Туркистондаги жадид матбуоти тарихи 1906 йил 27 июнда Исмоил Обидийнинг “Тараққий” газетаси чоп этилиши билан бошланади. Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлонийлар мақолалари газетанинг халқ орасида янада машҳур бўлишига хизмат қилди. Шундан сўнг Мунаввар қорининг “Хуршид”, Авлонийнинг “Шуҳрат”, Аҳмаджон Бектемировнинг “Осиё” газетаси, 1913 йилдан Беҳбудийнинг “Самарқанд” газеталари дунё юзини кўрди. Авлоний 1905–1917 йилларда Туркистонда 22 газета ва 8 журнал нашр этилгани ҳақида маълумот берса, Зиё Саид 1927 йилги қайдида 1870–1927 йилларда 45 номда газета ва 36 номда журнал нашр қилинганини ёзади. Булар орасида диний йўналишдаги нашрлар жуда кам бўлган. Хусусан, Тошкент уламоларининг фикр тарқатувчиси сифатида Абдураҳмон Сайёҳ муҳаррирлигида ўн беш кунда бир чиқадиган диний, илмий, ахлоқий, тарихий ва адабий журнал “Ал Ислоҳ”нинг биринчи сони 1915 йил 14 январда чоп этилган. Журналнинг ғоявий асосчиси ва ҳимоячиси Мунаввар қори Абдурашидхонов эди. Журналда тошкентлик Абдураҳмон Сайёҳ, муфти Садриддинхон, мударрис Аҳмадхўжа эшон, марқалик Холмуҳаммад Тўрақулий, тўқмоқлик Олимхон Тўра, марғилонлик Фазлулваҳҳоб қори, бухоролик Абдураҳмон Муфтизода каби уламолар фаол қатнашганлар. “Ал Ислоҳ” журнали, аввало, ислом таълимоти моҳиятини шарҳлаб бериш, миллатнинг маданий савиясини ошириш, Туркистон халқининг сиёсий онгини юксалтиришга қаратилган эди. Нашрдан асосий мақсад мусулмонларга диний ва дунёвий масалаларда хизмат қилиш, ислом таълимотини иллатлардан пок ҳолда баён этиш, мусулмонларнинг ахлоқини тарбиялаш, шаръий масалаларда берилган саволларга таниқли шахслар томонидан жавоб берилишини таъминлаш каби вазифаларни ўз олдига қўяди. “Ислоҳи қавм”, “Ислоҳнинг иллатлари” рукнлари остидаги диний, маданий-маърифий, ислоҳотчилик ғоялари сингдирилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий йўналишлардаги мақолалар ўз даври учун ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Энг асосийси, журнал уламоларнинг матбуотда қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришлари учун ўзига хос минбар бўлди. Журналнинг 1915–1917 йиллар давомида ҳар бир сони 32 саҳифадан, 1918 йилги сонлари 16 саҳифадан иборат бўлган. 1918 йил 15 март куни босилган 5-сонидан сўнг, жами 77-сони чиққанидан кейин советларнинг тазйиқи остида “Ал Ислоҳ” фаолияти тўхтади.
(“Ал Ислоҳ” журнали)
1917 йилнинг июнь ойида, сайловлар арафасида “Шўройи Ислом”дан “Уламо жамияти” ажралиб чиқади. “Уламо жамияти” ўз мақсад ва дастурларини тарғиб этиш учун Тошкентда ҳафтада бир марта чоп этиладиган диний, илмий, адабий, сиёсий нашри “Ал-Изоҳ” журналини чиқара бошлади. Журналнинг тўлиқ номи “Ал-изоҳул маромий ликулли аномий” бўлиб, барча инсонларга шариат ҳукмлари бўйича батафсил, маромига етказиб изоҳ берувчи, деган маънони англатади. Журналнинг биринчи сони 1917 йил 19 июнда мударрис Абдумаликҳожи Абдунаби ўғли муҳаррирлигида босилади. Мақолалар кўпроқ диний масалалар бўйича савол-жавоблар, бидъат ва хурофотга қарши кураш шаклида эди. Журналда мулла Муҳаммадазим Рўзимуҳаммад ўғли, мулла Ҳамидхўжа, Саид Мақсудхон, мулла Тошпўлат қори, Саидаҳмад Васлий, мулла Мирзо Охунжон махсум, мулла Турсунмуҳаммад аълам Туркистоний ва бошқалар ўз материаллари билан иштирок этди. 1918 йил май ойидан сўнг “Ал-Изоҳ” журнали ҳам шўроларнинг махсус қарори билан тугатилган.
(“Ал-Изоҳ” журнали)
1918 йил 2 февралда Тошкентдаги фуқаҳо жамиятининг нашр афкори сифатидаги ҳафтанома – “Изҳор ул Ҳақ” журналининг илк сони чиқади. Журналнинг масъул муҳаррири муфти Садриддинхўжа Шарифхўжа эшон ўғли бўлиб, Миён Бузрук, Омилхон, Носиҳ, Абдуллабек, мулла Собир Ғанизода, шоир Сирожиддин Шавкат, Маҳаммадўрин муфти Дўстмуҳаммадзода, Мулла Абдулғафур, Муҳаммадрасул қори Ҳожизода, Тангриқул Мақсудий, Шокиржон Раҳимий каби таниқли инсонлар ўз мақолалари билан қатнашганлар. “Яшасин турклик ва исломият”, “Яшасин бутун мусулмонларнинг иттифоқи!” каби даъватларни ўзига шиор қилган журнал асосий эътибори мусулмонлар ўртасидаги низоларга чек қўйиш ва Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлашга қаратилган эди. “Бировнинг молига тега кўрмангиз, ҳаққи бағайр ҳаром” каби шиорлари билан большевиклар ғоясининг мусулмонлар учун номақбуллигини уқтиради. Жумладан, журналнинг “Фуқаҳо жамияти” номидан битилган муқаддимасида “... Туркистон мусулмонлариға маълумдур, ким истибдод зулмати кўтарилиб, ҳуррият офтоби очилганидан бери ҳар ерда, ҳар тариқа ғайрат эгаси бўлган мусулмонлар жамиятлар ясаб, ғанимат замонда ислоҳи дин ва дунёларини истеҳкомиға машғул бўлдилар. Ҳар қаю тоифа ўз мақсад ва маслаклариға ривож бермак учун жарида ва мажаллалар нашр қилуб ва мушаввиқлар тарқатиб бақадари тоқат ҳаракатда бўлдилар. Мусулмонларнинг ушбу тариқа ғайратга кириб ҳаракат қилмоқлари фуқаҳоларни масрур ва хурсанд қилган эди... “Иннамал муъминин ал иҳватун” ояи шарифасиға мусаддоқ бўлғон мусулмонларнинг оралариға ҳам ихтилоф тушуб, турлик-турлик фирқаларға бўлиндилар. Бири ўзгасин такфир ва ўзгаси охирини талъин қилиб ва бири охириға жоҳил лақаб бериб ва бири ўзгасиға хоин от қўйдилар. Ал хосил шариат назарида раво бўлмагон ҳар нечук ғийбат ва бўҳтонлар, сафоҳат ва ҳақоратлар вужудға келдиким, бунинг сабабидин кутилган умидлар йўқолиб, кутилмаган фасод ва иғволар зуҳур қила бошлади... Ушбу бир неча сабабларға биноан жамият тарафидин бир неча диёнатпарвар ағниёи киромларнинг тахт назоратларида ушбу раия ҳафталик бир мажалла нашр қилмоқға жасорат қилдук, маслаки бетараф бўлуб, аҳкоми шариани баён қилмоқ ва ҳақиқатдин юз ўгурмаслиги сабабли “ИЗҲОР УЛ ҲАҚ” деб исм бердик....” деб “жадид қадим” низосининг мусулмонлар зарарига хизмат қилишинидан огоҳлантиради. “Ҳайъати таҳририят” томонидан баён этилган “Маслак ва мақсад” рукни остида “Бу муқаддас Ватанимиз бўлган Туркистон, бу турклик бешиги бўлган азиз Ватанимиз нақадар замонларни кўрмади ва нақадар кунлар кечурмади. Ҳазрат Нуҳ алайҳиссалом ва аҳфодлари замонларидин сўнгра Ўғузхон, Чингизхон, Темурбек, билмам, тоғи ким ва кимлар замонасида бу турклар ўлкаси бўлган Туркистон нақадар тараққий қилди. Ва нақадар сиёсий қувват касб этди. Турклик шуҳрати ва турклик шони бутун Осиёни, ҳатто бутун ер юзини тутди. “Ҳун” исминдаги турклар Туркистондин кетиб бутун Oврупони фатҳ ва истело қилган эрдилар. Ҳосили ўшал вақтда Туркистон мамлакати туркларнинг энг ғалаба қилган мамлакати эди. Ҳукумат, аскар, маишат, асбоб ва адвот – ҳаммаси туркийча эди. Туркистонга келган киши бошига телфак ва оёғига этик кийган кийиз уйларда турувчи бадавий турклардин бошқа киши кўрмас эди... Араблар воситалари бирлан Туркистонга ҳам исломият келиб кирди... Озгина вақт ичинда Туркистон мамлакатида қанча муфассир ва муҳаддислар, фуқаҳо ва мутакаллиминлар, урфон ва машойихлар, соҳиби девон ва шоирлар етуштилар. Илми тиб ва ҳикмат, илми нужум, ҳайъат ва риёзиёт, торих ва жуғрофия илмлари бирла кўп-кўп кишилар иштиғол қилур эдилар. Исмоил Бухорий, Абу Наср Форобий, Замахшарий, Ибн Сино ва ғайрилар ушбу ўлканинг етуштурган азизларидиндурлар. Ҳоссатан ўрта асрларда Туркистон ўлкаси шул даража тараққий қилган эдики, донғи бутун ер юзини тутуб, чет вилоятлардин илм ўқумоқ учун ҳамма бу мамлакатга оқуб келур эрдилар. Бухоро “шарифлик”, “маъдан илмлик” шуҳратини ўшал вақтда олган эди. Лекин, “ҳар баҳорнинг кузи” бўлганидек, бечора Туркистон мамлакати ҳам сўнгидан ҳамма шуҳратларини жўйди, таназзулга юз тутди. Мадрасаларда тафсир ва ҳадислар бирлан ким иштиғол қилдилар. Торих, жуғрофия, илми нужум ва ҳайъатлар мутлақо ўқутулмас бўлди. Мусанниф ва муаллифлар етушмаклари бир тарафда турсун тараққий даврида етушкон мусаннифларнинг ҳам аксарларининг исмлари унутилди. Қабр шарифлари йитиб текис бўлди. Асарларидан ҳеч бир ном ва нишон қолмади. Таснифотлари ноқулай ерларга ва ноаҳил кишиларнинг қўллариға тушуб талф бўлди. “Ҳидояи Шариф” ва “Ҳикмат ул айн” каби китоблар етуштурган Туркистонда ҳозирда яна шунинг баробарида китоб тасниф қиладурғон биргина бўлсун, мусанниф йўқ. Жаноб Мирзо Улуғбек каби ҳайъат олимларининг расадхона ва чизган хариталарининг ёнига қўшуб акмол қилмоқ бир тарафда турсун ул зот шарифнинг ишлаган ишларини ва ёзғон замуз ва ишоратларини кашф ва мутолаа қилғудек олимларимиз йўқ...
(“Изҳор ул Ҳақ” журнали)
Ушбу бир неча ноқисликларимизни акмолиға сайъи ва ҳаракат қилмоқ учун “Изҳор ул Ҳақ” мажалласини нашр қилмоқға киришдук. Мажалланинг хизмати турклик ва исломиятға хизмат қилмоқ ва мусулмонларнинг манфаатини кузатмакдир. Мақсадимиз шундан иборатдур. Бу мақсадға етушмоқ учун қандай хатти-ҳаракат тутушимизни ИншааАллоҳ таоло мажалламизнинг мундарижалари кўрсатса керак.
Яшасун турклик ва исломият!
Яшасун бутун дунё мусулмонларининг иттифоқи!” деб якунлайди.
Мулло Садриддин хўжа муфтининг “Дафъи таҳлика” мақоласи ҳам жуда муҳим. Унда “Оврупо муҳорибаси бошланганига тўрт йил бўлган бўлса, йилдан йилга бечора халойиқ, хусусан Туркистон мамлакатида мутаватан ислом болалари фақир ва зарурат лойига ботиб турубдурлар. Очлик ва қаҳат балосидин ҳар кун неча минг ва балки милюнлаб ғариб ва ғураболар кўча бакўча кезиб шаҳардин шаҳарга юриб “оҳ нон” деюб гадолик қилмакдадурлар. Очлик ва совуқдан бир парча нонга зор бўлиб ҳар кун ва ҳар замон неча минг муслим ва муслималар саби ва сабиялар ниҳоятда фожеъ бир аҳволда бу дунёга видоъ қилмакдадурлар...
Алҳосил ҳар маҳалла амоми ва мутасаддилариға лозимдурким, тахт тасарруфларидаги фуқаронинг аҳволиға назар солиб, оч ва ялонғочларға мувосат ва ёрдам йўлини тутмоқларини маҳалла тўқлариға таклиф қилсунлар. Алар хоҳ ўз таомлариға таклиф қилув ва хоҳ бошқа маънавий жиҳат бирла фақирларнинг ҳожатларини раво қилсунлар. Агарда мутасадди амирлар хабар олмасалар Аллоҳ Таоло олдида жавобгар бўлурлар, вассалом...” деб барчани очликка қарши биргаликда курашга даъват этса, “Изҳори ҳақиқат ва иршод” мақоласида “... Чунончи муҳаббатнинг зидди адоват, душманлик энг буюк фалокатдур, ки ҳар жойға кирса, хароб қилмай қўймас. Хусусан, ислом оламиға кирса тездан онинг ҳисор қўрғонин бузар ва чиқмас, ақл ҳукмида ва ҳам шариатда жамиъ ахлоқи сиёҳларнинг манбаи ва хазинаси адоватдур, ки ҳасад баъзан ғийбат ва бўҳтон, чақимчиликларға ўхшаш ёмон хулқлар адоватидин қайнаб чиқодур. Ва ушбуларга ўхшағон халқларни йўқотиб, онинг ўрниға муҳаббат, садоқат, мурувват, эҳсон, яхшилик, силаи раҳм, насиҳат, хайрихоҳлик, биродарлик, урушганларни тездан ислоҳ қилиб яраштурмак, тўғрилик сифатларига ўрганмакни одат қилмакға Қуръони карим ва ҳадиси набавий амр қилур. Асри саодатға ва анга яқин асрларға ўхшаб шариат таълим ва ўргатганига кириб билиб ва анга амал қилинса, ҳеч вақт ушбу уммат марҳума бул тариқа фалокат ҳолларға учраб хароб ўлуб, ғайри миллатларнинг занжир зулмида асир ва нобуд бўлмас эди. Инсоф қилунсин ҳозирги замонда баъзи кишилар ғийбат ва бўҳтон ва чақимчиликлардан ҳазар қилмай, лақаб суъ ила талаққийб этуб юрганлари кун каби ошкордур...
Агар бир одам ҳужжат ул ислом ҳукмларин яхши билса, аммо ўзи ҳужжатул исломни адо қилмаса, они ҳаж деб бўлурму ва ёким закот масаласин яхши даражада билса ва лекин ўзи закот бермаса, фақирлардан ҳожатин дафъ қилган бўлурму? Шунга ўхшаш ҳарна шариат аҳкомларин фақат билган ила шариатнинг ҳукми ва ҳафи маслаҳати вужудға чиқмас – то анга амал қилмаганча. Аммо бизим асримизда камолға етган шариат аҳкомлари маълум бўлганда баъзи зотларимизда ҳам ихлос ила анга амал қилмаклари йўқ. Билмаган нодонларни қўйинг, фақат шариат, шариат деб тилға олинур, аммо онинг аҳкомларин амалға қўймакға аҳамият берилмас. Агар дини исломға ихлос ила киришиб амал қилинган бўлса эди, шариат қайтарган ғийбат ва шикоят, бўҳтон ва ифтироларга тил очилмас эди. Ислом тараққий ва таолийсиға мадор бўлғон иттифоқ ва иттилоф йўлин ахтариб қоро халқни бир тоифа ватан муҳаббатиға киришган зотларға қарши югуртиб, ўрталариға адоват тухмин сочилмас эди. Балки, қўлдан келган даражада аларни муҳаббат ва дўстлик йўлиға солинур эди.
Ўткан сана мардикор масаласи чиқғонда ҳамма шайху йигитларимиз кеча ва кундуз болаларимиз мардикорға борур экан, деб ашк дийдалари ила дуода бўлуб, болаларин ғамида неча ойғача ухламай дуода бўлғон зотлар ушбу замонда кеча ва кундуз дуойи бадға қўл очар бўлдилар. Бу нечук ҳолат – ҳозирда фақат бошларға эмас, балки балойи ом бўлиб бой ва фақир, катта ва кичикларға тушкан таҳликалар кўзға кўрунмай очлик ва ялонғочлик эска тушмай дуойи наҳиларни унутиб ислом олами бир-бириға нон ўрниға ҳақорат ва сафоҳатлар улашурлар, бу ишлар фитна эмасми.
Агарда муқобилларидаги бир мусулмонга бирор кулфат эришса, олам-олам хурсанд ва масрур бўлурлар. Ваҳоланки, дини шарифимиз нас қотеъ билан танбиҳ қилиб, ҳар қайу ерда бўлса бўлсун, бирор мусулмонга кулфат ва ўлум етушса, анга ҳар сурат бирлан ёрдамда бўлмоқға буюродур. Бу на инсоф турур, на иш қилмоқчимиз ва қайси йўлға бормакчимиз.
Оли ислом оламиға илм ва ҳам илмиға амал қилмак муҳаббатин бериб, мусулмонларни руҳларин муҳаббат ва дўстлик ила мутаносиб айлаб, ер юзидаги жумла мусулмонларнинг иттиҳодиға ўзинг ёрдам қилғил, Омин” деб барча мусулмонларни бирликка – Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлашга чақиради.
Миён Бузурк ҳам ўзининг “Ад дин насияҳ” мақоласида муфтий Садриддинхонни қувватлаб “... Кўринг ким Расули Акрам ва саҳобаи киром ваъз насиҳатда бўлдилар, қандай жоҳил мутаассиб мушрик ва кофирлар ҳидоят топиб, ислом ривожи учун мол ва жонларини аямасдин ҳаракатда бўлдилар. Ибрат кўзи ила қаранг, ўтган замонда олим-оқилларимиз ваъз-насиҳатда бўлдилар. Аҳли ислом тараққиёт ва анъанатлари бирла олам аҳлини ҳайрон қолдуруб, тобеъ ва итоат эттирдилар, ишонч ва эътимодлик доноларимиз ваъз насиҳатда бўлдилар. Аждод боболаримиз бирлари иккиға, балки ўнға, балки юзға ҳамла айлаб, ғолиб келуб таърих варақаларини яхши сифатлари бирла нурландурдилар. Очиқ маълумдурки, бечора нодон, жоҳил халқ дин надур, дунё надур, Ҳақ надур, ботил надур, ҳеч бирини билмас. Аллоҳи Таоло нимаға буюрди ва нимадин қайтарди ва нимага ихтиёр берди – ҳеч бирини англамас. Ёлғуз алар раҳбару ҳодий ва йўлчилари ўлон фуқаҳо, уламо, имомларни изларидин айрилмас.
Тўғриси шулдирки, йўлчилар мусулмони комил ўлуб, аҳлини насиҳат, ҳадиси шарифни кўзда тутиб, тўғри йўлға бошласалар, бечора халқ мақсудина етуб, масъуд яшар. Ва агар йўлчилар бузуқ ғаразлар ила нафси аммора хизматкори ўлуб, бирор нимарса ҳосил қилмак ва ё бирор нимарсаға илинмак ва ёки андак нимарсаға сотилуб, эгри йўлни тўғри кўрсатмак ва шунга ўхшаш номашруъ ҳаракатда бўлсалар, мақсуд кўчасини тополмай сарсон ва саргардон ўлурлар. Бу эса инкор қилинмаслик бир ҳақиқатдир...
Худованди Карим Қуръони азмушшааънда буюрмишдурки, настаузибиллаҳи, касал ва бетобларимизни қаратмак ва боқтурмак шаръан жоиз бўлгани ҳолда бирор нафар ҳам ўқуган табиб ҳозиқимиз йўқ. Билакс, табиб ва шулар жаҳолатлари бирла халқни нобуд этмакдалар. Масжид ва жамоатгоҳларда фикр ва онг уйғотодургон ваъз-насиятға шаръ шариф буюрғон бирор нафар ҳам халқ тилида айтадургон ваъз ва насиҳатгаримиз йўқ. Билакс, нафси аммора ходими ўлон маддоҳлар кўча бакўча афсонаҳойи беҳуда сотурлар. Ўқув ва ўқутмак ҳар бир инсонга фарз бўлгани ҳолда бебахт болаларимиз бодбарак, кўчада ошуқ, майдонда чиллак ўйнаб юрур, етарлик мактабимиз йўқ. Билакс, борини бу “қадим”, бу “жадид” деб шикоятлар ила йўқ қилмакдалар. Эмди фақиҳ, олим, хатиб, имом, пешволаримиздин дин матин ғаррони восита қилиб рижо ва орзу қилинур, ки шариати набавия буйруғин тинглаб меҳроб ва минбарлардин халқ тилида дин ва дунёға тааллуқ ваъз-насиҳат айлаб, миллати исломияни озод ўлуб, масъуд яшамакина боис ўлсунлар ва ўзлариға лозим бўлган вазифаларини адо этуб, ислом ривожи учун кўшиш этсунлар. Етар ғафлат ва етар зиллат, бас энди”, дейди.
Лазиз Азиззода ўзининг “Матбуот ва “Изҳор ул Ҳақ” мажалласи” мақоласида “Шубҳасиз, ҳар бир миллатнинг тараққий ва тамаддунина буюк хизмат эдажак шейлардин бири матбуот эканига мозийдин, торихдин хабардорларнинг шаклари йўқ. Матбуотсиз миллатнинг ҳеч бир тараққий этуб маданийлаша олиши мумкин эмас. Матбуотсиз на жамият ва на фирқа ўлсун, садосини ҳеч бир ера эшиттира билмаз. Шу нуқтаи назар эътиборила ҳар бир миллат матбуот ишларини олға кетуви, тараққий этуви учун бир қоч азиз умрларин, бир тоқим оқчаларин сарф эдиюрлар. Бу фидокорлиқлари орқасинда муваффақда бўла олмоқдалар. Яқин мозийда бутун ер юзина илм ва маърифат нурини сочқон Туркистонда мунтазам бир диний мажалла ўлмадиғина, ғоят кўп сўзларнинг махфий қолуб турғонлиғина бундан муддао бир неча сабабларга кўра “Фуқаҳо жамияти” ушбу “Изҳор ул Ҳақ” мажалласини умум Туркистон мусулмонларининг изҳори олийларина тақдим этди...
“Изҳор ул Ҳақ” журнали исмина мувофиқ ҳақни изҳор ва ҳақиқатни кашф этуб, шариат амрларини мумкин қадар осон тариқила умум мусулмонлара билдуруб туражак. Бу мажаллада баъзи мажаллалар каби хурофотдан иборат ўлон сўзлар, маъносиз фельетонлар мусулмонларни ўринсиз такфир ва талъинина оид сўзлар ёзилмаяжак...” деб матбуотнинг аҳамияти ва “Изҳор ул Ҳақ”қа ўзининг тавсияларини йўллайди...
1922 йил 10 августда “Нашри маориф” ва “Маҳкамаи шаърия” жамиятларининг нашри афкори сифатида Заҳириддин Аълам бош муҳаррир бўлган “Ҳақиқат” журнали дунё юзини кўрди. “Динсиз жамият, жамиятсиз дин йўқдир” шиори билан чоп этилган илк сонда таниқли уламолар Заҳириддин Аъламнинг “Ислом асослари”, Хатибзоданинг “Туркистонда ислом дини” мақолалари билан бирга Абдушоҳид Эсонбойнинг “Биз ва маориф”, Маннон Рамзийнинг “Таълим-тарбия ишлари”, Холмуҳаммад Охундийнинг “Хотин-қизларимизни ўқитишимиз керак”, олим Зариф Баширнинг “Иссиқкўл нимадан ҳосил бўлган” каби мақолаларига ўрин берилди. “Ҳақиқат”нинг иккинчи ва сўнгги сони 1922 йил 10 сентябрь санаси билан босилди. Унга “Замонлар, кишилар ва ҳодисалар ўзгариши билан шаърият ҳукмлари ҳам ўзгариб турар” шиори танланади. Бу сонда ҳам Заҳириддин Аъламнинг “Ислом асослари”, Олимқори Мусохоний “Бидъат”, Мунаввар қори Абдурашидхоннинг “Туркистонда вақф ишлари”, Шоҳид Эсоннинг “Ижтимоиёт нима”, “Тарбия”, Абдулҳамид Чўлпоннинг “Маорифимиз ва Остроумов” каби мақолаларига ўрин берилди. Айниқса, шоир Чўлпоннинг “Кишан” шеъри, Сотеъбекнинг ислом конференциясига бағишланган “Ислом маданияти” номли мақолалари ўз даври учун ўта муҳим ҳодиса эди. Жумладан, Туркиянинг Истанбул университетида социология йўналишида ўқиб қайтган Шоҳид Эсон Мусаевнинг “Абдушаҳид Эсон” имзоси билан ёзган “Биз ва маориф” мақоласи келтирилган. Унда мамлакат ва жамият тараққиётида маориф масаласининг нақадар муҳим эканлигига тўхталиб, “Энг иссиқ, қизғин ва қумли бир чўлда тирикчилик қиладирғон кишига сув, салқин ҳаво қанча керакли бўлса, бу кунги миллатлар орасида яшайтурғон қавмлар учун мактаб ва маориф ҳам шунчалик керакдир. Асримиз ҳаёт йўли устинда юксак, ёрқин, қатор тоғлар, кенг ва қутурган денгизлар яратди. Бизга ўхшаш заиф қавмлар – на бу тоғлардан ўта оладир, на у денгизлардан ошуб мурод соҳилига ета оладур. Балки, бир бечора япроқ ва ё сомон чўпидек қаттиқ ва оғир тўлқунларнинг забун ва асири бўлиб қоладур. Қўшниларимиз кўкда қушлар сингари учуб юрмоқ унлар учун энг кичкина бир иш бўлиб қолди... Биз эсак ўз данкасалигимиздан сафолат ва мискинат балчиғига ботиб қолдиқ. Эмди йиқилган еримиздан турмоққа танамизда куч қолган эмас. Асрлардан бери кўкларимиз қуёшсиз ва юлдузсиз қолди. Қалин бир қоронғулиқ ичида йўлимиздан адашдик. Ҳар қадамимизда бошимиз қаттиқ бир тошга тегди. Кундузларимиз қоронғу кечларга айланди. Бир замонлар башариятнинг йўлбошчиси ва раҳбари эдик. Бутун дунё бизнинг ёққан машъалаларимиздан ёруғлиқ олар эди. Бу кун эса башариятнинг фалаж бўлиб қолган бир қўлимиз...
(“Ҳақиқат” журнали)
Ҳайҳот! Бу шараф ва саодатдан ҳам кўп узоқдамиз. Масалан, шу вақтгача ҳам мактаб ва маорифга ҳуркаклик ва шубҳа билан боқмоқдамиз. Бунлар – маънавият ҳиссиётимизни бузатурғон нарсалардир, деб хаёл қиламиз. Бизнинг қаноатимизга қараганда ўрганмоқ билан инсоннинг иймони заифлашмас ва инсон динсизликка тушмас...
Эмди бизнинг маориф ташкилотининг асослари ҳақида ўйлаганларимизни қисқача сўзлаб ўтмоқчимиз. Бизда Ғарб усули билан очилмоққа бошлаган янги мактаблар билан эскидан бери давом қилиб келган мадрасалар бордир. Мактаблар оврупога, мадрасаларимиз мозийимизга очилган бирор туйнук ва ё даричаларимиздир. Демакки, мактаблар ташкилот ва матувиёт эътибори ила кўпроқ xорижийдур. Тарих ва анъаналаримизга бир оз ёввойи кўринадур. Бу сабабдан шахсиятимизга энг лозим бичимни бермакдан ожиз қолса керакдир. Бир минтақанинг ўт ва ё оғочлари бошқа минтақада кўкаролмаганидек, маъшари виждонла муносабати бўлмаган, янги таомиллар ҳам кўпинча яшамас. Бу таомиллар яшаса ҳам тақлид маҳсулидир. Тақлид эса тараққийдан узоқ ва унинг зиддидир. Бир қадам илгари кетолмаслик демакдир. Тараққий ва такомил деган нарса мозийга суянмоқ, тарихий пояларни босиб юқориламоқ билан бўлур. Пояларга илтифот қилмасдан юқорига сакраган кишилар аввалги ерларига қайтиб тушмакда кечикмаганлар...
Дунёда ҳар бир киши учун шуур ва ҳофиза қанча керак бўлса, бир миллат учун ҳам мозий ва тарих шунча керакдир. Ўз мозийсидан юз ўгирган бир миллат билан ақл ва ҳофизасига алвидо деган бир киши орасида ҳеч бир фарқ йўқдир. Чунки ақл ва ё мозий демак – тажриба демакдир...
Эмди мадрасаларимизга келайлик, бу муассасамиз тарихнинг энг узоқ, ҳаётдан алоқасин узган жонсиз бир муассасадир... Бизим ҳаёти маънавиямизни на ёлғуз Ғарбдан келган, на да ёлғуз Шарқдан келган зиё ёруғлата олур. Балки, ҳар иккисининг бирлашмоғи билан ҳосил бўлган бир нур ёруғлата олур деб ўйлаймиз. Бизнинг ҳақиқий мутафаккир ва муршидларимиз мактаб ва мадрасанинг бирлашувидан туғса керакдир. Шу муҳим нуқта ҳам унутилмасунким, бизнинг бу мутолааларимиз маданият билан алоқадор улуми маънавия мадрасаларига оиддир. Йўқса маданиятга мутааллуқ улуми масбита ва моддия мадрасалари мавзуи баҳс эмасдир...” (“Ҳақиқат”. 1922 йил 10 августь. 1-сон. 4-6 бетлар) деб хулоса қилади. Албатта, мақолада келтирилган мисоллар қанчалик илмий бўлса, қайд этилган тавсиялар ҳам орадан юз йил ўтганлигига қарамасдан ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Шунингдек, журналнинг кейинги сонида ҳам Шаҳид Эсоннинг “Тарбия” номли мақоласи чоп этилган. Бу мақола эса жамият ҳаётида тарбиянинг ўрнини тушунтиришга бағишланган. Жумладан, “Наби муҳтарам ҳазратлари: “Ҳаммангиз чўпонсиз, ҳаммангиз подаларингиздан масъулсиз” демак ила ғоят кенг бир тарзда тарбия асосини ўн тўрт аср бурун қургандирлар деб бўладир. Демакки, бир-биримизнинг тарбияларимизга алоқадор, бир-биримизнинг тарз ҳаракатимизнинг жамият аъмолига умумий виждонга тўғрилаб ишламакка чақирилганмиз. Бу нуқтада мутафаккирларга эҳтиёж бордир. Мураббий ва муаллимлар эрса мутафаккирларнинг кўрсатган йўлларидан юрмоққа мажбурдирлар. Шундоқ бўлганда умумий ва назарий қисмни мутафаккирларга, тадбиқ жиҳати эрса мураббий ва муаллимларга қолур. Муаллим ва мураббийларни бир қўшинга ўхшатсак, мутафаккирларни ҳам бу қўшиннинг қўмондонларига ўхшата оламиз. Қўшиннинг қўмондонга эҳтиёжи қандай бўлса, мураббийларнинг ҳам мутафаккирларга эҳтиёжи шунчаликдир. Қўшун фардлари ҳарбий қўзғолишни бошқаролмаганидек, ҳар бир мураббий ва муаллим ҳам тарбия ва фикр ишларини тамоми билан идора қила олмас. Негаким, тарбия масъаласи ижтимоий ва руҳий масъаладир. Биноалайҳ кўп кенг ва қоришиқдир. Бу йўлда аҳлият ва маҳорат эгаси бўлмоқ учун узун замон тиришмак лозимдир.
Бу кун маданий мамлакатларнинг ҳар бирисида тарбия тўғрисида ҳисобсиз кўп китоб ва мажмуалар ёзилмоқда ва нашр этилмакда. Улуғ мутафаккир олимлар иш бошида ўлтириб юрт ва элларида фойдалик йўлларини кўрсатмоқдадирлар. Сўзни биз Туркистон турклари устига кўчирилганида эрса тарбиявий ҳарактларимизда раҳбарлик қила оладирган на бир мутафаккир ва на бу йўлда ёзилган бир асар бор. Шунинг ила баробар биз бугун тириклигимиз ва яшашимизнинг ўзгариши тўғрисида эҳтиёжларимизни сеза бошладик. Ушбу янги ҳаёт йўлида бизга ёрдам қиладирган раҳбарликка эҳтиёжимиз улуғдур. Ажабо, бизга чин мутафаккирлик қайси йўсинда ва қайси муассасалардан етишур. Бу кунги муҳим ишларимиздан биттаси ушбуни ҳал қилмоқдир. Ислоҳотнинг самарали бўлиши, бўлмаслиги ҳам бу тўғрида берилатурғон қарорга боғлиқдур.
Тарбия нимадир? Тарбия демак – одоб-мутавозеъ, назокатлик, зариф киши демакмидир? Тарбия башарият билан баробар туғулгандир, башарият баробарида эскидир. Энг ибтидоий бир қавмдан бошлаб то маданийсигача – ҳаммасида ҳам тарбия иши мавжуддир. Эскимоларнинг ҳаёти ҳам бу фикрни исбот этар. Овланган балиқ бир дона бўлса ҳам бутун мағора аҳли баробар ерлар. Ҳолбуки, ёзда ўз оталарига ҳам қарамай кекса бошлиқлари кўпинча очлиқдан ўлурлар.
Афлотун “Яхши тарбия бир вужуд ва руҳ эътибори ила инсоннинг такомилига қанча истеъдоди бор эрса, шунча тугаллаштиратурган нарсадир”, дейди. “Тугаллаштирадурган” ёки мукаммаллаштирадурган нарса нима деган сўздир? Вужудда мукаммаллашмакни вужуднинг томлиги десак ҳам, руҳнинг мукаммаллиги нима деган сўздир? Сўнгра мукаммаллаштирадирган таъсирга тарбия деб, мукаммаллаштирмайдирган таъсирга тарбия демайдир. Биноалайҳ, бу таъриф илмий эмасдир. Илман мукаммаллик берган ҳам, нуқсонлик берган таъсирларнинг иккиси ҳам тарбиядир. Тарбия доимо мукаммал бўлмай нуқсонлик ҳам бўлур, яхшиси бўлганидек ёмони ҳам бўлур.
Чичерин “Тарбия боланинг мукаммал инсон бўлишига хизмат қиладирган қоидаларнинг ҳайъат мажмуасидир”, дейди. Бу ҳам етарлик таъриф эмас. “Мукаммал инсон” нима деган гап? Ҳар ким ўзининг сифати, маслаги, мавқеига қараб мукаммал инсонни бошқача англайдир. Масалан, ҳаммолнинг ўйлашича энг мукаммал инсон ботмон юк кўтарувчи кишидир.
Штейн “Тарбия малакаларни текис ва оҳангдор бир суръатда ўстирмоқдир”, дейди. Ҳолбуки, тарбия малакаларнинг оҳанг ва текислиги билан эмас, балки оҳангсиз ва текис бўлмаганлигидан бўлур. Бир мусиқийшунос маслагида мувофиқ бўлмоқ учун эшитиш малакасини қутлантириб, бошқа малакаларини заиф қолдирар. Демак, оҳангсизлик ҳосил бўлади. Шунга ўхшаш бир рассомнинг ҳам кўриш малакаси кучланиб, бошқа малакалари ила текиссизлик ва оҳанг қолмас. Бу ҳоллар мусиқий ва ё расм тарбияси олмоқ учун мажбурийдир. Бу мисоллардан англашиладирким, тарбия учун текиссизлик, оҳангсизлик биринчи шартдир. Энг юқоридаги таърифларнинг учтасини бирдан ўйласак, диққат билан текширсак, ҳар учтаси учун шу мулоҳаза, шу васфлар бордир. Бу таърифларнинг уччови ҳам мусбат амалларнинг усулларига мувофиқ эмас. Яъни, жорий бўлиб турган ҳаётдаги тарбияни танитмайдир. Балки, муаллифларнинг ўз фикр ва тасоввурларидаги хаёлий тарбияни кўрсатадир. Алҳосил, бу таърифлар тарбия қандай нарсадир, деб эмас, қандай нарса бўлиши керак, деб бошлангандир. Яна ҳар уч таърифда ҳам мукаммаллик ва ё оҳанглик таъбирлари ила бирдек ва бир хил тарбия қабул қилинибдир. Бу тарбияни қайси муҳит, қайси жамиятда бўлса ҳам бутун инсонларга тадбиқи мумкиндир ва инсонларда ҳам бу навъ ва бир хил табиат ва қобилият бордир. Инсондаги бу табиат авсоф ва қобилиятини ёлғуз таъсир ва тарбия майдонга чиқарур. Яъни, боланинг моддият ва маънавий узвиятида азалда бирлаштирилиб, бу кунгача ёширин бир ҳолда турган қудратларни юзага чиқарур дерлар. Бундан шу натижа чиқодур. Тарбия табиий, фитрий истеъдодга ўзидан ҳеч бир нарса қўша олмас, янги ҳеч бир нарса ҳам ярата олмас. Ёлғуз ул фитрий қобилиятларни йўқолмаслигига, ахлоқи рангини ўзгармаслигига хизмат қилар дейишдир. Шундоқ бўлгандан кейин замон, макон, жамият ила тарбиянинг алоқаси йўқ дейишдир. Яъни, тарбия ҳар вақт ва ҳар ерда бирдир, ўзгармас, таҳул этмас деган сўздир. Модомики инсоннинг тараққий ва такомилининг мояси ўз фитрий қобилиятларидир. Бу малаканинг табиат ва қонуни ўрганилса уни инкишоф этдирмак йўли ҳам кашф этилди демакдир. Инсоннинг фарди табиати маънавиясини эрса илми руҳ текширадир. Биноалайҳ, бутун тарбия масъалаларида илми руҳияга мурожаат қилмоқ кифоядир деган сўз чиқар. Ҳолбуки ҳеч бир замон ҳеч бир ерда бутун инсонларга қобили тадбиқ бир тарбияни тадқиқот ва тажрибалар шу вақтгача кўрсатмади. Ҳар бир қавмнинг тарбияси бошқадир. Дунёда қанча қавм бўлса шунча тарбия ҳам бордир. Бирининг ҳиссиёти иккинчисига ўхшамас. Мусулмонлар саллага, христианлар шапкага ҳурмат этганидек, икки мазҳаб, икки қабила, хос ила авом ораларидаги тарбия фарқларини доимо кўриб турамиз.
Ҳеч қайсимиз туғулган вақтимизда бир ахлоқ, бир бадиий ҳис келтирган эмасмиз. Буларнинг ҳаммасини муҳитимиздан, жамиятимиздан олгандирмиз. Жамиятимизнинг тўғри деганини тўғри, эгри деганини эгри, кўҳлик (чиройли) деганини кўҳлик деб кетганмиз. Шубҳа йўқки ва бу жамиятнинг ичида туғилмасдан бошқа бир жамият ичида дунёга келган бўлса эдик, албатта, уларнинг тарбияларига ўрганар, уларнинг тамойилларини қабул қилар эдик. Бу кунда кўриб турган одатларимиз, урфларимиз, ахлоқи ҳаётимиз, хулоса тарбиямиз биз туғулмасдан бурун ҳам бизнинг жамиятда бор эди. Биз уни муҳитнинг таъсири, тарбияси билан сўнгра олғонмиз. Мана шу ҳолларнинг биздан бурун бор бўлғонлиғи бизнинг фитратимизнинг, бизнинг халқимизнинг маҳсули ва асари эмаслигини кўрсатмасми?
Агар тарбиямиз Афлотун, Штейн ва Чичериннинг деганларидек фитрий қобилиятимизнинг маҳсули бўлса эди, иштаҳа, майл, ғазаб, хавф ва уйқумиз ўхшаш, урф-одат, ахлоқ ва бошқалар ҳаётимиз ҳам ўз-ўзидан ҳосил бўлар эди. Ҳолбуки бу ҳиссиёт бизда муҳитнинг таъсири ила, тарбия ила ҳосил бўлур. Савқитабиийларимизга ҳеч ўхшамас. Шу мулоҳазаларимизни тарбиянинг манба эътибори ила ижтимоий бир кайфият бўлиб, аммо фардий бир ҳодиса эмаслигига инонтирадир (битмади)” (Шоҳид Эсон. Тарбия. Ҳақиқат, 1922 йил. 2-сон. 8–11 бетлар). Албатта, мақоладаги фикр тугалланмаган. Аммо шу қисмидан ҳам муаллифнинг тарбиянинг моҳиятини қанчалик чуқур англаганини ва жаҳоннинг энг таниқли олимлари фикрларига нисбатан танқидий баҳосини сезиш мумкин.
“Ал Ислоҳ”, “Ал Изоҳ” журналлари XX аср бошларидаги миллий журналистикамиз тарихида муайян из қолдирди. “Изҳор ул Ҳақ” эса ўзининг дадиллиги, даъваткорлиги билан миллий жадид матбуотини ҳақиқий маънода яна бир поғона юксакликка кўтарди. Мақолаларнинг руҳиятидан журнални Туркистоннинг ҳақиқий тараққийпарвар уламолари нашри афкори дейишимиз мумкин. Шу ўринда журналнинг “Ислом олами, Қофқос” рукни остидаги хабарларида Туркия ҳукуматининг мустақил Қофқос ҳукуматини тан олиб, унинг пойтахти Тифлис шаҳрига элчи юборишига совет ҳукуматининг қаршилик кўрсатишига норозилигини, шўро матбуоти ўз мустақиллигини эълон қилган Бошқирд ҳукуматининг Большевик ҳукуматини тан олганлиги ҳақидаги ёлғон ахборотларни тарқатаётганлигига нафратини маълум қилади. Шунингдек, Россия мусулмонлари Марказий шўросининг ташаббуси билан большевиклар ҳукумати Петроғроддоғи Ҳазрати Усмон разиАллоҳу анҳунинг мусҳафи шарифларини мусулмонлар қўлиға тобширилмоғига рухсат берғони ва 18 январда Петроғрод мусулмон аскарларидин ва бошқа кишилардин иборат махсус ҳайъат мазкур мусҳафни “Уфа” шаҳрига келтуруб “диния назорати”га топширганини ёзади. Журнал идораси мазкур мусҳаф аввалда Самарқанд шаҳрида сақлануб, чор ҳукуматининг замонасида озгина оқчаға сотиб олинуб, Петроғродға интиқол қилинган эди. Модомики мусулмонларнинг қўлига берилур экан, Самарқандга – ўз жойига қўйилмоғи лозим эди. Ҳозирда Самарқандда мазкур мусҳафга махсус тошдин ясолган лавҳ бордир, деб муносабат билдиради. Россия ҳукуматининг Арзирумдаги мағлубиятидан Туркия муваффақиятдан ифтихор қилади. “Ҳақиқат” журнали айнан советлар ҳукмронлиги шароитида иш кўришига қарамай жамиятда дин ва миллий тарбия масаласини ўта ҳассослик билан кўтара олади. Албатта, бу журналлар ва уларда чоп этилган мақолаларда илгари сурилган фикрлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Баҳром ИРЗАЕВ
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ