Туркистон тарихи, босмачилик ҳаракати ва қўрбошилар тақдирини ўрганган фаранг олими – Жозеф Антуан Кастанье нималарни ёзиб қолдирган?


Сақлаш
19:33 / 21.06.2023 998 0

Ўтган аср бошларида Тошкентда яшаган француз олими Жозеф Антуан Кастанье ижодида Туркистон мавзуси алоҳида ўринга эга. У аввало археолог-ўлкашунос, қадим тарих билимдони, этнограф, тилшунос сифатида кўринади. Ўзи эътироф этганидек, жаҳон тамаддуни бешикларидан бири Туркистон тарихига ихлос ва қизиқиш Ж.А. Кастаньени бу ўлкага етаклади. Йигирма йилдан зиёд В.В. Бартольд, В.Л Вяткин ва бошқа кўплаб атоқли тарихчи-қадимшунослар билан елкама-елка ишлади. Умрининг навқирон йиллари ўтган юрт ҳақида хотирлаб, Парижга қайтгач, шундай ёзади: “Бепоён, бир тусдаги маҳзун кенгликлари, унумдор воҳалари ва қумли саҳролари билан – Туркистон чиндан ҳам контрастлар ҳамда улуғворлик диёри. Унда ҳамма нарса одамни ҳайрат ва ҳаяжонга солади...”

 

Монмартрдан Чорсугача

 

Олимнинг қисқача таржимаи ҳоли: 1875 йилда Францияда туғилган, Тулуза лицейини тугатган. Француз тили муаллими сифатида Паятигорск (Кавказ)даги гимназияда иш бошлаб, кейинчалик оиласи билан Оренбургга кўчиб ўтган. Кастанье Дашти Қипчоққа туташ ушбу манзилда ўқитувчиликни бир чеккага қўйиб, археология соҳаси билан шуғулланади. Аср ибтидосида бир неча марта Туркистон сафарида бўлади. Унинг “Туркистонга саёҳат ҳисоботи” ва “Оренбург губернияси ва қирғиз(қозоқ) дашти археологик қазишмалари шарҳи” ўша йилларда яратилади. Маҳаллий аҳоли ҳаётига қизиқиш, уларнинг урф-одат ва анъаналарига ҳурмат Кастаньени этнография билан ҳам шуғулланишга ундайди: “Антик тамаддун бешиги бўлган Туркистон тупроғида асрлар силсиласида қанча эл-элатлар яшаб ўтмади: скифлар, саклар, массагетлар, форслар, Александр жангчилари, хунлар, туркийлар, араблар, мўғуллар, ўзбеклар, руслар. Халқларнинг ушбу чорраҳасида дунёдаги энг қадимги динлар туғилиб, вояга етди”, дея таъкидлайди у “Босмачи” асарида.

 

Кастанье Тошкентнинг ўлка маъмурий пойтахти сифатидаги мақомини таърифлар экан, шаҳар манзараларини чизишда ижобий бўёқларни аямайди. Европалик сифатида уни Янги шаҳарда қурилган модерн услубидаги иморатлару замонавий дўконлар, боғ ва парклар ҳайратга солмайди. У Эски шаҳардаги қамиш билан ёпилиб, лойсувоқ қилинган томларда ўсган қизғалдоқларга мафтун бўлади. Чорсу бозорини олам марказига қиёслаб, шаҳарнинг турли чеккаларидан унга қараб интилаётган қуёшда қорайган инсонлар, қипчоқлар ва қирғизлар қиёфасини чизади. Муаллиф бозордаги оломон ғала-ғовурини Парижнинг Монмартр кўчасидаги шовқин-сурондан асло қолишмаслигини таъкидлайди.

 

 

Кўҳна Навтакани излаб...

 

1912 йилдан у Тошкент реал билим юртида француз тилидан дарс бера бошлайди. Тарихий шаҳарлар, археологик ҳудудларга сафарлар, тадқиқотларни кучайтириш айнан шу палладан бошланди. Фарғона водийсидаги Ахсикент шаҳри ва Қарши атрофидаги Ерқўрғон харобаларини ўрганади. Ушбу харобада у турли кўринишдаги қўрғонларни қайд этиб, эрамиздан аввалги 328 йилда Александр Македонский қишлаган Навтака шаҳрини шу ердан излаш лозимлигини айтади. Кейинчалик (1965 йил) Кеш археологик-топографик экспедицияси қазишмалари буни исботлади. Ж. Кастанье Абдуллахон мажмуаси, Косон, Бўзачи, Дабусия, Нурота, Ғозғон манзилгоҳларида археологик-қазишма тадқиқотлари олиб борди.

 

Фарангистондан келиб Туркистонни ўрганаётган Кастанье ҳаммага ҳам, жумладан, ўзларини шу юрт хўжайинлари билган айрим рус зиёлиларига ёқмаган. Хусусан, 1914 йилда “Туркестанские ведомости”да археологнинг Ахсикент харобаларига қилган сафари маърузаси таҳлил этилиб, унда “ёдгорликнинг ташқи тавсифидан бошқа маълумот йўқ. Ахсикент шаҳри ва харобалари тўғрисидаги маълумотлар афсуски ҳеч қандай янгилик бермайди, эски далилларни хиралаштиради”, дея танқид қилинади.

 

Ҳолбуки, Ж. А. Кастаньенинг археологик ва этнографик бисоти Туркистонда энг яхши коллекциялардан бири ҳисобланган. Мазкур коллекциянинг катта қисмини Марказий Осиёда бадиий кулолчиликнинг турли мактаблари ҳақида тасаввур берувчи XII-XX аср га тегишли сопол буюмлар ташкил этган. Археологик тўпламлардан ташқари у салмоқлигина этнографик ашёлар ҳам йиққан эди. Олим томонидан тўпланган архив материаллари ва археологик ашёлар – сопол ва мис идишлар, чироқлар, терракота ҳайкалчалари тош, мис ва шиша тақинчоқлардан иборат бўлиб, у меценат сифатида топилмаларнинг бир қисмини Эрмитажга ва 500 дан ортиқ ашёларни Туркистон халқ музейига туҳфа қилган. Улар бугунги кунда Ўзбекистон давлат тарихи музейининг бисоти саналади.

 

 

Октябрь тўнтаришидан кейин

 

Уни Туркистондан ажрата оладиган куч йўқдай эди. Аммо 1917 йилда юз берган октябрь тўнтариши вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди... Тўғри, у янги ҳукумат билан ишлашда давом этди. В.Л.Вяткин билан бирга Туркистон Архив ишлари марказий бошқармаси ҳузуридаги қадимги ёдгорликларни асраш комиссиясида фаолият кўрсатди. Аммо одамларнинг қадим меъморий дурдоналарга қилаётган шафқатсизликлари кундан кун унинг асабини эговларди. Бухородаги кўплаб мадрасаларнинг гоҳ меҳмонхонага, гоҳ касаба уюшма клубига айлантирилаётгани, Говкушон масжидининг театрга берилиши, амирнинг Ситораи Моҳи Хоса ҳамда Карманадаги саройларининг турли давлат идораларига берилиши ўта ачинарли эди. Айниқса, ярим вайронага айланган Қўқондаги Худоёрхон саройининг ГПУ махсус бўлими отхонасига айлантирилганига умуман чидаб бўлмасди. Бу нарса Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги ёдгорликларга нисбатан муносабатда ҳам кўзга ташланарди. 1918 йилда ВЧК(Бутунроссия фавқулодда комиссияси) Кастаньени аксилсовет фитнага алоқадорликда айблаб ҳибсга олишга уринади. Аввалроқ бундан огоҳ этилган Кастанье яширинишга улгуради. Кейинчалик Тошкентга қайтиб, ҳарбий асирлар билан бирга Францияга жўнаб кетади. Ҳужжатларга кўра, бу 1921 йилга тўғри келади.

 

 

Босмачилар ким эди?

 

Ж. Кастанье Парижга боргач Туркистон тарихига оид бир нечта китоб ёзади. 1919-1920 йилларда, таъқибдан қочиб юрган пайтда у Фарғона водийси босмачилари орасида яшаб, улар ҳаёти, олдига қўйган мақсадларини  пухта ўрганади. Ватанига қайтган заҳоти “Большевизм ва ислом”, “Босмачи” ҳамда “Биринчи рус инқилобидан кейинги Туркистон (1917-1922 йиллар)” асарларини эълон қилди. Афсуски, бу манбалар узоқ йиллар кўздан панада қолди. У 1922 йилда Парижда чиқадиган “Мусулмон дунёси” журналида “Большевизм ва ислом” мақоласини эълон қилди. 1917-1922 йилларда Туркистон, Бухоро ва Хоразмда рўй берган воқеалар, инқилоб ва совет ҳокимиятининг илк йиллари, фуқаролар уруши манзаралари баён этилиб, большевикларнинг асл башараси очилган эди

 

Ж. Кастаньенинг “Босмачи” асари чиққан пайтда ҳаракат ҳали давом этаётган эди. Муаллиф 1925 йилдаёқ босмачилар ҳаракатига тўғри, холис баҳо бериб, шундай деган эди: “Гарчи мақсадлар турлича бўлса-да, босмачилар ва рус аксилинқилобчиларини асосан большевикларга қарши кураш истаги бирлаштирди. Бу ҳол Туркистонда аксилшўро ҳаракатини иккита аспектда кўриб чиқишни тақозо этади, дейди Кастанье. – Бир томондан болшевикларга қарши курашаётган оқлар ҳаракати, иккинчи томондан, қўрбошилар раҳбарлик қилаётган миллий озодликка интилаётган босмачилар ҳаракати.”

 

Муаллиф босмачилик ҳаракати Қўқон мухторияти ташкил этилган даврларда бошланганини айтиб, мухторият тугатилгач, босмачилар советларга терс йўлга ўтиб олганини таъкидлайди. Ҳа, одамлар кўнглига рўшнолик берган мустақиллик умиди ўша кунда сўнган эди. Босмачилик ҳаракатининг ички тузилишини таҳлил этаркан, у ҳар бир отряд командири(қўрбоши) ўз штаби, инструкторлари, отлиқ бўлинмаси, қурол яроқларига эгалигини қайд этади. Муаллиф босмачиларда қуролланиш масаласи ўта ночорлигига алоҳида эътибор қаратади.

 

У миллий-озодлик курашининг заиф нуқталарига тўхталиб, аввало қўрбошилар ўртасида якдиллик йўқлигидан, ҳар бир қўрбоши ўз билганича иш қилишидан афсусланади. Бу большевиклар учун айни муддао эди. Меншевик, эсер ва большевиклар, шунингдек, муваққат ҳукумат аъзоларидан иборат 1917 йилда Тошкентда тузилган ишчи ва солдат депутатлар совети Московнинг Туркистон халқларининг ўз тақдирини ўзи белгилаш қарорига қарши чиқди.

 

 

Большевиклар зуғум ва террорига қарши бошланган миллий-озодлик ҳаракати, ярим асрдан буён мустамлакачилик занжирида қолган халқнинг миллий давлатчилик йўлидаги дадил қадами – Туркистон мухториятининг ташкил этилиши бўлди. 1917 йил 26-28 ноябрда Қўқонда бўлиб ўтган ўлка мусулмонларининг IV қурултойида Туркистон мухторияти эълон қилинди. Мамлакатда амалда иккита ҳукумат вужудга келди. Мухторият хабари бутун Туркистон аҳлини қанчалик қувонтирган бўлса, большевикларни шунчалик хафа қилди. Большевиклар Туркистон мухториятини тугатиш қасдида 1918 йил 31 январда Қўқонга ҳужум бошлади. 19 февралда Тошкентдан қизил аскар ва арман дашноқларидан иборат Е.Перфильев бошлиқ 11 та эшелон жангарилар етиб келди. Шаҳар уч кун ўт ичида қолди, мухторият мағлуб этилди. Большевиклар мухторият биносига ҳужум қилиб, 59 кишини қамоққа олди.Эргаш қўрбоши Қўқондан қочди. 5 та қизил аскар отряди ва 300 арман дашноқлари ҳужуми пайтида кичик Эргаш ўлдирилди. Манбаларда мана шу қирғинларда 10 мингдан зиёд одам ҳалок бўлгани айтилади.

 

Ж.Кастанье Қўқон мухторияти ҳақида сўз юритаркан, гарчи узоқ давом этмаса-да, у Фарғона халқи ҳаётида муҳим роль ўйнаганини, миллий туйғуларни жунбушга келтирганини қайд этади. Миллий ҳукумат тузилиши бир томондан совет ҳукумати заифлигини кўрсатса, иккинчи томондан, мустақил яшаш учун  кенг имкониятлар очди, дейди.

 

Истиқлолчилик ҳаракати Фарғонадан Зарафшон водийсига, Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларигача етиб борди. Қизил армия ва советларга  бу жиддий ташвиш туғдирди. Очиқ курашда ғалаба қозониш мушкуллигини пайқаган болшевиклар бир пайтлар ўзлари “йўлтўсар”, “қароқчи” дея тамға босган босмачилар билан тенг даражада музокараларга ўтди. Маҳаллий судларни тиклаш, одил судлов шариат асосида бўлиши, вақфларни қайтариш каби истиқлолчилар қўйган шартлар қабул қилинди. Вақфлар эгаларига қайтарилди, эркин савдо тикланди ва маҳаллий ва ҳолига ҳукумат билан яқин ҳамкорлик таклиф этилди.

 

Ушбу тадбир-чоралар босмачилар ва большевикларни анча яқинлаштирди. Совет ҳукумати қуролни ташлаган босмачиларни хизматга олди. Қўрбошиларга 30-40 нафар қуролланган йигитни ушлаб туришга рухсат берилди. Шундай қилиб, Мадаминбек, Раҳмонқул, Муҳиддинбеклар советлар томонга ўтди. “Правда” газетаси ( 1923 йил 2 август сони) 1922 йил бошида болшевикларга таслим бўлган босмачилар сонини 4000 нафар деб баҳолайди. Аммо инқилоб ҳаммага раҳм-шафқат қилавермасди. Қўлга олинган 50 нафар қўрбоши большевиклар томонидан отиб ташланади. Самарқандлик 2 нафар қўрбоши Баҳромбек ва Қори Комилнинг ( Улар ҳақида Мустафо Чўқаев Парижнинг “Сўнгги янгиликлар” газетасида (1924 йил 30 август) маълумот берганди) калласи олиниб, Тошкентда ўтган Коммунистлар конференциясига юборилганди.

 

 

Амир билан келишувга қарамай, М.В.Фрунзе бошлиқ қизил армия 2 сентябрь куни Бухорони штурм қилиб эгаллади. Амир Саид Олимхоннинг Шарқий Бухорога қараб қочиши билан истиқлолчилар ва қизил армия ўртасида жанглар кучайиб кетди. Кейинчалик Бухоро республикасида нуфузли лавозимларни эгаллаб турган ёш бухороликлар партиясининг большевиклар билан алоқани узиши  зиддиятни янада чуқурлаштирди.Ўшанда Бухоро МИҚ раиси Усмон Хўжа, ички ишлар вазири Али Ризабек ва Термиз шаҳар ҳарбий коменданти Хўжа Самибеклар исёнчилар тарафига ўтиб кетганди. Юзага келган аҳволдан ташвишга тушган Москва вазиятни ўнглаш учун Анвар пошшони Бухорога йўллади.

 

Вазиятга мослашувчанлик, келишув ва айёрлик, баъзан эса зўравонлик ҳамда террор сиёсатини юргизиб, большевиклар сезиларли ютуқларга эришди. Фарғонадаги коммунистик ва ва ҳарбий ташкилот маҳаллий аҳоли ишончини қозониш учун жидду жаҳд қилиб турган пайтда Анвар пошшонинг Туркистонга келиши кутилмаган ҳодиса бўлди.

 

– Анвар пошшонинг ҳолатини англаш учун у шаклланган муҳитни тасаввур қилиш лозим, дейди Ж.Кастанье. – Миллати турк бўлган Анвар ота-боболари илдизларини унутмаган эди. Шу пайтгача зўрлик ва қурол билан ушлаб турилган турк-татар миллатлари большевиклар саъй-ҳаракати билан тезда қулликдан озод бўлади, деб ишонарди у. Ваъда қилинган мухторият ва мустақиллик тили, дини, урф-одатларига кўра большевикларга бегона бўлган Туркистон халқларининг қалбини қувончга тўлдирарди. Москва амалдорлари харитадан Совет федерациясидаги ҳар бир мухтор давлатнинг чегараларини кўрсатиб, Анварга юз берган улкан ўзгаришни тушунтиришга уринарди. Анвар пошшо эса ушбу давлатларнинг амалда мавжудлигини ҳар қанча тасаввур этмасин, миллий аҳолига ёт бўлган рус амалдорлари армияси томонидан бошқарилаётган маъмурий бирликларни кўрарди, холос.

 

Анвар  пошшо Туркистон тупроғига қадам босибоқ, шўроларнинг ваъдалари  ёлғон эканини англади. Ўша ондан эътиборан у ўз ўрнини босмачилар сафида кўрди. Ж.Кастанье Иброҳимбек, Анвар пошшо, Давлатмандбек ва бошқа ўнлаб қўрбошиларнинг шарқий Бухорода Қизил армияга қарши олиб борган истиқлолчилик курашларини таҳлил этар экан, бу ҳудудларда Совет ҳокимиятини  ўрнатиш янада қийин кечганини таъкидлайди. Муаллиф китоб сўнгида 60 нафардан зиёд қўрбошилар номини келтириб, улар фаолиятига қисқача тўхталиб ўтади.

 

 

Ж.Кастанье Парижда яшаган йилларда Мустафо Чўқай билан мунтазам ёзишиб, унинг Туркистонга оид асарлари чоп этилишига кўмаклашиб турган. М.Чўқайнинг 1928 йилда эълон қилинган “Туркистон босмачилик ҳаракати” мақоласи уларнинг ушбу масалада ҳамфикр эканини тасдиқлаш билан бирга, фаранг олимининг Туркистонга бир умр содиқ қолганини билдиради.

 

Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//