагандек. Эскича ёндашув сақлаб қолинди. Амир Темурга нисбатан муносабат ўзгариб, СССР даврига қайта баҳо берилди, холос. Миллий тарихнинг умумий структураси, асосий ёндашувлар, миллий қаҳрамонлар, рамзу тимсоллар деярли ўзгармади. Нега Чингизхон ва Шайбонийхонга бирёқлама баҳо бериш, хонлик даврини нуқул қора бўёқда тасвирлаш, мозийни халқ қўзғолонларию озодлик курашларидан иборат дея талқин этиш каби совет даври парадигмаларидан дадил воз кечилмади? Қолаверса, нега Ўзбекистон тарихи янги антропологик ва тарихий назариялар асосида ёзилмаяпти?
– Кўп қатламли ва тагмаъноли саволингизнинг иккинчи қисмига қўшила олмайман. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тарих фани методологиясида жиддий ўзгаришлар юз берди. КПСС ва СССР тарихи билан шуғулланган олимлар (улар тарихчиларнинг 90–95 фоизини ташкил қилган!) дастлаб довдираб қолгани рост. Коммунистик мафкура ҳукмрон мавқе касб этган, марксча-ленинча методология, синфий кураш ҳақидаги назарий таълимотлар устувор бўлган жамиятда уларнинг ошиғи олчи эди-да. Ана шундай мураккаб, зиддиятли шароит – XX асрнинг 90-йиллари бошларида Ўзбекистонда миллий тарих мактабини яратиш йўлида илк қадамлар ташланди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти (бу даврда институтга Раъно Ражапова ҳамда Аҳмадали Асқаров раҳбарлик қилган) томонидан ўзбек тарихчиларининг истиқлол мафкураси билан қуролланган янги авлодини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мустақиллик йилларида нафақат Амир Темур, балки ўтмишдаги барча ўзбек ҳукмдорлари, давлат арбоблари, ислом дини уламолари, тасаввуф ва адабиёт намояндаларига нисбатан бўлган нохолис муносабатга барҳам берилди. Аҳли сиёсатнинг қош-қовоғига қаралдими, истиқлолнинг дастлабки ўнйилликларида Турк хоқонлиги, Хуннлар давлати, шайбонийлар сулоласи, Туркистон легиони (Туркистон миллий ўрдуси), Аттила, Муҳаммад Шайбонийхон, Убайдуллахон, Абдуллахон, Шароф Рашидов сингари тарихий шахслар ҳақидаги салбий қарашларни ўзгартирмоққа журъат қилинмади. Бу борадаги методологик камчиликлар ва янглиш нуқтаи назарлар аста-секин тузатилмоқда.
“Миллий тарихнинг умумий структураси, асосий ёндашувлар, миллий қаҳрамонлар ўзгармади” деган фикрингизни тўғри дея олмайман. Бироқ баъзи мулоҳазаларингизда жон бор. Инчунин, совет даври парадигмаларидан тўлиқ воз кечилмаганини рад этиб бўлмас. Бунинг асосий сабаби шуки, сўнгги ўн йилларда Ўзбекистонда академия фаолияти, илм-фан тизими эътибордан хийла четда қолди. Олиму зиёлилар, таъбир жоиз бўлса, кўчага чиқариб қўйилди. Коррупция ва порахўрлик тараққиётга тушов бўлди. Иқтисодиётда ҳам аҳвол ачинарли: катта-катта завод-фабрикалар ёпилди, уларнинг биною дов-дастгоҳи “хусусийлаштириш” ёрлиғи остида корчалонлар амлокига айланди. Муҳташам иморатлар қуришга зўр бердиг-у, аҳолининг туриш-турмушини унутиб қўйдик. Кўпсонли юртдошларимиз иш қидириб яқин-йироқ ўлкаларга йўл олди. Бошқа соҳа вакиллари каби айрим тарихчи олимлар ҳам рўзғор тебратиш учун севимли машғулотидан воз кечиб, ўзини бозорга урди ёки муҳожиротда мардикорлик қилишга мажбур бўлди...
Совет Иттифоқи парчалангач, мустақил бўлган аксар давлатларда миллий тарихга муносабат тубдан ўзгарди, академик адабиётлар чоп этилди. Сўнгги йилларда 5 жилдли “Қозоғистон тарихи” қозоқ ва рус тилларида, 6 жилдли “Озарбойжон тарихи” озарча чоп этилганидан хабарим бор. Иқтисодий жиҳатдан биздан ночорроқ Тожикистонда ҳам 5 жилдли “Тожикистон тарихи” рус тилида босиб чиқарилди. Ҳатто Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон Республикасида 7 жилдли “Татар тарихи” татар, рус, инглиз тилларида чоп этилди. Кўп жилдликнинг туркча, арабча, хитойча таржималари ҳам нашрга тайёрланмоқда экан. Латвия, Украина, Беларусь, Грузия, Қирғизистон каби мамлакатларда ҳам миллий руҳ билан суғорилган тарих китоблари дунё юзини кўрди.
Юртимизда сўнгги 30 йилда бу соҳада амалга оширилган ишларни ҳам бир сарҳисоб қилсак. Қўшни давлатлар орасида айнан бизда биринчи марта 1993-1994 йилларда коммунистик мафкурадан холи бўлган, миллий қадриятлар билан суғорилган, 5–9-синф ўқувчиларига мўлжалланган “Ўзбекистон тарихи” дарсликлари аввал ўзбек ва рус тилларида; сўнгра қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, қорақалпоқ тилларида нашр қилинди.
2019 йилда “Ўзбекистон” нашриётида 2 жилдли “Ўзбекистон тарихи (1917–1991)” академик нашри 1000 (минг!) нусхада чоп этилди. 34 миллион нуфусли халқ учун бу жуда кам эмасми?! Наҳотки, шундай фундаментал китобларни кўпроқ ададда чоп этиш учун маблағ топилмаса? Қай бир машҳур спортчининг арзанда майкасини кимошди савдосида фалон минг долларга сотиб оляпмиз-ку...
Шу залворли илмий тадқиқотнинг муаллифларидан бири ва масъул муҳаррири сифатида таъкидлаб ўтишим жоизки, уни тайёрлаш ва чоп этишга 30 дан ортиқ муаллиф жалб қилинди, салкам 10 йил вақт кетди. Икки жилдликда Ўзбекистоннинг совет йилларидаги тарихи бутун мураккаблик ва зиддиятлари билан кўрсатилди. Кам ададда чоп этилган китоб бир ой ичида сотилиб кетди. Ўзимизда ва хорижда уни излаб юрганлар қанча! Аммо китобни қайта чоп этиш тўғрисида кўп марта таклиф айтилган эса-да, ҳозирча мурод ҳосил бўлмади.
Мен фаолият юритаётган Фанлар академияси Тарих институти раҳбарияти 2021 йилдан 10 жилдли “Ўзбекистон тарихи”ни яратиш бошланганини эълон қилди. Аслида, кўп жилдлик бўйича ишлар мен аспирантурага кирган 1989 йилда ҳам қизғин кечаётган, ўша кезлар илмий жамоа олдига 6 ёки 8 жилдлик яратиш вазифаси қўйилган эди. Академия институтлари жорий йилдан тўлиқ давлат бюджети ҳисобига ўтказилгани, олимлар маоши оширилгани эътиборга олинса, миллий истиқлол ғояларига йўғрилган кўп жилдлик яқин ўн йилларда дунё юзини кўришига умид қилса бўлади.
Совет даврида тарих коммунистлар белгилаб берган кўрсатмалар асосида ёзилгани маълум. (Москвада 1938 йили Иосиф Сталин масъул муҳаррирлигида биринчи марта рус тилида чоп этилган “ВКП(б) тарихи. Қисқача курс” китобини эслайлик!) Афсуски, бугун ҳам ҳур фикрга тоб-тоқати йўқ, маҳдуд қарашли арбоблар учраб туради. Шундай тоифага қарата “Барака топкурлар, тарихчиларни ўз ҳолига қўйинг. Оёқдан чалиш ўрнига андак моддий кўмак беринг, фикрий эркинликни ҳурмат қилинг! Ёрдам кўрсатиш қўлингиздан келмаса, жиллақурса, ишга халал берманг!” дегим келади. Архивлардаги “Мутлақо махфий” тамғали ҳужжатларни ўрганишга рухсат берилсами, ўн йиллар давомида ғаладонда чанг босиб ётган айрим қўлёзмалар нашр қилинсами!..
Шу ўринда АҚШ давлат котиби Ҳенри Киссенжернинг қуйидаги фикри ёдимга тушди: “Американинг доимий дўстлари ва душманлари йўқ, балки миллий манфаатлари бор. Мен ана шу манфаатлар йўлида камарбастаман!”
– Совет даврида “босмачилик ҳаракати” деган ёрлиқ ёпиштирилган қуролли кураш ҳаракати замонавий тарихчиликда “истиқлолчилик” деб аталмоқда. Мазкур атама қабул қилинишида сизнинг ҳам хизматингиз катта. Қаршилик ҳаракатига қайта баҳо берилгани яхши, албатта. Лекин бир нохолис қарашдан воз кечиб, иккинчи нохолис қарашга йўл очиб бермадикмикан? Ушбу ҳаракат иштирокчилари орасида мақсад-мўлжали ҳар хил бўлган гуруҳлар мавжуд эди. Сираси, уларнинг барчаси ҳам том маънода истиқлолчи эмас эди. Улар сидирғасига истиқлолчи, ватанпарвар деб аталса, тарихий ҳақиқат бузилмайдими? Қолаверса, ҳаракат вакиллари ўзини “босмачи” ёки “истиқлолчи” эмас, “мужоҳид” деб атагани маълум. Ўтмишдаги ҳарбий, сиёсий ва мафкуравий гуруҳларнинг номини ўзгартириб ишлатиш қай даражада тўғри? Ўзлари истифода этган номни қолдирган маъқул эмасми?
– Атамалар ҳақида баҳсга киришувдан олдин “лирик чекиниш” қилсам. Мен 1989 йил ёзда Тошкент давлат университети тарих факультети КПСС тарихи бўлимини (эътибор беринг-а, у кезларда республикада “Ўзбекистон тарихи” ихтисослиги бўйича бирорта мутахассис тайёрланмаган!) тугатгач, Фанлар академияси Тарих институтига бордим. Ҳужжатларим билан танишган институт директори, тарих фанлари доктори Раъно Ражапова аспирантурага киришни маслаҳат берди. Ўша йили аспирантурага кирдим, Раъно Ёдгоровнанинг ўзи менга илмий раҳбар бўлди. 1995 йили “Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918–1924)” мавзусида номзодлик, 2005 йили “Туркистон минтақасида совет режимига қарши қуролли ҳаракат (1918–1924)” мавзусида докторлик диссертацияларини ёқладим. Йиллар ўтиб, ўзим шогирддан устозга айлангач, бу мураккаб мавзунинг турли жиҳатлари ёритилган диссертацияларга раҳбарлик қилдим...
Илмий ишларимизда Туркистон ҳудудида, жумладан, Фарғона водийсида Россия ва СССРнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши кечган истиқлолчилик ҳаракати совет даврида сохталаштирилгани, ушбу ҳаракат аслида миллий мужодала кураши эканини асослаб берганмиз. Истиқлолчилик ҳаракати бўш бир заминда пайдо бўлиб қолмади, унинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ғоявий, диний-маънавий, миллий илдизлари ҳамда мустаҳкам асослари мавжуд эди. Ўлка халқларининг 50 йил давомида Русия империяси зулми остида оғир турмуш кечиргани, большевикча режим ушбу тартиботни янада мустаҳкамлагани, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг қизил гвардиячилар томонидан 1918 йил февраль ойида тор-мор қилиниши бунда фақат бир туртки вазифасини ўтаган, холос. Истиқлолчилик ҳаракати “бир ҳовуч бандит ва безорилар”нинг қуролли хуружи бўлмай, ўз сарчашмалари, жадид мунавварлари ва уламолардан иборат ғоявий раҳнамо-мафкурачиларига, қўрбоши ва сардорлардан иборат йўлбошчиларига эга бўлган муаззам ҳаракат эди. Ушбу ҳаракат мағлубиятининг талай жиддий сабаблари бор: қўрбошилар кураш жараёнида яхлит бирлик ярата олмади; мужоҳидлар етарли миқдорда замонавий қурол-яроққа эга эмас эди; очарчиликнинг даҳшатли чангали истиқлолчилар ва аҳоли бўғзидан олиб турган бир даврда совет Россияси ўз қўшинига Марказдан ғалла юбориб турарди; большевикча режим маҳаллий миллат вакилларидан бир қисмини ўз томонига оғдириб олишга муваффақ бўлган эди; истиқлолчиларга хорижий давлатлардан моддий ва ҳарбий ёрдам кўрсатилмаган эди. Истиқлолчилар ана шундай мушкул вазиятда ёлғиз ҳолда, босқинчи қўшинга қарши 17 йил давомида ҳаёт-мамот курашини олиб борди.
Фарғона водийси, Самарқанд вилояти, Бухоро ва Хоразм республикаларида қизил армияга қарши курашга отланган аждодларимиз ўзларини ҳеч қачон “босмачи” ёки “қароқчи” деб атамаган. Уларга большевизм маддоҳлари томонидан тақилган бу ном тарих саҳифаларида муҳрланиб қолди. Афсуски, бундай номақбул атамаларга бугун ҳам дуч келамиз. Архив ҳужжатларида улар истиқлолчилар, қўрбошилар, мужоҳидлар, фидойилар, озодлик курашчилари, йигитлар каби номлар билан тилга олинган. Биз ҳам ўз тадқиқотларимизда шу номларни қўллаганмиз. “Босмачилик” ўрнига “истиқлолчилик” истилоҳини илк бор илмий истеъмолга киритганимиз рост. Бу атамаларнинг илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилишида устозим Раъно Ражапованинг ҳиссаси беқиёс бўлди. Мендек ғўр шогирд ва исёнкор аспирантга умрбоқий бир мавзуни ўрганишни тавсия қилган, яқиндан кўмак кўрсатган, ўша кезлар “тарих ва сиёсат” осмонида калхатдек парвоз қилаётган кимсалардан мени умрининг охиригача ҳимоя қилган талабчан ва билимдон устозим хотираси олдида ҳамиша қарздорман.
Боя қайд этганимдек, докторлик диссертациям ҳам Туркистон истиқлолчилари ва қўрбошиларига бағишланган. Аммо не ажабки, 20 йилдан буён монографияни чоп этадиган журъатли ношир топилмаяпти.
– Хабарингиз бор, уч йил олдин қардош озар ўлкасида Озарбойжон Демократик Республикасининг юз йиллиги кенг нишонланди. Бинобарин, у Озарбойжон тарихидаги илк демократик давлат эди. Ўзбекистон заминида таъсис этилган Туркистон Мухторияти ҳам, қисқа муддат яшаган бўлса-да, миллий давлатчиликда муҳим ўрин тутади. Лекин мамлакатимизда Туркистон Мухториятига нисбатан муносабат мавҳум ва зиддиятли бўлиб қолмоқда. Бир томондан, илмий адабиётларда унга ижобий баҳо берилди. Бошқа томондан, мухторият тарихини абадийлаштириш, жиддий тадқиқот, экспедиция, анжуманлар уюштириш унутилгандек. Туркистон Мухториятининг 100 йиллиги ҳам бир гуруҳ зиёлилар ташаббусига кўра мўъжаз анжуман тариқасида нишонланди, расмий даражада тадбирлар ўтказилмади...
– Мени ҳам кўпдан ўйлантириб келаётган масаладан гап очдингиз. Истиқлолчилик ҳаракати ва қўрбошиларга бўлгани каби минтақадаги дастлабки демократик давлат – Туркистон Мухториятига нисбатан ҳам тушуниксиз муносабатни кузатиш мумкин. Мамлакатимиздаги айрим сиёсий элита намояндаларига миллий туйғу, ватанпарварлик хусусиятлари бегона эмасмикан деган хаёлларга бораман гоҳо. Яқин ўтмишда шундай бир гуруҳ мансабдорлар давлат раҳбарига мурожаат қилиб, бундан 100 йил олдин “Ҳокимингга бормайман, мингбошингга ялинмайман” деб ёзган оташқалб маърифатпарвар Ҳамза шахсиятига табу эълон қилишди. Тошкент ва Фарғонадаги кўплаб масканлардан шоир номи ўчирилди, уни қоралаб мақолалар чоп қилинди. Кўпчилик бу ҳолатнинг асл сабабини тушунишга ожиз қолди.
Туркистон Мухториятининг (2017), истиқлолчилик ҳаракати бошланганининг (2018), Хоразм ва Бухоро Халқ Совет Республикалари ташкил топганининг (2020) 100 йиллиги каби муҳим тарихий саналар ҳам кенг миқёсда нишонланмади.
Озарбойжон Демократик Республикасининг 1918–1920 йиллардаги қисқа, бироқ ёрқин тарихи менга яхши таниш. Камина 2018 йили Ганжа шаҳрида ташкил этилган халқаро илмий анжуманда “Озарбойжон Халқ Республикаси ва Туркистон Мухторияти – туркий халқлар давлатчилиги тарихида нодир ҳодиса” мавзусида маъруза қилганман. Туркий тилли давлатларда ўтказиладиган анжуманларда мен одатда ўзбекчада гапираман. Яссавий ва Навоий тили бутун туркий дунёда тушунарли ва мулоқот учун қулайдир...
1918 йил февралда Қўқон шаҳри қизил гвардиячилар ва арман дашноқ отрядлари томонидан қонга ботирилади, уч кунда 10 минг нафар тинч аҳоли ўлдирилади. Қўқонда биргина Рус-Осиё банки биноси омон қолади. Мағлуб маҳаллий халқ билан ғолиб совет ҳокимияти вакиллари ўртасида сулҳ тузилади. Ўн йиллар давомида сиёсатчилар ва совет тарихчилари Туркистон Мухторияти буржуа-помешчиклар ва бой феодалларнинг автономияcи эди дея ёлғон ташвиқот юритиб келди. Шу тариқа маҳаллий аҳоли онгидан мухториятнинг шонли тарихи ҳақидаги хотиралар ўчирилди. Совет давлати емирилгач, ҳокимият тепасига келган миллий сиёсий элита вакиллари эса негадир бу масалага эътибор қаратишни эп кўрмади. Совет даври ва коммунистик мафкуранинг бундай тутумлари жони қаттиқ вирус каби ҳозиргача яшаб келаётганига нима дейсиз?!
– Миллий тарих ва миллатчилик мавзусида ҳам мулоҳазаларингизни эшитсак. Миллий тарихга маҳлиё бўлиш, уни идеаллаштириш миллатчиликка олиб боради деган қараш мавжуд. Бундай нуқтаи назар миллийлик тушунчасига нисбатан ўгайлик, ҳатто нафратни юзага келтирмоқда. Пантуркчилар ва панэрончилар, миллатпарварлар ва миллийлик мухолифлари... турли гуруҳлар ўртасида ғоявий кураш авжига чиқмоқда.
Тарих сиёсат хизматида бўлишини ёқлайдиган ҳамкасбларингизни ҳам учратганман. Ҳолбуки, академик тарихчилик холис бўлмоғи, воқеа-ҳодисаларни объектив баҳоламоғи лозим. Тарих мафкура қуроли бўлиб қолишини қандай баҳолайсиз? Уни мафкура, миллатчилик таъсиридан асрашнинг имкони борми?
– Қаранг, бу саволингиз ҳам икки қисмдан иборат экан. Биринчи қисмига ўзингиз жавоб бериб ўтдингиз. Иккинчи қисмга келсак, дарҳақиқат, академик тарихчилик ҳар қандай масалада холис мавқеда турмоғи лозим. “Тарих – сиёсат хизматида” деган иборани эса сиёсатчилар ўйлаб топгани аниқ. Бу ёғини сўрасангиз, наинки расмий тарих, бошқа ижтимоий-маданий институтлар ҳам сиёсатга хизмат қилиши сизу бизга таниш ҳолат эмасми.
Албатта, тарихни миллатчиликдан ажратиб олиш муҳим. Айни чоқда, мафкурасиз, миллий ғоя ва манфаатларсиз тарих бўлмаслигини ҳам унутмаслик керак. Ҳар қандай халқ ёки давлатнинг тарихи энг аввало ўша халқ ёки мамлакат манфаатларига хизмат қилсагина ҳақиқий тарих ҳисобланади.
Кўп кузатаман, бошқа соҳа мутахассислари тарихчиларни ўтмиш воқеалари ёки жамиятда содир бўлаётган бугунги ўзгаришларни нотўғри талқин этишда айблайди. “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга” дегим келади уларга. Айни чоқда, ўзини ҳурмат қиладиган, тарихчи деган номга гард юқтиришни хоҳламайдиган ҳар бир олим мудом холисликка содиқ қолмоғи, ҳушёрлик ва зийраклик ила ҳақиқат тарозисининг қўш палласини мувозанатда тутиб турмоғи даркор.
Пантуркчилар ва панэрончиларни эслаб ўтдингиз. Нега панинглизчилар, пангерманчилар ёки панрусчилар демайсиз? Албатта, бундай илмий истилоҳларнинг йўқлигини яхши биламан. Гап шундаки, пантуркизм, пантуронизм, панисломизм, панэронизм атамалари XIX асрда босиб олинган ҳудудларда миллий озодлик ҳаракати кучайган кезларда Европа мустамлакачилари томонидан ўйлаб топилди. Буюк Британия империяси мутлақ ҳукмронликка интилгани маълум. Бу йўлда рақобатчи давлатлар бор эди: Русия, Германия, АҚШ, Франция, Япония... Улар бир бўлиб Усмонли турк империясини парчалаш, бўлинган дунёни қайтадан тақсимлаш учун курашга киришди. Европалик экспертларнинг фикрича, жаҳон уруши аслида Усмонлилар давлатига қарши бошланиши керак эди. Чунки у даврда барча мусулмон ўлкалари, жумладан, туркий халқлар Европа жаҳонгирлари чангалида бўлиб, фақат Усмонли салтанатигина мустамлакачилик сиёсатига қарши чиқаётган эди. Ўттиз йил ичида бўлиб ўтган Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари эса дунёда кучлар нисбатини тубдан ўзгартириб юборди...
Россияда 1917 йил кузида большевиклар ҳокимиятга келгач, инглиз империалистлари жорий қилган пантуркизм, панисломизм тушунчалари қайта “тирилтирилди”. Туркий халқлар ва мусулмонларга қарши ўзига хос “салиб уруши”ни олиб борган совет Россиясининг ҳарбий-сиёсий кучлари совет режимига қарши қаратилган исён ва норозилик чиқишларини бостириш асносида озодлик ҳаракати вакилларига “миллатчи”, “босмачи”, “пантуркист”, “панисломист”, “халқ душмани” каби тамғаларни босди. Қўйиб берсангиз, ҳозир ҳам бу ёрлиқларни мустақил қарашга эга, ўз “мен”ини йўқотмаган журъатли зиёли ва миллатпарварларга ёпиштирадиганлар топилади.
– Илм-фаннинг жамиятдаги ўрни борасида мунозаралар кўп замондан бери давом этиб келади. Айримлар фақат аниқ фанлар аҳамиятига урғу бериб, гуманитар фанларни бефойда деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, жамият равнақида ҳар қандай соҳанинг айрича ўрни бор. Сизнингча, олимларнинг, фаннинг миссияси нимадан иборат? Илм аҳли бошқарувни такомиллаштириш, жамиятнинг ғоявий ўсиши, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қай даражада ҳисса қўшмоғи лозим?
– Ҳар бир миллатнинг ўз тарихи бор. Унинг шаклланишида эса тил ва адабиёт муҳим аҳамият касб этади. Яшириб нима қилдим, ўзбек тили, адабиёти ва тарихининг ҳозирги аҳволидан қониқмайман. Давлат тилининг нуфузини қонуну қарорлар чиқариш, турли департаментлар ташкил қилиш, тил байрамлари ўтказиш билан кўтариб бўлмайди. Мактаб-боқчадан тортиб олий идораларгача давлат тилида иш олиб бориши керак. Бу ҳол кампаниябозликка эмас, кундалик тутумга, оддий қоидага айланмоғи лозим. Озарбайжонда, Туркияда, Европа давлатларида шундай. Нега бизда ундай эмас?.. Мен минбаъд рус тили ёки бошқа тилларга қарши эмасман. Зиёли, хусусан, тарихчи олим қанча кўп тил билса – кони фойда. Аммо Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили эканини унутмаслик керак.
Қайта қуриш, ошкоралик замонида, атоқли шоир ва таржимон Жамол Камол билан суҳбат эълон қилинган эди (“Тил – халқнинг номуси, тарих – унинг қомуси!” // “Ёшлик” журнали, 1989 йил 4-сон). Унда олимлар, шоиру ёзувчилар, умуман, зиёлиларнинг жамиятда тутган ўрни ҳақида залворли фикрлар билдирилган эди. Ўша кезлар миллат ойдинлари жамиятнинг пешқадамлари, илғорлари бўлгани маълум. Хўш, ўтган 30 йил мобайнида-чи, зиёлиларимизда миллат туйғуси қанчалик ўсди? Бу борада сўз очилса, кўпроқ ютуқлар эмас, ютқизиқлар ҳақида гапиргим келади. Кечмиш давр мобайнида асрий орзу ушалди: мустақилликка эришдик, шу билан бирга ҳафсалани пир қилгувчи талай ҳодисаларга ҳам гувоҳ бўлдик... Дейлик, бутун дунёда фанлар академияси аъзолари, яъни академиклар тегишли илмий муассасаларда олимлар томонидан сайланади. Бизда эса салкам чорак аср давомида академия аъзолигига сайлов ўтказилмади. 2017 йилдан янги академиклар номи эълон қилина бошлади. Назаримда, бу борада тайинлов эмас, сайлов тамойилига қатъий риоя қилиш керак.
– Юртимизда фан инфраструктураси эскиргани, олим-тадқиқотчиларнинг савияси ҳаминқадар экани, умуман, илм аҳлига таниш муаммоларни ўйласам, фанимизнинг келажагига шубҳа билан қарай бошлайман. Лекин, айни чоқда, бу ҳиссий ёндашув эканини-да англайман. Фанимизнинг нуқсонлари қаторида ютуқлари талайгина. Вазиятни ўнглашнинг ҳам ҳали имкони бор. Умрини тарих илмига бағишлаган, шу соҳада сочи оқарган зиёли сифатида айтинг-чи, жаҳон фанидан ортда қолиб кетмаслик, юртимизда олимликнинг нуфузини янада ошириш учун нима қилмоқ керак?
– Ниҳоят, энг оғир саволга ҳам етиб келдик! Мен ҳам сўнгги чорак аср мобайнида мамлакатимиз илм-фани мушкул-мураккаб аҳволга тушиб қолгани сабабларини кўп ўйлайман. Бу борадаги айрим мулоҳазаларимни суҳбат давомида ҳам айтиб ўтдим.
Ҳозир ўттиз-қирқ ёшлардаги авлоднинг аксари Владимир Ленин қандай тарихий шахс бўлганини яхши билмайди. Ҳолбуки, унинг ғоялари, таълимоти Совет Иттифоқи парчалангунча Ўзбекистонда ҳам дастуруламал бўлиб келган. Ленин 1917 йил октябрда ҳокимиятга келгач, “буржуа профессорлари”ни совет жамиятининг ашаддий душмани деб эълон қилади. Талабаларни эса жамиятнинг инқилобий ва ўзгартирувчи қатлами деб атайди. В.Ленин “буржуа профессорлари”га қарши беаёв уруш очар экан, ҳукумат олдига ўша оғир йилларда ҳам илм-фанни ривожлантириш вазифасини қўяди. Жамиятда коммунистик мафкурага cадоқат билан хизмат қилувчи совет олимлари шаклланмоғи лозим эди. Шу тариқа XX аср 20-йилларида совет Россиясида, ҳатто Туркистонда кўп ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Иккинчи жаҳон уруши айни қизиган даврда (1943 йил 4 ноябрь) Тошкентдаги СССР ФА Ўзбекистон филиали (ЎзФАН) негизида жумҳурият Фанлар академияси ташкил қилинди. Тил, адабиёт ва тарих институти негизида эса Ўзбекистон ССР Тарих ва археология институти тузилди. Бу уруш йилларида республика маданий ҳаётида рўй берган катта ҳодиса эди.
Ўзбекистонда совет даврида илм-фан ва таълим, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасига катта эътибор қаратилганини рад этиб бўлмайди. Аммо совет ҳукумати жамиятнинг барча жабҳаларида бўлгани сингари илм-фан, хусусан, тарих, адабиёт, фалсафа, ҳуқуқ каби ижтимоий соҳаларда кучли назорат ўрнатиб, олимларни коммунистик мафкура йўриғидан юришга мажбур қилди. Табиийки, Ўзбекистон тарих фанида ҳам миллийликнинг ҳар қандай кўринишларига, миллий қаҳрамонларга қарши шафқатсиз кураш олиб борилди...
XXI аср учинчи ўн йиллигининг дастлабки йилида юртимиз илм-фани қай аҳволда эканини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. 2017 йилдан фанимизни қайта жонлаштиришга киришилди. Ўтган тўрт йил ичида бир қатор ислоҳотлар жорий қилинди. Лекин, назаримда, ҳали кутилган натижалар учун хийлагина фурсат бор. Бу борадаги муҳим вазифалар сифатида кадрлар ва мутахассисларни жой-жойига қўйиш, илм-фанда маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, қариндош-уруғчилик, ўртамиёналик каби иллатлар илдизини қирқиш кабиларни таъкидлашни истайман.
Муаммолар кўп, вазифалар ундан-да бисёр. Тарихчи, этнолог ва археолог олимлар қисқа муддатда улкан юмушларни адо этмоғи керак. Боя айтганимдек, Тарих институти илмий жамоаси жорий йилдан 10 жилдли “Ўзбекистон тарихи” академик нашрини тайёрлашга киришди. Мен ҳам заҳматли, айни чоқда шарафли бу ишга ўз ҳиссамни қўшаман дея енг шимариб турибман.
Элдор АСАНОВ суҳбатлашди.
“Tafakkur” журнали, 2021 йил 1-сон.
“Келажак сохталикни кечирмас” суҳбати
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ